OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

АКТРИСА НАРГИЗА САЛМОНОВА РОЛЬ УЧУН НИМА ИШНИ ҚИЛА ОЛМАЙДИ?  12.11.2014 22:35

photo (1)_новый размер

Актриса Наргиза Салмонова кино оламида ўзининг роллари билан томошабинлар кўнглидан ўрин эгаллаб келаётган актриса. Актрисада ҳар хил характердаги ролларни ижро қилишга иштиёқ кучли. Бугун Наргиза Салмонова “Диллашув” саҳифаси меҳмони.

 foto (5)

Актриса ўзи ҳақида: - 1989 йил 1 октябрда туғилганман. Санъатга болаликдан қизиқардим. Лекин, ҳамма қарши бўлган ва фақат бу борада онамлар мени қўллаб-қувватлаганлар. Чунки, ўзларининг болаликдаги орзуларини менда кўришни ҳоҳлаганлар. Коллежга ҳам, Санъат институтига ҳам олиб борганлар. Кейин эса, секин-секин орзуларим ҳавасга, ҳавасларим эса мақсадга айланиб, мақсадларим ўзимнинг яхши ниятларимга эриштирмоқда. Биринчи бўлиб, 9 синфда ўқиётган вақтимда параллел равишда ҳаваскор актёрлик жамоасида 1 йил ўқидим. Кейин эса, Тошкент Маданият коллежининг режиссёрлик факультетига ўқишга кирдим. Ундан сўнг, ҳозирги Ўзбекистон Санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Биринчи курсни Драма ва кино йўналиши бўйича ўқиган бўлсам, 2 курсдан “Эстрада” факультетига ўтганман. Институтга бюджетга энг охирги бўлиб кирганман. Оилада 3 фарзанднинг каттасиман, укам ва синглим бор. Синглим ҳам санъат йўлига қадам қўймоқчи бўлганида, мен унга рухсат бермадим, чунки  мен уни шифокор бўлишини ҳоҳладим. Ҳозирда у тиббий йўналишида коллежда 2 курсда ўқийди.  

 

- Қайси ролингизни илк ташриф қоғози бўлган ролим, дея оласиз?

- Режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг “Дунё” фильмигача, турли фильмларда эпизодлар, умумий саҳналарда ҳам чиққан вақтларим бўлган. Ёлқин Тўйчиевнинг “Учар қиз” фильмида актёр Адиз Ражабов қаҳрамонининг опаси ролини ҳам ўйнаганман. Режиссёр Ҳилол Насимовнинг “Алданган аёл” фильмида ҳам эпизодда тушганман. “Дунё” фильмида бош ролни ўйнаганимдан кейин эса, бир қанча режиссёрларнинг эътиборига тушишни бошладим, кўплаб таклифлар туша бошлади.

 

- Биринчи марта камера олдида нимани ҳис қилгансиз?

- Илк марта фильмда роль ижро қилганимда, хурсандчилик, “наҳотки шу кунларга эришдим?” деган сўзлар хаёлимга келган. Чунки, озгина ўзимга нисбатан ишонч йўқ эди. Шу орзуларимга эришаётганлигимни ҳис қилган сарим менда куч-ғайрат пайдо бўлган. Ундан олдин эса, илк съёмкам кўрсатувда бўлган. “Таманно” кўрсатуви эди, унга коллеждан чақиришган. Адашмасам, 2006 йил эди, ўшанда қатнашчиларга гул олиб чиқиб бериш керак бўлган. Ўшанга коллеж қизлари билан боргандик. (кулади) Қувончимни тасаввур қилаверинг, биринчи катта камерада кўринганим, ўшанда 15 ёшда эдим. 

 photo (2)_новый размер

- Сизни ролга таклиф қилишганида одатда қайси жиҳатига биринчи аҳамият берасиз?

- Ижодий “юки”га! Чунки, у ролим томошабинга нимадир бериши керак, деган фикрдаман. Йиғлатиши, кулдириши ёки ўзида қандайдир бир мақсад пайдо қилиши керак, деб ўйлайман. Кинода шунчаки манекенга ўхшаб чиқишни ҳоҳламайман!

