OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ХОНАНДА РАВШАН СОБИРОВ: ТАРҚАЛГАН ГАП-СЎЗЛАРГА КИРИТИЛГАН ОЙДИНЛИК . . .  19.02.2013 07:41

foto-ravshan-sobirov-1.jpg
“Юлдузли онлар” ҳар бир ижодкор ҳаётида бўлади. Ҳар бир ижодкор эса, албатта, юлдуз бўлишни орзу қилади. “Юлдузли онлар” саҳифаси, ана шундай юлдузлик орзусига эришган, “Юлдуз” санъаткорлар, актёрларнинг “юлдузли онлар”и ҳақида!
 
“Юлдузли онлар” саҳифасининг илк сони меҳмони хонанда Равшан Собиров.
 
foto-ravshan-sobirov-9.jpg
 
Илк қадамлар...
Ёшликдан гитара чалишга қизиқиб, акаларимдан гитара чалишни ўрганганман. Ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг, “Болалар” гуруҳида қўшиқчи ва гитарачи сифатида фаолият олиб бордим. Вақт ўтиб, алоҳида яккахон хонанда бўлишга қарор қилдим ва акам Ҳусан Содиқов билан биргаликда қўшиқ ёзиб, яккахон ижодни бошладим. Ҳамма қўшиқларимнинг сўзи ва мусиқасини, айнан шу ижодкор акам Ҳусан Содиқов билан ўзимиз биргаликда ёзганмиз ва ҳозирги кунгача, бирга ёзиб келяпмиз. Албатта, ҳар бир санъаткор, ўз олдига қўйган мақсадига етишиш учун тинимсиз меҳнат қилади. Биз ҳам тинимсиз ижод қилганмиз, қўшиқларимизни ёзиб тайёрлагандан сўнг, секин-секин бошқаларга эшиттиришни бошладик. Илк қўшиқларимизни ёзаётганимизда, эртага машҳурлик келтириши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз... масалан, бугун ўзингизча ёзаётган шеърингиз, ёки қўшиғингиз эртага сизни шунчалик бир машҳурлик чўққисига олиб чиқиши мумкинки, сиз бу ҳақида ҳаттоки сезмайсиз ҳам. Бизда ҳам шундай бўлган. Биринчи қўшиқларимиз, уйда, балконда ўтириб ёзилган. Уларни ёздирганимиздан кейин, бу қўшиқлар радиода янграгач, тингловчиларга маъқул бўлиб, ташкилотчилар томонидан концертларга таклифлар бўлган! Тўғриси, қўшиқларим радиода кетгач, эртасига уйғонишим билан бошқача тасаввур бўлган! Машҳурликнинг илк дамларини ҳис қилганман! Илгари, радиостудиялардан ўзлари келиб қўшиқларимизни олиб кетишарди. “Зўр қўшиқ экан, биринчи бизнинг эфирда янграсин” дейишарди. Ўша қўшиқ эфирга кетдими,  тингловчилар, ўша қўшиқни жуда кўп буюртма қилишарди!
 
