OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАҲЗОДА: САҲНАДА ВА ОИЛАДА... 29.12.2012 10:45

интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган
shahzoda-13.jpg
Кўпчилик хонандалик касбини танлаганлар болалигидан санъаткор бўлишни орзу қиладилар. Лекин, бугунги қаҳрамонимиз, санъаткорликни орзу қилмаган бўлса ҳам, бугунги кундаги шоу бизнесда у эришган муваффақиятлар, бошқа кўплаб хонандалар учун орзу, десак, адашмаймиз. Оила ва ижодни биргаликда олиб бориш жуда қийин. Лекин, у оилали ва шу билан бирга ижодда ҳам доим олдинда. Фильмларда бир неча марта бош ролларни ижро этиб, ўзининг актрисалик маҳоратини ҳам намойиш эта олди. Шунингдек, кетма-кет концерт ва гастрол сафарларидан ҳам чарчамайди, тингловчиларга янгидан янги қўшиқлар ва мусиқий альбомларни тақдим қилиш, бир сўз билан айтганда, тинимсиз ижод билан банд. Бугунги саҳифамиз меҳмони хонанда ва актриса Шаҳзода!
shahzoda-16.jpg
 
- Ҳар бир инсоннинг ўз ички “Мен”и бўлади. Сизнинг ўз  ички “Мен”ингиз нималардан иборат?
- (самимий кулиб) Ўзимга нисбатан жуда ҳам инжиқ ва талабчанлигим бор, буни яқинларим ҳам яхши билишади. Ўзимни мақтамоқчи эмасману, лекин оқкўнгил ва меҳрибонман. Лекин, (ўйланиб ва кулиб) дангасаман десам ҳам бўлади. Ўзим самимийликликни қадрлайман.
shahzoda-1.jpg
 
- Саҳнадаги Шаҳзода, оиладаги Шаҳзодадан фарқ қиладими? Қайси жиҳатлар билан?
- Менимча, ҳеч қайси жиҳати билан фарқ қилмайди! Фақат балки, оилада бироз эркинроқдирман. Масалан, баланд овозда кулишим, ҳазиллашишим мумкин. Ўзи оилада жуда ҳам қувноқ, ҳазилкашман. Мени турмуш ўртоғим ва ўғлим оғир-босиқ инсонлар. Мен уйга келганимда, иккови ҳам оғир-босиқ, хотиржам ўтиришган бўлади. Мен эса, ҳазилкашман. Уйга келаману кулиб, ҳазиллашаман, турли кулгили воқеаларни айтиб бераман. Бундан ташқари, мен ўхшатишларни ҳам яхши кўраман. Саҳнада эса, ўзимни бироз босиқроқ тутишимга тўғри келади, чунки маълум бир принциплар бор. Уйда эса, боя айтганимдек эркин, қувноқ, ҳазилкашман.
 
- Сиз илк саҳнага чиққан вақтингизда шарқона малика қиёфасида намоён бўлгансиз. Нима деб ўйлайсиз, бу образингиз ҳалигача томошабинлар қалбидами? Ёки сизнинг бундан кейинги образларингиз ҳам, инсонлар қалбига кириб жойлашиб улгурдими?
- Билмадим. Менимча, биз ўзбекларда менталитет бошқача. Интервьюлар, фан-клубимдаги мухлислар билан учрашувлардаги суҳбатлардан келиб чиқиб, уларнинг фикрига эътибор қилишим бўйича, томошабинларга Шарқона малика қиёфам, кўпроқ ёқар экан. Менинг турмуш ўртоғим продюсер ва биз у билан бу борада баъзида баҳслашамиз. Мен унга “мана бундай замонавий фотосессия қилдирмоқчиман” десам, у эса, “тушунмаяпсан, шарқоналик қалбга яқинроқ, сени шу қиёфада эслаб қолишган, уларни ўзгартириш қийин. Сен ҳаётда, ёки бошқа бирор жойга борганда, замонавий кийинишинг мумкин.” дейди. (самимий кулиб) Мен ҳам ўзимга шарқона образ яқинроқ, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, доим маълум бир даражада бўлса ҳам, шарқоналикни ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Масалан, яқинда янги клип суратга олдик. Қўшиқ жуда ҳам замонавий, лекин мен унда шарқона образда чиқаман. Шарқона либослар Guli брендидан, мен янги коллекцияни кўрганимдаёқ унга мафтун бўлдим ва клипимда айнан шу либосларни кийишни ҳоҳладим.
shahzoda-12.jpg
 
