OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ОЙБЕК ВА НИГОРА: ҲАЁТ ВА САҲНАНИНГ ФАРҚИ . . . 11.01.2013 10:35

oybeknigora-5.jpg
Шоу бизнесга йилига кўплаб дуэт ва гуруҳ тарзида қўшиқ куйлайдиган хонандалар кириб келадилар. Лекин, улардан фақат саноқлиларигина ижодда ўз ўрнига эга бўлиб, санъат соҳасини давом эттиради.
Аввалига “Акфа медиа” лойиҳаси сифатида ўз ижодини бошлаган, кейин эса мустақил жодни давом эттира олган энг муваффақиятли дуэтлардан бири Ойбек ва Нигора дуэтидир. Бу икки хонанданинг номини эшитганда негадир кўпчиликнинг хаёлига улар ва “Акфа медиа”  ўртасида гап-сўз ўтган деган фикр келади. Буларнинг барчасига ойдинлик киритишга қарор қилдик. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони Ойбек ва Нигора.
 
oybeknigora-9.jpg
- Олдинги пайтга қараганда камроқ бўлса-да ижоддасизлар, лекин яратаётган қўшиқларингиз жуда ҳам хит бўлмаётгандек. Бунга сабаб нимада деб ўйлайсизлар?
Ойбек: - Энг асосий сабаб ҳозир бу прамоушн, реклама суст. Чунки, ҳозир санъаткорлар кўпайиб боряпти. Қўшиқ кўп айланмагандан кейин ўша қайсидир маънода хит даражасига кўтарилиши қийин бўлади.
Нигора:- Рақобат ҳам кучайиб боряпти. Табиийки, унга нисбатан, уларга қараганда, бизларнинг реклама ҳам жуда суст. Кўпроқ ҳозирда қўшиғингиз зўр бўлишига ҳам эмас, айланишига қаралади. 50 га 50 бўлиб қолди, ҳам қўшиқ зўр бўлиши керак, ҳам рекламангиз ҳам яхши бўлиши керак. Ўшанда хит бўлаяпти. Мана ҳар куни қўйилади, ҳар куни қулоққа ёқиб, ёки ёқмаса ҳам айтилиб кетилаверади. Ўзимда ҳам, масалан мана шу нарса бўлган. Баъзи қўшиқлар менга ёқмаса ҳам, ўша айланганда қулоққа эшитилиб, хиргойи қилишни бошлаганман. Бизларда ҳам худди шу нарса, ижод қилмаяпмиз эмас. Кўп қўшиқлар чиқардик, ўша фақат айлантиришга шароит йўқ.
 
- Демак қайсидир маънода рақобат ҳам сабабчи...
Нигора: - Ҳа, ҳозирда рақобатга кучимиз етмаяпти. (кулади) Маблағ томонлама.
 
- Рақобатга маблағ томонлама кучингиз етмаяпти. Бунга продюсерингиз билан ижодий ҳамкорликни тўхтатиб, ажралиб чиққанингиз сабабми?
Нигора: - Унга ҳам деса бўлади, ҳам шахсий ҳаётга ҳам боғлиқ бу нарса.
Ойбек: - Масалан, оила қуриш учун ҳам маблағ керак бўлади.
 
- Демак оила қуриш учун маблағ йиғяпсизлар?
Ойбек: - Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.  Энди, ўзимиз учун, ўзимиз ҳаракат қиляпмиз.
Нигора: - Ким бизга йиғиб беради? Ота-онамизни бизлардан ташқари, яна фарзандлари бор. Тўғри, барибир ота-онамиз ҳам қараб туришмайди. Лекин, тўлиқ бўлиши учун ўзинг ҳам ҳаракат қилишинг керак, деб ўйлайман.
 
- Бу сўзларлардан иккалангиз ҳам кутган севгингизни топдингиз шекилли?
Нигора: - (самимий кулиб) Йўқ, шу кутган севгига тайёр бўлиб туриш керак-ку...
 

 
oybeknigora-4.jpg
 
- Турли гап-сўзларга ойдинлик киритсангиз...
Нигора: - Энди билмадим, (самимий кулиб) Ойбек ва Нигора, продюсер ва “Акфа медиа” деганда, негадир баъзиларни кўз олдига уриш-жанжал келади. Ҳар битта санъаткор вақти келиб продюсери билан келишмай қолиши мумкин. Кўпинча уришиб, чиқиб кетишади. Биз катта жанжал қилганимиз йўқ!
Ойбек: - Лекин, биз уришмадик! Бунга пул сабаб эмас! Иш юзасидан! Ўзимиз ишлаб кўришга қарор қилдик. Ҳеч қандай уриш-жанжалсиз келишилган ҳолатда, чиқиб кетдик. Ҳалигача кўришганимизда, бир-биримизга ака-укадек муомала қиламиз.
 