 
Илк машҳурлик келтирган қўшиқ . . .
“Жавоб бер” илк қўшиғим эди, лекин унга клип суратга олдирмаганмиз. Бу қўшиқ радиоларда “айланарди” ва фақат гала-концертларда ижро қилганман. ТВ да эса, кўрсатувларда кетарди. Мана шу қўшиғим, биринчи хит қўшиқ бўлган! Кейин кетма-кет қўшиқларим муваффақияти бошланган! “Севар эдим” эса энг хит қўшиққа айланган! Бу қўшиқ туфайли кўпдан кўп мухлислар орттирдим, барчага маъқул бўлган! Шундан сўнг, “Сен йиғлама”, “Нега айтгин”, “Аскар”, “Хайр мактаб” каби хит қўшиқлар куйладим. Шу йўналишда қўшиқ айтган сари, бу йўналишда яна ҳам янгиликлар қилишга уринганмиз. Қўшиқлар ғояси, ҳаётдан олинарди. Санъатда бу нарса бор, қўшиқлардаги кўп ҳолатлар ҳаётдан олинади, бошдан ўтган ёки атрофдаги кузатилган ҳолатлар, яхши-ёмон кунлар, бари қўшиқларда акс этади. Ҳақиқий ижодкорлар шундай ҳаётий қўшиқлар билан танилади. Ҳақиқий ижодкор эса, бундай қўшиқларни ўша даражада ижро қилиб бера олади. Ўзи ёзган, қалбидаги қўшиқларини, тингловчилар қалбига етказишга ҳаракат қилади! Қўшиқларимнинг муваффақият сири, бу фақат ва фақат меҳнатда, ўша қўшиқларни юракдан ёзиб, юракка етадиган даражада ижро қилиш, тингловчиларнинг юрагига етиб боришида, деб биламан! Мен масалан, қўшиқ ёзадиган бўлсам, битта ўзим ўтириб ёзаман, гитарада чалиб, куйлаб кўраман. Кейин компьютерда қайта-қайта тинглаб, унга соло ўйлайман. Қаерида гитара қандай чалиниши керак, қаерида қандай оҳанг бўлиши керак, ҳаммасини ҳисобга оламан. Кейин, сўзларини яна қайта ўйлаб чиқаман, мазмун, қофия, мусиқага мос келяптими, ҳаммасига эътибор бераман! Аранжеровка Вагиф Зокиров билан, сўзларини акам Ҳусан Содиқов билан, спорт қўшиқлари бўлса, “Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал “Муайтай” ассоциациясидаги дўстларимиз билан, биргаликда ижод қиламиз! Шундан сўнг, ўша қўшиқ устида яна ўзим, алоҳида ишлайман! Ўша бирор сўз тўғри келмаса, яна алмаштиришга, қайси сўз эсда қолади, оҳангга ҳам мос келади, ҳаммасини маромига етказишга ҳаракат қиламан. Лекин, санъат шундай нарсаки, ўз ичингиздан, қалбингиздан келиб чиқаётган нарса бўлиши керак! Буни ўргатиб ҳам, ўрганиб ҳам бўлмайди! Бунда фақат ижод қилиш керак! Ҳис қилиш ва қалбингиздан ижод қилиш керак! Шундагина қўшиқларингиз мухлислар қалбига етиб боради!
 
 
Машҳурлик ҳиссиёти. . .
(самимий кулиб) Машҳурликни ҳис қилганда, тўғриси, мазза қилганман! Сиз ўйлаган, ёзган қўшиқларингиз, ижодингиз халққа ёқяпти! Маза қилиб тинглашяпти! Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма эшитадиган қўшиқлар бўлган! Ҳаётда ҳаммани юрагига етиб борадиган, ёрдам бера оладиган қўшиқлар бўлади. Сизнинг қўшиқларингизга шундай деб таъриф берилса, халқнинг юрагига етиб борса, санъаткор учун бу катта бахт!
 
 foto-ravshan-sobirov.jpg
Мусиқий альбомлар...
Илк мусиқий альбомим “Севар эдим” деб номланган эди. Кўп қўшиқлар ёзганмиз. Мусиқий альбомларим сони ўнга яқин. Бу йил яна янги қўшиқлардан иборат, янги мусиқий альбом чиқариш ҳаракатидамиз. Илгари ҳам рус ва инглиз тилида қўшиқлар куйлаганман, лекин улар мусиқий альбомга кирмаган. Эндиликда эса, рус ва инглиз тилида ҳам қўшиқлар куйлаб, уларни ҳам янги мусиқий альбомга киритиш ниятидаман!
 
