OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

 КОНЦЕРТЛАР

2

image

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВА: АЁЛНИНГ КУЧИ НИМАДА? 02.04.2017 12:09

photo (21)

Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ижод ва оилани баробар олиб бораётган санъаткор сифатида, нафақат ўз қўшиқлари, балки инсонийлиги ва маданияти билан ҳам, кўпларнинг кўнглидан жой олган санъаткор. Гулсанам Мамазоитова ҳозирда янги мусиқий альбом устида ишламоқда.

photo (19)  

- Ўтган йил режалаштирган ишларингизга қанчалик улгурдингизу, бу йилги режаларингиз қандай?

- Мен режа қилишга одатланмаганман. Йил бошида деярли режа қилмайман. Ҳар йили йил бошида концерт қўяр эдим, лекин бу йил концерт қўйиш ниятим йўқ, чунки, совуқ кунлардан қочиш ниятида, балки кузда концерт берарман, деб ўйлаяпман. Сабаби, концертим тўлиқ жонли ижрода бўлади,  совуқ кунларда бу ўзимга ҳам, мухлисларга ҳам бироз қийинчилик туғдирмоқда. Ахир мени шу концертим учун жуда узоқдан, нафақат вилоятлар, балки бошқа давлатлардан келадиган мухлисларим ҳам бор! Ўтган йили февралда концертимнинг охирги кунларига келиб, кучли қор ҳам ёғиб берди! Совуқ ўзимни ҳам овозимга таъсир қилди! Овозимдаги фарқ ҳам сезилди. Шундай совуқ кунларда узоқдан Тошкентга келиш, мухлисларимга ҳам осон бўлмади, лекин келишди! Шунинг учун ҳам, бу йил концертимни кузга кўчиришга қарор қилдик. Билмадим, агар бу йил эмас, ундан кейинги йил берадиган бўлсам ҳам, хафа бўлмайман, қайтанга яхши тайёргарлик билан, ҳаво илиқ  куз кунлари, яхши дастур билан концерт қўйишни ҳоҳлайман! Концерт бериш, бу режа эмас, ҳар доим қиладиган ишимиз, ижодимизни  халққа тақдим этиш! Одатда концерт беришдан аввал, шоирлар, бастакорлар билан келишиб, ёзиладиган қўшиқлар режасини тузиб оламиз. Лекин, янги мусиқий альбом устида ишлаяпмиз, концерт бермасак ҳам, янги мусиқий альбом чиқади! Ҳозирда янги мусиқий альбомимнинг 50 фоизи тайёр!

 

- Ташқи қиёфангиз тарафлама жуда ҳам кучли, қатъиятли, иродали аёл сифатида таассурот қолдирасиз. Аслида-чи?

- Аслида ҳам шундайман! Чунки, акам иккимизни, Онамизнинг ёлғиз ўзлари ўстириб, катта қилганлар. Ота меҳрини деярли кўрмаганмиз. Лекин, шундай бўлса ҳам, Онам бизни кам қилмаганлар. Қўлдан келганча тарбия қилиб, ўқитиб, керак бўлса, кўчада эркак, уйда аёл бўлиб ўстирганлар. Шу нарсанинг таъсири бор. Онамнинг лафзи кучли, “болам бир нарсани кучинг етса, “қиламан” дегин. Кучинг етмаган нарсани “қиламан” деб ваъда берма!” деб, ҳалигача ўргатадилар. Тарбиямда шу нарса бор! Мен йиллар ўтиб шаклланмаганман, бу нарса қон-қонимга сингиб кетган! 

 photo (10)

- Санъаткор ҳамиша халқ эътиборида, лекин бунинг иккинчи сал қийин тарафи ҳам бор! Мана шу иккинчи тарафига муносабатингиз қандай?

- Лекин, мен бу тарафининг қийинчилигини сезмайман. Масалан, супермаркетлар, бозорларга ҳам боргим келса, бораман. Одамлар ичида юриш, мен учун қийин эмас. Ўзимга керакли нарсаларни бемалол харид қилавераман. Лекин, турмуш ўртоғимнинг диди жуда яхши! Нарса танлашни кўпинча уларга қўйиб бераман. Аммо, ўзимни ҳам харид қилгим, айлангим келса, масалан, турар-жойимизга яқин “Кадышева” бозорига бориб тураман. Яхши-яхши дўконлар бор, у ерлардан, ҳамда кечасигача ишлайдиган Гидромаркетлардан бемалол харид қиламан. Қолаверса, (парк) хиёбонларда концертлар, тадбирлар бўлса ҳам, ҳамиша Халқ билан биргамиз! Халқдан ўзимни тортмайман! Ўша Халқ кирадиган йўлакдан кираман, суҳбатлашиб, суратларга тушаман, ҳеч қачон Халқдан ўзимни олиб қочмайман!

