OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

КОНЦЕРТЛАР!

IKEU5511

GATF7772

NAMP9115

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

CАРДОР РАҲИМХОН: ИНСОННИНГ ЭНГ КАТТА БАХТИ... 05.02.2014 09:11

Foto (6)

Ўтган 2013 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Сардор Раҳимхон ижодида ўзгача йил бўлди. Йил бошида “Отажон” таронаси барчанинг эътиборига тушган бўлса, бироз вақт ўтиб, хонанда отасидан айрилиб қолди. Лекин, бор иродасини тўплаб, ижодга қайтишга ўзида куч топа олди! Ваҳоланки, бундай вақтда, шундай қила олиш, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди! Унинг биргина “Бомбей” клипи, ижоддаги аввалги мавқейини қайта тиклаган бўлса, “Танҳогинам” клипи нафақат унинг ижодида, балки йилнинг энг яхши клипларидан бўлди! Бундай яна ижодга муваффақиятли қайтиб, “иккинчи портлаш” қила олиш, шиддат билан давом этаётган шоубизнес оламида жуда камдан-кам учрайдиган ҳолатдир! Аммо, хонанда бу муваффақиятлар билан ҳам чекланиб қолгани йўқ, у Янги йилга янги туҳфа билан, Янги йилнинг илк кунлариданоқ, ўзининг янги “Отажон” деб номланган аудио ва видео дискларини тақдим қилди! Бу хонанданинг бешинчи мусиқий альбоми бўлди! Лекин, бу ҳам ҳаммаси эмас, Сардор Раҳимхон 6-7 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг “Танҳогинам” деб номланган Янги концерт дастурини тақдим қилмоқда.

 Foto (3)

- Янги йилни янги қадам, янги ижод намуналари, ҳамда Янги концерт дастури билан бошладингиз! Ўзи бу галги Янги йил сиз учун қандай кечди?

- Ҳар доимгидек оила даврасида, лекин, одатдаги Янги йиллардан анча фарқли равишда, бироз маъюсроқ кечди. Чунки, оиламизда дадамнинг йўқликлари билинди. Чунки, дадам оиламиз боши эдилар, доим бизнинг кайфиятимизни кўтариб турар эдилар. Янги йил оилавий байрам бўлганлиги учун ҳам, оиланинг битта аъзоси бўлмаса ҳам ўрни билинади! Айниқса, оиламиз боши бўлган отамнинг ўрнилари жуда ҳам катта эди, шунинг учун, очиғини айтсам, байрам кўнглимизга сиққани ҳам йўқ. Яхши ҳамки, уйда болалар бор, уларнинг ўйин-кулгуси билан оилада сал байрам шукуҳи сезилгандек бўлди. Лекин, менга байрамлиги билингани йўқ.

 

- Ўтган гал суҳбатлашганимизда, иккинчи фарзандингиз дунёга келганди. Каттароқ бўлиб қолдими?

- Самия 4 ойлик бўлиб қолди, ҳали тўлиқ тили чиқмаган бўлса ҳам, нимадирлар деяпти! Жуда ширин қилиқлар қилади. Масалан, менга (самимий кулиб) тилини чиқариб, кулишлари ёқади. Мен йўқ бўлиб қолсам, қидиради! 4 ойлик бўлса ҳам жуда зийрак ва шунга қойил қоламан. Менга 100 фоиз ўхшайди! Катта қизимдан ҳам кўра кўпроқ ўхшайди! Юз тузилишлари, кўз қарашлари худди ўзим! Лекин, жуда ҳам тўполончи! Йиғлоқи, уйқу бермайди! Шу тарафи жуда қийин. Чунки, менга умуман уйқу бермайди, натижада ҳаттоки секин ёстиғимни олиб, бошқа хонада ухлашимга тўғри келди. Бошида рафиқам, бундан бироз хафа бўлди, шунда айтдим, “сен мени тушунишинг керак, мен ҳар ҳолда оиланинг бошиман! Ҳозир концертга тайёргарлик қиляпман, агар кечаси ухламасам, ўз-ўзидан мени ижодим ҳам яхши бўлмайди! Шунинг учун хафа бўлмайсан!” дедим.  (кулади)

 

- Аввалги интервьюда концертга тайёр эмасман, қачон тайёр бўлсам концерт бераман, дегандингиз. Вақти-соати бу йил экан, бу йил концерт беряпсиз. Бу галги концертингизни анча аввал ўтказган концерт дастурларингиздан фарқи нимада бўлади?