- Эндиликда, аввалги администраторингиз Маъруф яна ёнингизда, ундан ҳеч қачон воз кечмайсизлар?  
Нигора: - У бизни ёрдамчимиз! Кўп нарсада бизга ёрдам беради. Ундан талаб қилишимиз осонроқ. Балки бизнинг тенгдошимиз бўлгани учунми? Ҳар битта продюсер биздан катта бўлади, у билан уришиб, тортиша олмаймиз.
 
- Демак, яхши ишлашингиз учун уришиб, тортишиб туришингиз керак?
Нигора: - (самимий кулиб) Албатта! Бизни Ойбек билан ҳеч бир-биримиз билан жим ва мулойим гаплашиб ўтирганимизни кўрганмисиз? Ҳар беш дақиқада, уришиб ярашиб турамиз. Маъруф билан ҳам худди шундай. У билан уришиб, ярашиб, тортишиб, талаб қилишимиз ҳам осон. Шунинг учун ҳам, у билан бирга ишлаётган бўлсак керак. Администратор сиз билан тенгдош бўлгани яхшироқ, чунки ёши катта инсондан талаб қилишингиз ҳам қийинроқ бўлади. Ёши катта инсонни уришиб ҳам, у билан тортишиб ҳам бўлмайди.
oybeknigora-1.jpg
 
- Ажралиб чиқдингиз, эндиликда рақобатга дош бера олмаяпмиз деяпсизлар. Унда бундан кейинги ижодингиз ҳақида мухлисларингиз қандай янгилик кутишлари мумкин?
Нигора: - Биз ҳозир, айни пайтда дош бера олмаяпмиз. Чунки, ўзимиз мустақил ишлай бошлаганимизга эндигина 2-3 ой бўлди. Энди бу оз муддат ичида, албатта ҳар бир ишимизни тез-тез кўрсата олмаймиз. Ижод борасида бироз сусайган бўлсак ҳам, моддий тарафлама ўзимизни анча тиклаб олдик. Шахсий тарафлама, маблағ борасида. Сабаби, олдин ҳамма топганимизни ижодга сарфлаб, боримизни берганлигимиз туфайли, бу тараф анча оқсоқ эди.
 
-Нима учун? Ахир продюсерингиз ижодингизга маблағ сарфламаганми?
Нигора: - Йўқ! Ўзимиз ўзимизга тўлаганмиз. Продюсеримиз бизни промоушнимизни бориб гаплашган. Продюсернинг иши асли нимадан иборатлиги кўпчилик билмайди. Продюсер ўз хонандасини яхши реклама қилишни билиши керак.
 
- Лекин, ҳозирда бу ишни администратор қилади. Сизлар продюсер билан админстраторни адаштираётгандексизлар. Малбағни эса, ҳомий тикади. Продюсер айни вақтда ҳомий ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирда баъзилар администратор бўлса ҳам, ўзини продюсер дейишяпти.
Ойбек: - Баъзи вақтлар у киши ҳам пул тикардию, кейин биз ўша пулни қайтаришимиз керак бўларди. Биз ўзимиз нотўғри ишлаганмиз.
 
- Икки ўртада, қонуний ёзма ҳамкорлик шартномаси бўлганмиди?
Нигора: - Йўқ. Шартнома бўлмагани ҳам, яхши бўлган. Сабаби, биз ҳақиқатдан бир-биримизга ишонганмиз. Продюсеримиз бизни ҳеч қачон алдамаган ва биз ҳам уларни алдамаганмиз. Шартноманинг бунга алоқаси йўқ. Сабаб, талаб кучайганлиги ва сусайганлигидан келиб чиқди.
 
- Продюсерингиздан чиқиб кетишингиз катта гап-сўзларга сабаб бўлди...
Нигора: - Бу уларни ўзларининг ишлари юзасидан бўлган бўлиши мумкин. Чунки, биздан ташқари, бошқа лойиҳалар билан ҳам ишлаганлар. Улар юзасидан бўлиши мумкин. Биз туфайли, ҳеч қандай муаммо бўлмаган!
 
oybeknigora-8.jpg
- Демак, продюсер билан ишлаётган вақтингиз ҳам, қайсидир маънода, ўзингизга ўзингиз ижодга пул сарфлагансизлар. Продюсер сизларга фақат промоушн учун керак бўлган.
Нигора: - Биласизми, бу қандай бўлган? Продюсеримиз қайсидир бир суммани бизга берсалар, ўша суммани биз ишлаб қайтарар эдик. Ҳозир эса, ўша нарсани қилишга бизда имконият йўқ, сабаби, кимдандир пул олиб, тикиб туриб, кейин ўша нарсани ишлаб қайтаришга бизда ҳозир имконият йўқ. Ҳозир ўша маблағни йиғиб, уни ижодга тикиб, кейин чиқишимиз керак. Бу пул олиб, тикиб туриб, унга бериб юбориш эмас. Продюсеримизнинг вазифаси, ҳомийлардан пул топиб, бизга бериш эди. Биз эса у пулни ишлаб қайтарардик.
 
