OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

 

 КОНЦЕРТЛАР

2

image

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

ЖАҲОНГИР ОТАЖОНОВ КОНЦЕРТ ОЛДИ МАТБУОТ АНЖУМАНИ 19.04.2012 10:05

img_5667_resize.jpg Хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг 11,12,13 май кунлари "Истиқлол" санъат саройида бўлиб ўтадиган "Отам ўгитлари" деб номланган яккахон концерт дастури олдидан, ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.  Бу ерга "Тасвир", "Даракчи", "Дилдош", "Ҳумо", "7 мўъжиза", "Ҳордиқ" каби газеталар журналистларидан Дилбаҳор Худойбердиева, Нодира Саидазимова, Маъпура Набиева, «Shov-shuv.uz» интернет сайти раҳбари журналист Жасур Ҳамроев ҳамда, бошқалар йиғилдилар.

 

img_5647_resize.jpg


Матбуот анжуманини журналист Жасур Ҳамроев очиб берди. Асосий мавзу, жонли ижро ва хонанданинг жонли ижродаги бўлажак яккахон концерт дастурига қаратилди. Анжуман давомида, журналистлар хонанда Жаҳонгир Отажоновдан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Биринчи бўлиб, журналист Дилбаҳор Худойбердиева хонандага, бу йилги янги концерт дастури ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилди.

 

11_resize.jpg


Жаҳонгир Отажонов бу йилги концерт дастурини "Отам ўгитлари" деб бироз фалсафий номлаганлигини, бунга сабаб, марҳум шоир Муҳаммад Юсуф шеърларидан "Гўзалларим гўзали алдайсиз", "Муҳаббат" каби 3-4 тасига қўшиқлар яратгани, айнан шоирнинг китобидаги, "Отам ўгитлари" сўзи маъқул бўлганлигини ва шу ном билан ҳам қўшиқ куйлашини, концерт дастури, унда куйланажак қўшиқлар ҳақида айтиб ўтди. Концертдаги биринчи қўшиқ аёлларга бағишланишини, ундан сўнг, эса, "Одноклассники.ру" сайти орқали жўнатилган, "Мен сени ҳеч кимдан сўрамай севдим" деб номланган қўшиқни ижро этишини, бу қўшиқни унга умуман кутилмаган тарзда жўнатишганликларини ва бу қўшиқнинг ҳақиқий муаллифи кимлигидан ҳам бехабарлигини билдирди. Концертда шунингдек, албатта Хоразм фольклёридан ҳам янги қўшиқлар бўлишини, шоирлардан Бобур Бобомуроднинг "Дарз кетди чинни коса, кўнгил энди тўлмайди" шеърига қилинган қўшиқ, шунингдек, "Бевафо ёр", "Мени сев", "Юлдузданмисан" каби янги қўшиқлар ҳамда, "Қани кел", "Ботир Зокиров армони" каби, аввалги қўшиқларидан ҳам фойдаланган ҳолда, жами 16-17 қўшиқ тайёрланганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ўтган йилги концерт дастурида, мухлислар сўраган кўп қўшиқларни ижро қилиб беришга вақт ва имкон бўлмаганлигини айтиб, бу галги концерт дастурида, буни ҳам эътиборда тутган ҳолатда, 20 дақиқалик "Илтимосларга биноан" блокини киритганлигини, агар мухлислар сўрашса, эски "шлягер" қўшиқлардан 4 тасини куйлаб беришини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, бошқа концерт дастурларидан фарқли равишда, концерт дастурида режиссёр йўқлигини, ўзининг фикрича, жонли концертда режиссёр билан қизиқарли бўлмаслиги мумкинлиги, концертда қандай қўшиқ ижро этишни билишини, лекин айнан концертда нима бўлишини билмаслигини, шунингдек, концертда меҳмон санъаткорлар ҳам бўлмаслигини, фақат ўтган йилги концерт дастурида меҳмон сифатида қатнашган синглиси Эътибор Отажонова бўлиши мумкинлигини, лекин бу ҳам унинг ижросидан келиб чиқиб маълум бўлишини айтиб, ҳаммани ҳайрон қолдирди.

