OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВА: Баҳорни инсон умрига ўхшатаман... 19.04.2012 11:18

knk_7370_resize.jpg

Бу галги "Диллашув" саҳифасининг қаҳрамони, "Наврўз" байрами билан узвий боғлиқ ва бу унинг учун  қўшалоқ байрам, десам адашмайман. Негаки, у 22 март куни таваллуд топган хонанда Гулсанам Мамазоитова.

Хонанда санъаткорлар авлодидан бўлиб, саҳнада ўта виқорли кўринса-да, ҳаётда жуда ҳам самимий инсон. Унинг бугунги кунда бошқа хонандалардан фарқли жиҳати, миллий йўналишга содиқлигидан ташқари, ҳақиқий санъаткорлиги ва қолаверса, қўшиқларининг ҳар бирини ўз дилидан ўтказиб, маромига етказиб куйлай олишидир. Зеро, дилдан ўтган қўшиқ, томошабин дилидан жой олади.

Хонанда билан суҳбат "Наврўз" байрами арафасида бўлган.

 

 

Бу галги "Диллашув" саҳифасининг қаҳрамони, "Наврўз" байрами билан узвий боғлиқ ва бу унинг учун  қўшалоқ байрам, десам адашмайман. Негаки, у 22 март куни таваллуд топган хонанда Гулсанам Мамазоитова.

Хонанда санъаткорлар авлодидан бўлиб, саҳнада ўта виқорли кўринса-да, ҳаётда жуда ҳам самимий инсон. Унинг бугунги кунда бошқа хонандалардан фарқли жиҳати, миллий йўналишга содиқлигидан ташқари, ҳақиқий санъаткорлиги ва қолаверса, қўшиқларининг ҳар бирини ўз дилидан ўтказиб, маромига етказиб куйлай олишидир. Зеро, дилдан ўтган қўшиқ, томошабин дилидан жой олади.

Хонанда билан суҳбат "Наврўз" байрами арафасида бўлган.

  

23_resize.jpg


Хонанда Гулсанам Мамазоитова, ўзи ҳақида: - 1981 йил 22 март Фарғона шаҳрида, санъаткор оиласида дунёга келганман. Санъатга қизиқишим болалигимдан, бунга албатта, оилавий муҳит ҳам сабаб. Чунки, отам-онам, акам ҳам санъаткорлар. Қонда бўлганлиги сабаб, мен ҳам санъаткорлик соҳасини танладим. 1995 йил ўрта мактабни тамомлаб, 1997 йил Фарғона Давлат санъат институтининг "Анъанавий хонандалик" бўлимига қабул қилиндим. У ерни 2000 йил тамомлагач, Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг "Шарқ мусиқаси" бўлимида, биринчи бакалавр, сўнг магистратура босқичи бўйича таълим олдим. 2003 йилдан мунтазам Давлат тадбирларида қатнашиб келяпман. 2004 йил "Ниҳол" мукофотини қўлга киритдим. 2007 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонига сазовор бўлдим.

Шу кунгача, ўнга яқин мусиқий альбомлар чиқардик. Буларнинг орасида, ўзимга манзур бўлгани, албатта энг биринчи альбомим. Ундан, кўпроқ. Тошкентга келиб, илк яратилган санъатим намуналари, қўшиқларим ўрин олган. Шу биринчи аудио дискимизнинг номини, "Ошиқлар" деб номлаганмиз. Ундан кейинги альбомимиз "Ажаб-ажаб" ва ҳоказо.

Умумий ижодни 2000 йил Тошкентга келиб ўқиш жараёнида бошлаганман. Демак, шунга ҳам 11 ёки 12 йил бўлибди.

Мен ўзимни жуда ҳам бахтли инсон деб ҳисоблайман. Чунки, мен ҳаёт йўлим давомида жуда ҳам кўплаб устозларни кўрдим. Озгина маслаҳатини бериб бўлса ҳам, саҳнага мендан олдин чиққанлар, мана Ҳосила опам Раҳимова, ҳамма-ҳаммаси, менга устоздек. Чунки, ҳаётда ҳам, саҳнани ҳам, биздан кўпроқ босиб ўтишди. Тажрибалари ҳам катта. Мен доим айтаман, мен бахтли инсонман, чунки мана шундай инсонлар қуршовидаман. Уларнинг орасида, нафақат "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар", "Халқ артистлари", балки профессорлар, мусиқашунослар бор, "Халқ Ҳофизлари", олимлар, арбоблар бор. Мен, мана шуларнинг қўлида таҳсил олдим.

Оилам ҳақида айтсам, отамиз Мамадалихон ака водийда ўзига яраша мухлислари бўлган ҳофиз бўлганлар, вафот этганлар. Онам Марҳабохон опа, кўп йиллар Маданият саройида раҳбар бўлиб ишлаганлар ва бундан ташқари, яхшигина овозлари ҳам бор. Бизларни ўқишимизга, санъатни танлашимизга сабабчи аввало, шу инсон бўладилар. Чунки, барибир, ўзингизда иқтидор бўлсаю, уйингиздагилар қўллаб-қувватламаса, бу бекор нарса. Акам Отабек Муҳаммадзоҳид ҳам санъаткор, устозим, кўп қўшиқларимнинг муаллифи. Қўлларидан келганча маслаҳатларини, қўшиқларини берадилар. Ижро этишимда ҳам, ҳаммасига ўзлари хабардор бўлиб турадилар. Опам Гўзалой иқтисодчи. (кулиб) Лекин, барибир санъатни яхши тушунадилар, чунки қонида бор. Бизнинг санъатимизни кўриб, камчиликларимизни юзимизга текис айта оладиган инсон.

