OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

КОНЦЕРТЛАР!

image(1)

11111

 ЯНГИ 2018 ЙИЛ 

  КОНЦЕРТЛАРИ

IKEU5511

NAMP9115

GXDI0868

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАХЗОДА МАТЧОНОВА: ҲАР ЯНГИ ФИЛЬМ ПРЕМЬЕРАСИДАН СЎНГ НИМАНИ ҲИС ҚИЛИШ МУМКИН? 10.04.2016 22:06

FJH_2185

-Маълум бир вақт давомида ижодий танаффус олгандек бўлдингиз. Бу вақт ичи нима билан машғул эдингиз?

- Тўғрисини айтсам, мен ўйлаб сценарий танлайдиган бўлганман. Аввал роль ижро қилган фильмларимдаги каби фильмларда суратга тушгим келмаяпти. Шу сабабли ҳам, катта экранда кам кўриняпман. Лекин, ўтган йили 3 та фильмда суратга тушдим. Булар, режиссёр Эльмира Ҳасанованинг “Эҳ, Салима, Салима” комедияси, режиссёр Абдувоҳид Ғаниевнинг “Устюртга йўл” фильми, “Хазонрезги” фильмлари! Ҳозирда эса, яна бир янги фильмда суратга тушдим.

 

- Ҳозирда сиз ўзингизнинг ижодий фаолиятингиздан қониқяпсизми?

- Ҳа, ўтган йилда суратга тушган фильмларимдан ва бирга ижодий ҳамкорлик қилган режиссёрлардан кўнглим тўлди. Аммо, янада кўпроқ фильмларда тушгим, янада самаралироқ меҳнат қилгим, кўпроқ характерли, ҳар хил амплуадаги роллар ижро қилгим келади, албатта.

 

- Роль ижро қилиш учун сценарийларни ўйлаб танлаяпман, дедингиз.  Қайси жиҳатларига кўпроқ аҳамият беряпсиз ва ўша ролнинг айнан нимаси, сизни ўзига тортяпти?

- Сценарий  танлаганимда ўша сценарий менга таъсир қилиши керак. Масалан, агар у комедия бўлса, албатта кулишим керак. У томошабинни завқлантириб, кайфиятини кўтариши керак. Агар мелодрама бўлса, қандайдир таъсир қилиши, нимагадир ўргатиши мумкин. Энг муҳими, ўша сценарийни ўқиганимда, ниманидир ҳис қилишим керак. Албатта, сценарийни янада бойитиш, янада яхшилаш мумкин. Аммо, мен ҳеч нарсани ҳис қилмасам, менга умуман таъсир қилмаса, унда ҳеч қачон у фильмда суратга тушишга рози бўлмайман.

 Кинофестиваллардан (1)

- Ўзингиз диплом олган мутахассислигингиз бошқа. Бу соҳа бўйича ҳам фаолият юритиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

- Албатта, таҳсил олган соҳам, “Халқаро муносабатлар” ва у мен учун жуда ҳам қизиқарли, ҳамда мен доим жаҳонда бўлаётган барча воқеалардан, янгиликлардан хабардор бўлишга ҳаракат қиламан. Ўзи аслида кўнглимда бу соҳада ҳам, фаолият олиб боргим келади. Аммо, айни вақтда, мен таҳсил олган соҳам, жуда ҳам жиддий, ҳамда унда актрисалик билан баробар фаолият олиб боришга имконият бўлмаслигини тушунаман. Чунки, у касбда ҳам вақт жуда ҳам тиғиз ва иш ҳам жуда жиддий! Айни вақтда, кино соҳасида эканман, демак, кино соҳаси мен учун қизиқарлироқ! Албатта, ҳар доим ўзим танлаган касбда ҳам, фаолият олиб боришга уриниб кўргим келган. Аммо, “иккита қуённи қувласанг, биттасига ҳам етолмайсан” дейишади-ку. Мен ўзимни актрисалик борасида, мукаммал, деб билмаганлигим учун ҳам, ўз устимда ишлаб, йилдан йилга ижод тарафлама ўсишга ҳаракат қиляпман. Бу билан баробар, ўз касбим билан ҳам шуғулланишнинг ҳозирча иложи йўқ. Балки, бу келажакда амалга ошар? Аммо, ўз касбимда ҳам фаолият юритгим келади, буни рад этмайман.

 

- Кўпчилик актрисалар ўзларини хонандалик борасида ҳам синаб кўриб, бир неча қўшиқлар куйлаб, клиплар ҳам суратга олдиришган. Сизда ҳам келажакда шундай ният йўқми?

- Олдин, сал ёшроқлигимда, барча ёш қизлар каби хонанда бўлишни орзу қилгандирман? Аммо, ҳозир менда вокал бўйича, ўзим ҳоҳлаганчалик маҳорат йўқлигини тушунаман. Шунчаки қўшиқлар ёзиб, компьютерда “овоз ясаб олиб”, кейин саҳнага чиқиб, “бу мени овозим” деб, фонограммада куйлашни истамайман! Бундай қилишга хижолат бўламан. Агар яхши овоз билан жонли ижрода куйлай олганимда, албатта, уриниб кўрган бўлардим! Аммо, афсуски, бундай маҳорат эгаси эмасман. Лекин, бу билан қўшиқ куйлаётганларни асло, айблаш ва муҳокама қилишдан йироқман! Агар инсон куйлашни ҳоҳласа, бемалол куйлаши мумкин. Агар уни шу бахтиёр қилса, қувонтирса, ўша ишни қилгани яхши, чунки,  у унинг ҳаёти, буни муҳокама қилиш ноўрин. Аммо, мени ўзимни принципим шундай, аудитория олдида жонли ижрода куйлай олмас эканман, яхшиси бунга қўл урмаганим маъқул!

