OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

КОНЦЕРТЛАР!

IKEU5511

GATF7772

NAMP9115

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

РАЙХОН "ЮБИЛЕЙ КОНЦЕРТИ" ОЛДИДАН 14.04.2012 10:37

rayhonintervyu11_resize.jpg Хонанда Райҳоннинг бу йилги февраль ойидаги концерти кунлари, бироз сурилди. Бу эса, кундуз куни, беғубор осмонда чаққан чақмоқ каби, ҳаммани ҳайрон қолдирди ва ҳар хил гап-сўзларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.

Барчасига ойдинлик киритиш ва тўлиқ интервью учун, хонанда Райҳон ва унинг админстратори Фатхиддин ака Мусаев билан "Studio"кафесида учрашиб, суҳбатлашдим. Райҳон ҳамма саволларга самимийлик билан жавоб қайтарди. Уни маданиятли, камтар ва самимий инсонлигига яна бир бор амин бўлдим.

 

  rayhonintervyu2_resize.jpg

 

Саида Вахобова: - Ҳозирги кунда энг кўп тилга олинаётган хабар, яъни бу йил концертингиз ҳар доимгидек 14 февраль санасида эмас, балки бошқа кунларга кўчганлиги яъни, 19,20,21 февраль кунлари бўлиб ўтиши маълум бўлди. Бунга сабаб нимада?

Райҳон: - Бу ўнинчи концерт, "Юбилей" концертим ва бу жуда катта тайёргарлик талаб қилади. Томошабинлар ҳам қандайдир ўзгача янгиликлар кутишяпти. Буни ҳисобга олган ҳолда, мен мухлисларимга, ҳар галги концертларимдан кўра ортиқроқ, янгича руҳдаги, ҳақиқий "юбилей" концертимни тақдим қилмоқчиман! Шунинг учун, тайёргарлик ишларига бироз улгура олмаётганлигимиз туфайли, концерт кунларида ўзгариш юз берди.

 

Саида Вахобова: - Бу йилги "юбилей" концертингизда мухлислар учун қандай янгиликлар бўлади? Жонли ижро, янги қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва либослар борасида ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз?

 

  rayhonintervyu9_resize.jpg


Райҳон: - (жилмайиб) Биласизми, буларнинг ҳаммаси ҳозирча сир бўлиб қолишини ҳоҳлайман! Мухлисларим учун, ҳақиқий "юбилей" концертимни тақдим қилмоқчиман ва шуни айтишим мумкинки, унда янгиликлар ва "сюрпризлар" кўп!

 

Саида Вахобова: - Сизни негадир кўплар, костюмлар борасида Майкл Жексонга тақлид қилади деб айблашади? Масалан, ўтган йилги концерт дастурингиздаги либосларингиз борасида ҳам?

Райҳон: - (самимий) Биринчидан, мен кўча-куйдаги ҳамма гап-сўзларга жавоб бера олмайман. Иккинчидан, менга унинг ижоди ёқади, лекин мен унга айнан тақлид қилмайман! Костюмлар масаласида ҳам, бу ҳатто мумкин эмас, деб ўйлайман. Чунки, у эркак киши-ку, мен эса аёлман. Агар, костюмларимдаги "эполет"лар ни айтишаётган бўлишса, улар жуда урф бўлган холос. Ўтган йилги концертим костюмларини олсак, ўтган йили "эполет"лар урф бўлганди. "Эполет"лардан, дунёнинг машҳур дизайнер-модельерлари ҳам фойдаланишган, ёки сиз ўша машҳур дизайнер-модельерлар ҳам Майкл Жексонга тақлид қилишган десангиз, (жилмайиб) унда мен розиман. Ўша дизайнерларни номларини санаб ҳам беришим мумкин, дизайнер Пьер Бальман (Pierre Balmain), араб дизайнерлари Зуҳаир Мурад (Zuhair Murad), Эль Сааб (Elie Saab)! Уларнинг коллекцияларини бемалол интернетдан топиш мумкин, уларнинг коллекцияларини кўрсангиз, ҳаммасини ўзингиз тушуниб оласиз.

 

Саида Вахобова: - Концертингиз ёки клипларингиз учун, либослар борасида янги ғояларни ҳам интернетдан оласизми ёки, ҳаётдан? Ёки ўзингиз ўйлаб топасизми?

Райҳон: - Биринчи навбатда, албатта янги йўналиш ва фикрларни кўриб чиқаман, ўз либосларимда, мода оламида урф бўлган ҳамма янгиликларни акс эттиришга ҳаракат қиламан. Чунки, ижодимни кузатаётган кўплаб ёш қизлар, мени либосларимни ҳам кузатишади. Кўпинча, баъзи жойларга борганимда, ўз либосларимни нусхасини кийган ёш қизларни кўраман. Кийган либосларим кўпларга маъқул бўлаётганини ва шундай либослар кийишга ҳаракат қилаётганларини кўриш, албатта ёқимли. Шунинг учун ҳам, шунга муносиб даражада, бироз менталитетимизни ҳам ҳисобга олган ҳолда, либослар танлайман. Албатта, либослар жуда ҳам очиқ бўлмаслиги керак, деб ўйлайман, масалан ҳатто, балет саҳнасида ҳам, ҳаммаси рисоладагидек бўлишига ҳаракат қиламан. Албатта, либосларга ўзим қўшимчалар киритаман, мени ўз услубим бор, уни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан, либосларимда ҳам, қўшиқларимда ҳам! 

 

rayhonintervyu7_resize.jpg

 

Саида Вахобова: - "Rayhon studio" номли ўқув маркази очдингиз. У ерда ёшлар таҳсил олишмоқда. Сиз ўзингиз ҳам шогирд олишингиз мумкинми?

