OzodbekNazarbekov

 

 

 

img_4793

 

 ВИДЕО  

 


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ҒУЛОМЖОН ЁҚУБОВ: РАШК УМРНИНГ ОХИРИГАЧА БЎЛАДИ! МЕҲР БИЛАН НАФРАТ ҲАР ДОИМ ЁНМА-ЁН... 23.03.2015 02:22

photo (108)

Ўзбек санъатида, ҳар баҳор тингловчиларни янги концерт дастурлари билан қувонтирадиган бу устоз санъаткор сира ижоддан тинмайди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов бугун “Диллашув” саҳифаси меҳмони.

 photo (64)

- Одатда, Ўзбекистонда баҳор ҳар йили Ғуломжон Ёқубов билан кутиб олинади. Чунки, ҳар йили 1 март сизнинг концертларингиз билан бошланади. Бу анъанами?

- Ҳамма фасллар яхши, лекин баҳор мен учун қандайдир илҳомлантирувчи, кўтаринки руҳ бағишловчи фасл! Баҳорда янги нарсалар чиқади, ҳаммаёқ янада гўзаллашади, шунинг учун баҳорни жуда ҳам яхши кўрганим учун, яъни туғилган куним туфайли ҳам эмас, баҳор бошланиши билан ўзимнинг концерт дастуримни халққа кўрсатишга ҳаракат қиламан!

 photo (73)

- Ўтган йили концерт бермадингиз ва бунинг сабаби, сизни “Ҳиндистонга бориб, у ерда юрагини операция қилдирди” деган гап бўлди! Бу қанчалик ҳақиқат?

- (дарҳол) Йўқ, йўқ, бу бўлмаган гап! Худога шукур, юрагим яхши! (кулиброқ) Ҳиндистонга борганим рост, лекин мен Ҳиндистонга Мустақиллик байрамидаги концертда иштирок этиш учун бордим. Яъни, Ҳиндистондаги Ўзбекистон Элчихонасида Мустақиллик байрамимизни нишонлашди, бутун дунёдан Элчилар иштирок этишди! Ўшанга концерт дастури билан бордик! Тўғриси,  мухлислар хавотирланишмасин, юрагим соғ, яхши, ўзим соппа-соғман, Худога шукур! Инсон борки, иссиқ жон, ҳар хил гаплар бўлаверади. Мен ҳамма гапни кўтараверганман! Бундан оғирларини ҳам, бошқасини ҳам! Инсон борки, гап бор!

 

- Унда ўтган йилги концерт бермаганингизнинг сабаби?

-Энди бу ижод! Мен янгилик бўлмаса, концерт қилмайман! Қўшиқларми, нимадир камроқ бўлиб қолса, кўнглим тўлмай қолса ҳам, концерт қилмайман! Шунинг учун ўтган йили концерт берганим йўқ!

 

- Концерт борасидаги “фонограмма” ёзуви масаласида. Сиз жонли ижрода мукаммал куйлай олишингиз эса, исбот талаб қилиб бўлмайдиган даражада!

- Фонограмманинг ҳозирги вақтда мужассамлангани, бу алоҳида ўрин тутади. Чунки, созандалар 30-40 та бўлиб ўтиргани билан, уларни бирлаштириш, сўнг, уни овоз оператори уни ҳар биттасини алоҳида, рубобни алоҳида, ғижжакни алоҳида, ҳаммасига алоҳида бир кундан вақт ажратиши керак бўлади! Ҳозир эса, кўраётган бўлсангиз ҳар куни концерт бор! Бугун меники, эртага уники, ундан кейин яна бошқаники! Натижада овоз оператори ҳам бунга ҳеч қачон улгурмайди! Қолаверса, жонли ижрода куйлайдиган бўлса, унга созандалар билан репетиция учун камида 10 кун катта саҳна керак! Ўша бир-бирини тушуниб, овозларни катта залда бир хил қилиб, овоз оператори билан мулоқотда бўлиш учун 10 кун, яъни шунча вақт керак!  Ҳозир эса, айтганимдек, дерли ҳар куни концерт бор. Шунинг учун балки? Лекин, биз ҳали микрофон бўлмаган вақтдан қўшиқ айтишни бошлаганмиз! Фонограммасиз бемалол 10 кунлаб ҳам концерт беришим мумкин! Тўйларда ҳам, бемалол 3-4 соатлаб қўшиқ айтардим. Ҳозир ҳам, бемалол 3-4 соат концертни жонли ижрода ўтказа оламан! Лекин, ҳозир қарасангиз, телевизор орқали бериладиган концертни кўрсангиз, фонограмма бўлмаса, бир-биридан бўлиниб қолади, овозлар ҳам баланд-паст чиқади, яхшилаб аҳамият берсангиз барибир билинади! Одамларда “вой, яхши бўлмабди” деган фикрлар уйғониб қолиши мумкин. Буни ҳаётда кўриб турибман, шунинг учун ҳам, қачонки ҳаммаси “пишади” яъни тайёр кам-кўстсиз бўлади, ёки “фонограмма бўлмасин” дейдиган кундан ўзимни бахтли ҳисоблайман ва эртаси кундан бемалол жонли ижрода куйлайвераман! Чунки, ҳаммада жонли ижро бўлса, овоз операторлари ҳам, ҳаммаси ишлайди, ўшанга ўрганади! 

