OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

"МАҲАЛЛАДА ДУВ-ДУВ ГАП" 50 ЁШДАН ОШДИ... 14.01.2013 03:22

"Тасвир" газетасида чоп этилган
mahallada-duv-duv-gap-8.jpg
Миллий кино
“Маҳаллада дув-дув гап”
 
Ўғлим, овқатингни  емайсанми?”, Ўнта қўй нима бўлади?”, “Булбулигўё сайраганда, беданалар тилини тишлайди…”, “Тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб чиқаришмайди-я…” каби ибораларигина эмас, фильм диалогларию воқеаларини ҳам бошдан оёқ ёддан билсак-да,қайта-қайта томоша қиладиган фильмларимиз рўйхатидаги биринчи ўрин, шубҳасиз, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмига тегишли.
mahallada-duv-duv-gap-6.jpg
Маҳалланинг осуда кўчасини машиналарнинг шовқини бузиб, Ойпошшахон ўз ташвиш-у қувончлари билан бизни фильмдаги воқеалар қўйнига олиб кириб кетади. Беихтиёр Меҳрихон аянинг келин тушириш пайидаги орзулари, Ойпошшанинг ўғил уйлантириш  қайғуси-ю, Ҳалима аянинг қизи қўшиқчи бўлиши ҳақидаги хаёллари бизга ҳам бегона бўлмай қолади. Зеро, бу ният ва орзулар йўлидаги майда-чуйда ташвишлар ҳар бир ўзбек хонадонига таниш манзара. Балки шунинг учундир, томошабин фильм воқеаларига бефарқ бўлолмайди. Қаҳрамонлар кулса  кулиб, йиғласалар қўшилишиб изтироб чекади. Аммо... фарзандларнинг ҳаётга ўз қарашлари-ю, ўлчовлари борлиги ҳам сир эмас. Ота-оналар ва болалар ўртасидаги зиддиятлар, фикр ва қарашлар кураши фильмдаги кулгили вазиятлар орқали очилиб боради...
mahallada-duv-duv-gap-7.jpg
Режиссёрнинг фильмдаги кичик топилмалари  алоҳида таҳсинга лойиқ. Хусусан, Меҳрихон аянинг ўғлининг болаликдаги дўпписини сандиқда асраши, архитектор қиз ҳақидаги хаёллари меҳрибон она  қиёфасини яратишга хизмат қилади. Умарнинг туфлисини тозалаб чёткасини отиб юбориши, қаҳвахонадаги музқаймоқ можароси сингари кичик деталлар эса қаҳрамонларнинг феъл ва кайфиятларини очишдек вазифани бажара олган.
mahallada-duv-duv-gap-5.jpg
Самоварнинг эриб кетиши, косадан чиққан қоғоз, товуқ катаги, гап пойлашлари-ю, тўй бузилишидаги ҳолатлари эса Ойпошша ва Арслонларнинг ким эканлиги ҳақида тўлиқ маълумот берганлигининг гувоҳи бўламиз.
 