- Бу галги концертимни аввалгисидан фарқи, олдинги концерт дастурларимда, бир йил давомида йиғилган қўшиқларимни ижро қилардим. Агар улгурсак, 3 тача хит қўшиқлар бўларди. Бу йилги концертимда эса, 4 йил давомида йиғилган 10 дан ортиқ хит қўшиқлар куйланади! Концерт дастуридаги ярмидан ортиқ қўшиқлар, мухлисларга яхши таниш ва севимли бўлган қўшиқлар! Қолаверса, 2009 йилдан буён энди концерт қўяётганлигим учун ҳам, мен ва мухлисларим учун ҳам соғинилган, анча кутилган концерт бўлмоқда! Яна бир асосий фарқлардан бири эса, томошабинлар бу концертда мени бутунлай бошқача кўринишда кўришади! Ҳам озгина замонавий, ҳам комплекслардан ҳоли қиёфада, яна озгина сирни очаман, “Бомбей” клипимда мени қандай кўришган бўлишса, концертда ҳам худди шундай кутилмаган янгиликлар бўлади! Қолаверса, концертнинг ярми миллийликдан, ярми эса, замонавийликдан иборат бўлади! Қолаверса, яна бир жиҳати, мен бу йилни ва бу йилги концертимни “миллийликка қайтиш” деб номладим. Концерт дастуридан шу йўналишдаги қўшиқлар ҳам ўрин эгаллаган, масалан, “Самарқанд гўзали”, “Аразингиз” каби қўшиқларим. Яъни, бу йилги ижодим тўлиқ миллийликка бахшида бўлади. Олдинги йили “Яна манда, яна санда”, “Бомбей”, “Ёлғиз қолдирма” каби қўшиқларим билан фақат замонавий эстрада йўналишида, ёшларга ишлаган бўлсам, бу йил эса бунинг акси бўлади. Бу йил миллийликка кўпроқ эътибор қаратмоқчиман. Концерт режиссёри Рустам Шамсуддинов.

 Foto (11)

- Ҳозирда концертларда жуда бир ўзгача декорациялар қилиш урфга кирмоқда. Сизда-чи?

- Концертим декорацияси устида Баҳодир исмли ижодкор ишламоқда. Бу ижодкорни анчадан буён кузатиб юрардим. У Шахзода, Лола, Райҳон, Жасур Умиров концертларида ишлаган. У ёш бўлганлиги учун, ёшларга хос янгича фикрларга эга! Ўзига хос тасаввурлари бор. Бу ижодкор йигитнинг яна бир яхши тарафи, ҳар доим изланишдан тўхтамайди. Уни 3 йилдан буён танийман ва ҳамиша “Сардор ака, келинг ҳамкорлик қиламиз” дерди. Ҳар гал янгилик яратишдан, янги ғоялар олиб келишдан чарчамасди. “Баҳодир менга бу фикрингиз ёқмади” десам, “Майли акажон” деб яна бошқа, янги ғоя, янги фикр олиб келарди. Бошқаларга агар, “ишинг ёқмади” десангиз, сиздан хафа бўлади. “Ёқмаса, сен бўлмасанг бошқаси” деган маънода, бошқа санъаткорга мурожаат қилади. Баҳодирда эса, шундай нарса йўқ. У ўз ишига жуда ҳам талабчан ва танқидга жуда ҳам яхши қарайди. Шунинг учун ҳам, Баҳодир билан ишлашга қарор қилдим. Бу йил биринчи марта ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ҳаммаси яхши чиқса керак, деб ўйлайман. Бу ўзим учун ҳам таваккал. Лекин, Баҳодирдан кўп нарса кутяпман.

 

- Концертда неча фоиз жонли ижрода куйламоқчисиз?

- Концертимда жонли ижро режалаштирилган ва албатта бўлади! Ҳозир ҳамма сирларни очиб қўймоқчи эмасман. Афсуски, мени ўзимдан ва қўшиқларимдан келиб чиққан ҳолда, бу гал 100 фоиз жонли ижродаги концерт ўтказа олмаймиз. Тўлиқ жонли ижродаги концертга ҳали репертуарим ҳам тайёр эмас. Аммо, худо ҳоҳласа, ният қилганман, шунга яраша репертуар бўлганида, албатта тўлиқ жонли ижродаги концерт бўлади. Мени, баъзилар, “жонли ижрога тайёр эмас, ёки жонли ижрода концерт беришдан қўрқар экан” дейиши мумкин. Лекин, асло ундай эмас! Мени репертуарим бунга жавоб бермайди! Масалан, ҳаммага ёққан “Бомбей” қўшиғимни жонли ижрода куйлаб бўлмайди! Ёки, “Яна манда, яна санда” каби қўшиқлар жонли ижрода куйлашга мос эмас. Чиройли сокин қўшиқлар бўлса, битта гитара, ёки пианинода чалиб, бемалол жонли ижрода куйлаш мумкин. Мени репертуарим эса, ҳам замонавий ва ҳам миллий эстрада биргаликда бўлганлиги учун ҳам, афсуски, ярмидан кўпини, жонли ижрода куйлаб бўлмайди. Лекин, концертимдан жонли ижродаги қўшиқлар ўрин эгаллаган.

 

- Қўшиқларингиз ичида ўз ҳаётингиздан келиб чиқиб куйланган қўшиқлар ҳам борми?

- Жуда кўп! Аксарият қўшиқларим ҳаётимдан келиб чиқиб куйланган десам ҳам бўлади. Мана шу янги концерт дастуримдан ўрин эгаллаган кўпгина қўшиқлар, ўз ҳаётимдан келиб чиқиб, ўз ҳаётимдаги воқеалардан таъсирланган ҳолда куйланган қўшиқлар! Қолаверса, ўз оиламга аталган, қизимга атаб куйлаган қўшиқларим ҳам бор.

 Foto (10)

- Янги қўшиқлар яратишингиз учун нима илҳом беради?