 photo (115)

- Оилада ижодингизнинг давомчиси борми?

- Менинг фарзандларим бунга қизиқишмаган! Энди набираларим қизиқишадими, десам, улар ҳам қизиқишмаяпти. Лекин, бунинг учун қайғурадиган жойим йўқ! Агар чиқса, оқ йўл! Лекин, чиқмаса, мисол учун уни бошлаб қўйиб, ярмида ташлаб кетиб, ёки бўлмаса, чала-чулпа бўлганидан умуман бўлмагани ҳам яхши. Ҳар бир инсон касбни шундай танлаши керакки, уни ярим йўлда ташлаб кетмай, чўққигача эришиши керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, ҳар биттасини ўзига ҳавола қиламиз ва мажбур қилмаймиз. Ҳеч қачон мен қўшиқ айтдимми, менинг фарзандим ҳам қўшиқ айтиши шарт эмас!

 

- Ҳар-хил гап-сўзларга муносабатингиз?

- Четдан қараганлар нима дейди, ортимдан гапирилаётган гапларнинг кўпига қулоғим чалғийди, бир хиллар юзимга айтади, бир хиллар ортимдан гапиради. Бу ҳам ҳаёт! Бундай гап-сўзлар бўлиб келган ва бўлади. Мевали дарахтга тош отилади, дейишади. Одамларни ҳам ўша одам ҳақида нимадир билгиси келади. Бунинг учун хафа бўлишнинг ҳожати ҳам йўқ! Гапирилган гапга тушкунликка тушиб, биров билан жанжаллашишнинг кераги ҳам йўқ. Бу ҳаётий ҳамманинг бошида бор нарса, ҳар хил гапларга вақт ажратиш ҳам керак эмас.

 

- Бугунги кунда ҳаётга қарашларингиз қанчалик ўзгарган?

- Мени ҳаётга қарашим ўзгармаган! Чунки, мен ҳаётга ҳар доим ижобий қараганман! Ҳозир ҳам шу! Ёшлигимдан бошлаб, шу нарсага бир хил қарайман! Ҳаётда фақат изланиш, ишлаш, меҳнат қилиш туради. Мен ҳеч бошқаларни тушкунликка тушириб, “менда мана бундай бўлган” дейиш фикридан йироқман. Лекин, мени ҳеч нарса ўзгартиролмаган! Чунки, мен иродали инсонман, иродам ўзимга етарли! Шундай нарсалар бўлган тақдирда ҳам, енгиб ўтишга қурбим етган, бундан кейин ҳам етади! Мисол учун, тушкунлик ҳаммада бўлади. Ҳамманинг ҳаёти бир хил ўтган эмас, ўтмайди ҳам. Баланд-пастлик, қинғир-қийшиқ кўча бўлгандек, ҳаёт ҳам худди шунақа! Уни яхшисига ҳам, ёмонига ҳам шукур қилиш керак! Ёмон бўлса, енгиб ўтиш керак, яхши бўлса, кулиб ўтиш керак!

 photo (75)

- Бу нарсани қандай қилиб енгиб кетасиз?

- Санъат кўп нарсани енгади! Ёзувчи ўзини ёзиши билан, хонанда қўшиғи билан, янгилик излаши билан ҳамма нарсани енгиб ўтади!