Ҳаммаси икки варақли сценарийдан бошланган.
Ваҳоланки,  “Маҳаллада дув-дув гап”  шу кунларда 82 ёшини қаршилаётган ўзбек киносининг буюк режиссёрларидан бири Шуҳрат Аббосовнинг илк фильми эди. Москвадаги олий режиссёрлик курсини муваффақиятли якунлаган ёш режиссёр юртига чексиз муҳаббат ва соғинч ҳислари миллий, ўзбекона бир асар яратиш орзуси билан қайтади. Шундай кунларнинг бирида унинг қўлига “Ўзбекфильм” таҳририятидаги кўплаб сценарийлар қаторида чанг босиб ётган атиги икки варақдан иборат сценарий тушиб қолади. Бу  муаллим Абдулла Рамазоновнинг янги уй ҳақидаги орзулари мужассам “Суюнчи” номли сценарийси  эди. Ёш режиссёр бундан фильм чиқариш мумкинлигини қалбан ҳис этиб, ўзига “Оскар” деб тахаллус қўйиб олган муаллифни излаб топади.
Муаллифнинг кўнгил кечинмаларини қоғозга туширгани-ю, драматургияга кучи етмаслиги маълум бўлгач, устози Гинзбургнинг маслаҳати билан ёш режиссёр, Москвадан Юрий Рест исмли кинодраматургиянинг билимдони бўлган инсонни Тошкентга таклиф қилади. Тез кунда Юрий Рест, Абдулла Рамазонов ва Шуҳрат Аббосовдан иборат жамоа ишга киришиб кетадилар. Лекин, сценарий тайёр бўлгач,  режиссёр рус тилида сабоқ олгани, Абдулла Рамазонов рус тили муаллими, Рест эса ўзбек тилини умуман билмагани боис, фильм диалогларини ўзбек тилига ўгириш муаммоси туғилади. Ўйлай-ўйлай, бу ишни ёзувчи Абдулла Қаҳҳордан илтимос қилишга қарор қиладилар.
Ўша кунларда стационарда даволанаётган Абдулла Қаҳҳордан “ташлаб кетинг, кўриб қўяман…” деган жавобни эшитган режиссёрнинг “Йўқ, ташлаб кетолмайман. Эртага съёмка. Бир куним бекор кетса, давлатнинг ўн минг пули куяди...” деган сўзларидан сўнг ёзувчи ўша заҳотиёқ ишга киришади. Унинг ёнида ёзаётган ҳар бир жумласини завқ билан ўқиб ўтирган Шуҳрат Аббосов: “Уйимда сичқонлар  ҳасса таяниб юрибди-ку?” деган жумладан сўнг ўзини тўхтатолмай хо-холаб кулиб юборади ва нариги ўриндиққа “сургун” қилинади.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, тайёр бўлган қўлёзмани ҳайдовчи ва режиссёр ичаклари узилгудай кула-кула, студияга олиб келишади...
Шу тариқа биз севган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг сценарийси тайёр бўлиб, асосий роллар буюк актёрлар Лутфихоним Саримсоқова, Марям Ёқубова, Раҳим Пирмуҳамедов, Раззоқ Ҳамроев, Икрома Болтаева, Ҳамза Умаровларга  топширилади. Энди суратга олинадиган учта ҳовли масаласини ҳал қилиш вақти келганди.
Шуҳрат АББОСОВ:
“Тиланчи учала эшикни тақиллатган”
— Бу фильм фақат менигина эмас, рассом, оператор, иккинчи режиссёримизнинг ҳам биринчи фильмлари эди. Қалбимиздаги ҳаяжонни тасаввур қилаверинг. Бу фильм билан биз ўзимизнинг кимлигимизни кўрсатиб қўйишимиз керак, деган фикрда эдик. Суратга олиш учун мос ҳовлини узоқ қидирганмиз. Лекин кўнглимиздагидай ҳовли учрамагани боис, Чилонзордаги маҳаллалардан бирида декорация ёрдамида қуришга киришганмиз. Рассом суратини чизиб берди ва  шу асосда ҳар бир  қаҳрамоннинг феълига мос қилиб учта ҳовли қурилди. Биз ўша ҳовлиларда ишлаганмиз эмас, яшаганмиз, десам тўғрироқ бўлади. Актёрлар суратга олиш ишларини якунлаб уйларига кетишарди, биз эса баҳслар, тортишувлар билан кейинги съёмка кунига тайёрланардик. Тортишувлар қизигандан қизиб, тонгга яқин уйқуга кетардик. Ичкарига кириб ухлашга қўрқардик, декорацияларнинг ҳар томонидан елвизак уриб турарди, чақадиган у-бу нарсалар чиқиб қолишидан чўчирдик. Шундай кунларнинг бирида совуқдан қалин кўрпаларга ўраниб супада ширин уйқуда ётганимизда, азонлаб эшик тақиллади. Бошқалар ҳам уйғониб кетишмасин деган хавотирда, тезда ўрнимдан туриб, эшикни очдим. Қарасам, остонада бир тиланчи турибди, ёнида кичкинагина  қизчасиям бор. Дастурхонда кечки овқатдан  битта ёпган нон қолган экан, олиб чиқиб бердим. У раҳмат айтиб, йўлга тушди. Мен эшикни ёпиб, уйқумни келган жойидан давом эттириш ниятида  жойимга чўзилдим-у, аммо улгурмадим. Негаки, энди ёнимиздаги иккинчи ҳовлининг эшиги тақиллади.
— Бу яна ким бўлди? — деган ўй билан ўша Ойпошша тиқилиб қолган тирқишдан ўтиб эшикни очдим-у, қаршимда мен  ҳозиргина нон бериб кузатган тиланчини кўриб, ҳаммасини тушундим. У эса гап нимадалигини тушунолмай ҳайрон. Менга қараб жавдирайди, ранги қув ўчган.
Тезда биринчи ҳовлига ўтиб, дастурхондан бу сафар яримта бўлка нонни олиб келиб, унинг қўлига тутқаздим.
Унинг ҳайрат тўла кўзларига парво қилмай, эшикни ёпиб ўрнимга қайтиб келиб ётганим заҳоти хаёлимга келган “Ҳозир бориб учинчи ҳовлиниям тақиллатади-ку?” деган ўйдан сакраб турдим-да, дастурхондаги қанд-қурсларни йиғиб, учинчи ҳовлининг эшигига бордим. Чиндан ҳам “зум ўтмай” эшик тақиллади.
Эшикда яна мени кўрган тиланчи аёл энди тахтадек қотиб қолди.
Мен ширинликларни қизчага узатар эканман.
— Кино оляпмиз… “Маҳаллада дув-дув гап” деган... дуо қилинг, — дедим.
Ҳамкасбларим уйқудан туришганида, воқеани айтиб бериб, роса кулдирганман. Шунда менинг талабчанлигимдан безор бўлган рассом,  “Мана кўрдингми, нуқул мени койийсан… Демак, суратларим шунчалик яхшики, қурган ҳовлимиз ҳақиқийга  ўхшагани учун тиланчи ҳам келибди...” деб, бу вазиятдан менга норозилигини айтиб олишда фойдаланиб қолганди…
 
