OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ОТАБЕК МАДРАҲИМОВ: МЕН ҲЕЧ ҚАЧОН САНЪАТНИ ТАРК ЭТМАГАНМАН! 28.05.2014 15:18

Foto (21)

Санъаткор Отабек Мадраҳимов билан интервьюни унинг хонадонида,  оилавий ва дўстона муҳитда ўтказдик. Хонадондаги хотиржам оилавий муҳит, дўстона муносабатлар, бу ерга доимий равишдаги санъаткорларнинг самимий ташрифи, ҳақиқий ижодий муҳитни ташкил этарди.

Foto (12)

Шу куни ҳам, энди интервьюни бошлашимиз билан Отабек Мадраҳимовнинг устозларидан бири санъаткор Равшан Намозов,

Foto (18)

шогирдлари Ёдгор Мирзажонов, Азиз Раметовлар кириб келишди.

Foto (37)

Суҳбат жуда ҳам қизғин тус олди. Азиз Раметовнинг ўзига хос ҳазиллари даврага янада файз киритди.

Otabek (10)

Оила бекаси Хушноза опа ва Отабек аканинг қизи Шеридамга меҳмондўстлик учун алоҳида раҳмат!

Foto (45)

Отабек аканинг кичик ўғли Самирнинг шўхликлари барчани янада кайфиятини кўтарди))))

Foto (2)

Суҳбатни Отабек аканинг ижодига оид саволлар билан бошладик.

  Foto (1)

- Отабек Мадраҳимов, деганда негадир қанча йиллар ўтса ҳам, ҳамманинг кўз олдига “Будур” қўшиғингиз келади... Бу қўшиқ ўша вақтларда ўзгача бир янгилик бўлганди!

- Ўзи бу қўшиқнинг яратилиши жуда қизиқ бўлган. Олдин студиялар бошқача ишларди, бир кун ичида қўшиғингизнинг шеърини, мусиқасини ҳам ёзиб, ўша куннинг ўзида куйлаб студияда ёздиришга тўғри келарди. Хуллас, мен “Будур” қўшиғимни ёзаётган вақтимда, бир кун олдин ҳам нима ёзишимни билмаганман. Лекин, студиянинг пулини тўлаб қўйгандим. Ўша куни студияга боришдан олдин кечқурун, “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” фильмини кўрганман ва ўша фильмнинг “эйфорея”сида ўзимча машинанинг торпеткасида, топа-тапа-тап қилиб, чалиб, куйлаб кета туриб, хаёлимда яхши нарса чиқяпти, деб ўша студияда “Будур” қўшиғимиз ёзилган. Ёзилганда ҳам, бастакор Рустам Маҳмудов мен билан роса талашганлар. Чунки, у пайтларда поп мусиқа, шарқона бўлмаган. Мисол, “Болалар” гуруҳи ҳам поп мусиқадан кетишган, лекин бу мусиқа шарқона эмасди. Менда ҳам, “шарқона поп мусиқа бўлмайди”, дейишган. Яна камига мусиқа орасида сетор чалинган. “Умуман, сеторни бу мусиқага аралаштириб бўлмайди”, деб, мен билан уришиб талашишганда, мен “йўқ, шундай қиласиз ” деб туриб олганман! Шунда Рустам Махмудов “хўп, унақада мен қилганимни ҳеч кимга айтмайсан, мен бу қўшиқдан уяламан” деганлари эсимда бор. У пайтда ҳаттоки, ўша студиянинг эгаси Грега Пушен менга, “Отабек бу қўшиқни менинг студиямда ёзганингни умуман гапирма!” деган. Ростдан ҳам улар бу қўшиқдан уялишган! У пайтда дисклар ҳам бўлмаган, кассеталар бўларди. Олдинги “Навоий” кўчада овоз ёзишлар бўларди, у ерда кассеталар сотишарди, ўша ерда Баҳром ака деган одамга, “Будур” қўшиғимни олиб келиб берганман. У термаларга қўшиб юборганди. Ўша пайтларда термада кимлар бўларди? Ёшлардан Тоҳир Содиқов ва мен, бошқа ҳеч ким йўқ. Қолганлар “Ялла”, Кумуш Раззоқова ва бошқалар бўлганди. Шунда, кутилмаганда шу қўшиғим, ҳеч қандай клипсиз машҳур бўлиб кетган! Лекин, бу мени биринчи қўшиғим эмасди, унгача ҳам қўшиқларим бўлган. Хуллас, “Будур” оммалашиб кетгач, ўша пайтдаги оммабоп кўрсатувлардан “Кимга қанақа?” деган кўрсатувининг бошловчиси Қаҳрамон менга: “Отабек кел, шу қўшиғингга клип суратга олайлик ” деган. У пайтларда клиплар ҳам жуда оддий бўларди, битта жойда суратга олинарди. Биз ҳам оддий камерада (Комсомол кўли) ҳозирги “Бешёғоч” хиёбонида, кечки пайт чироқларни ёқиб, “кока-кола” соябонларни қўйиб, ўша клипни суратга олиб, чиқарганмиз. Шу билан бирданига “Будур” ҳақиқий хит бўлиб кетди! Ундан кейин концертда Рустам Маҳмудов билан Грега Пушен келиб, “Отабек, “Будур”ни биз ёзганимизни  айтгин” дейишганди. (кулади) Худди шундай “Ўлсам сени дейман” қўшиғида ҳам, Рустам акам билан роса талашганман. Мен қўшиқларимнинг ҳаммасини сўзларини ўзим ёзардим. Рустам ака шеъримни ўқиб, “Отабек сен жиннимисан? “Ўлсам” ҳам деб бўладими қўшиқда?” деганлар. Мен “Ака шу сўз мос тушди” деганман. У киши бўлса, ҳеч бўлмаса, “Ўлсам ҳам сени дейман” дегин, деб талашганлар. Мен “Йўқ, агар “ҳам” сўзини қўшсам, мос тушмайди, тўғри келмайди” деганман. (кулади) У қўшиғим ҳам хит бўлиб кетган. Энг қизиғи, бир шоирнинг шеърини олиб, ҳақиқатдан профессионал бир қўшиқ чиқарсам, хит бўлмасди. Шошиб, бир нарсалар қилиб чиқарилган қўшиқларим кутилмаганда хит бўлиб кетарди!

  

- Унда умуман шоирлар билан ишлаганмисиз?

- Йўқ! Ҳозир ҳам, ҳамма қўшиқларим сўзларини ўзим ёзаман. Бир мартагина шоирнинг шеъридан фойдаланганман, у ҳам бўлса, Мустақиллик байрамида,  “Ўзбекистон” ҳақидаги қўшиққа Муҳаммад Юсуф сўзига куйлаганман.

  Foto (3)

- Ҳозирги кунда ижодингизда қандай янгиликлар?

- Ҳозирги кунда янги мусиқий альбомим тайёр бўлди. Тақдимот қилиш ниятим ҳам бор! Санъат аҳли учун ҳам, кичкина кеча ҳам қилиб ўтказиш ниятим бор. Менимча, бу сентябрь ойларига бўлса керак. Сабаби, кўплар ёз ойларида дам олишларда бўлишади. Лекин, янги мусиқий альбомимни тайёрлаб қўйдим, 15 та қўшиқдан иборат. Номига келадиган бўлсак, ундан олдинги альбомимнинг номи, “Мен ҳали борман” деб номланган эди. Балки, билмадим, ўша “Мен ҳали борман” альбомимнинг давоми бўладими? Чунки, мени жонимга теккан ва менга энг кўп бериладиган савол: “Нега ижоддан чиқиб кетиб қолдингиз? Нега санъатни йиғиштириб ташладингиз? Безнесга ўтиб кетдингизми?” деган саволлар! Мен бу саволларга жавоб бериб чарчадим, десам ҳам бўлади. Менинг жавобим ҳамиша битта! Мен ҳеч қачон санъатдан узоққа кетмаганман! Мен ҳеч қачон санъатни тарк этмаганман! Баъзи бир сабабларга кўра, баъзи бир мансабдор шахсларнинг шарофатига биноан, шундай бўлиб қолган. Лекин, буёғига энди ҳаммаси яхши!

