OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

11 РАҚАМДАГИ ҚАТНАШЧИЛАР 03.05.2012 04:10

shod_foto.jpg "Шод" гуруҳи ўзбек шоубизнесида ўз ўрнига эга гуруҳлардан бири десам янглишмайман. Бу гуруҳ ўзининг 11 йиллик ижоди давомида, ўз услуби, ижоди ва изланишлари билан бошқа санъаткорлардан ажралиб чиқа олган дейиш мумкин. Гуруҳ аъзолари, баъзи бирлар каби, тез фурсатда, тайёр "машҳур" қўшиқларнинг мусиқасини олиб, тез оммалашадиган қўшиқ қилгандан кўра, қанча вақт кетса ҳам, ўз меҳнати билан чинакам ижод намунаси яратишни ҳоҳлайдилар.

Бугунги "Диллашув" саҳифасининг меҳмони "Шод" гуруҳи

  

«Шод» гуруҳи аъзолари ўзлари ҳақида

  

shod_foto21.jpg Шуҳрат: - Мен Умаров Шуҳрат Ғиёсхонович. 1982 йил 6 майда Тошкент шаҳрида тавваллуд топганман. Тошкент Давлат Санъат институтининг Мусиқали драма факультетида, актёрликка ўқиганман. Оиламизда санъаткорлар йўқ. Онам раҳматли ёшликларида жуда ҳам санъатга қизиққанлар, лекин санъаткор бўла олмаганлар. Ўша орзулари менга ўтганми, ёшлигимдан қўшиқ айтишни бошлаганман. Ўша вақтларда "бунда қобилият бор экан", деб онамлар мени мусиқа мактабига олиб борганлар. 5 йил рубоб йўналиши бўйича, Маъруф Алимаҳсумовдан таҳсил олдим. Мактабни тугатгач, Эстрада-цирк коллежига ўқишга кирдим. Ўша ерда ўқиётганимизда, 4 курсда, директоримиз, Отабек ва мени чақириб, "Янги тароналар" танлови бўляпти, борасизларми?" деб, сўрадилар. Биз у вақтларда нафақат коллеждаги тадбирларда, балки бошқа коллеж ва мактаблардаги концертларда ҳам иштирок этардик. Санъатга жуда чанқоқ пайтимиз эди. Таклифдан сўнг, Отабек иккимиз, "борамиз, ўз кучимизни синаб кўрайлик" дедик. Иккимиз борамизми, деб тургандек, мен "учинчи одам ҳам топайлик" дедим. Ўшанда биз бир пианиноли хонада ўтиргандик. Йўлакдан Дониёр ўтиб кетаётган эди. Дониёрни чақирдик ва "Дониёр бир ҳафтага, Гулистонга, "Янги тароналар" танловига уйингдагилар рухсат беришадими" деб сўрадик. Дониёр ҳеч бунақа узоқ муддатга сафарга кетмаганман, сўраб кўрамиз, деди. Шу билан танловига борадиган бўлиб, "у ерда нима айтамиз?" дедик, биринчи турда классик қўшиқ айтиш керак эди. Биз (кулиб) фақат биринчи турга тайёргарлик кўрдик. Чунки, (самимий) у ерда биздан олдин жуда ҳам яхши санъаткорлар, масалан, "Сарбон" гуруҳидан Фарҳод ака, "Анор" гуруҳи, "Сидериз" гуруҳлари қатнашишган. Ўшанда улар биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни олиб келишганда, тўғриси биз жуда ҳам ҳавас қилганмиз. Шунга, ҳаяжон бор эди. Хуллас, танловга бордик. У ерда қуръа ташланди, мен чиқиб рақамни олсам, 11 рақами чиқди. Шундан сўнг, ҳамма бизни, "11 рақамдаги қатнашчилар", дейишни бошлашди. "11 рақамдаги қатнашчилар, энг ёшлар экан, кўрамиз нима бўлар экан", дейишди. Биринчи турдаёқ чиқиб, томошабинларни ўзимизга қарата олдик, ҳайъат аъзолари ҳам бизни яхши кутиб олишди. Концерт тугагач, яхши хабар келди. Биз иккинчи турга ўтибмиз! Ўша ернинг ўзида иккинчи турга тайёрланишни бошладик. Иккинчи турда, битта европача қўшиқ (русча) билан, хонанда Ботир Зокировнинг қўшиқларидан бири "Хаёлимда"ни куйладик. Иккинчи турдан ҳам, учинчисидан ҳам ўтдик. Учинчи ўринни олдик! 50 минг сўм мукофот пули берилди. (кулиб) Гап пулда ҳам эмас, биз бирдамлигимиздан ва ғолиб бўлганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Гуруҳимизга ном ҳам берилди. Танловнинг учинчи кунида, устозимиз Фаррух ака Зокиров диплом билан бизга, "сизларга ном топдик, сени исминг Шуҳрат, сеники Отабек, сеники Дониёр, демак, бугундан бошлаб, сизлар "ШОД" гуруҳи бўлдинглар," деб дипломни кўрсатдилар. Ўшанда жуда хурсанд бўлдик, ҳам бу номни аввал эшитмаганимиз учун бироз бошқача бўлди. Тошкентга қайтгач, 2-3 йил нима бўлганлигини тушунмадик, чунки ўқишга берилиб кетгандик, хизматлар билан банд эдик. Ҳозирги пайтда, масалан, прома кучли. Лекин, у пайтда реклама деган нарса ҳали ривожланмаган эди. Биз ўз ижодимиздан, устозимиз бастакор Сарвар Раҳматхўжаев билан биргаликда қўшиқлар яратдик. Кейин, 2004 йилда ўзимизга "тўхтайлик, нима қилишни бир ўйлаб кўрайлик" дедик. Ўша пайтда, Отабек Хитой сафарига кетганди. Бир йил, Отабексиз, ўзимиз Дониёр билан бир-икки қўшиқлар қилдик, лекин ишламадик десак ҳам бўлади. 2005 йил эса, "Қайта уйғониш" бўлди. Отабек қайтди ва биз яна йиғилиб, гуруҳимиз ижодини ривожлантиришни бошладик. Бир хулосага келгач, 2005 йилда "Нозли ёрим" деган қўшиғимизга клип суратга олдик. Бу телеэкран орқали, намойиш қилиниб, "айланган" биринчи клипимиз! Ундан олдинги клипларимизни (кулиб) суратга олиб бўлгандан кейин кўриб, ўзимиз чиқаришни ҳоҳламаганмиз. "Нозли ёрим"дан сўнг, "Аяма" қўшиғига клип суратга олдик. Бир йилда иккита клип. 2006 йилда "Ассалом", "Тошкентим онам!", 2006 йилнинг охири, 2007 йилнинг 1 январида "Ёмон бўлибди", 2008 йил "Манбоп жанон", "Соғиндим дилдан" қўшиқларига клиплар суратга олдирдик.

 

shod_foto20.jpg  Отабек: - Мен Рустамов Отабек 1981 йил 9 сентябрь Тошкентда санъакорлар оиласида туғилганман. Отам актёр Насриддин Рустамов, онам Гулнора Рустамова. Улар Тошкент Давлат Санъат институтида, биргаликда бир курсда таҳсил олганлар. Сўнг, "Муқимий" номли мусиқали драма театрида фаолият олиб боришган. Дадам вафот этганлар, онамлар ҳозирги кунда телевизорда мунис ва меҳрибон оналар ролларида, чиқиб турадилар. Опам сухандон ва дубляж актрисаси Дилдора Рустамова, ўтган йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонига сазовор бўлдилар. Ўзим эса, мана ижод йўлида, "Шод" гуруҳида фаолият юритяпман. Ёшлигимда мусиқа мактабида ўқимаганман. Хитой тилига ихтисослашган мактабда таҳсил олдим. Кейин 9-синфни тугатгач, Эстрада-цирк коллежига ўқишга кирдим. Ўша ерда "Шод" гуруҳи тузилиб, шундан бери, дўстларим билан биргамиз. Коллежнинг энг тўполончи, шўх болалари эдик. Тошкент Давлат Санъат институтида  эса, Режиссёрлик йўналишида ўқиганман.

 

shod_foto7.jpg  Дониёр: - Мен Носиров Дониёр 1983 йил 18 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. Маълумотим тугалланмаган олий. Тошкент Давлат Санъат институтида, Эстрада актёрлиги йўналиши бўйича таҳсил оляпман. Онамлар Тамара Носирова ҳам Тошкент Давлат Санъат институтини тугатганлар, касблари ўқитувчи, ҳозирда 67 ёшда, нафақадалар. Отам ҳам санъаткор, исми-шарифлари Рўзимбой Латипов ҳофизлар. Ўзим санъатга ёшлигимдан қизиққанман, кўп кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этганман. 5-синфлик вақтимгача, Успенский номли мусиқа мактабида ўқиганман. У ерда ётиб ўқиш керак эди, фақат ҳафтада бир марта уйга бориларди. Шунинг учун, у ердан сўнг, 6-ўрта мактабда ўқидим. 9-синфни битиргач, Эстрада-цирк коллежига ўқишга кирдим ва вокал йўналишида таҳсил олдим. Эстрада-цирк коллежида ўқиётганимизда, бу гуруҳ ташкил этилиб, бошида гуруҳга "Оташ" деган ном қўйгандик. 2000 йилда Ўзбекистон бўйича, Гулистонда "Янги тароналар" кўрик-танловида иштирок этганмиз. У ерда жуда кўплаб устоз санъаткорлар бор эдилар, Фаррух ака Зокиров, Козим ака Қаюмов, бастакорлар Дони Илёсов, Анор Назаров ва бошқалар. Биз ўша танловда, фахрли 3-ўринни қўлга киритганмиз. Биз энг ёш иштирокчилар эдик, бу биз учун жуда ҳам шарафли бўлган. Ўша ерда устозимиз Фаррух ака Зокиров, "Оташ" деган ном сизларга бўлмайди, деб айтганлар ва исмларимиздан келиб чиқиб, "Шод" номини беришган! 11 йилдан буён "Шод" гуруҳи сифатида ижод қилиб келяпмиз.

