OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ЖАХОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ ЧИЗИШНИ БИЛМАЙДИ? 18.04.2012 08:22

jahongir_resize.jpg Бу санъаткорнинг қўшиқлари ва фильмлардаги роллари, томошабинларга ҳамиша яхши кайфият тақдим этади. У ўзи аслида ҳаётда қандай инсон ва унинг ўзига, қандай қўшиқлар тинглайди? Яқин вақтларда,  унинг қўшиқлари, негадир "жиддий" тортгандек таассурот уйғотмоқда. Аммо, шўх, қувноқ қўшиқлардан ҳам воз кечгани йўқ. Ўтган 2011 йилда эса, у суратга олган ва бош ролни ижро этган "Андижонлик меҳмон" фильми "M&TVA" тақдимотида, йилнинг "энг яхши фильми" бўлди. Ҳозирда эса, у май ойида бўлажак навбатдаги концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда.

Бугунги "Диллашув" саҳифасининг меҳмони "Божалар" гуруҳи, хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов.

  

Саида Ваҳобова:- Қўшиқларингизга мавзу танлаётганда кўпроқ нималарга эътибор қаратасиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Қўшиққа мавзу танлаётганимизда, кўпроқ бугунги кунга эътибор берамиз. Одамларни кўпроқ нима қизиқтираётганига, керак бўлаётганига ва кўпроқ уларнинг кайфиятини кўтарадиган тарафларига эътибор қаратамиз. Уларга қандай қўшиқ етказсак, улар кўпроқ хурсанд бўлади? Ўзи бизлар кўпроқ йиғлатишга эмас, кулдиришга, кўпроқ сиқилишга эмас, хурсандчиликка чақирадиган нарсалар қилишга, интиламиз.

 

jahongirpoziljonov17_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Лекин, негадир ҳозирги кунда жиддий мавзуларда ҳам қўшиқлар яратяпсиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳм... Тўғри, лекин барибир, орада мисол учун, жиддий мавзуларда ҳам яратиб туриш керак. Мана яқинда, "Ота-она" деб номланган қўшиғимизга олинган клипимиз чиқди. Лекин, "Ота-она" қўшиғимиз ҳам, бир йиғлатадиган ёки бир армонда қолиб, айтилган қўшиқ эмас! Ота-онани қадри ҳақида ёзилган қўшиқ, ва барибир, руҳиятни жуда ҳам тушириб юборадиган эмас! Биз у ерда "ота-оналарингизни қадрига етинглар", деган нарсани кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жиддийроқ қўшиқларимиз ҳам бўляптию, лекин барибир кўпроқ қўшиқларимиз, инсонларни юзига табассум улашиш ҳақида бўлади.

 

Саида Ваҳобова:- Ўзингизни ижодингиздан ота-онангизга қайси қўшиғингиз жуда ҳам ёқади?

Жаҳонгир Позилжонов:- (ўйланиб) Менимча, ҳамма қўшиқларимни мазза қилиб эшитишадию (кулади), лекин кўпроқ онамлар  "Жийдалар"ни яхши кўрадилар.

 

jahongirpoziljonov8_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Сиз фарзандларингизни нимадан асрайсиз ва дейлик кун давомида фарзандларингиз билан қанча вақт давомида бирга бўласиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Фарзандларимни умуман, тарбияси бузилиб кетишидан асрайман. Болаларни ёшликдан тарбия қилиб, тили чиққанидан бошлаб, яхши нима, ёмон нима эканлигини тушунтириб,  уни тарбиялаб, яхши тарафга бошласангиз, ўшанда тўғри тарбия бўлади, назаримда. Мисол, инсон ўтиб кетгандан кейин ҳам, яхши ишлари эсланади. Ҳаётда кўпроқ яхши ишлар қилиш керак. Шундай нарсалар ҳар доим қулоғида турса, бола ҳам эртага ёмонликка қўл урмайди! Мисол учун, катта бўлганда, ҳоҳ ота бақироқ, уришқоқ бўлсин, отадан қўрқиб эмас, отасини ҳурмат қилиб яшаши керак! Мисол учун, ёшликдан тарбияси бўлмаса, катта бўлганда уни уриб ташласангиз ҳам, қаттиқ гапирсангиз ҳам, уни фақат синдириб қўйишингиз мумкин, лекин уни тарбия қила олмайсиз. Мени ўзим, кўзим билан кўрганман, отасини урганлар бор. Болани ёмон йўлга кириб кетишдан ҳам асраш керак, мисол, катта бўлаётганда, боғчада, мактабда яхши болалар билан ўртоқ бўлса, яхши дўст орттирса, фақат яхши ишлар қилади. Ёмон ўртоққа қўшилса, ўша ёмон ўртоқни гапларига кўникишни бошлайди. Шунга ҳам эътибор қаратиш керак, назаримда.  Лекин, мен ишонаманки, ўзим ўргатаётган нарсаларим, гапирадиган гапларим, қилаётган ҳалол меҳнатим, фарзандларимга едираётган ҳалол луқмаларим, уларнинг еб-ичаётгани ҳалол меҳнат билан топилаётганидан ҳам, ўйлайман-ки, фарзандларим яхши тарбия билан катта бўлишяпти. Энди улар билан кун давомида қанча вақт бирга бўлишимга келсак, мен ўзи кўпроқ эрталаб турсам, (кулиброқ) болаларим боғчага кетиб бўлган бўладилар. Кечқурун келсам, ухлаб ётган бўлишади. Кам кўришаман, лекин жуда ҳам соғинган пайтларимда, келинингизга телефон қилиб, "ухлатмай тур" деб айтаман. (кулиб) У ухлатмай туради. Кейин келиб, озгина ўйнатиб, улар билан бирга бўламан.