Райҳон: - Йўқ, менимча. Билмадим. Ҳозирда менга бир ижрочи, у билан ишлаш борасида мурожаат қилди, мен ҳозир бу ҳақида ўйлаб кўришим керак. Балки, уриниб кўрарман? Шунчаки, мен бу ишни ҳеч қачон қилиб кўрмаганман, балки шунга бироз қўрқинчли туюлаётгандир...

 

Саида Вахобова: - "Кечир" фильмида суратга тушганингиздан сўнг, негадир бошқа фильмларда суратга тушишни давом эттирмадингиз?

Райҳон: - Гап шундаки, менга жуда катта масъулият юкланган эди. Мен у фильмда, фақат актриса эмасдим, у ерда продюсер эдим, маблағ масаласида ҳам жавобгар эдим. Менинг вазифаларим кўп эди ва буларнинг ҳаммасини умумлаштириш жуда ҳам қийин бўлди! Шунинг учунми, менда "кинодаги фаолият жуда ҳам қийин" деган фикр уйғонди. Лекин, менга бундан кейин ҳам, кинода суратга тушишга жуда ҳам кўплаб таклифлар бўлди ва бўлиб келмоқда. Мана яқинда, "Нега энди?" қўшиғимизга клип суратга олдик ва бу клип худди мини-фильмдек бўлди. Шундан кейин, менга "балки яна кинога қайтиб, ишлаб кўрарман" деган фикр келди.

 

Саида Вахобова: - Унда сиз ўз актрисалик маҳоратингизни қай тарзда, ривожлантирмоқчисиз? Дарс олмоқчимисиз, ёки ўзингиз китоблар ўқибми?

Райҳон: - Менимча, авваламбор тажриба муҳим деб ўйлайман. Кейин, албатта туғма қобилият. Қобилият бу - бор бўлса, бор, бўлмаса йўқ. Лекин, мен фильмда суратга тушганимда, доим актёрлардан "тўғри бажаряпманми, тўғри қилдимми?" деб сўрайман. Масалан, актёрлар Борис Ғофуровдан, Нозим Тўлахўжаевдан бирга ишлаш жараёнларида, "тўғри ижро қилдимми?" деб сўраганман. Улар доим менга роль ижро қилиш борасида, ўзларининг керакли маслаҳатларини беришган ва бу маслаҳатлардан фойдаланганман.

 

rayhonintervyu3_resize.jpg

 

 

Саида Вахобова: - Қўшиқларингизда севгига ишонч бор. Ўзингиз-чи, ҳаётда севгига ишонасизми?

Райҳон: - Мен ҳамма нарса худодан деб ўйлайман. Биласизми, тақдирда ҳаммаси қандай ёзилган бўлса, шундай бўлмайди, менимча. Биз ўзимиз, тақдиримизни яратамиз, ўзгартирамиз, чунки биз хатолар қилганимизда, худо бизни жазолайди, яхши бўлсак, тўғри ишлар қилсак, ҳаммаси яхши бўлади. Кўп нарса ўзимизга ҳам боғлиқ, назаримда. Ҳар қандай вазиятда ҳам, мен олдинда фақат яхшилик кутаётганига ишонаман.

 

Саида Вахобова: - Ҳозиргина хатолар ҳақида гапирдингиз, ўйлаб кўрганмисиз, ўзингиз ҳам ҳаёт давомида, хатолар қилганмисиз?

Райҳон: - Албатта, мен бу ҳақида кўп ўйлайман. Қачон, бирор ишим кўнгилдагидек бўлмаса, нимадир ўхшамаса, дарров (жилмайиб) плёнкани орқага қайтариб, "нимада хато қилдим, нима учун менда бундай муаммо юз берди?"  деб ўйлайман! Мени фикримча, идеал инсонлар йўқ! Биз инсонлармиз, ҳаммамиз хато қиламиз.

 

Саида Вахобова: - Унда ҳаётингизда муҳаббатнинг ўрни қандай?

Райҳон: - Менимча, муҳаббат бу бутун борлиқ, ҳамма нарса. Агар муҳаббат бўлмаганида, биз ҳамон тош асрида яшаётган бўлардик. Шундай нақл бор: "Дунёни муҳаббат қутқаради". Мен бу фикрга бутунлай қўшиламан, фақат муҳаббат дунёни қутқариши мумкин. Ватанга муҳаббат, ота-онага бўлган меҳру муҳаббат! Башоратгўй Ванга, "барибир қиёмат бўлади, дунё тугайди, аммо бу қачон бўлишини билмайман" деган экан. Шунда унга, "буни қандай олдини олиш мумкин?" дейишганда, у "агар сиз меҳрибон инсон бўлиб, бир-бирларингизга ҳасад қилмасангиз, қалбингизда муҳаббат яшаса, сиз бунинг олдини олишингиз мумкин" деган экан. Бундан хулоса қилиш мумкинки, чиндан ҳам меҳру муҳаббат, дунёни қутқаради. 

 

Саида Вахобова: - Сизнинг ижодингизда-чи, муҳаббат ёрдам берадими?