 

shod_foto19.jpg

 

- Биринчи марта ўз машҳурлигингизни қачон ҳис қилгансиз?

Уччаласи бирга кулишиб: - Мирзо Улуғбек боғида!

Отабек: - (самимий) "Оқ теракми, кўк терак" деган клипимиз чиққан эди. Ўшанда уйда ўтиргандик. Кейин бир хиёбонга кирмаймизми деб, Мирзо Улуғбек боғига кирганимизда, ҳамма таниб қўли билан кўрсатишган. Ўшандаги, ҳаяжон, ҳолат ҳалигича эсимизда.

 

- Кўпинча шўх қўшиқлар яратасизлар, буни гуруҳингиз номи билан боғлаш мумкинми?

Шуҳрат: - (жилмайиб) Ҳа, биз доим позитив қўшиқлар қиламиз, чунки гуруҳимизнинг номи "Шод" бўлгани учун, кўпроқ шўхроқ қўшиқлар яратамиз. (самимий) Бунинг устига, яна бир томондан, инсонларни масалан, севгиданми, ёки ўзи кайфияти бўлмаса, уларни яна эзиб нима қиласиз? Шундай инсонлар бор, уларни аксинча, "уйғотиш" керак. "Мени ташлаб кетди, энди нима қиламан" дегандек қайғули қўшиқлар эмас, аксинча, кўтаринки кайфиятдаги позитив қўшиқлар куйлаш керак, менимча.

 

shod_foto5.jpg

 

- Қўшиқ яратишдаги илҳом манбаингиз?

Шуҳрат: - Илҳом, ижодкор инсонда ҳар куни ҳам келавермайди. Лекин, бизда (кулиб) биттада келиб қолади. Бирга ўтирамиз, бугун шу ишни қилиб кўрамиз, плейни битта ёқамиз, масалан, қўшиқни мусиқаси кетаверади, бирортамиздан, барибир "мана бунақа қилайлик", деган фикр чиқади, биз учтамиз, биттамиз бошлаб берсак, қолгани занжирма-занжир кетаверади. Бугун масалан, куплетни қилиб қўйсак, эртаси куни унга нақарот топамиз. Ижод қилаверамиз. Бир ҳафталаб, икки ҳафталаб, уч йиллаб ётган қўшиқларимиз ҳам бор, ҳали чиқмаган. Улар демо вариантлар. Бирор куплетни олиб, ўрнига бошқа қўйиб кўрамиз, ижод мана шундай давом этаверади.

 

- Ижодингизда қайси бир клипингизни алоҳида бир ўрин тутади, деб айта оласизлар ва нима учун?

Отабек: - "Соғиндим дилдан"! Чунки, бизни биринчи сокин қўшиқ ва клипимиз! Қолган ҳаммаси шўх қўшиқлар, клиплар. Шунинг учун, биз уни кўрсак, дам олиб кўрамиз.

  

- Қайси клипмейкерлар билан ижодий ҳамкорлик қиласизлар?

Шуҳрат: - Клипмейкерлардан Нозим Жумаев, Ёдгор Носиров ("Соғиндим дилдан", "Ягонам", "Жоним мени"). Ҳозирда "Жанона" қўшиғимизга клип суратга оляпмиз, яқинда декорация қурилди. Ҳозирги кунгача, 10 дан ортиқ клиплар тақдим этдик. Яна яқинда "Вида" деган қўшиғимизга ҳам клип суратга олдик, "Вида" испанчасига ҳаёт, гўзаллик дегани. Қўшиқ ўзбек тилида, лекин нақоратида, (хиргойи қилиб) "ла-ла-ла Вида, хаёл ўзингда" деган сўзлар бор, қўшиқнинг номи испанча. Бу клипда ёш ижодкорлар режиссёр Иззатилла ва Сарвар билан биргаликда ишлаганмиз. Шу кунгача, ижодий фаолиятимизда, 2 та мусиқий альбом чиқардик. Биринчи альбом, "Ассалому алайкум", иккинчиси "Соғиндим дилдан". Гуруҳнинг продюсери йўқ, лекин администратори бор Зафаржон Нишонов. Гуруҳни ҳеч қачон продюсери ҳам, ҳомийси ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам, ҳар доим "Шод" гуруҳи ўзига ўзи. Балки, шунинг учун ҳам, сал камнамороқмиз.

  

shod_foto4.jpg


-  Уччовингиз ҳам Тошкент Давлат Санъат институтида ўқиган экансизлар, режиссурадан ҳам хабарингиз бор экан. Клипларингизни суратга олишда, ўзингиз режиссёрлик қилиш фикри бўлмаганми?

Шуҳрат: - (жиддий) Клипларимизнинг ҳаммасида ҳиссамиз бор, мен буни айтиб ўта оламан. Бизда мана бундай нарса бор, "мана бугун клип бунақа олиняпти, сценарийси бундай", деса, биз "вой, мана пулинг, худди шундай тушамиз" эмас-да! "Йўқ, тўхтанг! Мана бу ерини мана бундай қилайлик" деб, ҳаттоки, суратга олиш куни ҳам, кўп жойларини ўзгартириб кетамиз!

Отабек: - (кулиб) Биз ҳамма қўшиқларимизга ёзилган шеърларни ҳам ўзгартирганмиз. Масалан, биз ҳам камида тўртта сўз қўшиб қўя оламиз. 20 та сўз чиқмаса ҳам, 4 та сўз чиқади.

 

- Ижодингизда сўзи ҳам, мусиқаси ҳам ўзингизники бўлган қўшиқларингиз борми?

Отабек: - (самимий) Янги қўшиқларимизнинг ҳаммаси. Олдин устозларимиз Сарвар Раҳматхўжаев, Жасур Бадалбоев, Жавҳар Назаровларга кўрсатамиз, ҳаммалари бастакорлар, қолаверса, биз ёшлигимиздан улар билан бирга катта бўлганмиз. Ўша бастакорлар иш қилаётган вақтда, биз ёнларида ўтирганмиз. Бизда ҳозир шундай давр келдики, масалан, Шуҳрат, ўшалар қилаётган ишни мен ҳам қилай деб, ўзига сингдириб, ўз бўйнига олган. Ўрганиб, ҳозир мана ўзи мустаҳкам ҳолатда, ўзи бир усул, гармония қўйиб, бемалол мусиқа ёзиб, бизга "Эй, қаердасизлар? Дониёрни олиб, бирга келинглар" деса, биз борсак, у ерда шеърлар бор, ҳамма шоирлар бизга шеърлар бериб кетишган. Уччаламиз ўтириб, Шуҳрат қилган нарсани тинглаб, у нарса бизга ёқса, ёқди деб, камчилик бўлса, бир-биримизга айтиб тўлдирамиз. Кейин мана Зафарга, дўстларга эшиттирамиз. Шу тарзда 4-5 қўшиқлар ҳам қилдик. Лекин, биз ўзимиз барибир қониқмаймиз. Барибир, бастакорга олиб борамиз. Агар биз энди чиқаётган гуруҳ бўлганимизда, бизни ҳозирги қилаётган қоралама вариантимиз, улар учун катта нарса эди. Агар бундай нарса уларда бўлса, улар радиога, телевиденияга чиқариб юборишарди. Биз бўлса, уяламиз-да, барибир боя айтиб ўтганим, Сарвар ака, Жасур Бадалбоев, Жавҳар Назаров, бошқа бастакорларни олдидан бирров ўтамиз. Улар битта эшитиб, "ҳа, яхши, мен ҳам қилиб бераман" дейди, бошқа одамни бир қўли тегдими, у уники бўлиб қолади. Саволингизга шуни айтмоқчи эдимки, барибир ҳамма қўшиқларимизни мусиқаси, сўзи ўзимизники. Мусиқамиз, қўшиқларимиз замон талабига жавоб бериши учун, биз ҳар қандай ҳолатда ҳам, бастакорларга мурожаат қиламиз.

 

shod_foto15.jpg

 

- Қўшиғингиз тайёр бўлганда, биринчи бўлиб кимга қўйиб берасизлар?

Шуҳрат: - (кулиб) Мен биринчи бўлиб, оиламдаги қизларимга қўйиб бераман! Агар шўх қўшиқ бўлса, қизларим ўйнай олса, демак, яхши қўшиқ деб ўйлайман. (кулишади)

Отабек: - (жиддийлашиб) Уйдагиларга! Онамларга, опам, синглим эшитишади. Дўстларимга қўйиб бераман.

Дониёр: - Мени ойимлар эшитиб кўрадилар, чунки биринчи уларга қўйиб бераман. "Зўр, лекин" деб қўядилар. (кулади)

Шуҳрат: - (кулиб) Лекин, уйдагилар яхши бўлмаса ҳам, зўр дейишлари мумкин-да. Ўша сабабли, биринчи душманга олиб бориш керак! (кулади)

Отабек: - (самимий) Бир гап бор-ку, бошингга бир иш тушса, ёнингдагиларга эмас, яқинларингга кераксан, дегандек, уйдагиларимизни ҳар доим жонлари соғ бўлсин! Биз ҳам уларнинг ишончини оқлаяпмиз, деб ўйлаймиз.