 

- Оилангизда ҳамон рашк борми? Кимда кўпроқ?

- (кулади) Рашк умрнинг охиригача бўлади. Албатта, бор! Энди, кимда кўпроқ бўларди? Аёлларда кўпроқ бўлади!

 

- Яқин инсонингиз, дўстингиз кутилмаганда сизга сотқинлик қилса, бундай вазиятга қандай қарардингиз? Ёки тушунишга ҳаракат қиласизми?

- Ҳеч қачон уни ортидан уришиб юрмайман, ойдинлик ҳам киритмайман! Воз кечиб қўя қоламан! Гаплашмай қўяман, бўлди! Кечира олмайман! Яхшиси, воз кечган маъқул! Алоқани узамиз, бўлди!

 photo (46)

- Душманларингизга қанчалик кечиримлисиз?

- Ўзимча ўйлайман, душманларим ҳам йўқ мени! Ҳеч кимни душман ҳисобламайман. Душман, деган сўз нима? Ҳаётда ҳамма нарса бўлиб ўтади. Биров келади, биров кетади. Душман ҳам, фақат санъатчиликдан бўлиши мумкин. Лекин, нимани талашади? Ҳар кимни ўз даври бор, ҳар кимни меҳнатига яраша, барибир маҳсулини олади. Шунинг учун ҳам, бир-бирига душманлик қилганларни ёқтирмайман. Душманлик қилган ҳам эмасман, қилмайман ҳам!

 

- Бугунги кунда эркакларда худди лафз етишмаётганга ўхшайди! Кўпни кўрган инсон сифатида бунга муносабатингиз?

- Замоннинг яхшиланиши билан биргаликда, замонамий гўзаллашиб бораётган вақтда, эркаклар ҳам “гўзаллашиб” боришмоқда! (кулади) Буни тўғри тушунасиз, деб ўйлайман. Яъни, (жиддий) аксини айтмоқчиман! Битта гапни 3-4 марта қайтарадиган, бир-бирига, дўстликка хиёнат қиладиган, пул олиб бермайдиган, алдаб юрадиганлар кўпайиб кетди! Масалан, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар, кўпайиб кетди, буларга нима дейишимни ҳам билмайман. Бу нарсалар, эркаклик хусусияти эмас!

 

- Сизни ўзингизни ҳам вазият бўлиб, гапингиздан қайтган вақтингиз бўлганми?

- Йўқ, мен ҳеч қачон айтган гапимдан қайтмаганман! Битта гапирилдими, бўлди! Амал қилиб келганман! Иложи бўлмаса, бўлмайди, деганман! Ваъда қилган нарсамни иложи борича тўғри қилганман, лекин орқага қайтмаганман, қайтмайман ҳам!

photo (50)  

- Ҳақиқий эркак сизнинг фикрингизча қандай бўлиши керак?

- Ҳақиқий эркак ҳамма нарсада эркакликни кўрсата олиши керак! Ҳаётда ҳамма нарсада, уйда, кўчада, оилада, дўстликда, Ватан олдида, ҳамиша эркаклигини билдириб туриши, эркаклигини ҳис қилиши, кўрсата олиши керак!

 

- Ёқтирмаган одамингизга вақт ўтиб меҳр қўйишингиз мумкинми, ёки аксинча, меҳр қўйган инсонингиздан вақт ўтиб нафратланишингиз мумкинми?

- Меҳр билан нафрат ҳар доим ёнма-ён туради! Лекин, ёмон кўрган одамга ҳар қандай вазиятда ҳам меҳр қўйиб бўлмайди, менимча. Ҳаёт шунақа! Билмадим... Бундай нарса менда ҳам бўлган. Лекин, бундай ҳолда кейинчалик қайтиб бўлмайди! Кўнгил қолдими, тамом, уни қайтариб олиб бўлмайди! Ёмон кўриб қолиш, осонроқ.

 

- Санъаткорлар ичида ёши улуғларидансиз, лекин муҳаббат ҳақидаги қўшиқларингиз бисёр! Шу ёшга кириб ҳам асосан фақат муҳаббат ҳақида куйлашингиз сабаби?