 

- Ўзингизни омадли актриса деб ҳисоблайсизми, ёки маҳоратли?

- Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Инсонга омад кулиб боқиши мумкин, албатта. Биринчи навбатда, мен ўзимни омадли актриса, деб ҳисоблайман, чунки, бир неча йил аввал мени фильмларда суратга тушиш таклиф қилишди ва фильмларда суратга туша бошладим. Баъзида Ўзбекистоннинг энг яхши режиссёрларининг фильмларида ҳам суратга тушяпман, албатта, буни мақтаниш учун айтаётганим йўқ. Бу жиҳатлардан, мен бемалол, омадли актрисаман, дея оламан. Аммо, маҳоратлиманми, йўқми, бунисини айта олмайман! Чунки, актрисалик борасида идеалликдан йироқман! Маҳоратли актрисаман, дейишим учун ижод борасида ҳали кўп нарсага эришишим керак, деб ўйлайман. Менда қанчалик маҳорат бор, бу ҳақида мен роль ижро қилган фильмларни кўрган томошабинлар фикр билдирганлари маъқул. Мен эса, фақат ўз устимда кўп ишлашим кераклигини айта оламан холос.

 gf (1 of 1)

- Шу кунгача қайси ижро қилган ролларингиз ўз ота-онангизга маъқул бўлган?

- Ҳар бир ота-она учун ўз боласидан яхшиси йўқ. Шунинг баробарида, у қилаётган иш ҳам, энг яхшиси бўлиб туюлади, албатта. Шунинг учун ҳам, жуда ҳам аниқ, айта олмайман. Фақат шуни биламанки, онамга мен суратга тушган “Қалбим ўғриси”, “Қалб кўзи” фильмлари ёқади! Албатта, ота-онам мен суратга тушган фильмларни, ижодий фаолиятимни кузатиб боришади ва бу фильмлар улар учун жуда ҳам қадрли!

 

- Оилангизда ижодкорлар борми? Ёки сиз бу борада биринчимисиз?

- Менинг бобом Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон Халқ артисти Байрам Матчонов. У киши аввал саҳнада куйлаганлар, фильмларда суратга ҳам тушганлар. Онам Дилбар Матчонова ҳам, санъатга меҳри баланд бўлганлиги учун, Театр санъати институтида режиссёрлик бўйича таҳсил олган, аммо кейинчалик ўз касби бўйича ишламаган. Менга ҳам, санъатга бўлган қизиқиш ва меҳр, улардан ўтган. (меҳр билан эслаб) Болалигимда бобомни саҳнадаги чиқишларини кўрганман, у вақтларда эндигина мактабга чиққан вақтларим эди. У пайтларда фақат жонли ижрода, жонли мусиқа остида куйланарди! Бобомнинг қандай қўшиқ куйлаганлари ёдимда! У киши ўзбек тилида ҳам, қорақалпоқ тилида ҳам куйлаганлар. Энг машҳур қўшиқлари “Мен йигит вақтим, сен қиз вақтинг” деб номланарди. Ҳалигача Қорақалпоғистонда ижодий учрашувларга борганимда, бобомнинг шу қўшиғини эслашади ва “бу қўшиқ бизни ёшлигимиздаги қўшиқ, бизга ёшлигимизни эслатади” дейишади. (кулиб) Албатта, бу мени қувонтиради!

 

- Фильмларда келин ролини ижро қилгансиз. Ҳаётда қандай келин бўларкинман, деб ўйлайсиз?

- (кулиб, самимий) Мендан қандай келин чиқиши мумкин? Фақат шуни аниқ айтишим мумкинки, бу борада мен жуда ҳам муросали ва мулоҳазалиман. Ҳеч қачон қайнонам билан ҳам, келин бўлиб борадиган хонадонимдаги бошқа инсонлар билан ҳам, ҳеч қачон зиддиятга бормайман, уришмайман! Баъзи хонадонларда, келинни шунчаки ёқтиришмаслиги мумкин. Агар шундай ҳолат юз берган тақдирда ҳам, мени ёқтириб қолишлари ва қабул қилишлари учун чин дилдан ҳаракат қилган бўлардим. Агар уй ишлари бўйича гапирсам, албатта “вақтли тураман, ҳамма ишни қиламан” деб, ўқиётганлар мени яхши қабул қилишлари учун, ёлғон гапиришим ҳам мумкин, лекин ростини айтаман, мен таом тайёрлашни билмайман! Рўзғор борасида ҳам, уқувим йўқ! Шунинг учун ҳам, рўзғор борасида гапириш мен учун қийинроқ... Тўғри, баъзи қизлар турмуш қурмагунча, ҳаттоки таом тайёрлашни ҳам билмасликлари табиий. Ҳаттоки, менинг дугоналарим орасида ҳам, шундай қизлар бор. Аммо, инсон ҳаммасини ўрганиши мумкин!