- Шунча йиллик танаффусдан сўнг, яккахон концерт бердингиз. Концертнинг илк кунида, биринчи марта саҳнага чиққанингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Буни айта олмайман. Эсимда, узоқ йиллик танаффус бўлган вақтларда, мен барибир “Тарона” студиясида ишлашни давом эттирганман. Концертлар бўлган вақтларда, мен уларда қатнаша олмасам ҳам, репетицияларга келардим. Шундай пайтларда, кўз ёшимни зўрға тутиб турардим, умуман буларнинг барчасига бардош бериш қийин эди. Вақти келиб, саҳнага чиққанимда эса, жуда ҳам йиғлагим келди, лекин ўзимни қўлга олдим. Мен саҳнага ўз қайғуйимни кўрсатиш учун чиқмайман! Инсонлар концертга дам олиш, қувониш учун келишади, сени қандайдир кўнгилсиз ҳолатларингни кўриш учун эмас! Қайғули ҳолатлар, кўнгилсизликлар ҳар бир инсонда бўлиши мумкин, ҳар бир хонанда саҳнага чиқиб, ўзининг бундай ҳолатларини намойиш қилаверса, жуда ҳам зерикарли бўлади, деб ўйлайман. Ахир инсонлар, концертда дам олиш, қувониш, кўтаринки кайфият, маънавий қувват олиш учун келишади. Шунинг учун ҳам, мен ўзимни қўлга олдим ва йиғламадим! Лекин... қандайдир тушунтириб бериб бўлмайдиган ҳиссиётлар, кечинмалар кўнгилдан ўтди. Мени ижодимда танаффус, узилиш бўлгани йўқ, мен ишлашни давом эттирдим, масалан Россияда концертлар бердим. Ҳар ойда концертлар бериб, саҳнада бўлдим. Лекин, ўз Ватанингдаги саҳна барибир бошқача, буни тушунтириб бериб бўлмайди! Мендан баъзан кўплар сўрашади, “нима учун бу ерда саҳнага чиқиш олдидан бунчалик ҳаяжонланасиз?” Масалан, мен билан бошқа ерлардаги ижодий сафарларга бирга борган шоу балетдаги қизлар, мени бу ерда, саҳна ортида кўрганда, ҳолатимдан жуда ҳам ҳайрон бўлишди. Тиззаларимгача титраб, ҳаяжонланиб турганимни кўриб, “Москвада, катта майдонларда, хотиржам, қўрқмай куйлаган одам, бу ерда ўз юртингизда бунчалик ҳаяжонланяпсиз?” дейишди. Билмадим, балки бу ерда масъулият ҳисси кучлироқдир? Балки орадаги узоқ танаффус сабабдир? Балки, бу менинг Ватаним бўлгани учунми? Лекин, билмадим, мен Тошкентдаги концертларда чиқиш олдидан кўпроқ ҳаяжонланаман!
 
- Узоқ танаффусдан сўнг, яккахон концертингиз кунларини 7 кун қилиб белгилаганда, қўрқув ёки чўчиш бўлмадими?
- Қўрқмадим, дея олмайман. (самимий кулиб) Ҳар бир хонанда бу ҳақида ўйлайди. Ўзи аслида, хонанда агар концертга 15 та томошабин келса ҳам, уларга чиқиб, концерт қўйиб бериши керак. Албатта, ҳар бир хонанда концерти аншлаг бўлишини ҳоҳлайди. Мени “ҳаяжонланма, хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади” деб кўндиришди. Ҳаттоки, концертим кунларини 10 кун қилмоқчи ҳам бўлишди. Лекин, мен уларни 7 кунга кўндирдим. Жуда ҳажонландим. Лекин, концерт мен кутган, “Тарона” рекордс кутган натижани берди, ишончни оқлади. 7 кун ҳам аншлагда ўтди!
 
- Қўшиқ яратаётганда биринчи навбатда қайси жиҳатига асосий эътибор қаратасиз?
- Кўпроқ мазмунига албатта! Шеърига ва, мусиқасига. Аранжеровка ва бошқа иккинчи даражали нарсаларга кейинроқ аҳамият бераман. Мусиқаси ҳам муҳим аҳамият касб этади, у ёдда қоларлими, тинглаганда ёқимлими, шеъри маънолими? Лекин, энг биринчи ўринда мазмунига эътибор қаратаман.
shahzoda-14.jpg
 
- Биринчи мусиқасини танлайсизми, ёки шеърми?
- Ҳар сафар ҳар хил. Кўпинча шундай бўлади. Масалан, бугун шундай бир кайфиятдаманки, инсонларга аниқ ниманидир етказиб бермоқчиман. Шунчаки, “мен сени севаман, сен мени севасан” каби қўшиқлар эмас. Қўшиқ инсонларга шундай бир маъно, мазмунни етказиб берсинки, улар шу қўшиқдан ўзларига нимадир ола олишсин. Шунинг учун ҳам, менга бирор фикр келса, мен ўшани, ўша ҳолатни етказиб беришга ҳаракат қиламан. Ўзим шеър ёзмаганлигим учун бирор шоирни таклиф қилиб, ўша фикрни, бўлажак қўшиқ мазмунини узоқ муҳокама қиламиз. Масалан, у қандай эшитилади? Рус тилида бундай эшитилади, ўзбек тилида-чи? Қандай бўлса, тўғри эшитилади? Масалан, баъзи иборалар ўзбек тилида қўполроқ туюлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, узоқ муҳокама қиламиз, маслаҳатлашамиз. Охирида бир тўхтамга келамиз ва мазмунли шеър, қўшиқ яратилади.
 
- Тошкентлик мухлислар билан, вилоятлик мухлислар, ёки бошқа давлатлардаги мухлисларнинг бир-бирларидан қандай фарқлари бор?
- Билмадим, менимча фарқи бўлмаса керак. Фақатгина миллатида фарқ бор, холос. Уларнинг ҳаммаси бирдек меҳрибон, эътиборли. Негаки, концертларга фақатгина сени қадрлайдиган ва яхши кўрадиган, ижодингни кузатадиган инсонларгина келишади. Ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ, албатта. Мен ўзим ҳам бундай қилишга ҳаракат қилмайман. Кўплар, “мана булар мени ёқтиришмайди, буни эса яхши кўришади”, деб хафа ҳам бўлишади. Лекин, ҳаммага бирдек ёқиш асло мумкин эмас. Агар масалан, кимдир мени ёқтирмаса, бошқасини ёқтиради. Бошқа бир томошабин эса, мени ёқтиради. Менинг концертларимга, мени ижодимни ёқтирадиганлар келишади, деб умид қиламан. Уларнинг менга бўлган меҳру муҳаббатини кўриб, сезиб тураман. Меҳру муҳаббат, ҳамма жойда бир хил бўлади.
 