 

- Вақт ўтган сайин санъаткор ижод тарафлама талабчанлиги ҳам ўсиб боради! Вақт ўтиб, аввал тушган суратлари ҳам ўзига ёқмай қолиши мумкин. Шу каби аввал куйлаган қўшиқларингиздан ҳам, масалан, қайси бирини бугун “куйламасдим” деган бўлардингиз?

- Йўқ, менда бундай одат йўқ, қўшиқларимнинг ҳеч бирини бугун “куйламасдим” дея олмайман! Ҳаттоки, ўша аввал тушган, бироз сифатсизроқ бўлган, “бўялмаган” эски суратларимни ҳам, “ёқмай қолди” демайман! Ўйлайман, “мени боримча қабул қилишлари керак, ахир мен ясама қўғирчоқ бўлмасам! Мен ҳам одамларга ўхшаган инсонман-ку!” дейман. Қўшиқ ҳам шунга ўхшаган, ўша бошлаган вақтдаги ҳис-ҳаяжонларингиз, қизиқишларингиз ва шу санъатга кириб келишингиз билан боғлиқ яхши хотираларингизни эсга соладиган қўшиқлар бўлиши мумкин! Бу сизнинг ҳиссиётларингиз, сизнинг умидларингиз! Барибир қандай қўшиқ бўлишидан қатъий назар, ўша қўшиқлар устида озми-кўпми, тер тўккансиз, маблағ сарф қилгансиз! Мен шу пайтгача куйлаган бирорта ҳам қўшиғимдан уялмайман! Мухлислар сўрашса, иложи борича жонли ижрода куйлаб бераман, агар мабодо созандаларим куйини билмаса, борича ижро қилиб бераман, баъзида битта гитаранинг ўзида ҳам ижро қилиб беравераман. Лекин, кўп жонли ижрода куйлаганим учун созандаларим деярли ҳамма қўшиқларим куйларини билишади. Агар атрофимда созандаларим бўлмаса, ёки жонли ижрода куйлашнинг имкони бўлмаса, ўшандагина фонограммасини қўйдиришим мумкин.

photo (20)

- Мухлисларингиз сизнинг қўшиқларингиздан ташқари, яна нима учун мухлис бўлишган, деб ўйлайсиз?

-  Менга асосан қўшиқларим учун мухлис бўлишларини ҳоҳлайман. Чунки, барибир санъаткорни ёдга соладиган нарса, бу унинг қандай инсонлиги билан биринчи ўринда қўшиқлари! Авлоддан авлодга ўтиб келадигани, эслаганда ҳам, “яхши инсон эди, яхши қўшиқлар айтган” дейишларининг ўзи катта нарса! Ёмон инсон бўла туриб, яхши хонанда бўлиш ҳам мумкин. Айримлар ҳақида, “Одам сифатида бир тийинга қиммат эдию, лекин ижодни яхши қилган” дейишганларни ҳам эшитганман. Лекин, мен ўзим кўпроқ самимий инсон бўлиб, халқ билан, мухлислар, яқинлар билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан! Ким учундир яхши кўринишга эмас, ўзим учун яхши инсон бўлгим келади! Ўзимга нимани ҳоҳласам, бошқаларга ҳам шуни илингим келади.

 

- Мухлисларингиз ичида, ўзгача бир ҳатти-ҳаракати билан ёдингизда қолгани бўлганми?

- Бундай ҳолатлар кўп бора бўлган. Энг эсда қоларлиси, бир концертда, очиқ майдонда халқ учун катта тадбир бўлган! Ўша вақтлар “Ажаб-ажаб” қўшиғим чиққан вақтлар эди. Майдонда катта оломоннинг ичида қолиб кетганман! Унда ҳаттоки, қўриқчилар ҳам бўлмаган эди. Бугунги кундаги каби тартибни сақлаш ҳам йўқ эди! Ҳаттоки, оёқ кийимларим ечилиб кетган... Шундай мухлисларим Наманганда бор, аёллар, қизлар, ҳаттоки кийимларимни йиртиб юборай дейишади... Лекин, мени бунга ҳеч жаҳлим чиқмайди! Аксинча, хурсанд бўламан, чунки шунчалик севимли бўлганлигимдан қувонаман! Улар мени самимий, дилдан, худди туғишган инсонидек яхши кўришади! Инсонни қанчалик ўзини тута билиши, бу ўзига, ўз характерига боғлиқ! Шунчалик сизга яхши кўриб, сизга талпинганликларига шукур! Бизда ёмон мухлиснинг ўзи йўқ! Бизнинг мухлислар жуда ҳам савияли, ақлли, кимнинг қўшиғини тинглашни, кимга қандай баҳо беришни жуда яхши билишади.

 photo (15)

- Кузда концерт беришни режалаштиряпсиз. Ижод борасида қандай экспериментлар қилишни режалаштиряпсиз?