- “Акфа медиа”да ҳам шундаймиди?
Нигора: - Йўқ, унда тўлиқ ўзлари тўлашарди.
Ойбек: - Лекин, бизга ойлик беришарди. Шунинг учун ҳам, “Акфа медиа”дан чиқиб кетгач, бизни продюсер олмасдан бошқа иложимиз йўқ эди. Чунки, ўша пайтда маблағ олиб туриш мумкин бўлган бошқа танишимиз йўқ эди.
 
- Ҳозир агар бирор продюсердан таклиф тушса, бирга ишлармидингиз?
Нигора: - Энди, йўқ. Негаки, ҳозир ўзимиз яхши ишлаб келяпмиз. Энди агар мабодо, продюсер билан бирга ишламоқчи бўлсак, аввал биз уларни шартига кўнган бўлсак, энди биз ҳам ўз шартимизни қўямиз.
Ойбек: - Биз хато қилдик, деб ўйламайман. Чунки, ўша пайтда вазият шуни тақозо қилган. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас эди.
 
- Продюсерсиз ишлаш ижодга салбий таъсир кўрсатяптими?
Ойбек: - Продюсеримиз билан хайрлашгач, ҳеч нарсамиз қолмади. Ҳаттоки, машинасиз бўлиб қолдик. Тўйларга администраторимиз Маъруфни “Матиз” машинасида чиқдик. Буни twitter да ҳам ёзганмиз. Инсонларни биласиз, “Матиз” экан, у  бу дейишди. Қийин ҳолатлар бўлди. Ҳозир эса ўшандан эсон-омон ўтиб олдик. Ижодимизни яна қайтадан бошлаяпмиз.
Нигора: - Бир инсон, бундай қийин ҳолатлар кибрни синдиради, деди. Бундан қўрқманглар, дейишди. Вақти келганда, манаман деган санъаткорлар ҳам оддий машиналарда юришган, дейишди. Бу айб эмас!
 
 oybeknigora.jpg
- Санъат илк қадам қўйганингизда шоу бизнес ҳақида қандай ўйлардингизу, ҳозир қандай ўйлайсизлар? Фикрлар ўзгардими?
Нигора: - Ўзгарди! Масалан, бизга “кўпчилик, сизларга маза, маза қилиб юрасизлар” дейишади. (кулади) Биз ҳам худди шундай ўйлардик. Ҳақиқатда эса, санъатнинг номини ейиш учун темирдан тиш керак, дейишгани рост экан. Қанча нарсага бардош бериш керак! Қиз бола бошим билан ўзимдан ўтганини ўзим биламан! Кечаси соат тунги 2-3 да уйга кириб келаман. Ота-онам бу пайтда баъзан ухламай кутиб ўтирган бўлишади. Ухлайверинглар, мен келаман-ку, десам, “қиз боласан-де” дейишади. Шу гап кўнгилга тегади. Барибир хавотир олишади, деган нарса кўнгилдан ўтади. Айниқса, қиз болага жуда ҳам қийин. Ўғил бола ўзини йўлини топиб кетаверади.
Ойбек: - Ҳафталаб вилоятларда юргандан кейин, ҳар қандай ота-она ҳам боласидан хавотир олади. Ишонишса ҳам барибир, ахир ота-она барибир ота-она.
 
- Улар касбингизга қандай қарашади, норози бўлишмайдими?
Нигора: - Йўқ, худога шукур. Менинг ота-онам менга жуда ҳам ишонишади. 100 фоиздан 98 фоиз ишонч, 2 фоизи хавотир бўлса керак.
Ойбек: - Мен эса, илгари  санъаткорларни кўп шаҳарларга гастролларга бориб, айланиб, маза қилиб, саёҳат қилиб келишади, деб ўйлардим. Кўплар ҳали ҳам шундай деб ўйлашади.
 
