OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ОДИЛ АҲМЕДОВ: ФУТБОЛДА ҚЎРҚИШ КЕРАК ЭМАС! 02.12.2014 00:24

foto (7)

Ўзбек футболида ўз ўрни, мавқейи ва номига эга футболчи, “Ўзбекистон кубоги” соҳиби, Ўзбекистон чемпиони, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси етакчи футболчиси Одил Аҳмедов “Диллашув” саҳифаси меҳмони.

 foto (13)

- Одатда ўзингиз фаолият юритадиган жамоа, клубнинг қайси жиҳатлари сиз учун муҳим аҳамиятга эга?

- Биринчи навбатда, улар жойлашган шаҳарга эътибор бераман, бу муҳим. Чунки, бу жой оилам учун ҳам муҳим. Уларга қулай бўлиши керак, албатта. Менимча, ҳар бир оилали инсон шундай ўйласа керак. Мисол учун, фарзандларим учун яхши боғча, айланиш учун яхши жойлари бўлиши керак. Чунки, фақат футбол ўйнаш эмас, шаҳардаги шарт-шароитлар ҳам муҳим. у ерда бир ўзим яшамайман.

 

- “Анжи” дан кетишингиз сабаби нима бўлганди?

- Энг асосий сабаби, аввало “Анжи” қуйи лигага тушиб кетди! Шунинг учун ҳам, кетишга мажбур бўлдим.

 

- “Анжи” ҳақида ҳар хил гап-сўзлар ҳам бўлди. Ҳаттоки, жамоанинг ичида келишмовчиликлар, бўлди деган гаплар... Шу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Мен бир-бири билан чиқиша олмаганлиги учун жамоа тарқалиб кетди, деб ўйламайман! Жамоанинг нима учун тарқали кетганлиги менга унчалик ойдинмас. Чунки, ўша акционер шундай қарор қабул қилди. Ўзининг шахсий муаммоси туфайли шундай қилган бўлса керак. Яна бир бор қайтараман, жамоанинг тарқалиб кетишига ички муҳит таъсир қилмади, деб ўйлайман. Ўша “Анжи”да бўлган маҳалим ҳам, ўша ердаги футболчилардан профессионалликни, яхши томонларини кўп олдим. Россия чемпионатига чиқишим ҳам, ҳар томонлама ўсишимга ёрдам берди, десам ҳам бўлади.

 

- Жамоадаги касбдошлар билан келишмовчиликлар юзага келса, қандай йўл тутасиз? Ҳеч шундай ҳолат юз берганми?

- Бундай ҳолат ҳеч юзага келмаган. Агар шундай ҳолат юзага келиб қолса, ўзимнинг агентим бор. Ўша орқали муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиламан.

 foto (6)

- Тўп сурган жамоаларингизда, дўстлашиб, оға-инидек бўлиб кетган касбдошлар ҳам борми?

- Албатта, ҳар бир жамоада дўстлашиб кетган дўстларим кўп! Бошқа командаларга ўтиб кетилса ҳам, ҳалигача ёзишиб, кўришиб, гаплашиб, бир-биримизникига меҳмондорчиликка бориб турадиган футболчи дўстларим ҳам бор!

 

- Сизга араб клубларидан жуда кўп таклифлар тушган экан ва бу таклифлар моддий жиҳатдан сизни тўлиқ қониқтириши мумкин бўлган таклифлар эди... Сиз бу таклифларни рад этгансиз. Нима сабабдан?

- Негаки, ёшлигимдан Россия ёки Европа чемпионатида ўйнашни орзу қилардим. Шунинг учун ҳам, мен агар Араб жамоаларига ўтганимда, бу мен учун армон бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам, биринчи ўзимни Россия чемпионатида синашни ҳоҳладим. Шунинг учун ҳам, Араб давлатларидан тушган таклифларга рад жавобини бердим.

 

- Вақт ўтиб ҳар қандай инсоннинг қарашларида ўзгаришлар бўлади. Футбол оламига эндигина қадам қўйганингиздаги қарашларингиз, бугунги кундаги қарашларингизга мос келадими? Ёки қарашларингизда ўзгаришлар бўлдими?