 

img_5674_resize.jpg


Журналист Нодира Саидазимова Жаҳонгир Отажоновга қўшиқлари промаси борасида, негадир реклама сустлиги, одатда санъаткорлар яккахон концерти олдидан "хит" қўшиқларини "айлантиришлари", ёки қўшиқларини "хит" даражасига етказишга ҳаракат қилишларини айтиб, нега рекламага эътибор қаратмаётганлиги ҳақида савол берди.

Жаҳонгир Отажонов: - (кулимсираб)  Бундан 7 йил олдин, мен билан Жасур Ҳамроев ва Дилбаҳор Худойбердиева суҳбат қилганларида, мен принципиал жавоб қилгандим. 5 йил ижод қилмасам ҳам, худо ҳоҳласа, концерт қила оламан, дегандим. Мен ўшанда ўзимнинг ёзган қўшиқларимга ишониб, шундай деганман. Энди, санъаткор инсон, адабиёт ва тарих масаласида жуда ҳам билимли бўлиши керак. Чунки, айтаётган қўшиғида нима деяпти, ундан неччи йил олдин яшаган инсон ва ундан кейин неччи йил яшаган инсон шуни  ҳазм қила олади? Айнан, шундай сўзлардан фойдаланиш керак, назаримда. Балки дарров кўтарилиши қийин бўлар, лекин қўшиқнинг умри узоқроқ бўлгани яхши. Мени ишонаётганим ўтган йилги концертимда, масалан, келган томошабинлар, мухлислар. Очиғи, ортиқча реклама қилишга вақтим бўлгани йўқ. Ўтган йилги концертдан кейин, халқимизнинг тўй хизматлари бошланди. Ундан кейин, декабрь ойида бир ой концерт дастури учун қўшиқлар танладим. Кейин 10 январдан 10 майгача 4 ой давомида репетиция қилиб келяпман. Мен оддийликни яхши кўраман, масалан, саҳнага битта кийимда чиқаман. Мен фақат халққа қилган хизматим билан инсонларни қойил қолдираман, деб ўйлайман.

 

img_5673_resize.jpg

 

Жасур Ҳамроев яқинда хонанда Озодбек Назарбеков билан қилган суҳбати ҳақида айтиб ўтиб, жонли ижро ўзбек санъаткорлари учун қанчалик аҳамиятли ва буни уддалай олиш принциплари ҳақида сўраганида, Жаҳонгир Отажонов: - Энди, қайсидир санъаткорга ҳурматсизлик эмас, лекин халққа нисбатан ҳурмат юзасидан тўғри гапиришга мажбур бўламан. Масалан, жонли ижро, ҳар куни эрталаб туриб, ишга боришдек, гап. Бир ой, 100 кун, ёки уч кун деб, жонли ижро ҳисоб-китоб қилинмайди. Эрталаб уйқудан турасан, ишга боргандек борасан, қўшиғингни айтасан, келиб ухлайсан. Бизга берилган иш шу. Тўғри, масалан, мен 14 кун концерт қила олмайман, чунки ҳозирча мени рейтингим ундай даражада эмас. Балки, мен 14 кун концерт қила олмасман, у даражага ҳам чиқа олмасман. Масалан, мен 4 ой репетиция қиламан ва (кулиб) охирги кучим билан концерт қиламан. Масалан, мен репетицияда шунақа қўшиқ айтаман, концертда ундай айтолмайман, тўғриси. Ўтган йили менга атрофимдаги мусиқачи болалар "барибир репетициядек айта олмадингиз" деб айтишди. Энди, улар мусиқачи, тушунишади. Лекин, худога шукур, ўтган йилги концертимни кўпчилик мақтади, озми-кўпми ютуқларга эришдим. Аммо, барибир репетициядаги қилинган ижролар у ерда қилинмади... Аввало, Худодан омонат овоз, бўғилиб қолмаса, касал бўлмасанг, бир ярим соат, икки соат қўшиқ айтиш, оддий нарса. Агар ҳақиқатда, шу касб берилган бўлса! Бу иш, кимдир бориб ўқитувчилик қилади, кимдир бориб заводда ишлайди. Қўшиқ айтиш бизга берилгандан кейин, биз айтамиз. Балки, биз 14 кун концерт  қилиб кўрсак, ўшанда кўрармиз. Лекин, менимча қилиб кўрса бўлади. Энди, (самимий кулиб) мен ўзимни жуда ҳам талантли инсон демоқчи эмасман, фақат тўғрисўзман.