 

- Бу саволни сизга кўп берган бўлишлари мумкин. Аммо, яна бир бор беришимга тўғри келади. Қалбингизга, орзуйингиздаги муҳаббат кириб келганми?

- (кулади) Буниси сир! Лекин.... (сирли кулади) сир бўла қолсин!

 FJH_2185

- Ўзи ҳаётингизда муҳаббат қандай ўрин тутади ва қанчалик аҳамиятга эга?

- Муҳаббат, бу ҳаётимизнинг мазмуни, деб ўйлайман. Муҳаббатсиз ҳаётда мазмун йўқ, деган фикрдаман. Шунинг учун ҳам, муҳаббат ҳаётимда катта ўрин тутади. Барча энг яхши ишлар, муҳаббат туфайлидир. Инсон севса ва севилса, бахтиёр бўлса, у албатта меҳрли, меҳрибон бўлади. Меҳрли, меҳрибон инсон эса, эзгу ишларни амалга оширади. Инсон ҳеч кимни севмаса, ўзи ҳам севилмаса, унда у қаҳрли бўлиб қолади, ҳамда атрофдагиларга фақат қаҳрини кўрсатади. Ҳаётимизда муҳаббатга жуда кўп нарса боғлиқ! Шунинг учун ҳам, бу оламда ҳар бир инсон севиб ва ўзи ҳам, севилишини, севимли бўлишини истайман! Биласизми, бундан 5 йил аввал мен “муҳаббат учун ҳамма нарсага тайёрман”, дея олардим. Ҳозир эса, бунга бутунлай бошқача жавоб бераман, “муҳаббат учун ҳамма нарсага тайёр эмасман”! Сабаби, муҳаббат учун ҳаётингдаги нимадандир, ишданми, бошқа нарсаларданми воз кечиб, ниманидир қурбон қилганинг билан, ўзингдаги ниманидир синдирганинг билан, бу охири яхшиликка олиб келмаслиги мумкин! Инсон бахтсиз бўлиб қолиши мумкин! Агар бу чиндан ҳам, беғубор, ҳақиқий муҳаббат бўлса, унда инсондан ҳеч қандай қурбонлик талаб қилмайди! Чиндан ҳам севган инсон, ўша ўзи севган инсонни қандай бўлса, шундайлигича, яъни борича қабул қилади! Бундай муҳаббат ҳаётда бор ва мен шундай муҳаббатга ишонаман! Бундай муҳаббат, ҳар бир инсон учун жуда ҳам муҳим! Айнан, шундай муҳаббатгина оламга меҳр улашади!

 

- Фильмларда, роль ижроси давомида қайси ишни қила олмайсиз ва шунинг учун ҳаттоки, ўша фильмдаги ролни ҳам рад этишингиз мумкин?

- Бизнинг ўзбек фильмларида менталитетимизга зид бўлган саҳналар суратга олинмайди! Шунинг учун ҳам, бунга тўхталиб ўтирмайман. Умуман, бирор нарсани ижро қилмайман, деган нарса, менда йўқ. Фақатгина, боя айтганимдек, “очиқ саҳнали” ролни рад этаман! Яхшиямки, бизда бундай фильмлар суратга олинмайди! Бошқа давлат фильмларида суратга тушганда эса, айнан шу жиҳатига аҳамият билан қарайман!           

 

- Кўп саёҳат қиласиз ва ўша саёҳат қилган жойларингизда қалбингизга айнан нима яқинроқ бўлган?

- Ҳа, кўпроқ саёҳатга чиқишга ҳаракат қиламан. Чунки, мен чиндан ҳам саёҳат қилишни жуда яхши кўраман. Ҳар хил мамлакатларга боришни, у ердаги ҳар хил инсонларнинг ҳаётини кузатишни, ўзим учун у ерда қандайдир янгилик кашф этишни, бошқа мамлакатларда бўлганда, ўзимда ҳам қандайдир янги қирраларни очишни, жуда ҳам яхши кўраман. Бошқа мамлакатларга саёҳатга борганимда, биринчи  навбатда, албатта у ердаги тарихий биноларни, тарихий жойларни, музейларни бориб кўраман! Музейлар, тарихий архитектура ёдгорликларини кўриш, ҳамда инсонларни кузатиб ўрганиш, мен учун жуда ҳам қизиқарли! Шу кунгача, кўплаб мамлакатларга саёҳатга бориш насиб этгани учун, тақдиримдан миннатдорман. Осиёнинг ва Европанинг кўплаб давлатларига саёҳатга борганман. Аммо, ҳали Америкага борганим йўқ. Саёҳатга борганимда, инсон қўли билан бунёд этилган тарихий архитектура ёдгорликларини кўриб, тарихни ўрганар эканман, инсонни қанчалик буюк мавжудот эканлигига амин бўламан! Ўзимга ўзим “инсон шунчалик кўп нарсага қодирки, шундай мўъжизавий иншоотларни бунёд этган”, деб ҳайратланаман. Ҳар бир саёҳат, мен учун янги ҳиссиёт, дунёга бошқача назар билан қараш имконияти! Шунинг учун ҳам, ҳар бир саёҳатимда, ўзим учун ўша давлатларнинг янги қирраларини ва кўп янги жиҳатларни кашф этишга ҳаракат қиламан!

 photo (6)

- Саёҳатга кетаётганда ва саёҳатдан қайтаётганингизда нималарни ҳис қиласиз?

