OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ЗУҲРА СОЛИЕВА: КЎНГЛИ ТОЗА ИНСОН ЁНИНГИЗДА БЎЛСА . . .  07.02.2013 13:57

foto-2_31.jpg
2012 йил бу актриса учун янада омадли келди. Кўплаб роллар ижро қилиш баробарида, актриса ўз бахтини топди. Умр йўлдоши Фаррух ота касбининг давомчиси, ошпаз, бундан ташқари ўз бизнесига эга. Баъзилар актриса турмушга чиқди, энди оилани танласа керак, дейишганди. Лекин, унинг турмуш ўртоғи, бахтига унинг касбини тушунган инсон бўлиб, актрисани ижоддан тўхтатгани йўқ. Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони, комедик роллар устаси, актриса Зуҳра Солиева
 
4_11.jpg
Ўзи ҳақида: - 20 августда Самарқандда туғилганман. Биринчи устозим Саида опа Раметова бўлганлар. Институтда эса, Мунаввара Абдуллаеванинг курсида ўқиганман. Мунаввара опа, “ҳамма юлдузларни чиқарадиган устоз” деб, ном олганлар (самимий кулади). Мен ҳам ўша чиқарган юлдузлари қаторига кирганимдан хурсандман. Мунаввар опамни менга меҳнатлари жуда ҳам кўп сингган. Институтда жуда ҳам шўх эдим. Фақат ўғил болалар билан жанжал қилиб юрардим. Институтга ҳам кеч кирганман. 1999 йил институтга кириб, 2003 йил тугатганман. Институтга кеч кирганимнинг сабаби, раҳматли эгизак опам Фотима билан бирга мактабни тугатиб, бирга институтга кирамиз, деганимизда дадамиз рухсат бермаганлар. Дадамиз қассоб бўлганлар, узоққа ўқишга қўймаганлар. Дадам рухсат бермаганларидан кейин, орада Фотима касал бўлиб қолди. 4 йил тўшакка михланиб ётиб қолди. Кейин 4 ярим йил унга ўзим қарадим. У бу дунёни тарк этаётганда, васият қилди, “институтга киришинг керак” деди. Ўша пайтда ёшим 26 да эди. “Хўп” дедим. Лекин, Фотимасиз ўқишга келиш ниятим ҳам йўқ эди. Кейин Фотима тушимга кираверди. Самарқандда шифохонада ишлаб юрардим. Меҳнат таътили олиб, Тошкентга келдим. Ҳужжатлар топширилиши тугашига 5 кун қолганда келгандим, Саида опам ўзлари улгурганларича ўқишга тайёрлантирганлар. Уларнинг ҳам уйларида ҳар куни меҳмон, ишлари роса кўп эди. Ишдан кечқурун келсалар, уйларида меҳмонлар, уларнинг олдида репетиция қила олмаймиз, деб пастга машинага чақирардилар. Машинада репетиция қилиб, кейин уйга чиқардилар. Шундай қилиб ўқишга, бюджетга кирдим! Биринчи курсдан адабий парчалар ижро қилишни бошладим, 2 курсда ўқиётганимда, раҳматли Бахтиёр Зокиров “Анкон” деган хусусий театр очган эди. Ўшанда биринчи “Қирмизи олма” спектаклида ўйнаганман. Русча, ўзбекча тилда қўйилган, 2 курс эдим. 3 курсда диплом спектакли қилиб, Абдулла Қаҳҳорнинг “Аяжонларим” спектаклида, Бўстон буви ролини ўйнадим. Институтни 32 ёшда тугатдим, 35 ёшда танилдим. Фильмда биринчи ўйнаган ролим Рустам Саъдиевнинг “Вой дод сумалак” мусиқали фильмида, Сотти роли бўлган. У ролимни кўриб, режиссёр Зебо Наврўзова “Бўрилар” фильмидаги амма ролига таклиф қилганлар. Амма ролимни кўриб эса, Жаҳонгир Позилжонов “Бойвачча” фильмига таклиф қилди! “Бойвачча” дан кейин танилдим! (кулади). Ўзи мени биринчи театрда кўриб, кейин кинога, ролга олишган. “Андишалик келинччак” спектаклида, мардикор аёлни ўйнаганман, ўшанда Рустам ака келиб кўриб, кинога, Сотти ролига таклиф қилганлар. Мен ҳеч қаерга кастингга, расм беришга бормаганман. Шунинг учун ҳам театрни яхши кўраман! Театрда Зуҳра Солиева бўлиб шаклланганман.
 
zuhra_soliyeva_toy-28_0.jpg zuhra_soliyeva_toy-29_0.jpg
- Олдин ўзингиз келинларга келин салом айтардингиз. Ўзингизни “Келин салом”ингиз қандай бўлди?
- Ўзимнинг келин саломим никоҳда бўлди. Ўша борган келин саломларимдаги келинларга раҳмим келди. (кулади) Роса салом бериб, ҳақиқатдан бел оғриб кетар экан. Лекин, келинсаломнинг ҳам ўзини гашти бўлар экан. Кўзимда севинч ёшлари билан салом қилдим. Ҳам ўзим учун, ҳам раҳматли Фотимам учун. Ўз келинсаломим мана шундай ўтди.
 