 

1_resize.jpg

 

Ҳумо газетасидан Маъпура Набиева: - Ҳозирги кунда санъаткорларимизни фонограммага ружу қўйишларининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Чунки, кўп санъаткорлар суҳбатларимизда, бунга тингловчини айбдор қилиб кўрсатишади. Мени ўйлашимча, бу инсоннинг ўзига боғлиқ нарса. Кечирасизу, бу санъаткорни ўзи ҳам уялиши керак эмасми, фалон пулга тўйга боргандан кейин, 2 та қўшиқ айтса ҳам, фақат фонограммадан фойдаланишларини, мен санъаткор учун уят деб ҳисоблайман. Ўзини санъаткор деб билган инсон, бундай йўл тутиши керак эмас, деб ҳисоблайман.

 

img_5636_resize.jpg

 

Жаҳонгир Отажонов: - Энди, менимча, гапингиз тўғри. Ҳар биттта ўзини ҳурмат қилган инсон, хизмат қилаётган инсонини ҳурмат қилаётган инсон, бундай қилмаслиги керак, назаримда. Лекин, ҳозирча шундай қилишяпти. Балки, бир кун келиб бунга ҳам нуқта қўйилар? Энди, ҳақиқий санъаткорда виждон бўлади. Менимча, ҳақиқий санъаткорлар жуда ҳам кам бўлса керак. Масалан, Ўзбекистонда 30 миллион аҳоли бўлса, агар санаб чиқса, 50 та яхши санъаткор чиқса, мени билганим албатта, балки бундан ҳам кўпдир? Лекин, бу санъаткорлар уларга етмайди, оддийроғи ҳам, унча қўшиқ айтолмайдигани ҳам, ўз даражасига қараб хизмат қилаверади. Тўғри, ёмон нарса бўлмаса, яхши нарсани кўриб бўлмайди. Чунки, бизни халқимиз санъатни яхши кўрадиган халқ. Кимдир мени қўшиғимни, кимдир Озодбек Назарбековнинг қўшиғини, кимдир Гулсанам Мамазоитованинг қўшиқларини яхши кўришади. Уларнинг қўшиқларини айтиб кун кўрадиганлар ҳам бор... Санъаткор ўзи ҳисоб-китоб қилиши керак. Масалан, мен бизнинг шоубизнесда 30 йил ижод қилсам, бир йилда 150 та тўйга борсам, 4500 -  5000 та тўйга бораман, дейлик. Умринг давомида 5000 та тўйга бориш учун, санъатни булғаш шарт эмас, деб ўйлайман. Шунинг учун, яхшироқ ижод қилиш керак. Мен ундан ўтаман, бундан ўтаман дейиш керак эмас, менимча. (кулиб) Биз Хоразмликларда бор, Наврўз келади, икки кун концерт қилади. Кейин Бунёд келади, концерт қилади. Кейин "нега мен қилмайман" деб яна биттаси келади. Кейин "Қувноқлар ва зукколар"дагилар чиқиб, хоразмликлар устидан кулади. Яхши кўрган қизига, "Сизни Бунёдни концертига олиб тушмоқчи эдим" деса, яхши кўрган қизи "Ким у?" деса, у бола ҳам, "Мен ҳам шуни билмоқчи эдим" дейди. (кулади)