Райҳон: - Менимча, муҳаббатсиз умуман яшаш мумкин эмас! (ўйланиб) Биринчи навбатда мен, ўз касбимга меҳр қўйганман, ўз ишимни жуда ҳам яхши кўраман! (кулиб) Менимча, менга касбимга бўлган муҳаббатим ёрдам беради. Мен ҳеч нарсага қарамай, ишлайман. Мен ўз мухлисларимни яхши кўраман ва бу жуда ҳам катта масъулият эканлигини биламан. Мен ижод қилганимда, нимадир яратганимда, доим улар ҳақида ўйлайман. Уларнинг бунга муносабати қандай бўлади, уларга ёқадими йўқми? Бу мен учун ҳамиша қизиқ. (меҳр билан жилмайиб) Мени фан-клубим бор, улар жуда ҳам ашаддий мухлисларим! Фан-клубим раҳбари билан биз ҳар куни интернет орқали суҳбатлашамиз. Мен доим сўраб бораман, "ижод намунам мухлисларга ёқяптими? Қай тарафи ёқдию, қай тарафи ёқмади? Улар нима дейишди?" Менинг web-сайтим ҳам бор, "Rayhon.uz", ушбу сайтни "меҳмонлар китобчаси" да ҳам, мухлислар ўз фикрларини, тилакларини ёзиб қолдиришади. Уларнинг фикрлари мен учун жуда муҳим ва шунинг учун ҳам, мен буни ҳар доим ҳисобга олишга ҳаракат қиламан.

 

rayhonintervyu5_resize.jpg

 

Саида Вахобова: - Фан-клубингиз ҳақида гапирдингиз. Сиз ҳам баъзи хонандалар каби, ўз фан-клубингиз аъзолари билан шахсан учрашиб турасизми? Турли учрашувлар ўтказасизларми?

Райҳон: - Биласизми, афсуски, фан-клубимнинг кўпчилик аъзолари турли шаҳарларда ва вилоятларда яшашади. Учрашув ўтказсак, баъзилари келиш имкониятига эга эмаслар.  Шунинг учун ҳам, биз улар билан интернет орқали доим алоқадамиз. Мунтазам равишда чат уюштирамиз ва улар бемалол ўзларини қизиқтирган ҳамма саволларни берадилар.

 

 

rayhonintervyu1_resize.jpg

 

Саида Вахобова: - Сиз ўзингиз жуда ҳам машҳур санъаткорсиз. Лекин, негадир клипларингизда ҳам, кўпинча машҳурларни кўрамиз. Масалан, Алишер Узоқов, Бобур Йўлдошев ва бошқалар... Клипларингизда машҳур бўлмаган ёш санъаткорларни суратга олиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

Райҳон: - Биз клипга одатда, ўзимизни яқин дўстларимизни таклиф қиламиз. Бу мен учун осон, негаки мен ўзим профессионал актриса эмасман. Яхши дўстларни таклиф қилганимиз учун, тўғриси уларни машҳурлиги ҳақида, машҳур бўлмаганларни таклиф қилиш ҳақида, ҳечам ўйлаб кўрмаган эканман. Дўстларим билан дўстона муносабатдаман ва клипларимга таклиф қилганимнинг сабаби ҳам шу.

 

Саида Вахобова: - Иш жараёнида, ишлаётганингизда сиз учун энг ёқимли ҳолат? Ўз ишингиздан қониқасизми?

Райҳон: - Дейлик, яратилаётган мусиқа омадли чиқса, бирор қўшиғим муваффақиятли чиқса! (ўйланиб) Кейин, менда баъзида шундай бўлади, аввал клип ғояси келади, кейин шу клип ғоясидан мусиқа яратаман! (жилмайиб) Аслида, аксинча бўлиши керак, тўғрими? Лекин, менда шундай бўлади. Баъзида шундай бир зўр, ёрқин ғоя келади! Шунда қувониб кетаман ва мен шу ғояни амалга ошириш иштиёқида ёнаман, токи уни амалга оширмагунимча тинчимайман! Ишлайвераман, ишлайвераман, ишлайвераман! Лекин, одатда ҳаммасини тугатганимда, ҳамма нарса ҳам ёқавермайди! Бир хиллари, ёқмайди.

 

Саида Вахобова: - Ўзингизни ижодингиз ҳақида, ўзингиз қандай фикрдасиз?

Райҳон: -  (самимий) Билмадим. Чунки, мен доим бу ҳақида, "Бу ёқдими? Бу яхшими?" деб бошқалардан сўрайман. Бу тарафлама, ўзимга ишончим бўлмаса керак. Навбатдаги қўшиғим яхшими, ёмонми? Балки, яхшидир, лекин инсонларга ёқадими, йўқми? Билолмайман, иккилана бошлайман ва кўплаб қўшиқларни ташлаб ҳам юборамиз. Одатда, шундай иккилана бошлаганимда, яқинларим фикри билан қизиқаман. Агар кўпчилик "унчалик яхши қўшиқ эмас" дейишса, бу қўшиқни куйламайман.

 

Саида Вахобова: - Демак, яқинларингиз фикри сиз учун муҳим аҳамиятга эга?

Райҳон: - Ҳа!

 

Саида Вахобова: - Оилангизда ким лидер? Сизми? Онангизми?

Райҳон: - (кулиб) Менимча, биз тенг ҳуқуқли партнёрлар бўлсак, керак. Лекин, албатта, онамнинг сўзлари сўз! Аммо, менинг ҳам оилада вазифаларим кўплиги учун бўлса керак, онам ҳам, мустақил инсон сифатида, менинг фикрларимни ҳам эшитадилар. Лекин, агар тарозига қўйиб кўрсак, албатта ҳал қилувчи сўзни онам айтадилар.

 

Саида Вахобова: - Сиз ўзингизни қандай она бўламан деб ўйлайсиз?

Райҳон: - Биласизми, мен синглимни ўзим тарбиялашимга тўғри келган ва етарли даражада қаттиққўлман. Мен албатта, синглимни жуда яхши кўраман ва эркалатаман. Лекин, бошқа тарафлама жуда қаттиққўлман. (кулиб) Уйда рухсатсиз телевизор ҳам қўйилмайди.

 

Саида Вахобова: - Синглингиз ҳам сизнинг соҳангизни давом эттириши мумкинми? Масалан, хонанда ёки актриса сифатида?