 
Концертлар, гастроллар . . .
4-5 та қўшиқларим радиода кетганидаёқ, менга бутун бошли катта концерт ўтказиш учун таклифлар бўлган! Концерт ўтказиш учун 2 соатлик режалаштирилган дастуримиз йўқ эди! Бу ҳақида айтганмиз ҳам. Лекин, таклиф билдирганлар, “Халқ жуда ҳам сизларни тинглашни истаяпти” деб қўйишмаган. Натижада, биринчи бўлиб Хоразмда концерт беришимизга тўғри келган. Зал тўла, кунига 2 мартадан концерт берганмиз. Шунда ҳам, концертга кира олмаганлар бор эди ва кўплар икки марталаб киришган. Натижада, кунига учинчи концертни ҳам ташкил қилишимизга тўғри келган! Концертлар концертларга уланиб, бошқа вилоятларга ҳам таклифлар бўлиб, кетма-кет концертлар берганмиз. Гастроллардаги концертларда ҳам жуда кўп томошабинлар бўларди. Гастроллар олти ой олдиндан белгиланарди. Чунки, шунчалик концертлар кўп бўларди. Албатта, бу муваффақият, бизга катта масъулият юклаган! Тинмай ўз устимизда ишлаб, концерт дастуримизни бойитишга, ундаги қўшиқлар сонини кўпайтиришга ва янада мазмунли қўшиқлар яратишга ҳаракат қилганмиз. Илк марта катта саҳнага эса, гала концертларда, Авиасозлик саройида чиққанмиз, 1996-1997 йиллар эди. “Жавоб бер”, “Сен билгин”, “Яна ёғар ёмғирлар”, “Ҳаёт тун ва кун” деб номланган қўшиқларимни ижро қилганман. Ҳамма қўшиқларни жонли ижро қилардим! Жонли равишда, гитарани ўзимиз чалиб, микрофонда бевосита жонли куйлардик! Ҳамма маза қилиб, тингларди!
Ўтган йили концерт бердим, лекин унда бир неча қўшиқларни жонли ижро қилдим. Эндиликда, яна тўлиқ жонли ижрода концерт бериш ниятидаман!
 
 foto-ravshan-sobirov-6.jpg
Илк клип...
Биринчи клипимизни ТВ га олиб борганимиздаёқ ҳаммага жуда ҳам манзур бўлган! Кейин “Сен йиғлама”, “Нега айтгин”, “Аскар” қўшиқларимизга клиплар суратга олдик. Бу қўшиқ ва клиплар ўша вақтларда янгилик бўлган. “Аскар” клипини кўрган йигитларни ҳарбий хизматга боргилари келиб кетган. Интилиш бор ва жуда қизиқарли клип бўлганлигини, кўплар таъкидлашган. Клипнинг яхшироқ кўринганлигига сабаб, ўзим ҳам ҳарбий хизматда бўлганман. Шунинг учун ҳам, клипдаги ролимни табиий ижро қилганман.
 
 
Қўшиқлардаги ҳолатлар ўз ҳаётимда бўлганми?
Бу каби саволлар албатта, кўпларни ўйлантиради. Дардли қўшиқлар... Қўшиқлардаги каби ҳолатлар, дард, туйғулар, фақат ижодкорларда эмас, кўпчиликда бўладиган ҳолатлар! Албатта, ижро қилинган қўшиқларда, қайсидир ҳолатлар ўз ҳаётимизда ҳам юз берган ҳолатлар! Лекин, айнан қайси қўшиғим эканлигини айтишим шарт эмас, деб ўйлайман.
 
