OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

КОНЦЕРТЛАР

BAPY8055

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

АДИЗ РАЖАБОВ: ОИЛАВИЙ МАСАЛАЛАР БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ ЭМАСМАН! 20.04.2012 07:39

adiz10.jpg Ўзбек киносига ҳар йили қанчалаб ёшлар ҳақиқий актёр бўлиш орзусида кириб келадилар. Лекин, улардан, ҳақиқий истеъдод эгаларигина эл назарига тушиб, ўзбек киносида ўз ўрнини топиб, таниқли актёр бўла оладилар. "Диллашув" саҳифасининг бугунги меҳмони, кўплаб фильмларда турли характерга эга қаҳрамонлар ролларини ижро этиб келаётган, ўзбек киносида ўз ўрнига эга актёр Адиз Ражабов.

 

Адиз Ражабов 1984 йил туғилган.

Оилада 4 та фарзанднинг иккинчиси. Онасининг исми Шоира, отасининг исми Назрулло. Акаси Лазиз, сўнг Адиз, Зарина, Асрор.

Тошкент Давлат Санъат институтини тамомлаган.

Илк дебют фильми "Наҳотки сен"

Кўплаб фильмларда суратга тушган ва суратга тушиб келмоқда.

 

- Сиз шу кунларда кинода бош роллардан ташқари, иккинчи даражали ва эпизодик ролларни ҳам ижро этиб келмоқдасиз. Баъзи ёш актёрлар бош ролни ижро этгандан кейин, иккинчи даражали ва эпизодик ролларни ижро этишни исташмайди ва кўпинча рад этишади. Сиз-чи, бош роллардан кейин, кичик ролларга ўтиб қолишдан қўрқмайсизми?

- Кўпчилик ролда катта-кичиклик йўқ, деб айтади, бундоқ олиб қараганда, ҳақиқатдан ҳам шундай. Инсоннинг ўзига боғлиқ. Ўша кичкинагина ролни, масалан эсда қоларли қилиб ижро қилишингиз, яъни, ўзингиз сценарийдан ташқарига чиқиб, лекин сценарийни бузмаган ҳолда бойитишингиз мумкин! Бу ўзингизга боғлиқ. Шунинг учун, "иккинчи даражали" ёки "эпизодик", бу менимча, шунчаки сўзлар, деб ўйлайман.

 

adiz8.jpg

 

- Мисол учун, қандай ролни умуман ижро қилмаган бўлардингиз?

- Қандай роль? (ўйланиб) Бир нарса дейиш қийин. Масалан актёр бўлгандан кейин, ҳар хил ролларда чиқиши ва қанақадир инсонларга ўрнак бўлиши керак! Масалан, ёмон томонлама чиқса, энг бир қабиҳ ёмон инсон ролини ўйнаса ҳам, бошқалар шуни кўриб, "шунақа инсон бўлмаслик керак", деган фикрга бориши керак. Шунинг учун, ҳозир билмадим, қандай роль? (қатъий) Албатта ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган бир қанақадир роллар бўлса, албатта ўйнашдан бош тортсам керак!

 

- Шу кунгача ижро этган ролларингиз ичида, "шу ролни бекор ўйнабман" деган ролингиз ҳам борми ва буни очиқ айта оласизми?

- Энди, шу кунгача ижро этиб бўлган ролларимга келсак, (ўйланиб) биласизми, баъзи бир-иккита ролларимни ўша пайт ижро этилгач, премьерадан кейин, "бекор ўйнабман шу ролни" деган фикрлар ҳам бўлган. Лекин, қайси роль эканлигини айтмайман. Аммо, озгина муддат, бир-икки, уч йил ўтгандан кейин, инсон бир бошқача фикрлашни бошлар экан ва ҳаётнинг қайсидир даврида бўлган фильмлар ҳам, нимадирларгадир туртки бўлганлигини тушунар экан. Масалан, қанақадир таниш орттирганман, ўзимга ёки ижодимга, плюс тарафлари бўлган. Ўша пайт буни тушунмагандирман, ҳозирги пайтда эса ўшаларни ўйлаб, анализ қилдим-ки, ҳақиқатдан ўша пайтда, ўша роль бўлгани, ҳаётимга ва ижодимга плюс бўлган. Шу сабаб ҳам,  ҳаётда бўлган нарсадан, ўтмишдан афсусланмаслик керак, деб айтилади-ку. Ҳар бир нарса, бизга дарс беради. Ҳеч нарса, шунчаки содир бўлмайди!