 

jahongirpoziljonov11_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Ҳар бир оилада бир ўзига хос анъаналар бўлади. Масалан, ойда маълум бир кунда йиғилиш, янги йилни бирга кутиб олиш каби. Сизни оилангизда ҳам шундай ўзига хос анъаналар борми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Бизнинг оилада тўғрисини айтганда, болалар билан кўп йиғилиб ўтира олмайман, чунки кеч келаман.  Кўпроқ шу оила билан бирга дастурхон атрофида бирга ўтириб, 2-3 кунда бўлса ҳам, бирга овқатланиш, чунки, шуни ўзи ҳам катта гап. Мисол учун, бошқа нарсага вақт ҳам етмайди. Бизда оилавий анъана, йиғилиб, болалар билан бирга ўтириб, ўзим овқат қилиб, ош дамлайман! Ўша бир ойда бир марта бўлса ҳам, ош дамлаб, болаларим билан бирга ўтириб овқатланаман.

 

jahongirpoziljonov5_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Овқат қилишдан сўз очдингиз. Биринчи марта қандай таом тайёрлагансиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Биринчи бўлиб, ёшликда қозонкабобни ўрганганман!

 

Саида Ваҳобова:- Байрамларда яқинларингизга совға танлаганда, нимага аҳамият берасиз?

Жаҳонгир Позилжонов:-Ўша нарсани ярашишига аҳамият бераман. Ўша нарса соатми, буюмми, кийимми, фарқи йўқ, биринчи навбатда ўша инсонга ярашадиган бўлиши керак. Гап нархида, қанча туришида эмас, ярашса бўлди. Мисол учун, мен ўзим ҳам, ўзимга ёқадиган ва ярашадиган нарсани оламан. Масалан, кўпчилик, қиммат кийимлар кийиб юради, деб ўйлашади. Йўқ, агар кийим ўзимга ёқса, ярашса, бўлди, ўшани сотиб оламан. Лекин, унақа қиммат бозорлардан харид қилмайман. Оддийликни яхши кўраман!

 

jahongirpoziljonov1_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Ҳар бир кунингизни қандай режалаштирасиз? Яъни, эрталаб турибми, ёки 2-3 кун олдин режалаштириб қўясизми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Биз агар ижод тарафдан бўлса, режалаштириб эртага съёмка, ёки индинга съёмка, ёки бир ҳафтадан кейин фильм бошлаймиз, ёки 10 кундан кейин бошлаймиз, деймиз. Лекин, бошқа айрим шахсий ишларим режа қилинмайди. Чақириб қолишса бораман. Ижодда ҳаммаси режа билан қилинади.

 

Саида Ваҳобова:- Нима деб ўйлайсиз, санъаткорга ижод учун энг муҳими?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ижод учун энг муҳими, чарчамаслик деб ўйлайман. Тўхтамаслик керак! Энг муҳими, деганда олдинда, кўп нарса туради: тўхтамаслик, олға қадам ва энг кераклиси, ижоддан суньий фойдаланмаслик! Умуман, манфаатдан суньий фойдаланмаслик ва мухлисларни қадрлаб, улар билан бир хил инсон бўлиш керак! Айтмоқчи бўлганим, менсимасликдан қочиш керак! Ҳаммани бир хил кўриш керак. Юлдузлик касалига учрамаслиги керак, деб ўйлайман.

 

Саида Ваҳобова:- Режиссёр сифатида кўплаб фильмлар суратга олдингиз. Режиссёрликка қўл уришингизга биринчи нима сабаб бўлган?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ўзи ёшлигимдан киноларга, кино олишга қизиқиш бўларди. Ёшликдан орзу, ҳавасманд бўлганман-де. Шунинг учун имконият бўлганда қўл урганман!  Ўзим ҳам ёшликдан кинода ўйнаш орзуим бўларди. Бу орзуим эди! Шунинг учун ҳам, қўшиқлар айтгандан кейин, имкониятлар бўлганда, кино олишга ҳаракат қилдик.

 

Саида Ваҳобова:- Мана ўтган 2011 йилда суратга олган фильмингиз учун, "M&TVA" мукофотини олдингиз. Ғолиб сифатида саҳнага чиққанингизда, нималарни ҳис қилдингиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Саҳнага чиққанда ёшлигимни ҳис қилдим. Ўша ёшлигимда томорқамиз бўларди, у ерга тушиб олиб, оғайниларим билан ижодлар қилиб ўтирардик. Ашула айтиб, ўзимча бир нималар қилиб юрардим. Ўша пайтдан "имконият бўлса, "Бойвачча" деган бир кино қилардим", деб ўйлардим. Мактаб даврларда,  ёшлигимдан қизиқиш бўлган. Менда қизиқиш нимадан пайдо бўлган? Мактабларда, умуман кўча-куйда, мисол учун, менга одамлар кўп эътибор қилмасди. Оғайниларим ҳам кам бўлган, кўп чиқиштиришмаган. Ўша пайтларда "ҳали таниқли бўлиб кетаман" дердим. Ўшанда интилиш кўпроқ бўлган, лекин барибир, бошида бошқа ишлар билан шуғулланганман, бошқа жойларда ўқиганман, санъатга кирмаганман. Аммо, барибир 23 ёшимда санъатга кириб келдим. Ўша саҳнага чиққанимда, кўпроқ шу ёшлигим эсимга тушиб кетди.