oybeknigora-7.jpg
- Энди ҳозир-чи? Фикрингиз ўзгардими?
Нигора: - Ҳа. Масалан, ташқаридаги инсонларга яхши гапирасану, баъзида ўзингни яқинларингга қўпол муомала қилиб юборасан. Мен мана шунга ачинаман. Ўзингиз кутмаган ҳолда, қўполлашиб кетасиз. Арзимаган кичик нарсага ҳам, ўзингиз сезмаган ҳолда, қўполлик билан жавоб қайтариб юборасиз. Баъзилар санъат осон дейишади, лекин ҳар бир соҳанинг ўзига яраша қийинчилиги бор.
Ойбек: - Ҳозир санъат соҳасининг ўзи умуман, қийинлашиб кетди, деб ўйлайман. Қолаверса, асаб ҳам кетади. Ҳозир қайсидир маънодаги озгина пауза ҳам бизга яхши бўляпти, назаримда. Кейинчалик ижодимизни портлаш билан давом эттиришимиз учун пауза ҳам керак, деб ўйлайман.
 
- Унда паузага яраша портлаш бўладими?
Нигора ва Ойбек: - Ҳа, албатта! Худо ҳоҳласа. Бунга ҳаракат қиламиз.
 
- Ойбек ва Нигора, яккахон концерт қўйиши мумкинми?
Нигора: - Ўзимиз бўлсак, ҳали вери йўқ.
Ойбек: - Агар бирор продюсерлик маркази, концертимизни ташкиллаштириб берса, ўйлаб кўришимиз мумкин. Лекин, ҳозир ўзимизда маблағ тарафлама концерт қўядиган шароит йўқ.
 
oybeknigora-2.jpg
-Жонли ижрога муносабатингиз?
Ойбек: - (ҳазил билан) Устозимиз “жонли ижро сўрашса, жонли тўлаш керак, денглар” дердилар. (жиддийлашиб) Бунинг учун яхшилаб, астойдил ўз устингизда ишлашингиз керак. Лекин, биз бу нарсага ўқиганмиз. 3 йил “Акфа медиа” да ўқиганмиз, бир йил Санъат институтида.
Нигора: - Агар ҳозир чиқиб, жонли ижро этиб беринг, дейишса, кўпчилик санъаткорлар айтиб бера олишмаса керак. Чунки, бунга тайёрланиш керак. Масалан, жонли ижро қилиб беринг, дейилса, ҳеч қандай чолғусиз, ижро қилиб бериш мумкин. Лекин,  мусиқа билан дейилса, унда созандалар билан ишлашингиз керак! Мусиқасиз бемалол жонли ижро эта оламиз. Масалан, шундай воқеалар бўлган, хизматдамиз, мусиқа ўчиб қолган. Фақат барабанни чалиб туришибди, ҳамма кутяпти. Шундай пайтда, жонли айтиб кетганмиз. Фақат сокин қўшиқ айтганмиз.
 
- Санъат институтида аслида нима бўлган эди? Чунки, ҳар хил гаплар тарқалди?
Нигора: - Санъат институтидан ҳайдалганмиз, бу гап тўғри.
Ойбек: - Чунки, иш билан бирга улгура олмадик. Энди келгуси йил яна қайтадан топширмоқчимиз.
 
- Наҳотки ҳайдалишдан қолишнинг иложи йўқ эди?
Нигора: - Устозимиз жуда ҳам қаттиққўл бўлгандилар. Бунинг устига ўша пайтларда мен кетма-кет касал бўлганман. Шу туфайли, имтиҳонларга ҳам кела олмаганман. Лекин, клип съёмкасига чақиришганида, боришимга тўғри келган. Ана шунда, ўқишдаги инсонлар кўриб қолиб, нотўғри тушунишган! Гап-сўзлар кўпайган. Буни албатта, устозимиз ҳам бироз нотўғри тушунганлар. Лекин, улар ҳам бизни ҳурмат қилар ва тушунадиган инсон бўлганлари учун ҳам, майли, битта имтиҳонга келишмаган бўлишса ҳам, иккинчисига келишсин, мен зачёт қўйиб бераман, дебдилар. Лекин, айнан ўша зачёт куни, мутлақо қолдириб бўлмайдиган съёмка бўлиб қолди! Имтиҳонга бора олмаганимизга, “улар мени гапимга оёқ қўйди” деган фикрда бўлиб қолдилар. Шу билан институтдан ҳайдалдик. Санъаткорликнинг шундай тарафлари ҳам бор. Институтда бор – йўғи ярим йил ўқиган бўлсак ҳам, ўқитувчиларимиз ва курсдошларимиз билан жуда ҳам аҳил эдик, уларни жуда ҳам яхши кўрамиз. Ярим йил ўқиганимиз учун ҳам, институтни қайта тиклашни ҳеч иложи бўлмади. Бўлмаса, роса ҳаракат қилдик.
Ойбек: - Энди, албатта яна қайта топширамиз.
 