 

-  Бу янги альбомингизни бошқа альбомларингиздан фарқи, нимада бўлади?

- Биласизми? Фарқи шундаки, ҳозир дунёқарашим ҳам ўзгарди. Умуман дунёга, халққа олдин пушти рангдаги ойнали (очки) кўзойнак  орқали қараган бўлсам, ҳозир ҳақиқатга ҳам тик қарашни ўргандим! Мана шу озгина вақт кўринмай қолганимнинг ўзида, олдинги “мен сени дўстингман, акангман, биродарингман” дейдиганларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб қолишди... Бу ҳам менга битта катта синов бўлди! Бир минутга ҳам, бир секундга ҳам, ҳаётимда бўлиб ўтган нарсаларга ачинмайман! Умуман, ачинмайман. Сабаби, ҳаммаси менга жуда катта синов бўлди! Мен ўзимга ким дўст, ким яқин, ким душманлигини ҳам яхши ажратиб олдим. Бир тарафдан ўзимга яхши бўлди.

 Foto (7)

- Унда ҳаётингизда содир бўлган ҳодисаларни, сабоқ, деб ҳисоблайсизми?

- Бу ҳам битта дарс. Нафақат эркак киши, балки умуман олганда инсон зоти пешонаси билан деворга дақ этиб урилмагунча хатолар қилаверади. Мен ҳам, қаердадир хатолар қилгандирманки, мана ҳаётимда шу нарсалар бўлиб ўтди. Ёки, балки инсонларни ўзимга кўп яқин кўриб юбордимми?

 

- Буларнинг ҳаммаси янги альбомингиздаги қўшиқларингизда акс этдими?

- Ҳа, чунки олдингига қараганда сўзларимнинг маъноси ҳам ўзгарди. Олдин фақатгина “ўлдим, куйдим, севаман” бўлган бўлса, ҳозир кўп қўшиқларимда “ҳаёт” ҳам бор. Умуман, инсон ҳақида, балки балки жиддий мавзуларга ҳам тўхтала бошладим. Ҳаттоки, тинглаётган қўшиқларим ҳам ҳозир аввалгиларидан фарқ қилади. Бир-иккита қўшиқларни эшитиб ўйландим ҳам, олдин қўшиқларнинг маъносига етгим келмасмиди, ёки ёш бўлганманми, дейман. Ҳозир умуман эшитмаган қўшиқларимни эшитишга ҳаракат қилмоқдаман, мазза қилиб эшитмоқдаман. Ўзи мен ўзимизнинг  санъакорлардан жуда камчиликни эшитаман. Севара Назархон, Фаррух ака Зокиров, Юлдуз Усмонова, Муҳриддин Ҳолиқовлар устозларим, дўстларимдан Тоҳир Содиқовни эшитишим мумкин.

 Foto (39)

- Уларнинг қўшиқлари орасида, шу кунларда юрагингизга теккан қўшиқларини айтиб ўта оласизми?

- Ҳозир айнан биттасини айтиб ўта олмайман. Лекин, умуман олиб қараганда, жиддий қўшиқларни кўп тингламоқдаман. Тан олиб айтаман, олдин ўзимизнинг миллий мусиқани умуман тингламасдим. Ҳозир миллий мусиқамизга ҳам тортиб қолган. Билмадим, бу ёш ўтганидан даракми ёки бошқа? Билмадим, раҳматли додамларнинг гапларини ҳозир эсимга олмоқдаман. Додамлар, “Мақом, миллий қўшиқ айтиш учун вақт ўтиши керак”, деб, айтардилар. Ёши кичик бола мақом ашулаларни айтса, “қайси саводсиз инсон, бунга шу нарсани айтгин, деб чиқаряпти?” дер эдилар. Менинг ота-буваларим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, ўзим ҳам устазода санъаткорлардан бўлсам ҳам, лекин илгари негадир классик қўшиқлар айта олмасдим. Ҳалигача ўзбек миллий қўшиқларини айтишга қўрқаман. Сабаби, устозлар телеэкранларда кўрганда, эшитганда “Эҳ бузиб қўйибди!” деган лаънат олиб келгандан кўра, айтмаганим яхши, деб ўйлайман.

 

- Лекин, шундай қўшиқларни қачон бўлса ҳам, куйлаш ниятингиз борми?

- Ниятим бор, албатта. Лекин, албатта устозлар билан ҳамкорликда, уларнинг далдаси билан куйламоқчиман. Ўзимча, чала- чулпа қилиб куйламайман.

 Foto (35)

-Илк саҳнага чиққан кунингизни ва қўшиғингизни эслай оласизми?

- Биринчи саҳнага чиққан қўшиғим, “Эй, гўзал ёр” деган қўшиғим бўлганди. Цирк саҳнасида концерт бериб, қўшиқ айтгандим. Ундан ҳам олдин болалигимда саҳнага бир-бир чиққанман. Онамлар “Баҳор” ансамблида раққоса эдилар,  ансамблнинг Янги йил тадбирлари, қанақадир театрлаштирилган дастурларида  қатнашиб, қўшиқлар айтганман. Ҳаттоки, “Оловли йўллар” фильмида ҳам Ҳамзанинг ўғли ролини ижро қилганман.

 

-Нима деб ўйлайсиз, Отабек Мадраҳимов бўлиб танилишингизда кимни ҳиссаси катта?

-Авваламбор, ота-онамнинг хизмати ва ҳиссаси биринчи ўринда, деб биламан. Чунки, улар мени дунёга келтириб, яратишган. Кейингиси яхши устозлар билан ишлаганим, ютуғим бўлган. Яъни, ҳақиқий санъаткорлар билан ишлаганим! “Отабек Мадраҳимов бўлиб танилишда” бу инсонларнинг ўлчаб бўлмас ҳиссалари бор.

 Foto (38)

- Ўтган вақт ичида, машҳурлик Сизни қай тарафлама ўзгартира олди?