- Эндиликда замонавий қўшиқларга  ҳам урғу берган ҳолатда ижодкорлар Сарвар ва Комил билан ҳам, ижодий ҳамкорликда ишлаяпман. Мухлисларим орасида ёшлар ҳам бор, улар томонидан “Гулсанам опа, ёшларбоп қўшиқлар ҳам айтинг. Фақат катта-катта қўшиқлар айтасиз, улар ҳам яхши, аммо биз учун ҳам қўшиқлар куйласангиз. Келиб никоҳ тўйларимизда шундай қўшиқлар ҳам куйласангиз” деган таклифлар бўляпти. Шуларни инобатга олиб, ёшларбоп “Лайли” қўшиғини куйладим, кўпларга манзур бўлди! Шундан кейин, ёшларнинг ҳам таклифларини ҳисобга олиб, шундай экспериментлар қилиб кўра бошладик. Тингловчиларга, мухлисларга ёқяпти, “ярашмабди, бўлмабди” деган гапни ҳали эшитмадик, шукур! Чунки, ёшларбоп қўшиқ куйлаганда ҳам, ўзим профессионал бўлганлигим учун мусиқаси, аранжеровкаси, ўзимни овоз имкониятимдан, дидимдан келиб чиқиб қўшиқ танлайман-да, барибир! Бачканаликдан йироқ бўлишини, ҳар доим ўзим назорат қиламан! 

 photo (9)

- Шоу бизнес вакиллари ичида ўз либосларини яратган, ёки ўз либос дўконига эга бўлганлар ҳам бор. Сизни ҳам кундалик либосларингиз, саҳна либосларингиз ўзингизга жуда ҳам ярашади! Сизда ҳам дизайнерликка қизиқиш борми? Либосларни ўзингиз танлайсизми, ёки кимдандир маслаҳат оласизми?

- Йўқ, барчаси ўзимни дидим бўйича бўлади. Қандай дизайнер бўлишидан қатъий назар, мен доим ўз фикримни билдираман, ўтказаман. Чунки, ўша кийимни саҳнага кийиб чиқадиган мен! Менга ҳар томонлама ҳам қулай бўлиши керак, кўркам, замон билан ҳамнафас бўлиши керак! Қолаверса, кўрган инсонда яхши таассурот қолдириши керак! Ё         шлигимдан кўпинча ўзимга ёққан фасонларни ўзим чизаман. Кейин, ўзим яхши матоларни танлаб, дизайнерларга олиб бориб бераман! Ҳар қандай дизайнер саҳна либосимни тайёрлаганида, барибир мен ўзимга мос тарафларини тушунтираман. Ўзим кийиб чиқаётган либосларим, ўзимнинг коллекциям десам ҳам, адашмайман.

 

- Бола тарбиясида энг муҳим жиҳатлар, нима деб ўйлайсиз?

- Агар ўз болалигимдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, болага, ёш боладек муомала қилиш керак эмас, яъни, унга катта одамлардек тўғри муносабатда бўлиш керак, деб биламан. Яъни, болага, бола, деб ёлғон гапириш керак эмас! Масалан, бир нарсани “ҳозир олиб бераман” ёки “бундай қилсанг, буни қилиб бераман” деб, алдашга тўғри келиб қолади-ку! Мана шунга ҳам йўл қўйиш керак эмас! Бу боланинг тарбиясига жуда ҳам салбий таъсир қилади! Биринчидан, боланинг олдида ёлғончи бўлиб қоласиз, қолаверса, бола ҳам ёлғон гапиришни ўрганади! Кейин болага ёш боланинг тилида ҳам гапирмаслик керак, унга катта одамлардек тўғри гапириш керак! Қилаётган айбини ҳам рўйи-рост юзига айтиш керак! Шунда бола ҳам, ортиқча эркалигини йиғиштиради. Эркалатиб гапиргандан кўра, бола ҳам жиддий гапни яхши қабул қилади! Ўзим шу нарсани жиянларимда, кейинчалик ўз фарзандларимда ҳам кўрдим.

 photo (4)

- Одатда турмуш ўртоғингиздан ҳеч сир сақлайсизми, яъни, масалан, “асаби бузилмасин” деб, бирор нарсани атайлаб айтмаган вақтингиз ҳам бўладими?

- Турмуш ўртоғим кўпинча шундай қилади, мени асаби бузилмасин, деб бирор нарсани яширадилар. Лекин, вақт ўтгандан кейин кейинчалик барибир ичларида сақлолмай айтадилар. “Мана шундай бўлганди, сени асабинг бузилмасин, деб айтмадим”, дейдилар. Лекин, мен ўзим ҳеч қачон сир сақлай олмайман! Бор нарсани ўша вақтида айтиб, “ёрилиб” қутилишим керак! Қолаверса, мен саҳнанинг одамиман, бирор нарсани ичимда сақлаб юришга ҳаққим йўқ! Чунки, мен саҳнага чиқаман ва халқ билан доимий мулоқотда бўламан! Одамлар билан суҳбатлашаман, суратга тушаман. Қандай қилиб, ичимда бир нарса бўлсаю, мен сир сақлаб кулиб турадиган бўлсам, ёлғон-ку, сохта бўлиб қолади, бу! Шунинг учун ҳам, менга турли ҳолатлар таъсир қилмасин, деб турмуш ўртоғим ҳам, бирор ҳолатни ўша вақт айтмайдилар. Аммо, мен ичимдагини ижодим ва ҳаётимга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун ҳам, вақтида шартта айтиб, “ёрилиб” оламан. Чунки, мен бошқачароқ кайфиятда, ўз хаёлим билан юрадиган бўлсам, одамлар буни тушунмай, “вой, юлдузлик касалига чалиниб қолибди” дейишлари мумкин.