 

- Масалан, "Пойқадам" фильмидаги ролингиздан нима олдим деб ўйлайсиз? Ролларимнинг ҳар бири қанақадир плюс бўлган, деб айтяпсиз-ку.

- (ўйланиб) "Пойқадам" фильмидаги роль, (ўйланиб) тўғри  шедевер ҳам, ҳеч қандай бошқача ҳам эмас. Ҳозирги пайтдаги, ўзининг йўлида юрган бола. Лекин, (ўйланиб) масалан, ўша пайт ҳам мен шу рол учун, меҳнат қилганман, асаб кетган. Шу сабабли, бу нарсани шунчаки кетди деб, айта олмайсиз-ку. Ҳеч қачон, бундай деб айта олмайсиз! Келинг, ўша роль омадсиз бўлсин. Масалан, қилган ишингиз ёки ҳаракат, сизга бир наф келтирмаган ҳам бўлсин. Лекин, бир грамм бўлса ҳам, барибир наф келтирган! Масалан, тажриба томонлама, умуман ҳаётдаги тажриба!

 

adiz.jpg

 

- Ҳеч касбингиздан чарчаб кетган ҳолат ҳам бўлганми?

- (ўйланиб) Ҳар хил вазият бўлади. Инсонни жонига ҳам тегиб кетиши мумкин, лекин, бу секундда бўлиб ўтадиган хаёл! Келадию (жилмайиб), қандай тез келган бўлса, шундай тез кетади! Чунки, инсон ўзи яхши кўрган касб билан шуғулланиши ва бундан мароқ олиш, завқланиш! Шундан бошқа инсонлар ҳам завқланяпти, ёки фойда келтиряпти, бу йиллар давомида келадиган тушунча, менимча. Шу сабаб, ундай хаёллар, бир зумлик, келади-кетади!

 

- Актёрликдан ташқари ҳам, бир неча касб билан шуғулланганлигингиз ҳақида айтгансиз, қайси касб қўлимдан келмайди деб ўйлайсиз?

-  Инсон шунақа бир мавжудотки, ҳар бир нарсага кўнади ва кўникади, адаптация ҳосил қилади. Ўша сабаб, билмадим, энди ҳаётда қанақа бўлар экан? Кўрамиз. Кўп касбни қилганмиз. Қила олмайдиган ишим программист бўла олмасам керак, чунки (кулиб) алгебра каби, бир аниқ фанлардан, унча яхши эмасман (кулади).

 

adiz7.jpg

 

- Томошабинлар тарафидан ҳам, ролларингиз ҳақида фикрлар эшитганмисиз ва бунга қандай қарайсиз?

- (ўйланиб) Мисол учун, ""Қалб кўзи" фильмидаги ролингиз жуда ҳам яхши, ҳақиқатдан қийналган икки ўт орасида қолиб кетган бола", деди кимдир. Яна кимдир эса, бу ролни "ёмон" деди. "Бу ролни бекор ўйнабсан, ёмон бўлибсан" деди. Инсонлар тушунчаси ҳам ҳар хил.

 

- Ўзингиз ижро этишни орзу қилиб, ижро этган ролингиз ҳам бўлганми?

-  (узоқ ўйланиб, кулиб) Жуда ҳам қийин савол! Йўқ, ҳозиргача бундай бўлмади, лекин бир нарсани айтмоқчиман, режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг "Дунё" фильмида ўйнадим. Менимча, ундаги ролим, умуман актёр орзу қиладиган роль деса ҳам бўлади. Умуман нимаси билан? Ўзининг берилган вазиятлари билан, орзуга ўзини тортади... Фильмда, қаҳрамоним, ҳар хил вазиятларга тушади, актёрлик маҳорати ҳам, юмор томонлама ҳам, драмага ҳам тортиб кетади. Умуман ҳолатдан, ҳолатга ўтишлари жуда ҳам кўп! Шунга масалан, шу ролни ҳам айтса бўлади.

