OzodbekNazarbekov FZSL5502IMG_0262баннер туй_2

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

БАҲРОМ НАЗАРОВ: БИЗ ПРОДЮСЕРИМИЗ БИЛАН “ПРОДЮСЕР ВА ХОНАНДА”, ДЕБ БОШЛАМАГАНМИЗ... 14.11.2015 05:11

IMG_7944

- Концертнинг биринчи кунида, “томошабинларни бундай кўтаринки руҳда кутиб олишларини ўзим ҳам кутмагандим”, дедингиз. Иккинчи кунида анча кўникма ҳосил бўлдими? Концертдан сўнг-чи?

Баҳром Назаров: - Ўзи концерт бошланишидан аввал, биринчи куни жуда қаттиқ ҳаяжонда эдим! Қўлларим қалтираб, томоқларим қуриб, ҳаттоки мухлислар билан саломлашганда ҳам ҳаяжон кучли бўлди. Ҳаттоки, гапимни ҳам тополмай қолдим. Лекин, мухлисларнинг олқишлари, қўллаб-қувватлашлари қандайдир куч-қувват берди! Шундан ўзимни ўнглаб олдим! Биринчи кун концерт яхши ўтгач, иккинчи куни анча ҳаяжонлар босилиб, кўнглимдагидек концерт бўлди! Мухлисларга ёққан бўлса, биз хурсанд бўламиз!

 

- Саҳнада қандай вазиятда импровизация қилиб кетишингизга тўғри келди?

- Ҳиндча қўшиқда шундай бўлди! Ҳиндистонлик меҳмонлар келишига куйладим. Ўзи иккинчи блокда куйлашим керак эди, лекин орадан эсимдан чиқиб қолибди! (кулади) Шундан сўнг, учинчи блокда куйладим.

 IMG_7981

- Неччидир фоиз жонли ижрода куйлаш мумкинмиди?

- Концерт юз фоиз фонограммада ўтказилди! Энди келгуси йил жонли ижрода бўлишига ҳаракат қиламан. Бу йил ҳам жонли ижрода ўтказиш ниятим бор эди, лекин бу ёқда, мухлислар билан жонли мулоқотда бўлиш керак, бу ёқда эса биринчи концерт бўлганига ҳаяжон жуда кучли эди! Шунга, икки тарафлама бўлиб, мия бўлиниб қолиб, сифатсиз чиққандан кўра, бир тарафлама ишлаган яхши, барибир мухлислар ҳаяжони босади, деган фикрда бўлдим. Энди кейинги йил, икки тарафлама ишлашни ўрганамиз!

 

- Саҳнада биринчи кун концертда, ҳазил латифа айтиб, “эртаси куни бошқа одам бўлиб уйғонаман шекилли?” дедингиз. Эртаси куни ростдан ҳам, бошқа одам бўлиб уйғондингизми? Яъни, ўзингизни бошқа одамдек ҳис қилдингизми?

- Эртаси эрталаб эмас, тушликда яхши кайфиятда уйғондим ва “Бу ҳаммаси туш эмасмикан? Уйғониб кетмасмиканман?” деб ўйлаб қолдим! (кулади) Яхши туш кўрсангиз, ишқилиб уйғониб кетмай, дейсизу, худди шундай ҳолатни ҳис қилдим!

 IMG_7971 IMG_7980

- Энди бир савол концертдан сўнг, кўпчиликни қизиқтира бошлади. Сизни илк концертингиз муваффақиятли ўтди, томошабинлар меҳрини қозондингиз, таниқли хонанда сифатида эътироф эта бошлашди. Одатда, шоу бизнесда, хонандалар танилгач, бундай муваффақиятли бир-икки, баъзида уч-тўрт концертдан сўнг, продюсери билан “хайрлашиб”, ўзлари мустақил ижод қилишни бошлашади. Ёки, бундай ҳолатлар шартнома муддати тугаши билан содир бўлади. Бундай ҳодисалар кўп учрайди... Шундан келиб чиқилса, сиз ва продюсерингиз Даврон Соипов ўртасида-чи? Орангизда ёзма шартнома мавжудми ва қанча муддатга тузилган? Келажакда продюсерсиз мустақил ижод қилишингиз мумкинми?

- Биз продюсеримиз билан бирга ижод бошлаганимизда, “продюсер ва хонанда”, деб бошламаганмиз, “ака-ука” деб бошлаганмиз! Бизнинг орамизда ҳеч қандай шартнома ҳам, қандайдир муддат ҳам йўқ! Охиригача бирга ишлаймиз! Фақат, бу ерда аввало иш! Хонанда билан продюсер орасида, меҳру оқибат бўлиши керак, барибир! Ўша нарса йўқолмаса бўлди! Иш эса, ўз ўрнида кетаверади, деб ўйлайман. Ҳамманинг ризқини Худо беради.

 

- Наҳотки, орангизда шартнома тузилмаган бўлса?

- Йўқ! Биз устозларимизга ўхшаб, ака-ука бўлиб, охиригача, бирга ижод қиламиз. Нима учун, мен ўзим, акалар ёрдамида чиқиб олиб, кейин улар ҳам “мева”сини кўрадиган вақтда кетиб қолишим керак? Улар мен билан баробар меҳнат қилишган! Ахир, шу “мева”ни ейишга улар ҳам ҳақли-ку! Бундай қилиш ноинсофлик бўлади!

 

- Ўзи Продюсерингиз Даврон Соипов билан биргаликда ишлаш қандай бошланган?

- Даврон акамнинг укалари, “сени чақиряптилар” деб, таклиф қилганларида, у пайтда мен умидсизлик бўлиб, секин санъатни йиғиштираётган эдим! Шундан сўнг, яна бир ҳаракат қилай, деб олдиларига бориб, биргаликда ишлаб кетдик!

 IMG_7921

- Устозингиздан репетиция жараёнларида асосан, нима учун танбеҳ эшитдингиз?

- Графикада озгина хатолик кетибди, ўзгартирдик!

 

- Концертда тақдим қилинган янги қўшиқларингиздан қайси бири, концертдан сўнг хит бўлади, деб умид қиляпсиз? Концертдан сўнг, қайси қўшиққа клип суратга олдириш режада бор?

- Иккитасидан умидим бор. Лекин, концерт вақти “мана бу қўшиғим хит бўлади” дейсиз-да, эътиборингиздан четда қолган қўшиқ, кутилмаганда оммалашиб кетади. Энди бу йил бўйича санасам, “Хурсаной”, “Айланай”, “Қарамадинг” қўшиқлари, деб ўйлайман ва  ҳозирча “Хурсаной” ва “Айланай”қўшиқларимдан бирига клип суратга олдириш режада бор.

 IMG_7978

-  Агар концертингизни “беш” баллик системада олинганда, четдан ўзингиз учун ўзингиз, қандай баҳо берардингиз? Неччи баҳога топширдим, деб ўйлайсиз?

- Четдан қараганда камчилик жуда кўп. Саҳнада ўзимни тутиш, ҳамда мухлислар билан муносабат ҳали анча хом! Ўзингизни олиб қочишлар, ҳаяжон бўлади, тўрт мингдан ортиқ одам сизга қараб туради, барибир. Энди йиллар давомида яна концертлар қилсак, малака ошиб борса керак, ўз устимизда ишлаб, камчиликларни йўқотамиз. Ҳозирча ўзимга баҳо, “уч”, продюсеримга эса, “беш” баҳо қўяман! Ўзи барибир менга ҳақиқий баҳони мухлислар беришади!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

Фотолар учун фотограф Озод Жамолга миннатдорчилик билдирамиз