 

- Қайси ролларингизни кучли “юки” бор дея оласиз?

- Энг кучлиси деб, “О Марьям, Маряьм” фильмидаги ролимни айтишим мумкин. Ҳозиргача ҳам, бошидан шундай тақдирни ўтказган аёллар, менга “фильмни, ролингизни йиғлаб кўрганмиз” деганлари жуда ҳам кўп бўлмоқда.

 

- Бу фильмдаги ролингиз салбий роль, қолаверса, умуман характер тарафлама ҳам. Кўпчилик эса, бундай ролни ижро қилишини исташмайди. Сиз эса ижро қилдингиз. Бундан сўнг, сизга бошқаларни муносабати қандай бўлди?

- Бу ўзимни ҳам биринчи салбий ролим бўлган. Лекин, ўзимга бу ролим ёқади. Чунки, мени танимаганларга танитди, очилмаган қирраларимни очишга ёрдам берган бир мактаб бўлди! Томошабинлар ёмон кўриб қолишларидан ҳам қўрқмадим. Чунки, агар томошабин мени ёмон кўрса, демак у ролимга ишонган бўлади! Ишонибдики, ёмон кўряпти!

 

- Ота-онангизнинг муносабатлари қандай бўлди?

- Тўғри. Премьера куни озгина жаҳллари ҳам чиқибди. Чунки, шу куни томошабинлар мени бу ролда кўриб, ёмонлашган, ҳаттоки қарғашибди ҳам. Улар ўша персонажни шундай қабул қилишган! Энди буни табиий ва тўғри тушунишга мажбурман, чунки бу кино! Бу ҳаётда шундай қизман, дегани эмас-ку! Онамлар эса, ўша куни, фильмни кўргач, менга “уйга борганда гаплашамиз!” деганлар. Аммо,  барибир роль эканини тушуниб, гапиришмадию, аммо қариндошлар, бошқалар, “бошқа бундай роль ўйнаманг!” дейишган. Лекин, мен бу гапга қулоқ сола олмайман, чунки ижодда бир хилликда кетишни ҳоҳламайман. Чунки, мен актрисаман! Одамларнинг фикрлари эса, менталитетимиздан келиб чиқиб, ҳалигача ўзимга “бошқа ҳеч қачон бундай роль ўйнаманг” дейишади. Мен эса, ундай оиласига хиёнат қиладиган аёл эмас, умуман салбий ролларни рад қилмайман, демоқчиман. Чунки, битта қолипга тушиб қолишни ҳоҳламайман.

 foto (4)

- Одатда ўзинг ижро қилаётган қаҳрамонни қанчалик ёмон бўлса ҳам, яхши кўриб, унинг ҳаёти билан яшагандек ижро қилиш керак, дейишади. Сизни қаҳрамонингиз ҳаракатини эса оқлаб бўлмайди.

- Тўғри, қаҳрамоним ким бўлишидан, нима бўлишидан қатъий назар, эрига хиёнат қилмаслиги керак эди, деб ўйлайман! Чунки, ўртада никоҳ бор! Лекин, агар уни тушуниладиган бўлса, у жуда қийин вазиятга тушиб қолган! Турмуш ўртоғи уни севмайди ва унга фақатгина бола туғиши учунгина уйланган! Яна кундош, билиб туриб турмушга чиққан, кундоши билан битта уйда туришади. Қаҳрамонимнинг бир таъсирли гапи ҳам бор. “Мен сизлар билан бошқа бирга яшай олмайман, бир-бирингизга қандай қараётганингизни кўряпман. Мени Эркин акам севмайди. Мен кетмоқчиман.” Бу ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Лекин, бундай вазиятга тушган аёллар менга ўзларининг илиқ фикрларини айтишган. Ролим ҳақида, “йиғлаб кўрдим” деган аёллар кўп бўлди. Лекин, бу қаҳрамонимнинг хиёнатини ҳечам оқлаб бўлмайди!  