- Ҳар бир инсонни ўзини ўйлаган бахти бўлади. У ўша нарса, ёки ҳолатни бахт деб билади. Сизда-чи? Ёшликда ўзингиз ўйлаган бахтингиз билан, бугунги кундаги эришган бахтингиз бир-бирига мос келадими? Ёки бахт ҳақидаги тушунча ва тасаввурларда ўзгаришлар бўлдими?
- Ўзгаришлар бор. Бу гапни аввал ҳам айтганман. Деярли кўпчилик хонандалар, болаликда айнан хонандаликни орзу қилиб, ўзларини хонанда сифатида тасаввур қилишган. Лекин, мен нимагадир ҳеч қачон хонанда бўлишни орзу қилмаганман! Мен ҳар доим, оилани орзу қилардим. Негадир, катта оилани, кўп фарзандларни, оппоқ ит ҳамда катта уйни тасаввур қилардим. Билмадим, негадир доим шундай тасаввурим бўларди. Бувим ва бобомни 16 та набиралари бор эди. Ҳамма қариндошлар, “Зилолани камида 5-6 та боласи бўлади” дейишарди. Чунки, мен болаларни жуда ҳам яхши кўраман. Доим болаларни уйимизга йиғиб келардим. Шунинг учунми, ҳамма мени кўп фарзанд кўради, дейишарди. Лекин..., лекин ҳаммаси ҳали олдинда деб ўйлайман. Ҳозирча, битта ўғлим бор. Лекин, яна фарзанд кўриш режада бор. Албатта, битта фарзанд, оила учун кам, деб ўйлайман. Шукур, (самимий кулиб) орзуларим, яъни,  итим, уйим, оилам, турмуш ўртоғим, болам бор. Бу энг асосийси, деб ўйлайман. Хонандалик карьераси ҳақида эса, ҳаттоки орзу ҳам қилмаганман. Шунинг учун ҳам, бу мен учун икки баравар ортиқ бахт! Мухлисларинг бўлиши жуда ёқимли! Бугун “Тарона” студиясида телевизор кўриб ўтирганимда, актёр Ҳамза Умаров ҳақида кўрсатувни кўрдим. У “артистлар қачонки ўз мухлисларига керак бўлмай қолсалар, ўшандагина чиндан вафот этадилар.”, деб айтган экан. Мен унинг фикрига қўшиламан. Артист мухлисларисиз, артист эмас, ҳеч ким. Шунинг учун ҳам, сени халқ севиши, сенга бўлган ишончи жуда ҳам  муҳим. Энг асосийси, инсонларнинг сенга бўлган ишончидир! Уларга қўшиғинг ёққани билан, қўшиғингни тинглашгани билан сени ўзингни қандай инсон эканлигингни билишмайди. Улар сени қалбингга кира олмайдилар, кўнглингни билмайдилар. Сени саҳнада, хонанда сифатида биладилар. Қалбингда нималар кечаётганидан бехабар бўладилар. Буни мен ўзим учун минус, деб биламан. Чунки, мени фақатгина қўшиқларим ва хонандалигим учун севишларини, яхши кўришларини ҳоҳламайман. Мени инсон сифатида севишларини, яхши кўриб, менга ишонишларини истайман!
 
shahzoda-17.jpg
- Характерингизда камчилик тарафлари борми?
- Менинг энг катта камчилигим бу мени дангасалигим, эринчоқлигим. Балки, бу тақвимга ҳам боғлиқдир. Бурж бўйича, мен Асад буржи остида туғилганман. Яхши ҳамки, “Тарона” рекордс компанияси, ҳамда мени доим олдинга унда “олға, олға” деб турадиган шундай продюсер бор. Албатта, мен дангаса ва эринчоқ бўлиб, фақатгина уйда ўтираман, демоқчимасман. Эринчоқлигим бўлса ҳам, мен барибир ишлайвераман, ишлайвераман. Етарли даражада ишлаяпман, деб ҳисоблайман. Масалан, ноябрь ойида мени турнейим бор ва бу 9 та давлатга ижодий сафарга боришим керак. ишлашдан тўхтамайман, лекин ундовлар ва қўллаб-қувватлашлар билан албатта. Яна бир катта камчилигим охирги пайтларда, негадир бироз гиначи, кек сақлайдиган бўлиб қолдим. Узоқ вақт гина сақлаш, гуноҳ ҳам дейишади. Лекин, билмадим, балки қачондир кўнглимни қаттиқ оғритишгани учунми? Мен хафагарчиликни узоқ вақт унута олмай, ёдда сақлайман. Ҳамма, “кечириб юбориш керак” дейишади. Мен ҳам ҳаракат қиламан. Узоқ кек сақлаш яхши эмаслигини ҳам тушунаман. Ўзимни енгишга ҳам ҳаракат қиламан. Албатта, баъзида унутиб ҳам юбораман, ўша ранжитган инсон билан яна муносабатда бўлавераман, лекин қалбимнинг тубида нимадир қолади. Шундай мақол ҳам бор, “кўлга тош ташласанг, кўл суви чайқалади. Кўл яна тинчланади, лекин барибир тубида ўша тош қолади.”
 
- Ҳозирда ўзингизда яна қандай бир образни шакллантиряпсиз? Баъзилар бирор ролга тайёрлаганда, ижро қилганда, ўша образга жуда ҳам киришиб кетишади.
- (самимий) Ҳаётда мен ўзимда қандайдир бир образ қиёфасига кириб олмайман. Ҳаётда қандай бўлсам, шундайман. Фильмда эса, менда ҳам илгарилари шундай бўлган. Лекин, бу профессионалликдан эмас, деб ўйлайман. Масалан, “Фотима ва Зуҳра” фильмида шундай бўлганди. Бу менинг биринчи фильмим эди ва мен Театр ва санъат институтида ўқимаган эдим. Актрисаликда, сен ролни ижро қиласан, яъни ролга киришасан, ижро қиласан ва яна ролдан чиқиб, ўз оддий ҳолингга қайтасан. Лекин, мен актриса бўлмаганлигим учун, узоқ вақт ўша ролдан чиқиб кета олмаганман, қаттиқ киришиб кетганман. Ҳозир эса, “О Марям, Марям” фильмида роль ижро қилганимда, у қадар роль ўйнамадим, десам ҳам бўлади. Чунки, фильмдаги ота-она билан боғлиқ муносабатлар, деярли менинг ҳаётимга яқин, шунинг учун ҳам балки, бир тарафдан бу ролни ижро қилиш осон бўлди, бу фильмда мен ўзимни ижро қилдим, десам ҳам бўлади. Иккинчи тарафдан эса, жуда ҳам оғир бўлди. Фильмдаги айни қайси лавҳалар менинг ҳаётимга яқинлигини айтмоқчи эмасман, лекин бу фильмни кўрган ҳар бир ўзбек аёли, унда ўз ҳаётининг маълум бир бўлагини кўради, деб ўйлайман.
shahzoda_4.jpg
 