 

- Сиз кутаётган роль қандай бўлиши мумкин?

- Олдин ҳам айтганман, тарихий фильмда рол ижро этиш, негаки ўша даврдаги каби костюмлар, қанақадир ўша давр тарихидаги инсоннинг ролини, персонажи берилса. Ўша персонажни ўрганиб, китобларни очиб, қанақа инсон бўлганлиги, нимани яхши кўрган, қайси фан томонлама кучли бўлган,  ҳаммасини ўргансам. Шунақа роль бўлса, мазза бўлса керак, завқ берса керак!

 

adiz5.jpg

 

-  Айтдингиз-ки, тарихий роль бўлганда, тайёргарлик кўрган бўлардим деб. Айтинг-чи, ҳозирги пайтдаги замонавий ролларингизга ҳам тайёргарлик кўрасизми?

- Албатта! Замонавий ролларга ҳам тайёргарлик кўрмасдан иложи йўқ. (жилмайиб) Масалан, қанақадир роль берилди, ҳозир айтаман қайси роль, (ўйланиб) масалан, "Уқубат" фильмида, чет давлатга бориб қийналган бола образи! У болани мен қанақа қилиб ўйнайман? Масалан, мен у ерга бормаганман, у ерда бўлмаганман,  қулликка тушмаганман. Шунда, мен шундай инсонлар, яъни ўша ерларга бориб қийналган, қочиб кетган, қанақадир ногирон бўлиб келган, жароҳат олиб қайтган инсонлар билан бориб гаплашдим. Улар у ерда қандай яшаган, нима еган? Уларга қандай зулм ўтказилган? Нима деб хақорат қилишган? Улар қандай қилиб қочиб кетишган? Ўша қочаётган пайтида юраги қандай урган? Ҳар бир нарсаси ҳақида гаплашиб билиб оласиз, мулоқотда бўласиз. Мана шундай тайёргарлик! Ўзингизга нисбатан, ҳақиқий эмоциональ! Энди, у "Уқубат" фильмида жуда ҳам ундай кўп қийналганлиги билинмайди. Масалан, ёмғир ёғиб турган жойини, декабрь ойида суратга олганмиз. Бир қийналган жойим шу бўлган, чунки декабрь ойида, муздек сувни устингиздан қуйишяпти. Кўчадасиз, умуман, муздек сув ичингизгача кириб кетди, ҳамма нарса ҳўл. Энди ўша одамларни таассавур қилаверинг. Биз фильм суратга олаяпмиз, у одамлар бўлса, шундай вазиятда ҳақиқатдан ҳам ишлаган, бизларга "стоп" деса, иссиқ хонага кирамиз. У одамлар бўлса, бундан баттар аҳволда бўлишган. Мен ўша одамлар билан гаплашиб, уларнинг ҳолатини ўрганганман. Ҳар бир ролга нисбатан, шундай ёндошаман. Масалан яқинда, режиссёр Акбар Бектурдиевнинг "Салом севги, хайр севги" фильмида ўйнадим. Қаҳрамоним аутизм касаллигига чалинган инсон. Бу касалликка чалинганларни кўргандим. Шу ҳақида ўқидим, интернетдан қидирдим. Шу касалликка чалинган беморларни бориб кузатдим. Масалан, бу жуда ҳам жиддий мавзу! Бунга шунчаки ёндошиб бўлмайди! Масалан, уларнинг фақат ҳаракатинигина эмас, мисол учун ҳаракатни ҳам қилиш мумкин. Умуман, уларнинг ички ҳолати қандай? Жим турган вақтида, кўзида нима бўлади? Улар ичида қандай ўйлайди? Тўғри, масалан, бизлардек ўйламаса ҳам, балки ўша одамлар биздан юксак, бир нарсаларни ўйлар. Шу томонлама ўқидим, кузатдим. Мен ҳоҳлардим-ки, бу ролдаги инсонга шунчаки ачиниш ҳисси билан қараш керак эмас. Ачиниш керак эмас, ўзимга-ўзим берган биринчи вазифам, бу инсонни ички дунёсини одамлар кўрсин! Бу инсонни севгига нисбатан муносабати қандай, унинг ўша биринчи марта ўша севгини ҳис қилгандаги ҳолати, унинг юрагидаги туйғулар қандай? Шу нарсаларни кўрсатмоқчи бўлдим! Ўргандим. Тайёрландим!