- Олдинги қарашларингиздан, оила қургандаги қарашларингиз қанчалик ўзгарди?
- Олдингидан кўра, анча босиқ бўлиб қолдим. Масалан, узоқни ўйлайдиган бўлдим. Режаларни анча узоқ йилга, янада катта қилиб тузадиган бўлдим.
 
foto-1_35.jpg
- Турмуш ўртоғингиз билан танишувингиз “Одноклассники” сайти орқали бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин, айнан қандай бошланди? Ким биринчи “дўстлик” жўнатди? Ким биринчи бўлиб ёзди?
- Ўша пайтларда сайтдаги саҳифам очиқ эди. У киши дўстлик жўнатди. Ишонмасдан биринчи берган саволлари “Сиз Зуҳра Солиевани ҳақиқийсимисиз?” бўлди. Ўзи жуда кўп инсонлар шу саволни берадилар, ўшалар қатори булар ҳам шу саволни бердилар. “Ҳа” деб ёздим, гаплашдик. Ўша пайтда булар билан бирга, яна 3 та йигит ёзаётган эди. Ўша пайтда жиянимдан Насибадан “қара, йигитлар ёзяпти” деб маслаҳат сўрадим. Чунки, барибир қизиқади-ку одам. Жияним ҳам “Мана шуниси самимий экан, мана шунисига жавоб ёз” деди. Фаррухнинг ёзгани унга ёқди. Кейин унинг гапига қараб, ёзишишни бошладим. Фаррух мени кинодаги образим бўйича, характери ҳам образникидек деб ўйлаб, мен билан ёзишганларидан кейин, ички дунёйим бутунлай бошқалигини билиб “қанақадир сиз бошқача экансиз” деб, яхши кунларнинг бирида севги изҳор қилдилар. Ҳаммаси “одноклассники” орқали бўлди. (кулади)
 
- Қанча ой давомида ёзишдингиз?
- 6 ой давомида ёзишдик.
 
- Биринчи севги изҳор қилганларида, сиз нима деб жавоб бердингиз?
- Ўпкам тўлиб кўнглим бузилган. (кулиб) Демак, “ҳаётда ҳали имкониятим бор экан, йигитлар севги изҳор қилишса” деган нарса хаёлимдан ўтган. Ғалати бўлиб, жим бўлиб қолганман. Улар ёзяпти, ёзяпти, мен жавоб бермасдан ўйланиб қолганман. Улар “нега жавоб бермаяпсиз“ деганлар, мен эса “тўхтанг ўзимга келиб олай” деганман.
 
- Қачон бир–бирингизни ҳаётда кўрдингизлар?
- Улар ўша вақтларда Москвада эдилар. Бир йил деганда келдилар. Ўша ёзишган пайтларида, менга “онамни юбораман, сизга уйланаман” дегандилар. Энди тўғрисини айтганда, мен бунга ишонмаганман. Ишонишим қийин бўлган! “Ҳа хўп” деганман, лекин “ишонмайман” ҳам деганман. Фаррух эса, “кўрасиз, гапимнинг устидан чиқаман” деганлар. Кейин ҳақиқатдан келиб, оналарини бу ерга уйга юборганлар, биринчи совчиларимни бир ўзим қабул қилганман. Кейин Фаррух билан кўришганмиз. Тошкентга келиб, супермаркетнинг 3 қаватидаги “Мерам” кафесига таклиф қилганлар. Энг асосийси, уларнинг кўнгли тозалиги ёққан. Кўнгли тоза инсон ёнингизда бўлса, қолган ҳамма нарса ўзидан ўзи яхши бўлиб кетади. Энг асосийси, аёл кишининг ёнида кўнгли тушунадиган эркак бўлса, аёл кишига бундан ортиқ бахт бўлмайди. Аёл кишининг бахти ҳам, энг катта бойлиги ҳам шунда бўлади. Кейин Самарқандда, Фарғонада тўй бўлиб кетди. Энди Худо ҳоҳласа, иккаламизнинг туғилган кунимизда, (буларники 17 август бўлса, меники 20 август, 3 кун орамиз) августда Тошкентдаги яқинлар ёру дўстлар учун, туғилган кун қилиб, кела олмаганларни яна чақирамиз. (кулиб) Яъни, бир алоҳида, тўйимизнинг бир йиллигини нишонлаймиз!
 