- Сиз “Мажруҳ” фильмида суратга тушганингизда актёр Улуғбек Қодиров сизнинг ижро маҳоратингиз ҳақида, ролни жуда ҳам зўр ижро этганингиз ҳақида, фикрлар билдирган эди. Бу сафар, ҳозирда катта экранларда намойиш қилинаётган “О Марям, Марям” фильмида-чи?
- Мен уни яқинда танишлардан бирининг тўйида кўрганимда, у столнинг нариги тарафида ўтириб, баланд овозда (самимий кулиб) “Зилола баракалла! Сени табриклайман!” деб бақиряпти. “Нима учун мени табриклаяпсан? Ахир бу сенинг ҳам фильминг! Сен ҳам у ерда роль ўйнадинг-ку!” десам, у “Йўқ, фақат сен, ҳамма сени ижройингни гапиришяпти!” деди ва ижройимни мақтади. У ҳақида шуни айтишим мумкинки, Улуғбек Қодиров, жуда ҳам яхши, меҳрибон, ҳақиқий инсон. Биз у билан фақатгина фильм бўйича ҳамкор, партнёрлар эмас, яхши дўстмиз.
 
shahzoda-3.jpg
- Ўзингиз-чи? Бу фильмдаги ролингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Биласизми, бу фильмдаги ролим ҳақида ўзим аниқ фикр билдира олмайман. Масалан, “Фотима ва Зуҳра” фильмидаги ролимни кўриб, ўзимни доим танқид қиламан. (самимий) Бу фильм менга жуда ҳам ёқади, лекин фильмда ўзимни кўриб, кўпинча куламан. Ролим, негадир ўзимга кулгили туюлади. “Қандай кулгили ижро этганман-а?” дейман. “О Марям, Марям” фильмидаги ролимга эса ўзим баҳо бера олмайман. Мен роль ижро қилмадим десам ҳам бўлади, ролим ўта ҳаётий бўлганидан, мен унда яшадим, десам ҳам бўлади.  Фақат шуни айтишим мумкин, бу фильм мен учун жуда ҳам қадрли!
 
- Сизни Россия фильмларида ҳам кўришимиз мумкинми?
- Худо ҳоҳласа, таклифлар бўляпти. Масалан, ҳозирда суратга олинаётган “Синфдошлар” фильмига таклиф бўлган эди. Енгил руҳдаги, қувноқ фильм. Биз рад этмадик, лекин таклифни қабул қилишга, табиий равишда вақтимиз етишмади. Чунки, тайёргарлик жараёнлари учун кўпроқ вақт давомида Москвада бўлиш керак эди. Мен эса, ўша вақтда концертга тайёргарлик билан жуда банд эдим. Шунинг учун ҳам, таклифга рози бўла олмадик. Лекин, яна таклифлар бўлса, албатта  бундан бахтиёрман. Россия фильмларидан ҳам яхши тажриба орттириш мумкин.
 
- Фильмларда роллар ижро қилишдан ташқари, сиз ҳам режиссёрликка қўл уришингиз мумкинми?
- Бўлиши мумкин. Мана 6 чи фильмда роль ижро қилган бўлсам, эндиликда, фильмларда операторлик ишларига, режиссёр кадрларни қандай қўйганлиги, диалогларга аҳамият беряпман. Яқинда, Санъат институтининг режиссёрлик бўлимига ўқишга киришга қарор ҳам қилдим. Келгуси йили, албатта ўқишга киришга ҳаракат қиламан. Режиссёрлик мен учун жуда ҳам  қизиқарли.
shahzoda-11.jpg
 
- Бугунги шоу бизнес сизни нимаси билан ҳайратлантирмоқда?
- Кўп нарса билан дейишим мумкин. Бугунги кунда биздаи шоу бизнес жуда ҳам ривожланиб боряпти. Ўз устида тинимсиз ишлаётган жуда кўплаб истеъдодли хонандалар бор. Кўплаб, сифатли қўшиқлар яратиляпти. Мен Доғистон ёки Чеченистонга ижодий сафарга борган вақтларимда, бизнинг ўзбек қўшиқларини қайта куйлашаётганини, бизни клипларни ўзларининг вариантида суратга олиб, намойиш қилаётганларини кўриб, бизнинг ижодимизга тақлид қилиб, такрорлаётганларини кўриб, очиғи ғурурланиб, фахрланиб кетаман. У ерда мени ва бошқа ўзбек хонандаларининг кўплаб қўшиқларини ўз тилларида қайта куйлашмоқда! Ўзбек клипларини нусхаларини кўриш мумкин. Демак, бизнинг шоу бизнес шу даражада ривожланибдики, бизга тақлид қилишяпти! Мен бундан жуда ҳам фахрланаман!
 