- Аввалги Ойбек ва Нигора билан, ҳозиргисининг фарқи?
Нигора: - (ҳазил билан) Ҳозиргиси семизроқ.... (кулишади) (бир оздан сўнг жиддийлашиб) 16 ёшли қиз билан 24 ёшли қизнинг катта фарқи бор. Инсон, барибир вақт ўтиб ўзгаради. Ҳаётга бошқача қарайсиз. 16 ёшда ташвишларингиз камроқ бўлади. Бу пайтда кўпроқ ота–онангиз сизга ёрдам беради. Кейин эса, катта бўлгач, сиз ота–онангизга ёрдам беришга ҳаракат қиласиз. Масалан, мана бу нарсани қилгин дейишса, хўп деб турасиз. Аввал шу нарсани айтишса, қаердан нима қиламан, дердингиз. Ҳозирда ҳар қандай нарсани ечимини топишга ҳаракат қиласиз.
Ойбек: - Улғайдик. Қолаверса, фақатгина қўшиқ айтиб, клипда суратга тушишгина эмас, ташкилий ишларгача ўргандик, ташкилий ишларни ҳам ўзимиз қиляпмиз.
 
- Ўзингизни ўзингиз четдан кузатиб танқид қила оласизми?
Нигора: - Йўқ, ўзингизни ўзингиз танқид қилишингиз қийин. Чунки, ўзингизни ўзингиз фақат яхши тарафингизни кўрасиз. Ҳамма инсонда эгоизм бор ва ҳеч ким мен ёмонман демайди. Масалан, менда ҳам қўполлик, заҳарлик бўлиши мумкин. (самимий кулади) Камчилик кўп, яхши тарафлар ҳам йўқ эмас.
Ойбек: - Биздаги энг асосий камчилик бу сал дангасалик! Аввалги ҳаракат сал камайган.
 
- Нима учун бундай бўлди?
Нигора: - Санъаткорда иккита ҳаёт кетади. Бири ижод ва иккинчиси шахсий ҳаёт! Шу борада бироз дангасалик бор.
Ойбек: - Икковини баравар олиб кета олмаяпмиз. Лекин, ижоддан чарчаганимиз йўқ! Фақат шахсий ҳаёт тарафга ҳаракат кўпроқ бўлиб қолди.
 
- Танлаш жараёнлари кетяптими?
Нигора: - Тўғриси, (самимий кулиб) танлаш жараёнига қийналиб кетяпман. Қайси бири экан деб! Бирида бу жиҳат яхши, бошқасида бошқа жиҳат... Ҳамма жиҳатлари мужассами бўлмас экан... билмадим, ўзи юрак жиз этиши керак!
Ойбек: - (самимий кулиб) Мен ҳам юрак жиз этишини кутяпман!
 
- Ҳозиргина юқорида, ўзингизга ўзингиз семизроқ деб таъриф бердингиз. Чиндан ҳам, тўлишгансизлар ва яқинда сизларни кўрганлар ҳам шундай дейишмоқда. Ойбек–ку, бироз тўлишган дейлик, Нигора сизга нима бўляпти?
Нигора: - (кулиб) Нигора кўп овқат еяпти. Унга дам олиш ва яхши ҳаёт ёқяпти! (кулади) Ўзи (жиддийлашиб) ёзда маза қилиб семираман! Ҳозир ҳам семирганман. Қишдан чиққач, баҳор вақтлари фaқат бир ой, чиройли, озғинроқ бўлиб юраман. Кейин яна ёз келганда семиришни бошлайман! Сув ичса ҳам, семирадиганларданман! Иссиқ бўлса, мен семираман. Баъзилар, совуқда, қиш келганда семириб кетади. Менда эса, аксинча. Ўзим ҳам ҳайронман, ишонасизми узукларим ёзда бармоғимга сиғмай қолади. Қишда эса, аксинча катта келиб, бармоғимдан тушиб қолай, дейди. Чунки, қишда озиб кетаман. Лекин, ҳар куни эрталаб бадантарбия билан шуғулланишни канда қилмайман.
 
- Банкокда клип суратга олдирибсизлар. Бошқалар хорижда клип суратга олдирганларига сизлар ҳам шундай қилдингизми?
Нигора: - Йўқ, бизни аввалдан бир бошқа шаҳарга бориб, клип суратга олиш ниятимиз бор эди. Бирор ниятни кўнглингизга тугиб қўясиз–ку... Ўтган йили бу нарса амалга ошди, бордик ва клип суратга олдирдик. Кейин ҳамма бошлади бу ишни. Бизни эса, у клипимизнинг монтажи чўзилиб кетди. Натижада, худди ҳаммадан кейин бориб, шу ишни қилганга ўхшаб қолдик.
Ойбек: - У ерда бутунлай бошқача имиджда чиққанмиз. У шунчаки клип эмас,  у ерда шунчаки биноларни тагида туриб, у ёқдан бу ёққа юриб, клип олганимиз йўқ. Сценарий бўйича, қоидаси билан Тошкентда қандай клип суратга олсак, худди шундай суратга олдик. Клипда гримёр, свет, оператор ишлади. (самимий кулиб) Клипда Нигорадан шапалоқ ейман!
 