- Саёҳатга кетаётган вақтим, албатта, эйфорияда бўламан! Янги яна бир мамлакатни кўриш иштиёқида, ўзимни қандайдир эмоциялар тўлиб-тошган, бахтиёр сезаман, қувонаман. Аммо, қандай мамлакат бўлмасин, барибир унда узоқ вақт қолиш, оғир... Сабаби, мен барибир ҳар қандай жойда ҳам Ўзбекистонни соғина бошлайман! Яқинларим, оила аъзоларимни, айниқса, онамни қаттиқ соғинаман! Уйимни, мусиқамизни, фильмларимизни, ҳаттоки миллий ошхонамиз, таомларимизгача соғинаман... Умумий қилиб айтганда, Ўзбекистондаги муҳитни қўмсайман... Шунинг учун ҳам, кўп саёҳатга чиқсам ҳам, саёҳатни узоқ давом эттирмайман, бегона мамлакатда жуда узоқ вақт қола олмайман! Саёҳатдан Ўзбекистонга қайтаётганимда эса, самолётда учиб келаётганимда, ўзимни яна бахтиёр сезаман! Ўзбекистонимизнинг тинч, хотиржам юрт эканлигига ҳар гал беҳисоб шукур қиламан! Бизнинг юртда осмон мусаффо, тинч, шунинг учун ҳам, хотиржам, ҳеч қандай муаммосиз ўз юртимга қайтиб, хотиржамлик ва бахтни ҳис қиламан! Ҳамма мамлакатларда ҳам, ҳаммаси кўринганидек ажойиб ва жуда зўр эмас, барибир ўз юртинг ва ўз уйингдан яхшиси йўқ! Ҳар сафар шундай ҳиссиётлар бўлади!

 

-Ҳозирда Тошкентда яшаяпсиз. Ўз туғилган жойингиз Нукусга борганда нималарни ҳис қиласиз? Тошкентда-чи?

- Бошқа давлатдан Ўзбекистонга, Тошкентга қайтганимда, қандайдир бахтга тўламан! Нукусга қайтганимда эса, негадир кўнглимни маъюслик эгаллайди... Чунки, Нукус менинг болалик шаҳрим, мен у ерда улғайганман, чинакамига ҳеч қандай сабабсиз бахтиёр бўлганман. Сабаби, мени бутун болалигим ва ўсмирлик даврим шу шаҳарда ўтган! Шу шаҳарда ўсиб, жуда кўп нарсаларни кўрганман, бошимдан ўтказганман, улғайганман! Ҳар гал шаҳар бўйлаб юрганимда, кўплаб хотиралар ёдга келади. Кўчаларни айланганимда, мактабга борганларимни эслайман. Албатта, ҳозир Нукус шаҳри жуда ҳам ўзгариб, янада яхшиланган! Аммо, мен учун Нукус, негадир маъюс шаҳар, чунки, у ерда мен ҳеч қачон қайтариб ола олмайдиган нарса, менинг болалигим қолган! У ерга бориш, болаликка қайтиш, негадир мен учун жуда ғамгин! Тошкентга эса, мен институтга ўқишга киргач, 17 ёшимда кўчиб келдим. Тошкент ҳам менга кўп нарса берди, чунки, мен бу ерда ўқидим, дўстлар орттирдим, янги ҳаётда яшай бошладим, улғайдим. Айнан, шу ерда мени кинода суратга тушишга таклиф қилишди, фильмларда роллар ижро қилдим, ўз касбимга эга бўлдим, мухлислар орттирдим. Тошкент ҳам мен учун қандайдир нурли, бахтли шаҳар! Аммо, Нукусдан қандайдир фарқ қилади, албатта.

 

- Кино оламига илк бор қадам қўйганда, бу олам ҳақидаги фикрларингиз қандай эдию, ҳозирда бу фикрлар қанчалик ўзгарди?