- Биринчи қадам қўйган вақтдаги қарашларим билан, ҳозирги вақтдаги қарашларим деярли ўхшаш. Чунки, футбол оламига қадам қўйган кунимдан бошлаб, нимаики орзу қилган бўлсам, нимаики мақсад қилган бўлсам, ҳозирги вақтда ўша нарсаларга эришиб келяпман.

 

- Шунча йил давомида Россияда тўп сурдингиз, легионер ҳам бўлдингиз. Ўша даврдаги Одил Аҳмедов ва ҳозирги вақтдаги Одил Аҳмедовда қанчалик ўзгариш бор?

- Россия чемпионатига кўчиб ўтганимдан кейин, бошимга мусофирчилик тушди. Шунинг учун ҳам, менинг ўзгаришим ёки ўзгармаслигим борасида менимча, ён-атрофимдагилар айтганлари маъқул. Ўзбекистонда кам бўламан. Шунинг учун ҳам, ўзим ёки бошқалар ҳақида бир нарса дея олмайман. Менимча, мен ҳақимда бошқалар ўз фикрларини билдиришса, мантиққа тўғрироқ бўларди.

 foto (12)

- Мусофирчилик, легионерлик орқали нималарга эришганлигингизни ютуқ деб биласиз?

- Энг аввало, бу албатта Ватаннинг қадрига етиш бўлди. Оила аъзоларингни, Ватан соғинчи! Аввал ёш бўлганман, энди эса 2 фарзанднинг отасиман. Шулар ҳақида гапиришим мумкин.

 

- Ўзга юртда юрганингизда Ватан қадрини, соғинчини қанчалик ҳис қиласиз?

- Бу нарсани тил билан айтиб бериш, жуда ҳам қийин! Ватанимни жуда ҳам қаттиқ соғинаман! Шунинг учун бўлса керак, Ватанимнинг қадрига бошқача етаман! Чунки, мусофир бўлган инсон Ватан қадрини бошқача билади, деб ўйлайман. Чунки, ўзингиз туғилиб ўсган жой, туғилиб ўсган шаҳарни доим соғинасиз! Мисол учун, одамлари ёки ҳавосини, умуман ҳар бир лаҳзагача, шунинг учун ҳам, мен буни тил билан ифодалаб бера олмайман!

 

- Самолётда учиб келгач, аэрапортда биринчи бўлиб Ватанингизга қадам қўйганингизда нималарни ҳис қиласиз?

- Самолёт Ватаним тупроғига қадам қўйганимда, соғинч тафтини сал босилганлигини ҳис қиламан! Чунки, бир неча ойлаб бошқа жойларда юрганда, шунчалик соғинчни ҳис қиласизки, самолёт Ватан тупроғига қўнганида, кўнглингиз қандайдир енгил тортади, соғинч тафти пасаяди, эсон-омон Ватанга қайтганингиздан ўзингизни қушдек енгил ҳис қиласиз!

 

- Нима учун айнан, футбол йўналишини танлагансиз?

- Болалигимдан айнан шу футболга қизиқишим катта бўлган! Бошқа соҳа ҳақида ўйлаш, хаёлимга ҳам келмаган! 6 ёшимдан маҳалламдаги мураббийларга бориб, футбол тўгарагига қатнашиб, кейинчалик улғайгач Республика Олимпия коллежига ўқишга кириб, кейин профессионал футболчилик фаолиятимни бошлаганман! Ҳозирги вақтда бизда болалар футболига жуда ҳам катта имконият бериляпти. Менинг фикримча, энг муҳими ўзида қобилият бўлиши керак.

 foto (11)

- Айни дамда, ўзбек футболида сизни ташвишлантирадиган ҳолатлар? Нимани ўзгартирса, шу нарса ижобий тарафга ҳал бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?