- Бу дунёда ҳақиқий дўстлик, жуда ҳам учрайдиган жуда ҳам ноёб туйғу, дўстлик жуда ҳам танқис, деган фикрга муносабатингиз?
- Бу фикрга қўшиламан. Лекин, бундай ҳолат мени ўзимга тегишли эмас! Мен болалигимдан жуда ҳам киришимли инсонман. Мен мулоқотсиз, инсонлар билан суҳбатлашмасдан яшай олмайман! Ҳаттоки, кайфиятим бўлмаганда ҳам, атрофимга инсонларни, болаларни тўплаб олишга ҳаракат қиламан. Ҳамма билан мулоқотда бўлишга интиламан. Баъзилар агар кайфияти бўлмаса, ёлғиз қолишга ҳаракат қилади. Менда эса, аксинча! Атрофимда қанча инсонлар кўп бўлса, ўзимни шунчалик яхши ҳис қиламан. Шунинг учун ҳам, менда дўстлик танқислиги йўқ! Чунки, мени дўстларим ҳам жуда кўп! Биринчи навбатда, бизни компаниядаги дўстлар, биз ҳаммамиз биргаликда, аҳил иноқмиз. Яхши дўстларимдан, Даврон, биргаликда ишлашдан ташқари, биз яқин дўстлармиз. Шунингдек, яна яқин дўстларимдан Нилуфар Усмонова, Динейра, Шаҳзода Матчонова, шунингдек эстрадага алоқаси йўқ яна бир неча дўстларим Жамшид, Сирож, Иродалар бор. Айниқса, юқорида номларини санаб ўтган, компанияда биргаликда ишлайдиган дўстларим билан бир оиладекмиз. Кўпинча бирга йиғиламиз, кулиб ҳазиллашамиз, имкони борича ишдан ташқарида, биргаликда йиғилганимизда, шоу бизнес ҳақида гапирмасликка, чалғишга ҳаракат қиламиз. Нилуфар билан ҳаттоки, тилдаги чегара ҳам билинмайди. Масалан, мен рус тилида гаплашаман, ўзбекчани жуда яхши тушунаман, лекин гапиришга қийналаман. Нилуфар эса, русчани жуда яхши тушунади, лекин гаплашганда бироз қийналади. Аммо, биз шунчалик яқин дугонамизки, бизга ҳаттоки бу нарса ҳам ҳалал беролмайди. Биз ҳаммамиз самимий дўстлармиз. Ҳаммаси инсоннинг ўзига ҳам боғлиқ, деб ўйлайман.
 
- Тақдирга ишонасизми?
- Билмадим, қийин савол. (ўйланиб) Бир тарафдан ишонаман, бир тарафдан йўқ. Менимча, тақдирни биз ўзимиз яратамиз. Биз миямизда нимани ўйласак, ўша нарса албатта юз беради, деб ўйлайман. Агар сен, ҳаммаси ёмон бўлади, деб ўйлайверсанг, миянгда шундай “дастурлаштирсанг”, демак, чиндан ҳам шундай бўлади. Агар сен ҳаётга позитив нигоҳ билан қарасанг ва “ҳаммаси яхши бўлади” деб ўйласанг, демак ҳаммаси яхши бўлади. Масалан, мен болаликда фақат оилани суратини чизардим, тасаввур қилардим. Инсон ўзини позитив йўналтира олиши керак, яъни яхши нарсаларни ўйлаши, “мен албатта бахтли бўламан!” дейиши керак! Ҳар бир қизга аталган инсон бор албатта, бу шубҳасиз. Кутилган шаҳзода ҳам албатта келади. Буниси билан муносабатлар амалга ошмадими, унда бошқа инсон топилади. Буни қизлар катта бир фожеага айлантиришларини ҳоҳламасдим. Масалан, мен доим твиттерда фаолман, кўпчилик дўстларимнинг твитларини кузатаман. (самимий) Баъзида ғамгин руҳда ёзилган твитларни ўқиб қолганимда, уларга “қўйсанг-чи, бахтсиз севги, бу қўрқинчли бир нарса эмас! Демак, у сеники эмас! Сени бахтинг албатта келади! Ҳали ҳаммаси олдинда!” дегим келади. Нимаики бўлмасин, ҳаммаси яхшиликка, деб ҳисоблайман!
shahzoda-8.jpg
 
- Унда муваффақиятларингизнинг сири, балки шундадир? Ҳаётга доим позитив қарашингизда?
- “Дунёда амалга ошмайдиган нарсанинг ўзи йўқ! Фақат ўша нарсани сен ўзинг ҳоҳласанг бўлди!” дейдилар! Шу фикр, шиордек миямга ўрнашиб қолган! Ҳаётим давомида, доим шунга амал қиламан! “Дунёда амалга ошмайдиган нарсанинг ўзи йўқ! Фақат ўша нарсани сен ўзинг ҳоҳласанг бўлди!” Фақат ўзинг шуни ҳоҳлашинг, амалга ошишини исташинг керак!
 
- Ўз олдингизга қўйган мақсадларингизга эришиш учун ўз вақтида, сизга оилангиз ёрдам берганми?
- Албатта! Лекин, омадга ҳам боғлиқ, деб ўйлайман. Менга омад ҳам ҳамроҳ бўлган. Лекин, биринчи навбатда оилам ва менинг иккинчи оилам бу «Тарона Рекордс» компанияси қўллаб-қувватлаган.
 