Дониёр: - (жилмайиб) Биринчи навбатда уйдагиларимизга раҳмат деймиз. Бизни қўллаб-қувватлаб турганлари учун! 11 йилдан бери чидаб келаётганлари учун!

 

- Гуруҳингиз репертуаридан шу бугунгача бўлган қайси қўшиқни, "ташриф қоғози" бўлган қўшиқ деб ҳисоблайсизлар?

Шуҳрат: - (қатъий) Мен "Нозли ёрим" қўшиғи деб ўйлайман! Ундан кейин эса, (кулиб) "Ёмон бўлибди", "Ассалому алайкум". Ҳамма қўшиқларимиз ёқади. Чунки, у қўшиқларни ўзимиз қилганмиз. Менимча, энг "ташриф қоғози" бўлгани "Нозли ёрим"!

Отабек: - (қатъий) Мен эса, қўшиқларимиз орасида "ташриф қоғози" деб, "Ассалому алайкум" қўшиғимизни айта оламан! 

Дониёр: - Мен учун "Сен-сен" деб номланган қўшиғимиз! Бу 9-10 йил аввал ёзилган қўшиқ. Агар сезган бўлсангиз, ҳозирги кунда қўшиқларнинг умри жуда ҳам кам бўлиб кетяпти. Хит қўшиқлар ҳам деярли кўпи билан деярли бир йил хит бўляпти, назаримда.

 

shod_foto16.jpg

 

- Нима учун ўзингиз айтгандек, ҳозирги кунда қўшиқларнинг умри узун эмас, деб ўйлайсизлар? Бунга сабаб?

Шуҳрат: - Чунки, олдин қўшиқларнинг ҳар хил версиялари бўлмаган! 

Отабек: - (жиддий) Бу дегани ҳозир 21 аср! Биласизми, олдин бошқача ижод қилинган, ҳозирги кун, 21 асрга келиб таққослайдиган бўлсак, ҳаттоки, Европада ҳам, 2-3 ойга бормайдиган хитлар бўлиб кетяпти. Бу замоннинг тезкорлиги дейишим мумкин. Қўшиқчининг ўзи билиб туриб, ўзи исботлаб бера олсагина, қўшиқ хит бўлади.

Дониёр: - (қатъий) Сабаби реклама! Бу менинг фикрим! Шунингдек, Отабек акамнинг гапларига қўшимча қилмоқчиман. Ижод ҳамиша бир хил бўлган. Фақат инсоннинг эшитиши бўйича, ҳозир ҳамма нарса, компьютер, телефонлар ривожланиб кетган. Олдин бундай эмас эди. Олдин, "битта мана шу қўшиқ зўр экан" деб, эшитиб кетаверишган.

 

- Бу билан, илгари қўшиқлар кам эди, ҳозир танлаш учун қўшиқлар кўп демоқчимисизлар?

Ҳаммалари бирга: - Ҳа!

Шуҳрат: - Тараққиёт! Тезлик!

Дониёр: - Ҳозир интернетга кирсангиз ҳам, ҳар хил қўшиқлар жуда кўп.

Отабек: - (эслаб, ўйланиб) Масалан, илгари хизматларга борсак, "болам Маъмуржон Узоқовнинг қўшиғини биласанми" дейишарди. Биз ҳатто шунда бир-биримиз билан уришганмиз ҳам, "Бу қўшиқни мен айтаман, сени қўлингдан келади, мени қўлимдан келмайди" деб айтган вақтларимиз ҳам бўлган. Вақт ўтди, лекин биз бу нарсаларни биламиз, бу биз учун мактаб, тажриба бўлган, деб ўйлаймиз. Эртага масалан, Ўзбекистонимизни танитмоқчи бўлиб, қандай жойга борсак ҳам, "ким Ўзбекистондан?" дейишса, "Шод" гуруҳимиз, деб чиқсак, ҳеч қачон "ўлдим-куйдим" деб, қўшиқ айтмаймиз. Ўзимизнинг миллий қўшиқларимизни айтиб берамиз! Инсонлар тинглашганда, "жоним-куйдим" қўшиқлардан кўра, уларга миллийлигимиз қизиқарлироқ.

Шуҳрат: - Ростдан ҳам "Ўлдим-куйдим" қўшиқлар бошқаларнинг ўзларида ҳам тўлиб ётибди.

 

shod_foto2.jpg

 

- Ҳозирги кунда рақобатга дош бера оляпмиз, деб ўйлайсизларми?

Отабек: - Албатта!

Шуҳрат: - (самимий) Биз ҳеч кимни ўзимизга рақиб деб ўйламаймиз. Биз ўз услубимизни ҳам алмаштирмаймиз! Ўзимиз, бу ўзимиз бўлиб юрамиз. Балки, рақобат деб айтишар, лекин биз рақобатни умуман кўрмаймиз. Чунки, рақобат деганда, ўзингизга ўхшаб қолган нарса бўлса, рақобат бўлиши мумкин. Мана бу мени ортимдан кетяпти, эрта-индин меникига ўхшаган услуб қилиши мумкин, деб ўйлайсиз. Бунақа нарса, бизни хаёлимизга ҳам келмайди. Яна бир нарса, бизни услубимизда менимча, ҳеч ким ишлай олмайди. Нега десангиз, бизни қўшиқларимиз, ҳаётимиздаги ҳар кундаги ғоямиз, кайфиятимизга боғлиқ-де. Биз "мана бу тўйга бўлсин, мана бу чақирсин" деган нарсага ишламаймиз. Биз абсолют ўзимиз, шўх қўшиқ чиқдими, ўша қўшиқда чиндан позитив кайфиятда бўлганмиз, сокинми, демак, ўша пайт бизда сокин кайфият бўлган. Умуман, бошқаларникига ўхшамайдиган ва такрорланмас, демоқчиман. Ҳамма қўшиқларимизни эшитиб кўрсангиз, 25 та бўлса, 25 таси ҳам ҳар хил қўшиқлар! Қўшиқларимиз орасида, бир-бировига ўхшайдиган қўшиқ йўқ!

Дониёр: - Биз ўз ижодимизда турибмиз!

 

shod_foto10.jpg

 

- Қўшиқларингиз орасида ростдан ҳам, чет эл қўшиқларидан "олинган"лари йўқми?

Шуҳрат: - (жиддий ва ишонч билан) Умуман, олинган, кўчирилган қўшиқлар йўқ! Ҳаммаси ўз ижодимиз! Бизга "Нега қўшиғинглар унақа хит даражасида бўлмаяпти" ҳам дейишади. Чунки, ўзингиз ўйланг, сиз қўшиқ яратдингиз. Уни уч ойлаб, бир йиллаб, ўз ичингиздагини қўшиқ қилиб чиқардингиз-да, чиқариб, шундоқ айлантираётганингизда, бошқаси сизни қулоғингизга сингиб бўлган қўшиқни шундоқ оляпти-да, шундоқ ўгириб, шундай айтяпти, одамлар ўшанга қараяпти. Одамларни ҳозир қўшиқни тушуниб ўтиришга вақти йўқ-да, оҳанги тез қўшиқ бор-ку, "шу ёқди менга, бўлди", деб, ўшани танлаяпти. Кўчирмакашлик жуда ҳам кўп.

Отабек: - (самимий) Биз ҳамма шоирлардан шеърларни ёзиб-ёзиб олганмиз. Ўшалар бизга ҳозирги кунда асқотмоқда. Раҳмат уларга!

 

- Демак, қўшиқларингизни жуда ҳам мега хит бўлмаётганига сабаб, ўзларингиз яратаётганлигингиз учунми? Агар сизлар ҳам "кўчирганингизда" хит бўлармиди?

Шуҳрат: - (бироз асабийлашиб, лекин самимий) Биз кўчиришдан, бу нарсадан уяламиз! Биз худо ҳоҳласа, тарихий анъанага эга гуруҳмиз. Бундан ҳам тарихга эга бўлишни, "Афсонавий гуруҳ" бўлишни ҳоҳлаймиз, масалан, "Ялла" гуруҳи каби. Афсона дегандан кейин, бу нима дегани, авлодлар унинг тарихига қарайдими, бундоқ варақлаб, мана бу қўшиқни кўриб, битта эшитса, "мана бундан ўғирлаган экан-ку, нимаси буни афсона?" деса, афсонага кирмайсиз. Бу ижод эмас, ўғирлаш. Бизни қўшиқларимизда эса, ҳатто кичик бўлса ҳам, ўғирланган, олинган жойи йўқ! Бир гал шундай бўлган, "Манбоп жанон" деган қўшиғимизни, "шуни қаердандир олгансизлар", дейишди. Қаердан олганмиз? Ҳайрон бўлдик. Бошидаги мусиқаси (хиргойи қилиб) тют-ют-ют.... синтюкда бошланган. Кейин мен роса қидирдим ва бир қўшиқни топдим, биттагина ўша бошланиш мусиқасидаги "тют-ют-ют...." деган жойи, синтюк овози, бир хил экан! Шунинг учун, "сизлар олгансизлар", дейишибди. Лекин, у қўшиқ бутунлай бошқача экан! Битта бошидаги мусиқасидаги товуш ўхшаш бўлиб қолганига, шунча? Ахир қўшиқ бутунлай бошқа бўлса!