 

- Агар режиссёр бўлганингизда ўзингизга қандай ролни бермаган бўлардингиз?

- Бундай савол менга биринчи марта берилиши. (ўйланиб қолади) Бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Ўзим ҳамма ролни ўйнаб кўргим келади. Менимча, агар режиссёр бўлсам, Наргиза Салмоновага ўйнаб чиққан роллари каби ролларни бермаган бўлардим. Яъни, бошқа амплуадаги ролларни бериб кўрардим. Янги қирраларини очиш учун, янгилик қилган бўлардим.

 

- Қайси ролни ҳаттоки энг катта гонорар эвазига ҳам ўйнамасдингиз?

- Яқинда бир фильмга чақиришди, қаҳрамони сочини калга олдириши керак экан! Рози бўлмадим! Балки, асосий бош қаҳрамон бўлганида яхшилаб ўйлаб кўрган бўлармидим? Билмадим, лекин менимча, тўғриси сочимдан ҳечам воз кеча олмайман! Соч бу аёл кишининг ҳусни.

 

- Шахсий ҳаётингизда муҳаббат борми? Ўзингиз муҳаббатни қандай тасаввур қиласиз?

- Йўқ. Муҳаббатни қандай тасаввур қиламан? Ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳар қандай шароитда ҳам, минг неча хил тўсқинликлар бўлса ҳам, охиригача курашиб, борида ҳам, йўғида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб турадиган инсоним бўлса, ўша инсоним ҳақиқий муҳаббатим эканлигига мен амин бўламан! Бўлажак турмуш ўртоғимни эса, ростгўй, вафодор, касбимни тушунадиган умрини охиригача қўллаб-қувватлайдиган, суянадиган инсон бўлишини ҳоҳлайман.

 foto (6)

- Оила учун кинодан кеча олармидингиз?

- Ҳа! Кечган бўлардим, мумкин. Чунки, оила муқаддас ва азиз! Лекин, иложи борича, ўз ишимни давом эттиришга ҳаракат ҳам қилиб кўрган бўлардим. Балки, имконият бўлар?

 

- Оила қуришга ўзингизни қанчалик тайёр деб, ўйлайсиз?

- Ҳали ўзимни тайёр деб, билмайман. Чунки, ҳал ўрганишим керак бўлган ишлар кўп.

 

- Ошхонада қандай бекасиз?

- Дўлмалар тайёрлашни яхши кўраман ва яхши тайёрлайман! Ҳозир эса, торт пиширишга қатнашмоқчиман. Чунки, барибир қиз болани қўлида ҳунари бўлгани яхши. Ҳамма овқатларни тайёрлай оламан, оилада катта фарзандман, бувимнинг тарбиясини олганман.

 

- Актёр Акбархўжа Расулов билан фильмда суратга тушганингиздан кейин орангизда муҳаббат бор, деган гап-сўзлар чиқди. Шунга ойдинлик киритсангиз?

- (кулади) Бу умуман ёлғон гап-сўзлар! Мен у инсонни жуда ҳам яқин инсоним, деб айта оламан. Чунки, менга кўп маслаҳатлар берган, самимий  ва яқин инсоним, худди туғишган инсондек. Дўстим, десам ҳам ҳаттоки узоқлашиши мумкин. Лекин, орамизда севги йўқ! (кулиб) Адиз Ражабов билан ҳам, Акбархўжа Расулов билан ҳам, Ёлқин Тўйчиевнинг фильмида бирга суратга тушгач, яқин бўлиб кетганмиз, бошқа фильмларда ҳам бирга роль ижро қилганмиз. Улар менга ҳеч ким берган яхши маслаҳатларни бериб, йўл-йўриқ кўрсатишди! Одатда ўзи актрисалар, қайси актёрлар билан фильмларда суратга тушишса, орасида муносабат бор, деб ўйлаб қолишади. Мен ўзи ҳамкасблар билан самимий муносабатда бўлиб, чиқишиб кетавераман.

 foto (3)

- Актрисаларда бўлиши керак бўлган қайси жиҳатлар устида камроқ ишлаяпман, деб ўйлайсиз?