Тўлқин ТОЖИЕВ:
“Сўзнинг ранги, таъми, ҳиди бўлади”
— Фильмнинг ярим муваффақияти унда роль ижро этган ўзбек халқининг буюк актёрларига тегишли, деб биламан. Зеро, театрнинг отаси Станиславский “Актёрга истеъдод эмас, истара керак...” деган эди. Раҳим Пирмуҳамедов бир кўзи ёпиқ бўлса-да, чеҳрасидан нур ёғилиб турарди. Шу билан бирга ҳар бир сўзнинг рангини, мазасини, ҳидини бера оладиган актёр эди. Ҳа, ҳайрон бўлманг, сўзнинг ранги, мазаси, ҳиди бўлади ва буларни ҳис қилиб, томошабинга етказа олиш фақат буюк актёрларгагина хос. Раҳим аканинг:
— Уф-ф-ф..бошланди... — деб айтган биргина сўзининг ўзидаёқ бир олам маъно бор.
Лутфихон аянинг “Она”лари-ку, самимий ва табиий. Ойпошшанинг “ўнта қўй нима бўлади?” деган гапини эшитганда, “Вой, қурмагур Ойпошша-ей...” деган гапларини шу актрисадан бошқа яна ким шундай чиройли айта олади?! Ҳеч ким!
Кичкинагина роль билан бўлса-да, менга ана шундай буюклар билан биргаликда тарихда қолиш бахтини берган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан миннатдорман.
 