- Биласизми, мен ҳеч қачон машҳурликни сезмаганман. Мен бир тарафдан бу сўзни ёқтирмайман ҳам. Сабаби, мен умр машҳур инсонлар қўлида катта бўлганман, уларнинг қуршовида улғайганман. Мени онамлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Зиёда Мадраҳимова, холам Насиба Мадраҳимова.  Биринчи Тоҳир ва Зуҳро бўлган Убайдулла Мадраҳимов ва Эргашхон Мирмаҳмудоваларнинг неварасиман. Уйимизда ҳар доим Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров, Муҳриддин Ҳолиқовлар меҳмон бўлишарди. Улар буюк санъаткорлар бўлишган. Болалигимда эсимда, кўчага ўйнагани чиқсам, болалар “бугун сизларникига Ботир Зокиров келди-а, сизларникига Тамарахоним келди-я” деган саволларни беришарди. Мен уларга ғалати қараб турардим. Чунки, улар учун санъаткорлар қанақадир бошқача инсонлар эди-да. Мен учун эса, бу оддий ҳолат бўлган. Мисол учун, кўп буюк санъаткорлар билан бир стол атрофида гаплашиб ўтирардик. Улар мени қўлларида кўтариб катта қилишган. Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоеваларни қўлида катта бўлганман, шунинг учун ҳам менга машҳурлик бир оддий ҳолат бўлган. Сабаби, мен машҳурлик нималигини билмаганман ҳам. Чунки, шу инсонлар менга оддий инсон бўлгандек, мен ҳам худди шундай оддий инсон бўлганман. Битта мисол, бир синфдошим билан мактабни битирганимиздан кейин, анча йиллардан кейин кўришиб қолдик. У чет элда эди. Интернетда гаплашсам, қарасам туғилган куни экан. Кейин телефонлашиб гаплашдик. “Ўртоқ табриклайман, қаердасан”, десам, “Тошкентдаман” деди. Мен “бўлди уйингга ўтаман бугун” дедим. У ишонқирамай “Йўғ-еее келасанми?” деди. Мен “Ҳа нима? Менга мумкин эмасми?” десам, у “Йўқ, мен фақат хурсанд бўламан, келсанг” деди. Уйига кириб борсам, анча дўстлари билан ўтиришган экан. Кириб боришим билан, бутун стол атрофидагилар жим бўлиб қолишди. Мен ҳамма билан кўришиб ўтирдим. Қарасам, ҳамма жим, худди мажлисда ўтиргандек. Шунда мен: “болалар бемалол ўтирайлик” деб, гаплашиб, ҳазиллашиб, тезда улар билан дўстлашиб кетдим. У ердаги танишган дўстларимдан Алишер бундоқ турди-де, бояги ўртоғимга қараб, “ўртоқ, Отабек ҳам туппа- тузук бола экан-ку” деди. Кейин энг қизиғи, кўчага чиқиб, ҳаммаси билан хайрлашиб кетаётганда, ҳамма болалар ўраб олишиб “Отабек, энг қизиғи, тўғрисини айтайликми, Сиз телефон қилганингизда, ўртоғимиз “Отабек Мадраҳимов келади” деганда, унга биз “эй нима қиласан, қўй, улар баланд дорда юради, бизлар бирга ўтира олмаймиз ” деб айтдик. У бўлса, “йўқ, у ҳам ҳамма қатори яхши бола” деса, улар яна “кел, бошқа сафар чақирарсан” деб, биз норози бўлгандик, деб айтишди. Мана энди бирга ўтирганимиздан кейин ҳайрон қолдик, нега сизлар ҳақингизда “улар одамни менсимайди, баланд дорда юради”деган ундай гаплар юради, дейишди. Шунинг учун ҳам, бирор инсон билан гаплашиб кўрмагунча, у ҳақида бирор фикр билдириш нотўғри. У инсон ҳақида, гаплашиб кўрмай туриб, тўғри фикрга ҳеч қачон бора олмас экансан. Худди шундай мен ўзим ҳам ҳиндлар билан ҳамкорликда бўлганимда, Амитабх Баччан билан, мисол учун, Раж Капурнинг оиласи билан ва шу қаторда Митхун Чакрабортий билан кўришишдан олдин, тўғрисини айтсам, шу инсонлар олдига қўрқиб борганман! Мен ҳам улар ҳақида, худди шундай фикрда бўлганман. Кейин бориб, улар билан танишиб гаплашиб, мана хамкорликлар қилганимиздан сўнг, мен яна бояги фикрим тўғрилигига амин бўлдим! Ҳақиқатдан ўша инсонни билиб, кўриб, ўзи билан юзма-юз гаплашмагунингча, сен ўйлаган ва эшитган фикрлар ҳаммаси ёлғон. Менга ҳам Митхун Чакрабортий ёнига кетаётганимда, “эй, уларга яқинлашиб бўлмайди” деб, жуда кўп гапиришган эди. Борганимдан кейин эса, Митхун Чакрабортий худди яқин инсонидек ҳурмат билан дўстона кутиб олди. Улар билан бемалол ўтириб гаплашдик. Шунинг учун ҳам, бу мавзуда суҳбатлашадиган бўлсак, эрталабгача гаплашиш мумкин.

 

-Айнан, ҳозирги кунда ҳаётдаги фалсафангиз нималардан иборат?

- Мени  саломимга алик олган инсонга, мен ҳам яхши муносабатда бўламан!  Манманлик қилган инсондан узоқлашаман,  тўғри гапирган  инсонга  бош эгаман.  Санъатдаги ҳаёт синовларидан ўтган тажрибамдан келиб чиқиб, кечиримли бўлишни ўргандим. Бир сўз билан айтганда, менга яхши бўлган инсонга мен ҳам яхши муносабатда бўламан.

  Foto (36)

-Сизни актёр сифатида ҳам яхши биламиз. Яна кинога қайтиш ниятингиз борми?  Чунки, Сизни маълум бир вақт, фильмларда кўрмадик?

- Мен санъатдан ҳеч қачон узоқ кетмайман. Ҳозир янги бадиий фильм олиш ниятимиз бор ва шунинг сценарийси устида ишламоқдамиз. Сценарий меники, режиссёр эса, мен роль ижро қилган кўп фильмларим режиссёри бўлган, ҳозирги вақтда “Ўзбеккино” Миллий агенлиги Бош директори  Жаҳонгир ака Қосимов бўлишларини жуда ҳохлардим, агарда вақтлари бўлса, албатта.  Сабаби, мен уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан! Бу инсон билан ишлашни ҳам, жуда яхши кўраман. Шунча танаффусдан кейин Жаҳонгир ака мен билан ишлашларини жуда ҳам ҳохлардим.

 

- Адашмасам, илк ўзбек тижорат фильмларини суратга олиб, катта экранларда намойиш қилишни бошлаб берган ҳам, сиз эдингиз?

- Ҳа, мен, эсимда бор. Биринчи тижорат фильмини ҳам бизлар қилганмиз. Биринчи “Тақдир” фильмини мени ўзимни сценарийим асосида суратга олмоқчи бўлганимизда, ўзим неча йил “эшик таққиллатиб” юрганман. Яъни, “маблағ ажратинглар, фильм суратга олайлик”, деганимда, менга “Эй ким боради кинога? Ҳамма киноларни видеокассетада кўради, ҳеч ким кинога бормайди ” дейишган. Ўшанда Жаҳонгир акам, дўстим, менга катта ёрдам бердилар. Мен жуда кўп санъаткорларга миннатдорчилик билдирмоқчиман, булар устозларимдан Фаррух ака Зокиров, Ойбарчин опа Бакирова, Жаҳонгир ака Қосимов, раҳматли Ҳожиакбар ака Нурматов, Диас Раҳматов, ана шундай буюк санъаткорлар ўйнаган ўша фильмда! Ўша фильм катта экранга чиққанида, премьераси куни, кинотеатрда ойналар синиб кетиб, одамлар кинозалга кириш учун ҳаракат қилишган! Премьерага фақат таклифнома билан киритиларди-ку, энди бошқаларни ҳам киргиси келган. Лекин, таклиф қилинган меҳмонлар билан зал тўлиб бўлганди... Тўлиб турган залга қандай қилиб, қолган халқни киргазасиз? Шунда эсимда бор, баъзи саводсиз журналистлар, “интрига” қилгиси келиб, эртасига чиққан газетага “Мана Отабек Мадраҳимов кино олибди, шу киносини премьерасига одамларни танлаб киргазди” деган гапларни ёзишган...  Ўйлаб кўрса, биз қанақасига одам танлашимиз мумкин? Биринчидан, ўзим у ерда фақат актёр сифатида ва фильмни муаллифи сифатида иштирок этганман. Ташкилотчилик ишларига мен ўзим умуман аралашмаганман! Демак, билетни кимларга тарқатишдан мутлақо четдаман! Баъзилар, агар инсон санъаткор бўлса, у телефон қилса дўстлари бир пастда билет қилиб беради, деб ўйлашади. Мен шу нарсани ҳар доим айтаман, бу жуда қийин масала! Ҳар бир санъаткорнинг ўзини шундай масалаларни хал қиладиган, ташкилотчилик ишлари билан шуғулланадиган масъул одами бўлади. Санъаткор ҳеч қачон ўзи бунақа ишлар билан шуғулланмайди! Мен ўзим ҳаттоки, ўз болаларимга кимдандир билет сўраб олиб беришим, жуда камдан кам ҳолат! Сўрагандан кўра, бориб кассадан сотиб олиб келиб бераман. Лекин, кимгадир телефон қилиб, “ўғлим ёки қизимга билет керак эди” деб, ҳеч қачон сўрамайман. Чунки тушунаман, концерт бераётган санъаткорга ўша пайтда жуда қийин бўлади. Мен фақат телефон қилиб, “ўртоқ табриклайман” деб қўйишим мумкин. Лекин, ўша табриклашни ҳам, иложи борича концертдан кейин қилишга харакат қиламан, сабаби концертдан олдин телефон қиладиган бўлсам, унда “эй, билет учун қилаётгандир?” деган хаёл бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, мен иложи борича, ўша санъаткор дўстларимни ҳам, концертлари ўтгандан кейин табриклайман!