- Ташқи кўринишимни ўзгартириш тарафлама, яъни, қош териш, сочларимни кесиб, имиджимни тез-тез ўзгартириш бўлса, ўзгаргим келмайди. Режиссёрлар “актёрлар пластилин бўлиши керак, оқ қоғоз бўлиши керак” дейишади. Улар ролга чақиришса, ўша ўзини образидаги ҳолатига тушириб олишса, шунинг учун ҳам, мен шу нарсага ҳар доим тайёр бўламан. Роль учун грим тарафлама бемалол ўзгаришим мумкин. Лекин, сочимни қирқа олмайман!

 

- Сиз учун энг қийин съёмка жараёни?

- Энг қийини “О, Марьям, Марьям” фильмида актёр Улуғбек Қодиров қаҳрамонини зинадан итариб ўлдириб қўядиган эпизодим бўлган! Уни 2 кун съёмка қилганмиз! Чунки, режиссёр биздан, ҳеч биримиздан, умуман гуруҳдан қониқмаган! Роль бўйича йиғлайвериб бошимиз оғриб кетган, роса қийналганмиз! Овозлаштириш жараёни ҳам худди шундай жуда қийин кечган!

 

- Оилангиздагиларни касбингизга муносабати? Ҳозирги кунда?

- Муносабатлари яхши! Кўпроқ ўз устимда ишлашим кераклигини, китоблар ўқиб, фильмлар кўришим кераклигини айтишади. Онамлар кўпроқ шундай маслаҳат берадилар. Театрга, спектакль кўришга борамиз. Онамнинг касби рассом. Дадамлар бошида қарши бўлганлар, лекин ўзлари ҳам санъат соҳасиданлар, улар мусиқа ўқитувчиси. Лекин, ҳозирда мендан, ижодий фаолиятимдан мамнунлар.

 

- Ўзингиз ҳақингиздаги энг нохуш миш-миш?

- 2012 йил MTVA мукофотида 5 талик номзодликка қўйилганлигим ва йил кашфиётига қўйилганлигимда, эндигина шоу бизнес оламига кириб келаётган вақтим эди! Шунда “ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бу актрисанинг продюсери бор. Шунинг учун ҳам шундай ютуқларга эришяпти” деган туҳматлар бўлганди! Ҳаттоки, кимнидир иккинчи хотини ҳам дейишган экан, бу гаплар мени жуда ҳам дилимни оғритган!

 foto (6)

- Ўзингиздаги қайси камчиликни очиқ айта оласиз?

- Жуда ҳам тез жаҳлим чиқиб кетади, агар бир инсон билан орамга совуқчилик тушса, ҳеч қачон кечира олмайман!

 

- Унда хиёнат кечира олмайсизми?

- Ҳа! Хиёнатни ҳеч қачон кечира олмайман!

 

- Ҳеч ижро қилиб, афсусланган ролингиз бўлганми?

- Бўлди, лекин бахтимга у фильм экранга чиқмади! Қайсилигини айтолмайман.

 

- Суратга олиш майдонида партнёрингизнинг қайси жиҳатлари сизга ёрдам беради?

- Партнёрим ўз ролини жонини фидо қилиб ижро қилса, менга куч беради. Мен шундан энергия оламан. Лекин, кўпроқ клипларда ҳаваскор актёрлар ҳам суратга тушишади. Шундай вазиятларда режиссёр ёрдам берган вақтлари бўлган.

 

- Ўзингиз роль ўйнаган фильмларни ўзингиз неча марта кўра оласиз?

- 2 марта! (кулади) Агар кўп кўрсам, кўрганимда жаҳлим чиқади ва яна бир марта олишни имкони бўлганда, бундай ўйнамаган бўлардим, дейман. Чунки, ўзимга ўзим унчалик ёқмайман.

 foto (4)

- Сўнгги марта қачон йиғладингиз?