 
Ижод . . .
Ёшликда инсон кўпроқ ҳаракат қилади, фақат ижод ҳақида ўйлайди. Қўшиқларини тезроқ мухлисларга етказиб беришга ҳаракат қилади. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти соати бўлади. Ҳамманинг ўз даври, ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамони бўлади! Вақт ўтган, ёш ўтган сайин эса, нафақат санъаткор балки бошқа ҳар қандай касб эгасида ҳам, оила ва фарзандлар билан бўлиб, санъатга камроқ вақт ажратишига тўғри кела бошлайди. Тўғри, кўпроқ меҳнат қилишга ҳаракат қиласиз, лекин ёшлик бу ёшлик! Ёшлик вақтингизда, қарашлар, фикрлар, дунёқарашингиз, ишлашингиз ҳам бошқача бўлади. Қандайдир бир тўхтовсиз кучга эга бўласиз, ҳеч нарсага қарамай меҳнат қиласиз, чунки бошқа ташвишларингиз бўлмайди. Оилали бўлгандан кейин эса, ҳаётингизда фақатгина санъат бўлмай қолади! Ижод учун албата, кўп нарсалардан воз кечиш керак, ҳам дейишади. Мен бу борада оилани назарда тутганим йўқ. Аммо, санъаткор ижод учун, масалан, уйқудан, овқатдан, маишат, дам олишлардан воз кечиши табиий ҳолат. Масалан, мен кўпинча бир ўзим қолиб, қўшиқлар ёзиб, ижод билан шуғулланишга ҳаракат қиламан. Шундай пайтларда, дейлик, ўтиришларга чақиришса, воз кечишга тўғри келади. Буни бир хиллар нотўғри тушунишади, сиз бу пайтда студияда қўшиқ ёздираётганлигингизни ёки, ижод билан бандлигингизни тушунишмайди. Сиз дўстлар ва яқинлардан воз кечаётганингиз йўқ, фақат бироз вақтингиз етишмаётган бўлади. Шундай пайтда, “Юлдузлик касалига чалинган, чақирсак келмайди” дейишади. Билмайдики, сиз бу вақтда ижод қилаётган, қўшиқ ёздираётган, қўшиқни ҳар бир сўзи устида ишлаётган бўласиз. Лекин, мен дўстларим билан бирга ўтиришларга ҳам вақт топишга ҳаракат қиламан. Ижоддан ҳам тинмаслигим керак, деб ўйлайман. Мен уйқудан воз кечиб юборганман. Менда уйқу йўқ ва бунга ўрганиб қолганман. Мени продюсерим ҳам йўқ! Ҳар доим ўзим ижод қилиб келганман.
 
 
Санъат...
Мен ҳеч қачон санъатни тарк этмайман! Ҳар доим яхши қўшиқлар ёзиб, тингловчиларга, мухлисларга тақдим қилишга ҳаракат қиламан! Лекин, мен учун санъат ўз йўлига, аммо, оилам биринчи ўринда! Чунки, оила муқаддас!
Санъаткор бўлиш ҳам ҳар хил бўлади. Бир хиллар жуда кучли қизиқишдан келиб чиқиб ҳақиқий санъаткор бўлиб кетади. Бу ҳаммаси меҳнат ва ҳаракатдан! Ўз маҳорати, қўшиқни куйлай олиши, ўзи ёзиши ва ижоди туфайли, машҳурликка эришади. Санъаткор бўлиб, элга манзур бўлиш, мухлислар орттириш осон иш эмас! Кимлардир бунга эришиб, бундан ҳаволаниб, ижод қилмай, эртага йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Ҳозирги вақтда ёш санъаткорлар учун имкониятлар жуда ҳам кўп! Масалан, ТВ да алоҳида мусиқа каналларигача бор! Шароитлар зўр! Бизнинг вақтимизда, бундай имкониятлар бўлмаган. Биз алоҳида мусиқа канали очилишини орзу қилар эдик. Ҳозир эса, ёшлар учун ҳамма имконият эшиклари очиқ. Фақат улардан талаб қилинаётгани яхши қўшиқлар, яхши ижро, самарали ижод ва энг муҳими ижоддан тўхтамаслик керак!
 
foto-ravshan-sobirov-10.jpg
 
Юлдузлик . . .
Юлдузликка ҳам ўзи аслида ҳаракат билан эришилади. Юлдузлик, бу ижод меваси, ўзингизнинг қалбингиздаги қўшиқлар, сиз ижро қилмоқчи бўлган ижод намуналари, интилиш ва меҳнат, демакдир.
 