- Ижодкор биринчи навбатда нимадандир, бирор ҳолатданми таъсирланиши керак! Биринчи навбатда ғоя келиб чиқиши керак, нимадандир таъсирланганингизда, сизнинг кўнглингизда нимадир йиғилиб қолиб, шу ҳақида қўшиқ ижро қилгингиз келади. Шу тарзда ғоя туғилади ва сиз бу ҳақида шоирга мурожаат қиласиз. Шунга яраша чиройли шеър бўлиши керак. Мисол учун, қизим ҳақидаги қўшиқни олсак. Бундан 3 олдин қизли бўлганимда, “Она қизим” деб номланган қўшиқ яратгим келарди. Чунки, мен қизимни она қизим, деб чақираман. Бу ҳақида, газеталарга берган интервьюларимда ҳам айтиб ўтганман. Шунда мухлисларимдан шу мазмунда шеър келди. Бу шеър 3 йил турди. Ниҳоят, бу шеър қўшиққа айланиб, янги концерт дастуримдан ўрин эгаллади. Худди шунга ўхшаб, нимадир сабаб бўлиши керак! Бу яхши сабаб ҳам бўлиши мумкин, ёмон сабаб ҳам. Масалан, “Отажон” қўшиғим Отамларга аталганди. Отамга бўлган меҳрим жўшиб, отамга бағишлаб қўшиқ куйлагим келган! Отам бу қўшиқни эшитганлар. Шунинг учун ҳам, яхши қўшиқ яралиши учун, биринчи навбатда таъсирланиш керак, назаримда. Биринчи навбатда бирор нарсадан таъсирланиб, шоирга мурожаат қиламан.

 

- Қўшиқларингиз орасида, куйлаганингизда ўзингизни ҳам кўзингизни ёшлантира оладигани бўлганми?

- Ҳа, кўп бўлган. “Отажон”, “Ватан” қўшиқларимда шундай бўлган. Янги концерт дастуримда бир янги қўшиқ ижро қиламан, бу қўшиқни ҳам куйлаганимда, кўзимда ёш, йиғлаб ижро қилдим. Сабаби, ўзим ҳам чидай олмадим! Бундай ижро ўша қўшиқлар учун ҳам плюс, чунки бу қўшиқнинг таъсир кучини ҳам оширади.

 

- Хонандаликдан ташқари ҳам даромад манбаингиз борми?

- Минг афсуски, йўқ! Бунга ҳаракат ҳам қилиб кўрдим, масалан, продюсерлик маркази очдим, аммо, ўтган интервьюда айтганимдек ёпишимга тўғри келди. Бунинг учун, ўзини тўлиқ бу ишдан ҳоли қилиб, кейин у иш билан шуғулланиш керак экан! Лекин, барибир санъаткорликдан ташқари, яна бошқа даромадим бўлишини жуда ҳам истардим. Чунки, санъаткорнинг касби, энг тез эскирадиган касблардан. Актёр, бошловчи, хонанда шу каби касблар жуда тез эскиради. Булар ёш билан боғлиқ бўлган касблар! Шунинг учун ҳам, ҳар қандай санъаткор, албатта келгуси ҳаётини ўйлаб қўйиши керак. У оиланинг бошлиғи бўлгандан кейин, оиласи, болалари тақдирини ўйлаб, қандайдир бошқа касбга ҳам, эътибор қилиши керак экан. Худо ҳоҳласа, менда бунга ҳам ҳаракат бор, бўлиб қолса керак.

 

- “СМС” фильмидан сўнг, актёрликдан воз кечдингиз. Фикрингиз ҳали ҳам ўзгармадими? Ҳозир ҳам роль ижро қилишга таклифлар борми?

- Таклифлар бор. Тўғрисини айтсам, ўзимда ҳам кинода суратга тушишга энди яна ҳоҳиш пайдо бўлди! Айниқса, “Танҳогинам” клипидан кейин, клип режиссёри Муҳаммадали Искандаровнинг “сиздан зўр актёр чиқар экан, очилдингиз, сиз драматик роллар ижро қилишингиз керак”, деб берган баҳосидан кейин ўзим ҳам руҳландим. Унинг сўзлари мени илҳомлантирди. Шундан келиб чиқиб айта оламанки, агар яхши сценарий, ўзимга мос келадиган бир роль бўлса, бачканаликдан йироқ, менинг обрўйимга обрў қўшадиган ижодий иш бўладиган бўлса, мен бажонидил ҳамкорликкка тайёрман! Яхши сценарий, яхши роль бўлса, албатта кинода суратга тушаман!

 Foto (5)

- Инсоннинг энг катта бахти ва бахтсизлиги нимада деб ўйлайсиз?

- Инсоннинг энг катта бахти, менинг назаримда унинг тириклигида, сиҳат-саломатлигида бўлса, энг катта бахтсизлиги унинг одамгарчиликдан чиққанлиги, деб ўйлайман. Энг катта бахтсизлиги бу унинг инсон эмаслигида! “Одам эмас экансан!” дейишадию, энг катта бахтсизлик мана шу, инсоннинг тубанлигида, назаримда.

 

- Ҳаётда шундай инсонларга дуч келганмисиз?

- Афсуски, бундай инсонлар учраб туради.

 

- Бугунги муваффақиятларингизда кимнинг ҳиссаси катта, дб ўйлайсиз?