- Мен доим ўзимни негадир кино оламидан жуда ҳам узоқда, деб ўйлардим. Режиссёрлар, актёрлар, юлдузлар, ҳеч ким билан мулоқотда бўлмайдиган, жуда бир олисдаги инсонлар, деган фикрда бўлганман. Улар шунчалик қўл етмас баландликда ва мен оддий бир талаба қиз, қачондир фильмларда суратга тушаман, деб ҳам ўйламагандим! Ишонасизми, фильмларда роллар ижро қилишни ҳаттоки, орзу ҳам қилмагандим. Мен у пайтларда ўқирдим, ўз режаларим бор эди. Кейинчалик кино оламига тасодифан кириб келгач, фильмларда суратга туша бошладим, биринчи съёмкалар, қайсидир актёрларни биринчи марта яқиндан кўрганимда завқланиб, қувонганим, улар билан бир фильмда роль ижро қилиш завқи, хурсандчилигим чексиз бўлган, катта ёшли актёрларнинг қандайдир салобати босиб чўчирдим ҳам, улардан хижолат ҳам бўлардим. Аммо, съёмкаларда кўрган актёр, актрисалар, ҳаммаси бошидан самимий, меҳрибон бўлишган, айниқса, катта ёшлилар жуда ҳам меҳрибон, кўп нарсани айтиб, ўз ёрдамларини аяшмаган. Шу тарзда кино оламида қолишим, ўзим учун аниқ бўлган! Кино олами мен учун шунчалик сирли оламки, буни сўз билан таърифлай олмайман! (самимий кулиб) Бошида мен бир мартагина шу фильмда суратга тушаман холос, деб ўйлаганман. Кейин яна ўқишимни давом эттиравераман ва ўз режаларим бўйича ишлайман, деган фикрда эдим. Аммо, кутилмаганда кинони, кино оламини севиб қолдим ва бу ерда қолдим! Бундан эса, жуда ҳам хурсандман!

 Кирккиз

- Ҳар гал ўзингиз роль ижро қилган янги фильм премьерасидан сўнг, нималарни ҳис қиласиз?

- Премьерагача, яъни, фильм  премьерасига кетаётганимда, залга киргач, айниқса, саҳнага чиқаётган вақтим, ҳаяжондан титраб кетаман... Кўнглимда, эмоциялар ҳар хил бўлади, чунки, ҳар бир фильмнинг экранга чиқиши, жуда ҳам ҳажонли! Бу томошабинлар олдидаги катта масъулият! Албатта, улар олдида хижолат бўлиб қолишни истамайсан. Аммо, фильм премьераси ўтгач, томошабинлар келиб, бирга суратга тушиб, гуллар тақдим қилиб, “фильм учун раҳмат”, “яхши фильм бўлибди!”, деб айтишлари, менимча, актёр, актрисалар учун бундан қимматли, бундан қадрли нарса бўлмаса керак! Сени томошабинларинг, мухлисларинг келиб, фильм учун миннатдорчилик билдиришлари, катта бахт! Бундай лаҳзаларда, мен доим Яратганга шукур қиламан, шундай кунларни насиб этгани учун тақдирдан миннатдор бўламан! Албатта, келган томошабинларга, мухлисларга ҳам чин дилдан миннатдорчилик билдираман! Бу лаҳзаларда чинакамига бахтиёр бўламан ва айнан мана шу лаҳзалар, вақт ўтиб, бирор вақт ғамгин ва маъюс бўлган вақтингда, сенга куч беради! Ўша лаҳзаларни, ўша инсонларни эслайсан, улар ғамгин кайфиятни кетказишга ёрдам беради, ўзингни яна бахтиёр сезасан!

 

- Ўзингизни қайси жиҳатларингизни танқид қила оласиз?

- Баъзида бироз дангаса бўлиб қоламан. Рўзғорбоп ҳам эмасман. Қолган жиҳатларимдан эса, мамнунман. (кулади) Албатта, баъзи уй ишларини биламан, уй йиғиштириш қўлимдан келади. Аммо, айнан рўзғор учун керакли нарсалар сотиб олиш қўлимдан келмайди, чунки бунга ҳожат бўлмаган. Овқат қилишни ҳам билмайман, чунки бунга ҳам ҳеч ҳожат бўлмаган. Масалан, ҳозир уйда таомни келинойим тайёрлайди. Доим онам ва келинойимга қарашмоқчи бўлсам, (кулиб) улар “йўқ, керак эмас” дейишади. Учинчидан, астойдил ўрганиш ва рўзғор ишлари билан шуғулланиш учун менда чиндан ҳам вақт етишмайди! Онам менга доим, “турмушга чиқсанг, ўрганасан, улгурасан” дейдилар.

 

- Келажакда режиссёр бўлиш ниятингиз борми ва режиссёр бўлсангиз, ўзингизга қандай роль бермаган бўлардингиз?

- Қачондир албатта, институтнинг режиссёрлик факультетига ҳам ўқишга кириш ниятидаман! Ҳозир эмас, аммо келажакда режиссёр бўлиш ниятим бор! Аммо, бунинг учун кўпроқ тажриба ва билимга эга бўлиш керак, деб ўйлайман. Режиссёр бўлгач эса, биринчи навбатда ўзимга, “севиб қолган яхши қизлар” ёки “келин” каби ролларни бермаган бўлардим! Мен шу яхши қизлар ролларидан шунчалик чарчадимки, (кулади) ҳаммаси бир хилдек, яхши қиз, ота-онаси севгилиси билан учрашишга рухсат беришмайди, ёки севгилисига етиша олмайди, севмаганига турмушга чиқиб қийналади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам, ҳозир бундай амплуадаги ролларни ижро қилмасликка ҳаракат қиляпман! Мен ўзим тарихий роллар ижро қилишни орзу қиламан! Яқинда Қорақалпоғистонда “Қирққиз”, деб номланган қисқа метражли фильмда суратга тушдим. Бу Қорақалпоқ Халқ афсонаси, бу ўз ерини босқинчилардан ҳимоя қилган қирқта қиз ҳақидаги афсона! Ривоят қилишларича, ўша ерда эркаклар қолмагач, 40 та қиз, худди эркаклар каби жангга отланишган! Уларга Гулойим исмли Қорақалпоқ қизи бошчилик қилган. Улар худди эркаклардек от миниб, қўлига қилич олиб, ўз ерини ҳимоя қилишган. Бу афсона асосида, фильм ҳам суратга олишларини истардим ва унда бош ролни ижро қилишни орзу қиламан.

 cupolDSC_7788_s

- Шу кунгача ижро қилган ролларингиздан қай бири, ўзингизга яқинроқ?