 
Мухлислар . . .
Ҳар бир санъаткор ҳар хил фикрда қўшиқ ёзади ва ўз ёзганларини тингловчиларга етказгиси келади. Уни баҳолайдиган эса, фақат мухлислар! Мухлислар доим ўзига кераклисини ажратиб олиб, тинглашади. Санъаткорнинг энг маза қиладиган вақти ҳам, мухлислари уни қўллаб-қувватлаб, олқишлайдиган вақтлари! Айниқса, улар концертларда бақириб, қарсаклар чалиб, олқишлаб турса, у санъаткорга энг керакли нарса, деб ўйлайман. Кўплаб мухлисларим билан дўстлашиб ҳам кетганмиз. Масалан, “ўзингизни, қўшиғингизни ҳурмат қиламан” деган мухлисларим жуда ҳам кўп. Улар билан ҳалигача дўстмиз.
 
 
Дўстлар . . .
Ўша вақтлардаги дўстларим билан ҳалигача дўстмиз. Ҳалигача, яхши ва ёмон кунларда биргамиз. Масалан, ижодни бошлагандан буён, то ҳозиргача энг қалин дўстларим, акам Ҳусан Содиқов, хонанда Тоҳир Содиқов, яна бир ижодкор Вагиф Зокиров, режиссёр Дилмурод Турдибоев, Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал “Муайтай” ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов, ассоциация вакили Саид Ризаматов ва Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал “Муайтай” ассоциацияси жамоаси! Бир-биримизни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз! Мен шундай дўстларим борлигидан хурсандман.
 
 foto-ravshan-sobirov-5.jpg
Севги-муҳаббат...
Ҳақиқий севгимни учратган вақтимда, юлдузлик у ёқда турсин, ҳали танилмагандим ҳам. Гитара чалиб юрган вақтларим... гастрол концертлари вақтида танишганман. Ҳақиқий севги шундай бўлади, деб ўйлайман. Машҳур бўлганингиздан сўнг, севадиганлар ҳам кўп бўлади. Ҳақиқий муҳаббат эса, фақат бир марта келади. Ўшанда севган инсоним Сакинахон, ҳозир рафиқам ва икки фарзандим Беҳзод ва Сафина онаси! Январь ойида яна  янги меҳмон фарзанд кутяпмиз! Жуда ҳам бахтлимиз! Рафиқам ҳамиша яхши кунимда ҳам, ёмон кунимда ҳам, мени қўллаб-қувватлайдиган, ёрдам берадиган дўстим, яқиним! Чунки, ҳамиша ҳар доим, ҳар қандай кунимда, рафиқам ёнимда бўлади! Рафиқам жуда ҳам ақлли, дидли аёл, дизайнерлик қобилиятига эга. Кийинишимгача эътибор қаратади. Ҳаттоки, менга бирор нарса сотиб олиб келса, ҳам мос келади, ҳам ярашади, ҳам дидимга ёқади.
 
 
Фарзандларим касбимни эгаллашлари мумкинми?
Санъатни ўзига яраша меҳнати, қийинчиликлари бор. Шунинг учун, фарзандларимни санъаткор бўлишларини, қайсидир маънода истамасдим. Мени истагим улар қайси касбда бўлсалар ҳам, фақат яхши инсон бўлсалар! Улар туфайли, бошқалардан “Ота-онангга раҳмат” сўзларини эшитсам, дейман. Мен учун энг муҳими, фарзандларим яхши инсонлар бўлиб, эл-юртга, Ватанига фойдаси тегадиган инсон бўлишларини, ҳаётда бахтли бўлишларини истардим!
 
foto-ravshan-sobirov-7.jpg
 
Яқинларимнинг касбимга муносабатлари . . .
(самимий кулиб) Ёшлигимда уйда гитара чалиб ўтирганимда норозилик билдиришарди. Ҳаттоки, жаҳллари чиқиб, гитараларимни балкондан отиб юборишган вақтлари ҳам бўлган. Чунки, баъзида ҳар қандай инсоннинг жаҳли чиқиши мумкин. Ҳаттоки, “Йиғиштир бунақа чалишларни, одамга ўхшаб бирор жойда ишламайсанми?” деган гаплар ҳам бўлган. (кулади) Мен эса, “йўқ, гитарамни чалавераман, ижод қиляпман” деб қаттиқ турганман. Ўзим ўйлаб, қўшиқлар ёзиб, ижодда давом этаверганман. Мана, барибир меҳнат қилсангиз, қилган меҳнатларингиз юзага чиқар экан! Худога шукур, ўз олдимга қўйган мақсадларимга эришдим! Ўз оилам, рафиқамга келсак, касбимга муносабати жуда ҳам яхши! Муҳими, касбимни тушунади! Қарши бўлган оила аъзоларим эса, эндиликда жуда ҳам хурсандлар! “Ўша пайтда тўғри қилган экансан! Яшавор!” дейишади.
 