 

jahongirpoziljonov15_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- "Бойвачча" фильмингиз учун ҳам M&TVA мукофотини олган эдингиз...

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳа, У биринчи M&TVA мукофотининг, бу галгиси билан фарқи шундаки, у фильмни шеригим Ёдгор Носиров билан биргаликда олган эдик. Шунинг учун ҳам иккита куч билан олинган. Ҳар бир инсонда хурсандчилик бўлади. Бу сафар хурсандчиликдан ҳаттоки, гапира олмадим. Фақат "раҳмат" деган сўзни айта олдим. Умуман гапиришга гап келмай қолди. Саҳнада туриб гапира олмадим ҳам (жилмайиб), чунки ҳаяжон катта эди. Олдинги сафар саҳнага чиққанимизда, "Бойвачча"да икки киши режиссёр бўлганимиз учун ҳам, Ёдгор Носиров яхши гаплар гапирганда, илҳом келиб, мен ҳам яхши гаплар гапира олганман. Лекин, бу гал ҳаяжон кучли эди.

 

Саида Ваҳобова:- Ғалабага ишонганмидингиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳар битта инсон янги иш бошлаётганда, барибир "мана шу энг яхши фильм бўлсин", ёки "энг зўр мукофотларни олади" деб иш бошлайди. Биз ҳам шундай деб, иш бошлаганмиз. Беш йилдан бери, ҳар сафар ният қиламиз. Насиб қилган экан, бу сафар олиб қолдик.

 

jahongirpoziljonov13_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Ўзингизни руҳиятингизга қандай қўшиқлар яқин?

Жаҳонгир Позилжонов:- (ўйланиб) Мени ўзимни руҳиятимга... Кўпроқ оғир қўшиқлар эшитаман. Энди санъаткор одам шунақа-ки, ичидаги дарди бўлса ҳам, ҳаттоки отаси ўтиб қолса ҳам, кечқурун театрда ёки, у бу, бир жойда бирор бир фильм саҳнасида кўриниши бўлса, агар ҳали отаси кўмилмаган бўлса ҳам, ўша ерга чиқиши шарт. Шунақа қонун-қоидалари бор. Шунга ўхшаган бизлар ҳам, ўзимизнинг дардимизни, ёки бошқа нарсамизни халқ билан бўлиша олмаймиз. Чунки, ҳар бир киши ўзининг дардини ичига ютмасдан, мисол учун, аёл киши гаплашиб, озгина дардлашиб, йиғлашиб ёки яна кимдир билан ғийбатлашиб дардини чиқариб юборади. Эркак киши эса, на йиғлайди, нимадандир чиқара олмайди, ичига ютади ва охир-оқибат қанақадир бир касалликларга дуч келади. Ҳар кимни ўзини қанақадир дарди, ўзига яраша муамолари бўлади. Менда ҳам, қанақадир тушкунлик бўлиб қолса, қанақадир муаммо келиб қолса, ўшанда кўпроқ оғир ашулалар, Озод ака Назарбековни қўшиқларини кўпроқ эшитаман, машинада озгина кўзимга ёш келади, кўпроқ қўшиқ эшитиб ичимдагиларни чиқариб юбораман-де. Масалан, кўпроқ "Жийда гулим" ни эшитаман, оғир ашулаларидан ҳозирги кунда "Кимлар" деган қўшиқларини, кўпроқ эшитяпман. Билмадим, балки бу қўшиқ менга кўпроқ ёққани учундир? Ҳозир бу нарсани айтсам, кимдир "Жаҳонгирни ҳозир бу гапирган гапидан, кимдир синдирмоқчидир, кимдир нимадир қилмоқчидир, шу сабаб шу қўшиқни эшитиб юрибди", деб ўйлаши ҳам мумкин. Йўқ! Ундай нарса йўқ! Чунки, ҳолат шунақа-ки, одамга нимадир шунақа таъсир қилиб қолади. Мисол учун, шунақа инсонларни кўрганман-ки, у инсонда шунақа муаммо бўлган-ки, ишдан ҳайдаб юборишган, яна у бу нарса қилишган, синдириб қўйишган-де. У инсон, яъни яхши яшаб юрган инсон бирдан ноль бўлиб қолган. Кейин у инсон шунақа мавзудаги нарсаларни эшитиб ҳордиқ чиқармаган, лекин кўпроқ севги-муҳаббатга тегишли бўлган қўшиқларни, кўпроқ севги мавзусидаги ҳинд фильмларини кўриб, ўша дардини чиқарган. Чунки, унинг ёшликдан яхши кўрган нарсаси шу экан, севги-муҳаббат куйларини, кўпроқ ҳинд фильмларини кўришни, яхши кўрган экан. Шунинг учун, севги-муҳаббат ҳақидаги қўшиқларни эшитиб, фильмларни кўриб, янги ҳаётга қадам босиб, яна интилишни бошлаган. Ҳаётда яшашда давом этиш керак, бу билан тўхтаб қолиш керак эмас, деб фикр юритган. Кейин ўша инсонга "нимага ўзингизни дардингизга оид нарсалар эшитмайсиз", деган савол берилганда, у одам "мен бу билан ўзимни яна ботқоққа тиқиб нима қиламан" деган. Мени ҳам бу қўшиқни эшитишим, айнан бу мавзу бўлгани учун эмас! Сабаби, мени ўзим ижоддан тўхтаб қолиб, ижодда қанақадир янгиликлар қила олмасам, йўлимни топа олмасам, қанақадир жуда ҳам сиқилиб қоламан. Агар шу ижодни қилмасам, ўзимни ўзим синдириб қўяман. Шунинг учун, ўзимни ўзим синдириб қўймай деб, шу қўшиқни кўпроқ эшитаман. Шу сабаб, қўшиқ нимагадир менга таъсир қилиб қолган. Шуни эшитаман, эшитаман ва бу менга ижод қилишга далда беради. (ўйланиб) Мана шу охирги пайтда "Клёш" қўшиғидан олдин, бизларда жуда ҳам тўхташ бўлиб қолди. Бир янгилик яратмадик. Аҳамият берган бўлсангиз, охирги пайтларда, ижодимиздаги қўшиқлар, фильмлар бир-бирга ўхшаш бўлиб кетганди. Гўёки битта шарни, қудуқни ичига тушиб қолгандик. Ўшанда жуда сиқилдим ва мана шу "Кимлар" қўшиғи, менга кўпроқ янги янги ижод қилишга бир далда берди, (жилмайиб) қувват бўлди.