- Анча бўлган, унча ёдимда йўқ, суратга олиш жараёнида бўлганди. “Фарҳод ва Ширин” фильми суратга олиш жараёнлари эди. Билмадим, агар мен ўша қаҳрамоним Марҳабонинг ўрнида бўлганимда, ундан ҳам ёмон ҳолга тушган бўлардим. Тўғрисини айтсам, қаҳрамонимнинг тақдирига ачиндим. Энди томошабинларда қандай фикр уйғотади, буни фильм экранларга чиққач, биламиз.

 

- Унинг ўрнида қандай йўл тутган бўлардингиз?

- Менимча, иккинчи марта мен шу инсонни қабул қилмаган бўлардим! У эса афсуски қабул қилади. Унинг иши қайсидир тарафлама тўғри, чунки одамларнинг гап-сўзлари, ота-онасини ўйлаган, фотиҳаси бўлган, тўй яқин эди. Лекин, мен уни ўрнида барибир қабул қила олмасдим, чунки кечиришим қийинроқ.

 

- Гўзалликка қанчалик эътиборлисиз? Бошқаларга қандай тавсиялар бера оласиз?

- Ҳаддан зиёд. (кулади) Юз, сочлар бўйича китоблар олиб келиб олганман. Эрталаб ҳар куни оч қоринга қайнатилган сув ичиш, кечқурун эса, бир стакан илиқ сут ичиш одатим бор. Юзни тиниқлаштиради, соғлиқ учун фойдали. Сочимга эса,  суратга олиш ишлари бўлмаган вақтлари, ўстириб, қалинлаштириши учун бодом ёғи сураман. Парҳез қиламан, яъни ўзимни қийнаб десертлардан сақланаман. (кулади)

 

- Интернет сиз учун қанчалик муҳим?

- Унчалик муҳим эмас, биринчи ўринга қўймайман, чунки кўп вақтни олади. Охирги вақтларда сурат ҳам қўймасликка ҳаракат қиламан, чунки ҳар хил одам бор! Таъсирчанроқман, ёзилган фикрлардан тушкунликка тушиб қолишим ҳам мумкин! Шунинг учун ҳам, фақат бўш вақтимда фойдаланаман. Фақат инстаграм ва фейсбукда профилим бор.

 foto (1)

- Ўзингизга дубляжда овоз бера оласизми?

- Ҳа, албатта. Охир вақтларда ўзимга фақат ўзим овоз беряпман. Фақат бошида менга Дилдора Бекчонова овоз берган. Кейин эса, режиссёр Ҳилол Насимовнинг “Муқаддас бурч” фильмидаги ролимдан бошлаб, дубляжда ўзимга ўзим овоз бера бошладим.

 

- Ҳаётда кўпроқ кимга ва нимага суянасиз?

- Ҳар қандай вазиятда ҳам онамга суянаман! Ҳар қандай вазиятда ҳам онага суянса бўлади! Дугона бошқа, она бошқа!

 

- Одатда актрисаларни ёши ўтгач, уларни она ва опа ролларига ола бошлашади. Бунга қандай қарайсиз?

- Табиий қарайман, бундай ролларим бўлган! Масалан, “О Марьям, Марьям” фильмида ўғлим бўлади. 5-6 йилдан кейин эса, ёши каттароқ ролларни ўйнашим ҳам табиий ҳол бўлади. Мен рад этмайман, ҳоҳлайманки, Дилбар Икромова, Тўти Юсуповалар каби, уларнинг ёшларида ҳам кино оламида бўлишни ҳоҳлайман! 

 

- Санъат оламида дугонангиз борми? Одатда актрисалар бир-бирига дўст бўлмайди, дейишади.

- Ҳа, албатта! Хонанда Рухшона ва актриса Муқаддас Саъдуллаева. Мен бу қизлардаги самимийликни кўриб, уларга жуда ҳам ишонгим келади. Яқин дугоналармиз, улар ҳам мен ҳам бемалол бир-биримизга ишониб, суянамиз. Менимча, ҳаммаси инсоннинг ўзига ва самимийлигига боғлиқ, деб ўйлайман.