- Хонандаликни танлаганингизда, бунга онангизни муносабати қандай бўлган? Кўпчилик қизини хонанда бўлишини ҳоҳлашмайди.
- (самимий) Биласизми, мен ҳали турмушга чиқмасимдан аввал, 14-15 ёшлик вақтларимда, бир куни кўчада онам билан сайр қилиб юрганимизда, “Замин” студияси раҳбари Саъдулла Абдуллаев ва бир киши бизни тўхтатиб, “Биз ТВ да ишлаймиз” деб ҳужжатларини ҳам кўрсатишиб, “сизнинг қизингиздан яхши хонанда чиқади. Биз ўзимиз продюсерлик қиламиз” деб таклиф қилишган. Онамлар эса, ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди, “Менинг қизим хонанда? Йўқ ҳеч қачон! Ўлсам ҳам, бунга рози бўлмайман!” деганлар! “Бизнинг оиламизда хонандалар, актёрлар йўқ, нима деяпсиз? Бизнинг оиладагилар ҳаммаси юристлар, философлар, шифокорлар, менинг қизим хонанда бўлиши, йўқ, ҳеч қачон бўлиши мумкин эмас!” дегандилар. Орадан вақт ўтиб эса, мен биринчи турмушимдан ажралганимдан сўнг, менинг дугонам, хонандага турмушга чиқди. Бундан сўнг эса, .... Бу ҳақида, қандай қилиб хонандаликка кириб келганим ҳақида, ҳеч кимга сир эмас, аввал ҳам кўп айтганман.  Эндиликда эса, хонанда бўлганимдан сўнг, ҳозирда онамнинг бундан қанчалик бахтиёрликларини кўряпман. “Сен билан фахрланаман, айниқса, “Бу Шахзода! Бу эса, Шахзоданинг онаси!” дейишганида, қанчалик фахрланишимни тасаввур ҳам қила олмайсан!” дейдилар. Онам ҳозирда хонанда эканлигимдан жуда ҳам бахтиёрлар! Баъзида менга, “Сенга раҳмат, сен бу тарафлама ҳам мени бахтли қиляпсан” дейдилар. Баъзида эримга ҳам, “Сизга раҳмат, сиз қизимни бахтиёр қилдингиз ва бу орқали мени ҳам бахтли қиляпсиз” деб айтадилар.
shahzoda-15.jpg
 
- Сизни қайси қўшиғингиз ва қайси ролингиз, онангизга кўпроқ маъқул?
- Онамларга фильмларимдан “Мажруҳ” фильми жуда ҳам ёқади. Қўшиқларимдан эса, “Тилайман” қўшиғим! Онам “Мажруҳ” фильмини 20 марталаб кўрадилар ва ҳар сафар йиғлайдилар! Қўшиқни ҳам тинглаб доим йиғлайдилар... Мен ҳаттоки, бу қўшиқни тингламасликлари ва йиғламасликлари учун дискни олиб қўйишимга ҳам тўғри келяпти! Онамга тез куйланадиган қўшиқларим ёқмайди.
 
- Бу йилги концертингизга онангиз келдиларми?
- Албатта! (қувонч билан) Келиб, концертимни тамоша қилдилар.
 
- Карьера учун нимадандир воз кечганмисиз?
- (самимий кулади) Агар ҳозир, йўқ, ҳеч нарсадан воз кечмаганман, десам ёлғон гапирган бўламан! Агар буни воз кечиш, қурбон қилиш дейилса, ҳа, шундай бир нарса бор. Мен ўз боламга жуда ҳам кам вақт ажратаман! Аввал ҳам жуда кам вақт ажратганман! Айниқса, ижодий карьерам эндигина бошланган вақтлар! Ўша вақтларда менга онам катта ёрдам берганлар, фарзандимга улар қараганлар! Улгуриш қийин эди, репетициялар, доимий гастроллар, мен боламни бегона бир энагага ишона олмасдим, ахир. Ўшанда онам, доимий равишда, боламга қарашларига тўғри келган. Ҳалигача, бунинг учун ўзимни айбдордек сезаман ва фарзандим, унга етарлича оналик  меҳрини бера олмаганим учун, мени кечирмайдигандек туюлади. Шунинг учун ҳам, менга турмушга чиққанингизга анча вақт бўлди, нега яна фарзанд кўрмаяпсиз, дейишса, ўйланиб қоламан. Менда бир комплекс бор, агар фарзанд кўрсам, ижод, режалаштирилаётган концертлар сабаб, яна фарзандимга вақт ажрата олмайман! Тўғри, олдиндан бир нарса дейиш қийин. Лекин, мен инсон фарзанд кўрганида, фарзандига тамомила бутун қалбини бағишлаши керак, доим у унинг ёнида бўлиши керак, деб ўйлайман. Балки, танаффус қилиш керакмикан? Билмадим? Биласизми, болалар ҳеч нарсани тушунишмайди, деб ўйлаймиз. Лекин, бизга шундай туюлади. Аслида эса, улар ҳамма нарсани билишади ва эслаб қолишади. Ўзимдан келиб чиқиб айтяпман! Ҳар бир эътиборли ҳолатлар, онамнинг болалигимдаги айтган ҳар бир сўзи, ҳамма-ҳаммасини ҳалигача яхши эслайман.
 
shahzoda-4.jpg
- Ўғлингиз сизга бу ҳақида бирор марта айтганми? Масалан, укали ёки сингилли бўлиш истаги ҳақида?
- Йўқ! Ўғлим бу ҳақида менга бирор марта ҳам айтмаган. Лекин, унинг кўзлари, ҳаракатлари ҳаммасини айтиб турибди! Унинг кўзларидан билиб олишим қийин эмас! У бу ҳақида ҳеч қачон айтмайди, айтмаса ҳам керак. Биз эрим ва ўғлим биргаликда яшаймиз. (самимий меҳр билан) Ҳозир ўғлим анча катта бўлиб қолди, ўтиш даври. Мен унга кўпроқ вақт ажратишга, уни қучиб, кўпроқ эркалашга ҳаракат қиламан. Бирор ёққа сафарга кетаман ва у уйда қолади. Сафардан қайтиб келганимдан сўнг эса, баъзида у шунчаки қўл силкитиб “Салом” деб ўтиб кетса, ҳайрон қоламан. (самимий кулиб) “Мени соғинмадингми ўғлим?” десам, “Ойи эркалатаверасизми, мен ахир катта йигит бўлиб қолдим-ку” дейди. (кулади)
 
– Ўзингизни қандай она деб ҳисоблайсиз?
– (самимий) Ҳар ҳолда идеал она, деб билмайман. Чунки, идеал она қандай бўлишини яхши биламан. Лекин, идеал она бўлишни жуда ҳам ҳоҳлайман! Лекин, доим унга кам вақт ажратаман, ёки шундай туюлаверади.
 