 
Юлдузлик касаллиги . . .
Инсон ҳаётида ҳар кандай вазият бўлади. Мухлислар ҳам ҳар хил бўлади. Дейлик, ресторанда овқатланиб ўтирибсиз, умуман нотаниш инсонлар сизни ўз даврасига таклиф қилишади. Балки мухлисларингиздир, лекин, сиз уларни танимайсиз ва уларнинг ёнига бориб ўтиришни ҳоҳламаслигингиз табиий ҳолат. Негаки, ҳар кандай инсон шундай қилади. Ўзи танимаган, билмаган давра таклиф қилса, “йўқ, раҳмат, узр” деб қўяди. Ёки, қандайдир сиз танимаган, билмаган инсонлар сизнинг телефон рақамларингизни сўрашади. Ўзингиз ва оила аъзоларингиз ҳақида гапиришади. Инсонлар ҳам ҳар хил бўлади. Сиз бундай пайтда, уларга “администраторга мурожаат қилинг” дейишингиз мумкин. Ахир санъаткор дуч келган ерда, танимаган нотаниш одамлар билан ўз-ўзидан гаплашиб, таклиф қилишса танимаган-билмаган даврасида ўтириб кетавермайди-ку. Бундан ташқари, санъаткор доим банд бўлади. Масалан, бирор дўстингиз шунчаки бир ўтиришга таклиф қиляпти. Сиз эса ўша вақтда муҳим тадбирда қатнашишингиз керак. Лекин, дўстингиз, ёки бошқа танишлар буни тушунишни исташмайди. Ўша бирга ўтирмаганларингиз, ёки танишишни истамаган одамларингиз, баъзида эса, бирга ўтиришга вақт топа олмаган танишлар ҳам, “юлдузлик касалига чалинган бу” дейишади. Қарабсиз-ки, мана шундан “юлдузлик касаллиги” келиб чиқади. Лекин, менимча, ҳақиқий “юлдузлик касаллиги” ҳам бўлса керак, лекин мен бундай касалликни ҳали учратганим йўқ!  
 
 foto-ravshan-sobirov-8.jpg
Ижоддаги танаффус сабаби . . .
Ҳаммани ўз вақти соати бўлади. Ёшликда ҳеч қандай ташвишингиз бўлмайди! Оила, фарзандларингиз бўлгач, табиий равишда, санъатга камроқ вақт ажрата бошлайсиз. Ёшликда эса, фақат, ижод қилиб ишлагингиз келади! Бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламайсиз! Кечаю кундуз гитарани қўлингизга олиб, қўшиқлар яратасиз, ҳаммаёққа боришга вақт етарли, турли маълумотлар оласиз, фақат ижод билан машғул бўласиз! Уйлангандан кейин эса, фарзандли бўлгач, табиий равишда, оилани биринчи ўринга қўясиз! Шу ҳам қайсидир маънода мендаги бироз ижодий танаффусга сабаб бўлди... Лекин, мен ҳеч қачон санъатни тарк этмаганман ва тарк этмайман ҳам! Мақсадим ҳам, тўғриси ҳадеб кўринавериш эмасди... Мақсадим, ҳамиша ижод қилиш бўлган! 10 та сифатсиз қўшиқ қилиб, кўпайтиргандан битта зўр, яхши қўшиқ яратиш! Ўзи санъаткорларда шундай бўлади, баъзи 10 дан ортиқ қўшиқлар яратиш мумкин, лекин биттаси зўр бўлиб чиқиши мумкин.
 