Ўзим ҳам, оилалиман, турмуш ўртоғим Санжарбек. Қизим Моҳижаҳонбегим 20 февраль куни, 3 ёшга тўлди.

 

8_resize.jpg

 

- Яқиндагина, ўзингизнинг янги концерт дастурингизни томошабинларга тақдим этдингиз. Бу йилги концерт дастурингиздан, ўзингиз кутгандек қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Энди биласизми, битта нарсани айтиб ўтишимиз мумкин-ки, беҳисоб шукур! Шукур қилиш ҳам, катта нарса, менимча. Майли, балки камчиликлар бўлгандир, лекин шукур қиламан. Ўйлайман-ки, ҳар томонлама халқимизга манзур бўладиган концерт тайёрладик. Мен кўпинча айтаман. Қилган ишимдан-ку, камчилик топавераман. Камчилик топасиз, тўғри, лекин, шукурини қилишни ҳам билиш керак. Худога шукур, биринчи ўринда, келган мухлислар, ҳеч қачон норози бўлиб кетганини кўрмадим. Ҳар бир сараланган қўшиқ, мана шу икки ойда тайёрланган ҳар бир қўшиққа, қилинган саҳнадаги ҳаракатлар, саҳнадаги экранда намойиш қилинган сюжетлар, ҳамма-ҳаммасини, албатта, ортида катта меҳнат бор. Мен бир сўз билан айтганда, "йўқ кўнглим тўлмади, камчиликлар бор" деганим билан, у меҳнатни қилган инсонларнинг ишларини ҳам назар-писанд қилмаган бўламан-да. Концерт эса, чиндан кўнгилдагидек, жуда ҳам чиройли бўлди! Ҳатто, бугун кўплаб ҳамкасб дўстларимдан эшитдим. "Охиригача чиқиб кетгимиз келмади, ишларимиз бор эди, лекин  кета олмадик! Охиригача ўтирдик, жуда ҳам чиройли концерт бўлди!" дейишди. Бу нарсани эшитиш, инсонга қанчалик завқли эканини биласизми? Йил давомида қилган меҳнатингиз ҳақида, нафақат қарсак, нафақат гуллар, балки мана шундай чиройли юракдан чиққан тилаклар айтишса! Бу нарса, ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди, лекин шуни ботиниб, шунга куч топиб гапира олиш ҳам, мардлик ҳисобланади.

 

- Сизнинг ҳар концертингизда, мухлисларингиз учун, қимматбаҳо совғаларингиз бўлади. Бу сизнинг ўзига хос имиджингизми, ёки мухлисларингизга бўлган чексиз ҳурмат?

- Умуман, (жилмайиб) ундай деса ҳам бўлади, бундай деса ҳам бўлади. Лекин, шундай савол берганлар ҳам бўлди-ки, "бундан мақсад нима" деганлар бўлди. Қандай мақсад бўлиши мумкин? Худди, сиз тўй қиляпсиз-да, уйингизга келаётган меҳмонларга совға улашяпсиз, дастурхонига дастурхон билан қайтаряпсиз. Худди шунақа нарса-да. Қўлимдан келганча, мухлисларимнинг кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Ҳар йилгидек балконга чиқдик, у ерда ҳам, асосий мухлисимга "тилла тўғноғич" совға қилдим. Ундан ташқари, бир қанча ўйинлар ўтказилди. "Энг ёши улуғ онахон"га, ёки "бобо"га, "энг фарзанди кўп аёл"га ва қаторларни сўраб, тахминий "мана шу қаторда, мана шу жойда ким ўтирибди" деб, "Сарпо" фирмасининг совғалари тақдим қилинди. Булар, тахминий ўйинлар-де, кимгадир атайлаб қилинган нарсалар эмас! Тахминий ўйинлар! Мана шунақа қилиб ўтказдик. Лекин, бу нарсадан ҳеч қандай мақсад йўқ, ё бошқа йўқ. Ҳаммаси чин дилдан қилинган ҳадялар! Бу йил ҳисоблаб қарасак, еттинчи концерт дастуримиз бўлди. (жилмайиб) Буни ҳатто, нишонладик ҳам! Концертдан олдин, репитициямиз жараёнида, ташкилий ишларни юритаётган режиссёрларимиз, ҳамма-ҳаммамиз торт олиб келиб, устига 7 рақамини қўйиб, ёқиб, ўчириб нишонладик. (кулади)

 

- Бошқа ҳамкасбларингиз ичида, ижодий фаолиятингиз анча муваффақиятли. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?