- Ҳозирги кунда киноларда кўринмай қолдингиз?
Нигора: - Сабаб таклиф йўқроқ, бўлаётган таклифларга мен суратга тушишим учун айтаётган маблағ, тўғри келмаяпти! Улар қўрқишяпти, ёки мен ростдан ҳам катта маблағ айтиб юборяпман, менимча.
 
- Ойбек, сиз ҳам фильмларда суратга тушишни орзу қилмаганмисиз?
Ойбек: - Кинода кичик роль ижро этдим. Лекин...
Нигора: - Ўзи Ойбек кинода суратга тушишни ёқтирмайди. Уни ўзида ҳоҳиш ҳам бўлмаган. “Акфа медиа” студиясида, ҳар бир ҳомийлик марказида бўлгани каби, ўз лойиҳасини кинода суратга тушишини таъминлашган. Яъни, улар менга кино борасида катта ёрдам беришган. Жаҳонгир Позилжоновнинг фильмларида суратга тушганман. Ўша ролларим, менга кейинчалик фильмларда роль ижро этиш имкониятини берди. Биринчи суратга тушган фильмим “Бойвачча” фильми эди.
 
- Дуэтда ким лидер? Ҳамма Нигора, деб айтади.
Нигора: - Йўқ, ҳеч қачон. Мен ўзи жуда фаолман, кўпроқ гапираман, кўп нарсани билгим келади. Балки шунинг учун шундай дейишар? Эркаман-да!
Ойбек: - Икковимиз бир хил деб ўйлайман. Сустлашган жойимизда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Нигора лидер дейишларини сабаби, Нигора кўпроқ гапиради ва эътиборга тушади.
 
- Плагиатга муносабатингиз?
Ойбек:-Бир марта “Нозанин” яъни, “Бониэм”нинг қўшиғини продюсерлар айттиришганди. Бошқа плагиат қўшиқ куйламаганмиз. Ҳамма қўшиқларимиз муаллифликлари қўшиқлари. Ўзи доим аранжеровкачилардан ҳам “олинган қўшиқ эмасми” деб сўрайман, яъни ўзимиз билмаган ҳолда ижро этиб қўймаслик учун! Баъзида, алдаб шундай қўшиқни бериб юборишлари ҳам мумкнн.
Нигора: - Ойбек плагиатга қарши!
 
- Шеъри ва мусиқаси ҳам ўзингизники бўлган қўшиқларингиз борми?
Нигора: - Ҳа, албатта. Ойбек тайёрлаган, шеъри ва мусиқаси ҳам ўзимизники бўлган қўшиқлар бор. Лекин, барибир аранжеровкани бошқа инсон қилади. Масалан, “Соғинч”, “Инжабиё”, “Ёна-ёна” ва яна кўп қўшиқлар.
 
- Санъатни тарк этиш?
Нигора: - Буни иложи йўқ! Ўзи масалан, рўза ойи, санъаткорлар учун қийин ой, деб ўйлайман. Шуни ўзида, инсон саҳнани соғинади.
Ойбек: - Санъатдан узоқлашиб бўлмайди. Саҳнага чиқмасак жуда қийналамиз.
 
- Ўзингизни қандай хонандаман деб ўйлайсизлар?
А) Ижодда муваффақият даврини ушлаб қола олмаган?
Б) Энди ўз муваффақиятини кутаётган?
Нигора: - (самимий кулиб) Ушлаб туриб, йўқотиб, ушлаб туриб, яна йўқотиб... Шундай тарзда! Ўзи кўпроқ мухлислардан билинади. Буни биз ҳал қилмаймиз, буни томошабинлар ҳал қиладилар. Лекин, ҳаммага бирдек ёқиб ҳам бўлмайди.
Ойбек: - Рейтинг деган нарса, бир кўтарилиб, бир тушади. Худди пульс каби. Лекин, менимча саволингиздаги иккаласи ҳам. Лекин, бизни муваффақиятни ушлаб қола олмаган хонандалар, деб бўлмайди.
 
oybeknigora-6.jpg
- Саҳна ва ҳаётдаги фарқингиз?
Нигора: - Саҳнада биз севишганмиз, бир-биримизни яхши кўрамиз. Саҳнада кўпроқ романтикага урғу берамиз. Ҳаётда эса, унчалик эмас. Саҳна ва ҳаётнинг фарқи шу.
Ойбек: - Лекин, саҳнада қандай бўлсак, ҳаётда ҳам шундаймиз. Яъни, қувноқ характерлимиз! Кўпинча, ҳаётда ҳам оддий, самимий ва қувноқ экансизлар, дейишади.
 