 Foto (34)

- Ҳар бир кун ўзингизга ўзингиз қандай талаблар қўясиз?

- Менинг ҳозирги талабларим, олдингига қараганда бошқача! Энг биринчиси, яна бугунги кунни менга бергани учун, Худога шукур қиламан! Кейингиси, биринчи ўринда фарзандларимнинг ўқиши, шуларни ўйлайман. Сўнг, ўз ишларим ҳақида ўйлашим мумкин. Аввал, тескариси эди. Олдин биринчи ўринда мени ишим, санъатим эди! Ана кейин, кейинги ўринларда оилам бўлиши мумкин эди... Ҳозир эса, биринчи ўринда менинг оилам! Кейин эса ишим, санъатим бўлиши мумкин!

 

- Бугунги кунда Сизни энг кўп ўйлантирадиган мавзу?

- Энг кўп ўйлантирадиган мавзу, бу санъатимиз қаёққа кетмоқда? Мен бу билан ҳозирги чиқаётган ёш хонандаларимизни қораламоқчи эмасман! Мана кеча бўлиб ўтган ҳолат, раҳматли Ҳусниддин акам Ҳолиқовнинг рафиқаси, келинойим телефон қилиб қолдилар ва “тез “Наво” каналини қўйинг”, дедилар. Қўйсам, битта ёш хонанда “Бола, бола, болажон” деган қўшиғимни, клип қилиб, айтиб чиқибди!

  Foto (4)

- Табиийки, ўша ёш хонанда сиздан рухсат сўрамаган?

- (бироз асабийлашиб) Йўқ! Мутлақо! Мен у қўшиқни ёзганимда, раҳматли устозим Ҳусниддин Ҳолиқовнинг ёнларига келиб, “Ҳусниддин ака, мана шундай “Болажон”деган қўшиғим бор, келинг шуни бирга айтайлик” деганимда, Ҳусниддин акам аранжеровкасини ўзлари қилган, мен сўзларини ёзиб туриб, шу қўшиқни ёзганмиз. Лоақал, Ҳусниддин акамнинг оиласидан рухсат олмаган, на мендан рухсат сўраган. Энг қизиғи, у қўшиқни қайтадан ремекс қилиб, у қўшиққа янги клип суратга олиб, яқин кунларда “Наво” телеканалидан бермоқчимиз. Буёқда бирданига шу қўшиқ, бундай тарзда, чиқиб келмоқда! Ишонасизми, мен ўзим ўша куйлаган йигитни телефон қилиб топдим. Телефон қилсам, биринчи унинг акаси олди, мен маданият билан вазиятни тушунтириб, “дўстларим, бу қандай ҳолат?” деб сўрасам, улар “майли, энди айтиб қўйибмиз” дейди! Муомалани қаранг! Раҳматли устозим, лоқал келиб, “бир оғиз сўрасин” деб, айтардилар. Чет элда бундай ҳолат учун катта жарима қўйилади! Катта пул тўлашади! Мен ҳам, мисол учун, устозларим Фаррух ака Зокиров, Муҳриддин ака Ҳолиқов, Ҳусниддин Ҳолиқовларнинг қўшиқларини айтаман. Лекин, ҳар гал айтишдан олдин устозимга, ёки уларнинг оиласига телефон қиламан. Мана ҳозир устозим Фаррух акамнинг яна бир “Масхарабоз” деган қўшиғини айтиб чиқдим. Мен Зокировларнинг қўлида катта бўлганим учун, уларнинг ҳаммасини “дода” дейман. Уларга телефон қилиб, қўшиқ тайёр бўлганда “Фаррух дода эшитиб кўрасизми?” деб сўрайман. Мен ёзишдан олдин ва тайёр бўлгандан кейин, уларга қўйиб бериб фикрларини ҳам биламан. Ҳар гал ўзларига қўйиб бериб, плюс ва минус тарафларини билиб оламан. Агар бир жойида хато қилиб қўйган бўлсам, ўша хатоларини тўғрилашга ҳаракат қиламан. У “Болажон”ни куйлаган бола бўлса, қўшиқни меникилигини билмаганмиш! Қандай қилиб билмайди, хайронман? Хўп, мени қўшиғим эканлигини билмаган бўлса, у қўшиқни Ҳусниддин акам ҳам бирга куйлаган, ҳеч бўлмаса уларнинг оилаларидан рухсат сўраши керак эди! Улардан ҳам сўрамаган! Энг ҳайрон бўлган тарафим эса, ҳаттоки узр ҳам сўраш йўқ! Шунда мен ҳам “мен қаттиқ гапирмайман, фақат илтимос қиламан, бугуноқ телеэфирдаги клипни тўхтатинглар. Бўлмаса, мен ҳам қонуний тарафлама чора кўришимга тўғри келади” дедим. 

 

- Тўхтатишдими?

- Ўйлайманки, тўхтатишди. Тўғрисини айтаман, телевизор кўришга, вақтим етишмайди. Фарзандларим кўришади.

 Foto (5)

- У клипни кўргандан кейин, ўзингиз қилмоқчи бўлган вариантингизни давом эттирасизми, ёки тўхтатасизми?

- Албатта, давом эттираман! Ахир, у мени қўшиғим! Уларнинг қилган иши нотўғри. Мени ўзи, ҳар битта ёшларга ниятим, тўғри маънодаги маслаҳатим, улар албатта, устоз кўришлари керак! Устоз нафақат қўшиқ куйлашни ўргатади, нафақат унинг санъатига ёрдам беради, балки устоз маданиятни, инсонлар билан мулоқотни, одамгарчиликни, кўча-куйда ўзини тутишларгача ўргатади. Бизларга устозларимиз шуларни ўргатишган. “Ўзингдан бир кун олдин чиққан санъаткорни ҳам ҳурматини қилгин” дейишарди! Ҳозир эса,  ёшлар бир хилларида тўйга кириб келган вақтимизда, лоқал ўрнидан туриб сўрашгиси ҳам келмайди... Энг қизиғи, ёш тарафлама мен қўшиқ айтган пайтимда, улар йўргакдаги чақалоқ, ёки энди эмаклаётган бола бўлишган. Шу сабабли, мен устоз кўрмаган санъаткор, санъаткор эмас, деб айтаман. Улар ўқиши керак, ўқишдан ташқари, шу йўлда йўл–йўриғини кўрсатадиган яна бир устози ҳам бўлиши керак. Устоз кўрган санъаткор ҳеч қачон манманлик қилмайди!

 

- Ўзингизни-чи, ҳозирги кунда санъатда шогирдларингиз борми?

- Шароф Муқимов, Азиз Раметов, Ёдгор Мирзажонов, “Шод” гуруҳидаги Шуҳрат, Ҳожиакбар, Самандар Ҳамроқулов, ҳаммаси менинг шогирдларим! Улар мени, мен тенги, мендан катта санъаткорларни, ҳатто бизлардан кейинги санъаткорларни ҳам ҳурмат қилишади. Сабаби, мен буларга ҳар доим ”Йигитлар манманлик фақат Эгамга хос, инсонларни ҳурмат қилиш керак. Катта-ю, кичик қўли кўксида кириб келган инсон билан қўлларинг кўксингда гаплашинглар, ҳар доим билинглар, бугун сенлар баланд дорда бўлсаларинг, у баланд дордан пастга тушиш жуда ҳам осон” дейман.