- Ҳаммани, жумладан, оила аъзоларимни, авваламбор ота-онамни, раҳматли бувижонимнинг ҳиссалари жуда ҳам катта. Устозларим, раҳматли Саидаъзим Муродхоновни, Иқбол аканинг ҳиссалари катта, қолаверса, ҳамма мактаб ва институтдаги устозларимни, ён-атрофимдагилар, укам, дўстларим, қолаверса, мухлисларимнинг эътибори, ҳамда энг муҳими, Оллоҳнинг назари, деб ҳисоблайман.

 

- Бугунги кундаги шоубизнесни четдан кузатасизми?

- Албатта, кузатаман! Ижодкор бўлганингиздан кейин, кузатмасдан илож ҳам йўқ. Кўриб, кузатиб, кўп нарсадан хулоса ҳам чиқарасиз, ўз хатоларингизни ҳам тўғрилайсиз, ўрганасиз. Кузатишда гап катта, деб биламан. Ўзим ҳам радиобошловчи бўлишдан аввал кўп эшитардим. Шу билан ўрганардим. Бошловчилар қандай гапираётганлиги телевизорда кузатардим. Уларга ўхшагим келарди, уларга қараб ўз камчиликларимни тўғрилардим. Шу билан ҳам инсон ривожланади. Албатта, диққат билан кузатиб, инсон ўз учун бирор нарса ола билиши керак. Шунинг учун, ҳозирда ҳам ёшларни ва ёши катталарни ҳам кўп кузатаман. Ўз камчилик ва хатоларимни кўраман, ҳам тўғрилайман. Янгиликлар қиламан.

 Foto (4)

- Кузатишларингиз натижасида, ижоди сизга маъқул бўлган ёш ижодкорлар ҳам борми?

- Бор, масалан, хонанда Муниса Ризаева. Биринчи навбатда, унинг ички энергияси борлиги, ўзини аямаслиги, ўзини бутунлай мухлисларга бахшида қилиши, бу санъаткор учун жуда катта фазилат. Нима учун ижодда Муниса Ризаева ажралиб чиқди? Чунки, шундай бир ўзини ижодга бахшида этиб, отилиб чиқа олган санъаткор ҳозир йўқ эди! Унинг шундай бир ёндирадиган характери бор! Балки, бу унинг табиатидан келиб чиққандир? Чунки, у ҳаётда ҳам шундай инсон. Қолаверса, унинг камтарлиги, инсонийлик тарафларига ҳам қойил қолганман! Менинг хулосаларим, унинг инсон сифатидаги фазилатлари билан ҳам боғлиқ. Мен бирор хонандани, хонандалик санъатига беш кетиб, “зўр экан” демайман. Уни саҳнадан ташқарида ҳам кузатаман ва агар шу тарафлари ҳам мос келса, “чиндан ҳам зўр экан” дейман. Муниса Ризаева ана шу талабга мос келган. Қолганлари эса, афсуски, шу талабга жавоб бера олмайди. Баъзиларни ҳаётда кўриб, беихтиёр “эй, суф сенга” деб юборасиз. Яхшиси, қарсакни мен бошқа инсонга чаламан, дейсиз. Санъати зўр бўлиши мумкин, лекин унинг инсонийлик фазилатлари, одамгарчилиги ҳам яхши бўлиши керак, назаримда. Жуда кўп санъаткорларни биламан, санъати зўр бўла туриб, лекин афсуски, инсон сифатида “ноль”! Бир тийинга қиммат, деб таъриф беришга лойиқ. Яхшиси, мен ундайларни гапириб ҳам ўтирмайман! Ҳурмат ҳам қилмайман ва қандай бўлса, мен ҳам шундай жавоб қайтараман.

 

- Шу яқин орада ўқиган китобингиз, ёки кўрган спектаклингиз?

- Афсуски, ҳозирда менга бунга вақт етишмаяпти. Чунки, вақтимни ҳозирда асосан, оилам ҳамда ижодим, қолаверса, янги концертимга бағишлаяпман. Қолаверса, яқин 2-3 йил ичи бошимдан кўп воқеалар ўтди, аста-секинлик билан оёққа туряпман. Бунга албатта, жуда катта куч ва вақт керак бўлади. Лекин, биламан, китоб ўқиш ва спектакль кўриш, санъаткор учун катта аҳамиятга эга бўлган маданий озуқа. Бир тарафдан худога шукур қиламанки, ҳаётнинг ўзи менга мана шу озуқани бериб турибди. Китобда ёзилган, ҳамда спектаклда кўрсатишаётган нарсаларни менга ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳаётда ҳам жуда чиройли “спектакл”ларни кўриб турибмиз. Кинодан ҳам баттар, “сценарийлар” бўлмоқда! Хулоса чиқаришимга, ижодий озиқланишимга ва илҳом олишимга, ҳаётнинг ўзи кўрсатаётганлари етиб ортмоқда! Шунинг учун ҳам, ҳозирча бу нарсага бироз имкониятим йўқ.

 

- Шу кунгача, анчагина дуэтлар куйлабсизу, лекин шу чоққача, шогирдингиз Дилсўз билан дуэт куйламабсиз. Бунга сабаб, нимада деб ўйлайсиз? Концертингизда икковингиз биргаликда дуэт куйлашингиз мумкинми?