Отабек: - (жиддий) "Кўчирилган" қўшиқлар тез танилиб, тез йўқоладиган қўшиқлар! Агар бу нарса ҳозирги замон талабига жавоб бераётган бўлса, балки биз ҳам шу ишни қилишга мажбур бўлармиз. Лекин, биз бу нарсани мусиқий альбомимизга киритмаймиз! Ҳеч кимга мақтаниб, қўйиб ҳам бермаймиз. Бундай қўшиқ, жойи келганда айтилади, кетилади. Биз учун шундай қўшиқ бўлиб қолаверади.

Дониёр: - (жиддий) Дейлик, "кўчирилган" қўшиқ хит бўларди. Аммо, биз бу нарсани бир йил "едирармиз" ёки икки йил тўғриси. Эртага, орадан 5-10 йил ўтиши бор. Эртага кейин биз уялиб қоламиз-ку.

 

shod_foto9.jpg

 

- Баъзилар томонидан, қўшиқларингиз бир хиллашиб кетяпти, деган фикрга муносабатингиз?

Шуҳрат ва Дониёр: - (ҳайрон бўлишиб, баравар) Йўғ-ей?

Отабек: - У ерда, бизни ишимиз эмас, битта бастакорнинг қўли эканлиги билиниб қолибди, бастакор тарафлама бўлиши мумкин.

 

- Ўзингизга ёқмайдиган қўшиқларингиз ҳам борми?

Шуҳрат: - (эслаб) Ҳар бир қўшиғимизнинг ўз тарихи бор. Шунинг учун ҳам йўқотгимиз келмайди. Масалан, ҳар бир қўшиғимизни эшитсак, ўша пайтда мана бунақа бўлганди, мана бунақа юргандик, мана бу ерларга боргандик, деб эсланади. Унақа эслашларни мен яхши кўраман.

Отабек: - Бизга ёқмаган қўшиқларимиз, уйдагиларимизга ёқади. 

Дониёр: - (самимий) Мен ҳам бу фикрларга қўшиламан. Ҳеч қачон мен ўз қўшиқларимдан уялмаганман! Ҳамма қўшиқларимизни ўзим яхши кўраман!

 

shod_foto6.jpg

 

- Оила аъзоларингиз бирор қўшиғингизни танқид қилишганми?

Шуҳрат: - (кулиб) Мени уйимдагилар "Аяма"ни танқид қилишган. Опам раҳматли кўриб, жуда ҳам кадрларни тез қўйган, дегандилар. Қолган ҳамма қўшиқларимизга муносабатлари яхши.  Клипларимизни кўриб, қизлар тарафлама танқидлар бўлади, баъзан. "Қаердан олдинглар у қизни, бошқа қизни олиб чиқсанглар бўлмасмиди", деган танқидлар. (кулади) Масалан, "Нозли ёрим" клипида, модель қизни таклиф қилгандик. Жуда чиройли қиз, кўп клипларда чиққан. У клип бўйича, атлас кўйлак кийиб, маҳаллада юриши керак эди. Шундоқ атлас кўйлак кийиб чиққан эди, ўзбекчани бера олмай қолди. "Нозли ёрим" да фақат шунга танқид қилишган.

Отабек: - (кулиб) Бизнинг "Ёмон бўлибди" клипимизда чиққан қиз, актриса Лейлини уйимдагилар яхши кўриб қолишган. Буни ўша Лейлининг ўзига ҳам айтганман. Лекин, биламан, бизнинг қиз бола мухлисларимизга бизнинг клипларда чиққан қизлар ёқмайди. Буни тан оламиз, чунки минг чиройли қизни олиб чиқсак ҳам, мухлисалардан, "нега бу қизни олиб чиқдинглар", деган гапларни кўп эшитганмиз, чунки ҳамманинг ўз фикри бор. "Вой, чиройли қизни олиб чиқибсиз", деган мухлисани кўрмадим. "Нимага унақа қизни олиб чиқдинглар", дейишади. Чунки, ҳар қандай қиз учун, биринчи навбатда ўзи гўзал.

Дониёр: - Мени уйимдагилар ҳеч қайси қўшиғимни танқид қилишмаган!

 

- Сизларда ҳеч яккахон ижод қилиш фикри бўлмаганми?

Отабек: - (ҳайрон бўлиб) Гуруҳда ишлаб қандай яккахонликни ўйлаш мумкин? Ундан олдин, ахир ҳаммамиз санъат деб келганмиз.

 

- Баъзилар, кейинчалик гуруҳ бўлиниб кетгандан сўнг, яккахон бўлиш орзусида гуруҳларга киришади.

Отабек: - (қатъий) Биз ўша баъзилардан эмасмиз. Лекин, агар тўғри маънода, биз яккахон ижод қилсак ҳам, ўзимизнинг ўзбек эстрадасида, ўз ўрнимизни топиб кетган бўлардик.

Дониёр: - Биз яккахонликдан воз кечиб, гуруҳга кирганмиз!

 

shod_foto17.jpg

 

- Сизларда ҳам масалан, мухлисларни ҳайрон қолдириш, ёки янгилик сифатида, гуруҳдан ажралмаган ҳолда, ўз яккахон қўшиғингизни ижро қилиш фикри бўлмаганми? Масалан, концертда?

Отабек: - Бўлган! Лекин, биз "Истиқлол" санъат саройидаги биринчи катта концертимиз фақат бир кунлик бўлгани учун, ҳамма имкониятларимизни кўрсата олмадик. Сиз айтган нарсани биз ўйлаб қўйганмиз. Кейинги концертларимизда, мухлисларимиз янгилик сифатида, бизни ҳар биримиз алоҳида қўшиқ айтганимизни ҳам кўришлари мумкин.

 

- Ҳар бир гуруҳни ўз ички қонун-қоидаси бўлади. Сизларни ҳам ўзингиз учун, ўзингиз яратган қонун-қоидаларингиз борми?

Отабек: - (самимий) Қонун-қоидалар кўп. Масалан, бизда ҳамма қўлни баравар оғизга тиқмаслик керак, деган қоида бор. Бир сўм топсак ҳам, ўша учга бўлишимизни билиб туриб, олдиндан келаётган нарсани битта меники деб билмаслик бор. Битта ўзини ўйламаслик бор бизда, бу нарсани биз ўзимизга сингдириб юбордик, деб ўйлайман. Масалан, мен бир иш қилаётган бўлсам, Дониёр билан Шуҳрат нима қиляпти, деган фикр келади. Бу дегани, Шуҳрат у-бу иш қилса, масалан, бизни ҳам ўйлайди. Шоу бизнесдаги шоиримиз бўлса, фақат олға!

Дониёр: - (қатъий) Фақат илғор қадам қўйиш ва ҳеч қачон ортга чекинмаслик!

 

shod_foto12.jpg

 

- Гуруҳингиздаги ўзингиз яратган қоидаларга сал бўйсунмасликлар ҳам бўлиб турадими? Шу орқали ички кичик низолар дегандек....

Шуҳрат: - (кулиб) Ўзимизнинг сирларимиз, буни мухлисларимизга айта олмаймиз! (кулади ва ҳазил аралаш) Айтсак, билиб қолишади! Баъзи нарсаларни айтишимиз мумкин. Масалан, Дониёр ҳозир эмас, бундан бир-икки йиллар олдин, жуда ҳам кўп кеч қоларди. Шунга, "Дони, кеч қолмагин" деб, шунга уришардик. Энди, эркатойимиз-да, бизни!

Отабек: - (кулиб) Ички тортишувлар бўлганда ҳам, ҳамманинг олдида бўлмайди.

Дониёр: - (кулиб) Кечга қолганимнинг сабаби, акаларим бор-ку, нима ғамим бор? (жиддий) Энди ҳозир унақа эмас! Ҳозир ҳамма нарса ўз вақтида! Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун! Шу гапга амал қилган ҳолда!

 

shod_foto11.jpg

 

- Гуруҳингизнинг шунча йилдан бери аҳил-иноқлигининг сири нимада?

Шуҳрат: - (жилмайиб) Биз бир-биримиз билан туғишган ака-укалардек бўлиб кетганмиз. Биз бир-биримизни нима демоқчилигимизни кўзимидан биламиз. Баъзида шундай вазият бўлади, гапира олмайсиз, шунда шундоқ қарасангиз, кўзингиздан ўқиб оладиган даражадамиз. Орамизда меҳр-оқибат кучли!

Отабек: - (кулиб) Бу нарсани билмадик. (жиддийлашиб) Журналист, Ойбек Алиев бизни кўрганларида айтадилар. "Сизларда нимадир бор. Сизлар уччовингиз йиғилсангиз, буни ўзингиз билмайсизлар, лекин сизларда куч бор, нимадир бор." дейдилар. Бу ўзимизга билинмайди.  Лекин, бизда бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!

Дониёр: - (кулиб) Мен биламан бу нарсани! Гуруҳимиз иноқлигининг сабаби, бизнинг ёшларимиз, бир-биримиздан кичик. Агар биз тенгдош бўлганимизда, дейлик, мени ўз фикрим бўлса, тенгдошимнинг ўз фикри бўлса, мен ўз фикримни ўша ерга қўйишга ҳаракат қилардим! Гуруҳимизда мана шу икки акаларим эса, мендан катта бўлганликлари учун, мен уларнинг фикрлари билан иш қила оламан. Нимага? Чунки, улар мендан катта! Демак, мендан кўп нарсани кўришган! Шунақа вазият, давралар бўлиб қолиши мумкин. Биздан катталар, масалан, мени ўзимнинг ҳам фикрим бўлиб қолиши мумкиндир, лекин гуруҳдаги мана шу, мендан катта акалаларим ўз фикрини айтишса, мен ўз фикримни айтмай, уларнинг фикрига қўшиламан. Чунки, мен биламан, бу икки акам, тўғри гапиришади! Қолаверса, чиндан ҳам бизда аҳиллик, меҳр-оқибат кучли. Гуруҳимиз шиори "Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!" 

