OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

«ЎЗБЕККОНЦЕРТ» ДМ ДА МАЪНАВИЯТ СОАТИ! ҲАҚҚОНИЙ ТАНҚИД БИЛАН! ОДИЛЖОН АБДУҚАҲҲОРОВ: ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИНГЛАР! 01.06.2018 07:20

PQXQ5229

31 май куни “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасида “Миллий эстрада санъатининг ёшлар маънавий, аҳлоқий тарбиясидаги ўрни ва санъаткор одоби” мавзусида Маънавият соати бўлиб ўтди. Маънавият соатини “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров очиб берди ва бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан ижод аҳлига кенг имкониятлар ва шароитлар яратиб берилаётган бўлса ҳам, айримлар мазкур имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, суистеъмол қилиб, масъулиятни ҳис қилмаётганликлари ҳақида айтиб ўтди.

SKHS7325

“Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров тартиб-интизомга риоя қилиш маданиятини унутаётганлар ҳақида сўз очиб, ғарб давлатларига тақлид қилиш, соқолни ноўрин имиж қилиб юрганлар, маъносини билиб-билмай саловот айтаётганлар, масжидда имом билан суратга тушиб ҳам ижтимоий тармоқларга жойлаётганлар, рўзадаги саҳарлик ва ифторликда таомларни суратга олиб қўйиб мақтанаётганлар ҳамда, санъаткорнинг хулқи ва ўзини тутиши ҳам, ўша куйлаётган қўшиғига  муносиб бўлиши зарурлигини таъкидлаб, танқидий фикрлар билдирди. Шунингдек, устоз санъаткорларнинг эътиқоди минг баравар кучли эканлигини, лекин бирортаси бунақа расм қўйиб, бунақа ишлар қилмаслигини айтиб ўтди.

VKEI8429

“Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров: - Худога шукурки, биз ўзбекмиз, бизни ўз менталитетимиз, урф-одатларимиз бор. Халқимиз сизнинг ҳақиқий санъатингизга баҳо беради!  “Показуха” қилиб, масжидга бориб, “Жума муборак” деб расм қўйиб, эртага яна дискотекага бориб расм қўйиш, бу нима дегани?  Рўзаи Рамазон ойи, қизиқиб ижтимоий тармоқларга кирсам, саловот қўшиқлар тўлиб кетган, ўша хонандаларни саловот айтганларини кўриб ҳайрон қолдим. Ҳаттоки, ҳали лицензия олмаган хонанда пляжда саловот айтяпти! Биринчидан, саловот бу мусиқасиз айтилади. “Нашида” дейилади. “Нашида”ни ҳам айтадиган одамлар бор. Уни ўзини тартиб-қоидаси бор. Билиб-билмай куйлаш керак эмас. Ўзи шунга муносиб бўляптими? Бундан ташқари, йигирматалаб инсон намоз ўқиётганда, улар ибодат билан банд, биттаси калласини чиқариб, суратга оляпти, яна фотограф олиб бориб уни панорама қилиб суратга олдиряпти. Бу уят-ку! Бу нарсаларнинг нима кераги бор? Ахир қилаётган ишини бунақа кўз-кўз  қилса, гуноҳ ҳисобланади. Масжидда имомлар билан суратга тушиб қўйишнинг нима кераги бор? Ислом дини санъаткорларнинг тарғиботига муҳтож эмас! Бундан тўғри хулоса чиқариш керак. Ҳеч ким менга бу гапларни гапир демади! Мен ўзим, буларни кўрганим учун гапиряпман. Сизлардан илтимос, берилган имкониятларни суистеъмол қилиш керак эмас! Бундан ташқари, саҳарликда, ифторликда овқатларни суратга олиб қўйиш ҳолатлари кўпайган. Ундан кўра, халққа фойдаси тегадиган нарсаларни қўяйлик.

PNIT5072

“Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хонанда қизларнинг кийиниш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, хонанда авваламбор, санъатини кўрсатиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, санъаткорларни мухлислар билан дўстлиги масаласига ҳам тўхталиб, мухлислар билан дўстлашиш ҳам, халқнинг нафсониятига тегмаслиги кераклигини айтиб ўтди.

TIQP3604

Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хонандаларнинг хорижда концерт бериш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, санъаткорлар хорижда концерт бериши учун маълум бир тартиб-қоидаларга риоя қилишлари, “Ўзбекконцерт” ДМ томонидан қилинган райдер, ўша концерт бермоқчи бўлган Давлатда жойлашган Ўзбекистон Элчихонаси билан ҳамкорлик бўлиши кераклигини таъкидлаб, шундай тартиб билан хорижда концертларини ҳамма ҳавас қиладиган даражада ўтказган Улуғбек Раҳматуллаев, Зиёда ва Шохруххонни мисол келтириб ўтди.