- Тўғрисини айтсам, яқинроғи йўқ, аммо яхши кўрган ролларимдан бу “Сароб” фильмидаги ролим, сабаби, бу фильмда биринчи марта салбий образ яратганман. Бу роль устида кўп ишлашга тўғри келган, қанақадир ўзгача, янги ҳиссиётлар бўлган. У инсонни эмоцияси, характери бошқа ролларимдан фарқ қилгани учун ҳам, қандайдир бошқача қизиқарли бўлган эди. Шунинг учун ҳам, бу роль мен учун ўзгача қадрли.

 

- Салбий роль ижро қилганингизда, томошабинларнинг ҳам сиз ҳақингиздаги фикрлари ўзгариши мумкинлигидан чўчимаганмисиз? Баъзи актрисалар шунинг учун салбий роль ижро қилишни ҳоҳлашмайди.

- Агар салбий роль ижро қилсангу, бунинг учун томошабинлар сени ёмон кўриб қолишса, сен ҳақингдаги фикрлари ўзгарса, бу актриса учун энг яхши комплимент! Мен бундан асло қўрқмайман! Чунки, актёр ва актрисалар ҳар хил характердаги ролларни ижро қилишлари керак, деб ўйлайман.

 

- Ҳозирда сиз учун кино ва ижод?

- Бошида бу фақат хобби эди! Ҳозир эса, бу касб, роҳат олишим мумкин бўлган севимли ишим, ўзимни бутунлай бағишлашим ва ўзим учун янгилик топишим мумкин бўлган иш! Мен кинода чин дилдан ижод қиламан ва мен учун кино, бу ижод, ҳозирда янада ижодий ўсиш имконияти, янада юқори чўққиларни эриша олишим мумкинми, буни кўра билишим мумкин бўлган соҳа! 

 

- Ўзингизни театр саҳнасида ҳам синаб кўриш фикри бўлмаганми?

- Албатта, ўзимни театр саҳнасида ҳам синаб кўриш ниятидаман. Тез орада бу амалга ошиши ҳам мумкин. Балки, яқин орада, мени театр саҳнасида роль ижро қилаётганим ҳақида ҳам эшитиб қолишингиз мумкин! Худо ҳоҳласа, бу билан ҳам жиддий шуғулланиш ниятим бор.

 Кинофестиваллардан (2)

- Ўзингизни энг яхши кўрган фильмингиз ва қайси жанр сизни кўнглингизга яқин?

- Қайсидир фильмни “энг севган фильмим” дея олмайман. Жанрларни ҳам кайфиятга қараб танлайман, кайфиятим йўғида комедия, яхши кайфиятда бўлганимда, мелодрама ҳам, жиддий фильм, фестиваль учун мўлжалланган фильмларни ҳам кўришим мумкин. Ҳаттоки, жангари фильмни ҳам кўришим мумкин, аниқ бир жанрни айтолмайман. Ҳар хил фильмларни кўришни ёқтираман, муҳими, сифатли фильм бўлсин!

 

- Ҳозирда ўз ҳаётингизни қандай фильм жанрига ўхшатар эдингиз?

- (кулади) Мелодрама элементларига эга комедия!

 

- Атрофдагиларнинг фикрларига қанчалик эътибор берасиз?

- Агар бу фильмларимга, ролларимга нисбатан танқидий фикрлар бўлса, аҳамият бераман, аммо биринчи навбатда буни ким гапираётганлигига эътибор бераман. Агар буни ўша инсон, ўринли равишда, далиллар билан асослаб берса, мен албатта бунга аҳамият бераман ва ўзимдаги камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Лекин, агар “бўлмабди” ёки, шунга ўхшаш танқид бўлса, мен бунга мутлақо аҳамият бермайман. Чунки, менга ўша фильм ёки роль ёқмагани, асослаб берилиши керак, масалан, “Шахзода, менга мана бу ролинг ёқмади, сабаби, мана шундай”, деб келтириб берса, фикрни қабул қиламан.  Ёки ташқи кўриниш масаласида ҳам, “мана бундай кийинибсан” деса, ҳам фикрини тинглайман. Мен доим, ўша танқид ёки фикрни ким гапираётганига аҳамият бераман. Агар ўша гапни ақлли, маълумотли, зиёли инсон айтса, доим қулоқ соламан. Лекин, ҳар хил гапларга эса, аҳамият бермайман. Уларни ўз фикри бор, мен ҳам ўз фикримга эгаман. Ҳар бир инсон, ўзича фикр билдириш ҳуқуқига эга.

 

- Сизнинг ҳам комплексларингиз борми ва сиз улар билан қандай курашасиз?