 

- Инсон ўзининг ҳақиқий дўстларини билиши керак, дейишади. Лекин, сиз ҳақиқий душманларингизни биласизми? Душманларим бор, деб ўйлайсизми?

- Албатта, афсуски, барибир одамзотда душман бўлиши табиий. Бизнинг соҳада ҳам бўлади. Лекин, мен шу менинг душманим, у билан рақобатдошман, шуни ёмон кўришим керак, ундан ўзишим керак, деган фикр, менда йўқ! Мени ижодим бир маромда, бир йўлда давом этиб кетаверади. Менга уларнинг зиёни тегмаса бўлди! Олишиб ўтирмайман, менга душман бўлган инсон, мен учун йўқ инсон, ҳисобланади! Мен учун “йўқ”, тўғриси, ёнимда турган бўлса ҳам, салом-алик қиламан, бўлди. Муносабатларим аввалгидек бўлмайди! Кўп эмасу, лекин ҳар бир инсонда ўзига яраша душманлар барибир бўлади.

 photo (13)

- Иродали инсон сифатида, агар тушкунликка тушсангиз, нимадан куч олиб, яна оёққа турасиз?

- Мен ўзи тушкунликка тушмасликка ҳаракат қиламан! Чунки, бошга тушадиган ҳар бир нарса, бу синов! Мен шундай қабул қиламан. Демак, шундай бўлиши керак экан. Мен ўзимни шунга тайёрлаб бормайман! Нима бўлишидан қатъий назар, кутилмаган нарсалар бўлиб қолса ҳам, бу синов! Бугун бор, эртага йўқ, сиқилишимга умуман арзимайди, деб ўтиб кетаман. Мана сиз билан ҳам кўп байрамларда кўришамиз, мени ҳеч қачон тушкун кайфиятда кўрмагансиз, тўғрими? Доим кўтаринки кайфиятда бўламан, сизларни кўрсам, кайфиятим янада кўтарилади. Биринчи ўринда мен кўнглимдаги нарсани рўйи-рост айтишни яхши кўраман! Боя айтганимдек, яшира олмайман! Шунинг учун ҳам, унча-бунча нарсаларни ўзимга олмайман!  

 

- Шу кунгача ижодингизда, куйлаган қўшиқларингиз ичида, саҳнада куйлаш, профессионаллик, санъат тарафлама эмас, балки қалбан куйлаш оғир бўлган қўшиқ бўлганми?

- “Алла” қўшиғим шундай оғир қўшиқ бўлган! Бу қўшиқнинг ёзилиш жараёни жуда оғир кечган! Чунки, бу қўшиқда фарзандини якка ўзи ўстирган ёлғиз аёл дардини куйлаш керак бўлган! Чунки, бу дард ўз ҳаётимизда бўлган, юқорида айтганимдек, онам бир ўзлари бизни вояга етказганлар! Ўша нарсани кўнглимдан кечириб куйлаганман, шу жиҳатдан ҳам жуда оғир бўлган! Ўша қўшиқни ёзаётганда мен жуда ҳам йиғладим... Ўшанда ҳаттоки, овоз операторимиз ҳам йиғлаб юборган... Ўшанда тўғриси, қўшиқни зўрға куйлаб олганман! Йиғласангиз, овозингиз ўзингизга буйсунмайди, ҳаттоки гапира олмай қоласиз. Мен эса, куйлашим керак эди... Жуда оғир бўлган, бир амаллаб ҳам йиғлаб, ҳам куйлаганман... Лекин, мухлислар жуда зўр қабул қилишди! Мухлислар интернет орқали кўп сўрашган, концертда ҳам шу сўровнома асосида куйлаганман. 

 photo (8)

- Шу кунгача бўлган концертларингизда сизни ҳайратлантирган воқеа бўлганми?

 - Ҳа, бир Отахон мухлисим бор эди. Жуда ҳам нуроний, бошларида дўппи, оқ соколлари кўксига тушган фариштали қария! Жиззахлик эдилар, 70 ёшдан ошиб, 80 ёшларга бориб қолган эдилар. Ҳозир бормилар, билмайман. Охирги марта концертимга 2012 йилда келдилар. Афсуски, исмини, манзилини, қаерда яшашини ҳам билмайман. Фақат шу атайлаб, мени концертимни деб, Жиззахдан келишларини билардим! Ҳар гал концертимга келиб, ўзларини қаердан келганликларини айтиб, дилдан дуо қилиб, қўшиқларимга ўйинга тушардилар! Шу ёшда, невараси тенги одамни концертига, қишда, совуқда, Жиззахдан етиб келишни тасаввур қилаверинг. Лекин, у Отахон келардилар! Афсуски, охирги йилларда концертимда шу инсонни кўрмаяпман. Ҳаёт бўлсинлар, соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин! Мен у инсон каби ашаддий мухлисларимни доим ёдда тутаман, бундай ёши улуғ мухлисларим жуда ҳам кўп, доим тўйларга, яхши кунларга борганимда, концертларда дуо қилишади! Мени бахтимга соғ бўлишсин! Менинг асосий ютуқларим, мана шу мухлисларимнинг дуолари сабаб, деб биламан. Уларнинг самимий дуолари сабаб, шу даражаларга эришяпман.

 

- Сизнингча, аёл учун энг оғир зарба, нима бўлиши мумкин?

- Ноҳақлик ва туҳмат аёлни синдирадиган зарба бўлиши мумкин! Лекин, агар аёл ҳақ бўлса, нафақат аёл, балки умуман инсон зоти хақ бўлса, барибир эртами кечми, ҳақиқат ўз ўрнида қарор топади! Инсон баъзида ўзига келадиган зарбага, ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Инсон ўзи яхши бўлса ҳам, баъзида рақибларнинг кўзига кўриниб, уларнинг нафратига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

 

- Аёл бахтли бўлиши учун нима керак, деб ўйлайсиз?

 - Аёл бахтли бўлиши учун аввало сабр керак, ирода керак! Сабрли бўлгач, ўз-ўзидан садоқатли, меҳр-муҳаббатли бўлади! Ҳаммаси бир-бирига уланиб кетаверади. Биринчи ўринда сабр! Инсон сабрли бўлса, Яратганнинг ўзи ҳам қўллайверади!

 photo (7)

- Ижодни эрта бошлагансиз, ўша вақтдаги Гулсанам Мамазоитованинг қайси жиҳатларини соғинасиз?

- Уни ўша пайтдаги шаддодлигини соғинаман! Ҳозир ҳам бор шаддодлигим, лекин энди (кулиб) 2 фарзандли аёлман! У пайтда Фарғонадан янги келган қизалоқ, ҳозир ижодни қилиб, ҳамма қўшиқни айтиб ташлайман, деган пайтларим бўлган! У пайтда, санъатга, умуман, ҳаётга қараш бошқача бўлган! У пайтда ҳамма бизга дўст бўлиб кўринган, заррача нарсалар ҳам қалбга озор берадиган вақтлар бўлган. Озгина нарсадан ҳам хафа бўлиб, йиғлардим! Газеталарда озгина нотўғри нарса ёзиб қўйишса ҳам, кўнглим оғрирди... Ҳозир ўша инжиқликларимни ҳам соғинаман... Ҳозир у даражада таъсирчан инсон эмасман! Ҳозир бирор нарсадан хафа бўлишим қийин!

 

- Сизнингча аёлга нима куч беради? Аёлнинг кучи нимада?

- Аёлга ҳам куч бўладиган, ҳам уни тарбиялайдиган бу, унинг оиласи! Қизлиқ вақтида ота-онасининг оиласи бўлса, турмуш қургач, ўзининг оиласи! Турмуш ўртоғи, фарзандлари, унинг атрофида яхши инсонлар бўлиши керак! Атрофида яхши инсонлар бўлмаса, шароит бўлмаса, у нарсани ўзи ташкил қилиши керак! Ўзининг атрофидаги инсонларни, унинг ўзи таҳлил қила билиши керак. Чунки, агар менинг атрофимда яхши инсонлар бўлмаса, менинг атрофимдаги яқинлар, шогирдлар келади, уларни менга ёмон кўрсатиб қўйиши ҳам мумкин. Биз кўп нарсани билмай қолишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам, бизга куч берадиган ҳам, тарбиялайдиган ҳам атрофимиз, бизнинг оиламиз, яқинларимиз, ҳамнафасларимиз!

 photo (12)

- Одатда сизга шогирд тушмоқчи бўлганларга асосий талаблар нималардан иборат бўлади?