RTSO2088

 “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров санъаткорлардаги нарх-наво масаласига ҳам тўхталиб, халқни инобатга олиш зарурлиги, атайлаб рейтингни ошириш учун учун нарх-навони кўтармаслик кераклиги, шароитдан келиб чиққан ҳолда Халқни рози қилиш кераклигини таъкидлади.

MCKV6768

Шунингдек, тўй-ҳашамларда мазмунли қўшиқларни кенг тарғиб қилиш, хонандалар ўзларини тута билиши масаласига ҳам эътибор қаратилиб, Клиплар Назорати бўйича тузилган Бадиий кенгаш фаолияти йўлга қўйилганлиги, клипни суратга олишдан олдин, олдиндан маблағни бекорга сарфламасдан, Кенгашга топшириб, сценарийси кўриб чиқилиб, Кенгаш хулосасига кўра клип суратга олиш мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, китобхонлик, яъни саводхонлик масаласига, ҳамда хонандалар томонидан куйланаётган қўшиқлар ва видеоклиплардаги саёзлик, мужмаллик, маъносиз сўзлар ва клипнинг ғоявий бадиий жиҳатдан жўнлиги, ҳамда бошқа долзарб масалалар ҳақида сўз борди.

PDYI1401

Мазкур йиғилишга таклиф қилинган 85 нафар санъаткор ичида йиғилишга ҳеч бир сабабсиз келмаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон (Санжар Раҳимов), хонандалар Асилбек Неъматов, Феруза Жуманиёзова ва Тоҳир Усмоновнинг лицензия муддати 31 майдан тўхтатилди!

HIJB3676

DSLX4890

“Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хонандалар бу йиғилиш ҳақида бир кун олдин огоҳлантирилганлигини, улардан масалан, Алишер Файз Наманганда бўла туриб, йиғилиш учун шошилинч етиб келганлигини алоҳида айтиб ўтди. 

FSZN5241

Шунингдек, санъаткорларда интервью бериш маданияти, интервьюда ҳам ўзини муносиб тутиш кераклиги, айниқса видео интервьюда ҳақоратли сўзларни ишлатмаслик кераклиги, санъаткор маданият вакили эканлиги алоҳида таъкидланди. 

PRXG1164

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов: - Санъаткорларнинг камчилиги яққол кўриниб тургани билан, Санъаткорларнинг кўпчилиги яхши, фақат ичида шу айрим 5-6 та халқ эътиборини, масъулиятни ҳис қилмай, ўзини босар-тусарини билмай қолганлари бўлиб, шулар туфайли шундай эътирозлар, гап-сўзлар келиб чиқяпти. Илгари санъаткорларга осон бўлмаган. Лекин, улар ижод қилишган, нарх-наво масаласида тортишишмаган. Ҳозир эса, ёшлар учун кенг имкониятлар, шароитлар яратилган. Лекин, халқимиз, санъаткорни кўрганда “юлғич бу” деган гапни гапириши керак эмас! Битта санъаткорнинг иши, баъзида ҳамма санъаткорларга тааллуқли бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам, инсоф сари барака дейилади. Ҳаммани ихтиёри ўзида, ҳеч ким мажбур қилмайди. Масалан, шу нарх-наво масаласида мени ўзим билан бўлган ҳолат, қўшним тўй қилди, бир неча хонандани маълум бир нархга боришни сўраб беришимни илтимос қилди. Айтсам у нархга боришмади. Озгина юз-хотир қилиш керак-ку. Клиплар кенгашига тўхталсак, халқ эътирозини сизларга, хонандаларга ёзмайди. “Ўзбекконцерт” ДМ га ёзади. Клипларни кўрсангиз, биттасида пичоқбозлик, бошқасида қизлар ярим-ялонғоч чиқиб ётибди. Биттаси қўшиғини клип қилиш учун олиб келган, эшитсангиз, “Мен сени ўзгани қучоғида кўришни ҳоҳламайман” дейилган. Шуни 30 млн дан ортиқ аудиторияга клип суратга олдириб, куйламоқчи! Бу уят-ку! Бу шеър эмас! Бу ерда санъатни, қўшиқларни яхши тушунадиганлар кўп. Агар кўпгина қўшиқларни сўзларини олиб ташлаб, мусиқасини эшитсангиз, қарийб 80 фоиз қўшиқда ўзбекча оҳанг чиқмайди! Сизлар Ўзбекистон телевидениесидан ўзбек бўлиб чиққандан кейин, мусиқаларда ҳам қандайдир ўзбек элементлари, ўзбек оҳанги бўлиши керак!  Ҳозир қарасангиз, кимдадир эрон, кимдадир турк оҳанглари, гапирсангиз хафа ҳам бўлишади. Санъат бўлгандан кейин, ҳақиқий санъат бўлиши керак!  Лекин, такрор айтаман, санъаткорлар ичида ёмони йўқ, санъат йўлига кирган инсонларнинг ҳар бирини ўзини эзгулиги бўлади. Шунинг учун ҳаммага омад тилайман! Лекин, энг асосийси, янги қўшиқ куйлашдан, унга клип суратга олдиришдан аввал келиб, Бадиий Кенгашга ўша қўшиқ матнини бир кўрсатиб олинглар. Чунки, ҳозирги кунда қўшиқлар матнини умуман санъатга алоқаси йўқ, шоир бўлмаганлар ҳам, мусиқасчи ва аранжеровкачилар ҳам ёзишяпти. Адабиётнинг ўз сир-асрорлари бор. Кенгашдаги шоирлар қўшиқлар матнини кўриб беришса, мақсадга мувофиқ бўлиб, “бизни қўшиғимизни чиқармади” деган мазмундаги эътирозлар ҳам, камаяди. Бундан ташқари, қўшиқлар мусиқасига оз бўлса ҳам, ўзбекча элементлар қўшиш керак. Бўлмаса, эртага ўзбек мусиқаси қолмайди. Кўп қўшиқларда хорижий  элементлар тўлиб ётибди. Кейин эртага Бадиий кенгашда матнга, мусиқага эътироз бўлса, “қўшиғимни ўтказмади” деган мазмунда тушунмовчилар бўлади. Ўзбекистон номидан, юрт номидан чиққандан кейин айтилаётган қўшиқ ҳам ўзбекча бўлиши керак. Оҳанги бошқа миллатники бўлиб, ўзбекча сўз қўйилгани билан ўзбекча қўшиқ бўлиб қолмайди. Агар шу тарзда давом этаверса, орадан 5-10 йил ўтгандан кейин ўзбекча оханг қолмайди. Шунинг учун ҳам, қўшиқлар мусиқасига ўзбекча элементларни қўшиб бориш керак, бу ҳам санъаткорларнинг масъулияти, деб ўйлайман.