- Ўзбек футболида ҳозирги вақтда яхши натижа бўлмаётгани жуда ҳам ташвишлантиради. Энг асосийси, менимча, ички чемпионатга катта эътибор бериш керак! Ёшлар футболига катта эътибор берилса, ўзбек футболида яхши натижага эришиш мумкин, деб ўйлайман. Бизда қобилиятли ёшлар жуда ҳам кўп! Фақат уларни кўра билиш ва уларга имконият бериш керак! Олдин “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўйинида, “Пахтакор” стадионига одамлар сиғмасди! Шунинг учун ҳам, менимча, чемпионатда мухлислар келадиган ўйинларни кўпайтириш керак. Менинг назаримда, кучли командаларнинг кучи пасайиб, пастдагилар билан тенглашиб қолаётгандек... Менимча, кучли ўйинларни кўпайтириш керак! Рақобат қила оладиган командалар кўпайиши керак. Ўзбекистон Терма жамоаси учун ҳам бу жуда катта ютуқ бўлади. Шунда Ўзбекистон чемпионати ўсади!

 

- Футболда сизнинг ўзингизга ёқмайдиган ҳолатлар?

- Ўзимга ёқмайдиган энг катта ҳолат, бу жароҳат олиш!

 

- Унда сиз омадли футболчисиз, кам жароҳат оласиз. Футболчи қанчалик жисмонан тайёр бўлса, 100 фоиз, шунчалик жароҳат олиш фоизи ҳам камаяди, дейишади. Бу қанчалик тўғри? Сиз ўзингиз қандай қилиб, камроқ жароҳат олишга эришасиз? Бунинг сири борми?

- Ростдан ҳам, жисмоний ҳолат яхши бўлса, техника ҳолати ҳам яхши бўлади. Ёмон бўлса, ҳаттоки фикрлашингизгача ўзгариб кетади. Нима учун кўплаб йўқотишлар бўлади? Ўша жисмоний ҳолати ёмонлиги учун ҳам! Жароҳат олишлар ҳам кўпроқ ўша жисмоний ҳолатнинг яхши эмаслигидан келиб чиқади. Жисмоний ҳолат тарафдан, мен мураббийларнинг кўрсатмаси бўйича ишлайман. Берилган керакли вазифаларни бажараман, индивидуал шуғулланаман. Лекин, агар мияда “жароҳат олишдан қўрқаман” деган нарса бўлса, унда футболчининг ўйини ҳам ўхшамайди. Автоматик тарзда ўйинга киришиб кетганингиздан кейин бу нарса миядан чиқиб кетади. Ўйин вақтида кучли тўқнашувлар ҳам бўлади, уларга қўрқмай кириш керак. Ҳозирги пайтда асосан тўқнашувлар ҳам кўп бўляпти. Шунинг учун ҳам, футболда қўрқиш керак эмас!

 

- Футболдаги  фаолиятингиз давомида ҳамда, ҳаётда ҳам қоқилишлар, вазиятлар бўлганми? Бундан ҳолатлар ва вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетгансиз?

- Албатта, бундай вазиятлар бўлиши табиий. Россия чемпионатига борганимда ҳам, биринчи навбатда борган маҳалимни эслайдиган бўлсам, “Ўзбекистонлик футболчи келди” дейишдими, Ўзбекистонда Россия чемпионатида ўйнайдиган футболчи йўқ, деган тасаввур бор эди. Бу фақат мураббийларда эмас, футболчиларнинг орасида ҳам, кўпларнинг орасида бўлди. Бу нарса, футболчи учун жуда қаттиқ психологик зарба бўлади. Шуни енгиш жуда қийин бўлди! Биринчи борганимда, биринчи Ўзбекистонлик футболчи бўлганим учун ҳаттоки футболчилар ҳам ишонишмаган! Ўз устимда ишлаб, ҳаракат қилиб, ўз ўйинларимни кўрсатиб, охири енгиб чиқа олдим!

 foto (14)

- Россияда ўзбек футболига нисбатан, футбол мутахассисларининг фикрлари қандай?

- Улар ўзбек футболи деган тушунчага эга! Лекин, барибир улар учун ўзбек футболчилари кам бўлганлиги учун ҳам, ўзбек футболчиси Россия чемпионатида ўйнаб кетишига унчалик ишонишмайди. Ўзбекистонлик футболчини олгандан кўра, Бразилиядан олиб келганим яхши, деган тушунча уларда кўпроқ.

 

- Тўп суриб, гол ура олмаган ҳолатингизда нимани ҳис қиласиз?