Шуҳрат АББОСОВ:
“Юз йилда бир келадиган актёрлар билан ишладим”
— Актёрлар ансамбли чиндан ҳам ишончимизни юз эмас, юз эллик фоизга оқлашди. Биргина машиналар қатор-қатор кутиб турибди-ю, Арслонбек тишини кавлаб кириб келадиган  эпизодни олинг.
mahallada-duv-duv-gap-4.jpg
Раҳим ака шунчалар табиий ижро этганки, чарчаганига ёки аслида емаса-да, йигирма беш сих кабобни еганига томошабинни ишонтира олган...
mahallada-duv-duv-gap-10.jpg
Аяжонимнинг  “Ўғли Москвадан  келиш саҳнаси”да сценарий бўйича атиги бир-иккитагина жумлалари бор эди.
Мен “Икки ўт орасида қолган онанинг  иккиланишларини ўйнаб берасиз”, дедим. Аввал она ўғлини қучоқлаб ўпади, соғинчдан кўзлари ёнади-ю, кейин унинг рухсатисиз уйлангани эсига тушиб, ғазаб отига минади, дедим. ўзи аслида бу кўринишларни алоҳида-алоҳида икки, учга бўлиб суратга олишимиз керак эди. Мен “биттада чиқариб берасиз”, деб туриб олдим.
“Ана шунда кулгили ҳолат чиқади”, дедим.
— Вой, қандай ўйнайман?  Алоҳида олганингиз яхши, — дедилар.
Кўнмай, туриб олдим.
У киши бир чеккага чиқиб, бир нарсаларни ўзларича пичирлай бошладилар. “Тайёрмисиз?” десам, “Йўқ” дейдилар.
Бир пиёла чой ичдим, икки пиёла ичдим, охири жаҳл билан пиёлани отиб юбордим.
— Бўлди, бошлайверинг, — деб, шундай ўйнаб бердиларки...
“Ҳо-о-о...” деганларининг ўзида, “дод” деб юборишдан ўзимни зўрға тўхтатиб қолганман...
mahallada-duv-duv-gap-6.jpg
Марям Ёқубованинг ўзлари бир олам эдилар. Қўшниникига чиқадиган дарчани торроқ қилиб қўйган эканмиз, денг, репетиция яхши ўтди-ю, съёмка пайтида ўтаётиб тиқилиб қолсалар бўладими?
Ҳаммамиз нафасимиз ичимизга тушиб, жим бўлиб қолдик. Марям опа эса ўзларини йўқотмай, “Вой...вой, балога йўлиқсин-ей...” деб бирпасда сценарийда йўқ гапларни тўқиб ташладилар. Қўшни аёл югуриб бориб, у кишини тортиб олди. У киши “кўйлакларим йиртилмадими”, деб у ёқ-бу ёқларига қарадилар. Хуллас, у ёғи импровизация бўлиб кетди...  Кейинги дублларда “Ёнламасига ўтсам бўларкан, нима  қилай?” деганларида, “Йўқ! Тиқилиб ўтинг! Чиройли, томошабинда кулгу уйғотадиган деталь топилди”, деганмиз.
Мен уларнинг ҳаммасига бир сўз билан “юз йилда бир марта келадиган актёрлар” деб таъриф бергим келади...
Аммо, ёшларни топишимиз анчайин қийин кечган. Театрда ёш актёрлар йўқ, профессионал актёрларни таклиф қилай десам, ёшлари тўғри келмайди. Мактаб, артеллардан қидирганмиз. Сайёрани мактабдан,
mahallada-duv-duv-gap.jpg
Умида — “енгил кавалерия”ни артелдан,
mahallada-duv-duv-gap-11.jpg
архитектор қиз — Азизани телевидениедан топганмиз. Уларга камера олдида ўзини тутиш сирларини ўргатиш йўлида қилган меҳнатларимиз бекор кетмади, актёрлар ансамблидан узилиб қолишмади.
“Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг съёмка жараёнида танишган ҳаваскор актрисалар бошқа фильмларда учрашмадилар. Чунки, улар санъат йўлини танлашмади. Бирлари тиббиёт фанлари доктори, профессор, иккинчиси педагог ва олима бўлиб халқимизга хизмат қилган бўлса, “енгил кавалерия” ролининг ижрочиси Розахон эса турмуш ўртоғининг  санъат соҳасидаги изланишларига кўмакдош бўлиб, ўзини фарзандлари тарбиясига  бағишлади.
mahallada-duv-duv-gap-3.jpg
 
Роза РИЗАМУҲАМЕДОВА:
“Енгил кавалерия” бўлганимдан хурсандман”
— Бир сафар мухлислар билан учрашувга Самарқандга кетаётган чоғимизда, йўлда бизни милиция  ходими тўхтатди ва эшикни очиб, ҳайрат аралаш: “Э-э, бу енгил кавалерия-ку!” деди. Мени умр бўйи шу ном билан аташди ва мен бундан жудаям хурсандман. Фильмда роль ўйнаш, бунчалик машҳур бўлишни хаёлимгаям келтирмасдим. Аммо, шундай таклиф бўлгач, қизиқиш устун келиб, киностудияга бордим. Суратга олишди,  атрофдаги чиройли-чиройли қизларни кўриб, синовдан ўтишимга ишонмагандим ҳам. Қолаверса, Хитойдан келганим сабабли, ўзбек тилида яхши гапиролмасдим. Лекин, омад айнан менга кулиб боқиб, машҳур актёрлар билан ижод қилиш бахтига муяссар бўлдим. Уларнинг кўмагида ўз вазифамни уддаладим, деб ўйлайман.
mahallada-duv-duv-gap-1.jpg
Мендан кўпинча “Фильмдаги ўзингизга ёқадиган кўриниш қайси?” деб сўрашади. Шунда, ойнага қараб йиғлаб ўтирадиган жойим, деб жавоб бераман. Ўшанда роса йиғлаганимдан кўзларим шишиб кетганди.
Бу  ҳолатга киришим учун Шуҳрат ака кўп тушунтирганлар, аммо йиғи кела қолмаган. Тўғри-да, ижодий гуруҳдаги шунча одам сенга тикилиб турганида, йиғи келармиди, дейсиз? Шунда бу ҳолатдан ўнғайсизланиб, ўрнимдан туриб чиқиб кетмоқчи бўлдим-у, бехосдан  кўйлагимнинг этагини босиб олдим.
mahallada-duv-duv-gap-9.jpg
Йиқилишдан ўзимни зўрға ўнглаб олгандим ҳамки, Шуҳрат Аббосовнинг: “Ўрнингиздан туришни эплай олмайсиз-у, кинода рол ўйнамоқчисиз-а?” деган гапи ўлганнинг устига чиқиб, тепгандай эшитилди. Хўрлигим келиб, йиғлаб юбордим. Шунда режиссёрнинг “Мотор!” деган буйруғи янграб, суратга олинганди...
 