 

- Неча ёшли аудитория учун ижод қиламиз, деб ўйлайсизлар?

Дониёр: - (ҳаммадан аввал ва қатъий) 7 ёшдан 70 ёшгача деб ўйлаймиз!

Шуҳрат: - Бизнинг қўшиқларимизни катта ёшлилар ҳам жуда ҳам яхши кўришади, деб ўйлайман. Биз бунга жуда кўп марта амин бўлганмиз, тўйларга, хизматларга борганда, "Ёмон бўлибди", "Ягонам", "Тошкентим онам" қўшиқларимизни кўп сўрашади. 

Отабек: - Катта ёшлилар концертимизга келишса, бемалол "Тановар"дан тортиб, "Муножот"гача айтиб берамиз, онажонларимиз, бувижонларимиз учун! Нима учун "Тошкентим онам"ни айтмадинглар деб сўрашади. Қўлимиздан тортиб, сўраган пайтлари ҳам бўлади. Тўйга борсангиз, кўпроқ ёшларни ўйлайсиз, ўйнармикан, дейсиз. Бизнинг одамлар ақлли, керак бўлса келиб, ўз фикрини айта олади. Ёши катта онахонларимиз бўлса, костюмимиздан тортиб, "Нега "Тошкентим онам"ни айтмадинглар, ахир шунча кутдим-ку, менга ёқади ўша қўшиғинг" дейишганда, биз жуда хурсанд бўлганмиз. Мухлисларимиз ҳамма коллеж, институт талабалари деёлмаймиз, лекин 7 ёшдан 70 ёшгача, деб аниқ айта оламиз!

 

- Сизлар учун мухлислар фикри қанчалик муҳим?

Шуҳрат: - Биз ўша мухлислар учун ишлаймиз!

Отабек: - "Шод"ни бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам мухлислар!

 

- Тақлид деган нарсага қандай қарайсизлар?

Отабек: - (самимий) Ҳамма нарса тақлиддан бошланади-ку. Масалан, биз ҳам ёшлигимизда бир қўшиқни ўрганиб, тақлид қилмаганимизда, балки биздаги санъатни кўришмасди. Биз ҳам ёшлигимизда кимгадир тақлид қилганмиз. Масалан, мен мактабда хонанда Ғиёс Бойтоевнинг нечтадир қўшиқларни айтганман. Тақлид бўлиб, кейин инсон ўзини топиб олиши мумкин, назаримда.

 

shod_foto13.jpg

 

- "Шод" гуруҳи бўлгандан кейин-чи, бирор хонанда  ёки гуруҳга тақлид қилганмисизлар?

Шуҳрат: - Йўқ, ҳеч қачон! Ҳар доим ўзимизни қидирганмиз!

 

shod_foto3.jpg

 

- Кўплар сизларни "Шаҳзод" гуруҳига ўхшатишади.

Уччови: - Биз "Шаҳзод" гуруҳини жуда ҳурмат қиламиз, устоз деб чақирамиз. Қўшиқларини жуда ҳам яхши кўрамиз. Улардек гуруҳ бўлишни ҳавас қиламиз, ниятимиз шундай. Бу тақлид эмас.

Отабек: - (ўйланиб) Биз "Тошкентим онам" деган қўшиғимизга клип олиб чиққанимиздан кейин, кўпчиликда, катта ёшлиларда ҳам, концертларга чақиришганда ҳам, баъзилар "Сизларни кўриб, "Ялла"нинг ёшлигига ўхшатдим" дейишди, шундай гаплар ҳам тарқалди. Одамлар бу клипни, унда гитара билан чиқишларимизни кўриб, ҳам "Ялла", ҳам "Шаҳзод" гуруҳига ўхшатишган.

Шуҳрат: - (кулиб эслаб) Бир гал таксига ўтирсам, "Сизлардаги учинчи йигит Дониёр, "Ялла" гуруҳидаги Жавлон аканинг ўғлими?" деб ҳам сўрашган. Шунчалик ўхшатишган.

Дониёр: - (кулиб) Биз ҳавас қиламиз, тақлид қилмаймиз.

 

- "Тошкентим онам" клипида гитара билан чиққансизлар. Ўзларингиз ҳаётда қайси чолғу асбобларини чала оласизлар?

Шуҳрат: - Рубоб чалишни биламан, ҳозирги кунда фортепиано чалишни ўрганяпман.

Отабек: - Мен барабан, доира, ҳар қандай зарбли мусиқа асбобни чала оламан.

Дониёр: - Рубоб, доира, фортепиано, дутор, флейта чалишни биламан.

 

- Қайси клипингизда, ўзингиз чолғу асбобларини ростдан ҳам чалиб, ижро қилгансизлар?

Шуҳрат: - "Ягонам" клипимизда ва "Тошкентим онам" клипларимизда.

Отабек: - Яқинда яна бир янги клип суратга олмоқчимиз, унда уччаламиз, яъни ҳар биримиз ўзимиз чала оладиган мусиқа асбобини чаламиз. Мен барабан чалмоқчиман, Дониёр клавиш ва Шуҳрат гитарада ижро этамиз. Бу ҳам янгилик бўлади, деб ўйлаймиз.

 

shod_foto8.jpg

 

- Жонли ижрода куйлайсизлар, чолғу асбобларини чала оласизлар, мақом ҳам ижро этишни ҳам биласизларми?

Шуҳрат: - "Фарғона тонг отгунча"

Отабек: - (самимий) Мақом деганда, "Шашмақом"дан катта-катта мақомларни эмас, масалан, "Сегоҳ"ларни биламиз. Шу қўшиқларни эшитиб, ўрганиб катта бўлганмиз, дадам раҳматлидан. Телевизорда бир бола танбур чалиб қўшиқ айтса, "дада, зўр айтяпти-а" десам, "сен ҳам аввал шундай битта ижро этгин, айта оласан-ку, кейин ўзингга ёққан қўшиқларни айтаверасан" дердилар. Биз бежизга тингловчиларимизнинг ёшларини "7 дан 70 гача" демадик, биз ҳар йили концертлар қўяверсак, ҳали томошабинларни "Шод" гуруҳидан, кўп нарсалар, кўп янгиликлар кутмоқда. Биз мақомни биламиз деб, мақтанмоқчи эмасмиз, бизни билган инсонлар, бизни мақом ҳам айта олишимизни билишади. Мақтаниш эмас, келажакда биз томошабинларга, мухлисларга миллий мақомларни ҳам, замонавий хорижий қўшиқларни ҳам ижро қилиб бера оламиз, кино ҳам суратга олиш ниятидамиз. Агар, мухлислар "Шод"дан сўрашса, дейлик, масалан, Лучано Павароттининг мана бу қўшиғини эшитмоқчиман, дейишса, биз тайёргарлик кўриб, саҳнага чиқиб, ўша қўшиқни бемалол ижро эта оламиз. Бу ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ.

 

- Демак, ҳамма йўналишда куйлай оласизлар? Ёки сизлар куйлай олмайдиган йўналиш ҳам борми?

Шуҳрат: - (самимий) Ҳар қандай йўналишда куйлай оламиз, мақтаниш эмасу, лекин бир сўз билан айтганда универсалмиз, дея оламиз.

Отабек: - Ҳамма йўналишда куйлай оламиз. Ўзбек халқи шунақаки, ҳиндча, афғонча, эронча, ҳар қандай тилда, йўналишда айта олади, лекин, ҳиндлар, эронлар, европалик ҳам ўзбекча айта олмайди, менимча.

 

shod_foto1.jpg

 

- Сизларнинг ижодингизда прома бир кучайиб кетади, бир эса сезилмай қолади. Клипларингиз бир кўп айланади, бир эса қўйилмайди. Бу эса, бўлди клипни бир яхшилаб айлантирдик. Тўйларга таклифлар бўляпти. Шу билан бўлди, дегандек фикр уйғотади. Ёки аслида ҳам шундайми?

Отабек: - (жиддий) Биз ўзимизга хон, ўзимизга бекмиз. Айтмоқчимиз, сиз айтгандек, нега ҳоҳлаган вақтда чиқади, дейишса, биз ўзимизда куч сезган вақтимизда, ҳар доим клип суратга олдирганмиз, бизга дўстларимиз ёрдам бериб туришган. Биз режа асосида иш қиламиз.

Дониёр: - Бу нарса тўйларга боғлиқ эмас! Бунга сабаб, гуруҳ продюсери, гуруҳнинг ўзилиги сабаб бўляпти. Биз бежизга бизнинг продюсеримиз йўқ, демадик. 

 

shod_foto18.jpg

 

- Ўз ижодингиздаги камчиликларни ўзингиз очиқ айта оласизми?

Шуҳрат: - (ўйланиб) Бу нарсани мен концертимизда сездим. Бақириб юборишим ва кўп гапиришим!