LXWG7605

Устоз созанда, санъаткор Фарҳод Саидов: - Энди ҳар хил одам бор, инсонларнинг суқи деган нарса бор, инсонларнинг санъаткорларга ҳасади, ана шунақа кўринишлардан келиб чиқади. Ҳамма санъаткорни мухлислари бор. Ўша мухлислар бизни нотўғри гапимизни ҳам, тўғри деб қабул қилади, шунга ишонади. Нотўғри ишимизни ҳам “фалончи қилди-ку” деб, тўғри қабул қилаверади. Шарқона инсон эканлигимиз, Шарқона маданият вакили эканлигимиз эсимиздан чиқиши керак эмас. Бизни ўз шарқона ғуруримиз бор. Атрофда, маҳаллада ҳурматимиз бор. Шунинг учун ҳам, айтилаётган нарсаларни ҳаддан ошириб юбормаслигимиз, юриш-туриш, кўринишимизга маданиятимизга эътибор беришимиз керак. Биз кўчада ҳам саҳнадамиз! Ёшлигимизда “ўзингга четдан қара” дейишган. Шу гапни ўзимизга қонун қилиб олганмиз. Ҳақиқатдан инсон ўзига четдан қараса, ҳеч адашмайди. Ҳозир бу гап техникага ўтиб кетди. Четдан қарамасангиз ҳам, интернетда кўриб турибсиз. Шунинг учун, ўзимизга атрофдан қарашга ўргансак, мақсадга мувофиқ бўлади.

UPDN4602

“Ниҳол” мукофоти совриндори Адҳам Солиев: -Ҳамкасблардан бир илтимос, шу ижтимоий тармоқларга расм қўяётганда, мен шу қилаётган ишим билан эртага юртимни шарманда қилмайманми, деб шуни бир оғиз ўйлаб, кейин қўйишса! Ашула айтяпти-да, рўмолни номига ўраб, расм қўйяпти. Нашида масаласида ҳам, билиб-билмай куйлаш ҳолатлари, шунингдек, инстаграмга қўйилаётган суратларга ёзилаётган изоҳларни ҳам ўқинглар, ўзингизга берилган ўша баҳони кўринг. Нима учун изоҳларда ноўрин гапларни ёзишган? Шуни ўйлаб кўриш керак. Тушуниш керак. Мана шу нарсани қўйсам, демак, мана шундай фикрлар ёзилади, нотўғри тушуниб қолишлари мумкин, деб ўйлаб иш қилиш керак.

TUGE4137

Маънавият соати якунида “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров Лицензия масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, тартибга кўра, 1 июлдан бошлаб, хонандаларнинг лицензияси бўлмаса, тўйхонага  киритилмаслигини ҳам маълум қилди.

Мазкур Маънавият соати хонандаларга ўз юриш-туриши, одоби, ҳулқи ва қўшиқлари борасида яна бир бор ўйлаб кўришга ҳамда, халқ олдидаги масъулиятни ҳис қилишга ундайди, деб ўйлаймиз.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

Фотолар учун фотограф Шуҳрат Усмоновга

миннатдорчилик билдирамиз

FPQQ7653

LFWR3788

JTDD4570

NDZN1946

JNZY8076

DIEL2791

NDYT1530