 

- Бахтни қандай тасаввур қиласиз?

- Бахт самимийликда, ҳар қандай муносабатда ҳам, дўстликда ҳам, оилада ҳам, ишда ҳам, ишқда ҳам.

 foto (2)

- Одатда актрисалар севги саҳналари бор ролларни баъзида рад этишади, баъзида ўзгартиришни сўрашади. Дейлик, сизга орзуйингиздаги ролни таклиф қилишди ва унда севги саҳнаси бор. Қандай йўл тутардингиз?

- Мен умуман, биринчидан ўзбек актрисаси эканлигимдан жуда ҳам хурсандман! Бизда менталитет, ибо-ҳаё бор, севги саҳналари ҳам жуда очиқ саҳналар бўлмайди. Бошида ҳаттоки шунда ҳам тортиниб, менда ҳам, “мана бу эпизодни олиб ташласангиз, ўйнамайман” деган вақтларим бўлган. Лекин, “Фарҳод ва Ширин”да бош қаҳрамонни мендан кечирим сўраб келиб, қучоқлайдиган жойи бор. Ролни моҳиятини очиб бериш учун керак бўлганига, ижро қилдим. Энди, рози бўлиш-бўлмаслик, фильмнинг сценарийсига қараб, ролнинг бадиий кучига қараб, агар ролни моҳиятини очиб бериш учун хизмат қилса, рози бўламан! 

 

- Режиссёрларга талаб қўясизми? Масалан, баъзилар қандайдир кийимни киймайман ёки нимадир ишни қилмайман, каби талаблар қўйиши мумкин. Сиз-чи?

- Бошидан ҳамма режиссёрларга қўядиган ягона талабим, бу гримёр! Гримёрлардан озгина норозироқман, чунки иш вақтида телефон, интернет титкилаб, ишига қарамаслик ҳоллари ҳам бўлади. Биз сўз ёдлашимиз керак, образга кириш керак, бунга қўшимча, уларнинг ишини ҳам ўзимиз қилишимиз керак бўлган вазиятлар бўлиб қоляпти. Бунинг устига баъзилари нотўғри грим қилади. Ҳаммани юзи ҳар хил. Битта қолипга ёпишиб олиб, ўша қолипни ҳаммага қилади. У эса кимгадир ярашади, кимгадир йўқ! Шунинг учун ҳам охирги пайтларда, партнёрдан ҳам олдин, “гримёр ким?” деб сўрайдиган бўлганман.

 

- Режиссёрга талаб эмас, таклиф берган вақтингиз ҳам бўладими?

- Бўлиб туради, баъзилар рози бўлишади, баъзилар эса, ўзининг линияси бўйича кетгани яхши, деб рози бўлишмайди.

 

- Қайси режиссёрлар билан ишлаш осон, қайсилари билан қийин?

- Қийин бўлганини айтолмайман, чунки хафа қилишни истамайман. Лекин, қайтиб ўша режиссёр чақирганида бормадим, бирга ишламадим. Чунки, топшириқни нотўғри берар экан. Лекин, қолган режиссёрлар, масалан, Абдувоҳид Ғаниев, Ёлқин Тўйчиев, Мирмақсуд Охунов, улар билан ижод тарафлама маза қилиб, яхши ишлаймиз.

 

- Устоз актрисалардан кимларга ҳавас қиласиз?

- Ҳаммага, деб айтгим келади. Чунки, қайси фильм ёки сериални кўрсам, ўшанда роль ижро қилган актрисаларни яхши кўриб қолганман. Ролини ёмон кўрган бўлсам ҳам, ҳаётда кўриб, гаплашиб, муносабатда бўлганимда, уларга нисбатан фикрим ўзгарган. Улар мени шу соҳага қизиқишимга сабабчи бўлишган. Муқаддас Холиқова, Саида Раметовалар билан суратга тушганимда, менга керакли маслаҳатлар беришган. Ҳамма актрисаларга ҳавас қиламан.

 foto (3)

- Актрисалар ўртасида рақобат бўлади, дейишади. Сиз кимни ўзингизга рақобатчи, деб биласиз?