 

Саида Ваҳобова:- Ўзингизни 3 та сўз билан яхши ва салбий тарафингизни айтиб бера оласизми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Мақтайдиган нарсам йўқ! (кулиб) Ёмон тарафим... (ўйланиб) Ижоддан ҳечам тўхтамаслигим! Бу ҳам 3та сўз.

 

Саида Ваҳобова:- Ҳозирги кунда сизни нима ҳайрон қолдириши мумкин?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳозирги кунда мени (кулиб) инсонлар ҳайрон қолдиришяпти!

 

jahongir2_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Қандай инсонлар?

Жаҳонгир Позилжонов:- Кўпроқ ҳайрон қолдирадиган нарса, шу инсонларнинг (ўйланиб) ҳар хил ҳолати-де. Мисол учун, мана шу ерда ҳам, ишхонамизни ўзида ҳам, кўп ҳайрон қолдирган нарса, мана шу ерда битта инсон йиғлаб турибди. Кайфияти йўқ, ким гапирса ҳам, "бор йўқол" деб ташлаяпти-де, икки минут ўтдими-йўқми, кирдим-чиқдим, қарасам ҳалиги инсон кулиб турибди-де. Тушуняпсизми? Ҳайрон қолдирадиган нарса, уни йиғлаб туриб, кейин кулгани эмас! Ўзгарганини тагида ётган сабаби! Инсонларни бир-бирига бўлган оқибати, умуман эътибори! Шу инсон билан гаплашиб, сўраб "нимага унақа дарров кулиб, ўзгардингиз" десам, унинг тўйи бўлаётган экан. Тўйи бирдан тўхтаган ва у йиғлаб, ҳеч кимни ёқтирмай, жанжал қилиб турган. Икки минутдан кейин, телефон қилишиб, "тўй давом этади" дейишган ва тўйни давом эттириб юборишган. Мени ҳайрон қолдирган нарса, бунинг сабаби! Қизиқиб билсам, улар яъни келин тараф жўнатиб юборишган  мебель куёв тарафга ёқмаган ва тўйни тўхтатишган-де, келин тараф мебелни бошқачасини олишгандан кейин, тўй давом этган. (кулиб) Мени ҳайрон қолдирган нарса, шу оддий мебель ҳаётни ҳал қиляпти! У нарса, ҳаётга фойда берадиган нарса эмас! Ҳаётда умуман фойда бермайди! Мисол учун, ўшанда кийимингиз туради. Кийимингиз каравотни устидами, стулни устидами, тураверади-ку, жуда борса уйингизни бир жойига тахлаб қўйсангиз ҳам тураверади! Мисол учун, бизда ҳам мана шу ёшга етибман, уйлангунимча шкафда кийимларим тахланиб турмаган. Битта хонада ерга кўрпачаларни тўшаб қўйиб, 3-4 бола катта бўлганмиз. Шунчаки, мени айтмоқчи бўлганим, битта мебель ҳаётни ҳал қилиб қўйиб, бахтсиз қилиб, бахтли қилиб қўйяпти. Агар, "яхши мебель олиб берамиз" деганда, тўй давом этган бўлса, ундан кўра, мен ўйлардимки, аксинча келин тараф тўйни тўхтатиши керак, деган хулосага келардим. Чунки, у барибир битта мебель билан бахтли бўлиб кетди, дегани эмас, эртага яна бир нарса бўлса, яна бирор гап бўлиши мумкин. Битта оғиздан чиққан гапдан, яна бошқа гап ҳам кутилади-де. Барибир гапириладиган тил, гапиради. У инсон бўлса, хурсанд турибди. Мен унга "бахтли бўлинг" дедим.

 

Саида Ваҳобова:- Агар сиз пул топишни, моддий тарафини ўйламай, яна қўшимча равишда бошқа иш қиламан деганингизда, бу қандай иш бўлиши мумкин эди? Санъатдан ташқари ёки санъатнинг ичида?