– Ўғлингизни қайси касбда кўришни истайсиз, ёки у ўзига касб танлаб бўлдими?
– У ҳали касб танлагани йўқ. Мен эса ўғлимни юрист бўлишини жуда ҳам ҳоҳлардим. Чунки, бу эркакларга хос касб. Лекин, ўғлим нефть билан шуғулланишни, бизнесмен бўлишни ҳоҳлайди. Ҳозир ёшларда бу модага айланган. Қайси касбни танлашидан қатъий назар, мен унинг қарорини ҳурмат қиламан. Уни ўзим ҳоҳлаган касбни танлашга ҳеч қачон мажбурламайман! Чунки, инсон ўзи ҳоҳлаган касб билан шуғуллангани яхши, шундагина ўша ишда муваффақиятга эришади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, қайси касбни танлашни унинг ўзи ҳал қилади. Ҳозир у мактабни тугатиб, Интерхаус коллежида ўқияпти.
shahzoda-2.jpg
 
- Кайфиятсиз ва сизни таниш қийин бўлган вақтлар ҳам бўладими?
- Йўқ, менимча. (самимий) Яқинларим учун ҳеч қачон бундай бўлмайди. Лекин, нотанишлар учун, агар кайфияти бўлмаган вақт бўлса, балки бўлиши мумкин. Кайфиятим бўлмаганда, нотанишлар учун, ўзим билан ўзим бўлиб, унчалик гаплаша яхши олмаслигим мумкин. Лекин, ўз яқинларим билан аксинча, янада кўпроқ бирга бўлишга, мулоқотда бўлишга ҳаракат қиламан. Яқинларим мени жуда яхши билишади. (самимий кулади)
 
- Хонандалик фаолиятини танлаганларга, ижод билан шуғулланмоқчи бўлганларга қандай маслаҳат бера оласиз?
- Ҳозир ниманидир нотўғри гапириб қўйишни истамайман. Чунки, хонанда бўлишни жуда кўп қизлар ҳоҳлашади. Улар қандайдир продюсерларга боришади, рад жавобини олишса, кўнгиллари оғрийди, тушкунликка тушишади. Мени маслаҳатим, биринчи навбатда тўхташ керак эмас! Агар улар шуни чин дилдан истаб, астойдил ҳаракат қилишса, шунчаки телевизорда бирор хонандани кўриб, “мен ҳам шунга ўхшамоқчиман” деб эмас, чиндан ҳам қизиқиб интилишса, мусиқа билан шуғулланишса, қалбдан ўзини ижодкор инсон эканлигини ҳис қилиб, ҳаттоки рад жавобларини олганда ҳам, етарли даражада малағи бўлмаса ҳам, астойдил ҳоҳлаб, шу касбни севиб, ўз устида ишлашдан, ҳаракатдан тўхтамай, ўзларига бир комплекслар яратмай, руҳини туширмай, ўзига ишонишда давом этиш керак, деб ўйлайман. Лекин, шу билан бирга қарама – қарши маслаҳат: агар инсон уни фақатгина телевизорда кўрсатишлари учунгина, ўзини яхши кўрганлиги учун, либосларини кўз–кўз қилиш учунгина куйласа, бундай инсонларга маслаҳатим, ўзингизни қобилиятингиз бор бўлган иш билан шуғуллансангиз. Балки, уларни бошқа нарсага қобилиятлари бордир? Балки улардан яхши шифокор, юрист чиқар? Баъзида, болалар ота–оналари билан “мана фалончи қўшним телевизорда чиқибди, мен ҳам чиқаман”  деб тортишадилар. Бу ижод эмас! Бу ижодкорлик эмас! Яхшиси, ўзларини бошқа соҳадаги қобилиятларини синаб кўрганлари маъқул, деб ўйлайман.
shahzoda-10.jpg
 
- Шундай бир фикр бор, севги қанчалик кучли бўлса, эркинлик шунчалик камроқ бўлади. Аксинча, эркинлик қанчалик кўпроқ бўлса, севги шунчалик камроқ бўлади. Бу чегаралаш эмасми?
- Менимча, севги–муҳаббат эркинликни чегараласа, демак, бу севги эмас! Бу қандайдир хўжайинлик қилиш, ўша инсонга шахсий мулк сифатида қараш, назаримда. Агар ҳақиқий муҳаббат бўлса, инсонлар бир–бирларига ишонадилар. Бир–бирларига эркинлик берадилар. Муҳаббат ва оилада энг муҳими, бир–бирига бўлган ишонч ва эркинлик бера олиш, деб ўйлайман. Қандайдир бир чегаралар қўйила бошланса, масалан,  “бу ёққа бормайсан” қабилида, дейлик, (ҳолатга кириб) мени эрим менга, “кинода Улуғбек Қодиров билан суратга тушмайсан” деса, мен унга “мана бу хонанда қизга продюсерлик қилмайсиз” десам, бундай ҳолатлар, (самимий кулиб) бу севги–муҳаббат эмас! Бу шахсий мулк сифатида хўжайинлик қилиш, комплекслар... Севги–муҳаббат эса, биринчи навбатда эркинлик, инсонларнинг бир–бирларига бўлган ишончи! Мана бу ҳақиқий муҳаббат!
 