- Ҳа, албатта, бор. Мен аслида, ўзи жуда ҳам тортинчоқман, биринчи марта фильмларда суратга туша бошлаган вақтим, суратга олиш вақтлари, ҳаттоки, суратга олиш гуруҳидагилар билан бирга ўтириб овқатланишга ҳам тортинардим, хижолат бўлардим... Тортинчоқлик жуда кучли эди! Институтда эса, аудитория олдида, семинарларда жавоб беришдан тортинардим. Шунинг учун ҳам, қайта топширишимга тўғри келарди, ёки ёзма равишда топширардим. Ҳозир эса, тортинчоқлигим, албатта, анча камайган, лекин барибир янги одамлардан, ўзим учун бегона даврада, тортинаман. Бу борада доим, ўз одатим билан ўзим курашиб келяпман. Ўз устимда ишлаяпман, психологик китобларда ўқиган гапларимни ҳаётда қўллашга ҳаракат қиляпман, ҳамда аста-секин комплексни кетаётганлигини ҳис қиляпман!

 photo (4)

- Ҳозирги кунда авж олган пластик жарроҳлик борасидаги фикрингиз?

- Бунга менинг муносабатим, агар инсонни ўзига сезилаётган бирор камчилиги уни эзаётган бўлса, шундан руҳан сиқилаётган бўлса, ҳамда шу пластик жарроҳлик, ўша камчиликни тўғриласа, шу билан у бахтиёр бўлса, унда амалга оширса бўлади. Агар бу жарроҳликни шунчаки, бошқалар қилаётгани учун, ёки бошқаларга ўхшаш учун қилдирмоқчи бўлса, унда яхшиси бундай қилмагани маъқул! Айниқса, ёш қизларни шунчаки, ўзгармоқчи бўлиб, бундай жарроҳликни амалга оширмоқчи бўлаётганликларига қаршиман! Чунки, ёшликнинг ўзи гўзаллик, қолаверса, ёш қизларнинг юзи учун пластик жарроҳлик, жуда ҳам зарар, деб ҳисоблайман. Лабини шиширдими, бошқа нарса қилдими, дарҳол билинади. Ёши катта аёлларни, юзидаги бирор нуқсонни тўғрилашлари, ёшариш учун, шундай қилишлари эса, нормал ҳолат, деб ўйлайман. Нима учун йўқ? Мен ўзим ҳам, ёшим катта бўлгач, бироз кексайгач, албатта, юздаги ажинлар қаттиқ билинса, пластик жарроҳлик қилдиришим мумкин, деб ўйлайман.

 

- Йигит кишида сиз биринчи бўлиб, аҳамият беришингиз мумкин бўлган нарса? 

- (кулади) Оёқ кийими! Оёқ кийимига ва пайпоғига аҳамият бераман. Оёқ кийими ва пайпоғи мос тушиши керак. Бир сирни очаман, ҳаттоки, совчилар келиб, учрашувларга чиққанимда ҳам, шунисига аҳамият бераман. Ҳаттоки, келишган, зиёли, яхши йигит бўлса ҳам, оёқ кийими ва пайпоғи кийимига мос бўлмаса, рад жавобини бераман. Кейин, албатта қўлига ва тирноқларига ҳам аҳамият бераман. Қўли ва тирноқлари ҳам тоза бўлиши керак.

 

- Нима деб ўйлайсиз, севган инсонингизга бўйсунишни маъқул кўрасизми, ёки эркинликними?

- Мен доим эркинликка интилганман! Руҳан ва моддий тарафлама ҳам тўлиқ эркинликка эришишни истайман! Чунки, болалигимдан онам “яхши ўқи, китоб ўқи, билим ол, эркин фикрлайдиган, мустақил инсон бўлишинг керак” дердилар. “Ҳар тарафлама эркин ва мустақил инсон бўлишга интил”, деганлар. Мен учун, шундай инсон бўлиш, жуда ҳам муҳим. Келажакда оила қурганимда ҳам, тўғри маънода, моддий тарафлама ва инсон сифатида, руҳан эркин бўлишим керак, деб ўйлайман.

 

- Кўп китоб ўқийсиз. Қайси китоблар кўнглингизга яқинроқ?

- Китоблар жуда ҳам кўп. Мени энг севимли асарларимдан бири, Достоевскийнинг “Униженные и оскорблённые” асари, чунки шу асарнинг ўқиганимдан кейин, мени ички дунёйимда кўп нарса ўзгарди ва мен дунёга бошқача назар билан қарай бошладим. Улғайдим, фикрларим ўзгарди. Инсонларга ҳам бошқача нигоҳ билан қарашни ўргандим. Бу асарни ўқиганимда, ёш эдим, шундан сўнг, менда инсонларга ҳайриҳоҳ бўлиш, уларга нисбатан ҳамдардлик ҳисси пайдо бўлди. Бу эса, инсон ички дунёси тарафлама ҳам улғайганида содир бўлади. Бу асар, чиндан ҳам менда кўп нарсани ўзгартирган.  

 photo (5)

- Бугунги кун ўзбек киноси ҳақидаги фикрларингиз?

- Бизни ўзбек фильмларимиз, асосан, оилавий, меҳр мавзусида ва асосийси уларни оилавий кўриш мумкин! Уларни дадам билан ҳам бирга бемалол кўришимиз мумкинлигидан хурсандман. Хориж фильмларини бундай кўра олмайман, албатта! Уларда менталитетга хос бўлмаган эпизодлар бор ва оила аъзоларингдан хижолат бўлишинг табиий. Бу борада ўзбек фильмлари, улардан яхшироқ! Аммо, ҳозирда ўйлашимча, нафақат ўзбек киносида, балки хориж киносида ҳам, бутун дунёда томошабинлар, қандайдир томошабоп фильмларн кўришни исташмоқда. Шунчаки, инсонлар иш жараёнида чарчаб, ишдан сўнг келиб, фильм кўриб, ҳордиқ чиқаришни, фильмни кўриб, кулиб, дам олишни исташаётгандир? Лекин, қандай фильм бўлишидан қатъий назар, фильм сифатли бўлиши керак! Томошабоп фильмларни эса, худди попкорн каби, бир марта кўриш мумкин, бундай фильмлар бизда ҳам афсуски, жуда кўп. Ҳаттоки, Америкада суратга олинаётган ҳар икки фильмнинг биттасини, фақат бир марта кўриб, ёддан чиқаришинг мумкин. Аммо, жиддий мавзудаги фильмларга ҳам эҳтиёж бор ва бундай сифатли фильмлар ҳам суратга олинмоқда.  

 

- Фильмда суратга тушиб олган гонорарингизга эсда қоларли нимадир харид қилганмисиз?

- Нима сотиб олганим ёдимда йўғу, лекин уйга нарса олганим эсимда! Охирги йилларда эса, гонорарларимни йиғиб, саёҳат учун ишлата бошладим! Шунда ҳар тарафлама ёдда қоларли бўлмоқда!

 

- Ҳаётда нимадан кўпроқ фахрланасиз?

- Албатта, биринчи навбатда Ўзбекистонда туғилганлигимдан!

 photo (3)

- Ўз интервьюларингизда ота-онангиз ҳақида кам гапирасиз. Ҳеч қайси интервьюда айтилмаган қандай маълумотни бугун биз билан бўлишишингиз мумкин?

- Ота-онамнинг исмлари Алишер ва Дилбар, жуда ҳам самимий инсонлар, улар мени айниқса, ҳозир жуда ҳам қўллаб-қувватлашади. Улардан ҳар томонлама жуда ҳам миннатдорман! Улар мени ҳеч қачон, нимагадир мажбурлашмаган, масалан, “мана бу институтга кирасан, ёки мана бу касб эгаси бўласан” деган, гап бўлмаган! Ҳеч қачон “турмушга чиқишинг керак” ёки, “мана бу йигитга турмушга чиқасан” деган, гапларни ҳам айтишмаган! Ҳаттоки, ҳозир ҳам, “турмушга чиқадиган вақтинг бўлди” деган гапни эшитмаганман! Фильмларда суратга тушишимга ҳам, суратга олиш ишлари билан қаергадир боришимга ҳам чеклов қўйишмаган. Менга доим эркинлик бериб келишган. Бунинг учун ҳам, улардан жуда миннатдорман! Ўзим истаганимдек яшашимга ҳам имкон беришган ва бу борада ўз меҳнатим, ижодий фаолиятим, ҳаёт тарзим билан уларнинг ишончини оқладим, деб ўйлайман. Мен ўзим ҳам, келажакда, насиб этса, оила қургач, ўз фарзандларимни шундай тарбиялайман, тўлиқ эркинлик бераман. Мен ота-онам берган бу эркинликни тўғри тушуниб, тўғри қабул қилганман. Ота-онам жуда ҳам камтар, меҳрибон, самимий инсонлар, уларда бир умр миннатдорман!

 

- Журналистларнинг сизга энг кўп беришадиган саволи?

- Нафақат журналистларнинг балки, ҳамманинг энг кўп берадиган саволи, (кулади) “Қачон турмушга чиқасиз?”! Фақат шуни сўрашади. Бунга эса, мен доим “Худо ҳоҳласа! Худо ҳоҳлаган кунда!” деб, жавоб бераман.

photo (1)  

- Сиз учун бахт тушунчаси?

- Бахт бу жуда ҳам оддий нарсаларда бўлиши мумкин. Яхши, севимли касбингга, ишга эга бўлиш, қандайдир марраларни забт этиш, яқинларингни ёнингда ва доим соғ-саломат бўлишлари, севимли инсонинг бўлиши, севиш ва севилиш бахти, мен учун шунингдек, саёҳат қилиш имконияти, янги мамлакатларни кўриш, ҳамда саёҳатдан қайтганимда,  Ватанимни ҳамиша тинч ва фаровон бўлиши, деб биламан!

Барча мухлисларга эса, тилагим, ҳеч қачон яхшиликка бўлган ишончларини йўқотишмасин! Мен ўзим доим яхшиликка ишонаман! Ҳаётимизда нимаики содир бўлмасин, ҳаммаси ҳамиша фақат яхшиликка! Агар шунга ишонсанг, ҳамиша шундай бўлади! Менинг ҳаётдаги шиорим ҳам шундай!

 

Саида Вахобова

 

 

Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган

photo (2)