5_9.jpg
- Уларни сизга самимийлик жиҳатлари сизга ёқди. Сизни-чи, қайси жиҳатингиз уларга ёққан? Ҳеч сўраб кўрганмисиз?
- “Кўнглингиз очиқлиги”, деб айтадилар. “Ички дунёйингиз чиройли”, дейдилар. Ички дунёйингиз чиройли, деганларида баъзан хафа ҳам бўлиб қоламан. “Ташқи дунёйимчи, ўзим-чи?” дейман. Кейин улар “ички дунёси чиройли инсонни, албатта ташқи дунёси ҳам чиройли бўлади” айтадилар! “Ҳозир ички дунёси чиройли инсон жуда ҳам кам бўлиб кетяпти”, дейдилар.
 
zuhra_soliyeva_toy-18_0.jpg
-Қайнонангиз биринчи келганда, қандай кутиб олгансиз?
- (кулади) Ўша куни уйларни йиғиштираётган эдим. Булар биринчи оналарини юбордилар, кейин учрашдик. Чунки, унгача ишонмадим-да! Ўша куни, ўзим уйларни йиғиштираётган эдим, қўлимда пол латта ва швабра билан совчиларни ўзим кутиб олганман!
 
- Кутилмаганда келишдими ёки олдиндан айтилганмиди келишлари?
- Кутилмаганда бўлди! Фаррухнинг Опалари Азизахон телефон қилиб, “келамиз” деганлар, лекин қачон келишларини айтмаганлар. Улар телефон қилиб, “бизлар уйингиз олдидамиз” дейишганда, жуда кутилмаган ҳолат бўлган. (самимий кулади)
 
- Ёшинглар ўртасидаги фарққа қандай қарагансизлар?
- Орамизда фарқ бўлгани учун ҳам, бошида ишонмаганман. Орамизда 7 ёш фарқ бор эди. Лекин, муҳаббат ёш танламас экан, деб шуни айтишса керак.
 
- Қайнотангиз ва қайнонангиз бунга қандай қарадилар? Улар билан танишув қандай бўлди?
- Қайнотам вафот етганлар. Қайнонам эса, ўзи менинг мухлисим эканлар. Улар мени катта аёлларнинг ролини ижро этганимга, кўзимни олдида катта ёшли аёл гавдаланадими, деб ўйлаб келган эканлар. Мени кўриб, “кўрсатса кўрсатгудек, гулдек қиз экансиз-ку” дедилар. Уларнинг биринчи гаплари “юрагимга ўтирдингиз” деган гаплари бўлди! Ўзи қайнанамнинг дидлари роса инжиқ. Булар ҳам ичларида роса хаяжонланган эканлар, онамга ёқсин, деб турган эканлар, ахир битта ўғил, бўлсалар. Оилада Фаррух битта ўғил, 4 та опалари бор. Ўшанда қайнонам, ўзимнинг олдимда буларга “ўғлим, агар Зуҳрани бошини айлантириб, вақтингни ўтказиш учун гаплашиб юрган бўлсанг, қара, қаттиқ хафа бўламан. Шу қиз кўнглимга ёқди! Шу пайтгача сени уйлантирмаган эдим, келин мени ҳам кўнглимга ўтирсин, дердим, дидим инжиқлиги учун эди”, дедилар. Мана шу қиз кўнглимга ўтирди. Агар уни ташлаб кетиб, хафа қиладиган бўлсанг, сени умрбод уйлантирмайман” деганлар. Бу мени яна бир бахтим, худодан тилаган тилакларим амалга ошгани, деб биламан. Ҳамма мухлисларим, ҳамма жойларда учрашувларга борсам, бахт тилашарди, “бахтингиз очилиб кетсин, ўзингизга ўхшаган очиққина, яхши инсон учрасин” дейишарди. Ўша дуоларнинг ижобат бўлгани, деб биламан.
 
- Қайнонангизнинг касби?
- Қайнонам ҳозир меҳнат таътилидалар. Исмлари Хайрихон. Олдин Фарғонада, заводда 50 йил ишлаганлар. Қайнотам раҳматли эса, ошпаз бўлган эканлар.
 
3_13.jpg
- Қайси ижро қилган ролингиз қайнонангизга ва турмуш ўртоғингизга ёққан?
- Мен “Бойвачча” фильмидан танилган бўлсам, қайнонам эса ҳалигача ўша фильмни кўрмаган эканлар. Буни эшитиб, бир кулдим “яхши ҳам кўрмаган экансиз, бу ўша бақироқ, деб келин қилишга норози бўлардингиз дедим” (кулади). Сериаллардаги ролларимни кўрганлар,“Каминани оиласи” ва яна бошқа фильмларимни кўриб, ёқтирганлар.   
 