- Аввало, ҳамма нарса Оллоҳдан берилган бўлиши керак. Камига мен айтиб ўтдим, қонимда санъаткорлар қони бор. Кўп таҳсил олдим, кўп устоз кўрдим, кўп эшитдим. Менинг энг биринчи  дўстим, магнитафон бўларди. Ёшлигимда ҳам, жуда кўп мақом қўшиқлар эшитиб, майли сўзини тушунмасам ҳам, масалан, форсий тилда бўладими, бошқа тилда бўладими, сўзини тушунмасам ҳам, ҳоҳ эркак хонанда айтган бўлсин, ҳоҳ аёл хонанда, ҳоҳ ансамбль, ҳоҳ жаҳон мусиқаси бўлсин, эшитардим. Айтишга ҳаракат қилардим. Ҳозирда эса, кўплаб ёшларда, ўқишга, бошқа нарсаларга шароит жуда катта, лекин уларда лаёқат сезмайман. Уларнинг назарида, тезроқ катта бўлишса, тезроқ катта саҳнага чиқишса, тезроқ пул топишса. Йўқ! Аввало ўқиш керак, устоз кўриш керак. Профессионал, ҳар тарафлама етук бўлса, ўзига ҳам яхши. Чунки, санъат йўли, жуда ҳам машаққатли йўл. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Бу касбга шунчаки, бизнес сифатида қараб бўлмайди. Бу ота-боболаримиздан мерос, бунинг тагида бизнинг анъанамиз ётибди. Шогирдларимга ҳам, биринчи берадиган маслаҳатим, қўлингиздан келадими, таҳсил олинглар, ўқинглар. Оқ билан қорани фарқига бориш керак, барибир. Шу нарсани кўп таъкидлайман.

 

- Шогирдларингиз борми?

- (жилмайиб) Шогирдларим бор. Нечталигини аниқ айта олмайман. Чунки, ҳар байрамларда, "устоз" деб телефон қиладиган, смс ёзадиган шогирдларим бор. (жилмайиб) Ҳатто, баъзиларини билмайман ҳам. Энг яқинлари, Малика исмли қиз, кўпчилик мухлисларимизга, қўшиқлари манзур бўляпти. Энди, мен уларга устозлик қилиб, бир нарсани ўргатмаяпман. Уларнинг ўзлари, хизматларимизни қилишиб, нафақат мен, мана Ҳосила опам, Зулайҳо опам, ҳамма-ҳаммамизнинг ёнимизда юриб, қаерда қанақа гап айтиш керак, қаерда нимага амал қилиши керак, ижодларимизнинг орасидаги фарқни, мана Ҳосила опамники воҳа йўналиши, меники водий йўналиши, шуларнинг ҳаммасини кўриб, ҳамма-ҳаммасини ўрганишяпти.

 

21_resize.jpg

 

- Сизни ижодингиздан миллийлик уфуриб туради. Сиз, ёш бўла туриб, айнан нима учун, миллий услубни танлагансиз? Негаки, кўплар тез таниламан деб, замонавий услубни танлайди. Мана ҳозир кўп ёшлар шунга кетяпти.

- Айтиб ўтганимдек, оилавий муҳит туфайли. Болалигимда уйимизда, кўплаб "Халқ Ҳофизлари" отам раҳматлининг ёнларига келишарди. Мана ҳатто, акамнинг тўйларида ҳам, раҳматли машҳур санъаткор, "Ўзбекистон Халқ Ҳофизи" раҳматли Таваккал Қодиров, шу каби устозларимиз Ёрқиной Ҳотамовалар иштирок этишган. Ўзимизга жуда ҳам яхши таниш бўлган инсонлар, "Олтиариқ"да ҳам жуда кўплаб устоз санъаткорларимиз ўтган, "Ўзбекистон Халқ артист"лари, мана шулар, демоқчиман-ки, муҳит, оилавий муҳитимиз шунда бўлган-де. Улар қандай ижро этяпти, авж пардалари қаерда қанақа айтилади, тинглаганмиз, кўрганмиз. Мана шу классик қўшиқларни, асосан, ўша пайтда  сўзларни ҳам, мусиқаларни улуғворлиги бўлганда. Энди мен айтиб ўтдим, болаликда ақлимиз етмасди деб, (кулиб) гўдак бола бўлганингизда, қанақа қилиб, унақа катта ғазалларга, асарларга ақлингиз етсин? Ўша пайтларда, "Кеча келгумдур дебон, ул сарви гулрў келмади" деса, мен онамдан сўрардим, "кимни айтяпти келмади деб, она?" дердим. (кулади) Ҳечам эсимдан чиқмайди. Мен демоқчиман-ки, барибир ўша оилавий муҳит, бизда қонда борлиги, ҳамма-ҳаммаси сабаб, мана шу йўналишни танлаш, ўз-ўзидан келиб чиқди. Тошкентга келган пайтим, "Жаз" йўналишида ҳам, "О йэ" деган қўшиқни куйладим.  Лекин, бу дегани, воз кечдим, дегани эмас! Чунки, ундан олдин ҳам, 1999 йили "Мақомчилар" конкурсида лауреат бўлгандим. "Жаз" йўналишида фақат куйлаб кўрдим, йўналишимни ўзгартириш ёки, бошқа мақсад бўлмаган. Қўшиқнинг  сўзлари (жилмайиб) ўзбекча, фақат нақорати шундай номланади, 2000 йилда куйлаганман. Маҳаллий канал, радио эфирларда айланган, лекин, катта омма эътиборига бу қўшиқни куйламаганман. Чунки, куйлайдиган қўшиқ эмас эди. Бунақа қўшиқларни тақдим қилишга уяламан. (кулади) Ваҳоланки, яхши эди, кўрсатса бўлади, лекин, мен ҳоҳламайман. Ўйлаб қарасам, барибир миллийликка ҳеч нарса етмас экан! Анъанамизга, удумларимизга ҳеч нарса етмас экан! Бошқаларга ҳам, шуни маслаҳат берган бўлардим.

 

- Миллийликда, кийиниш жиҳатдан, ўзига хослик билан ажралиш ҳам қийин. Сиз бу борада мутахассислар билан ишлайсизми, ёки ўзингиз яратасизми?

- Кўпроқ жойига қараб. Мутахассис, мутахасис! Кўпроқ уни кийиб кўрсатадиган мен. Ўша учун ҳам, мен ҳоҳлайман-ки, уларнинг ҳам фикрини эшитиш керак, улар агар керак бўлса, мени ҳам фикрларимни эшитишлари керак. Баҳамжиҳатликда, келишиб бир фикрда қиламиз. Эътибор берган бўлсангиз, кўпроқ ёпиқ кийимларда чиқаман. Яхши кўраман ёпиқ кийимларни, калта кўйлаклар ҳам лозим-шалварлар билан чиройли қилиб, тайёрланади. Бу йил кийимлар борасида, жуда кўп дизайнерлар билан ишладик. Ҳозирги кийимим, (эгнидаги безатилган қора атлас кўйлакка ишора қилиб) Фонд Форумдаги дизайнерлардан Лаълихон опага қарашли. Дизайнер Шерзодбек билан ҳам ишлаганман. Умуман, кийимлар борасида,  ранг-баранглик бўлиши керак, назаримда.

 

knk_7339_resize.jpg

  

- Клипларингизга эътибор қаратсак, жуда ҳам мазмуни кучли бўлади. Лекин, негадир концертдан олдин, фақат битта клип чиқарасиз. Сўнг, кейинги концертгача бўлган вақтда, бошқа клип чиқармайсиз?

- Тўғри айтасиз, асосий эътиборни янги қўшиқларга қаратаман-да. FМ тўлқинлари орқали, кўпроқ мухлисларим тинглашади, овоз беришади. Лекин, ўзим ҳам биламан, концертдан олдин келадиган инсон, бир нарса учун келиши керак. Қўшиқни радиода айлантиришингизнинг ўзи камлик қилади. Шуни доим айтаман продюсеримга, "Саид ака концерт қиляпмиз, одамлар нима учун келаётганини билишимиз керакми?" Йўқ! Мен буни ҳалиги мухлиссиз қоламан, деган мақсадда эмас! Шундоқ ҳам, Худога шукур, реклама қилмасак ҳам, келишлари мумкин, аввало ҳаммаси Худодан тўғриси. Лекин, шунга яраша ҳам, бирор нарса ҳозирлаб, шулар келишига тўйёна қилиб, ўзимиз ҳар томонлама чиройли нарса тайёрласак дейман, мен шу нарсани афзал кўраман. 3 ойда битта клип чиқариш ҳам бўлади, балки, бу йил шу нарсани ҳам қилиб кўрарман. Лекин, барибир, концертдан олдин, битта сифатлиси бўлгани яхши. Сифатли маҳсулотга, қанча кетса ҳам, бу нарса учун, мен ҳеч қачон аямайман. Битта яхши асар учун, агар қўшиқ мазмунан бой бўлса, ижро ҳам шунга яраша, мусиқаси ҳам шунга яраша мос бўлса, нима учун унга клип олиш керак эмас? Зўр режиссёр топиб, ғояси яхши, мураккаб бўлган, инсонни ўйга толдирадиган, ҳақиқий ижод асарини тақдим қилгим келади.

 

- Агар ўзингизнинг ижодингизга четдан назар солсангиз, ўзингизни камчилигингизни ўзингиз айтишингиз мумкинми?

- Албатта айтишим мумкин. Вақти келса, дангасалик қилиб қоламиз. Кўпроқ, ўзимни дидимдан келиб чиқиб қўшиқ танлайман, балки бу нарса нотўғридир билмадим. Лекин, ўзимга ёққандан кейин, ёзиб бўлиб вақт ўтгандан сўнг, кўпинча мана шу танлаган, менинг танловим муносиблигини исботладим. Бу йилги мусиқий альбомда ҳам, асосан ўзим танладим, ўзимни кучимга, ўзимни билимимга асосланиб, танлаб, мухлисларга тақдим қилдим. Бирорта қўшиғим ҳам беэътибор қолмади, "эй мана шуни олиб ташласак бўлар экан, мана шу қўшиқ зерикарли бўлиб қолган" деган нарса бўлмади, Худога шукур.

 

- Ижодингизни илк бошлаган даврда, шу даражага эришаман деб, ҳеч ўйлаганмидингиз?

- Энди, орзу қилганман, лекин ўйламаганман. (жилмайиб) Орзу қилганман, тўғриси. Қанийди, деган нарса бўлган-де, ўша пайтларда. Мана энди ҳозир, мен яна, "қанийди" демайман. Сўрасангиз бераверади, лекин ҳамма нарсани ҳам меъёри бўлиши керак, деб ўйлайман. Аввало, мана шу ушлаган рейтингимни, ушлаб туришга ҳаракат қиламан. (жилмайиб) Ундан юқорига чиқиб кетса, муаммолар ҳам шунга яраша бўлиши мумкин.

 

- Ижоддан чарчаган пайтларингиз нимадан дам оласиз?

- Мен деярли, умуман дам олмайман тўғриси. Дам олиш йўқ.

 

27_resize.jpg

 

- Унда нимадан куч оласиз?

- Фарзандимдан куч оламан. Оилам, қадрдонлар, яқинларим одамлар орасида бўлсам, куч олишим мумкин. Гўзалликларни кўрганда, куч оламан.