Отабек: - (ўйланиб) Мен сезган камчилигим, масалан, санъаткор деганда, бизда, "Шод" гуруҳини, озгина ритм ўйинларда, камчилигимиз бор, деб ўйлайман. Худди чет эл гуруҳлари каби рақс ижро эта олиш, шуларни кўрганда, нега биз шунақа ўйнай олмаймиз, деб ўйлаб қоламан, биз шуни ўзимизга сингдириб юбора олмаймиз. Мен мана шуни камчилигимиз деб биламан. Масалан, кетдик бугун соат 9.00 да рақс билан шуғулланишга деб, бора олмаймиз. Бунга сабаб, бизни боя айтгандек, ўзимизга хон, ўзимизга беклигимиз. Агар кимдир продюсерлик қилиб, "мана сизлар ижод қилинглар, қўшиқ ёзинглар, мана шундай ишлар билан шуғулланинглар, мана машғулот, мана спорт", деб бизга бир йиллик иш режасини кўрсатиб қўйса, биз у инсонни уялтириб қўймайлик, деб, бошқа ишларни йиғиштириб, ўз устимизда ишлашимиз мумкин. Ҳаммаси маблағга келиб тақалади.

Дониёр: - (жиддий) Мен ўйлайманки, "Шод" гуруҳида умуман камчилик йўқ!

 

- Кинода ҳам рол ижро этдинглар. Таассуротлар? Яна давом эттирасизларми ёки?

Шуҳрат: - (ўйланиб) Мен "Қоракўз" деган фильмда суратга тушдим, салбий образда. Ўзим санъаткорман, лекин кинода салбий образда чиқдим. Фильмда мени актёр Алишер Узоқов урадиган жойи бор, томошабинлар таъсирланиб қарсаклар чалишди. Демак, ёмонлигим кўрсатиб бера олинган, томошабинлар таъсирланишди, деб ўйладим. Лекин, мен фақат салбий эмас, ижобий роль ижро этишни ҳам ҳоҳлардим. Чунки, мен актёрликка ўқиганман.

Отабек: - (бироз асабийлашиб) "Қайсарлар" фильмида ўйнадим. Лекин, шу фильмда чиққанимга афсусланаман! Чунки, мен ўзим ҳам режиссёрликка ўқиганман, режиссёр ҳамма-ҳаммани образини жой-жойида бериб қўйишини ҳоҳлайман. Масалан, мени образимни Шуҳратга, Шуҳратни образини эса менга бериб қўйса? Ўша "Қайсарлар" фильмини кўрганлар, яқинларим ҳам менга айтишди, "зўр бўлибди, шундоқ жойингни ўзгартириб қўйишганда, анови бола сен экансан," деган гап менга теккан. Ичингизда ўзингиз ўйлаб турган нарсани кимдир келиб, юзингизга айтгани, ўзимга ҳам ёқмади.

Дониёр: - (ўйланиб) Уччаламиз ҳам учта кинода роль ижро этдик. Мен ўзимни бир синаб кўрдим. Менга "Қароқчилар" фильмига, ўртоғимдан таклиф тушди. Актёр Умид Искандаров менинг дўстим, у чақирди, бордим. Сценарийни ўқиб кўрганимда, бошида менга ёққанди. Монтаждан сўнг, бундай бўлиб кетади, деб ўйламагандим. Тўғриси, шу нарсани айтиб ўтмоқчиман, ўзим у фильмни ёқтирмайман. Энди ўзимизнинг кинода ўйнашни ҳоҳлаймиз.

Отабек: - (ўйланиб) Балки, биз режиссёрларнинг кўзига кўринмаётгандирмиз, уларга сал бачканароқ бўла оладиган болалар керакдир? Лекин, биз ўзимизни жиддий болалар деб ўйлаймиз. Ниятимиз бор, ҳали ўзимиз ҳоҳлаган ролни ижро этолмадик. Режиссёрлар ҳали бизни ундай ролларда кўра олишмаяпти, ёки (кулиб) таваккал қилишга қўрқишяптими, ёки ўзимиз фильм суратга олишимиз керакмикан?

 

- Демак, келажакда ўзингизни фильм суратга олиш ниятингиз ҳам бор?

Отабек: - (ишонч билан) Ҳа! Лекин, у фильмда мен ўзим роль ижро этмайман, худо ҳоҳласа ёш режиссёр бўлиб чиқмоқчиман!

Дониёр: - (жиддий) Шуни ҳам айтмоқчиман, бизга режиссёрлардан кўп таклифлар бўлди, лекин биз ҳаммасини рад этишимизга тўғри келди. Чунки, бизга ёқадиган роль учрамади. Энди ўйлаб, қадам қўйяпмиз. Худо ҳоҳласа ўз фильмимизни олиш ниятимиз бор.

Шуҳрат: - (кулиб) Бир марта ролда адашилгандан кейин, иккинчисини ўйлаб қоласиз-да.

 

shod_foto14.jpg

 

- Ҳозирги кунда бир хил мавзудаги фильмлар кўпайиб кетди, деган гапларни ҳар куни эшитамиз. Агар сизлар фильм суратга олсангиз, қайси мавзуда фильм суратга олмоқчисизлар?

Шуҳрат: - (жиддий) Нега баъзи бир сериалларни томошабинлар қизиқиб кўрадилар? Чунки, улар фақат севги ҳақида эмас, ҳаётий бирор мавзуда бўлиши мумкин. Ҳаётий фильмлар керак, деб ўйлайман.

Отабек: - (ҳайрон бўлиб) Ростдан ҳам бизда ҳамма фильмлар севги ҳақида. Масалан, севгидан ҳам бошқа мавзулар бор-ку. Ёки бизда севги бўлмаган жойда жуда ҳам ошириб, комедия қилиб юборишади. Масалан, бир оддий қишлоққа бориб, ҳаётий фильм олса ҳам бўлади, деб ўйлаймиз. Режиссёр ўзига ёқадиган мавзуни олса, ўшани кўрсатиб бера олиши керак. Масалан, детектив фильмлар, психологик, инсонга бир гап билан ҳолатни етказиб бера оладиган зўр-зўр фильмлар суратга олинса, деймиз. Худди Ҳолливуд фильмларидек. Ҳамма режиссёрларга омад тилаймиз! Биз айтмоқчимизки, биз санъаткор бўлиб, фақатгина хонанда эмасмиз. Лекин, ҳозир биз гуруҳдаги ишимиз билан бандмиз. Чунки, биринчи ишинг зўр бўлса, кейингилари ҳам зўр бўлади, деган нарсага биз амал қилмоқдамиз.

Дониёр: - Лекин, мени ўйлашимча, гуруҳимизда, уч кишини, уччаламизда ҳам уч хил ҳаёт бор ва уларни режиссёрлик тарафлама кузатиб, ўйлаб, фантазиялар билан бойитса, уччаламиздан уч хил кино олса ҳам бўлади.

 

- "Юлдузлик касали" ҳаётда сизлар учун? Қанчалик яқин ва қанчалик узоқ?

Шуҳрат: - (кулиб)  Бу касаллик нималигини ҳам билмаймиз! Масалан, мени ўзимга келсак, бундай ҳолатлар кўп бўлади, кўчада биринчи марта биров билан кўришиб қолиб танишдим, кўришдим дейлик, ўша инсон кейин менга "сизлар бутунлай бошқача бола экансизлар" деб айтади. "Нега" десам, "Ҳаётда бошқа экансизлар, бу ёқда жиддй кўринасизлар, ёнингизга анчадан бери келамиз, лекин яқин боришга ботина олмасдик, лекин сизларда унақа "юлдузлик касали" деган нарса йўқ экан. Сизлар билан гаплашсак, аксинча, жуда муомалали, яхши ҳамсуҳбат, гаплашиб кетаверар экансизлар, умуман сизларда комплекс деган нарса йўқ экан" дейишади.

Отабек: - (самимий) Бу саволга жавоб бера олмаймиз. Чунки, бу инсоннинг ўзи ўзига баҳо беришидек гап. У нарса жойига қараб бўладиган нарса. Агар сиз бегона инсонларнинг ёнига келсангиз, сиз аниқ билиб турасиз, улар сизга қарайди, қилаётган ҳар бир ҳатти-ҳаракатингизга улар диққат билан аҳамият бераётганликларини билиб турасиз. Лекин, таниш жойларга, санъаткорларнинг ёнига келиб туриб, менсимаслик қилиб турилса, ана шуни мен "юлдузлик касаллиги" деб ўйлайман. Энди, мени ўзимга келсак, мен ўзим югуриб бориб ҳеч кимга салом бермайман, ким менга қараб салом берса, мен ҳам унга қараб салом бераман. Энди, сизнинг саволингизга мухлислар жавоб беришса, деган фикрдаман.

Шуҳрат: - (самимий) Лекин, шунақаси ҳам бўлади. Масалан, кайфиятингиз йўқ. Сиз ҳам инсонсиз-ку. Тобингиз бўлмаслиги, бошингиз оғриётган бўлиши мумкин, ёки оилавий муаммоми, бирор сабаб бўлиши мумкин. Хизматларга кирганингизда кимнидир бирор ноўрин гапини кўтара олмаслигингиз мумкин, ўша пайтда масалан, "ҳа... ҳа..." деб ўз фикрингиз билан ўтиб кетсангиз, ўша пайтда мухлислар "Эй, звезда экан, менсимас экан" деб гапиришлари мумкин. Лекин, биз ҳам инсонмиз-ку, вазият бўлиб қолиши мумкин. Лекин, ҳозир Отабек айтган гапга қўшиламан. Бор шунақа санъаткорлар, санъаткорларни ичида шу ишни қилади. Кимлигини айтмайман, санъаткорларни ичида "звезда" беради!