- Ёмон ҳолатга тушасиз, албатта. Ўша вақтда, хаёлингиздан “команда ютқазиб қўймасмикан?” деган фикр ўтади. Гол ура олмаган вазиятимда шундай фикрлар кўп бўлади. Лекин, албатта, тушкунликка тушмасликка ҳаракат қилиб, яна олға интиламан.

 

- Одил Аҳмедов ҳаётда нимадан қўрқади?

- Ҳаётдами? Аввал, ўйлаб кўрмаган эканман! Тўғрисини айтсам, ҳозир ўйлаб кўрсам, яқинларимни йўқотишдан қўрқаман!

 

- Ҳаётда энг кўп такрорлайдиган сўзингиз?

- Энг кўп такрорлайдиган сўзим, (меҳр билан) фарзандларимга “асал болаларим” сўзимни кўп такрорлайман. Оилада қаттиққўл ота эмасман, оилада бошқача инсонман. Болаларимга ҳеч қаттиққўллик қилмаганман!

 foto (8)

- Энг кенжа укангизни ҳам касбингизнинг давомчиси, деб айтиш мумкин. Ўзингизни унга тренер, деб ҳисоблайсизми?

- Йўқ, тренер, деб ҳисоблай олмайман! Чунки, тренер сифатида, менда қобилият ҳам, тажриба ҳам йўқ! Лекин, ака сифатида жуда кўп танбеҳлар бераман, камчиликларини айтиб тураман. Оилада кўпроқ укамнинг яхши тарафини эмас, ёмонроқ тарафларини гапираман. Кўпроқ танқид қиламан. Чунки, ёмон тарафини гапирадиган инсонлар жуда ҳам кам бўлади. Мен унга доим “ҳаракат қилгин, сени менинг укам сифатида кўришмасин, ўзингни Азим Аҳмедов сифатида танишсин” деб айтаман. Ака сифатида эмас, футболчи сифатида ўртача баҳо берган бўлардим. Мен ўзим эришган даражага ўз кучим билан эришганлигим учун, укамни ҳеч қачон қўлламаганман. Ҳеч қачон “бу командага олинглар” демаганман. Қўлламайман ҳам, чунки ўз бошимдан ҳам кўп қийинчиликлар ўтган ва шуларни енгиб, шу даражага етишдимми, демак, унда ҳам, ҳаммаси ўзига боғлиқ. У ҳам ҳозирда ўз клубида асосий ўйинчилардан бирига айланиб боряпти. Унга доим, “менинг даражамдан ҳам ўтсанг, мен бундан хурсанд бўламан” дейман. Шуни ният қиламан ва мени даражамдан ҳам ўтишига тилакдошман.

 

 - Энг кўп маслаҳатлашадиган устозингиз ким? Футбол борасидаги асосий маслаҳатларни асосан кимдан оласиз?

- Тўғрисини айтсам, футбол борасида маслаҳат олмайман. Бошқа масалалардаги маслаҳат оладиган инсонларим, бу албатта, ота-онам, бошқа оила аъзоларим! Асосан, улар билан маслаҳатлашаман!

 

- Фаолиятингиздаги мураббийлар-чи? Қайси мураббийдан, Россиядаги, ўзимиздаги, қайси жиҳатларни олдингиз?

-Албатта, шу даражага етишимга ҳамма мураббийларнинг ҳиссаси бор. Қайси мураббий билан ишлашимдан қатъий назар, ҳаммаси менга ўсишимда ёрдам берган. Ҳар бир мураббийимга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Булар ичида мени ҳайрон қолдирган мураббий бу албатта, Гус Хиддинг. Чунки, ҳақиқатдан ҳам профессионал мураббий! Мураббий қандай бўлиши керак? Футболчиларни ўз ўғлидек яхши кўриши керак, ўз ўғлидек танбеҳ бериши керак. Ўшандагина қандайдир натижага эришиш мумкин. Бу нарсаларнинг ҳаммасини Гус Хиддингда кўриш мумкин. Уни ҳақиқий психолог дейиш мумкин, ҳар бир футболчи билан бир хил муомалада бўлади. Ҳам ўйинга тайёрлай оларди, ҳам ҳар тарафлама яхши инсон.

 foto (10)

-Йиллар ўтиб, ўзингиз ҳам мураббий бўлишингиз мумкинми?