- Сизни кўпчилик роль танламайди дейишади? Бунинг сабаби нимада?
- Ҳа, танламайман. Чунки, ўз маҳоратим, кучимга ишонаман. У роль менга тўғри келмайди, бу роль менга тўғри келмайди демайман. Ўша менга берилган ролни яхши қилиб чиқариб беришга маҳоратим етади. Шунинг учун ҳам танламайман. Актёрликка ўқидингми, роль танлашнинг кераги йўқ! Олийгоҳда таълим олдингми, маҳорати борми менимча роль танлаш керак эмас. Тўғри бир хил актёрлар бор, “менга у роль тўғри келмайди”, дейди. Балки, у ростдан ҳам ўша ролга мос тушмас. Лекин, менга трагедиями, комедиями берса, ўйнаб бера оламан. Озгина озиб, мелодрамаларни ҳам ўйнашим мумкин. (кулади).
 
- Агар актёр роль танламаса рейтинги тушиб кетиши, ёки роллари бир хиллашиб кетиши мумкин, деган фикрларга муносабатингиз?
- Энди бир хилларида бу роль менга ёқмади, ёки сценарий саёз экан, десангиз, режиссёрлар бир-бирига айтади-да, “эй у ўзи сценарий танлайдиган бўлган, роль танлайди, звездани беряпти” деб, унисига айтади. Кейин яна бошқаси “уни чақирайлик” деса”, бошқа биттаси, “эй, у роль танлайдиган бўлган, уни чақирмаймиз” дейди ва мана шунақалар борлиги учун, актёрларнинг рейтинги ҳам тушади. Ўзи аслида режиссёрлар бир-бирига “у роль танлаяпти” деб гапирганидан, гап тарқалиб, актёрнинг рейтингига таъсир қилади. Шунинг учун, у қанақа роль, ким, режиссёр гап қилмайдиган режиссёрми деб, ҳозир шу тарафларини ҳам ўйлаб турасиз. (самимий кулади).
mtva-taqdimot-sahna-orti-9_0.jpg
 
- Суратга олиш жараёнида, қандай ҳолатлардан ўзингизнинг кўнглингиз тўлмайди?
- Ўзи биласиз, эпизодик актрисаман. (самимий) Агар М&ТВА да “энг зўр эпизодик актриса” номинацияси бўлиб, унга номзодим қўйилса, жуда хурсанд бўлардим. Баъзида, кўп режиссёрлар эпизодик ролларга аҳамият бермаганидан кўнглим тўлмайди. Ўша эпизод роль бўлса ҳам, ўшани кенгроқ қилиб ўйнашга имкон бермайди. “Мана шуни қилиб беринг, мана шунақа бўлсин” дейишади, бўлди. Қилиб бераман, яхши, ўзимга ҳам ёқади. Ёққани ҳам бор, кўнглим тўлгани, тўлмагани бор, лекин халққа ёқади асосийси. Аммо, ўзим актёр сифатида озгина мазза қилишга бермадилар, деб шу тарафидан озгина кўнглим тўлмайди.
foto-korsatuv_zuhra_soliyeva-6.jpg
 
- Оилада қандай бекасиз?
- Ўртача, дейман ҳозирча. Чунки, “зўр бека” бўлиш учун, кўпроқ уйда ўтириш керак. (жилмайиб) Ҳозирча қўлдан келганча, яхши бека бўлишга ҳаракат қиляпман. “Водийлик келин” бўлдим, лекин водийлик келинларга етишимга ҳали анча бўлса керак (кулади). Тан олиш ҳам, мардлик!
 
- Самарқанддаги тўйингиз овоза бўлди, лекин Фарғонадаги тўйингиздан кўпчилик бехабар қолди.
- Тўйимиз Самарқандда ва Фарғонада бўлди. Битта Тошкент қолди (кулади). Фарғонадаги тўй мана яқинда бўлди. Қайнонам тарафдагилар ҳам мени вақтимга қарашди. Чунки, Самарқанддаги тўй тез бўлиб кетди. Тўй тез бўлиб кетганига съёмкаларим, дубляжларим турганди. Уларга тугатай, кейин Фарғонага бораман дедим. Улар ўзларига “билдириш” қилишди. Фарғонадаги тўйимиз “шов-шув” бўлмаганининг сабаби, ўша пайт роса қор ёғди. Переваллар беркилди, баъзилар бехабар қолди. Мен ўзи жуда бахтли келинман. Битта эрга тегиб, 3 марта келин бўламан (кулади). Битта водийлик келин бўлдим, ўзимизда Самарқандлик келин бўлдим, энди Тошкентча келин бўламан! (кулади). Ўтирган қиз, ўрнини топади, дейишади. Мен “вообщем” топиб ташладим. Кўпроқ ўтириб қўйганим учунми? (кулади).
 