 

- Бир хиллар касалга чалинганларни, ёки у-бу нарса содир бўладиган ролларни ўйнашга ирим қилишади ёки ҳоҳлашмайди. Сизда-чи, шундай ҳолатлар бўлмадими, масалан, аутизм касаллигига чалинган инсон ролини ўйнашга?

- (ўйланиб) Менда тўғриси бўлмади.

 

- Кейин одамлар бу ролимдан кулиб юрадилар, мисол учун, бу роль ҳамма ролларимни босиб кетади, рейтингга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин, деган фикр-чи?

- Йўқ. Унақа эмас! (самимий) Масалан, тўғри одам рейтингни ўйлаши керак, бошқа ҳолатларни ҳам ўйлаши керак. Лекин, асосий нарса, барибир ижод! Мени ҳаётимда бу янгилик, масалан бир нарса янгилик бўлгандан кейин, одам ўша нарсага бир бошқача ёндошади. Энди бошида қўрқув бўлди, "бу қандай бўларкин" деган нарса бўлди. Лекин, режиссёр Акбар Бектурдиев билан гаплашганимиздан кейин тушундим-ки, Худо ҳоҳласа, бунга кучимиз етади. Масалан, у ҳам қанақадир кўмаклашди. Лекин, ундай "бошқа ролларимни босиб кетади" деган хаёл бўлгани йўқ. Бу нарса, менга ёқдими, демак қилиш керак.

 

- Қўрқув дедингиз, қай томонлама қўрқув, ижро эта олармиканман деган ёки ...

- Қўрқув, айнан ўша инсонларни физик томонлама аниқ кўрсатиб бериш, ўша томонлама қўрқув бўлди.

 

adiz2.jpg

 

- Сиз режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг "Дунё" фильмидан сўнг, дебютант режиссёр Отабек Мирзахоловнинг "Зулм" картинасида суратга тушдингиз. Кўпчилик машҳур инсонлар, негадир дебютант режиссёрлик ишларида суратга тушишга қўрқишади?

- Тўғри айтдингиз, (кулиброқ) ҳақиқатдан ҳам қўрқишади. (жиддий) Биринчидан, бу инсонни, мен жуда ҳам яхши биламан. Битта нарсани айтаман, сценарийни ўқиб чиққач, ўзимнинг линиямни кўрганимдан кейин, ёқди. Биринчидан, бу салбий образ. Ҳақиқатдан ҳам салбий, лекин мен ўша салбийликка, охирида озгина виждон қўшдим. Ўша озгина бўлса ҳам, нигоҳида, эмоциясида билинсин-ки, бу қаҳрамоним ҳам қилган ишидан пушаймон. Озгина ўша қилган ишидан, виждони қийналганлигини бердим. (кулиб) Озгина, кўп эмас. Чунки, кўп берса, ўзгариб қолади. Энди сценарийда фақат салбий эди, бу нарсани ўзимдан қўшганим, озгина ўзгариш бўлди. Охирги пайтларда бундай даражадаги салбий роль ижро қилмаган эдим. Ўша салбий томони бўлганига, ўзимга жуда ҳам ёқди. Ҳеч қўрқмадим ҳам, чунки менга берилган ишни тўлақонли биламан, кучим етади ва кучим етган нарсага ёпишаман. Кучим етмаса, ўша ишга ҳеч қачон қўл урмайман. Роль яхши бўлгани учун ҳам, роль кўпроқ ёқиб кетди ва туртки бўлди.

 

- Демак, бу салбий ролингиз билан ҳам томошабинга нимадир яхши нарса етказиб бермоқчисиз?