- Ҳеч кимни рақобатчи, деб билмайман. Бу катталик қилиб, ўз кучига ишониш эмас! Лекин, рақобат ҳам яхши нарса одамнинг ишида ўсиш бўлади. Лекин, менга бир роль беришса, бундан зўр қилиб ўйнайман эмас, балки табиий ижро қилишга ҳаракат қиламан.

 

- Ижодингизда сизни ранжитган танқид бўлганми?

- Бўлган! Жуда ҳам қаттиқ стрессга тушганман. Бу нарсани шу пайтгача бошқа такрорламасликка ҳаракат қилиб келяпман.

 

- Ўзингизни омадли актриса деб биласизми, ёки омадини кутаётган?

- Омадли, деб биламан.

 

- Муваффақият қозониши учун инсонга нима керак, деб ўйлайсиз?

- Менимча, биринчи навбатда ҳавас керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳасад бўлса инсон ҳеч қачон ютуққа эриша олмайди.

 foto (2)

- Энг катта ютуғим нимада, деб ўйлайсиз?

- Энг катта ютуғим самимийлигим!

 

- Мухлисларингиздан антиқа севги изҳорлари бўлганми?

- Асосан, интернет орқали ёзишади. Биттаси мухлисингизман деб, турмушга чиқишимни сўраган. Табиийки, йўқ, деганман!

 

- Мухлисингизга турмушга чиқишингиз мумкинми ўзи?

- Ҳа, мумкин. Фақат у инсон, мени юрагимга яқин инсон бўлса!

 

- Уйингиздагилар яхши ният билан энди тўйингизни қачонларга мўлжаллашмоқда? Совчилар дегандек...

- (кулади) Уйимдагилар ҳар куни совчи кутишади. Лекин, мен ҳали у инсонлар орасидан ўзимга ёққанини учратмадим. Севиб қола олмаяпман!

 

- Айнан севиб қолишингиз учун у инсон қандай хислат эгаси бўлиши керак?

- Биринчи навбатда, мақтанчоқ бўлмаслиги, ичмаслиги, чекмаслиги, оилапарвар инсон бўлиши керак!

 

- Сизни театрда роль ижро қилганингизни кўришимиз мумкинми?

- Бу ўзимни ҳам орзуйим. Чунки, барибир саҳна актрисани чархлайди. Келажакда театрга ишга кириш ниятим бор.

 

- Баъзилар, аёл киши уйда ўтириши керак, дейишади. Муносабатингиз?

- Бу фикрга қўшила олмайман! Тўғри қарай олмайман! Менимча, аёл киши, агар эри рухсат берса ишлагани яхши. Чунки, интеллекти ҳам ўсади, ҳам оилага, ҳам ишига улгурса, у бошқача савиядаги инсон бўлади.

 

- Ота-онангизга энг маъқул бўлган ва ёқмаган ролларингиз?

- “Тақдирлар” фильмидаги ролим жуда ҳам ёққан, ёқмаган ролимни эса сир тутаман!

 

- Ижоддан ташқари хобби?

- Хоббиларим кўп! Асосийси, гулларни яхши кўраман ва хонаки гуллар ўстираман! Афсуски, рухсат беришмайди, лекин агар ўзимга қолса, уйим ҳайвонот боғи бўлиб кетарди! Чунки, ҳайвонларни жуда яхши кўраман! Мушук боқаман, битта тошбақам бор. Балиқ ҳам боқмоқчи эдим, ҳозирча уйда рухсат йўқ.

 

- Ҳаётда сир сақлай оласизми?

- Бемалол сир сақлай оламан! Менга қўрқмай сир ишониш мумкин!

Саида Вахобова