zuhra_soliyeva_toy-2_0.jpg
- Тўй куни келинлик либосини кийганингизда, кўнглингиздан нималар кечди?
- (самимий) Йиғладим, фақат йиғладим! Шунинг учунми, тўйимда ёмғир ёғди. Эшитганлар “Зуҳра йиғлоқи қиз экан, тўйида ёмғир ёғди” дейишди. Фақат йиғладим, биринчи ўринда, раҳматли Фотимамни эслаб йиғладим. У учун ҳам, бу оқ кўйлакни кийдим. Оламдан ўтганидан кейин, учинчи куни тушимга кириб “мени ҳаётга қайтаришни ҳоҳлайсанми?, деганда, Ҳа! Ҳа! Ҳар хил компютерлар чиқяпти, ҳар хил аппаратлар чиқяпти, ўликларни тирилтирса ҳам бўладиганлари бордир?” деб йиғлаганман. Кейин қиблага қара, деган, қиблага қараганман, қўлингни дуога оч, деганда, қўлимни очганман бир ёруғлик бўлиб, “оқ кўйлак киясан, оқ кўйлак кийиб турмуш қургин. Қизлик бўлгин, қизли бўлганингда қизингга мени исмимни қўясан, сени боланг бўлиб туғиламан, ўшанда иккинчи ҳаётни берасан, сўз бер” деб омин қилган. Шу тушим эсимда қолган! Худди ўнгимдагидек... Шунинг учун ҳам, шу пайтгача ёшим ўтяпти-ку, деб бошқа йўлларни ўйламаганман, ўша тушимда берган ваъдам, кўнглимда юрар эди. Кўпчилик айтган, “ёшинг ўтяпти болали бўлишинг керак, у бу” дейишган, лекин мен, “оқ кўйлак киймасам керак эмас”, деганман. Фотима кўз юмишидан олдин, “ўқишга кириб актриса бўлишинг керак, мен учун ҳам, ўзинг учун ҳам ижод қиласан” деганда сўз бергандим. Бу сўзимнинг устидан чиқдим. Танилдим, актриса бўлдим, иккаламиз учун! Иккинчи ваъдам бу эди, оқ кўйлак кийиб турмушга чиқиш ва учинчиси эса қизли бўлиб, Фотиманинг исмини қўйишим. (самимий кулади)
 
zuhra_soliyeva_toy-22_0.jpg
- Тўй суратларингизни кўрганлар, негадир фатангизни олиб ташлаганингизга ҳайрон бўлишди...
- Фатасиз эдим, чунки. Фақат сочимга гул қўйилган эди. Фата таққаним йўқ. Бошида келиб келин салом қилдим. Фатасиз келин бўлдим. Чунки, инсон ярашганини қилиши керак. Тўғрисини айтганда, мен 18 ёш келин эмасдим-ку. Ёшимга мос келин бўлдим. Энди кийиш керак, демадим-да, гул тақиб, чиройли келин бўлдим.
 
- Қанчалик пазанда келинсиз?
- Овқат пиширишни билардим. Лекин, ширинлик пиширишни энди ўрганяпман. ТВларда кўриб, интернетларда шундай салат, пишириқ гуруҳларига аъзо бўлиб, энди ўрганяпман. Битта -битта пиширяпман. Бир ўзим яшаганим учун, кўп овқат пиширмаганман. Энди турмуш ўртоғим Фаррухда эса, ошпазлик ота касб! Оталари донғи кетган ошпаз бўлган эканлар. Булар ҳам овқатни мазали пиширадилар. Бир-икки пиширсам, бошида буларга ёқмади. Кейин мен уларга: “Сиз унақа ёқмади, деманг. Камчилик топманг, камчилик бўлса ҳам, мени янада мақтаб турсангиз, мен янада қизиқаман” дедим. “Сиз ўхшатмабсиз, буниси кўп, буниси кам десангиз, менинг ҳам кўнглим совийди-да”, дедим. Энди бўлса, тирик шпаргалкам, хўжайиним бўляптилар. Аёллар дафтарга ёзиб қўйса, мен бўлса булардан сўраб-сўраб пиширяпман (кулади).
 
foto-korsatuv_zuhra_soliyeva-5.jpg
- Овқат пиширишдан ташқари, келинлик вазифаларингиздан яна нималарни уддалай олмаяпсиз?
- Фақат овқат! Фарғоналик келин бўлдим. Лекин, ишим, касбим Тошкентда бўлгани учун, Фарғонага бориб, у ерда қайнонамга келинлик қила олмаяпман. Шуни уддалай олмаяпман. Ҳар куни ёнларида бўлиб, келинлик қила олмаяман. Улар у ерда ёлғизлар. Лекин, жуда ҳам тушунган, меҳрибон аёл. “Тинч бўлганингларни, яхши яшаганингизни узоқдан туриб эшитсам ҳам, шунинг ўзи менга етарли, ҳозирча мени ўзимни кучим бор, ўзим овқат қилишга, яшашга етади” деб ўзлари 1-2  та неваралари билан турибдилар.
 