Ҳумо газетасидан Маъпура Набиева хонандадан, Жонли ижрода концерт беришдан мақсадини сўраб, у ҳам бошқалар каби фонограммадан ҳам фойдаланиши ҳам мумкинлиги ҳақида сўраганда, Жаҳонгир Отажонов: - Энди бир хил вақтлар тўйда мен ҳам фонограмма ишлатаман. 3 минут магнитофонга бўйсуниб туриш, жонли ижро этишдан қийин, аслида. Қачон тугар экан бу қўшиқ деб, кутасан. Жонли қўшиқ айтиш эса, ўзи қийин эмас. Чунки, ҳоҳлаган жойингда пауза ушлаш мумкин. Репетиция нима учун қилинади? Мусиқачилар билан  "мана бу ерда тўхтаймиз, дам оламан" деб келишиб оласан. Бошқалар буни тушунишмайдими, фонограмма айтишади. (кулиб) Фонограмма қийин, бунинг учун жуда ҳам кучли актёр бўлиш керак. Бизга эса, хонандалик берилган, артистизм йўқ. Шунинг учун, жонли қўшиқ айтиш керак. Чунки, ҳоҳлаган пайт тўхташ мумкин. Масалан, мен қўшиқ айтганимда, қаерда тўхташимни мусиқачилар ҳам билишмайди. Лекин, битта нарсани биламан, қўлингни кўтарсанг, улар тўхташлари кераклигини билишади. Бу жуда катта ёрдам беради. 15 минут қўшиқ айтсанг, кейин 1 минут гапирсанг, овоз яна ҳам кучайиб қизиб, тайёр бўлиб туради. Кейинги қўшиқ, бундан ҳам зўр чиқади. Барибир ўқиш керак, тайёргарлик кўриш керак.

 

img_5671_resize_1.jpg

 

Анжуман янги концерт дастури олдидан бўлаётганлиги учун, яна мавзу концерт дастури ва ундаги қўшиқларга бурилиб кетди. Жаҳонгир Отажонов концертдаги қўшиқлари ҳақида яна сўз юритиб, айрим қўшиқларга алоҳида изоҳ ҳам бериб ўтди. "Отам ўгитлари" қўшиғи, таъсирли бўлиши мумкинлиги, ота ҳар ким учун азиз инсон эканлиги ҳақида, турли оилавий шароитлар борлиги ҳақида, бехосдан отасини норози қилиб қўйганлар ҳам борлиги тўғрисида айтиб, қўшиқдан тўртлик ҳам келтирди.

"Отам ўгитларин унутмоқдаман,

Унутяпман, секин ўзимни оқлаб,

Сен кимнинг ўғлисан, кимнинг фарзанди?

Ортимда имоним юрар сўроқлаб..."

"Дарз кетди, чинни коса" қўшиғига ҳам алоҳида тўхталиб, бу қўшиқни коса ҳақида деб ўйламасликларини, қўшиқ ажралишлар ҳақидалигини, "Ҳеч кимдан сўрамай севдим" қўшиғи эса, эндигина муҳаббатни ўзида ҳис қилаётганлар учунлиги, "Ботир Зокиров армони" қўшиғи дардли қўшиқлиги, концертдаги 6-7 қўшиқ оғир, ўйлатадиган қўшиқлар эканлиги ҳақида, ўз фикрларини баён қилди.

 

img_5598_resize.jpg


Журналист Жасур Ҳамроев, хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг концертини ташкиллаштираётган ва 2 йилдан буён хонанда билан концертлар борасида ҳамкорлик қилаётган "Шарқшин" фирмаси раҳбари Рустам Ариповга ҳам мурожаат қилиб, ҳамкорлик борасида, саволлар берди.

 

_resize.jpg


Рустам Арипов хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг қайси инсоний хусусиятларини қадрлайсиз деган саволга, "Очиқ-ойдин гапиради, оддий инсон, қолаверса катта ўғлимнинг ҳам исми Жаҳонгир" деб қисқа, лекин самимий жавоб қайтарди.

  

img_5666_resize.jpg


Шундан сўнг, журналист Жасур Ҳамроев хонандага: - "Шунча вақтдан буён номингиз бор эди, лекин рейтинг борасида оқсоқланар эдингиз. Ўтган йилдан бошлаб, рейтингингиз ошди. "Оқ булутлар" қўшиғингиз энг охирги хитларингиздан бири бўлиб қолганди. Ўтган йилги концертдан кейин эса, жонли ижро билан яна эл оғзига тушдингиз. Альбомларингиз сотилиш даражаси ҳам кўтарилди. Шундай вақтлар ҳам бўладими, руҳан кайфиятингиз кўтарилиб, билдирилган баҳолардан салгина виқорланганингизда, сизда ҳай-ҳай ўзингни бос, деб турадиган нима бор?"

Жаҳонгир Отажонов: - "Билмайман, мен ҳали виқорланмадим, унақа бўлмасам керак. Чунки, энди чиққан вақтимда онамлар билан баҳслашганман, акаларингга ўхшаб кетасан деганлар, йўқ, мен шунақа бўлмайман, деганман! Лекин, тўғри, мен унақа рейтингли санъаткор бўлмаганман! Ҳозир олдингига қараганда, рейтингим ошганлигини сезаман, лекин қўрқдим озгина, чунки, бир хил жойларда жуда ҳам  ҳурмат қилиб ошириб юборишади. Шунақа жойларда, инсон ўзини тутиши сал қийинлашар экан. У нарсани ўзим учун таҳлил қилиб олдим. Бу ёғига мабодо кўтариладиган бўлсам, менимча, ўзимни ушлаб турсам керак, деб ўйлайман. Чунки, ўша пайтда, ҳам ҳурмат қилаётган, кўтарилаётган вақтинг, ўзингни яна ҳам оддий тутаман, дейиш ундан ҳам қийини. Ёлғондан паст кетиш ҳам, манманликка кириб кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун, қандоқ бўлсам, шундоқ бўлишга ҳаракат қиламан.

 

Журналистлардан бирининг "Фонограмма тўғрисида айрим санъаткорларга нега жонли ижрода концерт қўймайсиз, деб савол берилганда,  "Истиқлол" санъат саройида техника бизнинг талабларимизга жавоб бермайди, деб вазиятдан чиқиб кетишади. Лекин, техника сизни жонли ижрода концерт қўйиш талабларингизга жавоб берди-ку" деган саволига, Жаҳонгир Отажонов: - Мен ҳам биринчи куни шундай деб ўйлаган эдим. Кичик хонада репетиция қилганимизда товуш тўғри келаётган эди. "Истиқлол" санъат саройига борганимизда, бирдан йўқ бўлиб қолди. У ер катта зал бўлгани учун товуш тарқаб кетяпти, демак бунга кўникиш керак. Масалан, Европада концерт бермоқчи бўлсангиз, у ерда бошқача, у ерга ҳам кўникмаслик мумкин. Бўлмаса, у ерда жуда ҳам зўр аппарат бўлиши мумкин. Бу нарсага ҳеч қачон баҳона топиб бўлмайди. (самимий кулиб) Бу худди, бильярд ўйнаганда тушира олмаса, кий қийшиқ экан, дегандек гап. Лекин, кий ҳеч қачон қийшиқ бўлмайди. Аппарат яхшими, ёмонми, борини чиқариб беради. Менимча, бу борада мутахассис Игорь Иосис ҳам тўғри келган нарсани қўймайди, бунга рухсат ҳам бермайди, деб ўйлайман. Биз ишладик, биринчи куни тўғриси қийналдим, лекин иккинчи куни жуда ҳам қониқдим. Санъаткор қониқмаса, у даражада томошабинлардан олқиш ололмаса керак, деб ўйлайман. Энди, бу нарса очиғи баҳона бўлса керак. Ҳозир баъзи санъаткорлар буни қила олмайди, бунга ҳаракат қилган сари қила олмаслиги кучаяди. Ижро, қўшиқ айтиш шундай нарсаки, у нарса берилмаган бўлса, уни ишлаган сари ёмон тарафи кўтарилади. Йўқ нарсани ишлаб қилиб бўлмайди, бор нарсани ишламасдан ҳам қилиш мумкин. Лекин, ҳозирги кундаги баъзи санъаткорларимиз ишласа, концерт қўйишса, ўша нарсани қила олишади. Лекин, улар ишлашмаяпти.

"Кимларни тўлиқ жонли ижрода концерт беришга имконияти бор, деб ўйлайсиз?" деган саволга, хонанда: - Озодбек ака Назарбеков ўзининг кучи билан қила олади, чунки Озодбек ака мини диск йўқ вақтлари жонли айтарди. Ботир Қодиров қилиши мумкин, Гулсанам Мамазоитова қила олади. Отабек Муҳаммазоҳид, Ғуломжон ака Ёқубов, улар шундай пайт ижод қилишганки, у пайтларда мини диск бўлмаган. Ҳаттоки, биз чиққан вақтларда ҳам йўқ эди. Фақат минус қўйиларди, қўшиқ жонли айтиларди. Лекин, менимча Алишер Файз жонли ижрода концерт қила олмайди. Лекин, Оғабек Собиров қила олади. Оғабек Собиров "Истиқлол" санъат саройида бир йили концерт қўйганида, ҳеч қандай микрофонсиз қўшиқ айтган! Лекин, ўшани томошабинлар эшитишган. Майли аппарат ёмон деса, шундоқ тор билан, бахшичилик билан битта номер кўрсатди, ўшани одамлар эшитди.

 

img_5588_resize.jpg

 

Жонли ижро борасидаги саволларга хонанда ўз фикрини билдириб, жонли ижронинг ҳам даражалари бўлишини, фақатгина айтиш керакмаслигини, жонли ижрода ҳам характер бўлиши кераклигини, хонанданинг ўзи жаҳон юлдузларидан Андреа Бочеллининг қўшиқларини ёқтириб тинглашини, яхши қўшиқни тинглаш ҳам бир маҳоратлигини, жонли куйлай олиш ҳаммага ҳам худо тарафидан берилмаганлигини, ҳаттоки хориж юлдузларининг баъзилари ҳам жонли ижрода куйлай олмаслигини, ўзимиздаги баъзи санъаткорлар зўр иқтидорга эга бўла туриб ишламаслигини, масалан, Ўлмас Оллоберганов, Улуғбек Отажоновлар зўр санъаткор, лекин ишлашмайди, жонли ижрони улар қилмаса, ким қилади, дея куюниб гапирди. Шунингдек, хонанда ўзидан ҳам зўр куйлай оладиган санъаткорлар борлигини, лекин жонли ижрода концерт бериш унга насиб этганлигини ҳам, камтарлик билан айтиб ўтди. Жонли ижро ўзбек халқи учун аслида оддий нарса эканлигини, чунки жуда ҳам кўплаб истеъдодли санъаткорлар ўтганлигини, Севара Назархондек санъаткорлар фестивалларга бориб, ўзбек санъатини жаҳонга ёйса, кимлардир ўзбек санъатини йўқ қилаётганлиги ҳақида, ҳам ўз фикрларини билдирди. Хонанда, бу ҳолатни "виждонсизлик" деб атади.

 

"Барибир туғилган чақалоқ, секин-секин юришни бошлагандек, жонли ижрога ҳам қадам қўйиляпти. Менимча, вақти келиб бу ҳам секин-секин оёққа туради. Ҳозирги вазиятдан чиқиб юрганлар қийналиб қолишади, ўшанда кеч бўлади жуда ҳам" - деди хонанда.

 

Журналистлардан бирининг "Қизиқчилар сизни пародия қилишди. Ўзингизга қандай таъсир қилди?" деган саволига хонанда, бу ҳақиқий пародия эмас, фонограммалигини, тўйда ўзи ҳам ортидан кўриб қолганлигини, томошабинлар реакциясидан зўр бўляпти деб ўйлаганинию, бир концертда кўриб, томошабинлар уни қўшиқ айтгани ёки пародияси учунмас, бир ҳаракати учун кулаётганликларини айтиб, бу нарса нотўғрилигини ҳам айтиб ўтди. "Бу нарса одамни шахсиятига тегишга киради, мен ундан хафа бўлдим. Мен унга, "ука бу нарсани қилманг, қилсангиз сизни судга бераман", дедим. Лекин, мен у билан уриш қилмайман. Энди бу гапларимдан кейин яна қилар? Лекин, виждони бўлса, қилмайди." - деди хонанда Жаҳонгир Отажонов.

 

img_5593_resize.jpg

 

Шундан сўнг, журналист Жасур Ҳамроевнинг таклифи билан, хонанда ўз мусиқачилар гуруҳи ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Жаҳонгир Отажонов: -  (кулиб) Тўғрисини айтсам, олдинги йили, ҳеч қайсимиз, (мусиқачилари ҳақида гапириб) бир-биримиз билан ишлашга муносиб эмасдик. Ўзимизча, жонли ижро қилиш учун репетицияни бошлаб қўйдик. Мен уларга гапира олмасдим, чунки ўзим фонограммага ўтириб қолгандим. Энди 2 ой ҳар куни қўшиқ айтиб, овозимни созлашим керак эди. Ёнимда гитара чалган Баҳодир ҳам биладилар, бақириб қўшиқ айтганларимни эсласам... Май яқинлашганда овоз ҳам, пичоқни ўткирласанг, кесиб юборадигандек бўлиб кетди. Тўғрисини айтсам, май яқинлашганда ҳам, концертга 15 кун қолганида ҳам, ишонасизми, унча ижро қила олмай юрдим. Кейин шунақа ижро қилдим, ҳатто концертда ҳам ундай айтилмади. Ҳозир, ўзим, мусиқачиларим ҳам энди 20-30 фоиз кўтарилдик, десам ҳам бўлади. Энди олдинги йилдан кўра, яхшироқ ишлаяпмиз. Бу йил кўпчилик мусиқачилар, "Азия" гуруҳидан. Бу ерда энди, ҳар тарафдан йиғилган-да. (санаб ўтади) Жавоҳир барабан бўйича, хонанда Севара Назархон билан ишлайди, ҳам "Азия" гуруҳидан. Ғайрат бас-гитарада, Гулсанам Мамазоитова билан ишлайди, "Азия" гуруҳидан. Азиз Абдуллаев гитарада, Абдулла ака Шомағрупов билан ишлайди. Баҳодир биз билан ва "Евраазия" билан ишлайди. Жаҳонгир Исроилов, мен билан ишлайди, аранжеровкачи, Ўзбекистон Давлат Консерваториясида катта ўқитувчи. Маҳкам барабан чалади, Шерзод катта администраторим, Беҳзод синтезаторда, Мансур доирада, Жамшид ҳам доирада, Мардон жияним, у ҳам  куйлайди, Камрон ҳам синтезаторда, жами 10-15 кишидан иборат. Яна 6 киши яъни, камончилар гуруҳини қўшмоқчимиз, чунки синтезни "подушка"ни ҳам жонли қилмоқчимиз. Лекин, бу йил улгурмасак керак. Ҳали бунга ҳам тажриба керак. (кулади)

Хонанда "рейтинг нимага боғлиқ деб ўйлайсиз?" деган саволга, "Рейтинг промага ҳам боғлиғу, лекин бу вақтинча. Агар ўша реклама қилинаётган нарса яхши бўлмаса, вақти келиб эсдан ҳам чиқиб кетади." деб жавоб қайтарди.

"Нима учун мени рейтингим биринчи ўринда эмас, деган саволни ўзингизга ўзингиз берганмисиз" деган саволга, хонанда: - Мен биласизми нимани ҳоҳлайман, 70 ёшда ҳам ҳурматга сазовор бўлишни! Баъзи санъаткорлар хор бўлишади, чунки, улар иродасизлик қилишади. Бу нарса кўп бор исботланган. Улар кимгадир жаҳл қилиб санъатни ташлаб юборишади ёки иродасизлик қилиб, ўзининг шунча худо берган истеъдодини йўқотишади. Ҳозирги кунинг оғайнингни ёнида ҳам ўтиб кетади, лекин эртага 50-60 ёшга борганингда, сени биров эшитмаса, қийин. Лекин, номинг ўчмайди, ана шуниси ёмон! Буни шоубизнесда, яқин ўн йилликда ҳам ўзида ҳис қилаётганлар бўлса керак.

 

Хонанда эстрадага, "ўзбек замонавий халқ чолғу мусиқий гуруҳларидан ташкил топган санъаткорлар", деб таъриф бериб ўтди. "Эстрада хонандаси дегани, ўзи саҳна хонандаси, деган маънода келади. Замонавий ўзбек халқ миллий мусиқаси, яъни гибрид, кимдандир барибир ўрганамиз. Масалан, Францияга борсанг, улар ҳам бизни танбурга, доирага, ижрога қизиқади, ёки Италияда, ёки Германияда. Уларни чалаётган гармониясига ёки синтез мусиқий асбобларига биз қизиқамиз. Шундай нарса-де, барибир ривожланиш учун бир-бировининг маданиятидан озгина-озгина ўрганилади. Шундоқ олиб, таржима қилиб, кўчириш эмас, албатта! Чунки, бировнинг қўшиғини ўғирлаб айтгандан, ривожланиш бўлмайди."