Дониёр: - Ўзи 10 метр нарироқда туриб олади-да, кириб келган одамларга қараб туради. Қани, келармикан мени олдимга? Мен билан сўрашармикан, деб туради. Унақаларни ёнига бормаймиз ҳам, кўришмаймиз ҳам. Тўғрисини айтсам, маҳалламда, опамларга айтишар экан, лекин мен ўзимда бу нарсани сезмайман! Ҳеч қачон! Ўйлашим бўйича, гуруҳдаги икки акаларим, умуман "Шод" гуруҳи бу касалликка чалинмаганмиз!

 

- 2011 йилдаги "Исқтиқлол" санъат саройидаги илк концерт дастурингиз ҳақида? Нималарни кутган эдингиз-ку, нима кутилмаган воқеалар юз берди?

Шуҳрат: - (жиддий) Биз концертдан кутган нарсамизни кўрдик. Биз биринчи бўлиб кутганимиз, залга мухлисларимиз тўлармикан, деган нарса эди. Худога шукур концерт куни мухлисларимиз кўплигини кўрдик, хурсанд бўлдик.

Отабек: - Концертда биз ўйлаймизки, халққа имтиҳон топширдик, худди, коллежда институтда бўлгани каби, ҳаяжон билан. Бу имтиҳондан "беш" баҳо олдик, деган фикрдамиз.

Шуҳрат: - (самимий) Концертимизда жонли ижрода ҳам қўшиқлар айтдик. Олдиндан концерт қўйсак, жонли ижро бўлади, деган ният бор эди. Чунки, биз ўз қўшиқларимиз билан чиққанмиз. Концертга, қани қандай қўшиқ айтаркин деб, тушганлар ҳам бор-да. Биз ўша инсонларга ҳам бошқаларга ҳам исбот қилдик, биз жонли ҳам ижро этамиз ва ўзимизни санъатимизни, ўзбек санъатини кўкка кўтарамиз. 7 дан 70 гача!  Мухлисларимиз, ҳамкасблар бизга неча марта концерт тўғрисида гапиришган бўлишса, салбий тарафлама эмас, фақат ижобий тарафлама гапиришди.

Отабек: - (бироз асабийлашиб, лекин самимий оҳангда) Зал тўлмади, қўлига қоғоз олиб олди, деган гапларми? Қоғоз олиб олса нима бўлибди, ахир у қоғозга қараб, бошқа қўшиқ айтмаяпти-ку! "Лазги"ни жонли айтяпти-ку! Биз билдикки, ишлари яхши бўлиб кетаверса, инсонни дўсти ҳам, шунга яраша душмани ҳам кўпаяди. Шунинг учун, биз у гапларга жуда ортиқча эътибор бермадик. Бизга, ҳар биримизнинг уйимиздагиларни "биз энди билдикки, сенларни жойларинг тўй эмас, сенларни жойларинг саҳна экан" деган гаплари ёқди. Уйдагиларни, оила аъзоларимизнинг "11 йилдан бери сизларни қаерда эдинг, у ерда-бу ерда эдинг, бақир-чақирларингни сизлар биттада, саҳнада бизга исботладинглар" деган гаплари, масалан, мени онам қучоқлаб олганлари, буни ўзим ҳам кутмагандим, яхши сўзлари, биз учун ҳар қандай гапларни босиб кетди. Бу биз учун, янада олға дегани,  ҳали келгусида яна кўп концертлар қиламиз!

Дониёр: - (жилмайиб) Ғийбатчиларга келадиган бўлсак, демак, биз яшаяпмиз! Демак, биз кимгадир керакмиз, демак, кимнидир биз ҳақимизда гапиришига мажбур қиляпмиз. Ғийбат қилишмаса, демак, биз ҳеч кимга керакмасмиз, одам шундай қўрқади. Мен шу ғийбат қилишганига хурсандман. Чунки, бизни мавзу қилиб, ғийбат қилишяпти! Уларга шу нарса керак экан!

 

- Қоғозга қараб куйланганлигининг сабаби, ҳали қўшиқни ёдлаб улгурмаган эдингизларми?

Отабек: - (бироз асабийлашиб) Масалан, биз ҳақимизда, қўлида қоғоз кўтариб олди деганлар, "Лазги" деган қўшиқни тарихини, неча хил тури борлигини биладими? Билмайди-ку, тўғрими? Дониёр айнан дадасига телефон қилиб, у киши бизга телефон орқали, концертимиздан бир кун олдин, 2-3 соатлаб ўтириб, ўша қўшиқни ёзган қийинчиликларини билмайди-ку. Дониёр бу нарсани, халқ олдида "Лазги" айтяпман, эртага халқ кўрса, "билмас экан", дейишмасин деб, шуни, тўғри айтай, деган маънода шундай айтганини улар қаердан тушунади?

Дониёр: - (жиддий ва самимий) Қўшиқни сўзини нотўғри айтиб шарманда бўлгандан кўра, қоғоз ушлаб бўлса ҳам, ҳаммасини тўғри ва жонли ижро этганим, мен учун плюс, деб ўйлайман. Бундай қилганимнинг сабаби, эса ҳаммаси бир кунда бўлиб қолди. Мен устоз санъаткорларимиз ҳам қоғозга қараб қўшиқ айтишганини биламан. Менга, "майли, қараб айта қол, нотўғри айтгандан кўра" дейишди. "Лазги" ни қоғозга қараб куйлаганимнинг сабаби, ёдлай олмадим, чунки концертдан бир кун олдин, кечқурун, ҳаттоки, бир кун олдин ҳам эмас, концертгача 6-7 соат олдин бўлгани учун, ёд олишга улгура олмадим, ҳаяжон ва шошилинчда миямга кирмади.

 

- Бу қўшиқни концерт репертуаридан олиб ташлаш, ёки яхшилаб тайёрланиб, келгуси концертга олиб қўйиш мумкин эмасмиди?

Отабек: - (самимий таъкидлаб) Концертимиз учта блокка бўлган бўлсак, у ерда иккинчи блокда ҳамма қўшиқларимиз жонли ижрода бўлганди. Биз ҳар бир блокимизни шундай бошладикки, миллий қўшиқ "Тановар"дан бошладик. Биз, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Хоразм, ўша ўзбек попуррисини йиғмоқчи бўлдик. Репетицияда "Лазги"ни айтаверганмиз, лекин ўзбекча айтаверганмиз. Кейин концертимиз бўладиган кунлари, Дониёр айтиб қолди:  "Тўхтанглар, акалар "Лазги"ни биз нотўғри айтаётган эканмиз, адамларга айтиб бергандим, уришдилар, сўзлари бошқа экан", дегандан кейин, биз бу қўшиқни Дониёрга топшириб қўйдик.

Дониёр: - (ўйланиб) Оригинал шоирнинг шеърини ўзбекона қилиб, ўзбеклар тушунсин деб, ўзгартирилган вариантини биз айтиб юрардик. Лекин, у вариант оригинал эмас эди. "Лазги"ни эса, репертуардан олиб ташлаб ҳам бўлмасди ва у сўзлар билан ҳам айтиб бўлмасди. Агар у сўзлар билан айтсак, тўйда қандай айтилса, шундай айтиб қўйган бўлардик.

Шуҳрат: - Дониёр адасига "мана бунақа айтяпман" деб айтган экан, адалари ҳофиз-ку, у ерда Хоразмда бошқача айтилишини айтганлар.

Дониёр: -  Хуллас, адамлар "бундай айтма, мана бу сўзлар билан айтасан" дедилар. (кулиб) Тўғриси, қоғоз билан чиққанимга ҳам адам "Баракалла! Сен эпладинг!" дедилар!

 

- Ўзингизнинг фикрингизча, илк катта концерт дастурингизда қандай камчиликлар бўлди?

Шуҳрат: - Концертга катта саҳнада ҳам, камида 10 кун тайёргарлик бўлиши керак. Бизда эса, ўша тайёргарлик бўлмади.

Отабек: - (самимий) Кўп тайёргарлик кўра олмадик. Чунки, биринчи концертимиз бўлганига, биз ҳаттоки биринчи концертимиз қандай бўлади? Нима бўларкин? дедик. Бошқа муаммолар ҳам кўпайиб кетди. Югур-югурлар билан бир кун ўтадию кетади, деган фикрга келдик. Концертни кўргандан кейин эса, камчиликларни ўзимиз сездик. Камчиликлар мухлисларимизга эмас, ўзимизга билинди! Мухлисларга эса концерт маъқул бўлди. Лекин, кейинги концертларда бундай қилмаймиз дедик.

 

- 2012 йилда яна концерт беришингиз мумкинми?

Шуҳрат: - (қатъий) Албатта! Янги концерт дастуримизда декорация ва қўшиқлар тарафлама фарқи катта бўлади. Ўзимиз, томошабинларга янгилик тақдим этмоқчимиз. Ҳар хил янги қирраларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Отабек: - (жиддий) Биз айтмоқчимизки, масалан, янги концертимизнинг янгиликларидан биттаси, биз концертимизга қизиқчи олиб чиқмоқчи эмасмиз, керак бўлса ўзимиз кулдирмоқчимиз. Йўқ, биз қизиқчилик қилмаймиз! Қизиқчилик қилмоқчи ҳам эмасмиз, бизни гаплашишимизнинг ўзи кулгили. Агар одамлар эътибор беришса, дейлик бир кулгили гапни уччаламиз бир-биримизга айтиб берсак, халққа ҳам ёқади, деб ўйлаймиз. Чунки, бошида айтиб ўтдик, ҳам ўқидик, ҳам устоз кўрдик. Биз фақат қўшиқ айтмасмиз, балки ярим соат томошабинлар билан суҳбатлашармиз. Балки, ўша ижодий мулоқотда, нимадир ўйлаш, қўлимиздан келар?