Жаҳонгир Позилжонов:- Билмадим, ўйлаб кўрмаган эканман. Лекин, мен кўпроқ қурилишга қизиқаман. Санъатдан ташқари иш десангиз, балки, қурилиш билан шуғулланган бўлардим. Чунки, қизиқаман, шунга ўрганганмиз, ободонлаштириш, қурилишга ёшликдан ҳавас бўлган. 5 та фарзанд боя айтиб ўтганимдек, 4 хонали уйда катта бўлганмиз. Уй-жой қуришга ёшликдан ҳавас қилганман. Орзу-ҳавасларга эришиб, уй-жой ҳам қурдик. Агар санъатга алоқадор иш бўлса, мана мисол учун, қўшиқ айтиб туриб, фильм ҳам суратга оляпмиз, режиссёрлик ҳам қиляпман, роль ҳам ижро этяпман. Шуни ўзи ҳам 3-4 та иш бўляпти.

 

Саида Ваҳобова:- Санъатда қайси йўналишда умуман, ижод қилмаган бўлардингиз? Ёки шу йўналишда ижод қила олмайсиз? Масалан, баъзилар театрда роль ижро эта олмайди, баъзилар жонли куйлай олмайди. Сиз-чи?

Жаҳонгир Позилжонов:- (ўйланиб) Кеча худди шу нарсалар ҳақида институтда ҳам айтиб ўтдим. 3 - курсда Санъат институтида ўқиётганимда, соғлиғим туфайли академик таътил олиб кетганман. Энди эса, ариза ёзиб, ўқишимни қайта тикладим ва ҳозирги кунда 3-курсда, драма режиссёрлиги йўналишида таҳсил оляпман. Ўқитувчим Олим ака Салимов. Кеча, улар ҳам, "Шунча ишлар, шунча амалиёт қилинди. Шунча фильмлардан кейин, келиб ўқишингизни давом эттиришингиз, диплом учунми?" деб сўрадилар. Мен "йўқ, мени ўзи тажрибам етишмаяпти, мени ўзим учун керак" дедим. Ўзим 34 ёшга киряпман, лекин институтдаги ўқишимни тиклаб, давом эттириб, ўзимга тажриба орттириб, ўзимни мустаҳкам, ҳақиқатдан, қонуний равишда режиссёр ва актёр бўлмоқчиман. Мисол учун, мени агар ҳозирги кунда театрга чақиришса, мен тайёр эмасман. Бирор-бир роль беришса, ўйнаб бера олмайман. Театрда жонли роль ижро этиш, жуда ҳам қийин! Мисол учун, мен қийналаман. Сабаб, балки фильмларга ўрганганим учундир? Фильмларда дубль, дубль бўлади. Энди яхшилаб ўқиб, тажрибамни оширсам, худо ҳоҳласа, ўйнашга ҳаракат қиламан! Мени устоз санъаткоримиз Мурод ака Ражабов, театрга роль ўйнашга таклиф қилдилар. 2-3 марта бордим, лекин у ерда бўлаётган меҳнат ва маҳоратли инсонларни кўриб, худди санъатга биринчи марта киргандек, мени озгина ҳаяжон босиб турди-де. Шунақа инсонлар бор, таниқли эмас, лекин театрда уларни ҳамма танийди. Шунақа маҳорат билан роль ўйнашади, уларни кўрсангиз, улардан иш ўрганиш керак.  

 

Саида Ваҳобова:- Журналистларнинг сизга энг кўп берадиган саволи? Ҳеч кузатганмисиз?