 
- Бир умрлик севгини қандай тасаввур қиласизлар?
Нигора: - Севмаган инсонлардан севгини сўрадингиз! Менимча, ишонч ва бир-бирини тушуниш.
Ойбек: - Инсон қачон бир-бирини севади? Биринчи навбатда бир-бирини тушунганда! Бу жуда муҳим.
 
 
- Унда севги эмас, ўрганиш ва кўникиш бўлмайдими?
Нигора: - Ўрганишдан севги келиб чиқади. Ишониш инсон севгисида энг муҳим жиҳат! Ишонсанг сев, у ҳам севади. Катта севги катта ишончдан иборат. Бир-бирига ишониб, ўша ишончни оқлаш керак.
 
- Ҳаётда ўзингиз учун яқин бўлган ва ҳеч қачон ажрала олмайдиган уч яқин инсонни санаб беринг...
Нигора: - Отам ва онам, укам Зоҳид.  “Уммон”даги Зоҳид эмас.
Ойбек: - Онам, отам ва акам.
 
- Шахсий ҳаётингизни йўлга қўйсангиз. Ойбек ва Нигора дуэти нима бўлади?
Нигора: - Давом этади. Оила қурганда, буни ҳам ҳисобга оламиз ва рухсат берадиган инсонга турмушга чиқаман. Шарт билан ҳеч қачон оила қуриб бўлмайди, деб ўйлайман. Севаман ва ишонаман, бўлди, мана шуни оқлашга ҳаракат қилиш керак.
 
- “Акфа медиа” га илк қадам қўйган кунингиз қандай кечган?
Ойбек: - Жуда ҳам ҳаяжонли кечган. Танловда қатнашганимизни ўзида катта ҳаяжон бўлган, олишармикан, деган. Қайсидир маънода ишонч ва қайсидир маънода ишончсизлик  ҳам бўлган. Қабул қилинганимиздан кейин, у ерда устозимиз бўлган, улар бизни қўллаб-қувватлаганлар. Ўқиганмиз, продюсеримиз Абдураҳмон ака, йўл-йўриқлар кўрсатганлар.
Нигора: - Биринчи борганимизда “Акфа медиа” энди ўз фаолиятини бошлаган, ҳали ҳеч ким йўқ эди. Бир хонага диван, стол ва стуллар қўйилган. Ўша ерга кириб ўтирганмиз. Бугун нима қиламиз, деган савол бўлган. Жуда тарбияли эдик, бошқа хоналарга кирмаганмиз ҳам. Ойбек, Зиёда ва мен бир ўқишда ўқирдик. Ўқишдан кейин, “Акфа медиа”га келардик.
 
- Шартнома муддати тугаб чиқиб кетаётган кун, нималарни ҳис қилгансизлар?
Нигора: - У кун мени умуман, эсимда йўқ! Лекин, чиқиб кетаётганимизда, ҳар биримизни ота-онамиз бориб, раҳмат айтиб кетишган. Мени адамлар бориб, раҳмат айтганлари эсимда.
Ойбек: - Улар таклиф билдиришган, ҳоҳласангиз мана шундай фоизда, ишимизни давом эттирамиз, дейишган. Йўқ, ўзимиз ҳам бир ишлаб кўрайлик, деганмиз. Энди, қайсидир маънода бироз қўрқиш бўлган.
 
- Мана орадан шунча вақт ўтгач, “Акфа медиа” дейилганда, хаёлингизга нима келади?
Нигора: - Олдинги пайтларимиз, кулиб юрган файзли дамлар! Чунки, “Акфа”чилар, ҳар доим йиғилиб қолсак, “ўша пайтлар зўр эди” дейишади. Масалан, гастролларнинг файзи бошқача эди. Ҳозир уч-тўрт киши гастролга борсангиз, бориб, қайтиб келасиз, бўлди. Илгари эса, жуда бир қувноқлик билан, йўлларда тўхтаб, суратларга тушиб, қор ёққан пайтларда, қорбўронлар ўйнаб юрардик. Ҳақиқатдан яхши пайтлар ҳам бўлган ва ўша пайтларни соғинамиз. Кўп гап-сўзлар чиққан, у ерда қийналгансизлар, дейишади. Лекин, айтинг, қаерда қийинчилик йўқ? Ҳамма ерда бор ва шундай бўлиши табиий.
Ойбек: - Балки, ёшлик қилганмизми, алам устида гапирилганми... лекин, ҳозир ўша нарсаларнинг гашти сезиляпти.
 