- Турмуш ўртоғингиз тўйга чиқишингизга қанақа қараяптилар? “Запрет” қўймадиларми?
- Йўқ, улар ҳеч нимага “запрет” қўймадилар. Аксинча ўзлари, “бу ёғига, тўйдан кейин ижодни 3 баравар босишингиз керак” дедилар. Чунки, оддий ҳол, ҳамма турмуш қургандан кейин эри, “энди йиғиштириб ташла” дейди. Ҳамма ҳам, у ҳақида “йиғиштириб ташлабди” дейишади. Ҳатто, ўзимизда ҳам шундай гаплар эшитдик. Йўқ, бари бўлмаган гап, турмуш ўртоғим, касбингни йиғиштир, деб айтишни ҳаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Тўйларга вақтлари бўлганда, мен билан бирга борадилар. Ишлари бўлса ўзим бориб келаман, менга ишонадилар. Энг муҳими, ўртада ишонч бўлсин экан. Қолаверса ўзимнинг атрофимдаги болалар ҳаммаси яхши. Составимдаги болаларни ҳаммаси билан танишганлар, кўнгли очиқ болалар эканлигини биладилар.
 
- Рашк сиз учун?
- О! Рашк қийин экан! Рашким ўта ёмон экан! Турмушга чиқиб, ўзим ҳам энди биляпман! Аёл кишида рашк бўлса, қийналар экан! Лекин, менинг рашким қанчалик кучли бўлса, буларники ҳам худди шундай экан. Иккаламиз битта бурж, арслон буржи остида туғилганмиз. Барибир, энг кучли рашк буларники!
 
- Иккалангиз турмуш қураётганда битта бўлса ҳам, талаб қўйдингизми бир- бирингизга?
- Ҳа, мен талаб қўйдим! Энг биринчи нарса, “дилимни оғритмайсиз” деганман. “Дилимни оғритадиган иш қилмайсиз”, деганман. Чунки, дилим кўп оғриган. Бу нарсани душманимга ҳам раво кўрмайман. Тананг оғриса, дори қўясан, унут бўлиб кетади. Лекин, дил оғриғи кетмас экан! Улар менга (ўйланиб) “ҳар доим кулиб юрасиз, ўзингизга қараб юрасиз ва озинг” деганлар. (кулади). Энг кўп қайтарадиган гаплари ҳам шу.
 
- Турмуш қургач, ўзингиз қайси одатларингиздан воз кечдингиз?
- Баланд-баланд гапириш одатларимдан воз кечдим. Овозим баланд, биласиз (кулади). 8 соатлаб ўртоқлар билан телефонда гаплашиб ўтириш одатларимдан ҳам воз кечдим.
 
- Муҳаббатни қандай таърифлайсиз?
- Бахтни қандай таърифласам, муҳаббатни ҳам худди шундай. Икки ёш, икки қалб бир- бирининг қалбини ардоғласа, бу муҳаббат бўлади. Энг муҳими, бир-бирининг дилини оғритмаса! Икки инсон бир- бирини тушунса, бу бахт бўлади. Бу мени формулам!
 
- Ҳаётда қандай принципларга эгасиз?
- Нима бўлса яхшиликка! Фақат олға! Ким мени дилимни оғритса ҳам, менга қандай яхши бўлса, сизларга ҳам худди шундай яхши деб юришни, одат қилганман!
 
2_19.jpg
- Нима деб ўйлайсиз, севишиб турмуш қурган яхшими, ёки совчи орқалими?
- Энди бу тақдир! Олдин мунажжимлар айтарди, “юлдузи юлдузига тўғри келсин” деб! 5 йил севишиб, бир ойда ҳам ажрашиб кетганлар бўлган. Умуман, бир-бирини кўрмай, тўй куни кўрганлар, бутун умр бахтли яшаб кетганлар бўлган. Бу энди, энг асосийси, юлдузи юлдузига тўғри келсин!
 
- Оила мустаҳкамлиги сири нимада деб ўйлайсиз?
- Эру хотин бир-бирини тушунишида!
 
- Ҳаётда энг катта ютуғим нимада, деб ўйлайсиз?
- Ҳар хил негатив нарсаларга, негатив воқеаларга, негатив гапларга эътибор бермай, ҳамма ёмонликни ҳам, танқидни ҳам фақат яхшиликка йўйиш! Яхшилик деб қабул қилиш! Бу ўзи ўта қийин нарса! Бу учун мияни қанча “перепрограммировать” қилиш керак! Лекин бу жуда ҳам фойдали!
 
- Келажакда она бўласиз... Ўзингизнинг онангиздан сизга ўтган қайси тарбия усулларини фарзандларингизга қўлламоқчисиз?
- Бизни ота ва онамиз ҳаммамизни шундай тарбия қилганки, ҳаммани оилада, ўзининг мени бор! Мана шу жиҳатларни болаларим тарбиясида ҳам қўллайман.
 