Жаҳонгир Позилжонов:-Кўпроқ саволлари, "Нима учун унақасиз? Нима учун бунақасиз?" Кўпроқ танқид қилишни яхши кўришади. Танқид ҳам керак! Танқид бу санъаткор учун келажак меваси, деб ўйлайман, жуда ҳам яхши кўраман. Мен масалан, интернетни ҳам яхши тушунмайман, тушунганлар айтишади, газеталарда ҳам, сайтларда ҳам, бизни масалан, танқид қилишади, ёмонлаб ёзишади. Лекин, танқид яхши нарса! Ҳар бир инсонни, ҳар бир журналистни ўз фикри бор. Масалан, хатоси бўлса, "мана шу санъаткор хато гап гапирди, хато иш қилди, мана бу ерда нотўғри роль ижро этди. Ёки умуман, киноси яхши чиқмабди. Шу ашуласи умуман бўлмабди. Ёки мана бундай бўлибди". Булар, битта одамни фикри, битта журналистни ўз фикри! У буни гапиришга ҳақли. Ундан ҳеч хафа бўлиб, ҳеч бир нарса қилиш керак эмас. Аксинча, бунақа ёзишса, мен хурсанд бўламан! "Ёзишибди сизларни, мана бунақа дейишибди. Гапирмайсизларми?" дейишса, мен, "нима дейишибди?" десам, "мана бунақа-бунақа" дейишса, мен "вой, зўр бўлибди-ку" дейман! Аксинча, буни ҳеч тушунишмайди, мана чет элларда, Америкада, айнан, шундай танқид қиладиганлар билан аксинча уларни ўзи гонорар тўлаб, шунақа нарсалар қилдиришади. Чунки, у санъаткорни қанча танқид қилиб, қанча уни синчиклаб, уни қанча ёмонлашса, халқ уни шунча яхши кўраверади, қизиқиш бўлади. "Вой ёмонлаяпти, нега ёмонлайверади? Яхши қўшиқ айтади-ку... Мана бунақа-ку... Зўр қўшиқчи-ку, зўр бола-ку..." деб, раҳми келиб, ёки қизиқиб, инсонлар уни яхши кўришни бошлашади. Бизда эса, бу нарсани кўплар қадрига етишмайди ва тушунишмайди. Мен эса хурсанд бўламан, балки чет давлатларга кўп чиққанлигим учундир? У ерларда кўп кўраман. Биз чет элга чиққанимиз, билан шундоқ бориб, қайтишмас, у ерда мисол учун, 3-4 кун вақтимиз бўлса, уларнинг ижоди билан ҳам танишишга ҳаракат қиламиз. Улар нима қилишади, қанақа йўналишда ишлашяпти? Умуман, уларнинг санъаткорларини об-ҳавоси қанақа? Уларда кетаётган ҳар хил ҳолатлар, санъаткорларни устида кетаётган фикрлар, уларни журналистлари ва санъаткорларига бўлган халқнинг эътибори қандай? Қандай нарсани яхши кўришади ва ёмон кўришади? Шуни кўриб, фикрлашга, уларнинг мактабини ҳам ўрганишга ҳаракат қиламиз. Масалан, кўп жойларга, Москва, Хитой, Америка, Ҳиндистонга борганимизда, кузатганмиз, уларда кўпроқ "антиреклама" деган нарса бор. Уларда, "реклама" жуда катта пул туради, мисол учун, битта клипни чиқариш, миллионларни ҳал қилади. Бизда яна ҳам, санъаткорлар учун имкониятлар жуда катта. У ерда эса, битта қўшиқни чиқариб, битта инсонни даражасини кўтариши учун, анча маблағ сарф қилишлари керак. Улар эса, шу маблағни сарф қилмасдан, камроқ маблағ бериб туриб, мана шундай "антиреклама"лар билан, обрўсини кўтарадиган иш қилишади. Ўша инсонни, яратган битта қўшиғини танқид қилиб, ажиотаж қилиб туриб, ваҳима қилиб, ҳамма газеталардан танқид қилиб ёзишади-да, кейин уни телевиденияларга чақириб, интервьюларда уни гап, танқид билан "уриб", унинг санъатини қоралаб ташлашади. Қарабсизки, "Нега унақа қилишяпти? Нимага?" деб, томошабинлар орасида, гаплар бошланиб кетади.  Ўша инсон ҳақида "интрига" бўлиб, қарабсизки, уни ҳурмати яна ошиб турибди! Шунда ўша санъаткор, мухлислари унинг учун, қанча жон куйдиришини, ёки қанчалик у керак эмаслигини, сезади. Бу уни обрўсини оширади, деганим, ўша санъаткорни халқ яхши кўриб, кўтаришида эмас, ўша инсон ҳақида қанча ёмон гап тарқаб, қанча унга қанча танқид бўлса, халқ агар у ҳақида қанча жон куйдириб, ҳаммаёқда гап-сўз бўлса, демак, "мени халқ яхши кўрар экан", деб, шуларни ишончини оқлайман деб, яна ижод қилади. Янада яхши нарсалар яратади. У халқни фикрини билмоқчи! Агар сиз, ҳар бир инсондан, ҳар бир хонадондан "мен қандай ижод қилишимни ҳоҳлайсиз" деб, сўраб чиқаман, десангиз, бир ой ҳам етмайди!  Бу эса, битта интрига билан билиб олади! Агар бу ҳақида халқ жон куйдирмасдан, кўп гапиришмасдан, "а, нима бўпти?" деб, танқидларга шунчаки бепарво ўтиб кетишса, "демак, мен халққа ёқадиган ҳеч нарса қилмабман" деб, яна бир неча баравар ижод қилади! Нима кераклигини билиб олади! "Мен қандай ижод қилсам экан? Қандай қўшиқ куйласам, қандай роль ўйнасам экан? " Битта танқид билан ҳаммасини билиб олади! Шунинг учун, танқид санъаткор учун келажак меваси, деб бекорга айтилмаган. Ҳар томондан инсон мана шу танқид орқали, халққа нима етказиш кераклигини, нима қўшиқ қилиш, нима кино қилиш кераклигини билиб, халқ ва мухлисларни ишончини қозониб, уларнинг эътиборига янада яхши маҳсулот етказишга ҳаракат қилади!

 

Саида Ваҳобова:- Биринчи яратган қўшиғингиз муваффақият келтирганмиди?

Жаҳонгир Позилжонов:- Биринчи қўшиқ, "Ёрингман" қўшиғи эди. Шу қўшиқ  чиққандан кейин, метроларда, автобусларда юрганимизда, одамлар қўли билан кўрсатиб, дастхатлар олишган. Биринчи дасхат берганимиз ҳам ёдимда,  "Алишер Навоий" номли ("Панорама") кинотеатр ёнида дасхат берганман. Ўшанда мактаб ўқувчилари 3-4 синф қизчалари келиб, дасхат олишганда, ўшанда таниш санъаткорлардан бири "Жаҳонгир, кичкина болалар келиб, дасхат олишяптими, ёш болалар сени яхши кўришяптими, демак, бу келажакларинг бор дегани! Демак, яхши ижод бошлаяпсизлар! Бўшашмай давом эттиринглар!" деганди. Ўшанда ўша гап ҳам, бизга катта куч бағишлаган.