- (самимий кулиб) Шу ёшга кириб ҳам муҳаббат ҳақида куйлайди, дейишади, тўғри. Мен эса ҳамиша айтганман, мени қачон жоним чиқади, шундагина муҳаббат ҳақида куйлаш тўхтайди, мен билан бирга кетади. Лекин, унгача муҳаббат ҳақида ҳаттоки, қариликни бўйнимга олган тақдиримда ҳам, муҳаббат ҳақидаги қўшиқ оғзимдан тушмайди!

 photo (35)

- Қўшиқларингизни руҳиятингиз билан боғлиқлик жойи борми?

- Бор, руҳият бўлмаса, қўшиқ ижро этиб бўлмайди! Ўша қўшиқнинг руҳиятига кирасиз ва шундагина ўша қўшиқ тингловчиларга манзур бўлади! Руҳиятига кира олмасангиз, тингловчига маъқул бўлмайди.

 

- Сизга тақлид қиладиган ёшларга муносабатингиз?

- Яхши муносабатдаман! Қўшиқ куйланиб, қолиб кетавермаслиги керак! Агар бировга маъқул бўлса ва ижро қилса, ўша қўшиқ яна янгиланади! Марҳум санъаткорлардан кўпларининг қўшиқларини ижро этишади. Масалан, марҳум устоз санъаткор Маъмуржон аканинг қўшиқларини тирикдек ҳамма ижро этади. Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаровларнинг қўшиқлари ҳозир ҳам ижро этилади. Булар ҳаётда ўлмагандек... Чунки, қўшиқлари янграяптими, демак, у инсон ўлмаган! Шунинг учун ҳам, агар қўшиғимни биров этиб, маъқул қилса, мен жуда ҳам хурсанд бўламан!

 

- Ўзингиз айни вақтда кимнинг қўшиғини айтган бўлардингиз? Устоз санъаткорлардан ва ёшлардан?

- Мана Фахриддин Умаровнинг қўшиқларини ҳозир ҳам, концертларда ҳам айтаман. Классик қўшиқлар бизнинг қалбимизга кирган, ёшларда ҳали бундай қўшиқлар йўқ, назаримда. Лекин, ёшларнинг қўшиқларини тинглайман, мана “Уммон” гуруҳининг қўшиғини дуэт тарзида ижро этдим-ку. Агар тингламасам, ижро қиламанми? Агар муносиб қўшиқлар учраса, ижро этавераман! Ҳеч қачон айтмайман, ёки бошқа нарса, демайман.

 photo (93)

- Тажрибангиз катта. Ёшлар сиздан кўп нарса ўрганишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, институтда дарс беришингиз мумкинми?

- Йўқ, мен дарс бера олмайман! Чунки, менда қаноат йўқ. Бир жойда ўтира олмайман! Бир-икки соат бир жойда ўтириб, дарс бера олмайман!

 

- Ҳаммада қандайдир орзу, ёки армон бўлиши табиий. Орзу ёки армонларингиз?

- Орзулар ҳам, армонлар ҳам кўп. Инсон ҳаётда борки, орзу, умид билан яшайди. Халқимиз ҳам, бекорга чиқмаган жондан умид, деб айтиб қўймаган! Ҳар бир инсон, умрининг охиригача орзу, ният билан яшайди. Шунинг учун ҳам, орзу ва умид ҳеч қачон йўқолмайди!

 

- Изтироб сўзи, сиз учун нимани англатади, бахт-чи?

-Қайғу ва изтироб чекиш, бу ҳар бир инсонга хос нарса! Чунки, ҳар бир инсоннинг бошида бор нарса! Фақат яхши бўлаверса, ҳамма нарсани унутиб қўди. Ҳаёт бу мактаб! Ҳар бир нарса бошига тушади ва ундан кейин унинг қадрига етади. Масалан, ҳозир тинчлигимизнинг қадрига етишимиз керак! Мана Украинани кўриб турибмиз, жанжал, одамлар ўляпти. Шундай нарсаларни кўрганда, тинч ҳаётимизга шукур қилишимиз керак! Тинчликнинг қадрига етишимиз керак!

 photo (36)

- “Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғингиз жуда ҳам оммалашган. Айтинг-чи, ўзингиз ҳам ҳамма нарсани ўткинчи, деб ҳисоблайсизми?

- Бу дунёга ҳеч ким устун бўлмаган! Фақат ҳаётида яхшилик, ижоди билан, яхши ишлари билан из қолдиради. Ҳаёт ўткинчи, дегани шу. Ёшлик ҳам, умр ҳам, ҳамма нарса ўтади. Ҳамма нарса қолади. Лекин, кимга қолади? Фарзандларга қолади! Яъни, давом эттирувчиларга! Ўша қўшиқлар ҳам, давом эттирувчиларга қолади. Бордан йўқ, йўқдан эса, бор бўлмайди.

 

- Бугунги ёшларга нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

- Бугунги ёшларга етишмаётган нарса, бу фақат ижод! Янгилик! Кўпи эмас, айримлари кўп-кўрона ғарб мусиқасини олиб, ўрнига сўз қўйиб ижро қилишади. Бу уят! Ўзбек халқи учун уят! Чунки, бизнинг халқимиз, классик қўшиқларимиз жуда кўп, уларнинг ичидан тортиб олиб, ижод қилиш керак! Уни ичидан янгилик излаш керак! Одамларнинг ҳаммаси 80 йиллари хитларини тўйларда ҳам куйлаб юришибди. Айримлари  яхши кийиниб олиб, айтса бўлди, ўша қўшиқларни, тингловчилар ҳам тушиб олиб, ўйнашса бўлди. Ҳаттоки, одамларнинг ўзида ҳам, бу янги ижодми, ўзи, деган қизиқиш йўқ! Шу нарса мени хафа қилади. Бугунги ёшларимиз ижод қилишсин, кўр-кўрона ёпишиб олишмасин! Майли, шундан ҳам бир-иккита айтишсин, аммо фақат шунга ёпишиб олиб, тарғиб қилишларига ҳожат йўқ. Яхшиси, бизнинг ўзимизни ўзбекона қўшиқларни тарғиб қилишсин, янгилик изласин! Яратиб, қойил қилиб куйлаб, тингловчиларга тақдим қилсин!

 

- Ҳақиқий эркак киши учун энг оғир зарба, сизнинг-ча? 

- Ота-онани йўқотиш, фарзандни йўқотиш, энг оғири бўлади. Буларнинг ҳаммасини бошимиздан ўтказганмиз!

 photo (48)

- Сизни жуда иродали инсон, дейишади! Ана шу куч ва ироданинг манбаи, нимада деб ўйлайсиз?

- Мен фақат санъатдан куч оламан! Ижодим яхши бўлса, илҳомланаман, шундай куч оламан!

 

- Характерингиздаги қайси жиҳатни муваффақиятларим сабабчиси, деб биласиз?

-Камтарлик бўлса керак. Камтарлик ҳам, эмасдир, мен ҳамма билан бир бўлишни ҳоҳлайман. Менда юлдузлик касали бўлган эмас, бўлмайди ҳам!

 

- Санъаткор сифатида доим нимани ёддан чиқармайсиз?

- Санъаткор ўзини бошқачароқ ҳис этиши керак, яъни юриш, туриш, одоби, тарбияси, маданияти билан ажралиб туриши керак. Ҳар битта нарсада ўрнак бўла олиши керак. Шу нарсалар мени ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

 

- Танқидга муносабат?

- Баъзи одамлар фақат ташқи тарафлама чиройли кўриниши мумкин. Ҳар битта одам ўз айбини билмайди. Лекин, қасддан қилинган танқидга чидамайман. Қасддан қилинган танқид, у атайлаб қилинган бўлади. Уюштирилган нарса бўлади.

 photo (131)

photo (126)

- Ўзингиз ҳақингизда эшитганларингиз?

- Кўпроқ шўх дейишади. Лекин, мен очиғини айтаман, аёлларни яхши кўраман! Ҳамма ҳам яхши кўрса керак. Ахир аёл бу она, опа-сингил, рафиқа, фарзанд, ҳаёт мазмуни. Ҳаммага айтаман, мен сизларни жуда яхши кўраман, қўшиқларим ҳам, фақат аёллар учун, муҳаббат учун, ҳаммасига хизмат қилади. Аёлларнинг ҳаммасига узоқ умр тилайман, чарчашмасин, толишмасин! Аёлларимиздаги нозиклик, иффат, ширин сўзлар ҳамиша бор бўлсин!

 

Cаида Вахобова

photo_(13)_21

Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз

Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган

 photo (62)

photo (14)