Райҳон: - Йўқ, мен буни ҳоҳламаган бўлардим. Унинг ўзи ҳам буни ҳоҳламайди. У рассом бўлмоқчи эди. Лекин, мен уни бу фикридан қайтардим. У жуда ҳам яхши расм чизарди. Энди эса ўзим, уни фикридан қайтарганимга афсусланяпман. Чунки, унда расм чизишга жуда ҳам кучли қобилият бор эди. Мен унга, "рассомлик билан бутунлай шуғулланиш шартмас, буни хобби сифатида қолдиргин" десам, у бутунлай расм чизишни ташлаб юборди ва бошқа қайси касбни танлашни бироз била олмай қолди. Ҳозир у лицейда ўқияпти, тайёрланяпти, биз ҳам албатта уни институтга ўқишга киришини, олий маълумот олишини истаймиз. Лекин, қайси институтга ўқишга киришини ҳали, аниқ танлагани йўқ.

 

Саида Вахобова: - Кўпинча шоубизнес соҳаси вакиллари, ўз яқинларини ҳам бу соҳада фаолият юритишини, бу соҳани танлашини ҳоҳламайдилар. Мана сиз ҳам, синглингизни бу соҳани танлашини ҳоҳламас экансиз. Нима учун шундай? 

Райҳон: - Чунки, бу жуда ҳам қийин ва асабий иш! Эркаклар учун бу нормалдир, лекин, қизлар учун, (кулиб) баъзида кечгача ишда қолишингизга тўғри келади, гастролларга борилади. (жиддий) Мен синглимни бирор ёққа юбоишни тасаввур ҳам қила олмайман! (кулиб) Бу ҳечам мумкин эмас! Бу эркаклар иши тушуняпсизми? Агар бу ишларни қилмасанг, тамом. Бизни ишимиз велосипедга ўхшайди, педални айлантириб турсанг, юрасан, кетаверасан, агар тўхтасанг, йиқилиб тушасан.

 

Саида Вахобова: - Бу йил кутилмаганда сочларингиз рангини ўзгартирдингиз. Албатта, ўзингизга ярашган деб айтиш мумкин. Қора сочлардан чарчадингизми?

Райҳон: - (кулиб) Чунки, мен жуда кўп хатлар олдим. Мендан, нимага бунча узоқ вақт битта образда эканимни, ўзгармаслигимни сабабини сўрашди. Шундан сўнг, мен ўзгаришимни шунчалик кутишаётган экан, ўзгараман деган қарорга келдим. Ахир биз ўз мухлисларимиз учун ишлаймиз-ку, улар буни сўрашаётган экан, қисман бўлса ҳам инобатга олишимиз керак, назаримда.

 

Саида Вахобова: - Агар мухлисларингиз сиздан бошқа нарсаларни ҳам сўрашса-чи?

Райҳон: - Албатта, мен буни ўз имкониятларим ва ҳоҳишларимдан келиб чиқиб, ўйлаб кўраман. Улар менга соч бўяшимни айтишгани йўқ. Улар ниманидир ўзгартиришимни, нимадир янгилик сўрашди. Нима учун йўқ, дейиш керак деб, ўйладим.

 

Саида Вахобова: - Ўзингизга сочларингизни қайси ранги кўпроқ ёқди, аввалги қора рангми ёки ҳозиргиси?

Райҳон: - (кулиб) Албатта ҳозирги ранги!

 

rayhonintervyu6_resize.jpg

 

Саида Вахобова: - "Ахир" қўшиғига ишланган клип билан баъзи муаммолар юз берганини эшитдик. Бу клипнинг тақдири нима бўлди?

Райҳон: - Ҳозир бу клип устида иш олиб боряпмиз. Менга "бу клип қайта тикланадими йўқми, бир ойда аниқ айтамиз" дейишди, кутяпман.

 

Саида Вахобова: - Баъзилар бу клипдаги образингиздан ва клипдан қониқмаганингизни айтишди. Клип билан боғлиқ ҳодисани эса, "шунчаки клип ёқмаганлиги учун қилинган, клипни янада мукаммаллаштириш учун вақтнинг ушлаб турилиши" дейишяпти. Чиндан ҳам шундай эмасми? 

Райҳон: - (ҳайрон бўлиб) Йўқ, албатта. Мени фақат бир нарса қониқтирмади, биз ҳамма ғояларни, клипда тўлиқ амалга ошира олмадик, шунинг учун бўлса, жуда ҳам асабийлашдим. Клипнинг ўзи жуда ҳам мураккаб, суратга олиш ҳам қийин бўлди. Лекин, мен клипни тайёр бўлишини ва намойиш этилишини жуда ҳам ҳоҳлаганман, барибир бу клипни тайёрлаб тақдим қилиш ниятидаман! Бу клипда мен тарихий ўзбекона костюмларда чиққанман. Тўмарис образини танлаганман! Қўшиқда эса, шундай сўзлар бор: "ҳар биримизда оқ ва қора тарафлар бор, буни ҳоҳлаймизми йўқми, лекин, биз учун энг муҳими ўзимиздаги оқликни тўплаш ва қоралик устидан ғолиб чиқиш"... Менимча, бу, ҳаётдаги мақсадимиз бўлиши керак, мен буни клипда ва қўшиқда кўрсатмоқчи бўлдим.

 

Саида Вахобова: - Сизни "хонанда Сардор Раҳимхон билан уришиб қолди" деган гаплар тарқалди. Албатта, булар шунчаки миш-миш эканидан хабардормиз. Сиз ҳозирда хонанда Сардор Раҳимхон билан биргаликда студияда қўшиқ ҳам ёзяпсизлар. Нима деб ўйлайсиз, бундай гап-сўзлар қаердан келиб чиқди?  Ёки бу махсус пиармиди?