- Менимча, бу ролимни кўриб, бир ёмон гаплар гапириб (кулиб) "башараси қурсин, мана шу болани" деб чиқиб кетишса, катта бир комплимент бўлса керак. Шу ролни кўриб, томошабинларга шундай таъсир қилса! Масалан, шундай оилалар ҳам бор, шунақа куёвлар ҳам бор, шундай бир зулм қиладиган инсонлар ҳам бор. Шундай қайноналар ҳам бор, кимдир кўриб, масалан ўзига хулоса қилар. Барибир, ҳеч нарса шунчаки ўйналмайди. Барибир, ниманидир етказиб бериш керак. Қанчалик? Ҳозирги пайтга келиб, "тарбиявий аҳамиятга эга" деган нарсангизга, одамларнинг энсаси қотади-де. Нимага энса қотириши керак? Ахир, тарбиявий аҳамияти бўлиши керак! Масалан, роль бўлгандан кейин одамларга, фақат шунчаки бир ўзингизни ҳуснингизни ёки ҳаракатларингизни, чиройли тарафларингизни кўрсатиш эмас! Ролингиз орқали бир нарса бериш керак, назаримда. Ўшани одамлар кўриб, "ўша ану қўшним шунақа эди, ёки мана бу танишим шундай эди", деб, кимдир ҳаётдаги одамни таниса, ёки ўзини таниб қолса, ичида, "вой нима қилиб юрибман, ахир бу ўзимни ҳаётим-ку" деб, кимгадир яхши тарафга ўзгаришига сабаб бўлса, менимча, энг катта ютуқ тарафи, шу бўлса керак.

 

- Режиссёрни сизни бу ролга танлаганини сабаби, нимада бўлди деб ўйлайсиз? Ижро маҳоратингиз учунми, ёки ташқи кўринишингиз учунми? Кўпинча салбий инсонларни ташқи кўриниши ҳам хунук қилиб тасвирлашарди. Сиз эса, ташқи кўриниши чиройли, лекин қалб дунёси хунук образ яратдингизми?

- Тўғриси, бу ҳақида ўйламадим. Тўғриси савол берганингиздан кейин, ҳозир ўйланиб қолдим. Балки, бундан олдинги йиллар ўйнаган салбий образларимни кўриб, шу нарсани балки эплар, деб мени таклиф қилишгандир? Билмадим. Бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам ҳозир билмаяпман. Бу фильмда бу инсоннинг салбийлиги яширилиб ўтирилмайди. Масалан, бошқа фильмларда "интрига" берилади, яхши бола бўлиб туради, кейин ўзгаради. Ёмонлиги ичида ва тўйдан кейин, ёки бошқа пайт билинади. Бу эса, бошидан очиқ-ойдин шундай бола бўлади! Ўша қиз билан тўйдан олдин суҳбат бўлади, (ролга кириб, ҳолат билан) "Мана шунақа-шунақа! Оталаримиз бизнинг ҳаётимизни бирга бўлишини исташяпти, менга бўлса фарқи йўқ. Чунки, мен сен билан ҳам, ёки бошқаси билан ҳам яшаб кетавераман, характерим, феъл-атворим шунақа" дейди. У бошидан феъл-атвори қанақа эканлигини, ҳеч қачон яширмайди! Шу нарсаларни билиб ҳам, барибир қиз унга турмушга чиқади.

 

-  Сиз рад этган ролингизни, бошқа актёр ўйнагач, сўнг сиз буни кўриб афсусланганмисиз? Шундай ҳолат бўлганми?

- Йўқ, афсусланмаганман. Чунки, кўрганман-ки ўша актёр, ўша ролни маромига етказиб ўйнаган. Мен шу нарсага ишонаман-ки, ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор! Ҳар бир роль кимгадир тегишли! Шу сабаб, бир ролга, агар рад этадиган даражада бўлса, барибир етти ўйлаб, бир рад жавоби бераман. Ҳар томонлама ўйлаб кўргач! Масалан, премьерада бунақа ҳолат бўлган, борганимда кўрганман, ўша актёр ҳақиқатдан ўша ролни яхши ўйнаган, ролга ҳам мос тушган. Бундай ҳолат кўп бўлган, шу сабабли бирортасини мисол қилиб айта олмайман. (кулади)

 

-  Фильмда суратга тушишдан олдин, режиссёрларга бирор-бир талаб қўйганмисиз?

-  (ўйланиб) Йўқ. Менимча, ҳали режиссёрларга унақа талаб қўядиган даражага етганим йўқ. (жилмайиб)

 

-  Бирор-бир саҳнани ижро этмайман, деб эътироз билдирмаганмисиз?

- Йўқ, ундай бўлмаган. Бир-иккита саҳналарга нисбатан озгина эътирозлар бўлган ва бу нарсалар биргаликда ўз ечимини топган.

 

adiz4.jpg

 

-  Сиз кўплаб режиссёрлар билан ишлагансиз. Қайси режиссёрни "задача" яъни топшириқ бериши зўр, ролни яхши тушунтириб бера олади, деб ҳисоблайсиз?

-  (ўйланиб) Задача бериши? Бу режиссёр Ёлқин ака Тўйчиевга тўғри келади! Бу шунчаки, кўп айтиляпти. Ҳақиқатдан "задача"ни бошқача беради. Тўғри ва ортиқча гап сўзсиз беради. Керак бўлса, эмоцияни ҳам, кўзида кўрсатиб беради. Шундан тушунасиз! Ҳатто, шундай режиссёрлар бор, бировнинг олдида ўзини кўрсатиб, бақир-чақир қилиб, режиссёрлигини кўрсатгиси келади. Ёлқин ака эса, тинчгина олдингизга келиб, икки оғиз сўз билан, ҳозирги айтган товушидан ҳам пастроқ гапиради. Балки, шунақа тушунтириб беради. Шу инсон билан ишлаш қулай! Режиссёр Акбар Бектурдиев билан ҳам ишлаш қулай, мазза қилиб ишлаймиз. Жуда ҳам кўпчилик, яна ким? (ўйланиб) Яқин орада, янги режиссёрлар билан биринчи гал ишлаганим учун, улар ҳақида ҳеч нима дея олмайман.

 

- Ҳозирги кунда кўплаб фильмларда суратга тушаяпсиз, баъзиларида ролларингиз, ҳатто кийим ва кўринишингизгача, бир-бирига ўхшаб қолаяпти. Томошабинлар "вой, яна шу Адиз" дейишларидан, қўрқмайсизми?

- (самимий) Бу нарса ҳам тўғри, барибир одамларнинг фикрига қараш ҳам керак. Ўша одамлар учун ишлайсиз, фақат ўзингиз учун эмас. (кулиб) Қилаётган ишларингизни олиб, ўзингизнинг уйингизга қўймайсиз-ку. Шу омма кўрсин дейсиз, бу бор нарса. (узоқ ўйланиб, жилмайиб) Мана бунақа нарса, одамлар ҳам ҳар хил айтади. Тўрт томонга тортади. Шу сабаб, уларнинг айтаётган ишларини, қайси бирини айтганини қиласиз? Мисол учун, мен ҳаракат қиламан. Лекин, бир мени ҳаракатим билан кинода ҳеч нима бўлмайди-де. Масалан, ҳатто баъзи фильмларда костюмёр бўлмайди. (кулиб) Лекин, у қайси фильм эканлигини айтмайман. Ҳамма костюмлар ўзингиздан бўлади, "мана бу жойида мана бунақа кийим киясиз, мана бу жойида, мана буни кийинг", деб ҳеч ким олиб келмайди. Ўзингиз қайси костюм қайси пайтда кийилганлигини, эслаб қолишингиз керак!  Бундоқ олиб қараса, бу қанақадир майда нарса. Ўқиётган одамга, қанақа кўриниши мумкин? Лекин, актёр учун бу ортиқча, керак бўлмаган нагрузка, юк! Бу ролингизга халақит беради. Бундоқ олиб қаралганда, бу менинг вазифам эмас! Менга бериладиган вазифа, персонаж, ҳолат, қайси жойида қандай реакция қилиш! Лекин, костюм, (кулиб) бу менинг ишим эмас! Баъзи, фильмларда бу сизни ишингиз бўлмагандан кейин, костюмларга иккинчи даражали қарайсиз-да. Масалан, баъзида гримёр ҳам бўлмайди. Қанақа қилиб ишлайсиз? Ўзи менга унақа кўп грим ҳам шарт эмас. Мен тональный билан, мураккаб грим қилиб, чиқмайман. Лекин, костюмёр бўлмаса, барибир охирида менга минус. (кулади) Чунки, ўша фильмда мени юзим чиқади, мен қандай кийинган бўлсам, шундай кўриниш чиқади. Шунақа вазиятлар бўлади, костюмни ҳам мен ўзим танлашим керак. Мия шишиб кетади, қайси бирини ўйлайсиз?