- Биринчи саҳнага чиққан кунингизни эслай оласизми?
Ойбек: - Биринчи марта туғилган кунга борганмиз. У вақтда 2 та қўшиғимиз бор эди. “Излайман” ва “Сен учун”! Шу икки қўшиқни куйлаганмиз.
oybeknigora-3.jpg
 
- Орадан шунча вақт ўтиб, ўзингизни профессионал тарафлама ўсдим, деб ўйлайсизми?
Нигора: - Инсон ҳеч қачон бўлди, дейиши керак эмас. Ўрганадиган нарсалар кўп. Озгина ўсдик, лекин яна ўрганиш керак.
Ойбек: - Лекин, ҳозир бемалол ўзимиз учун сценарий ёзиб, клиплар суратга олдирамиз. Қандай клип суратга олишимиз кераклигини биламиз. Қандай қўшиқ яратишни биламиз
 
- Фильм  ҳам суратга олишингиз мумкинми?
Нигора: - Мумкин.
Ойбек: - Қўлимиздан келади.
 
-Ҳар бир ижодкорни ўз онасига ёққан ва ёқмаган қўшиқлари бўлади. Сизларда-чи?
Нигора: - Мени ўзимга “Ёримсан” қўшиғимиз ёқади. Онамларга қайси қўшиғим ёқишини билмайман, чунки буни айтмайдилар. Лекин, дадамларга “Сен учун” ёқади.
Ойбек: - Онамларга “Кўришамиз” қўшиғимиз ёқади. Ҳозир эса, янги “Айро” деган қўшиғимиз ёқиб қолган.
 
- Ҳозирги клипларингиз, негадир аввалгисидек эсда қоларли эмасдек...
Нигора: - Бу ўша сюжет, ҳаммаси ўйланиб бўлинганда, охирги нуқта қўйилмаётганлигида, менимча.
Ойбек: - Ҳаммаси маблағга ҳам келиб тақаляпти. Тез суратга олиб, тез тақдим қилишга ҳаракат қиляпмиз.
 
- Бу “кўринсам бўлди” деган фикр, мухлисларнинг кўнгли қолишига олиб келмайдими? Рейтингни туширмайдими?
Ойбек: - Тўғриси, ҳали бунча жиддий ёндошганимиз йўқ. Секин-секин-да, энди.
Нигора: - Ўша фикрлаб бўлингандан сўнг, ҳал қилувчи нуқта қўйилмаётгани. Эринчоқлик бор, шуни йўқотиш керак. Ўз тўғрисини айтганда, агар ижодимизни бир шарга ўхшатса, уни айлантириб туриш керак. Уни айлантириш учун куч топа олмадик. Ўша кучни миядан олиш керак бўлса, миядаги фикр эса, бошқа нарсага қаратилганди.
 
- Бунақада, рақобатга дош бера олмаётган бўлсаниз, бу ёқда эринчоқлик қилсангиз, бу бошқаларни олдинга ўтказиб юбориб, яна ҳам ортга қадам эмасми? Яна олдинга ўтиб олишга кучингиз етадими?
Нигора: - Худо ҳоҳласа кучимиз етади. Муҳими ишонч бор!
Ойбек: - Биз ҳозирча ўзимизни шахсий ҳаётимизни озгина ушлаб олдик. Энди, худо ҳоҳласа, ижодга бошқача ва жиддий ёндошамиз! Олдинда яна қўшиқлар тайёрлаб қўйдик ва улар билан портлаш қила олишимизга ишонамиз.
 
- Ойбек ва Нигора ошхонада!
Нигора: - Ошхонада зўр! Овқат қилиш эмас, ейишда! (кулади) Лекин, Ойбек овқат тайёрлашни билади. Мен эса, яхшироқ овқатлар қилишни ўрганяпман. Уй юмушларида жуда ҳам яхшиман. Лекин, ошхонада қозон тепасига келганда... Балки, уйда 4 та қизнинг кенжаси бўлганимгами, бироз, менга овқат қилиш борасида, навбат тегмаган. Уйда битта опачам турмушга чиқмаган ва уйларни ҳам, овқатни ҳам уларга ишонаман. Лекин, ҳафтасига 2 марта ҳамма ишни ўзим қиламан. Лекин, қозон тепасига келганда, бироз қўрқаман, овқатим ширин бўлмаса, ноиложликдан яхши дейишса ғалати-ку. Худди “Келинлар қўзғолони” фильмидек. Лекин, Ойбек зўр овқат қилади, қўли ширин.

Саида Вахобова

Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган