OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

КОНЦЕРТЛАР

BAPY8055

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ТОХИР СОДИҚОВ: ШОУБИЗНЕСДА ТУРИШ СИРЛАРИДАН БИРИ...  19.04.2012 05:11

tohirsodiqovdobavka16.jpg "Болалар" гуруҳи, бу сўз, кўплар учун жуда ҳам  таниш ва қадрдон. Унинг яккахони Тоҳир Содиқов. Уларнинг илк қўшиқларидан тортиб, то шу бугунги кунгача куйлаган барча қўшиқлари, тингловчилар эътиборини тортиб келмоқда.

Бу гуруҳнинг ташкил этилганига 22 йил бўлди. 22 йил фақатгина айтишга осон, аслида-чи, тинимсиз ижод, меҳнат, изланишлар хонандани бугунги даражага олиб чиқди. Лекин, хонанда ҳамон тинимсиз ижод билан банд ва янгидан янги қўшиқларни омма эътиборига ҳавола этиб келмоқда.

9,10,11 март кунлари эса, "Истиқлол" санъат саройида "Болалар" Тоҳир Содиқов ўзининг навбатдаги Лазер шоусини ўтказади.

  

tohirsodiqov_resize.jpg


Тоҳир Содиқов

1973 йил 1 июль Тошкент шаҳрида туғилган. 41 ўрта мактабни битирган.

  

Тоҳир Содиқов билан суҳбатимиз, унинг "Kelajak rekords" студиясида бўлиб ўтди.

 

- Сиз яратган деярли ҳамма қўшиқлар хит бўлади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Сири нимада? Менимча реал қарайдиган бўлсак, ишлаш керак. Кўп қўшиқлар ёзиш керак, сўнг ўтириб устида ишлаш керак. Ишлагандан кейин, санъаткорни ўзининг (кулиб) студияси бўлиши керак. Ўз студияси бўлса, албатта битта қўшиққа кўпроқ вақт ажрата олади. Ҳоҳлаган вақтида ёза олади. Кайфиятига қараб ҳамма ишларни қила олади. Бунга кўп жиддий ўйлаб кўрса бўладиган сабаблар бор. Шу сабабларга кўра, агар санъаткорни ўзининг студияси бўлса, ҳар битта қўшиққа, яхшилаб кўпроқ ёндошиб, кўпроқ уни текшириб, кўпроқ инсонларга қўйиб бериб, анализ қилиб, ўшанда қўшиқлар оммабоп бўлади. Энди иккинчиси, албатта қўшиқларнинг замонавийлигига қараш ҳам керак. Мисол учун, санъаткорлар, бир хиллари фақат ўзини стилида айтади. Замонга ҳам озгина қараш, замонавий бўлиш керак. Ҳозирги пайтда мен битта нарсани ҳаётимда анализ қилдим. Бизлар ёшлигимизда, энди ўсмир пайтларимизда мусиқага бошқача ёндошганмиз, бошқача эшитганмиз. Мисол учун, 17 ёшдан 22 ёшгача инсонни, мусиқага қараши умуман бошқача бўлади. Чунки, бунга сабаб, биринчи марта яхши кўриб қолиши, биринчи муҳаббати, ўзининг ичида кечираётган дардлари ҳаммаси шунда намаён бўлади, шунинг учун ҳам мусиқага муносабати бутунлай бошқача бўлади. Чунки, мусиқани севиб эшитишади. Бу худди шу тарафдан мухлисларга ҳам боғлиқ. Концертларга қизлар тушиб олиб, ўзини ичидаги бор дарди билан ўша ерда, мухлислик қилишади, гуллар олиб тушишади, дасхатлар ёздиришади. Расмларга тушишади, бир нималар қилишади. Ёш қизлар тўғрими? Энди одам катта бўлгандан кейин, оила, бола-чақа, у ёқ, бу ёқ, ўзининг ишлари билан овора бўлгандан кейин, мусиқага муносабат, умуман бошқача бўлади, яъни ўзгаради. Шунинг учун, санъаткорни бу катта шоубизнесда кўп туриш сирларидан биттаси, буни шогирдларга, ёш артистларга айтаман, ҳар доим аудиторияни 17 ёшдан 25 ёшгача ушлаш керак.

 

- Сиз қўшиқларингизни айнан, 17 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар учун яратасизми?

- Мен кўпинча қўшиқларимларимни, мусиқани 17 ёшдан 25 ёшгача бўлганларга ёзаман. Лекин, биз энди ёшлигимизда чиққанимиздан кейин, бизлардан олдинги мухлислар, бу бутун умригача қолиб кетади. "Ностальгия" деган нарса бор. Ёшлигини эслатади. Энди, ҳозир битта авлод ўсиб катта бўлди, мисол учун "Болалар" гуруҳига 22 йил бўлган бўлса, ўша вақтда туғилган болалар 22 ёшга тўлишди. Бизларни тенгқурларнинг болалари. Мен ўзим, мана мактабни битирганимизни 20 йиллиги бўлганда, кўп синфдошларимдан эшитдим, кўп синфдош қизлар набирали ҳам бўлишибди. Энди ўйлаяпсизми, болалари эшитадиган мусиқани, "қани болам, нимани эшитаётган экан", деб ота-оналари ҳам эшитишади. Шунинг учун, бизларда масштаб катталашган. Ҳозир бизни 17 ёшдан 40 ёшгача бўлганлар, бемалол эшитади. Шунинг учун бизлар, кимгадир айнан атаб ёзмаймиз! Лекин, замондан орқада қолмасликка ҳаракат қиламиз.

 

tohirsodiqov3_resize.jpg

 

- Масалан, сиз битта қўшиқни қанча вақт давомида ёзасиз?

- Ҳар хил. Икки йиллаб ёзган қўшиқларим ҳам бор. 2 соат ичида ёзган қўшиқларим ҳам бор. Ҳар хил бўлади. Бир хилларида илҳом келса, қўшиқ келса, сўз билан келади. Яна бир хилларида жуда ҳам сўз танлашга қийналамиз. Чунки, ҳар бир қўшиқни ўзининг характери бўлади. Энди "минор", "мажор"ни ҳамма тушунади. (тушунтириб беради) "Минор" дегани сал қайғули, "мажор" дегани шўхроқ, бошқачароқ қўшиқлар бўлади. "Мажор" қўшиқлар, кўпинча рок стилида ишлатилади, уни ҳам бошқачароқ қилса ҳам бўлади.

 

- Сиз янги қўшиқ яратганингизда, уни қандай чиққанлигини билиш учун, , биринчи бўлиб кимга қўйиб берасиз, яъни эшиттирасиз?