 Foto (6)

- Қўшиқ ярата олмайдиган мавзуингиз ҳам борми? Қўшиқ яратгингиз келадию, лекин ҳеч ярата олмайсиз?

- Мени ўйлашимча, бу нарса ўз вақти билан келаверади. Инсон улғайган сари, бошқа бошқа мавзуларда изланади. Бу нарса вақт ва вазиятга қараб келаверади!

 

- Ўзингиз айтадиган қўшиқларингизга мавзуни қандай қилиб танлайсиз?

- Мавзу менга айтиб ўтганимдек ўзидан ўзи келади. Нечта аранжеровкачилар билан ишлаган бўлса, булар Ботир Алиев, Рустам Маҳмудов, Руслан Шарипов, ҳаммаси билан ишлаган вақтим, ҳаммаси билади, аранжеровка қилинаётган пайтим, ўша шеъри ҳам ёзилади! Яъни, мусиқасига, ҳолатига қараб бўлади. Ҳеч бир алоҳида шеърни олиб, мана шунга мусиқа ёзиб, аранжеровка қиламан, деган нарса менда ҳеч қачон бўлмаган.

  Foto (33)

- Қўшиғингиз тайёр бўлаётган пайтда нимасига кўпроқ аҳамият берасиз?

- Тўғрисини айтсам, ритмига аҳамият бераман! Буни ҳамма атрофимдаги инсонлар билади. Ўзим аввал барабанчи бўлганман, шунинг учун бўлса керак. (кулади).

 

- Дуэтларга қанақа қарайсиз? Бугунги кунда агар дуэт таклифи бўлса қайси тарафига қараб рози бўласиз?

- Мен дуэтларни ўзимга яқин инсонлар билан айтишим мумкин. Масалан, устозларимдан Равшан ака Намозов билан дуэт айтишим мумкин, шогирдим Ёдгор Мирзажонов билан айтишим мумкин. Гулсанам Мамазоитова худди ўзимни синглимдек,  у билан айтганмиз. Устозим Фаррух ака билан ҳам дуэт айтганман. Ҳозир яна бир янги дуэтимиз ҳам бор, у ҳам яқин кунлар чиқади, тайёрламоқдаман.

 Foto (28)

- Демак, ўша инсон сизга яқин бўлишига аҳамият берар экансиз-да? Унда Равшан ака Намозов билан дуэт кутиб қолсак бўладими?

- Албатта! Бизда дуэтни мавзуларигача тайёр. Бу йил, албатта Равшан ака Намозов билан дуэтимиз бўлади.

 

- Санъатга кириб келган вақтингиздан то шу бугунгача, олдингизга қўйган мақсадларингизнинг неча фоизига эришдим, деб ҳисоблайсиз?

- Мен ундай фоизга олмаганману, лекин ҳар битта орзуларимни амалга оширишга ҳаракат қилиб келганман! Мени болалигимдан орзуим санъаткор бўлиш эди, мана Равшан акамлар санъаткор бўлишимга анча ҳиссалар қўшганлар. Равшан акам ҳам гувоҳлар, онамлар санъаткор бўлишимга анча қаршилик қилганлар. Ота-боболаримиз буюк санъаткор бўлишига қарамай, улар ҳам менга қаршилик қилишган! “Бўлди, оиламизда санъаткор етади” дегандек гап ҳам қилишган. Кейин билмадим, қон тортиб кетдими, ёки устозларнинг ёрдамими, барибир санъаткор бўлдим! Бу биринчи орзуим бўлган. Иккинчи орзуим ҳам, болалигимдан дилимда бўлган, бу ҳинд санъаткорлари билан бирга ишлаш эди! Бу орзуимга ҳам эришдим. Яна болалигимдаги орзуларимдан “мен концерт берсам, шоу концертлар бераман” дердим. Мен оддий саҳнага чиқиб, микрафонни олиб шунчаки куйлаб концерт беришни билмайман. Тўғриси, мен буни ҳоҳламайман эмас, билмайман... Менда саҳнада театрлаштирилган нарса бўлиши керак, менинг йўналишим шундай. Ҳар битта санъаткорнинг ўз йўналиши бўлади. Меникида шундай театрлаштирилган шоу ҳаракатлар бўлиши керак. Мени ҳар битта қўшиғим, саҳнадаги мини клип бўлиши керак.

 

- Бугун сени олқишлаган омма, эртага бошқасига ҳам шундай қарсак чалади, деган иборага муносабатингиз?

- Мана шу ўринда бир машҳур инсонимизнинг сўзларини келтириб ўтаман. Мени фақат тўғри тушунишларини ҳоҳлардим. “Мухлислар ғирт бевафо бўлишади! Бугун сен от устида, муваффақият эгарида бўлганингда, ҳаммаси сен тараф, лекин эртага отдан тушсанг, улар бошқаники бўлишади!” Мен мухлисларимни бу билан ҳақоратламоқчи эмасман! Аммо, бу аччиқ бўлса ҳам бор бўлган ҳақиқат!

 Foto (35)

- Лекин, баъзилар ҳақиқий мухлис ўзгармайди, ҳам дейишади?

- Энди биласизми, мухлислар орасида чинакам садоқатлилари ҳам бор! Бу ҳам рост. Мисол учун, мени ўзим, ҳаётда иккита санъаткорнинг содиқ мухлисиман. Майкл Жексон ва Рави Шанкарнинг! Мен бу инсонлардан ҳеч қанақасига воз кеча олмайман! Булар ҳақида нималар ёзишмасин, нима деб ёмонлашмасин, мен барибир улар кеча олмайман! Ҳеч қачон улар ҳақидаги фикримни ҳам ўзгартира олмайман. Улардан зўрини, мен билмайман! Бу мен учун, менинг шахсий фикрим, албатта. Шу қаторда бизнинг ҳам шундай содиқ мухлисларимиз бор! Мени ўзимда бир куни шундай воқеа ҳам бўлган. Концертга Фарғонага боргандик, концерт тугаб, бир ёши катта инсон ёнимга келди.  Ҳайрон бўлдим, энди мени концертимга асосан ёшлар келадию, бу киши бўлса, катта ёшдаги отахон. У киши: “болам, илтимос сиздан, бизникига бир минутга кирсангиз” деди. Ҳайрон бўлдим. “Мен, катта бир стол ёза олмайман, ундай бир зўр дастурхон ҳам қила олмайман, фақат бир минутга бизникига кирсангиз, илтимос” дейди. Мен у кишини энди нима ҳоҳлаётганини билмаётганимга, “амаки мен сиз нима ҳоҳлаётганингизни билмайман, шунга узр” дедим. Шунда у отахон, “Мени бир қиз набирам бор, унга сизни концертингизга ҳатто билет олиб беришга ҳам қурбим етмади. Шу набирам билан бир марта кўришиб, қўл бериб, сўрашиб қўйсангиз бўлди”, деди. Мен “хўп, шунчалик келиб отахоннинг ўзи сўраяптилар-ку” дедим ва у кишини уйига бордик. Борсам, ҳалиги отахоннинг ўғли билан келини автоҳалокатда оламдан ўтиб кетишган экан. Отахоннинг аёли ҳам вафот этган экан, биттагина қиз набирани битта ўзлари катта қилаётган эканлар... Мен хонадонга кириб, ўзимни кўзларимга ишонмаганман, негаки у қизчанинг хонасини деворлари, мен ўзим ҳаётимда кўрмаган суратларим билан тўла эди! У қизчанинг исми Малика экан! Қаердан олган шунча суратларни ҳайронман! Бутун девор фақат менинг суратларим! Мен шу қизга қойил қолганман! Яна бир марта туғилган куним куни битта қиз студиямга келиб, “Отабек ака, мана шуни сизга совға қиламан” деб, узун хат бериб кетган. Билмадим, нечта дафтарнинг варақлари кетган у хатга? Хуллас, 35 метрли хат экан, биз уни метр билан ўлчаганмиз! Мен ҳам эринмасдан 3-4 кун вақт кетказиб, ўша хатни ўқиб чиққанман! Лекин, мен ўзим ўша қизчани ҳаётда ҳалигача кўрмаганман. Мен у қиздан жуда ҳам миннатдорман. Лекин, ҳатто, исмини ҳам билмайман. Доим, “мен сизни мухлисингизман” деб ёзади. Энг қизиғи, нечта уй алмаштирган бўлсам ҳам, туғилган кунимда, эрталаб эшик қўнғироғи чалинади ва битта бола ўша мухлис қиз номидан битта катта торт ва совға бериб кетади. Мен у қизни кўрмаганман, лекин ҳар йили туғилган кунимда торт билан совға жўнатади. Мана шундай содиқ мухлислар ҳам бор. Лекин, бутун оммани бундай содиқ мухлислар сафига киргазиш нотўғри. Бундай садоқатлилар саноқли бўлади.

Foto (25)  

Ёдгор Мирзажонов ҳам қўшимча қилади: – Мен ҳам ўз вақтида Отабек акамнинг суратларини йиққанман! Альбомга 10 мингталаб суратларини ёпиштириб чиқардим! Аввал уларга мухлис бўлганман.

 

(Интервьюдан четлашиб, суҳбатлашиб яна интервьюга қайтдик)

  Foto (8)

- Сиз учун мухлислар фикри қанчалик муҳим?

- Мен ҳар доим мухлисларни бир хил қабул қилганман. Уларни ҳам тушуниш керак. Ўзим ҳам ҳамма қўшиқчиларни ёқтираман, дея олмайман. Масалан, хорижлик хонандалардан Майкл Жексон, Стингни маза қилиб эшитишим мумкин, лекин Паф Дадди, Эминем деган репэрларни умуман, тингламайман, чунки  уларга мухлис  эмасман. Мен тинглайдиган Рави Шанкар, Мукеш, Муҳаммад Рафиқ, Лата Мангешкарни  бошқалар умуман тингламаслиги ҳам мумкин. Худди шунга ўхшаб, мени ҳам тинглайдиган бор, тингламайдиган бор. Шунинг учун ҳам, доим мухлисларни тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан.

 

- Мана шу кунгача ота-онангизга энг маъқул қўшиғингиз қайсию, ота-онангиз томонидан танқидга учрагани қайси?

- Ота–онам томонидан ҳамма қўшиғим, доим танқидга учрайди! (кулади) Менинг биринчи танқидчиларим, бу менинг ота–онам!

 

- Мақтов эшитганингиз ҳам бордир?

- Биласизми, уларда қандай танқид? Масалан, мени отамлар санъатдан жуда ҳам узоқ инсон. Онам эса, санъаткор. Масалан, онам ҳам рақсга тушиб юрган пайтларида,  рақсларини телевизордан кўрсатиб қолишса, дадам кўриб “яхши-ю, лекин бундан ҳам яхшироқ ўйнаса бўларди” дердилар. Бундан онамнинг жаҳллари чиқарди! Ҳозир бўлса, мени биринчи янги қўшиқларим чиқса, худди шундай танқидчилардан учинчиси хотиним! Ҳозирги кунда биринчи хотиним, кейин ота- онам эшитса, уччалаларида ҳам битта гап, “ну, да, яхши, лекин бундан ҳам яхши қилса бўлади” дейишади! Бир куни мен дадамларга, “Дада, Сиз менга “бўлди, қўшиғинг зўр бўлибди” дейишингиз учун, мен қандай қўшиқ ёзишим керак?” дедим. Дадам бўлсалар, “Унақасини ҳаётда ёза олмасанг керак” дедилар. Мен “Нега? Менга шунчалик ишонмайсизми” десам, улар “агар мен сенга ҳозир “қўшиғинг зўр чиқибди” десам, кейин сен ишламай қўясан” дедилар. Улар атайдан шундай дер эканлар. “Худди шундай онангга ҳам айтардим”, дедилар! Лекин, бир марта ота-онамдан “биз сен билан ғурурланамиз” деган гапни эшитганман. Бу гапни эшитиш фарзанд учун катта гап! Лекин, ҳамиша биринчи танқидчиларим, булар ота-онам!

  Foto (15)

- Ижодкорга хос бўлмаган қайси одат, менда бор деб ўйлайсиз?

Жилмайиб стол устида турган сигаретани кўрсатади.

 

- Нега? Ахир бу кўп ижодкорларда одат-ку?

- (кулади) Мен тўғримда нималар дейишмаган. Лекин, менда бундан бошқа одатлар йўқ! Мен фақат шуни энг ёмон одатим, деб айта оламан! Тўғриси, бу одатимни ҳам ташлашни ҳоҳлайман. Лекин, ҳеч ташлай олмаяпман. Бошқа ҳеч қандай одатим йўқ.

 

- Ички интуцияга ишонасизми, ҳаётда амал қиласизми ёки қанчалик тўғри чиқади?

- Мен бунга ишонаман. Агарда битта ишни қилаётганимда, кўнглим ғаш бўлиб, ички бир нарса “тўхта, тўхта” деса, мен шу ишимни тўхтатаман! Лекин, ички интуициям билан ютиб чиқишимни билсам, олдимда нечта поғона девор қўйишсин, барибир енгиб ўтиб кетишга ҳаракат қиламан!

 Foto (23)

- Қайси одатингиз дўстларингизга ёқмайди? Мана дўстларингиз ҳам ўтиришибди....

- Билмадим (кулади) Ўзлари айтишсин!

  Foto (19)

Ёдгор Мирзажонов: – Кўп чекишлари нотўғри, деб ўйлайман. Соғлиқ учун зарарли.

Foto (29)

Азиз Раметов: - Кам ижод қилишлари ёқмайди! Кам ижод қиляптилар!

Отабек Мадраҳимов:- Ҳали, мен кам ижод қиламанми? Мен кўп ижод қиламан, фақат сен бехабарсан!

Кулишади ва баҳслашиб кетишади.

Foto (30)

Азиз Раметов: – Ижод қилсангиз ҳам ҳеч қаерда чиқармаяпсиз?

Отабек Мадраҳимов бўш келмай: - Мана энди чиқараман!

Азиз Раметов: - Интернетга чиқариш ҳам майли, ҳатто бизларга бермайдилар! Клип олайлик, десам “хўп” дейдилар ва шу билан бўлди!

Ёдгор Мирзажонов: - Лекин, ҳақиқатдан ҳам ҳақиқий мухлислар сиздан ижод намуналарини кутишади!

Foto (32)

Азиз Раметов: - Ёдгор акам ҳам шу кунларда эринчоқ бўлиб қолганлар...

Отабек Мадраҳимов кулиб: -Ана энди, бу ёққа ўтди.

Foto (26)

Суҳбатга босиқлик билан Равшан Намозов қўшилади: - Ўзи санъаткорнинг вазифаси ижод қилиш! Уни юзага чиқариш, тарғибот қилиш продюсер ва администраторларнинг вазифаси. Бизларда битта катта камчилик бор, продюсер ва администраторлар кам. Ёки, шу йўналиш бўйича малака оширадиган ўқув юрти ҳам йўқ, тўғрисини айтганда. Ана шу томондан жуда кўп санъаткорларимиз азият чекишади. Мана шу қийин иш билан, айнан шуни тушунадиган инсон шуғулланиши керак.

 

Фикрлашгандан сўнг, яна Отабек Мадраҳимовни саволга тутдик.

 Foto (9)

- Ўзингизни қайси қўшиғингизни ўзингиз қайта-қайта тинглайсиз? Қайси қўшиғингиз кўзингизга ёш келтириши мумкин?

- “Отажон” деган қўшиғим! Чунки, бу қўшиғимнинг яралиши, бир ходиса билан боғлиқ. У қўшиғимнинг сўзлари ҳам ўша пайтда юрагимдаги дард билан бўлган. Лекин, у ерда бир шеърий ва адабий сўзлар эмас. У қўшиқда фақатгина ички дард чиқиб келган. Шунинг учун ҳам ўша қўшиқ мен учун жуда яқин... Ҳақиқатдан ҳам, сиз айтгандек эшитганимда кўзимга ёш келади.

 

- Нима ҳодиса туфайли ёзилганини мухлисларингиз билан бўлиша оласизми?

- Ўша пайтда оиламизда бир ходиса бўлиб ўтганди. Илоҳим, ҳеч кимнинг оиласида бундай ҳодиса бўлиб ўтмасин! Мен фақат шуни айта оламан. Ўша қўшиқни эшитишса, ўша қўшиқ сўзларидан ҳам, нима ҳодиса бўлиб ўтганини билиб олишлари мумкин.

  Foto (10)

- Вақт ўтиб ўзингизга ёқмай қолган қўшиғингиз бўлганми? “Бекор куйлабман шу қўшиқни” деган фикр ўтганми хаёлингиздан?

- Ундай қўшиғим бўлмаган-ку, лекин, агарда шу қўшиғимни ҳозирги пайтда қайтадан куйлаганимда, мана бундай куйлардим, деган фикрлар бўлади. Шундай қўшиқлар ҳам бўлади-ки, уларни қайтадан яратгингиз келади! Энди агарда 15 тадан ортиқ альбом чиқарган бўлсам, ҳар биттасини (кулиб) қайтадан яратадиган бўлсам, унақада янги ижод бўлмайди! Лекин, хатоларимни ўша биринчи ёзган қўшиқларимда кўп кўраман. Ҳалигача ҳам хато қиламан, тўғриси. Мана устозларимнинг олдида, шогирдларимни олдида ҳам айтишим мумкин. Ҳалигача ҳам хатолар қиламиз ва ўша хатолар орқали ўрганамиз.

 

- Сизни фикрингизча инсонни энг зўр ёши?

- Мана шу яшаётган ёши, менинг фикримча. Мана ҳозир менинг ёшим 40 ёшга бориб қолган бўлса, мен ҳеч нарсага ачинмайман. Бир хиллар, “вой, ёшим 40 га бориб қолдими, ярим умрим ўтиб кетиб қолибдию” дейди. Менда ундай нарса йўқ! Ҳар бир ўтган йилларимдан ҳам ачинмайман. Ҳар битта берилаётган кун, Оллоҳдан бизларга берилаётган неъмат! Шунинг учун ҳам, ҳар битта ёшимизни муносиб кутиб олишимиз керак!

  

- Суҳбатдошингизни биринчи нимасига аҳамият берасиз?

- Ҳаққонийлигига! Шунингдек, самимийлигига ҳам аҳамият бераман. Олдингидек, “акангман, укангман” деганлардан, рости чарчадим. Унақа “ёнингда бўламан”, деганларнинг ҳам кўпини кўрдим, ҳаммасини билдим. Ҳаётда энг ишонган тоғинг, бу ўз оиланг, ота ва онанг!

 Foto (22)

- Танимаган, билмаган инсонингиз Сиздан ёрдам сўраса, унга ёрдам берармидингиз?

- Рафиқам мени шу борада кўпинча уришади. “Шу керакми Сизга?” дейди. Чунки, тўғрисини айтсам, таниган ва танимаган инсонлар ёрдам сўраб келишса, қўлимдан келганча ёрдам қилишга ҳаракат қиламан! Қаерларгадир бориб келаман, ўшалар учун. Сабаби, бизларнинг устозимиз Муҳриддин ака Холиқов шундай инсон бўлган. Уларни ҳам, мана шундай қўллари очиқ эди, ёрдам бераверардилар. Рафиқам “нима қиласиз, шу инсонлар эртага ҳатто, раҳмат ҳам айтмай кетади” деб кўп айтади. Бир тарафдан бу ҳам тўғри. Ҳиндистонда кўп операциялар қилишади. Мен ҳиндлар билан кўп ишлаганим учун, шу масала бўйича ҳам, кўпларга ёрдам бериб келдим. Агарда ўша инсонларнинг ҳаёти яхши бўлишига, озгина бўлса ҳам хиссам қўшилган бўлса, бу мен учун катта бахт! Мен буни мақтаниш, ёки миннат қилиб гапирмаяпман! Ҳаётимда бўлиб ўтган воқеа сифатида айтиб ўтмоқчиман. Авваламбор, кимлигини ҳам айтмайман. Хуллас, бир янги туғилган чақалоқни, шифокорлар “бўлди, ўлади” дейишган. Чунки, бола туғма юрак хасталиги билан туғилган экан... Мен ҳамма катта-катта шифохоналарга, шифокорларга олиб бордим, ҳамма бир хил ташхис қўйди, “барибир ўлади” дейишди... Шунда мен, “умидли дунё” деб, ўша болани шартта ота-онаси билан Ҳиндистонга жўнатиб, у ердагилар билан операцияни гаплашиб бердим! Мана ҳозир, шу бола 3 ёки 4 ёшга тўлдими, билмайман. Чунки, шу болачани ҳаттоки, кўрмаганман! Ота-онаси ҳам бир оғиз олдимга келиб, ҳаттоки “раҳмат” ҳам айтишмади... Мен уларга ҳаттоки, қаерга бориб, кимга нима дейишларигача, айтганман! Лекин, мен буни чин дилдан қилдим, шу болача соғ-саломат катта бўлиб, ота-онаси роҳатини кўрса бўлди, майли раҳмати ҳам, керак эмас! Чунки, мен шу бола ҳозир яшаб кетганидан, ҳаётлигидан хурсандман!

 

- Санъатдан ташқари, ҳам бошқа қизиқишингиз борми?

- Расм чизишни жуда ҳам яхши кўраман. Мультфильм қаҳрамонларини чизаман. Ҳатто, бир марта актёр, режиссёр ва мультипликатор Нозим Тўлахўжаевнинг олдига ҳам борганман! Агар хонанда бўлмаганимда, мен аниқ мультипликатор бўлардим!

 

-Ижодингизда плагиат ҳам борми?

-Плагиатлик, яъни сўзма-сўз, нотама-нота кўчириб олишим йўқ.  Тан оламан, ҳинд мусиқаларидан кўп фойдаланаман. Фойдаланганман, яна фойдаланаман ҳам. Буни беркитмайман.  Мен ҳеч қачон бир тайёр хит қўшиқни олиб, тайёргина мусиқасига ўзбекча сўзларни қўйиб, айтиб юборганим йўқ. Мен ҳинд мусиқасидан фойдаланган қўшиқларимда, оригинал версиясига ўз версиямни солиштириб кўрсам,  жуда катта фарқ қилади! Яъни, айнан ўхшаш эмас!  1996 йили  ҳиндлар билан ҳамкорлик тадбирларидан бирида  қўшиқларимни  тинглаб туриб, “Вир ва Зара” фильми саундтрекларини куйлаган ҳинд қўшиқчиси, менинг қалин дўстим Сону Нигам, “Будур” қўшиғинг менга жудаям ёқиб қолди, рухсат берсанг куйлардим” деганда бошим кўкларга етганди. Қўшиғимни олиб, “Эй, ту” деб ҳиндча версиясини куйлаган! Ҳинд журналларидан бирида, Сону Нигам ёзган: “Ўзбекистонлик санъаткорлар билан танишганимдан фахрланаман! Улар қатори Отабек Мадраҳимов ва Рустам Маҳмудов билан” деган. “Будур” қўшиғимнинг мусиқасини Рустам Маҳмудов ёзганди.  Сизга яна бир қизиқ ҳодисани ҳам айтиб беришим мумкин. “Ялла” гуруҳининг машҳур “Жиннуни” қўшиғи бор, у асли Марокаш қўшиғи, уни “Ялла” гуруҳи гастрол сафарида эшитиб қолиб, кейин ўзлари куйлашган. У қўшиқни ўзбек халқи “Ялла”нинг хити, деб билади. Буни қарангки, ҳинд режиссёри Умеш Меҳра Тошкентга келган вақтда, “Жиннури” жуда машҳур бўлган вақт эди, у ўша қўшиқни эшитиб қолади ва “Ошиқ овора” фильмида “Эй, санам” деб ҳиндча версиясини куйлашади. Ваҳоланки, улар бу қўшиқни ўзбеклардан олдик, деб ўйлашган. Бу ўша қўшиқнинг учинчи ўзгариши бўлган. Буюк Моцартга айтган экан,  “дунёда фақат 7 нота бор, бу мусиқалар мендан олдин ёзиб бўлинган. Биз фақатгина уларнинг ҳаммасини қайтарамиз” деган экан. Мусиқаларни ҳар қанақасига ўзгартирасиз, қарабсизки, бошқа янги куй чиқиб келади. Ҳамма куйларни чиндан ҳам биздан аввал яратиб бўлишган. Масалан, бир куни ҳайрон қолганман, бир Ҳиндистонда юрганимда диск магазинига кирдим ва тасодифан 1940 йилларда ҳинд оркестри чалган мусиқани эшитиб қолдим. Ишонасизми, миллий қўшиқларимиздан “Жонон бўламан” қўшиғи мусиқасининг худди ўзи! Ҳинд мусиқа асбобларида чалинган версияси! “Жонон бўламан” неча йиллик ўзбек қўшиғи, у мусиқа бўлса, 1940 йилда чалинган! Ким кимдан олганлиги муҳим эмас! Ўхшашлик катта. Чунки, бизнинг бобокалонимиз Бобурийлар Ҳиндистонда яшаб ижод қилишган. Бутун дунё мусиқаси бир-бирига ўхшайди, бир хил аккордлар, бир хил ритм, оҳанг, мусиқа асбоблари ҳам бўлиши мумкин. Масалан, биз ҳам баъзи мусиқаларимизда арабларнинг табласи, ҳиндларнинг сеторидан, туркларнинг найидан фойдаланамиз.  Хорижлик хонандалар ҳам, бизларнинг дутор, торларимиздан фойдаланишади. Масалан, “Сато” гуруҳидан Тоир ака Қўзиев Питер Габриэлнинг концертида танбур чалдилар. Стив Уондер концертида Аббос ака доира чалдилар.  Шунинг учун ҳам, мусиқа борасидаги  ўхшашликда тасодиф, ҳамкорлик, кўчирмачилик  -  ҳаммаси  учрайди.

 Foto (16)

- Интернетдаги ижтимоий тармоқларда бормисиз?

- Борман, Фейсбукда ҳам, Инстаграммда ҳам. Лекин, мен билан бирга сохталари ҳам бор. Уларга “кимсиз” десам, менга жавоб ёзишмайди! Мен мана шундай бировларнинг номидан кириб, бировнинг расми, бировнинг ҳурмати билан, интернетда ўтирадиганларни ҳурмат қилмайман!

 

-Ҳаёт сизни анча ўзгартиргани сезилиб турибди...

- Албатта! Ҳаёт шиддат билан давом этяпти,  умр ўтяпти!  Кечагина атай-чечак қилиб юрган фарзандларим ҳам улғайган. Тўнғичим катта йигит бўлиб қолган, ҳали   уйлантирмадим, ҳозирда хорижда ҳуқуқ соҳаси бўйича ўқияпти. Қизим ҳам ҳуқуқшуносликда ўқийди. Бир вақтлар, “Санъаткор бўламан десам, онам менга нега қаршилик қиладилар?”, дердим. Шунда бир сафар онам, “эй болам, сен санъаткорнинг “юки” қанчалик оғирлигини билмайсан. Сени кўзингга ҳозир саҳнага чиқиш, ютуқлар, олқишлар чиройли кўриняпти, лекин бунинг заҳматини, ички дунёсини, саҳна ортини билмайсан”, дегандилар. У пайтлар бундай гапларнинг мағзини чақишга ҳали ёш, “ғўр” бўлсамда, қатъийлик биланми, ёки болаларча қайсарликданми,“йўқ, санъаткор бўламан, тамом” дердим. Мана ҳозир, 25 йилдан ортиқ санъатнинг ичида бўлсам, онам айтган ўша “юкнинг оғирлигини” билиб, ўйлаб кўриб, фарзандларимнинг санъаткор бўлишларини ҳоҳламадим, қолаверса, уларда ҳам бу соҳага қизиқиш бўлмади. Энди билмадим, агар насиб қилса, набираларимда қизиқиш бўлса, йўқ, демасам керак.

 

- Оилангизга қанча вақт ажратасиз? Чунки, санъаткор кўпинча банд бўлади...

- Мен айниқса, ҳозирги кунда оиламга жуда ҳам кўп вақт ажратаман, чунки, олдинлари ажратолмаган вақтимнинг ўрнини тўлдираман. Санъаткор ўз айбини тан ҳам олиши керак. Машҳурлик сизга ёқиб қолган вақтида, оилангизга ҳам аҳамият бермай қўясиз, машҳурлик кўзингизни кўр қилиб қўяди. Лекин, кейин, оилангиздан кўра, яқинингиз йўқлигини тушунасиз. Мен ўшанда бера олмаган меҳримни, ҳозир беришга ҳаракат қиляпман! Иложи борича кўпроқ оилам билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан! Бўш бўлдимми, уйга бораман! Аввалгидек, кўчада, ўртоқлар билан ўтиришлар йўқ! Кўпроқ фарзандларим билан бирга бўлсам, дейман. Чунки, эртага концертлар мавсуми бошланиб сафарларда бўламиз! Шунинг учун ҳам, уйда бўла олмайдиган вақтларимнинг ҳиссасини олдиндан тўлдириб қўйишга ҳам ҳаракат қиляпман! Тўғриси, шунча йилдан бери менга чидаб келаётгани учун рафиқам Хушнозахонга алоҳида раҳмат айтаман!

 Foto (31)

-Фарзандларингизни ҳам оила қурадиган вақтлари яқинлашмоқда. Фарзандларингиз тақдирини боғлайдиган инсон қандай бўлишини истардингиз?

 

- Муҳими, фарзандларимнинг ўзига маъқул, ўзлари севган, яхши инсон бўлсин! Чунки, севги-муҳаббатсиз оила бўлмайди, деб ўйлайман. Ўзим ҳам рафиқам билан севишиб оила қурганмиз ва шунча йилдан бери бир-биримизни севиб, тушуниб яшаяпмиз! Чунки, сени севган инсон қадрингга ҳам етади, тушунади ва ардоқлайди. Фарзандларимга ҳам ўзлари севган ва қадрлаган инсони билан бахтли бўлиш насиб этсин!

 Foto (43)

Отабек Мадраҳимов билан суҳбатлашар эканмиз, уни ҳозирги кунда тингловчиларга ва мухлисларга айтадиган сўзлари, ҳамда ижод намуналари кўплигига амин бўлдик. Маълум бир пайт ижоддан кетмаса ҳам, баъзи сабабларга кўра ўзининг кўплаб ижод намуналарини омма эътиборига ҳавола эта олмаган бўлса ҳам, санъаткорга нисбатан барчада қизиқиш катта! Ўйлаймизки, санъаткор орада бўлиб ўтган озгина танаффуснинг ўрнини муносиб тўлдира олади ва яқин кунларда унинг ижодидаги кўплаб янгиликлардан бохабар этиб борамиз!

 Foto (17)

Суҳбат якунида санъаткор Равшан Намозов яқин кунларда тақдим қилишни режалаштираётган янги қўшиғини жонли ижрода куйлаб берди. Бу видеони ҳам тез кунларда сайтимизда тақдим этамиз.

 Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

IMG__1899__новый_размер

Фотолар учун Шерзод Раҳмоновга миннатдорчилик билдирамиз

Foto (47)

Foto (46)

Foto (42)

Foto (41)

Foto (40)

Foto (24)

Foto (27)