- Энг аввало, мен уларнинг нима ҳоҳлаётганларини билгим келади. Санъатни чиндан севадими, мақсади машҳурликка эришишми, осонгина пул топишми? Бу нарсани шундоқ сўраб ўтирмасдан, секин суҳбат давомида нима ҳоҳлаётганлигини тушуниб оламан. Баъзилари очиқчасига “шароитим оғир, уйда ҳеч ким пул топмайди” деган баҳоналар қилишса, демак, бунинг мақсади осонгина пул топиш экан, дейсиз. Агар “нима бўлишига қарамай, мен санъаткор бўлишим керак, мени ўқиш ниятим бор, сизга ҳавас қилганман” деса, демак уни мақсади бор! Ўзи санъатга қизиқиши бор инсонларнинг гаплари бошқача бўлади! Бора-бора ким қандай гапирса, қандай инсонлигини билиб оладиган ҳам бўлиб қолар экансиз. Лекин, барибир ким қандай ниятда келганлигидан қатъий назар, кўнглини чўктирмасликка ҳаракат қиламан. Керакли маслаҳатлар бераман, овоз имкониятларидан келиб чиқиб, кимларни эшитиши мумкинлигини айтаман. Ўзбек қўшиқчилик санъатида мактаб кўриш, бу жуда катта нарса! Шунинг учун ҳам, уларга мактаб кўриш керак, дейман. Устоз-шогирд анъанаси бор! Бу нарсага кўз юмиб бўлмайди! Ҳаммасини тушунтираман. Созандалар билан ишлашни маслаҳат бераман. Барибир, ҳеч кимни ноумид қилмайман. Агар ҳақиқатдан қобилияти, маҳорати бўлса, концерт дастурларимда ёнимда туриб, кўриб, ўрганишга таклиф қиламан! Концертларим репетициясида кўзингиз тушган бўлса керак, ёш хонанда қизлар ўтиришади, улар энг сараланганлари! Овози бор, сараланган қизлар, мана шундай репетицияларим вақтида келиб, мен қандай ишлаяпман, куйлаяпман, қандай қўшиқлар айтяпман, қандай пардаларда куйлаяпман, қараб ўрганишади!

 

- Ҳар бир инсон ўзига ёққандек дам олади. Сиз учун энг яхши ҳордиқ?

- Мен учун энг яхши ҳордиқ, ҳамиша айтганимдек, оила давраси! Чунки, ҳақиқатда вақтим бўлганда, бўш бўлганимда оила даврасида бир ширин овқатни тайёрлаб, турмуш ўртоғимни, фарзандларимни маза қилиб суҳбатлашиб, кулишиб, биргаликда еётганларини кўрсам, ёки Фарғонага бориб, Онажоним билан дийдорлашиб, ҳаммамиз бирга оила даврасида бирга ўтирсак, бундан яхши ҳордиқ йўқ, мен учун! Менга энг яхши ҳордиқ, бу оила давраси!

 photo (2)

- Онангизни сизга энг кўп такрорлайдиган ўгитлари борми?

- Ҳа, албатта! Ҳеч қачон очиқ-сочиқ либос киймагин, дейдилар! Мен ўзим ҳам шунинг тарафдориман! Онам, ҳеч қачон ёпиқ кийинган одамга, биров “падарингга лаънат ёпиқ кийим кийибсан” демайди, дейдилар. Мен аввал бу гапни тушунмасдим, вақт ўтиб, маъносини тушундим. Онам Маданият ходими бўлганлар, 25 йил Фарғонада шу соҳада, Маданият саройида Раҳбар бўлиб ишлаганлар, жуда кўп шогирдларни кўрганлар, Фарғонанинг ўзида кўп иқтидор эгаларини чиқарганлар. Жуда кўп тадбирларга бош бўлганлар, биз акам иккимиз, саҳнада катта бўлганмиз. Шунинг учун ҳам, мени Онам билан ҳеч қачон санъат соҳасида баҳслашишга ҳаққим йўқ! Чунки, Онам биринчи ўринда менга устоз ҳисобланадилар. Санъаткор бўлиб шаклланишимизда, кимларнинг репертуарини тинглашимиз керак, барчасига эътибор берганлар. Ўзларини ҳам яхшигина овозлари бор, ўз вақтида куйлаганлар ҳам. Шу сабабли, Онамиз бизга жуда катта маслакдош, ҳам биринчи тингловчи, Онамнинг маслаҳатларини кўпроқ ўзимга қабул қиламан!

 

- Атрофингиздаги созандалар, ҳамкасблар, характерингиздаги қайси жиҳатларни мақташадию, қайси жиҳатни “чидай олмаймиз” деб, ҳеч очиқ айтишганми?

- Ҳар доим эмас, баъзида бир чегарадан чиқиб кетган даражадаги хатоликка йўл қўйилса, бироз “портлашим” мумкин. Яъни, ўшанда ҳам, бироз қаттиқроқ койиб юбораман. Аммо, барибир хатосини ўзига тушунтирган ҳолда, шундай қиламан. Лекин, ўзи боя айтганимдек унча-бунча нарсани ўзимга олмайман. Чунки, асабийлашиш соғлиққа таъсир қилиши мумкин, ҳозир касаллик ёш танламаяпти, тўғриси. Мен ҳам бор нарсани гапираман, тушунтираман, улар ҳам хафа бўлишмайди, агар мен чарчаган ёки тушунмаган бўлсам, улар ҳам ўша нарсани тўғри етказиб, тўғрилаб қўйишади. Мақтовга келсак, мен одатда мақташларини ҳоҳламайман! Чунки, мен атрофимдаги инсонлар билан жуда кўп муомалада бўлмайман, менга кўпроқ бу ҳақида турмуш ўртоғим гапирадилар. Масалан, мен интервьюда, ёки шогирдлар билан суҳбатда, бирор керакли фикрни айтганимда, турмуш ўртоғим “тўғри гапирдинг, шу ҳақида гапириб тўғри қилдинг. Ичингдаги гапни айта олишинг ҳам, бир мардлик!” деб муносабат билдирадилар. Масалан, бирор хонанда билан гаплашиб қолсам, самимий дилдан, “мана шу ижод намунангиз, қўшиғингиз зўр чиқибди! Бундан буёғига ҳам мана шундай яхши ижод қилинг, менга жуда маъқул бўлди!” десам, “айтиб тўғри қилдинг, бу инсонни ҳам кўнгли кўтарилди, мени ҳам кўнглимдаги нарсани гапирдинг” деб, айтадилар.

 photo (18)

- Ҳар бир инсонда миннатдорлик ва афсус туйғулари бўлади. Шу кунгача босиб ўтган ижод йўлингизга назар солсангиз, нималардан миннатдорсизу, нималардан афсусланишингиз мумкин?

- Йўқ, мен ҳаммасидан миннатдорман! Афсусланишим бўлса агар, улар ҳам ўз хатоларимдан бўлиши мумкин. Энди мен, мана бу ерда хато қилдим, деб афсусланишим эмас, балки улардан хулоса чиқариб, нима  бўлганда ҳам, ўша хатоларни қайтармаслигим керак! Лекин, мени асосан миннатдор бўладиган жиҳатларим кўпроқ! Асосий, миннатдорлик тараф кўпроқ тош босади! 80 фоиз миннатдорлик бўлса, 20 фоизгина бироз ўзимнинг дангасалигим оқибатида келиб чиққан кичик хатолар бўлиши мумкин.

 

- Янги мусиқий альбомингиз қачонга тайёр бўлиши мумкин?

- Ўз ижодимдан балки, қўшимча равишда классик ашулалардан иборат мусиқий альбом чиқариш ниятим ҳам бор! Чунки, мухлисларнинг хабари бор, ўзим Ўзбекистон Давлат Консерваториясида Анъанавий хонандалик, Мақом ижрочилигини бакалавр ва магистрлик босқичларини ҳам тамомлаганман. Шунинг учун ҳам, кўпроқ дарслик сифатида ҳам қўллай олишлари учун, ёш авлод учун классик ашулалар дискини ҳам ёзиб чиқариш ниятим бор! Бунинг учун бизга каттароқ студия керак, ансамбль билан, жонли ижрода, ёзиш ниятидаман! Созандаларим ҳам ҳаммаси профессионал, Консерваторияда мақом бўлимини тугатишган. Кўп хонандалар жонли ижрода концерт беришса, албатта, менинг созандаларимдан фойдаланишлари сир эмас. Улар билан шу ишни мақсад қилдик, балки 2017 йил куз ойлари, қишгача, бўлган вақтда, Анжуманлар саройида алоҳида классик ашулаларимиздан иборат репертуар билан концерт ҳам берармиз. Ҳозирча бу яхши ният! Ҳозир мени бутунлай эстрадага ўтиб кетди, деган фикрга бориш ҳам нотўғри! Чунки, ўзим анаъавий хонандаман, катта байрамларда чиқамиз, улар учун ҳам махсус қўшиқлар ёзамиз. Шогирдларимга ҳам Консерваторияда ўқиш кераклигини ўзим маслаҳат бераман! Шу туфайли ҳам, кўпдан классик диск чиқариш орзуйим бор эди! Улар ўрганишлари учун, айниқса, аёл хонандалар учун, ўз талқинимда куйлаган, устозлар ижро қилган мақомлардан иборат классик диск бўлади!

 

- Бу йил айрим санъат дарғалари, ижодга қайтишди. Энди сиз билан уларни солиштириш бошланмоқда. Бунга муносабатингиз?

- Йўқ, биз уларни фарзандлари тенгимиз! Уларни ва бизни солиштиришнинг ўзи нотўғри иш, деб биламан. Ўйлаб кўрилса, сиз билан сизнинг фарзандингиз тенги ёшли одамларни солиштиришса? Бу мумкин бўлмаган ҳолат! Биз азалдан устозларни жуда ҳурмат қиламиз, ўзбек халқи устозларни отадан ҳам улуғ билади. Биз учун устозларнинг саҳнага қайтганликлари катта бахт! Балки, келажакда улардан ўша ретро қўшиқлар даражасидаги санъат асарларини тинглармиз? Албатта, концертларига тушиб, халқ билан бирга ижодларидан баҳраманд бўламиз. Бу нарсадан мен ҳам хурсандман!

 photo (16)

- Тақдирга қанчалик ишонасиз?