Шуҳрат  АББОСОВ:
“Танқидни ҳам кўтаришга тўғри келган”
— Халқ фильмимизни яхши қабул қилди. “Яхши фильм рекламага муҳтож эмас”, деган иборанинг   исботини ўз кўзим билан кўргандим ўшанда. Мухлислар кинотеатрларга ойналарни синдириб кириб кўришарди. Фильм Москвада ҳам юксак баҳоланиб, юқори маош билан тақдирлангандим. “Маҳаллада дув-дув гап” фильми чинакам машҳурликни туҳфа этгани билан ҳам, мен учун жуда қадрли…
Уни халқимга тақдим этар эканман, миллий фильм яратиш учун қалбда ўз халқига бўлган чексиз муҳаббат бўлиши кераклигини юракдан ҳис этдим. Унда халқимизнинг қадриятлари, анъаналари билан бир қаторда баъзи иллатларини ҳам кўрсатиб ўтганмиз. Бир сўз билан айтилганда, янгиликнинг эскилик устидан Ғалабаси…
Лекин, бугунги кунда томошабинлар севиб томоша қилаётганлари фильмнинг биринчи нусхаси эмас. Биринчи нусханинг финалида, бузилаётган уйи қаршисида турган Меҳри холанинг кўзларида ачиниш ҳислари акс этиб, ёш йилтирайди...
У даврларда Москвага жўнатишдан аввал,  фильм давлат раҳбарлари кўригидан ўтиши шарт ҳисобланарди. Муҳокамада турли-туман фикрлар  билдирилиб, қурилиш бўйича мутасадди раҳбарнинг: “Ёлғон. Биз қурилишда бундай чанг кўтариб ишламаймиз...  Ҳар тонг аввал сув сепиб, кейин иш бошлаймиз...” деган эътирозларигача ҳазм қилишга тўғри келди. Бу хаспўшлаш ниҳоятда кулгули эшитилди, албатта. Муҳокама сўнгида фильм финалига ҳам эътироз билдирилган. “Биз қаҳрамонингизга янги, турли қулайликларга эга уйлар қуриб беряпмиз-у... у бўлса, бундан хурсанд эмас...”
Мен “Аслидаям,  ҳаммамиз  ҳаётда ўрганиб қолган нарсаларимиздан қийинчилик билан ажраламиз. Фильм қаҳрамони учун ҳам уйининг бузулиши — қайғули воқеа. Чунки, у шу ҳовлида туғилган, ота-онасини шу жойдан сўнгги манзилга кузатган. Шу ерда фарзанд кўрган. Шундай бўлганидан кейин, қадрдон гўшаси вайронага айланаётганини кўриб туриб қайғуга ботиши тайин”… деган сўзлар билан якунни оқлашга ҳаракат қилcам-да, фильм якунини барибир ўзгартиришимизга тўғри келган.
Финални ҳозирги ҳолга келтиргач, айтилган фикр қанчалар тўғри эканлигини   тушундим. Чунки, хотира қанчалар қадрли бўлмасин, ҳаёт ривожланиш ва янгиликлардан иборат…
 
mahallada-duv-duv-gap-2.jpg
Халқимизда “олтин зангламайди” деган ибора бор. Зеро, ҳаётда яхши асарларнинг ҳам олтин сингари йиллар тўфонини писанд этмаслигига кўп бора амин бўлганмиз. Шундай экан, эллик ёшдан салгина ошган   “Маҳаллада дув-дув гап”  фильми, ҳали яна кўплаб томошабинлар қалбига йўл топа олишига ишонамиз. Демак, ҳали узоқ йиллар “Маҳаллада дув-дув гап” бўлаверади...
Туҳфа НАЗАРОВА.
mahallada-duv-duv-gap-12.jpg