- Рашк–чи? Сиз ва турмуш ўртоғингизда қанчалик кучли?
- Баъзилар рашк бўлиши керак эмас, дейди. Баъзилар бўлиши керак, дейишади. Менимча, рашк ҳам меъёрида бўлгани яхши. Инсон тирик мавжудот ва унда рашк бўлиши табиий ҳол, агар асосли рашк бўлса, албатта. Лекин, Оллоҳга шукур, биз турмуш ўртоғим билан ҳеч қачон рашк қилишга ўрин қолдирмаймиз. Тўғри, ҳеч қачон, ҳеч қачон демагин, дейишади. Баъзида, кичкина рашк ҳам бўлиши керакдир балки, кайфиятини кўтариш учунми? Лекин, ўзингни ейдиган, асабийлаштирадиган ҳолатда рашк қиладиган бўлсанг, бу ҳам муҳаббат эмас!
shahzoda-7.jpg
 
- Ошхонада–чи, қандай бекасиз? Уйда таом пиширишга вақт топасизми?
- (самимий кулиб) Ҳозир ёлғон гапиришим ҳам мумкин, “зўр овқат пишираман, уни, буни пиширдим деб”! Лекин, (жиддийлашиб) тўғриси, мен ҳамма овқатни тайёрлашни яхши биламан!  Чунки, менинг онам жуда ҳам қаттиққўл бўлганлар ва 13 ёшимдан ҳамма ишни ўргатиб, қилдирганлар. Менимча, қўлимдан келмайдиган ишнинг ўзи бўлмаса керак. Лекин, тўғриси, вақт масаласи сабаб, уйда овқат қилмайман! (кулиб юборади) Баъзилар каби, “мана бундай овқатлар пишираман” деб ёлғон гапириб ўтирмоқчи эмасман! Вақт етишмайди, ишлайман, ахир доим ишдаман, гастрол сафарларида бўламан. Уйда овқат пиширишга бир қизни ишга олганмиз, у таомларни жуда ҳам яхши ва мазали тайёрлайди. Лекин, уйда бўлган вақтларимда, гастроллар бўлмаганида, дам олиш куни бўлганида, (меҳр билан) биз уйда, турмуш ўртоғим билан биргаликда таомлар тайёрлаймиз! Бироз зериксак, мен “бирор таом пиширайлик” дейман ва биргаликда тайёрлаймиз. Турмуш ўртоғим гўштли стейкни жуда ҳам ажойиб ва мазали қилиб, пишира оладилар, менга ёқади. Бу уларнинг фишкали таоми, уларни ўз тайёрлаш рецепт сирлари бор. Мени эса, турмуш ўртоғимга пиширган паловим ёқади. Палов билан бирга тайёрлаган турли салатларим, жуда ҳам маъқул бўлади.
 
- Сизни севимли аксессуар ёки, доим бирга олиб юрадиган бирор буюмингиз борми?
- (ўйланиб) Никоҳ узуги ва қўл телефоним.
shahzoda-9.jpg
 
- Ҳаммани ижодида гуллаган, жуда муваффақиятли бир давр бўлади. Кимдадир 20 ёшда, кимдадир 30 ёшда келади у давр... Сизда–чи? Нима деб ўйлайсиз?
- Менда эса, (ўйланиб ва самимий кулиб) ҳаммаси олдинда! Олдинда янада катта муваффақиятлар бўлади, деб умид қиламан!
 
- Тадбирлар, маросимларда ўзингизни турмуш ўртоғингиз ёнида, ҳамма нарсани билган ўта ақлли аёл дебми, ёки ёш қизалоқ деб ҳис қиласизми?
- (жилмайиб) Ёш қизалоқдек, ҳис қиламан! Бу менга жуда ҳам ёқади! Менинг отам ҳам, онамдан 10 ёш катта бўлган. Менга ўзимни ёш қиздек ҳис қилиш ва ортимда кучли бир суянчиқ борлигини ҳис қилиш ёқади.
shahzoda-6.jpg
 
- Кайфиятингиз ва характерингиз ишингизга таъсир кўрсатадими?
- Аксинча, ишим кайфиятим ва характеримга таъсир кўрсатади.
 
- Оила ва хонандаликдан ташқари, яна бирор хоббингиз борми?
- Хонанда бўлмаганимда, барибир ижодкорлигим туфайли, менимча, модельер бўлардим. Ҳозирда бизда ҳам мода ривожланяпти. Style.uz санъат ҳафталиги, ҳар хил мода намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мен буларнинг барчасида қатнашишга ва хабардор бўлишга ҳаракат қиляпман. Ҳозирда хонандаман, албатта модельер бўлиш учун вақт етишмайди, лекин мен барибир модельерликка қизиқаман, ўзимга клиплар ва концертларда либослар ўйлашга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари, уйда хонаки гулларни парваришлашни ҳам жуда яхши кўраман. Бунга ҳам анчадан буён қизиқиб қолганман, атай вақтим бўлганида, чиройли гуллар сотиб оламан ва уларни уйда парваришлайман.
mtva-taqdimot-vaqti-zalda-4.jpg
 
- Сиз қай бирини танлаган бўлардингиз, раҳбарликни ёки оддий ишчиликни? Қай бири сизга яқинроқ?
- Менимча иккаласи ҳам менга тўғри келмайди. Менимча, мен яхши ҳамкор бўла олардим.
 
- Ижодий янгиликларингиз? 
- Клипмейкер Ёдгор Носиров билан “Қўллар тепага” қўшиғимизга клип суратга олдик. Сюжетли, мазмунли клип. Мен доим Ёдгор билан ҳамкорликда ишлайман. Рус тилида ҳам қўшиқ ёздик ва ноябрда Киевга борганда, унга клип суратга оламиз. Бу қўшиқ Муз ТВ да намойиш қилинади. Баҳорда, Россиялик мухлислар учун аталган янги мусиқий альбомим чиқади. Яна бир янги дуэт қўшиқ куйладим, Европалик машҳур бир хонанда билан! Лекин, кимлиги ҳозирча сир бўлишини истайман! Бу қўшиққа ҳам клип суратга олгач, биргаликда тақдим қиламиз. Янги ўзбек тилидаги мусиқий альбомимни ҳам тайёрлаяпмиз. Шунингдек, ҳозир яна бир сценарийни ўқияпман ва унда роль ижро қилиш, қилмаслик ҳақида жиддий ўйлаяпман. Бу фильм ҳам мелодрама жанрида ва мен яна мелодрамада роль ижро этишни ҳоҳламайман. Мен эндиликда, комедик фильмда роль ижро этишни истайман! Қувноқ, комедик ролга таклиф қилишса, ижро қилмоқчиман.

Саида Вахобова

img_06601.jpg

shahzoda_5.jpg