- Турмуш ўртоғингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингизга қанчалик маъқул бўлдилар? Қандай бўлди, улар билан биринчи танишувлар?
- Олдин сингилларим келганда, телефонда гаплашишди. Кейин сингилларим келганда, танишишди.
 
- Онангизга биринчи айтганингизда, улар нима дедилар?
- Онам битта гап: “қадрингга етиб хафа қилмаса бўлди” дедилар. “Мен ҳозир ҳеч нарса дея олмайман, уни вақт кўрсатади” дедилар. Лекин, онамларга маъқул бўлдилар.
 
foto-korsatuv_zuhra_soliyeva-33.jpg
- Аёл киши кучли бўлиши керакми нима деб ўйлайсиз?
- Аёл киши, эркак кишини олдида ўзининг кучлилигини кўрсатса, баъзи эркакларга чўчиш тушади, дейди-ку. Бу кучли ҳамма нарсани енга олади, дейишади. Аёл ўша ҳокисор, нозик, ҳимоясиздек бўлиб қолиши керак экан, эркак кишининг олдида! Аёл кишининг кучи, ўзида бўлиши керак экан! Уни эркак кишига кўрсатиш керак эмас экан. Бўлмаса, эркак киши ҳам, “бу кучли-ку” деб қадрига етмаслиги ҳам мумкин экан.
 
- Тақдирга қанчалик ишонасиз?
- Тақдирга 100 фоиз ишонаман.
 
- Кечаги Зуҳра Солиева билан бугунги Зуҳра Солиева қандай фарқ қилади деб ўйлайсиз?
- Ҳозирча ҳеч қандай, ўша Зуҳра Солиеваман. (кулади) Йўқ ўзгармадим (кулади). Озгина шўхлигим бор, лекин буларни олдингидан озгина камайтирдим. Баъзида турмуш ўртоғим ҳам зерикадилар. Битта кулиб беринг, битта комедик қилиб рақсга тушиб беринг, дейдилар. Кейин иккаламиз ҳазил ҳузул билан рақсга тушамиз (самимий кулади).
 
- Театрга қайтиш ниятингиз борми?
- Ҳа, ниятим бор. Театрга қайтаман! Мен театрни соғинганман! Мен ахир театр актрисасиман, саҳнани соғиндим.
 
- Театрдан кетишингиз сабаби?
- Битта нарсани айтаман, театрдан ўзимнинг ҳоҳишим билан кетганим йўқ. Кетганимни, кетказганларини, мен билмай қолганман.
 
- Ўзингиз ҳаётда қанақа фильмлар кўришни яхши кўрасиз?
- Ҳар хил жанрдаги фильмлар кўришни яхши кўраман. Яхши кино бўлса, яхши актёрлар ансамбллари бўлса, албатта ўша фильмни кўраман.
 
- Кейинчалик сиз ҳам режиссёр бўлишингиз мумкинми?
- Ҳа, мумкин. (кулади) Ҳаракат йўқ. Лекин, қанақадир ният бор. Тажриба оширгандан кейин, албатта. Яхши сценарий бўлса, дейман. Баъзи сценарийлар бор, ўзингдан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Ўзингдан бошқа инсон уни ололмайди. Ўша нарсалар келса, балки фильм ҳам суратга олишим мумкин.
 
- Холангиз Саида Раметова, тўйингизда иштирок этмагани ҳақида гап-сўзлар тарқалди?
- Тўйим тез бўлиб қолди. Бундан ташқари, ҳаммани “сезон” пайти эди. Ҳамма совуқ тушмасидан, съёмка қилиб олайлик, ёғиргарчиликкача улгурайлик” деган пайтлар эди. Шунинг учун ҳам кўплар, тўйимга кела олмадилар. Саида опам ҳам, бораман, деб телефон қилгандилар. Энди бизларнинг касбимизни биласиз, ўша соатнинг ўзида, бир нима чиқиши мумкин. Ўзимизнинг режаларимиз ўзимизга бўйсунмайди. Шунинг учун, мен ҳеч қачон режа қилмайман. Чунки, ёлғончи бўлиб қоласиз. Атайин режа қилиб, баъзида “келмади”га чиқиб қоласиз. Мисол учун, эртага олинадиган нарсани, “ҳозир суратга олайлик, интернетда ўқидик, эртага ҳаво мана бундай бўлар экан” деб қолишади. Худди шундай келаман, деган жойларида, ишлари чиқиб кела олмай қолганлар. Балки, келмаганларини эшитган одамлар, балки атайдан келмабди, деб қабул қилгандирлар? Шундан шундай фикрлар чиққандир? Лекин, ишлари чиқиб қолмаганида, албатта келган бўлардилар.
 