Райҳон: - (кулиб, ўйланиб) Билмадим. Бу махсус пиар эмас, албатта. Ҳеч ким атайлаб, бунақа пиар қилмайди. Кўпчиликка, қандайдир шунақа гапларни гапириш қизиқ туюлади, назаримда. Бундай нарса бўлмаса ҳам, улар ўйлаб топишни бошлайдилар, ўйлаб топадилар.

 

Саида Вахобова: - Вақт ўтиб бориши билан сизнинг танқидга муносабатингиз?

Райҳон: - (ўйланиб) Мен доим танқидга қулоқ соламан, агар беғараз ва чин, ҳаққоний танқид бўлса, албатта. Агар, шунчаки ҳасаддан танқид қилишса, ёки шунчаки ҳаётдан норози, ғаразли инсонлар танқид қилишса, аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан, аҳамият бермайман. Лекин, тўғри, холис танқидга кўпинча қулоқ соламан, чунки мени мухлисларим менга "Мусиқаларингиз қандайдир тез, шиддатли бўлиб қолди. Нима учун сокин қўшиқлар айтмаяпсиз?" дейишганда, (кулиб) дарҳол сокин қўшиқлар яратиш устида ишлай бошлаганмиз. Мен, бекорга гапиришмаяпти, деб ўйлаганман. Ҳақиқий мухлисларим фикрига доим қулоқ соламан.

 

Саида Вахобова: - Ёдингиздами, муваффақият йўлингиз нимадан бошланган эди?

Райҳон: - (ўйланиб, жилмайиб) Менимча, менга омад кулиб боққан деб ўйлайман. Биринчи қўшиғимданоқ, муваффақият сари қадам қўйдим. Ўзи айтишади-ку, агар ниманидир чин дилдан орзу қилиб, ҳоҳласанг, бутун коинот сенга орзуйингга эришишга ёрдам беради. Ростдан ҳам, саҳнага чиқишни жуда ҳам ҳоҳлагандим. Ҳаммаси шундай бошланган, мен машҳур эмасдим, фақатгина кино оламида, онам тарафлама танишарди. Чунки, менинг онам актриса, мен шунчаки ота-онамни қизи эдим. Ҳеч ким мени қўшиқ куйлайди деб ўйлашмаганди! Бир сафар менга Фаррух Каримович Зокировнинг айтган гаплари ҳам ёдимда. Улар "ойинг менга, қизим қўшиқ куйлашни ҳоҳлайди, куйламоқчи, деганида, яхши, шу 2 йилча куйласа керак, кейин бўлди, дегандим. Бундай бўлишини билмагандим" деб айтган эдилар... 2000 йилда "Тоҳир ва Зуҳра" мусиқали фильмининг янги талқини суратга олинаётган вақтлар, ўша пайтда мени ўз қўшиқларим бор эди, албатта. Лекин ҳали танилиб улгурмаган эдим. Нигора опа ва Мадина Мўминова "яхши қиз экан, шу қизни ролга оламиз" деб, ўша фильмга таклиф қилишди. Чунки, улар суратга олишни бошлашлари керак бўлиб, бир қўшиқчи қиз бўлса, бу ролга рад жавобини берган экан. Менга "фильмда суратга тушишни ҳоҳлайсанми?" дейишди, мен "ҳа, ҳоҳлайман" дедим ва шу фильм экранларга чиқиши билан, премьеранинг эртасигаёқ, кўчада кетаётсам, ортимдан менинг қўшиғимни сўзларини айтиб, куйлай бошлашган. Бу "Азоблайсан" қўшиғи эди.

 

Саида Вахобова: - Нима деб ўйлайсиз, муваффақият учун энг муҳими нима?

Райҳон: - Бу шундай бир қийин нарса-ки... билмадим, баъзида шундай зўр овозга эга инсонларни кўрасан, негадир улар машҳур бўла олмаган. Менимча, албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам, қобилият бўлиши керак, ишга лаёқат ва албатта, омад!

 

Саида Вахобова: - Шоу концерт ўтказганда, жонли ижро қилиш қийин албатта. Ўтган йилги концертингизда бир неча қўшиқларни жонли ижрода куйладингиз. Келажакда, бошдан охиригача бутунлай жонли ижрода, концерт беришингиз мумкинми?

Райҳон: - Ҳа, худо ҳоҳласа.

 

Саида Вахобова: - Ҳаётингизда ички интуиция қандай роль ўйнайди?

Райҳон: - (кулиб) Ҳар доим ҳам тўғри келавермайди! Баъзида, мана бу қўшиқ аниқ хит бўлади, деб ўйлайсан, клип суратга оласан, телеканалларда айлантирасан, лекин ҳеч кимга ёқмайди. Масалан, "Нега?", "Доимо" қўшиқларим, улар менга жуда ҳам ёққан қўшиқлар эди. Мен, "мусиқаси ҳам муваффақиятли, аранжеровкаси зўр, яхши қўшиқ" дегандим. Лекин, негадир одамларга ёқмади. Аммо, баъзи қўшиқлар, масалан, "Орзуйингга ишон" қўшиғини ташлаб юбормоқчи бўлганман! Лекин, админстраторим Фатхиддин акага раҳмат, улар: "Тўхта, бундай қилма, қўшиқ қандайдир бошқача, кел, уриниб кўрайлик" деганлар. Мен эса, "Қўшиқ яхши эмас, уни ташлаб юбориш керак, бу қўшиқ ҳеч кимга ёқмайди" деб, фикримда туриб олганман. Лекин, кутилмаганда, бир уринишнинг ўзидаёқ қўшиқ хитга айланди! Кўрдингизми, (кулиб) баъзида интуиция нотўғри ишлайди!

 

Саида Вахобова: - Ижодда, клип ва концертларда, нима қилишни ёки қандай кийинишни истамайсиз? Ёки қандайдир бир ҳаракатларни бажаришни? Ўзингизга ўзингиз қандай чекловлар қўйгансиз ва бунга риоя қиласиз?

Райҳон: - Агар иш учун керак бўлса, ҳамма ишни қила оламан, чунки, томошабинни ҳайратда қолдиришни ҳоҳлайман. Ҳайратда қолдириш учун эса, таваккал қилишга, қандайдир қурбонликлар беришга ҳам тўғри келади. Лекин, барибир мен қандайдир ўта очиқ либослар кия олмайман! Кейин яна, (ўйланиб) қандайдир туйғулар кўрсатиладиган, севги саҳналарини ўйнай олмайман! Масалан, Алишер Узоқов билан суратга тушган клипимизда ҳам, режиссёр "севги-муҳаббатни кўрсатинглар" деди. Мен, ҳечам севгини кўрсата олмадим. Алишер Узоқов дўстим бўлса, қандай қилиб у билан севгини кўрсатишим мумкин (кулади) . . . Шунда мен "келинглар, уни қувноқ, меҳрибон қилиб кўрсатамиз, лекин, қандайдир севги лаҳзаларисиз" дедим.

 

rayhonintervyu21.jpg

 

Саида Вахобова: - Ижод учун ниманидир қурбон берганмисиз?

Райҳон: - Менимча, (ўйланиб) шахсий ҳаёт тарафлама, мени шахсий ҳаётга вақтим бўлмаса керак. Чунки, мен ҳамма вақт ижод билан машғулман. Ҳар доим, "майли, келгуси йил бу ҳақида ўйлаб кўраман, ҳозир вақтим йўқ" дейман. (кулиб) Яна келгуси йил... (кулиб) Шунча вақт ўтиб кетди.

 

Саида Вахобова: - Агар сизда мақола ёзиш имконияти бўлса, нима ҳақида ёзган бўлардингиз?

Райҳон: - Мен, инсонлар ўзларининг аслида кимликлари тўғрисида, ўйлаб кўришлари кераклиги ҳақида, мақола ёзган бўлардим. Чунки, ҳар бир одам ўзича, тўғри яшаяпман, деб ўйлайди. Лекин, ҳар доим ҳам бундай бўлмайди. Инсон ўтириб, ўйлаб кўриши керак, ким у ўзи? Тўғри яшаяптими? Шунчаки бир варақ қоғоз олиб, қанча яхши ва қанча ёмон иш қилганини ёзиб кўриши керак, назаримда. Ҳайрон қоламан, охирги пайтда инсонлар қандайдир бошқача қадриятлар билан яшай бошлашди, менимча. Моддийлик ҳамма нарсадан юқори бўлиб қолаётгандек. Инсонлар одамийликни, инсонийликни унутишяпти, одамийлик, инсонийлик йўқолиб боряпти, деб ўйлайман. Агар мен мақола ёзганимда, инсонларни аслида, ўзларининг кимликлари ҳақида, ўйлашга, фикрлашга мажбур қиладиган шундай бир нарса ёзган бўлардим. Қачон умри ниҳоясига етишини ҳеч ким билмайди, эртага нима бўлишини ҳам. Агар ҳар бир инсон эртакдаги каби, эзгу ишлар қилса, биз дунёни сақлаб қолишимиз мумкин, назаримда.

 

Саида Вахобова: - Агар Телевиденияда кўрсатув тайёрласангиз, қандай кўрсатув тайёрлаган бўлардингиз?

Райҳон: - Мен "Водий  садоси" радиосида, икки лойиҳа "Етти-кетти" хит-паради ва "Love Story" дастурини олиб бораман. Мен, шу «Love Story»ни ТВ экранга кўчиришни жуда ҳам ҳоҳлайман. Чунки, бу дастурда артистлар шунчалик очилиб, суҳбатлашишган-ки... Келганларида, "шахсий ҳаётдан савол берманг, буни сўраманг, уни сўраманг" дейишса ҳам, суҳбат давомида жуда ҳам самимий бўлишган. Ўйлашимча, бу инсонлар учун энг муҳими. Қандайдир ўзига бир образ яратиб олиб, ўзига ҳеч кимни яқинлаштирмай юриш керак эмас, менимча. Инсон ўз орзулари, ҳоҳишлари, хатолари, ҳиссиётлари билан, ҳаётийлиги учун ҳам инсон! Инсон ҳаётда очиқкўнгил ва самимий бўлгани яхши. Қандайдир муқовадаги образ эмас! Ундайларни кўнглида нима борлигини ҳам билиб бўлмайди. Менинг дастурим меҳмонлари эса, дилларидаги гапларни очиқ айта олишган, ўзларининг ички оламини кўрсата олганлар.

 

Саида Вахобова: - Сиз ўз радиодастурингизга қаҳрамонларни, одатда нимага асосланиб танлайсиз? Машҳурлигигами, ёки ўзингизни шу инсонлар қизиқтирганлари учунми? Ёки талаб ва таклифларга кўрами?

Райҳон: - (ўйланиб) Биз асосан, машҳурларни таклиф қиламиз. Нима учун? Менимча, улар билан суҳбат, уларнинг ўзи, уларнинг ҳаётда қандай эканликлари, бошқалар учун қизиқарли.

 

Саида Вахобова: - Радиодастурингизни қайси сони, энг эсда қоларли бўлган? Ўзингизга энг зерикарли туюлган сони-чи?

Райҳон: - Энг қизиқарли ўтган сонлари, клипмейкер Ёдгор Носиров, хонанда Улуғбек Раҳматуллаев, ҳамда "Уммон" гуруҳи билан! Энг зерикарли туюлганини эса, айтмайман! (кулиб юборади)

 

Саида Вахобова: - Дастур давомида қайсарлик қилиб, саволларга жавоб бергиси келмаган, кўнглидаги гапни айтмаган, ёки ёлғон гапирган машҳурлар ҳам бўлганми?