Хонанда ҳеч кимни ўзига рақобатчи деб билмаслигини, чунки ўзини зўр хонанда деб ҳисобламаслигини, унинг санъатда ўз йўли борлигини, ҳозирги кунда қўшиқчилар кўплигини, лекин баъзилари ҳаётий қўшиқлар борасида, "шундай қўшиқ айтсам одамлар эшитармикан" деб иккиланишларини, қўшиқчи бўлиш учун билимли бўлиш зарурлигини ҳам, таъкидлаб ўтди.

  

img_5584_resize.jpg


Жасур Ҳамроевнинг "Қайси қўшиқларим яшаб қола олади, қайси бир қўшиқларимнинг маънавий юки, тоши бор, деб ўйлайсиз? Ёшларни, ёки уларнинг бир қатламини тўғри йўлга бошлай олади деб, бир неча мисоллар келтира оласизми?" деган саволига, Жаҳонгир Отажонов: - Масалан, биринчи қўшиғим 1998 йилдаги "Ботир Зокиров армони", бу қўшиқ ўз пайтида етарлича реклама бўлмади, балки одамлар билмади. Шунинг учун, қайта куйладим. Иккинчи, "Доғман" қўшиғим, қанчадан буён яшаб келяпти, Комилжон Отаниёзов мусиқаси, ҳали яна яшайди. Учинчидан, "Икки қалб", "Учрашмадик", "Дилсўзим", "Мени сев"... 50 тача қўшиғим бор. Сўрашяпти, айтяпман, демак яшаяпти. (кулиб) Балки, мени мухлисларим учун ҳаммаси яшар? Энди, мени қўшиқларимни ҳар замонда эшитадиганлар учун "Оқ булутлар" қўшиғим исбот қилди, ҳалигача яшаяпти. Лекин, мени ҳамма қўшиқларим сўзларини профессионал шоирлар ёзган. Бобур Бобомурод, Абдулла Орипов, Умида Абдуазимова.... Кимгадир 50 доллар бериб шеър ёздириб, кимгадир 50 доллар бериб, мусиқа ёздирмаганман. Шеърни ўқийман, агар унга мусиқа кирса, кейин қўшиқ яратаман. Ҳеч қачон биринчи мусиқа, кейин шеър бўлмайди! Аввал шеър ёзилади, кейин ўшанга қўшиқ қилишим мумкин. Асосан, жиддий           шоирларнинг

шеърларидан фойдаланаман. Яхши шеър бўлса, менимча яшайди! Фалсафий қўшиқлар менимча, кўпроқ яшайди!

 

 

 

Матбуот анжумани бир соатдан ортиқ давом этди, журналистлар томонидан турли фикрлар ва саволлар берилди. Хонанда Жаҳонгир Отажонов эса, уларнинг ҳаммасига жавоб беришга ҳаракат қилди, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Матбуот анжумани якунида хонанда, журналистларга ўзининг "Ботир Зокиров армони", "Мен сени ҳеч кимдан сўрамай севдим", "Учрашмадик" қўшиқларидан жонли ижрода озгинадан куйлаб берди.

Тўғри, жонли ижрода куйлай оладиган санъаткорлар кўп, лекин негадир бошидан охиригача жонли ижрода концерт бериш, яқин ўн йилликда, чиндан ҳам фақат хонанда Жаҳонгир Отажоновга насиб этди. Энг ҳайрон қоларлиси эса, жонли ижро деганда, уни қайта жонлантирган ва жонли ижро, жонли ижродаги концертларни қайтара олган санъаткор сифатида, ҳамманинг кўз олдига фақат Жаҳонгир Отажонов келадиган бўлди! Қайсидир маънода, хонандага жонли ижро рамзи, қиёфаси бўлиш бахти насиб этган, десам янглишмаган бўламан. Хонандани ҳар доим, мана шу қиёфага ва халқ меҳрига содиқ қолади, деб ўйлайман.

Саида Вахобова тайёрлади

img_5688_resize.jpg  jasur_resize.jpg 

                                                  Анжуман ташкилотчиси журналист Жасур Ҳамроев