 

Саида Ваҳобова:- Қўшиқларингиз мавзусини бугунги кунда инсонларни нима қизиқтираётганлигига қараб танлайман дедингиз, бунга кўра, қўшиқларингизни оммалашиши ва хит бўлишини ҳам олдиндан биласизми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Йўқ, бундай эмас. Масалан, бизга омад келтирган қўшиқ "Жийда гуллаганда" қўшиғини айтгимиз келмасдан куйлагандик. Бошида шу қўшиқни яратганимизда, энди кўринаётган пайтимизда, бизга айтишган, "бу кичик болалар айтадиган қўшиқ-ку, энди кўриняпсизлар" дейилган, шундай фикрлар бўлган. Кўпчилик гапириб, кўпчилик эшитганда кулган ҳам. "Шунақа ҳам қўшиқ айтасанми?" дейишган. Кейин биз ҳам айтгимиз келмай, айтайликми, майли, деб айтиб, жуда ёқмаса, альбомга киритмаймиз деганимизда, қаердандир қўшиқ, пират бўлиб, кўчага чиқиб кетиб қолган. Кейин кўчага чиқиб кетганини эшитиб қолиб, "ҳа, майли, чиқиб кетиб қолди" деб, радиоларга таваккал қилиб, бериб кўрганмиз. Бирдан омад келтириб юборган шу қўшиқ! Кутилмаган ҳолатда бўлган, шу қўшиқни айтгимиз келмай, куйлаганмиз! Баъзи қўшиқларни "зўр, хит" бўлади, деб куйлаганимизда, бўлмаган. 

 

Саида Ваҳобова:- Сизни ҳаёт фалсафангиз қандай? Ҳар бир инсонни ҳаёт фалсафаси бўлади.

Жаҳонгир Позилжонов:- Мен боя айтганимдек, яхшиликдан тўхтамаслик, фикрим бор. Фақат, яхшилик! Мисол учун, инсон нима қилишидан қатъий назар ўғрилик қилмасдан, бировни камситмасдан, бирор-бир яхшилик қилса, у яхшилик тўхтамайди! Мисол учун, ўтиб кетаётган бир инсонни сумкасини кўтаришиб, йўлни нариги бетига олиб ўтиб берсангиз ҳам, шу ҳам яхшилик, "раҳмат, барака топ, отангга раҳмат" дейди. Мисол учун, биз ҳам бир қўшиқ айтдик, инсонлар эшитиб "раҳмат, барака топ, отангга раҳмат" дейишяптими, демак, яхши иш қиляпмиз. Бизни ҳам кўп инсонлар эшитади, мухлис бўлишади. Мисол, бир хил жойларга борганимизда, ёши катта инсонлар, отахон-онахонлар "барака топ, отангга раҳмат" деса, хурсанд бўламан. Менга отам, "отангга раҳмат деган гапни эшитиш қанчалик яхши, биласанми?" деб ёшлигимда жуда кўп, айтардилар. (эслаб, кулимсираб) Ёшлигимда мени деб кўп гап эшитганлар, маҳалла оқсоқоллари кўп шикоятлар қилишган. Шўх бўласиз, ёшликда бўладиган нарсалар. Ўшанда кўп уришиб, "отангга раҳмат" деган гапни эшитишни ўрнига сен бундай қиляпсан? Отангга раҳмат, деган гапни эшитиш қанчалик зўр, сен ҳали бу нарсани билмайсан. Сенга гапирганим билан қулоғингга кирмаслиги мумкин. Лекин, қачон ота бўласан, ўшанда тушунасан!" деганлар. Ҳақиқатдан, ота бўлиб, мана ҳозир тушуниб етганимда, мисол учун, отам ўтиб кетганлар. Ҳозир шу тўйхоналарга кирсам, "отангга раҳмат" деса хурсанд бўламан-де. Мен ўйлайман, болаларим ҳам  катта бўлишганда "отангга раҳмат" деган гап эшитармикан, ишқилиб, шу гапни эшитсин деб, ният қиламан.

 

Саида Ваҳобова:- Баъзилар фарзандлари болалигидаёқ қайси касб эгаси бўлишини ўйлаб қўйишган бўлишади. Сизда қандай?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Агар мени касбимни танлайдиган бўлишса, рози бўлар эдим, нима дейман? Агар қизиқиши шунчалик зўр бўлса! Мисол учун, "йўқ" дейишим ҳам мумкин. Лекин, қайси соҳани танлашидан қатъий назар, ўзи астойдил ёпишиб, қизиқса, демак унда шунга иштиёқ катта! Адашмайди! Эртага, "вой бу касб сал бўлмади, бошқа касб танлайман" деса, бу бўлмайди. Ўзимда ҳам, тўғрисини айтсам, бошида санъатга киришимга дадам қарши бўлганлар! Ҳар хил ишда ишлаб кўрганман, лекин ҳадеб санъатга ёпишаверганимни, иштиёқимни кўриб, охири "нима ўзи, гапир дардингни" деганларида, "санъат" деганман. Шу билан "бўпти" деб рухсат берганлар. Қарасалар, астойдил шу экан, ҳақиқатдан, шу кабсни ушлаб, шу касбдан элга кўриниб, "отангга раҳмат" деган гапни эшитиб юрибман.

 

Саида Ваҳобова:- Инсоннинг энг зўр ёши, даври қачон деб ўйлайсиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- (кулиб) Менимча, 3 ёшгача бўлган пайти. Чунки, ташвиши бўлмайди, ҳеч нарсани тушунмайди, муаммоси йўқ. Ёшлигимда 5-6 ёш пайтларим, маҳалладаги оқсоқоллар, ёши катталар, "сенларга маза ҳеч нарсани тушунмайсанлар, на бир ташвишинг бор, яшаб юрибсан-де" дейишган. Ўша эсимда қолган, шунинг учун!