- Менимча, тақдирга ҳамма ишонади! Тақдир, пешона бор нарса, ҳеч ким ундан қочиб қутила олмайди! Бу нарсага кўз ҳам юмиб бўлмайди! Мен 100 фоиз тақдирга ишонаман!

 

- Клипларингизда ҳеч ўзингиз роль ўйнамагансиз. Бунинг сабаби нимада? Кўп хонандалар клипларида ўзлари роль ижро қилишга ҳаракат қилишади-ку.

- Мен актриса эмасман-да! Мен бу ҳақида ҳаттоки ўйламаганман ҳам. Балки, келажакда ўзимнинг ҳаётим билан боғлиқ нарса бўлса, ўйнарман? Унда табиий чиқади. Чунки, у нарса ўз бошингиздан ўтган бўлади. Мен клипларда роль ижро қилишга ҳам, бир касб, деб қарайман! Умуман, клипларда роль ўйнаш учун ҳам, инсоннинг ўзида озгина бўлса ҳам билими бўлиши керак. Иқтидорли актёрларимиз етарли, шунинг учун ҳам, клипларимда ўзим роль ўйнашга эҳтиёж сезмайман. Ролини маромига етказиб, зўр ўйнаб қўядиган ўз касбининг усталари бор.

 photo (3)

- Ижодни эрта бошлагансиз, ҳозирда кўплаб шогирдларингиз бор. Бугунги кунда санъатга кириб келаётган ёшларни кузатиб, уларда нима йўқолиб кетяпти, деб ўйлайсиз?

 - Ҳозирги ёш хонандаларда мусиқий билим йўқолиб кетаётгандек! Чунки, улар Консерваторияда ўқишмаяпти! Ҳаттоки, Санъат институтида ҳам таҳсил олишмаяпти. Профессионал хонанда сифатида, уларда фақат билим йўқ, дея оламан, холос. Қолганини гапирмаса ҳам бўлади.

 

 - Тарихий шахслардан ўзингиз учун қизиқарли, ҳамда кўнглингизга яқини борми?

 - Албатта, бу Соҳибқирон Амир Темур! Вилоятлар бўйлаб, узоқ сафарларга чиққанимизда ҳам, Амир Темурнинг ҳаёти акс этган Аудиокитобни олиб кетиб, эшитаман. Тўғриси, аввал кўпроқ ғазалнавис мумтоз адабиётимиз намоёндалари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодларига мурожаат қилганлигим учун, Амир Темур ҳақида, у даражада тўлиқ маълумотга эга эмасдим. Лекин, ўқиб билганлигимдан сўнг, қандай юртнинг фарзанди эканлигимиз, ўтган аждодларимиз билан қай даражада фахрланишимиз кераклиги ҳиссини ўшанда туйдим! Бу менга яхши таъсир қилди. Ватан ҳақида қўшиқлар куйлаганимда ҳам, классик ашулалар куйлаганимда ҳам, шу ҳиссиёт менга руҳ бериб туради! Бу инсон руҳиятига таъсир қилиб, инсонни тарбиялайди ҳам. У инсонларнинг олдида бизнинг қилган ишларимиз, зиғирча ҳам эмас, санъаткор сифатида, ҳали халқ учун ҳеч нарса қилмабмиз, деган фикрга келдим.

 photo (1)

- Касбга садоқат туйғусини қандай изоҳлайсиз?

 - Касбга садоқат... Мен ўзим санъаткорлар оиласидан бўлганлигим учун бу туйғуни жуда ҳам яхши биламан! Онам санъатга алоқадор инсон бўлганликлари учун, масалан, турли байрамлар олдидан майдонларда катта-катта концертлар қўярдилар. Ёдимда, Онам 31 декабрь куни ҳам, бошқа байрамларда ҳам, тадбирлар билан банд бўлганликлари учун, биз билан ҳатто Янги йил ҳам кутмасдилар! Буларни кўриб, биз ҳам шу руҳда улғайганмиз! Шунинг учун ҳам, унча-мунча қийинчилик, заҳматлар билинмайди! Чунки, касбга садоқат ва фидоийлик қон-қонимга сингиб кетган! Сабаб, раҳматли Отам, ҳозирда нафақада бўлган Онам, шу соҳанинг инсонлари! Улар учун касбга садоқат, биринчи ўринда бўлган! Фикру ёди, халқни хурсанд қилиш, халқ хизматида бўлиш, мақсадлари, ҳеч қандай бир камчиликларсиз белгиланган тадбирларни ўтказиш бўлган! Бизда ҳам, касбга шундай садоқат, худди шундай руҳият бор! Биз юрт хизмати учун, керак бўлса, ўз хотиржамлигимиздан ҳам кечамиз! Ўйлайманки, биргина биз эмас, бу ҳар бир фуқаронинг бурчи! Мана шу юртда туғилиб-ўсганлигимиз бизнинг қарзимиз, бахтимиз! Асосийси, мана шу туйғуни ҳар бир инсон ҳис қилиб яшаши керак!

 

 

Саида Вахобова

Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган

 photo (11)