 
Санъатдан ташқари...
Санъатдан ташқари, спорт билан доимий равишда шуғулланиб келаман! Футбол ўйнаймиз. (самимий кулиб) Ўзи аслида ё футболчи бўлишим керак эди, ёки санъаткор! Иккисидан бирини танлаш керак эди! Мен эса, санъатни танладим ва бундан ҳеч қачон афсусланмайман! Ҳозирги кунда, эса дўстлар билан доимий равишда залда машқ қиламиз. Чунки, инсон ҳамиша формада бўлиши керак. Спорт билан шуғуллансангиз асаблар ҳам жойида бўлади. Кўп нарсага асабийлашавермайсиз. Бу эса, санъатда ҳам керакли хислат. Лекин, асосий вақтни барибир ижодга сарфлаймиз. Футбол ҳақидаги амалга ошмаган орзуйимни эса, 12 ёшли ўғлим Беҳзод амалга оширса керак, деб ўйлайман. У ҳозирги кунда “Пахтакор” жамоасида, (ёшлардан иборат) тўп суради! Шунингдек, қўшимча равишда “Муайтай” билан ҳам, шуғулланмоқда! Менимча, болаларнинг соғлом бўлиб вояга етишлари учун спорт жуда ҳам муҳим! Ҳаттоки, улар спортчи бўлмаганларида ҳам! Муҳими, спорт сабабли, болани бекор юришга ҳам вақти қолмайди! Спорт билан шуғулланган болаларнинг ўй-фикрлари ҳам, тарбияси ҳам бошқача бўлади! Чунки, инсон фақатгина рингда ғолиб бўлиб ютиши керак! Кўчада ёки, бошқа жойларда, уришиб, талашиб эмас! Инсон, спортда, рингда ўзини кўрсатиши керак! Энг катта ютуқ мана шу!
 
foto-ravshan-sobirov-3.jpg
 
Тарқалган гап-сўзлар . . .
1.“Аскар” қўшиғимдаги онани, кўплар мени ўз онам деб ўйлашган. Йўқ, аслида ундай эмас! У бир яқин таниш бўлган акаларимдан бирининг волидаи муҳтарамаси. Ролга мос бўлганликлари учун, ижро қилиб берганлар.
 
2.“Ичкиликка берилди” деган гап-сўзлар... Мутлақо нотўғри! Масалан, сиз дўстлар даврасида ўтирибсиз! Оғайнилар, биродарлар билан бирга ниманидир нишонлаётган бўлишингиз мумкин. Туғилган кун ёки, бирор байрамда, бирга ўтириб қолган бўлишингиз мумкин. Шунда оддий инсонларни ҳам даврангизга таклиф қилиб, бирга ўтирсангиз, ёки дейлик, масалан, дўстлар илтимосига кўра, гитара чалсангиз, буни бошқалар кўришса, қарабсизки, шундай гап-сўзларга асос бўлади! Қаранг, агар ўзингизни бегона, оддий инсонлардан тортсангиз, “юлдузлик касаллиги” дейишади! Агар бирга ўтириб, самимий муносабатда бўлсангиз, ажабланиб, мана бунақа гаплар тарқатишади! Шунинг учун ҳам, шундай ҳолатлар, санъаткорлар ўзларини мухлислар ва томошабинлардан бироз тортиб юришларига ҳам сабаб бўлади.
 
 
Ҳаёт ҳақиқати...
Йиллар давомида инсон, инсонларга яхшилик қилиши керак, деган фикрдаман. Ёшларга ҳам, ёши катта инсонларга ҳам! Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш керак. Мени ҳаёт ҳақиқатим, фақат инсонларга яхшилик қилишдан иборатдир.
 