- Ўртангиздаги муносабатларга ҳам, ҳамма ҳар хил фикр билдиради. Шунга ҳам ойдинлик киритиб ўтиб кетсак?
- Ўртамиздаги муносабатга, тўғри театрда озгина совуқчилик тушганди. Лекин, битта нарсани биламан, совуқчилик тушуришди.  “Деди-деди” ёмон нарса. Масалан, сиз мени 10 йил билинг-да, мен ҳақимда сизга келиб, миллионта одам, “мана бунақа экан” дейишса! Сўраганлар бор, сўрамаганлар бор. Ишонганлар бор, ишонмаганлар бор. Мисол учун, менда шундай бўлса, охиригача эшитишим мумкин. Таҳлил қилиб, барибир ўз фикримда қоламан. Ўша 50 та одам келиб, Зуҳра опам ундай деди, Зуҳра опам бундай деди, дегандан кейин, Саида опам ҳам ишонганларини билмай қолдилар. Лекин, бир оғиз, “нега бундай” деб, ўзимдан сўрамадилар. Кейин сўрагандилар, “айтинг, чақиринг ўша одамларни” деганимда, чақирмадилар. Шунинг учун, совуқчилик, ўша “деди-деди”дан бўлди, ҳаммаси тилдан дейди-ку. Ёшлик қилиб, мендан ҳам айб ўтгандир, узримни сўрадим! Одамда шундай ҳам бўлади, билиб-билмас гапириб қўяди. Жаҳл келганда, ақл кетади. Лекин, мен ҳеч қачон Саида опамни ёмон демаганман, ёмон гапирмаганман! Қандай ёмон дейман, ахир ўзимнинг жигарим бўлса! Ўзимга минус бўлади-ку! (самимий) Яхшими, ёмонми, ўшаларнинг ортидан Тошкентга келганман. Уларнинг этакларидан ушлаб, олийгоҳни тугатганман. “Ўзи холасининг ортидан келиб, энди ўзи холасини ёмонлаб юрибди” деган номни, ўзимга ўзим ортираман-ку! Мени бу нарсага ақлим етади! Битта гапни, ҳар хил талқин қилиш мумкин. Мен ўша 3 йил олдин Саида опам ҳақида айтган гапларимни, 3 йил олдин, ёмон ниятда айтган бўлсам, ўша 3 йил ўтиб етказганлар, шунчалик Саида опамга меҳрибон бўлсалар, нега 3 йил олдин бориб, ўша пайтда “сизни Зуҳра опа мана бундай дедилар”, дейишмаган? 3 йилдан сўнг, мени эл таниганидан кейин, мен кимгадир халақит берганимдан сўнг, “3 йил олдин шундай деган, энди шу гаплар бизларга қўл келади, айтамиз” деган нарса бўлган. Мен у гапни 3 йил олдин айтган бўлган эканман. Нега, ўзларига қулай фурсатни пойлаб келишган? 3 йил олдинги оддий, самимий гапларимни бутунлай бошқача талқин қилиб, етказишган. Менинг айбим, аслида одам танлай олмаганим бўлган! Энди-энди одам танлайдиган бўлганман. Мен доим, ўзим қандай бўлсам, ҳаммани шундай деб билганман. Мен агар уларнинг уйларидаги гапларни айтадиган бўлсам, яшаб туриб ҳам айтишим мумкин эди-ку, шундай одатим бўлса, нега олдин шундай қилмадим? Агар ҳар хил гапларни гапириб юрган бўлсам, ўша пайтда ҳам эшитишлари мумкин эди-ку. Мен шунчаки кимгадир халақит бердим, холос. Майли, ҳамма нарсага вақт ҳакам. Нима бўлса ҳам, энг асосийси ўзлигимизни йўқотмайлик. Ўзимизни фикримизда турайлик. Инсон ҳаётда қандай касбда, қандай вазиятда, қандай жиҳатда бўлишидан қаътий назар, ўзининг менини яхши англасагина, мана шундай гапларга кирмайди. Гап тарқатадиганларни ҳам уларга кучи етмайди.
 
- Ҳаётда сизни нима кўпроқ қувонтиради?                    
- Танилиш бошқа, яхши кўрилиб, танилиш бошқа экан. Мен ўзимни янада бахтли ҳис қиламан. Чунки, мени халқ яхши кўриб танир экан! Худди ўзини минг йиллик қариндошидек танишади. Шу бахтга муяссар бўлганимдан хурсандман! Шу нарса мени жуда қувонтиради. Шу фурсатдан фойдаланиб, қўлимни кўксимга қўйиб, ҳамма мени яхши кўриб таниганлар, яхши кўриб томоша қилганлар, яхши кўриб мухлисим бўлганларга, ҳамма-ҳамма мухлисларимга, ўз миннатдорчилигимни билдираман! Уларга катта раҳматимни айтаман. Энг битмас туганмас, ҳеч қайси бойликка сотилмайдиган бойлик, соғлиқ тилаб қоламан.

Саида Вахобова

ИНТЕРВЬЮ "ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН

foto-korsatuv_zuhra_soliyeva-34.jpg

1_25.jpg