Дониёр: - (жиддий) 2011 йилда, 1 кун концерт берган бўлсак, Худо ҳоҳласа 2012 йилда бўладиган концертда 3 ёки 4 кун концерт бериш ниятимиз бор. Олдинги концертдаги камчиликларни, хатоларни  қилмаймиз деган, умиддамиз. Хатолардан хулоса чиқарилади, инсон хато қилиб ўрганади, дейишади. Масалан, у нарсалар халққа ёқаверади, билмасликлари мумкин. Лекин, у хатоларни ўзимиз биламиз ва янги концертда такрорламаймиз. Янги концерт дастуримизни худо ҳоҳласа, 2012 йил куз ойларига мўлжаллаяпмиз. У олдинги концертимиздан анча фарқ қилади!

 

- Гуруҳ аъзолари ичида, фақат Шуҳрат уйланган экан. Шуҳрат айтинг-чи, севиб турмуш қурганмисиз, ёки совчи орқали?

Шуҳрат: - (жиддий) Беш йил севиб уйланганман! Ота-онам раҳматли, мени доим қўллаб-қувватлашган, ҳеч қачон раъйимни қайтаришмаган. Жуда ҳам бахтлиман, худога шукур. Шу 2012 йил 11 март куни учинчи фарзандим дунёга келди. Исмини Розияхон қўйдик. Катта қизимни исми Одинахон, иккинчиси Робияхон. Рафиқам Гулнозахон билан коллежга бирга топширгандик, санъаткор бўлмоқчи бўлганди. Кейин, мен унга "ёки сен бўл, ёки мен санъаткор бўламан" деганман. "Майли сиз бўла қолинг" деб коллеждан кетган.

Отабек: - (самимий) Севгининг кучи шунақа бўлади!

Дониёр: - (самимий) Гулнозага ҳайкал қўйса арзир экан!

 

- Демак, гуруҳнинг икки аъзоси Отабек ва сиз Дониёр ҳали бўйдоқсизлар. Айтинг-чи, сизлар учун севиб уйланиш муҳимми ёки совчи орқали?

Отабек: - (кулимсираб) Зўр савол бўлди, чунки, ҳозир уйда, ҳар куни шу мавзу! Мана ҳозир синглимни ҳам узатганмиз, онам билан биргамиз. Айтмоқчиманки, бир хил вақтлар севиб олгим келади, мен сени севганман, деб гапиргим келади. Бир хил вақтлар севмасдан ҳам уйлансамми, дейман. Қани, тақдирнинг сенга нима сюрпризи бор экан, деган маънода. Лекин, ҳоҳлайман, у мен кўрмаган қиз бўлиши керак. Ёшлигимда бирга катта бўлмаган, мен танимаган, бегона қиз бўлишини ҳоҳлардим. Лекин, барибир севиб уйлангим келади. Иккала ҳолатни бирлаштиргим келади, шунинг учунми ҳали топа олганим йўқ.

Шуҳрат: - Учратиб, севиб қолгиси келади! (кулади)

Отабек: - (самимий) Бир кўришдаги севгига ишонаман! Мен тўғрисини айтсам, ҳали онамларни совчиликка жўнатмаганман. Жўнатсам... ўзлари қарашса керак.

Дониёр: - (кулиб самимий) Менга келадиган бўлсак, мен шунча йилдан бери севиб қолишни ҳоҳлаяпман. Тўғрисини айтсам, барибир ўзим топганимга уйланаман.

Отабек: - (кулиб) Мен билан Дониёрда характер бир хил. Мана кўрасиз, мен қиз топиб, тўйим куни белгилангач, 10 кундан кейин онамизни олиб, Дониёрни уйланиши учун совчиликка ўзимиз борамиз!

Дониёр: - (жиддий) Тўғриси, севиб қолиб, уйланишни ҳоҳлайман! Мен ҳам бир кўриб севиб қолишга ишонаман! Бу нарсани айтмоқчи эмасдим, лекин уйдагилар топганлари менга ёқмаяпти. Шу борада сал келишмовчилик бўлиб турибди. Барибир севиб уйланаман!

 

- Рафиқангизнинг касби масаласига нима дейсизлар? Дейлик, касби санъаткор бўлса?

Отабек: - (ўйланиб) Мен ўзим санъаткорлар оиласида ўсганман. Мени дадам раҳматли, институтни битириб, театрга ишга киришаётганда, онамга айтган эканлар, "Гулнор, мен ҳеч қачон фалончини эри бўлишни ҳоҳламайман" деганларида, менинг онам "бўлди" деган эканлар. Яъни, "ёки сен, ёки мен" деганлар. Онамлар отамга "сиз" деганлар. Мен ўйлайманки, ҳозирги замондаги қизлар "йўқ сиз" демаса керак. Дейиши қийин деб ўйлайман. Тўғри, санъатда ҳам яхши қизлар бор, лекин мен ўйлайман, бу ишни, оилада битта одам олиб кетиши керак, иккита одамга қийин бўлади. Шунинг учун, мен ўйлайман, бўлғуси рафиқам, ўқиган бўлсин, касби бўлсин, уйда ўтириб ҳам қолмасин! Фақат уйда ўтиришини ҳам ҳоҳламайман. Мен билан ҳамсуҳбат бўлсин, у билан фикрлашай, шуни ҳоҳлайман!

Дониёр: - (жиддий ва самимий) Менга келадиган бўлсак, мен рафиқамни санъаткор бўлишини ҳоҳламайман, уйда ўтиришини ҳоҳлайман. Чунки, у оиласини севсин, мени севсин! Худо ҳоҳласа, бўлажак фарзандларимизни севсин! Унинг севгиси ва меҳри ишига эмас, оиласига бўлсин! Тўғриси, агар у шундай қиладиган бўлса, мен уни бошимда кўтариб юраман! Ишлашига келсак, майли уйда ишлай қолсин. Мен ўзим ойлик тўлайман.

 

- Сизларда баъзи бир қийинчиликлар туфайлими ёки бирор сабабданми, санъатни тарк этиш, бошқа иш билан шуғулланиш фикри бўлмаганми?

Шуҳрат: - (жиддий) Санъатга кирдинг, ортга йўл йўқ! Мен ҳеч қачон тарк этмайман санъатни! 

Отабек: - Санъатни тарк этсангиз ҳам қарама-қаршиликни танлашингиз керак. (кулиб, ҳазил билан) Масалан, менга кимдир футбол клуби бор, шунга раҳбарлик қила оласанми, деса, битта ўйлаб кўрардим. Лекин, ким менга футбол клуби таклиф қилади? (кулади) Чунки, футбол ҳам санъат. Уни танлаганимда, ҳам буни эслаб маза қилай, ҳозир санъатдаманми, футбол кўриб маза қиламан, дам оламан.

Дониёр: - (кулиб, ҳазил билан) Менга самолёт ва 10 парашютчи билан совға қилишса, ўйлаб кўрадим. Ким менга самолётини беради? (кулади)

Уччови бирга: - (жиддий) Бизда ҳеч қачон санъатни тарк этиш фикри бўлмаган, бўлмайди ҳам!

 

-Гуруҳингизда Отабекнинг яна бир қизиқиши футбол экан. Сизларни-чи? Яна қайси спорт турлари билан қизиқасиз ва шуғулланасизлар?

Шуҳрат: - Биз ҳам футбол ўйнаймиз. Тўғрисини айтсам, кайфият бўлганда, тренажёр залига, бассейнга бориб турамиз.

Отабек: - Футбол ўйнаймиз, спорт залига борамиз. Ёшликда кўп шуғулланганмиз.

Дониёр: - Спортнинг ҳамма тури маъқул, шахматдан ташқари!

 

- Рекламада ҳам суратга тушганмисизлар?

Отабек: - Ҳозир шундай таклиф бўляпти. "Шод" гўшт маҳсулоти, деган колбаса чиққан экан. Бориб кўришилди ҳам. Улар ҳам биз билан кўришишни анчадан буён ҳоҳлашган экан. Ҳозирги кунда музокара кетяпти, ҳамкорликда ишлашимиз мумкин.

 

- Суҳбатимиз баҳор фаслида бўляпти. Баҳор ҳақида ўзингизнинг таассуротларингиз?

Отабек: - (кулиб) Баҳорда мен ҳар доим севиб қолгим келади. Баҳор дегани, бу севги дегани! Баҳорда қизлар ҳам очилиб, жуда чиройли бўлиб кетишади.

Шуҳрат: - (самимий) Баҳор мен учун ҳар доим гўзал фасл! Тил билан таърифлаш қийин. Инсоннинг кайфияти ич-ичидан кўтарилади. Бу баҳорда ҳамма инсонларда бўлса керак. 1 март келиши билан, баҳор келди, оҳ! Ҳамма фасл ўзига яраша, лекин баҳор ягона!

Дониёр: - Мен баҳор фаслини яхши кўришим, бу фаслда гўзал қизларимиз янада гўзал бўлиб кетишади. Баҳорни жуда яхши кўраман!

Саида Ваҳобова