 
foto-ravshan-sobirov-4.jpg
Машҳурлик инсонни қанчалик ўзгартириши мумкин?...
Албатта, машҳурлик ҳар қандай инсонни ўзгартиради, лекин қандай ўзгартиради, бу унинг ўзига боғлиқ. Масалан, машҳурлик вақтингизда атрофингизда олқишлаб турадиган “дўстлар” кўп бўлади. Бу табиий ҳолат! Сал, сустлашсангиз, машҳурлик озгина чекинса, қарабсизки, умуман бошқача муносабат бўлади! Лекин, ўзимнинг садоқатли дўстларим, ҳамон ёнимда бор! Улар ҳалигача мен билан бирга, қўллаб-қувватлаб келишмоқда!
 
 
foto-ravshan-sobirov-2.jpg
Ҳозирда!
Айни ижоднинг қизғин палласидаман! Дўстим режиссёр Дилмурод Турдибоев билан биргаликда ишлаяпмиз. Спортни ривожлантиришга ҳам оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида, “Ғалаба” қўшиғини куйладим, роликлар суратга олдик. Шу кунгача спортнинг “Муайтай” турини ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида, Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал “Муайтай” ассоциацияси билан бирга ҳамма мусобақа ва тадбирларида қатнашиб келмоқдамиз. Ёш спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб, ўз қўшиқ ва клипларимиз орқали уларга интилиш бериб, қанот бўлиб келмоқдамиз. Спортнинг мазкур тури бўйича қандай мусобақа ёки тадбир ўтказиладиган бўлса, унинг ташкил қилиниши, унга қандай ролик, қўшиқлар керак, қандай мусиқа бўлиши керак, барча жараёнларда иштирок этиб, биргаликда ташкил қиламиз. Чунки, “Муайтай” ассоциацияси жамоаси яқин дўстларимиз! Шунингдек, шу кунларда дўстим режиссёр Дилмурод Турдибоев билан биргаликда “Муайтай” спортига асосланган ҳолда, Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал “Муайтай” ассоциацияси ва ассоциация раиси Шерзод Тошматов билан биргаликда, Ватан ҳимоячиларига ва спортчиларга бағишланган фильм суратга олиш ҳаракатидамиз. Ўзим ҳам 1993-94 йилларда чегарада хизмат қилганман. Фильм ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган, Ватан учун жон фидо қилишга тайёр ҳарбийлар ҳақида бўлади. Шу кунларда фильм сценарийси ёзилмоқда ва тайёргарлик жараёнлари кетмоқда. Суратга олиш ишларини баҳорда бошлаймиз. Бу фильм билан ҳам спортчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ниятидамиз! Шунингдек, тўй хизматлари ва турли спорт тадбирларида ҳам қатнашиб келмоқдаман.
 
 
foto-2_27.jpg
Орзулар . . .
Орзулар ҳеч қачон тўхтамайди! Ҳозирда амалга оширишга ҳаракат қилаётган энг биринчи орзуйим, ўзимга алоҳида студия очиш ҳаракатидаман! Ўз ижод қиладиган жойим, ўз қўшиқларимни ёзадиган, клиплар суратга оладиган ўз студиямга эга бўлиш, энг асосийси, оилам, фарзандларимнинг ҳамиша ёнимда бўлишларидир! Қолаверса, яна бир режам студия очсам, истеъдодли ёшларга қўшиқлар ёзиб қўллаб-қувватламоқчиман! Продюсерлик фаолияти билан ҳам шуғулланиш ниятим йўқ эмас. Ҳақиқий продюсер ёшларнинг қизиқишлари ва ҳозирги кунда, қандай қўшиқлар хит бўлишидан хабардор, ижодкор бўлиши керак, деб ўйлайман. Яна бир келажакдаги орзу, ёшларга футбол жамоаси ҳам тузмоқчиман. Энг асосийси эса, менимча, ҳар бир инсоннинг энг биринчи дилидан ўтадиган энг муҳим истак, “Ватанимиз тинч ва фаровон бўлсин!” Чунки, Ватанинг тинч ва фаровон бўлса, оиланг ҳам, тинч ва фаровон бўлади. Бемалол ижод қиласан, барча орзуларингга эришасан!

Феруза Фаттохова

ЛОЙИҲА ИНТЕРВЬЮ “ТАСВИР” ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН

foto_112.jpg