- Биринчи бўлиб, мен ўз болаларимга қўйиб бераман. Мана шу ердаги ошна- оғайниларимга қўйиб бераман. Мени жуда ҳам кўп дўстларим бор, шуларга қўйиб бериб, эшиттираман. Анализ қилдираман.

 

- Фарзандларингиз қайси қўшиғингизни ёқтиришади?

-  (жилмайиб) Болаларимга мени ҳамма қўшиқларим ёқади. Икки қизим, жуда ҳам ультра замонавий мусиқалар эшитишади, энди ўзбек эстрадасини эшитишмайди, (самимий кулиб) мен уларга айтиб қўйганман, эшитсаларинг фақат мени эшитасанлар, яна бизларни эски мумтоз қўшиқларни деб! Энди уларни ҳам эшитишга арзийдиганларни эшиттираман. Уларга шунақа тарбия беряпман. Мусиқа, уларнинг онгида жуда «дешовый», арзон, енгил бўлиб кетиши керак эмас! Шунинг учун, улар кўп ўзбек эстрадасидасидаги олди-қочди қўшиқларни эшитишмайди! Мени ўзим, уларга "Play-list" қилиб бераман. Компьютерида ҳам, "Ipad" да ҳам, "Iphone" да, ҳам бошқасида ҳам! Лекин, ўзлари чет эл эстрадасини жуда ҳам яхши кўриб эшитишади. Мени ўзим бўлсам, "World Music" деган нарса бор, унда бутун дунё мусиқаси бор. Шулардан эшитиб турамиз.

 

- Қизларингизга "Play-list" қилиб берганингизда, мумтоз қўшиқлардан, айнан қайси хонандаларни ижодларидан териб берасиз?

- Тўғрисини айтсам, бизларни гуруҳда Жамол ака деган одам бор. Шу инсон, 15 йилдан ортиқ мумтоз қўшиқлар бўйича, мусиқа мактабида ўқитувчилар. Шуларга айтиб, илтимос қилганман, улар жуда ҳам оғир оғир қўшиқлар эшитадилар. Лекин, ўзим ўша қўшиқларни, ким ижро этганини, номига қизиқмаганман. Энди ўзбек бўлгандан кейин, болаларни ҳам ватанпарварлик руҳида ўстириш керак. Мисол учун, эски қўшиқларни ҳам замонавий стилга тушириб, агар шуларнинг овозини микслар қилинса, жуда ҳам қийин ва жуда ҳам оғир қўшиқлар. Буларни айтиш учун, оҳҳў, шунақа овоз керак! Шунинг учун, ўзбеклигини эсдан чиқармаслиги, қаерда туғилганини, шу каби нарсаларни билишлари учун ҳам, қизларимга шундай қўшиқларни ҳам эшиттириб тураман! Бундай қўшиқларни (ўйланиб) агар ўргансам, айта оламан, лекин ҳозир бунга вақтим йўқ.

 

- Агар фарзандларингиз, келажакда сизнинг соҳангизни эгаллашмоқчи бўлишса?

- Қизларимми? Йўқ! Улар умуман, бунақа нарсага қизиқишмайди! Ўзларида қизиқиш йўқ! Уларда ҳоҳиш пайдо бўлганда ҳам, онаси тўхтатади. Чунки онаси артистларнинг иши қандай қийин бўлишини билади,  ўзи мен билан қанақа қийналиб яшаган. Гастрол сафарлари бор, доим ёлғиз ўтириб, кутавериб, мана самолётдан учиб келади деб, юрагини ҳовучлаб, ҳозир у ердан келади, ҳозир бу ердан келади деб! Ўзи менга, "болаларимизнинг биттаси ҳам артист бўлмайди", деб айтган. Мен ҳам,  "тўппа-тўғри", деб айтганман! (кулади) Ўғлим Арслонбек, майда энди 7 ёшга тўлади, ҳали кўрамиз! У ҳам катта бўлса, ўзи танлайди.

 

- Кўпчилик санъаткорлар фарзандларини клипларида суратга туширишади. Сизда ҳам шундай ҳоҳиш бўлмаганми?

- Кичкиналикларида бир марта туширган эдим. Ҳозир унчалик эсимда йўқ, янги йилга тайёргарланган эди, уни энди клип деса ҳам, кино деса ҳам  бўлади, оилавий нарса эди!

 

tohirsodiqov4_resize.jpg

 

- Ҳозирги кунда қўшиқларингизга видеоклиплар  суратга олдира бошладингиз. Илгари адашмасам, ижодингизда, клипларга унчалик аҳамият берилмасди.

- Ҳозир чунки, яхшироқ клипмейкерлар  чиқишни бошлашди. Бунга замонавий қараладиган бўлди. Бассейнни ёнига рубоб билан турғазиб қўядиган нарсалар йўқ бўлди! Замонавийлашдик. Яхши-яхши техникалар келди. Мисол учун, у нарсани қўйиб, кимгадир кўрсатиш керак бўладиган бўлса, Москвада ҳам, Дубайда ҳам, Америкада ҳам уялиш керак эмас, тушуняпсизми? Шунинг учун, шундай яхши техникалар, профессионаллик, бизда албатта бўлиши керак эди. Мана худо ҳоҳласа, бўлди шу. Шунинг учун, секин-секин клиплар суратга олишни бошладик. Олдин бу нарсалар йўқ эди, шунинг учун клип олдирмасдик.

 

- Демак, сиз учун биринчи ўринда сифат?

- Албатта!

 

- Ўтган йили ҳам "Лазер шоу" ўтказган эдингиз. Бу йилги янги "Лазер шоу"ни ўтган йилгисидан фарқи?

- Икки маротаба кучлироқ бўлади! Мен биламанки, "Лазер шоу" ҳали Ўзбекистонда бўлмаган эди, олдинги йил ҳам! Чунки, жуда ҳам қимматбаҳо лазер асбоб-ускуналари, жиҳозлар, Россиядан олиб келиняпти! Концертга тушганлар, 2012 йилда ўтиришганлигини сезишади! Фақат шуни айта оламан!

 

tohirsodiqov1_resize.jpg

 

- Концертда жонли қўшиқлар бўладими?

- Жонли ижро ҳам, фонограмма ҳам бўлади. Бу шоу! Жонли ижро айтиш учун, "Лазер шоу", бир-бирига сал тўғри келмайдиган нарса-де. Бизда "Лазер шоу" бўлаётгани учун кўпроқ, "темповой" қўшиқлар бўлади. Концертда 90 йиллар дискотекасидан тортиб, 2012 йил дискотекасигача тақдим этамиз!

 

- Қандай янгиликлар бўлади?

- (Кулиб) Айтмайман! Албатта, бу одамларни қизиқтирадиган мавзу, чунки ҳозир айтиб қўйсам, "а шунақа бўларкан", деб қўя қолишлари мумкин. Лекин, олдинги йилникидан бошқача бўлади! Жуда кўп янги қўшиқлар ёздик. Концерт олдидан ҳаракат қиляпмиз! Томошабинларни концертга таклиф қиламиз, келишсин, зўр концерт кўришсин! Бу шоу, уларнинг шоуси! Замонавий шоу! Келишсин, кўришсин, биз билан бирга дам олишсин! Мухлисларимизга ҳисобот концертимиз! Бу, биз ҳали ҳам бормиз, дегани!

 

- Кунига қанча вақтингизни ижодга, қанча вақтингизни оилага ажратасиз?

- Мен уйга фақат ухлашга бораман. Қолган вақт, фақат, концерт, мусиқа, ижод биланман! Ҳозир ухлаб ўтирадиган, уйда ўтирадиган пайт эмас! Ҳозир қанча пайт ишласангиз, одамни қанча энергияси, ўзининг карьерасига етса, шунча ишлатиш керак! Чунки, мен ўйлашимча, ёшимиз энди 17 ёш эмас, "ҳали вақт бор" дейишга, бизга кеч. Бу мени ўзимни севган мушғулотим, ишим, бизнесим, ҳамма нарсам, десам ҳам бўлади. Мусиқа мен учун ҳамма нарсам. Мен бор кучимни шунга бераман. Шу сабаб, эрталаб соат 9.00 дан кечқурун 23.00 гача фақат мусиқа, концерт ишлари билан бандман.

 

tohirsodiqovdobavka14.jpg

 

- Демак, ижод ҳаётингиз мазмуни экан-да?

- Ижод фақат ҳаётим мазмуни. Оилам эса, менинг ижодим. Барибир оиламга боғлиқ.

 

- Ўзингиз ўзингизга четдан назар солганда, ўзингизни нима деб танқид қилишингиз мумкин?

- Мен гитара чалишни биламан, қўшиқ ёзишни биламан. Кўпларга ўхшаб, бастакорларга бориб, "қўшиқ ёзиб беринг, қачон вақтингиз бўлса", деб кутиб ўтирадиган бола эмасман. Мен ёзавераман, ўзим қўшиқ, шеър ёзаман, аранжеровка қиламан. Менга ҳеч ким керак эмас.

 

- Нечта қўшиғингизни, шеъри ва мусиқаси ўзингизники?

- 300 таси, ҳаммаси. Мен умуман қўшиқни бировдан олиб айта олмайман. Чунки, яхши чиқмайди. Одам ўзи ёзса, ўзи ҳис қилиб ёзса, фақат ўшанда қўшиқ яхши чиқади, менимча. Энди, бу ҳам битта сири. Мисол учун, нечта қўшиқчиларни биламан, аранжеровкачиларни кутишади. Мен эса ҳеч қачон бастакорларни ҳам, аранжеровкачиларни ҳам кутиб ўтирмаганман. Мен қўшиқларимни ўзим ёзаман. Тошкентда 10 тача аренжеровкачи бор. Шуларга айтмоқчиман, "барака топгур, ўзинг қўшиқ ёзяпсанми, шуни ўзинг айтгин! (кулиб) Ўзинг айтгин, артистлар камайсин", дейман-де, ўшанда яхши бўлади. (кулади) Ўзи ёзган одам, ўзи ҳис қилиб, ўша қўшиқни яхши айта олади. Ўша аранжеровкачилар жуда ҳам маҳоратли, билимли, улар эса, фақат ёзиб, бошқаларга беришади. Балки, ўзига эп кўрмас, балки осондир тез-тез ёзади ва беради, фарқи нима? Сотиб, пул ишлаяпти, ҳаммаси яхши, севган машғулоти билан шуғулланяпти. Тўғри, бу нарсани ҳам қилиш керак. Лекин, мен айтардимки, шуларни ўзи ёзиб айтса, бор-ку, манаман дегандан, ўзи яхшироқ айтарди. Агар инсонни ўзи айтса, ўзи тушуниб, қаери қандай, қаерида қандай авж бўлишини ўзи сезади. Ўшанда қўшиқ ҳам яхши чиқади, эшитувчи томошабинга вақтида яхши етиб боради.

 

tohirsodiqovdobavka11.jpg

 

- Характерингиздаги ўзингизга ёқмайдиган жиҳатингиз ва аксинча ёқадиган жиҳатингиз?

-  (кулиб) Бир хилларида кўп ойлик тўлаб юбораман-де одамларга. Жиддий айтяпман, кўп ойлик тўлаб юбораман. (кулади) Бир хилларида кўп ойлик тўлаганим ёқмайди, бир хилларида бўлса, ўзимга ёқади! Кейин "раҳмат" деб кетишади-ку, ўшанда ёқади! Кейин ҳаётда раҳмдилман, жуда ҳам. Бу кўпинча менга панд беради. Раҳмим келади, бир хилда кечириб бўлмайдиган нарсаларни ҳам кечириб юбораман. Кўпинча ёшларда шунақа-де. Энди ёшлик қилибди, деб кечириб юбораверамиз. Бу эса, яхши эмас.

 

- Ўзингизни характерингиздаги ёмон жиҳатим қайси, деб ўйлайсиз?

- Кўпчилик жойда чиқиша олмайман! Мен ҳақиқатни одамни юзига айтаман! Шу жиҳатларим баъзида панд беради.

 

- Энг қаттиқ панд берган пайти бўлганми?

- Ҳа, кўпинча қанақадир нарсага умид қиласиз-да, бошқа биров илиб кетади. Менга энг ёқмайдиган нарса, бу таққослашлари! Таққослаш! Қандай қилиб таққослаш мумкин? Энди чиққан бирор хонандани, бизни даражагача чиқариб, таққослашса? Ахир бундай қилиб бўлмайди. Ижодда ҳеч ким билан, ҳеч кимни таққослаш керак эмас. Ҳамма нарса реал бўлиши керак.

 

tohirsodiqovdobavka17.jpg

 

- Сизни нима учундир жуда ҳам жаҳлдор дейишади. Аслида-чи?

- (самимий) Энди ҳар битта инсонни ўзига яраша жаҳли бўлади! Мени ростдан ҳам жаҳлим ёмон. (ўйланиб) Кўп нарсага унақа жаҳлим чиқавермайди, лекин чиқса, асосли ва аниқ чиқади! Аниқ сабаб бўлиши керак, бекорга бўлмайди. Мен жаҳлим тез, дея олмайман. Мисол учун, "эй, майли" ҳам деб қўявераман. Одам психилог бўлиши керак, назаримда. (кулиб) Умуман, жаҳлим йўқ деса ҳам бўлади. Баъзида асабийлашаман, битта ёниб, битта ўчади.

 

- Биринчи муҳаббатингизни эслай оласизми?

- Биринчи муҳаббатим... Тўғрисини айтсам, бору, ёшлигимдан, унақа севиб қолиб, бошқа қилиб, боғларда, ўриндиқларда ўтиришади-ку, шунақа бола бўлмаганман! Биз мактабни битиришимиз билан "Болалар" бўлганмиз. Бизнинг ёшлигимиз гастролларда ўтиб кетган! Биринчи марта севиб қолишлар, кафеда музқаймоқ еб ўтиришлар, буларга мени вақтим бўлмаган! Чунки, мен ёшлигимдан таниқли бўлганман, шунинг учун бундай нарсаларга вақтим йўқ эди. Мен, (кулиб) ўзимни ўзим яхши кўрганман! Энди, ёшлигимизда "юлдузлик касаллиги" бўлган. Қизлар кўп эди. (кулади) Мени эса, биринчи муҳаббатим, (кулиб) мана ҳозир уйимда! Бошқаси, жиддий эмас! Қандай танишганимизга келсак, Наполеоннинг бир гапи бор: "пришёл, увидел, победил" ("келдим, кўрдим, енгдим")! Битта кўргандаги муҳаббат, ўзи бошқача бўлмайди! Рафиқамни, битта кўрганда, "мен мана шу қизга уйланаман" деганман, бўлди, уйланганман!

 

tohirsodiqovdobavka13.jpg

 

- Ҳаётда ва ижодда сизни бирор нарса қўрқитадими?

- Албатта! Мен "сверх-человек, терминатор"ман деётганим йўқ! Албатта, қўрқитади, мисол учун, неча йил қолди экан? Мана бу эстрадада юриш, халқ орасида, халққа хизмат қилиш, ҳамма таниса, кўп эшиклар ўзидан ўзи очилса, албаттта, бу ҳар қандай одамга ёқади, тўғрими? Одам шу нарсалардан кўпроқ фойдалангиси келади. Барибир ҳам ёш ўтяпти, лекин ҳали енгилиш ниятимиз йўқ, ҳаракат қилиняпти. Демак, ҳамма нарса яна соғлом турмуш тарзига, ҳаракатга боғлиқ, бу дегани ичиш керак эмас, спорт билан шуғулланиш керак, ҳар куни ижод қилиш керак. Саҳнада кўп қолмоқчи бўлса, шунақа ишлар қилиши керак, деб ўйлайман. Шу нарса қўрқитади ҳам.

 

- Фарзандларни эркалатиш, бу сўз сизга қанчалик яқин?

- (кулади) Фарзандларимни роса эркалатаман. Қайси ота-она фарзандини эркалатмайди? Эркалатаману, лекин бу ёқдан барибир ўзимни ёшлигимни эслаб, тақққослаб, "мана бунақа-бунақа бўлган" деб, ақл ўргатишга ҳаракат қиламан. Анализ қиламан, "қани сен мана бу вазиятда нима қилган бўлардинг? Мана бунақа қилармидинг?" деб, саволлар бераман. Мана ҳозир, шароитлар яхши, болаларимиз бекаму кўст. Ўзбекистон мустақил бўлгач, кескин, яхшиликка ўзгаришлар бўлди. Бу дегани, яхши концерт заллари бўлди, концертлар кўпайди, албатта, бундан кейин санъаткорнинг даромади ҳам ошди. Болаларимизга мисол учун, яхши кийим-кечаклар, телефонлар, компьютерлар олиб бера оламиз. Бу нарсалар, бизнинг болалик вақтимизда бўлмаган. Уларнинг нарсаси кўп бўлганлиги сабабли, уларга нисбатан талаб ҳам кўп бўлади. Мисол учун, болаларимнинг ҳаммаси яхши ўқишади. "4" ёки "3" баҳо олиб қолса, (кулисираб) трагедия! Аниқ айтаман, онаси бу нарсалар учун яхшилаб қарайди. Энди, қиз бола, ўзбекмиз, яхши ва қаттиқ ушлаш керак, назаримда. Ўзимиз кўча-куйда юрамиз, ҳамма нарсани биламиз. (кулиб) Тарбияни қўлдан келганча, "эски шаҳар" вариантида олиб боришга ҳаракат қиламиз.

- Концертларингиз ҳамиша аншлаг бўлади, лекин концертларингизда, саҳна костюмлари масаласига эътибор қаратмайсиз? Бу билан томошабинлар, мухлислар шу кўринишда ҳам қабул қиладилар демоқчимисиз, ёки бу сиз учун ўзига хос имиджми?

- (ўйланиб) Албатта, бу имидж! Мисол учун, тўғрисини айтсам, мени кийимга умуман, эътиборим йўқ! Иложи бўлса, (эгнига ишора қилиб) мана шундоқ чиқиб ҳам, қўшиқ айта оламан. Чунки, мен (самимий) санъатимга ишонаман! Шундоқ, гитарамни оламану, қўшиқ айтаман, залда тингловчилар топилади. Энди, унақа кийимларни кийиб олиб, ўзи битта нарсани ҳам билмаса, нима кераги бор унақа шоуни? Тўғри тушунинг, энди мисол учун, ўғил болаларда, унақа нарса йўқ. Албатта, қизларда бошқа гап, қизлар кийиниши керак! Мен, халқдан ажралиб тургим келмайди! Битта шу тарафим ҳам бор. Энди, 55 марта кийим алмаштириб чиқиб, 4 марта қўшиқ айтгандан нима фойда, вақт кетказиб?  Мен яхшиси, битта кийимда тураман-да, томошабинлар, мухлисларимизга кўпроқ қўшиқ айтиб бераман! Ўша олдин чиққан вақтимда ҳам, шундоқ чиқардик, яхши кўришиб, қўшиғимизни эшитишарди.  Мисол учун, тўғри саҳна учун кийиниш керак, саҳна образи бўлиши керак, лекин, менда кўпинча спорт услубида кўпинча, жинси билан қанақадир свитер кийиб чиқиш, бу саҳна кийими эмас, дейсизлар. Лекин, мен кўряпман, "Х фактор", "МТV" бўляпти, у ёқда одамларнинг кийинишига қараб, шуларга қараб кийинаман. Билмадим, бу ерни форматига тушмаслиги мумкин. Лекин, чет элда, масалан, Францияда, Италияда бўлдик, ҳеч ким келиб, "кийимингиз сал бунақароқ экан" демади! Энди, мени тўғри тушунишсин, мен гулли, тошлар қадалган костюмлар кия олмайман!

 

- Фан-клубингиз борми? Бор бўлса, унда мухлисларингиз йиғилишларига қатнашиб турасизми?

- Бор. Лекин, мен  "Twitter", "Оdnoklassniki.ru", "Mail.ru", "Facebook" да рўйхатдан ўтганман ва шулар орқали мухлислар билан ёзишаман.

 

- Ҳаммасига ўзингиз жавоб ёзасизми? Улгурасизми?

- Асосан ўзим ёзаман. Лекин, администраторим ҳам бор. Масалан, тўй, концертларга чиққанда, бироз вақтим бўлмайди-ку. Сайтим www. bolalarmusic.uz  ҳам доим ишлаб туриши керак, информация йиғилиши керак. Шунинг учун, администратор ўтиради.

 

- Лекин, баъзилар атайлаб, рейтингини ушлаб туриш учунми, фан-клубидагилар билан йиғилишлар ўтказишади.

- Бу ишни бунга вақти борлар қилади. Мен мухлисларим билан концертимга келишса, учрашамиз! Қолган вақт, интернет орқали мулоқот.

 

- Оилангизда доимий давом этиб келаётган, сиз ҳеч қачон қолдирмайдиган бир анъана борми?

-Ҳар йили, ёз пайтлари, оила аъзоларимни дам олишга олиб кетаман. Шу анъана бизда.

 

- 22 йил аввалги Тоҳир Содиқов билан, бугунги Тоҳир Содиқовни ҳеч ёнма-ён қўйсангиз, хаёлингизга нималар келади? 

-  (ўйланиб, жилмайиб) Сал сочига оқ тушган, бўлди!

 

- Тўғрисини айтганда, ўша биринчи чиққан вақтларингиздан, ташқи кўринишингиз унчалик ўзгармаган. Бунинг сири нимада, спорт билан шуғулланасизми ёки бирор диета сақлайсизми?

- (кулиб) Буниси сир! (ҳазил билан) Бизда ёшлик элексири бор.

 

- Агар ҳаётингизни ортга қайтаришнинг имкони бўлса, қайси қилган ишингизни қилмаган бўлардингиз?

- Ҳеч қачон сигарета чекмаган бўлардим, бир қултум ҳам спиртли ичимлик ичмаган бўлардим. Инглиз тилини ўрганган бўлардим. (эслаб) Ўқитувчиларим "кир, ўқигин, кейин афсусланиб юрасан" дейишарди. Ўрганардим, бундан ҳам кўпроқ шуғулланган бўлардим. Мисол учун, аввал 8 соат шуғулланган бўлсам, энди 25 соат шуғулланган бўлардим. Бундан ҳам, зўр бўлган бўлардим. Шу даражага етдик, агар ўша пайтда шунақа ишлаганимизда, бундан кўпроқ даражага эришган бўлардик. Жаҳон миқёсига чиққан бўлардик.

 

- Дунё қўшиқларидан қайси қўшиқни куйлашни орзу қиласиз, ёки куйламоқчисиз?

- Мен жуда ҳам кўп қўшиқларни яхши кўраман! Айниқса, рокн-ролл услубидаги, ҳозирги янги чиқаётганларни, мен умуман мусиқани яхши кўраман! Кўп қўшиқларни айтгим келарди. Жуда ҳам чиройли қўшиқлар кўп. Улардан ҳали айтмадим. Лекин, Фрэнк Синатранинг қўшиқларини айтган бўлардим. Майкл Жексоннинг қўшиқлари бор.

 

- Тўлиқ бахт учун инсонга нима етишмайди деб ўйлайсиз?

- Тўғрисини айтганда, шукур қилиб яшаш керак, назаримда. Ҳамма нарса ҳаракатда. Мен тақдир шу экан, деб ўтирмайман. Ишлаб ҳаракат қилса, сендан ҳаракат, мендан баракат, деган мақоллар бор. Инсон ҳаракат қилса, ҳамма нарсага эришса бўлади. Масалан, одамлар таққослашиб, "мана шунда шу нарса бор", деб гапиришади. Демак, ўша бола ўқиган, ишлаган, ҳаракат қилган ва шунинг учун ўша нарса унда бўлган. У ҳам, инсон, биз каби, ҳаракат қилса бўлади.

 

- Сиз қайси ишга вақтимни беҳуда сарфлаганман деб ўйлайсиз?

- Энди, кўп бўлган унақа нарсалар. Ўзи ҳеч нарса беҳуда сарфланмайди, менимча. Ҳамма нарсадан унумли фойдалана олган одам, ўша онгли, фикрлашга қобилиятли инсон. Ҳамма нарсадан рациональ фойдаланиш керак. Вақтдан ҳам, умуман ҳамма нарсадан. Мен ҳамма нарсадан, вақтдан ҳам рациональ фойдаланишга ҳаракат қиламан.

 

- Негадир фильмларда суратга тушмай қўйдингиз?

- Тўғрисини айтсам, мен киноактёр эмасман! Мен киноактёр бўлишим учун, менга яхши маблағ тўланиши керак, қолаверса, актёрлик жуда ҳам қийин иш экан! Мен 2 та фильмда суратга тушдим, жуда ҳам қийин! Қанақадир баҳолашлар, бир ойдан кўпроқ вақт суратга олиш жараёнлари, кейин у фильм яхши чиқадими, йўқми, у сизни ҳозирги туришингизга обрў келтирадими, ё обрўйингизнинг озгинасини йўқотадими? Шунақа жойлари бор. "Эй ўйнай олмабди, бўлмабди" деган гаплар, бу ёмон нарса. Ҳар битта одам, ўзини ишини қилиши керак.

 

- Яна кинодан таклиф бўлса, рози бўлармидингиз?

- Мен унақа режиссёрларга ишонавермайман.

 

- Продюсерлик маркази ташкил қилиш ниятингиз борми?

- Продюсерлик маркази, бизнинг мана шу "Kelajak rekords" студияси бўлади. Мен мутлақ талантлиларни оламан. Чунки, ҳозир вақт жуда ҳам тез. Олдин вақт бўлган, одамлар ўрганиб олишган. Бизда унақа нарса бўлмайди. Бизга керакли нарса ҳозир, билимли бўлиши керак. Мусиқани жуда ҳам яхши кўриши, севиши керак. Умуман, ошна-оғайни, муҳаббати, бошқа нарсаларни қўйиб туриб, биринчи навбатда иш, ишласа, ҳаракат қилса, бизнинг "протеже"га  айланиши мумкин. Ҳозир вақт тезлашиб кетган! Олдин, масалан мобил телефонлари йўқ эди, ҳамма нарса секин-секин эди. Ҳозир-чи, мисол учун, бирор нарсани оламан, деб шундай ўгирилиб қарасангиз, биттаси илиб кетган бўлади. Шунинг учун, тез ҳаракат қилиш керак! Шунинг учун, мени, гитара чалиш ва бошқа нарсаларни бошидан ўргатишга вақтим йўқ. Мен узоқдан туриб, мана бу "аккорд" десам, дарҳол билиб, қилиши керак.

 

- Кўплаб шогирдларингиз бор. Улар ҳақида, уларнинг ичидан ажралиб турадиганлари, ижоди энг маъқул бўлганлари...

- Ҳа, уларнинг ҳаммаси бир хил. Шогирдларнинг ижоди қандай қилиб устозга маъқул бўлади? Барибир камчилиги бор.

 

- Шогирдларингиз ичида "Божалар" гуруҳини энг кўзга ташлангани, дейишади.

-Энди, улар энг "продвинутый" бўлиб кетишди. Лекин, мен уларнинг мухлиси эмасман. Яхши кўриб, қўшиғини эшита олмайман. Тўғриси, стил бу, клиплар, яхши кайфият!

 

- Омад сиз учун нима?

- Омад яхши дўстларга эга бўлиш, яхши соғлом фарзандлар кўриш, албатта яхши умр йўлдоши бўлиши, омад. Яхши ҳамфикрларнинг бўлиши. 

 

- Гуруҳингиз 22 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Бунинг сири нимада? Мана ҳозир ҳам турли гуруҳлар тузилмоқда. Лекин, кўпинча тарқалиб кетишади, фаолияти узоққа бормаяпти. Сабабини эса, қийинчилик деб оқлашади. Лекин, сизларда ҳам, қийинчиликлар бўлган бўлса керак?

- Қийинчиликлар бизда бўлган-да! Ҳозир биттаси, аппаратура кўтариб, светлар ўрнатиб, ток уриб, шунақалар бўлганми? Қайси гуруҳ ҳозир аппаратура кўтариб, 800 кишилик қишлоқларга бориб, концертлар беришган? Яна очиқ жойларда, биринчи сигирлар бундоқ ўтлаб юради-да, ундан кейин концерт бўладиган жойларда! Ўша жойларга борганми, машиналарда ағдарилиб кетиб, концерт беришга борганида, бензин йўқ вақти, бензинларни бочкага солиб, уни автобусга жойлаб, орқага қайтиш учун, ичкарида ёниб кетай деб, аварияларга учраб, шунақа қийинчиликларга дуч келганми? Қийинчилик эмиш. Қийинчиликни биз кўрганмиз. Аппаратурага, юк кўтарадиган юкчи йўқ! Ҳаммамиз бақувват болалармиз, ҳам спорт, автобусдан 3-4 киши нарсаларни олиб, тез қўямиз, яна бориб, умивальникда, совуқ сувда, қўлларни кир совунда ювиб, яна ювиниб, кийимларни алмаштириб, саҳнага чиқиш, микрофонларни ўзинг созлаб, гитараларни шнурларини ўзинг қил! Улар шу ишларни қилганми? Олдин тўйлар, шундоқ кўп қаватли уйларнинг тагида бўларди, ҳовлиларда бўларди. Бировларникига бориб, айтиб, шунақалар бўлганми? Олдинги пайтда қандай бўлган? Артистларга умуман муносабат бошқача бўларди. Ҳар хил гаплар гапиришарди, жиддий қабул қилишмасди. Ҳозир эса, обрўли, телевизорга чиқса, қизлар ҳам яхши кўрган, ҳамма ҳурмат қилган. Олдин унақа эмас эди! (кулиб) Шундай нарсаларга чидаб ўтиш керак! Гуруҳ муваффақиятининг сири шунда! Шу каби нарсаларга муносиб чидаш керак! Ўйлашадики, болалар осонгина кўтарилганми? Йўқ! Нимага? Масалан, аввария бўлганман, 2-3 йил умуман қўшиқ айтмаганман. Лекин, ёзганман, ҳаракат қилганман. Бир мартада "удар" қилиб, бериш учун! Албатта, "падение", "взлёт"лар бўлади, ижодда! Масалан, мени оёғим синганида, анчагина гуруҳлар чиқиб кетган. Ўшанда, қанақадир, ўшаларнинг мухлислари томонидан, "Бўлди, Тоҳирни оёғи синди, бошқа қўшиқ айтмайди" деган гапларни ҳам эшитганман. Шундай нарсалар бўлган! Мен ўшанда ёриб чиқиб, шоубизнесда ўз "лазейкам"ни очганман. Кўпларга ўргатганман. Илгари, унақа шоулар йўқ эди. фақат "Болалар шоу" бўлган. Кўп артистлар ўша ердан чиққан.

 

- Ҳар йили 25 майда концерт берардингиз. Бу ўша пайтлар анъана бўлиб қолган эди. Энди эса нафақат, фасл балки, саналар ҳам ўзгарган.

- Энди, кўряпсиз-ку, биз танлаган саналар, аста-секин бошқа одамларга ўтиб кетди. Айтяпман-ку, бу вақт тезлиги, бу ёққа қарагунингизча, ўша кун банд бўлиб, қоляпти. Бизда энг катта концерт саройи, битта Истиқлол бўлса, бошқалар қаерга бориб концерт беради? Илгари, "Алпомиш" (Юбилейный) бор эди. Менга ўша ер маъқул эди. Кейин у ер бозорга айлантирилди. Ҳозир ўша ерни ижарага олиб, концерт бераман десангиз, ҳаммаёқ мармар, ҳаммомга ўхшайди. Овоз, концертга мўлжалланмаган ва мослаштирилган жой эмас! Шунинг учун, у ерда концерт бериб бўлмайди. "Истиқлол" санъат саройига бориб, "мана шу числони берасизми, десангиз", олиб бўлишган бўлади. Нима қиласиз? Шу тарзда ўзгариб кетди.

 

- Ижодингизни бошлаган вақтлар кимгадир тақлид қилганмисиз?

- Тақлид қилмаганмиз! Лекин, биринчи бошида, "Ласковый май"нинг стилида ишлаганмиз. 

 

- Ўзингиз машҳурсиз, лекин ўзингиз кимларгадир мухлисмисиз?

- Мен жуда ҳам кўпларнинг мухлисиман. Менга роса кўп санъаткорлар ёқади, асосан дунё миқёсидаги. Масалан, Бруно Марс, Селена Гомес, Майли Сайрус, Кристина Агилера, "Аэросмит"... жуда ҳам кўп.

 

- Концертингиз 9,10,11 март кунлари бўлиб ўтади. Ундан олдин эса, 8 март, аёллар байрами. Айтинг-чи, сиз ўзингиз, аёл кишига энг яхши совға нима, деб ўйлайсиз?

- (ўйланиб, кулиб) Мен энди ўзимдан келиб чиқадиган бўлсам, тўғрисини айтсам, аёлларни кийинишига ҳам, бўянишига ҳам, тақадиган тақинчоғи, киядиган туфлиси, этиги, хуллас, ҳозир модадагисидан, мода бўлмагани, оддий, ҳеч ким киймайдиганини ажрата олмайман! Масалан, ўша нарсалар магазинда турганда, тушунмайман. Фақат, кийинганда, ўша нарса яхшилигини биламан. Шу сабабли, ўзимнинг ҳаётимдаги ҳамма аёлларга маблағ, яъни пул совға қиламан. Ўзига керакли нарсани сотиб олсин деб! Тўғриси! Энди албатта, (кулиб) ёзиб беришади. Мана шуни совға қилинг, дейишса, (кулиб) қизларим айтишади, онам айтадилар, опаларим айтишади, хотиним айтади, "мана бу, мана бу нарсани олиб беринг" дейишади. Олиб бераман, бўлди. Энг яхши совға, ўша бўлади, назаримда. Одамга керакли нарсани билсангиз, "вой, ичимсиз-де" деб, яхшироқ қабул қилади. Мисол учун, кўчада ёмғир, қор ёғиб турибди. Сизга биттаси, "мана зонтик, совға" деса, шу бошқача бўлади, тўғрими? Ўша нарса керакли, айни ўша пайтда, тўғрими? Одамга ўша керакли нарса, ёқади, деб ўйлайман.

 

- Сизга яна дуэт айтиш таклифи тушса, нимасига аҳамият берасиз?

- Даражасига (уровенга), кейин қўшиқ айтишни яхши билиши керак! Дейлик, ҳозир мингталаб ёш хонандалар, қизлар чиқишяпти, ўшалар "бирга қўшиқ айтамиз" дейишса, менга нега керак? Бу нарса, уларга керак, тўғрими? Бўлди, менга керак эмас! Замонавий шоу бизнесда "раскрутка" дейди.  

 

- Ҳаётдаги шиорингиз?

- (ўйланиб) Ҳаёт бу, ўзининг ҳар хил йўллари билан, яхши жойлари билан, чиройи, меҳри, шавқатсизлиги билан, тўғри ва нотўғриликлари билан, ҳаммаси билан бирга ҳаёт, демакдир. Шуни тушуниб етиш ва шунга қарамасдан ҳаракат қилиш керак! Менинг шиорим, енгилмаслик, таслим бўлмаслик!

 

- Асосий иш приципингиз нималардан иборат?

- Битта ишни бошладимми, албатта охиригача етказиш! Битта ишни қилмай туриб, иккинчисига, учинчисига уриладиган одам эмасман!

 

- Айни пайтда, ҳаётингиздаги бирор нарсани ўчириб ташлаган бўлармидингиз?

- Мен ҳаётда реалистман! Ҳеч нарсани ўчириб ташлаб бўлмайди, ҳеч қачон. Шу нарса бўлдими, бўлди! Ҳаётингиз давомида яхши кунлар бўлган, ёмон кунлар бўлган, ачинарли ҳоллар, нотўғрилик, хиёнат, бошқа нарсалар. Буларни қандай қилиб ўчириб ташлаш мумкин? Ўчириб ташлай олмайсиз! Одам шулардан чиниқади, шу нарсаларни билиб, шулардан кучаяди. Мен ҳаётимдан, ҳеч нарсани ўчириб ташламаган бўлардим. Ҳаммаси, жой-жойида тураверсин, секудигача ҳаммаси, тўппа-тўғри! Демак, шунақа бўлиши керак экан! Баъзида ҳаракат қилганмиз ўзгартиришга, лекин бўлмагандан кейин нима қиламиз? Яна бошқа йўллари қидирилади.

 

tohirsodiqovdobavka12_resize.jpg

 

- Энг биринчи устозингиз?

- Мени устозларим кўп, масалан, бокс бўйича тренерим бор. У ҳам устоз, ўқитувчиларим бор, улар ҳам устоз! Мактабдаги ҳамма фан ўқитувчиларим ҳам устозларим. Мусиқа бўйича, Руслан Шарипов, Даврон ака Ғойипов, ҳамма мендан олдинги чиққан санъаткорлар, мен учун устоз!

 

- Илк муваффақиятли қўшиғингиз?

- "Болалар"нинг ижодий тарихи бўйича, илк муваффақиятли қўшиқ бу, "Оҳ, мени Маликам" билан, "Болалар" қўшиғимиз!

 

- Бокс билан қанчадан бери шуғулланасиз?

- 8 йил. Фақат ютганман. Жиддий боксчиман. 

 

- Ҳаётда кимнидир қаттиқ хафа қилганмисиз?

- (ўйланиб) Афсуски, кўп бўлиб туради. Лекин, ҳеч кимни сабабсиз, хафа қилмайман!

 

- Қайси сўзни кўп такрор айтасиз?

- (кулиб) Да!

 

- Яхши кўрган фильмингиз?

- (кулиб) Кўп. Масалан, "Шум бола", "Келинлар қўзғолони"ни яхши кўраман. Эски ўзбек киноларини, прикол фильмларни, комедик фильмларни ва албатта, жаҳон бестселлерларини яхши кўраман.

 

- Қайси актёрларнинг ижоди қизиқтиради?

- Аль Пачино, Роберт де Ниро, ўз ролларини жиддий ижро этишади.

 

- Дейлик, ҳаётингиздан олиб фильм яратса?

- Трагик комедия бўлади.

 

tohirsodiqovdobavka15.jpg

 

-Хорижда кўп бўлгансиз. Хорижда бўлган вақтингизда, ҳеч, Ўзбекистонлик эканлигингиздан фахрланган вақтингиз бўлганми?