 

Саида Ваҳобова:- Кўплаб шогирдларингиз бор. Шуларни ичида қайси бирини ўзингиздан ўтган деб ўйлайсиз ва тан оласиз?  

Жаҳонгир Позилжонов:- Ҳаммаси. Ҳали ҳеч қайсиси юзимни ерга қаратмаган. Мана эшитаман, ҳаммасига, "устозингни эҳтиёт қилгин, устозинг барака топсин" дейишади. Лекин, ҳеч қайсиси юзимни ерга қаратмаган. Аммо, ҳали мен ўзимни устоз деб билмайман. Ҳали шогирдлик даражасидан ўтганим йўқ, лекин, шунчалик устоз деб билишганидан мен хурсандман. Масалан, администраторим Жавлон Шодмонов менга шерик ҳисобланади, мисол учун, ижодни бирга бошлаганмиз, ижодни энди бошлаган вақтларимиз, Мўмин Орипов билан биргаликда, ўшанда биринчи чиққан хизматимизда, Жавлон Шодмоновни ҳам қўли бор. Биринчи бўлиб, саҳнага чиққан кунимиз мен, Жавлон Шодмонов ва раҳматли Мўмин Орипов биргаликда қатнашганмиз. Мен фильм олишни бошлаганимдан кейин ҳам, иш услубимни ўрганиб ёнимда юрган. Ўзи учун устоз деб билган бўлса, мен хурсандман. Уни яхши ижодкор деб биламан, биз қилган нарсалардан ҳам яхши қилиб қўйган нарсалари бор, мен буни тан оламан. Суратга олган фильмларини кўрганимда ҳам, мен ўзим маза қилиб кўрганман, ҳавасим келган. Фильмларидан менга "Кичкина хўжайин" жуда ҳам ёққан.

 

jahon_resize.jpg

 

Саида Ваҳобова:- Клипларингиз ва фильмларингизда доим дўстларингиздан фойдаланасиз. Ҳар сафар бир хил юзларни кўриб, сал томошабинларни зериктириб қўйишдан чўчимайсизми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Йўқ, нимагаки, улар серққира ижодкорлар! Улар ҳар гал чиқишларида, ҳар хил кўриниш, қиёфа, образ, характер яратадилар. Уларга ишонганим учун ҳам, кўпроқ улардан фойдаланаман.

 

jahongirpoziljonov19_resize.jpg

 

Қисқа савол жавоблар

  

Саида Ваҳобова:- Агар биров сизга ишониб сир айтса, буни қанча вақтгача сақлаб юра оласиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Мен иложи борича сирини эшитмасликка ҳаракат қиламан. Чунки, сақлаб туриш, менда қийин. Сирли гап деса, айтмай қўя қол, дейман.

 

Саида Ваҳобова:- Аразчимисиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Сал-пал...

 

Саида Ваҳобова:- Сиз учун қандай дам олиш маъқул, бирор давлатга саёҳат ёки...

Жаҳонгир Позилжонов:- Тўғрисини айтсам, дам олишга вақт йўқ! Дам олишга вақт бўлса, ўз уйимда 2 кун маза қилиб ухласам, ўша энг зўр дам олиш!

 

Саида Ваҳобова:- Охирги марта қачон, ёлғон гапиргансиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Эслай олмайман. Лекин, яхшиликка бўлса, ёлғон ишлатишга ҳаракат қиламан. Бугун ҳам мисол шундай бўлди, атрофимдаги болалар битта нарса устида бир-бири билан уришиб кетганда, ўша нарсани мен, "аслида йўқ эди бу, бунақа эди, сизлар нотўғри тушунибсизлар", деб мен ёлғон гапириб яраштириб қўйдим. Яхшиликка ёлғон гапириш мумкин деб, ўйлайман. Мен, бирор бир бизнесда, мана бунча пул тиксам, бунча фойда бўлади деб айтмоқчимасман. Бу ерда ёлғон ишлатиб фойда қилиш эмас! Инсонийлик тарафлама айтмоқчиман. Бирор инсонни яраштириш, ёки бирор инсон туҳматда қолса, кимдандир гумон қиляптими, у инсон аслида унақа эмасми, масалан, мен биламан у инсон шу ишни қилмаган. Шу ёлғон гапириб туриб, бир-бирига меҳр-оқибатини тиклаб қўйса, мисол учун, икки турмуш бузилиб кетяпти, ўша ерда бориб ёлғон гапириб, ўша иккаловини яраштирса, улар бирга яшаб кетса, фарзанди бўлса, отасиз қолмайди, ёки онасиз қолмайди.

 

Саида Ваҳобова:- Дунёда ҳамма одам рост гапирса, нима бўлади?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ўша даврларнинг энг зўри бўлади.

 

Саида Ваҳобова:- Болалигингизда қайси фильмни ёқтирардингиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- "Шум бола"

 

Саида Ваҳобова:- Ёшлигингизда нимадан қўрқасиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- Қоронғиликдан

 

Саида Ваҳобова:- Энг узоқ гастрол сафарингиз?

Жаҳонгир Позилжонов:- 15-16 кун бўлган, вилоятларга чиқилганда.

 

Саида Ваҳобова:- Бугунги кунда сизни санъатингизга нима етишмаяпти?

Жаҳонгир Позилжонов:- Ўзимни санъатимга озгина тажрибам етишмаяпти, деб ўйлайман.

 

Саида Ваҳобова:- Расм чиза оласизми?

Жаҳонгир Позилжонов:- Чизишни билмайман.

Саида Вахобова