 

- Қўшиқларингизга мавзуларни қаердан оласиз?

- Кўпинча, шоирларнинг ўзлари, яхши шеър бериб қолишади. Кейин маълум бир қўшиққа, бирор фильмга, масалан "Алданган аёл" фильмига ҳам, саундтрекни ўзлари беришди. Аввал сўзни беришди, ўқидим, таъсирландик, ижро қилдим, мана шу фильмга саундтрек қилишди. Баъзан шунақа бўлади, буюртма асосида бўлиб қолади. Шоирлар ўзлари тавсия қилиб қолишади, ёки ўзим танлайман. Кўпинча бастакорлардан тайёр қўшиқ келади, маъноси ёққач олишга тўғри келади.

- Ўзингизнинг дардингиздан ҳам келиб чиқиб, қўшиқ яратганмисиз?

- Йўқ! Мен аввало куйлаётган инсонимнинг дардини, ўзимдан келиб чиқиб куйлайман. Мана шу, "Алла" қўшиғимни ҳам куйлаганда, ёлғиз аёлни дардини куйлаганман-да. Кўпчилик ўзини дардини куйлади, деб айтишган. Йўқ, мен ҳаётимга таъллуқли томони ҳам бордир, айтмоқчиман-ки, мен ҳам отасиз катта бўлганман, тушуняпсизми, онамиз бизларни отасиз катта қилганлар. Балки шу томонидир? Бу томондан "Алданган аёл" фильмидагини ҳам, яна бошқа қўшиқларни ҳам, ҳамма-ҳаммасини, ўзимдан ўтказиб куйлайман. Ўзингиздан ўтказиб чиқара олсангиз, ундан кейин халқни ишонтиришингиз мумкин. Бўлмасам, ишонтира олмайсиз.

 

- Санъатни сизга ёқмаган қоидалари ҳам борми?

- Бор, лекин бу нарса ҳақида гапиришни ҳоҳламайман.

 

- Сиз санъатдан нима кутгансиз ва нима олдингиз?

- (ўйланиб) Биласизми, санъатдан бир нарса кутиш, ҳеч қачон инсон ўзи кутиши керак эмас. Чунки, бу нотўғри нарса. Қилаётган меҳнатингизга қараб оласиз. Шунга яраша, меҳнат қилиб берасиз. Мен нимадир кутсам, ёки нимадир сарфладим, нимадир олдим дейдиган бизнесчи эмасман. Тўғриси, мен санъатни, саҳнанинг фарзандиман. Мен бемалол айта оламан, мен санъатда катта бўлганман, саҳнани фарзандиман, отам ҳам, онам ҳам санъаткор.

 

- Турмуш ўртоғингиз ижодингизга рухсат берганлар.  Лекин, барибир қанақадир чекловлар бўлса керак. Дейлик, гастролларми?

- Тўғри айтасиз. Узоқ йўлларга чиққанда, улар доим ёнимда юрадилар. Энди шундай қилиш ҳам керак, чунки бизларда, ҳар томонлама, динимиздан ҳам келиб чиқиб, шариат. Демоқчиман-ки, ёмон эмас ёнингизда юргани. Бошқа баъзи бир нарсалар, барибир эркаклар назари, бошқа нарса-да. Қайси аёл кўзи билан кўряптими, эркак кўзи билан кўряптими? Инсон ўзини қанақа тутиши керак? Мана шу нарсаларни кўпроқ менга тушунтирадилар. Йўқ, чекловлари йўқ. Лекин, ёнимиздалар, худди дўстлардек муносабатда бўламиз, ҳар доим. Улар ҳам доим маслаҳатларини аямайдилар, мен ҳам улардан керак бўлса, маслаҳатимни аямайман. Қанақа бўлса, нима бўлади, бунақа бўлса яхшироқ бўларди деб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

 

- Қайси қўшиғингиз уларга ёқади?

- Уларга "Мени унутма" деган қўшиғим кўпроқ ёқади ва "Ёронлар". Мана шу қўшиқларимни яхши кўрадилар.

 

gulsanam.jpg

 

- Фарзандингизни тили чиқдими?

- Фарзандим ҳозир қўшиқ айтяпти. Бошқа болалардан фарқли жиҳати, "ре" ҳарфи, мана шунақа қийин-қийин харфларни, дона-дона қилиб айтяпти. Мана ҳозир, ўзича идишларда менга овқатлар қилиб беради, меҳмон қилади (кулади) ўйинчоқлари билан! Биринчи айтган сўзи, "Ада" бўлди. Ундан кейин "Ая" бўлди. Мени хонандалигимни ҳам билади. "Мени исмим нима?" десам, "Гулсанам Мамазоитова" дейди. (кулади) "Сени исминг нима?" десам, "Моҳижаҳонбегим" дейди.

 

- Қайси қўшиғингизни эшитади?

- Мени ҳозирги қўшиқларимдан (хиргойи қилиб беради) "Тундан тунга уланди, нечун сендан хабар келмас" деган қўшиғимни хиргойи қиляпти, ҳозир. Кейин яна қайси қўшиғимни? (Ўйланиб) "Хуш келдингиз"ни яхши кўради. Кўпроқ, шўх қўшиқларимни, чунки, бола-да, шунинг учун шўх қўшиқларимни яхши кўради.

 

- Суҳбатимиз баҳор фаслида бўлиб ўтяпти... Сиз баҳорни қандай тасаввур қиласиз?

- Мен баҳорни инсоннинг умрига ўхшатаман. Биласизми, баҳорнинг бошланиши бор, ўртаси бор, баҳорнинг охири ҳам бўлади. Худди инсоннинг ҳаёти. Баҳорнинг бошланиши, куртаклар очилиши, бу чақалоқлик даври, гуллаган, ҳаммаёқ чиройли бўлган пайти, мана шу ўсмирлик, ўрта ёш вақти, барглар тўкилиб, мева тугаётган пайти, мева бу фарзандларингиз. (жилмайиб) Баҳорни ҳам инсоннинг умрига қиёслайман.

 

Баҳор гулларидан қайсилари кўнглингизга яқин?

-  Ҳаммасини яхши кўраман. (жилмайиб) Энг яхши кўрганим, лола. Лолақизғалдоқ ҳам ёқади, лекин тез тўкилиб кетади. Настаринни, Наргиз гулни, ҳамма-ҳаммасини яхши кўраман.

 

-Албатта, баҳорнинг ҳам ўз таомлари бор. Баҳорий таомлардан-чи, қайсиларини, ўзингиз яхши кўриб тайёрлайсиз?

-(жилмайиб) Ҳаммасини яхши кўриб тайёрлайман. Чучварани тугишни билмайман, лекин кўк манти бўлса, тайёрлайман. Инсон ўзи истаса, бир нарсага ҳафсала қила олса, шу нарсаларни ўхшатиши мумкин. Кўкатларни ўзини ҳам, майда-майда қилиб тўғраб, ёққа ёғни, пиёзлар билан гўштни ҳам, майда қилиб, солиб юбориб, қовуриб, шунақа нарса тайёрласа, интенсив бир бошқача нарса бўлади-да. Мазза қилиб, еса бўлади. Ёки кўпроқ, шу фаслда ўсадиган янги чиққан помидор-бодринглар, яна, янги чиққан маҳсулотлардан шўрвалар қилиб, ичишни жуда яхши кўраман. Бошқаларга ҳам, асосан кўк таомлардан, кўпроқ тавсия қиламан. Янги чиққан кўкатлардан кўпроқ истеъмол қилинглар. Баҳорда чиққани бошқача бўлади. Нимаки, янги чиқаяптими, улардан албатта баҳраманд бўлинглар. У кўкатлар, бошқа нарсалар, бошқа вақт ҳам бўлади, аммо баҳорники ўзгача.

 

- Уйингиздагиларга қайси таомни кўп тайёрлайсиз?

- Уйимдагилар ўзи, мени ош тайёрлашимни яхши кўришади. Ош Фарғонача! Ўша учун ўзим ҳам севиб тайёрлайман, ҳам севиб истеъмол қиламан.

 

- Албатта, баҳорни ва "Наврўз"ни сумалаксиз тасаввур қилиб бўлмайди. Биринчи марта неча ёшингизда, сумалак пиширишаётганда иштирок этгансиз?

- Ў, (кулиб) неча ёшдалигимни эслай олмайман, лекин жуда кичкина бўлганман. Андижонда бобомларнинг уйларида тайёрлардик. Ҳамма қариндошлар тўпланарди. (жилмайиб) Аския базм бўларди, роса ўйин қилардик. Бизлар эрталабгача ухлаб қолардик, кейин бизлар у пайтда кичкина эдик. Чарчаб қолардик, лекин ўйин-кулги, фақат хурсандчилик бўларди. Анча бўлди, бунга ҳам, қариндошларни қачон кўрганимни ҳам, эслай олмайман тўғриси. Ўша пайтларни ҳам одам соғинади.

 

- Ўзингиз сумалак пишира оласизми?

- Йўқ, ўзим пишира олмайман. Лекин, бу нарсани агар қўлингиздан келмаса, ният ҳам қилиб бўлмайди. Ният қилиб қўйсангиз, бу нарсани барибир ҳам, қилишингиз керак бўлади. Қилгандан кейин, уни увол қилиш керак эмас. Ният қиламан, ҳовлимизда балки, бир кунмас бир кун, сумалак қилишни, лекин ўзим қиламан, деб айта олмайман. Бу шунчаки айтиб қўйиш керак бўлган нарса эмас-да.

 

- Сиз тарафларда "Наврўз" байрами қанақа нишонланади?

- Бизда кўпроқ кўк сомса, кўк чучвара қилинади. Дастурхонлар тузалади. Билим юртимизни эслайман, ҳар бир бўлим стол тайёрларди, дастурхон ёзиларди. Ўша дастурхонга қараб, ўринлар бериларди. Баҳорга таллуқли бўлган, ўша миллий таомларимиз, сумалак солинарди.

 

- Тошкент билан бироз бўлса-да, фарқи борми?

- Йўқ! Ўзбекистон-ку, ҳамма ерида бир хил бўлади-де, бу нарса. Энди тоғли жойларда бўлиши мумкин, масалан, тоққа чиқиб адир бўйида! Лекин, мен ўйлайман-ки хурсандчилик жой танламайди. Бу Ўрта Осиё халқларида, ҳаммасида бир хил бўлади.

 

- Энг эсингизда қолган "Наврўз" байрами қайси ва нимаси билан ёдингизда қолган?

- Бир йили Фарғона вилоятида, "Наврўз" байрамида "Баҳорой" бўлганман. Қайси йили эсимда йўқ, у пайтда мактабда ўқир эдим. Ўша "Наврўз" эсимда қолган. Умуман, Наврўз мен учун бир бошқача байрам, сабаби, айтдим, мени ўзим ҳам, "Наврўз"да туғилганман! 22 март куни. Ўша сабаб, "Наврўз" байрами, мен учун бир бошқача байрам! Мен буни таърифлаб бера олмайман. (жилмайиб) Чунки, ўзим туғилганлигим учун!

 

- Илк маротаба, майдонлардаги катта "Наврўз" байрамида нечанчи йили қатнашгансиз?

- Илк бора, 2003 йили қатнашдим. Ўшанда Алишер Расулов мусиқалари билан (хиргойи қилиб) "Ўзбекойим бўлойин" деган қўшиқни айтган эдим. Илк бор, шу қўшиқ билан қатнашганман.

 

- Биринчи марта қизлик уйингиздан, санъат туфайли қачон узоққа кетишингизга тўғри келган?

- Биринчи марта 1999 йили Хоразмга бордик. "Мумтоз Мусиқа" фестивали бўлди. Ана ўшанда кетганман. Кейин 2000 йили кетиб, Тошкентга ўқишга келдим.

 

- Барибир, иш туфайли, Тошкентдан Фарғонага, Фарғонадан Тошкентга бориб - келишга тўғри келади. Ана ўшанда кўнглингиздан қандай туйғулар кечади? Нималарни ҳис қиласиз?

-  (хўрсиниб, самимий) Фарғонага борганда, кўпроқ болалигимни эслайман. Болалигимда қараш, назар, умуман дунёқараш, ҳаммаси бошқача бўлган-ку, тўғрими? Бораман-да, ўйлайман, мана шу кўчадан юрганман, мактабда ўқидим. Қанақа эди мактаблар? Каттага ўхшаб туюларди, чунки биз кичкина бўлганмиз. Энди, у пайтда қанақа бўлган мактаб, шароитлари, ҳозирги пайтга қанақа ҳавас қиламан! Ҳозир Фарғонага борсангиз, ҳеч қанақа Тошкентдан фарқи йўқ! Ҳавас қилса арзийди! Эслайман, ўша кўчаларимни эслаб қолганман, лекин ҳозир жуда ҳам ўзгариб кетган. Фарғонада ҳам жуда катта қурилиш кетяпти. У ердан Тошкентга келганимда, нимани ўйлашим мумкин? Яна ўша иш! Худди ўзимни, бир  ишни ичига отгандек ҳисоблайман. (кулади). Лекин, Фарғонани соғинаман барибир.  Кейин мана шу ўртоқларим билан ҳам жуда қизиқ воқеалар бўларди. Феруза Жуманиёзова бўларди ёнимизда, Лола Аҳмедова мана ҳалигача ўртоқмиз, биргамиз. Айниқса, бизни турмушга чиқмаган пайтларимиз эди, вилоятларга тадбирларга борардик, бирга ҳаммамиз чувир-чувир қилиб, битта меҳмонхона, битта номерда турардик. (кулиб) Хоразмга борганимизда, туя минганмиз. Туя шунақа сассиқ экан, устки кийимимизга ҳиди ўрнаб қолган. (кулади). У пайтда ғамингиз йўқ, ташвишингиз йўқ. Лекин, арзимаган ташвишни ҳам, ташвиш деб юрарканмиз ўша пайтларда. (кулади)

 

- Оила ва фарзанд тарбияси, сиз учун?

- Аёлни бахти бу, оиласида! Чунки, оила бу жуда ҳам мустаҳкам қўрғон. Оила бу аёлнинг юзи. Фарзандлари, турмуш ўртоғи ҳаммаси! Лекин, яна бир бахти, севимли касбини бирдек олиб бораётганлиги! Мен ҳозир, фақат оила дейишим ҳам, мумкин. Лекин, ҳозир замонлар ривожланаяпти, борган сари ишчи аёллар юзага чиқяпти, ҳатто аёлларимиз ҳозирги пайтда катта-катта даражаларга эга бўляптилар. Ҳам оилани ва ишни бирдек олиб бораётган аёлларга, тасанно айтиш керак! Фарзанд тарбиясида эса, менимча, энг муҳими ёлғон гапирмаслик! Чунки, мени ўзим ҳам ёлғон гапирган одамни ёмон кўраман. Мени ўзимни фарзандим ҳам, ёлғон гапирса, ўшани ёлғон гапираётганини биламан. Худди катта одам билан гаплашаётгандек, "нимага ёлғон гапиряпсан? Шунақамиди ростдан?" деб рост гапиришга ўргатаман. Тўғрисўзлик, ҳалоллик бўлса, ҳаммаёқ яхши бўлади.

 

- Илк чиққан вақтингиздаги Гулсанам билан, ҳозирги Гулсанамда нималар ўзгардию, нималар ўзгармади?

- Эй, кўп нарса ўзгарди. Чунки, ўзгариши керак эди! Ўзгармаса ҳам бўлмайди. Оддий инсонни ҳам олиб қараса, 10 йил олдин тушунчаси бошқа бўлган. Лекин, оддий одамларга осон. Чунки, биз кўзга кўринган инсонлармиз. "Вой, 10 йил олдин бунақа эди" дейишади, шунақа пайтда, "ўзинг-чи" дегингиз келади. "Ўзинг қанақа бўлгансан, ким бўлдинг ҳозир", мен ҳам шу нарсани айтаман-да. Шунақа бўлиши керак. Балки, у пайтдаги шаштимиз ҳозир йўқдир, лекин ақлимиз ўсди, ривожландик. Айтмоқчиман-ки, нафақат санъаткор, балки ҳар бир инсон ўсиши-улғайиши керак, оқ билан қорани фарқига бориши керак, албатта. Гулсанам Мамазоитова, деган исм ўзгармай қолди ва нима десам бўлади, (бироз ўйланиб) ташқи қиёфам, тўғри оздим. Беғуборлигимиз қолди, мана шу оқибатимиз қолди, деб ўйлайман. Биринчи ўринда, ўша ўша дўстлар орасидаги оқибат, ўзгармай қолди, ҳалигача.

 

- Акангиз Отабек Муҳаммадзоҳид, илк бор сизнинг санъатдаги қайси ишингиздан қувонганлар ва ўзингизга бу ҳақида айтганлар?

- Акам менга доим айтадилар, ҳатто овоз ёзиш студиясида бўлиб қолсам, қўшиқ ёзишда шу инсон қатнашган қўшиқларимни, мен жуда омадли қўшиқ, деб ҳисоблайман. Чунки, бир нарсага тайёргарлик кўраяпсиз, бир жумлани ёздингиз-да, кимдир сизни шу жумлангиз учун рағбатлантириб турибди. Биласизми, илҳомланиб, қолганини ҳам чиройли ёзасизми? Қўшиқ ҳам худди шунақа нарса-да! Ўйланг, битта нарсани ёздингиз-да, рўпарангиздаги инсонларга кўрсатяпсиз. Улар эса, билмадик-билмадик, дегани билан, сиз ёзганингизни тўғри маънода маъқулласа, зўр деса, қанақа бўлади? Фарқи катта-да, албатта! Худди шунақа нарса. Акам борликларида ёзган қўшиқларим омадлироқ чиқади. Таърифлаб бера олмайман.

 

- Одатда, нимадан кайфиятингиз кўтарилади?

- Мени ҳамма яхши нарсадан кайфиятим кўтарилиши мумкин. (жилмайиб) Ҳозир қуёш чарақлаб кетса ҳам, кайфиятим кўтарилиб кетиши мумкин. Ҳамма яхшиликдан кайфият кўтарилади.

 

- Режаларингиз? Ҳозирда нималар билан бандсиз?

- Яқинда Андижонда концерт бердик. Ҳозирги кунда мана ўзингиз кўриб турибсиз, асосан "Наврўз" байрамига тайёргарлик кўряпмиз. Ҳозир бу ердаги байрамни кўнгилдагидек ўтказишимиз керак. Зиммамизда жуда ҳам катта масъулият турибди, ҳар бир санъаткорнинг зиммасида. Байрам ўтгандан сўнг, 22 мартдан бир гуруҳ санъаткорлар билан Кореяга кетиш ниятимиз бор. Чунки, Жанубий Кореянинг пойтахти Сеулда "Ўзбекистон кунлари" бўлади. Сўнг, режада, вилоятлар бўйлаб концертлар бериш ниятимиз бор.

 

- Байрам табрикларингиз?

- (жилмайиб) Наврўз тилакларим, инсон нафақат баҳорда, фақат "Наврўз" келишини кутиши керак эмас! Инсоннинг ҳар бир куни "Наврўз" бўлиши керак. Ҳар бир куни баҳордек бўлиши керак! Демоқчиманки, айниқса аёл киши учун! Аёл киши, мисоли бир асармиз. Ўзи бундоқ олиб қаралса, ҳар битта инсон, мукаммал бир асар. Оллоҳнинг яратган бир асари. Аёл кишига қараган инсон, бир чиройли асардан баҳра олгандек бўлиши, керак назаримда. Бу нарса, албатта аёлнинг ўз қўлида. Мен доим шу атрофимдаги яқинларим бўладими, таниш-билишларим бўладими, кўпроқ ташқи кўринишига эътибор беришини, ўзини севишини, шунақа нарсаларни кўпроқ гапираман. Чунки, мен ҳам ижодкорман, мен ҳам халқнинг ичида юраман. Чунки, ўзимдан келиб чиқиб айтаман, биринчи ўринда барибир ташқи қиёфа, муҳим рол ўйнайди. Шу нарсани доимо аёлларга маслаҳат бераман. Албатта умри узоқлик, ҳамма дунёдаги нимаки яхши тилаклар бўлса, инсонларимизга тилайман! Меҳр-оқибат йўқолмасин! Босаётган қадамимиз яхшиликка бўлсин, яратганнинг ўзи хайрли қилсин! Ҳар бир қилаётган ишимизга, яратганни ўзи мададкор бўлсин! Хонадонимизда фақат ва фақат хурсандчилик наволари бўлсин! Яхши мусиқа ҳамроҳимиз бўлсин! Энг муҳими, Юртимиз тинч бўлсин! Мана биз ҳозир байрамга тайёргарлик кўраяпмиз, лекин худо билади, бошқа давлатларда нималар бўлаяпти? Аввало, яратганни ўзи бизнинг юртимизни, бало-қазолардан асрасин! Қўшниларимиз тинч бўлишсин! Улар тинч бўлса, бизлар ҳам тинчмиз. Ҳаммамизга "Наврўзи олам" муборак бўлсин!

Саида Вахобова тайёрлади

p130097911_resize.jpg