- (эслаб) Украинада Симферополь шаҳрига, концерт беришга борганмиз. Уруш вақтида, репрессияда қрим татар халқини, Ўрта Осиёга жўнатишган экан. Кўплари Ўзбекистон ҳудудида, Андижон, Тошкент, ҳаммаёққа юборилган. Ёш болалар, аёллар, эркаклар, кексалар. Бизни халқ, уларнинг барчасини қабул қилган экан. Неча минглаб одамлар, кўчирилганда, бизни халқ уларга нон бериб, бошпана бериб, ўшалар билан ака-укадек яшаб, қариндош ҳам бўлиб кетишган экан. Шу сабабли, Семферополда ўзбекларга мемориал ёдгорлик (памятник) қўйишган экан. Одамгарчилиги учун! (алоҳида таъкидлаб) "За человечность" мемориал памятник! Университетнинг ёнида! Менга бу ҳақида, ўша университетнинг профессорларидан бири, гапириб берди. Ўзи ҳам шу Ўзбекистондан чиққан, болалари ҳам шу ерда туғилишган, лекин ҳозир ўзининг она юртига кўчиб кетган экан. Ўша ерда, ўзбекларга қурилган бу ёдгорликни кўриб, ўша ерда ғурурланиб кетдим! Битта ўзбеклар бу нарсани "за человечность" одамгарчилиги учун олган экан! Бизни халқимизнинг урф-одатлари, катталарни ҳурмат қилиш, бошқа халқларга, ҳеч кимга озор бермаслик, "ассалому алайкум" дейишлари, меҳмондўстлик, овқатни зўр пиширишлари, бошқа ҳеч қайси халқда йўқ! Мен нечта давлатда бўлган бўлсам, ҳаммасида ўзбек ресторани бор. Парижда ҳам, Римда ҳам бор, Американи-ку, қўяверасиз, ярми ўзбек ошхонаси. Бунақа ширин таомлар пиширадиган, одамгарчилиги зўр, катталарни ҳурмат қиладиган халқ, ҳеч қаерда йўқ, назаримда.

 

- "Юлдузлик касаллиги" сизга қанчалик яқин ва қанчалик узоқ?

- (кулиб) "Юлдузлик касаллиги"га дучор бўлганман. Энди, албатта 17 ёшда пул бор, ўша давр пулида, ҳар бир концертдан 25 сўмдан олардик. (кулиб) Мактабга 20 тийин беришарди, энди катта синф бўлганингиздан кейин 1 сўм, 50 тийин беришарди. Сиз бўлса, ҳар концертдан 25 сўм, дейлик ойига 100 сўм олсангиз, мактаб даврининг ўзида шундай бўлса, қанақа бўлади? Пулингиз бор, ҳар қандай ресторанга кира олсангиз, машина бор, зўр кийимлар бор. Масалан, у пайтда жинси шимлар, 200 сўмдан футболкалар олиб кийишни, ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармасди, албатта, биз ажралиб турардик-да. (кулиб) Ҳам машҳурлик, қаерга борсангиз, "вой, ану Болалар-ку" деб, яхши кутиб олишса! Тўрига ўтказиб, ҳамманинг муомаласи чиройли, зўр бўлгандан кейин, албатта, ҳар қандай инсонда "юлдузлик касаллиги" бўлиб кетади!  Ўша "касаллик" менда биттада йўқ бўлган! Сабаби, 1993 йилда мени машина уриб кетган, оёғим синган. Касалхонада 45 кун, қимирламасдан  ётганман. Ўшанда, мен ўзим учун, "бир" деганда, ҳамма нарса йўқ бўлиб қолишини билганман!  Шундай ойнага қараяпман, қор ёғяпти, бошимни кўтариб қарасам, пастда бир қиз билан бола, қорбўрон ўйнашяпти. Роса аламим чиққан. Сакраб, сальтолар қилиб юрган бола, ётиб қолганман. Ўшанда "юлдузлик касаллиги" бир зумда йўқ бўлган.  Кейин, секин-секин, нима бўлишини тушунганман.

 

- Дўстлар хиёнати, бунга муносабатингиз?

- Бунақаларни кўп кўрганман. Унақалар, пулингиз кўп бўлиб, обрўйингиз бўлганда, ёнингизда гирдикапалак бўлади. Унақаларни "пассажир" дейишади. (кулиб) Автобусга чиқади-да, бекати келганда тушиб қолишади. Мени хиёнатга муносабатим, ўғил болани муносабати қандай бўлади, худди шунақа! Дўстларимни ичида худо ҳоҳласа унақаси йўқ. Мен ўзи кўплар билан ҳам дўстлашавермайман! Дўст деганда, нечта бўлади, 3-4 та бўлади. Ўша ёшлигингиздан, бирга ўсиб, характерингиз характерингизга тушиб, ҳамма нарсаси зўр бўлса, ўшалар дўст бўлади. Қолгани қандай дўст бўлади? Таниш-билиш бўлади, бўлди.

 

- Кўп мавзуларда қўшиқлар яратдингиз. Қайси мавзуда яратмадим, деб ўйлайсиз?

- (кулиб) Ҳали кўп! Нима тўғрисида ёзса бўлади? Мен кўпинча севги тўғрисида ёзаман. Яқинда, дўстлик ҳақида ҳам ёздим, "менинг дўстим" деган қўшиқ, фақат бу нарса буюртма бўйича бўлганди. Буюртма қилишса, қўшиқ ёзавераман.

 

- Севги ҳақида кўп қўшиқ ёзасиз...

- Севги кўп қиррали бўлади. Тушунмовчиликлар, ростакам хиёнат, кимдир бўхтон қилади. Нечта инсон билан суҳбатлашсангиз, акаларим, укаларим бор, гаплашаман, баъзида айтиб беришади, ўшалардан келиб чиқиб, яна фильмлар кўраман, китоблар ўқийман, шулардан келиб чиқади, ҳар хил севги, таъсирли, дардли севги, бойлик учун севги, ёки тозалиги учун севги, жиддийлиги учун, ҳар хил севги бор! Шунга қараб, ёзаверасиз. (кулиб) Масалан, бир дўстимнинг хотини 5 минутда 7 марта телефон қилади. У гаплашиб ўтираверади, мана севги!

 

- Тушкунликка тушиб қолганингизда қаердан куч оласиз?

- Ўзи одамни ичида қанақадир кучи бўлади. Албатта, худодан сўралади. Ўзингиз ҳам ҳаракатсиз ўтиришингиз керак эмас! Ўша оёғим синиб касалхонада, юролмай ётганимда, "гитарамни олиб келиб беринглар" деганман. 45 кун ичида, гитарани баланд қилмай, секин-секин чалиб, ёзиб, ўчириб, яна ёзиб, шуғулланганман. Инсон доим янада яхши бўлишига ҳаракат қилиши керак.

Саида Ваҳобова суҳбатлашди  

 

p13008333_resize1.jpg