- Бу нарсалар сир бўлиб қолсин! Бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида ҳеч нарса демайман! Бу нарса концерт куни маълум бўлади. Лекин, бир нарсани айтишим мумкин, Дилсўз билан албатта дуэт бўлади. Аммо, қачонлигини айтмайман, сир бўлгани яхши! Лекин, шуни айтишим мумкин, охирги вақтда дуэтларга салбий қарайдиган бўлиб қолганман. Чунки, аксарият хонандалар, афсуски юлдузлик касалига учраганми, қандайдир ўзини катта олишлар бор. Шунинг учун ҳам, кимгадир нимадир дейишдан ҳам қўрқадиган бўлиб қолганман! Мабодо, мана бундай деб қолса-чи, деган ҳадиксираш бор! Айниқса, дуэтда ҳар икки тарафлама ҳамкорлик бўлсагина, чиройли натижага эришишни инобатга олган ҳолатда, ҳар икки тарафдан ҳоҳиш бўлиши керак! Агар ҳоҳиш йўқлигини билиб турсангиз, дуэт куйлагингиз ҳам келмайди. Қолаверса, дуэт куйлаганда, ҳар икки тараф ҳам бир-бирини ўйлаши керак. Ҳар икки тараф ҳам бир-бирига ён босиши керак. Иккаласи ҳам ўз тарафига тортаверса ҳам бўлмайди. Масалан, мусиқий парда борасида айтадиган бўлсак, эркак кишининг мусиқий пардаси билан аёл кишининг мусиқий пардаси ўртасида катта фарқ бор! Аёл киши ўзига қулай пардада ижро қиладиган бўлса, эркак киши у қўшиқни ҳаётда чиройли ижро қила олмайди. Ёки худди шунинг тескариси. Менда шу ҳолат бўлган. Дуэтларим ичида, битта Райҳон билан бирга куйлаган “Абадий” қўшиғимдан қониққанман холос. Қолган дуэтларим ўзимга ёқмайди. Шунинг учун ҳам, ҳозирча менда дуэт куйлашга ҳоҳиш йўқ.

 Foto (9)

- Шу кунгача дуэт куйлаган дуэтдошларингизнинг энг эсда қоларли жиҳатлари қайсилар бўлган?

- Ижодий жараён давомида салбий жиҳатлари бўлмаган! Масалан, Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева билан биргаликда ижро қилган дуэтимизда, у кишининг ғамхўрлигига, ёшларга бўлган меҳри, ғамхўрлиги ва эътиборига мен қойил қолганман! Мен ўшанда эндигина чиқаётган Сардор Раҳимхон эдим. Фақатгина “Аразингиз” қўшиғим машҳур бўлганди. Насиба Абдуллаева эса, кимсан, Ўзбекистон Халқ артисти! Лекин, ҳеч қачон кўксимдан итариб, ёки “кейинроқ куйлармиз” демаганлар! Йўқ, аксинча, “кел” деб, ўзлари шеърлар танлашиб, студиядагача келиб, ўзлари менга ўргатиб, ҳеч вақтларини аямаганлар! Шунда мен уларни одамгарчилиги, инсонийлиги ва ёшларга бўлган эътиборига қойил қолганман! Шу нарса ёдимда қолган!

 

- Лола билан биргаликда куйлаган дуэтингиз-чи?

- Бу дуэт концерт учун ёзилган эди. Афсуски, кейин бу қўшиқни етарлича реклама қила олмадик. Клип суратга олмоқчи бўлганимизда аввал унда, кейин менда вақт бўлмай қолди. Кейин эса, ҳоҳиш бўлмади. Кейин эса, қўшиқ эскириб қолди. Қўшиқ яхши чиққан, лекин, афсуски, яхши реклама қилинмаган! Балки, шунинг учун ҳам кўпчилик бу қўшиқни билишмас? Бу қўшиқни мен ўзимни қисмимни алоҳида студияда ёзганман, Лола ўзи алоҳида ёздирган. Шунинг учун, дуэтни куйлаш жараёнида бирор қизиқарли воқеа бўлишига имконият ҳам бўлмаган.

 Foto (8)

- Шу кунгача суратга олдирган клипларингиз ичида энг мураккаби қайси бўлган?

- Албатта, “Танҳогинам” клипим! Чунки, 3 ой давомида суратга олинган бўлса, тайёргарлик жараёнлари ҳам жуда қийин кечган. Энг қийин ва энг узоқ битган клипим мана шу. Клип тайёр бўлгунча 6 ойдан ошиқроқ вақт кетди. Шунга яраша чиройли бўлдию, афсуски уни телеэкран орқали кўрсата олмадик. Аммо, жуда катта масштабдаги клип бўлди, бундай масштабда кино суратга олса бўларди! Чунки, унда 350 тадан ортиқ актёр иштирок этган. Шунинг ўзидан ҳам билса бўлади. Муҳаммадали Искандаровдан ташқари, яна 3 та қўшимча режиссёр ҳам иштирок этган. 2 та рассом, 3 та гримёр ишлаган, қанча ҳаракат ва меҳнат кетган! Лекин, энг хурсанд бўлган тарафим, бу клипим ТВ да прома қилинмаса ҳам, ўз мухлисларини топди ва топиб келмоқда! Интернет тармоқлари ва мухлислар орасида тарқалиб, кўпчилик кўрмоқда. Демак, яхши ижод намунаси қилинса, уни реклама қилиш ҳам шарт эмас экан! Барибир ўз мухлисини топар экан! Мен бунга ўз ижодимда амин бўлиб, жуда ҳам хурсанд бўлдим! Энди оммавий тарзда ҳамма кўра олмадию, лекин бунга ҳам имконият бўлади, деб ўйлайман! Мени бу клипни суратга олишимга сабаб, бу менинг ичимда ёниб турган фидоийлик ҳиссидир. Чунки, Россиядами, бошқа давлатдами, ўзбекларга бўлган муносабатни кўриб, шундан келиб чиққан ҳолда, уларга жавоб тарзида бу клипни суратга олганмиз. Бу клип миллатчиларга жавобан суратга олинган, десам ҳам бўлади. “Сизларни тинчлигингизда ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси бор!” деган нарсани кўрсатмоқчи бўлганмиз! Шу клип орқали, шу гапни айтмоқчи бўлганмиз! Яъни, улар яшаётган тинч ҳаёт учун миллионлаб ўзбеклар ҳам қурбон бўлганлигини, ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси борлигини унутманглар, деган нарсани бермоқчи бўлганмиз! Чунки, биз кўп чет давлатда гастролларда бўлган вақтимизда, ўзбекларга, бизнинг миллат вакилларига бўлган айрим нотўғри муносабатларни кўриб, “сен ўзи ким эдингу, ким бўлиб қолдинг” деб, аччиғим келади. Масалан, бир вақтлар, улар сомондан тикилган шиппаклар кийиб юрганда, бизнинг ўзбеклар махси-кавушлар кийиб юришган. Бизнинг боболаримиз, коинотни, юлдузларни кашф этишган. Энди эса, улар ўзларича ўзбекларни “гастарбайтер” деб, гапиришади. “Танҳогинам” клипи ўшаларга нисбатан жавоб эди!

 

- Сиз учун ҳаёт ва саҳнанинг фарқи борми? Ёки саҳнада қандай бўлсангиз, ҳаётда ҳам шундаймисиз?

- Деярли, саҳнада ҳам қандай бўлсам, ҳаётда ҳам шундайман! Лекин, охирги вақтларда озгина роль ўйнашга тўғри келмоқда. Яъни, саҳнага чиққанингизда иложи борича кулиб туриб, инсонларнинг кайфиятини кўтариш керак. Негаки, сиз уларнинг бахтли кунига борасиз! Сиз ўзингизни ғам-ташвишингиз билан боришингиз керак эмас! Шунинг учун, иложи борича ўз асл кайфиятимни, ўша вақтда кўнглимдан ўтаётганларни кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Лекин, табиатим нуқтаи назаридан, мен саҳнада қандай бўлсам, ҳаётда ҳам худди шундайман!

 

- Ҳаётда кимгадир ҳавас ва ҳасад қилганмисиз?

- Ҳасад қилмаганману, лекин ҳавас қилганман! Мени ҳаётда ва ижодда эришган ютуқларимнинг энг сабабларидан бири, мана шу ҳавас деб ўйлайман. Мени ҳаётим ва ижодимда имкониятдан ҳам кўра, кўроқ омад роль ўйнаган. Тўғрисини айтаман, мени хонанда сифатида жуда катта имкониятларим йўқдир, лекин мени омадим бор! Мени ҳаракатимга яраша худойим омад берган! Чунки, мен ҳавас қиламан. Эй худойим, менга ҳам шу инсондек омад бергин, мен ҳам шундай чиройли давраларда, инсонлар эътиборида, уларнинг меҳру муҳаббатига сазовор бўлиб юрай, деган орзу бор менда. Мен ҳар доим Оллоҳнинг қудратига ва мўъжизаларга ишониб яшаганман! Шу ҳавас менинг назаримда ютуқларим сабабчиси, деб ўйлайман.

 

- Ҳозирги кунда продюсерингиз борми?

- Йўқ, продюсерим ўзим! Ўз ижодимга ўзим маблағ сарфлайман. Аммо, яхши продюсер қидиряпман. Чунки, бир ўзимни кучим ва вақтим етмаяпти. Баъзида жуда ҳам чарчаб кетяпман. Шундай бир инсон керак бўляптики, бутунлай ташкилий ишларни бўйнига олсаю, менинг ишим фақат студияга бориб, ижод қилсам, қўшиқ куйлаб, ёздириш, клиплар суратга олдириш ва тўй хизматларида қўшиқ куйлаш бўлса, жуда зўр бўларди. Худди шундай продюсер қидиряпман. Худди Дима Биланни продюсери Яна Рутковская қандай кўтарган бўлса, худди шундай, хонандаси учун бор имкониятини бахшида этадиган продюсер излаяпман. Лекин, ундай инсон жуда кам, деярли йўқ, деб ўйлайман. Чунки, бизнинг шоубизнесда продюсерлик у даражада ривожланмаган. Бизда ҳали шоубизнеснинг ўзи, Европа шоубизнеслари даражасига етиб бормаган. Хонанда фақат ўзига ўзи ҳаракат қилиб, елиб югурсагина бирор натижага эришади. Лекн, худо ҳоҳласа бизда ҳам бўлиб қолар? Негаки, барибир шоубизнес ривожланмоқда.

 Foto (7)

- Ҳаётда яқинларингиз фикрига қанчалик қулоқ соласиз?

- Жуда ҳам тўлиқ қулоқ соламан, дея олмайман. Чунки, инсоннинг ўз фикри бўлиши керак. Бекорга балоғат ёшига етди, дейилмайди. Чунки, балоғатга етган инсоннинг ўз фикри, ўз сўзи бор, уни “мен” деган нарсаси бор. Қолаверса, эркак киши оиланинг боши ҳисобланади. Ўз фикримиз бўлиши керак. Ҳадеб, ҳамманинг фикрига қулоқ солаверсангиз, ишингизда ҳам барака ва унум бўлмайди. Битта нарсани таваккал ушлаш керак! Битта нарсага қарор қилиш керак! Албатта, керакли фикрларга ҳам қулоқ соласиз, лекин умумий хулосани чиқариш, сиздан бўлади. Кўпинча, ўзим хулоса чиқараман ва қарор қабул қиламан.

 

- Хонанда учун ташқи кўриниш қанчалик муҳим, дебўйлайсиз?

- Жуда ҳам муҳим! Энг асосийси демайману, лекин ўша асосийлар сафида турадиган омиллардан бири! Инсонни чиройидан ҳам кўра, истараси бўлиши керак, деб ўйлайман. Нимадир, ўзига тортадиган жиҳати бўлиши керак. Истара ҳам ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Истара ҳам қалбга боғлиқ. Қалбда муҳаббат бўлса, қалбда яхшилик бўлса, ўз-ўзидан худойим истара ҳам бериб қўяди, истараси иссиқ бўлади. Биз энди, санъат вакиллари гўзаллик яратадиган инсонлармиз! Бизни кўриб, инсонлар завқланиши керак! Биз орқали ўз дардларини унутиб, завқланиб, ҳордиқ чиқариши керак. Шунинг учун ҳам, бизда қандайдир эстетик завқ оладиган нимадиримиз бўлиши керак. Бу бизнинг имиджимиз, чиройли муомаламиз, ўзимизни тутишимиз, чиройли гапларимиз бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, албатта, ташқи кўриниш ҳам ўзига хос аҳамиятга эга.

 

- Тақдирга ишонасизми, ёки инсон ўз тақдирини ўзи яратади, деб ўйлайсизми?

- Тақдирга ишонаман. Лекин, тақдир доим сиз ҳад қилишингиз ва қарор қабул қилишингиз мумкин бўлган ҳолатлар билан белгиланади! Масалан, мен бугун сизни ёнингизга интервьюга соат 15.00 га келишим керак эди. Агар мен, рулни ўнгга буриб юборганимда, роппа-роса соат 15.00 га етиб келган бўлардим. Аммо, мен рулни чапга бурдим, чунки, мени онамлар чақириб қолдилар. Мана шу икки нарса ҳам, менинг тақдиримда бор, рулни чапга буриш ҳам, ўнгга буриш ҳам. Аммо, қарор қабул қилиш эса, мендан! Демак, ҳаммаси ўз қўлимда экан! Лекин, тақдирга ҳам ишонаман!

 

- Санъат соҳасида ҳақиқий дўстлик бўлмайди, дейишади. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

- 100 фоиз қўшиламан.

 

- Лекин, баъзилар бор, ҳам дейишадию, нима учун бунчалик тез юқоридаги фикрга қўшиляпсиз?

- Йўқ, йўқ, санъатда дўст бўлмайди! Менинг гапимга ишонинглар! Бу нарсани ўзи ҳамма билади ва гапиради. Бу нарсани инкор қиладиган битта мен эдим.

 Foto (2)

- Унда нима фикрингизни бунчалик ўзгартирди?

- Бунга ҳаёт сабаб! Бунинг учун мен эски мавзуларни кўтариб, яна гапиришим шарт эмас, деб ўйлайман. Мени якуний хулосам шу, санъатда дўст йўқ!

 

- Баъзи санъаткорлар сизни ўзига дўст, деб билишади. Сиз бу жавобингиз билан “йўқ, мен уларга дўст эмасман” демоқчимисиз?

-Йўқ, ундай демоқчи эмасман. Балки улар мени ўзига дўст деб атар? Агар мен уларга дўст бўла олаётган бўлсам, мен бундан жуда ҳам хурсандман! Яъни, мен кимгадир дўст бўла олаётган бўлсам! Лекин, ҳеч ким менга дўстлик қилаётгани йўқ! Шундан келиб чиқиб, мен санъатда дўст йўқ, дейман.

 

- Кўнглингизга қандай қўшиқлар яқин?

- Самимий ва сокин қўшиқлар! Ҳозирги кунда, кўпроқ маъноли қўшиқлар тинглайдиган бўлиб қолганман! Сўзида юки бор, нимадир дея оладиган, сизга нимадир бера оладиган қўшиқлар! Олдин тескариси эди, замонавий, янги, эстрада қўшиқларини кўп тинглардим. Ҳозир эса, айтганимдек, бунинг акси бўлмоқда. Балки бунга ёшим ҳам сабабдир? Кейин кўпроқ, хориж эстрадасини тинглайдиган бўлиб қолганман. Сўзини тушунмасам ҳам, улардан нимадир ўрганаман, шунинг учун ҳам тинглайман.

 Foto (1)

- Интуицияга ишониб, адашган вақтларингиз ҳам бўлганми?

- Кўп бўлади, бундай ҳолатлар. Бекорга, ҳиссиёт алдамчи, дейишмайди. Ақлга суяниш керак, деб ўйлайман. Масалан, продюсерлик маркази ташкил қилишда, мана шу интуициямга қаттиқ ишонганман ва адашганман! Қўшиқларда ҳам адашаман. Аксарият санъаткорлар ҳам мана шунда адашишади. “Мана шу қўшиқ хит бўлади” деб ўйлашади, лекин бўлмайди. Ўзим ҳам худди шундай жуда кўп қўшиқларда адашганман. Масалан, “мана бу санада, мана бу инсон билан мана шундай бир ишни амалга ошираман” дейсиз, интуицияга ишониб ваъда ҳам бериб қўясиз, аммо ўша пайтда, ўша ишни амалга ошира олмай қоласиз. Интуиция панд беради ва ақлга суянишга тўғри келиб қолади.

 

- Тушкунликка тушиб қолган вақтларингиз ҳам бўладими ва қандай йўл билан чиқасиз?

- Авваламбор, охирги вақтларда тушкунликка тушмайдиган бўлиб қолганман. Ҳамма нарсага кўникаман. Ҳамма нарсани синов деб, қабул қилиб, кучли бўлдим. Ўз кучим, иродамга, иймонимга суянаман! Бундан ҳам ёмонидан Оллоҳ асрасин, дейман. Бардошли ва иродали бўламан. Бу мени ҳаётдаги шиорим! Худога шукур, шу нарсага эриша олдим. Олдин, тўғри тушкунликка тушардим. Ҳар қандай синовга тайёрман, Оллоҳ ўзи ёмонидан асрасин, дейман. Берилаётган синовларга ҳам шукур қиламан. Айтишадию, бахт келганда шукур қилгин, дард келганда, сабр қил, деб. Мен ҳам шундай қиламан.

 

- Ўтган галги суҳбатимизда қандайдир ўзгача кайфиятда эдингиз. Бу гал эса, бутунлай бошқача кайфиятда келдингиз. Кайфиятингизни кўтаринкилигидан хурсандман. Лекин, негадир саволларимга шошилаётгандек жавоб қайтаряпсиз. Ўтган гал суҳбатимиз дилдан бўлганди. Лекин, негадир бу гал, бироз ўзгачароқ кечгандек... Ўзингизга ҳам шундай туюлмаяптими?

- Ҳа, чиндан ҳам ўтган гал суҳбатимиз жуда ҳам дилдан бўлганди. Чунки, у суҳбат дадамларнинг вафотидан кейин бўлган, ҳамда айтадиган гапларим ҳам кўп эди! Ҳозир ҳам гапирадиган гапларим кам эмас. Лекин, мен шу нарсага амин бўлдимки, сенинг дардинг барибир ҳеч кимга қизиқ эмас экан! Яхшиси инсонларга позитив бўлиб кўриниш, уларга позитив муомала қилиш керак экан! Инсонларга қанча кулиб турсангиз, шунча ёқар экансиз! Ҳар доим муаммо билан бораверсангиз, ўз дардингизни айтаверсангиз, сизни тинглашлари мумкин, лекин, эртаси куни сиз билан алоқани ҳам узиб қўя қолишлари мумкин экан!

 UH1A5544_новый размер

- Сизда шундай ҳолатлар ҳам юз бердими?

- Жуда кўп, десам ҳам бўлади! Шунинг учун ҳам, охирги вақтларда ҳеч кимга, ҳеч нарсага гапирмайдиган бўлиб қолдим. Қайтага, ўз муаммоларимни ўзим ҳал этиб, ўзим ечадиган бўлдим! Чунки, бугунги кунда, сизнинг муамммоларингиз ҳеч кимга керак эмас! Сиз бахтли бўлсангиз ва кулиб юрсангиз, сиздан фойда тегиб турса, сизни имкониятларингиз бўлса ва инсонлар сиздан фойдаланишлари мумкин бўлсагина, бошқаларга кераксиз! Мен шу нарсага амин бўлдим ва шунинг учун ҳам бугунги суҳбатимизда ўз муаммоларимни гапирмадим! Менда ҳозир худога шукурки, ҳамма нарса яхши ва бу нарса интервьюмизда ҳам акс этишини истадим! Муаммоларим ҳал бўлди, мен ўзим учун ҳамма нарсани билдим, ким қандай эканлигига ҳам амин бўлдим. Бундан келиб чиқиб, шуни айтмоқчиманки, мен ҳеч кимдан алам ҳам олмоқчи эмасман ва ҳеч кимдан хафа ҳам эмасман! Ким нимаики қилган бўлса, бунга уларни ҳаёт мажбур қилган, ҳаёт мени ҳам шу нарсага олиб келган! Худо менга берган синов ва сабрига шукур қиламан, чунки шу туфайли ҳам кучли бўла олдим, деб ўйлайман.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

UH1A5500q_новый размер