Райҳон: - Суҳбат давомида "очилгиси" келмаганлари бўлган, кўп гапиргилари келмаган, буни ҳатто тинглаётган мухлислар ҳам сезишган! Эфирга тингловчилар томонидан тўғридан-тўғри қўнғироқлар бўлган, ҳатто, ўша машҳурларга "Сиз ёлғон гапиряпсиз! Нимага ёлғон гапиряпсиз?" деб ёзишган ҳам. Биз бунга ҳайрон қолганмиз. Лекин, бу ҳолат қайси машҳурлар билан бўлганини айтмайман! (кулади) Бундан, инсон барибир максимал даражада самимий ва очиқкўнгил бўлиш кераклигини тушунганман. Чунки, алдасанг, бошқалар барибир сезиб, ҳис қилишлари, билишлари мумкин экан. Мен ўзим, имкони борича мухлисларим билан самимий бўлишга ҳаракат қиламан.

 

Саида Вахобова: - Сиз қачондир кўзгуга қараганингизда, ўзингизга ишончсизлик сезган вақтингиз ҳам бўладими?

Райҳон: - (самимий) Албатта! Кўпинча шундай бўлади. (кулиб) Чунки, ўзимни кўплаб камчиликларимни кўраман. Менимча, идеал инсонинг ўзи йўқ! (кулиб) Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ёшимизга ёш қўшиляпти, бундан қочиб қутилиб бўлмайди!

 

Саида Вахобова: - Кўзгуга қараганингизда, дейлик юзингизда ажин пайдо бўла бошласа, бу сиз учун ҳам қўрқинчлими? Яъни, баъзи аёллар ажин тушишидан қўрқишади.

Райҳон: - (кулиб, самимий) Қўрқаман! Жуда ҳам! (кулади) Лекин, бу гапим ҳазил эмас! Мен ростдан ҳам қўрқаман! Бундай бўлмаслиги учун мунтазам косметологга бораман, юзимга ҳар хил ниқоблар қиламан!

 

Саида Вахобова: - Шундай кунлар ҳам бўладими, сизни характерингизни кўриб, таниб бўлмай қолади?

Райҳон: - Ҳа... (ўйланиб) Мен қовоғимни очмай, худди булутга ўхшаб юраман. (кўрсатиб ҳам беради, сўнг кулиб юборади) Менга қараб, бошқаларни ҳам, кайфияти худди булут бўлади-қолади. Одатда, кайфиятим бўлмаса, кайфиятим тушса, шундай бўлади. Менга қараб, бошқаларни ҳам кайфияти тушиб кетади. Кейин, менга "бундай қилма!" дейишади (кулади)

 

Саида Вахобова: - Шундай дейишса, кайфиятингизни тез ўзгартирасизми, ёки?

Райҳон: - Биласизми, мен жуда тез жаҳлдан тушаман. Кайфиятим ёмон бўлса, кўпинча бошқаларга билдирмасликка ҳаракат қиламан. Буни фақат, мени ёстиғим кўриши мумкин. Агар мен асабийлашсам,  умуман ухлай олмайман. Кечасию, кундузи, уйқумни йўқотиб қўяман. Ўзимга келишим учун, қанчадир вақт ўтиши керак. Агар вазият ўнгланмаса, шундай юраверишим ҳам мумкин. Лекин, буни иложи борича бошқаларга сездирмасликка ҳаракат қиламан, улар сезишмайди ҳам.

 

Саида Вахобова: - Севган инсонингизни хиёнатини кечира олармидингиз?

Райҳон: - Агар у мени бу иши хато эканлигига ишонтирса, фақат ва фақат мени севишига ишонтира олса, бошқа ҳеч қачон бундай қилмасликка ишончли ваъда берса, ҳа, кечира олишим мумкин! (кулади)

 

Саида Вахобова: - Кунига неча соат оила даврасида бўласиз?

Райҳон: - Бу қачон ва қайси вақтлигига боғлиқ. Масалан, катта иш жараёни кетаётган бўлса, масалан, клип суратга олиш ишлари, ёки концертга тайёргарлик жараёнлари, унда жуда ҳам кам вақт! Агар иш бироз камроқ бўлса, унда албатта кўпроқ оила даврасида бўлишим мумкин. Лекин, ўзимга ҳам кўпроқ оила даврасида, уйда бўлиш ёқади.

 

Саида Вахобова: - Ҳозирги эришган ҳамма муваффақиятларингиз ва машҳурликни, оддий аёллик бахтига алмаштирармидингиз?

Райҳон: - (жилмайиб) Ҳа! Менимча, аёл киши учун, аёллик бахти, албатта муҳим! Агар, мен кетсам, кимдир мени ўрнимни босиши мумкин. Тушунаман, вақт ўтяпти, ёшим катта бўлади, қачондир менинг ҳам даврим ўтиши мумкин. Ахир, бу жойни бир умр эгаллаб тура олмайман-ку! Ҳамма нарсани ўз вақти-соати бор! Энг абадий ва қадрли нарса, бу биз учун, ҳамиша бизнинг оиламиз бўлиб қолади! 

 

Саида Вахобова: - Ўзингиз ижоддан кетиш ҳақида сўз очдингиз, ҳеч ижоддан кетиш ҳақида ўйлаганмисиз?

Райҳон: - Ҳозирча керак эканман, унгача ишлайвераман. Қачон ўзим, қилаётган ижодим инсонларга қизиқарли бўлмаётганлигини, керак эмаслиги сезсам...

 

Саида Вахобова: - Одатда, шоу бизнесда шундай ҳолатлар бўлади, баъзи санъаткорлар яқинлари касал бўлганида ҳам, саҳнага чиқишган. Кейин эса, бу ҳақида, ўшанда шундай қилишгани учун баъзида афсусланганликларини айтиб қолишади. Сизда ҳам шундай ҳолат бўлганми?

Райҳон: - Биласизми, бу бизнинг ишимиз. Инсонларга сени кайфиятинг қандай эканлиги, асло муҳим эмас! Нима бўлишидан қатъий назар, биз буни, парда ортида, саҳна ортида қолдиришимиз керак. Сени бирор муаммойинг борлигини, ёки аҳволинг яхшимаслигини бирорта инсон сезмаслиги керак. Ҳаммада ҳам муаммо бўлиши мумкин.

 

Саида Вахобова: - Ҳозирги кунда ижодингиздаги янгиликлар?

 Райҳон: - Концерт дастурига тайёргарлик кўряпман. Ҳозир ҳам бир янги қўшиқ устида ишлаяпман. Унга клип суратга оламиз, албатта. Қўшиқ рус тилида, мазмуни: мен ўз ижодим билан, битта бўлса ҳам инсонни ўз ҳаётида ўйлашга, фикр юритишга ундай олсам, уни тўғри йўлга бошлай олсам, унда мени шунча меҳнатим бекор кетмабди. Яъни, биз ҳатто душманимизни ҳам, нотаниш инсонларни яхши кўришга, уларга яхшилик қилишга уриниб кўришимиз керак. Пул, бу ҳаётда муҳими эмас. Муҳими, муҳаббат ва яхшилик.

 

Қисқача саволлар

  

Саида Вахобова: - Ҳаётда энг зўр, энг яхши билган ишингиз?

Райҳон: - (кулиб юборади) Билмадим...

 

Саида Вахобова: - Ҳаётдан яна нимага эга бўлишни истардингиз?

Райҳон: - Ўз касбим бўйича яна олдинга интилишни, оилали бўлишни, фарзанд кўришни, яқинларим доим мени ёнимда, соғ-саломат бўлишларини!

 

Саида Вахобова: - Нима деб ўйлайсиз, ҳар бир аёл ҳаётда нимани билиши керак?

Райҳон: - (кулиб) Севишни, сева олишни!

 

Саида Вахобова: - Сизни ёнингиздаги бошқа қўшиқчи аёл, нимадан хавфсираши мумкин?

Райҳон: - (кулади) Ҳеч нарсадан қўрқмаслиги мумкин, чунки мен ёвуз эмасман, тишлаб ҳам олмайман!

 

Саида Вахобова: - Сиз ҳар куни бажарадиган иш?

Райҳон: - Аранжеровкачига бораман, мусиқа яратамиз. (кулади)

 

Саида Вахобова: - Сиз кўп саёҳат қиласиз, чет давлатларда бўлгансиз. Шунда сизни ҳайратга солган бирор антиқа буюм?

Райҳон: - Қаерга борсам, ўша ердан ҳар хил тақсимчалар, ҳайкалчалар, ўша ерни ўзида акс эттириб, эслатиб турадиган нарсалар олиб келаман. Менга шундай буюмлар ёқади. Энг, антиқа буюм, Туркияга борганимда, "кафтан" ёқиб қолганди. Керамикадан ишланган, қўлда ясалган, қандайдир тарихий воқеага бағишланган ёзуви ҳам бор эди. Уни сотиб олишга улгурмаганлигимга жуда ҳам ачинаман! (кулиб) Бундан жуда хафа бўлдим, десам ҳам бўлади, нега шу "кафтан"ни вақтида сотиб олмадим деб, ҳали ҳам шу ҳақида ўйлайман.

 

Саида Вахобова: - Нимани ўрганишни ҳоҳламасдингиз ёки ўргана олмасдингиз?

Райҳон: - (ўйланиб) Ўғриликни! Ёлғон сўзлаш ва хиёнатни! Қандайдир "интрига"лар қилишни билмайман, ўргана олмайман ва ўрганишни ҳам ҳоҳламайман!

 

Саида Вахобова: - Сизни шу яқин пайтларда, нима ҳайратга солди?

Райҳон: - Бир шоу балет кўргандим. Улар шундай рақс тушишди-ки, мен кўриб ўтириб, ҳайратдан ўзимни йиғлаётганимни сезиб қолдим. Уларнинг маҳорати, қобилиятидан завқландим, қойил қолдим. Бу Америкадаги конкурс эди. У ерда энг зўр раққослар ўз маҳоратларини намойиш этишганди.

 

Саида Вахобова: - Янги йилга олган энг эсда қоларли ва антиқа совға?

Райҳон: - Овоз операторимиз (звукорежиссёр) менга кийик шаклидаги қути совға қилган.

 

Саида Вахобова: - Мухлисларингиз аудиториясини неччи ёшлилар ташкил қилади, деб ўйлайсиз?

Райҳон: - Ҳар хил ёшдагилар!

 

Саида Вахобова: - Севимли адибингиз?

Райҳон: - Ёзувчи Ден Браун ва Борис Акунин.

 

Саида Вахобова: - Инсонлар билан муносабатда ожиз тарафим нимада деб ўйлайсиз?

Райҳон: - Жуда ҳам ишонувчанлигим! Аввал ҳаммага ишонардим, бекор қилган эканман.

  

Саида Вахобова: - Қаерда бўлишни ва дам олишни ёқтирасиз?

Райҳон: - Денгизни жуда ҳам яхши кўраман. Денгиз менга қувват беради.

Саида Вахобова

Интервью "Тасвир" газетаси 9 февраль (2012) №6 сонида чоп этилди

dscn80024_resize1.jpg