-Йўқ! Чунки, биламан, мураббийлик қийин. Аммо, ҳозир олдиндан бир нарса дея олмайману, лекин мураббий соҳасида ишлашни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Билмадим, футбол соҳасидаги фаолиятимни тугатгандан кейин ҳам мураббий бўлиб ишлаш, умуман қўлимдан ҳам келмаса керак, деб ўйлайман.

 

- Фаолиятингиздаги энг ёдда қолган ва энг муҳим ўйин?

- Ҳар битта ўйинга тушганимда, хаёлимдан “бу охирги ўйиним” деган фикр ўтади. Ўзим ҳам, “бу охирги ўйиним” деб тушаман ва шунинг учун ҳам, доим қўлдан келганча ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишга интиламан! Лекин, битта ўйинни ажратиб кўрсата олмайман. Чунки, ҳамма ўйинларим мен учун муҳим!

 

- Симуляцияга муносабатингиз? Чунки, сизни ўша ётиб олиш, симулация ишлатишдан жуда узоқ футболчи сифатида билишади.

- Масалан, оёғингизга тепдими, ўша вақтда йиқилишни ҳам билиш керак. Менимча, мен ҳам бу ҳолатга нормал қарайман. Масалан, кимдир оёғига тепади, футболчи эса ўша пайтда йиқилишни билмайди, югуриб кетаверади. Кейин вақт ўтиб бўлгач, ҳакамдан талаб қилади. Ёки “штрафной” ишлашни билмайдиган ўйинчилар ҳам кўп. Лекин, бу нарсалар Араб давлатларига ўхшаб қилинадиган бўлса, менимча, керак эмас! Чунки, 10-15 минутлаб ётиб олиш, бу менимча, футбол ўйини эмас! Футболчи қанақадир ўз маҳоратини кўрсата билиши керак.

 

- Одил Аҳмедовнинг ҳаётдаги ўз шиори ва шу шиорга доим амал қиладими?

- Шиорим, “Олдинга, олдинга ва фақат олдинга!” ва албатта, бунга амал қиламан!

 foto (5)

-Терма жамоада 9 рақамини танлашингизга сабаб?

- Терма жамоага биринчи чақирилган вақтимда, биринчи бўлиб, 6 рақамини беришди. Кейин иккинчи чақирилганимда, 9 рақами бўш экан, шу рақамни беришди. Шу билан 9 рақамда қолиб кетганман! Осиё чемпионатига саралаш бўлганида ҳам, рақамлар 20 гача эди. Шунинг учун ҳам, 9 рақамида ўйнаганман.

 

- Агар фарзандларингиз сизнинг касбингизни танлашса?

- Мен уларнинг қизиқишларига қараб, фақат йўналиш беришим мумкин.  Аммо, қаршилик билдирмайман. Катта ўғлимда футболга қизиқиш йўқ. Катта ўғлимга “футболчи бўласанми?” десам, “Йўқ, артист бўламан” дейди. “Ким футболчи бўлади?” десам, укасини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, энг асосийси ўзида қизиқиш бўлиши керак. Мен мажбурлаб футболга олиб бормайман. Агар ўзида қизиқиш бўлса, мен йўналиш кўрсатиб, шароит қилиб беришим мумкин.

 

- Рафиқангиз ҳам “Инстаграмм”да фаоллар. Бунга қандай муносабатдасиз?

- Бунга оддий қарайман. Чунки, рафиқамни яхши кўраман ва унга ишонаман. Оилада аввало ишонч бўлиши керак. Бунга ёмон муносабат билдирмайман.

 foto (9)

-Оилангиздаги касбингизни қанчалик тушунишади ва қўллаб-қувватлашади?

-Сизни бир қарашда тушунадиган, юракдан мухлислик қиладиган, дардингизни тушунадиган, дардлашадиган, сизни деб ортингиздан борадиган ҳам, сиз ҳақингизда қайғурадиган ҳам, бу яқинларингиз, ота-она, ака-ука, рафиқангиз, болаларингиз бўлади. Мен оиламнинг ёрдами билан ҳам шу даражага етдим, десам ҳам бўлади. Чунки, улар қаерда бўлишимдан қатъий назар, мени ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашади. Ота-онамнинг дуоси билан ҳам шу даражага етиб юрибман, деб ўйлайман. Менинг бахтимга улар ҳамиша соғ-саломат юришсин! Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман!

 

- Инсонларга ҳурмат тушунчасига қанчалик риоя қиласиз?

- Жуда қаттиқ риоя қиламан. Чунки, бу нарса инсонга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун, ҳар битта инсонни ҳурмат қилишга ҳаракат қиламан. Ёш бўладими, каттами, мавқейидан қатъий назар доим, ҳурмат чегарасидан чиқмасликка ҳаракат қиламан. Ҳурмат ёшга, ёки мансабга қараб қилиниши керак эмас, ҳурмат юракдан чиқиши керак.

 

- Сиз учун манманлик ва кибр чегараси?

- Бундай нарса, мен учун бегона!

 

-Нимани кечира олмаган бўлардингиз?

-Сотқинлик ва хиёнатни!

 foto (2)

- Акангизни кино соҳасида фаолият юритишида, сизнинг ҳиссангизни катта, деб айтишади.

- Йўқ, мени ҳиссам бўлмаган. Балки, кимдир шундай айтиши мумкиндир. Лекин, акамнинг ўзида қизиқиш катта бўлган. Шунинг учун ҳам, шу йўналишда кетди. Мен санъат соҳасига кириш йўлларини билмайман. Шунинг учун ҳам, мени бу ерда ҳеч қандай ҳиссам йўқ. Шунчаки, бошида акамни “Одил Аҳмедовнинг акаси” деб танишган. Шу холос.

 

- Лекин, баъзида акангизни маблағ тарафлама, сиз таъминлашингиз ҳақида айтишади.

- Акамни шу вақтгача ўз бизнеси бўлган. Кино соҳасига ўзи пул тиккан, мен унга ҳеч қандай маблағ бермаганман.

 

- Акангизни кино соҳасидаги фаолиятига сизнинг муносабатингиз?

- Кино соҳасини унчалик яхши тушунавермайман. Бу акамнинг ўзи танлаган йўл. Лекин, қаердадир камчилиги бўлса, хафа бўламан, албатта. Ютуғи бўлса, албатта, бундан хурсанд бўламан. Акам суратга тушган ҳамма фильмларини кўрганман. Ўзим ҳам ўзбек киноларини кўпроқ кўриб тураман.

 

- Томошабинлар, мухлислар томонидан кино соҳасида акангизни “кино соҳасини, актёрликни адашиб танлаган” деган фикрларга муносабатингиз?

- Билмадим, балки бу мухлисларнинг фикридир? Ҳозир ҳам айтдим, кино соҳасига унчалик тушунавермайман. Шунинг учун ҳам, бунга бир нарса дея олмайман. Акамнинг ўзи қизиқиб танлаган йўл. Менимча, бошланишда ҳар бир инсонда қийинчилик, камчиликлар бўлса керак. Кейинчалик бу камчиликларни йўқ қилса керак.

 foto (4)

- Телевизор орқали бериладиган футбол матчларини кўрасизми?

- Ўйинларнинг вақти, кўпинча тунги вақтга тўғри келиб қолади. Футболчилар эса, тартиб-интизомга риоя қилишлари керак. Соат 21.00 даги ўйинни кўришим мумкин, лекин ундан кечини кўра олмайман! Чунки, футболчи учун энг яхши тикланиш, бу кечқурунги уйқу! 

 foto (1)

Интервью якунида Одил Аҳмедов барчага ва бизга ўз тилакларини билдирди:

- Барчага омад ва соғлик тилайман! Юртимиз тинч бўлсин! Ҳамманинг кўнглида нимаики тилаклари бўлса, ҳаммасига эришишсин! Сизларга ҳам омад! Ижодингиз бундан ҳам юксалсин!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

Интервью «Тасвир» газетасида чоп этилган

foto (3)