 

img_3260_resize.jpg

 

- Сизни театрга таклиф қилишса, роль ижро этишингиз мумкинми?

- Театр бу катта мавзу, чунки кўпчилик театрга борасизми, ишлаш ниятингиз борми дейди. Билмадим, ҳозирча театрни ўйлаганим йўқ. Лекин, олдин институтни битирганимдан кейин,  жуда ҳам, озгина муддат, икки ойча, Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрида ишлаганман. 2005 йилда институтни битирган бўлсам, шу 2005-2006 йиллар эди. (ўйланиб) Театр яхши. Балки, шундай инсонлар бор, театр учун чиқарилган. Шундай инсонлар бор, театр ва кино учун чиқарилган. Яна кимдир, фақат кино учун чиқарилган. Билмадим, балки мен ҳозир нотўғри гапираётгандирман. Беш йилдан кейин, балки театрга бориш ниятим туғилиб қолар? Ҳозирча, ҳеч нарса дея олмайман.

 

- Баъзилар, театрдагилар кинода суратга туша олмайди, ёки аксинча кинодагилар театрда роль ижро эта олмайди, деган фикрга қанақа қарайсиз?

- Менимча, театрни ҳам кинони ҳам ўзига яраша қийин жиҳатлари бор. Театр жонли мулоқот. Инсонларни кўриб турасиз. Шуниси билан ҳам, бир қийин бўлгани билан, жонли мулоқотда осонроқ кечар, деб ўйлайман. Театрда, масалан мана бунақа бир бошланди, бошидан бошлаб, охиригача олиб кетаверасиз. Эмоция ҳам, ўшанга қараб, тепага чиқаверади ёки пастга тушаверади. Ёки жаҳлингиз чиқади, ёки яна ҳолатингиз ўзгаради. Кинода бўлса, тап эпиб бугун келасиз, бугун съёмканинг биринчи куни бўлса, дейлик, ўртасидан олинади. Сиз ўртасидан бошини ўйнамайсиз-ку, ролни ҳам ўртасидан бошлайсиз. Кейин, охирги съёмка кунида, ролнинг бошини ўйнаб берасиз. Шу томонлама қийин. Эмоцияни бир деганда мингга кўтариб, ўтган яъни ортингизда бўлганларни, ўтгандек қилиб, ижро қилиб беришингиз керак. Менимча, бу ҳам қийин. Ўша вақт қилиб беришингиз керак. Ваҳоланки, театрда сиз ўша ҳолатга етиб келасиз, секин пишиб-пишиб, бир қайнайсиз.

 

- Бугунги кундаги замонавий ўзбек киносига муносабатингиз?

- Мен замонавий ўзбек киносида бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Ҳозир, балки бир хиллар айтар, эй бўлар деб! Лекин, барибир вақт ўтиб, ҳозирги олинаётган фильмлардан жуда борса биттаси, ёки иккитаси кўрилар ўша пайт. Ўша пайт, шу фильмлар, биз ҳам бўлармиз. Бу ҳам бир тарих. Ҳозирги олинаётган нарсалар ҳам, тарих. Лекин, ҳаммаси ҳам эмас, албатта.

 

- Қачон ўзингизнинг машҳурлигингизни сезгансиз? Ҳис қилгансиз?

- Машҳурлик... (ўйланиб) "Наҳотки сен" фильмидан кейин...

 

img_3263_resize.jpg

 

- Машҳурлик сиз учун нима?

- Машҳурлик, мен учун бир томондан, қанақадир ҳаёт мазмуни. Бир томондан эса сизни бевосита касбингизнинг 50 фоизини эгаллаб турадиган нарса. Яна бир томондан эса, кўп нарсадан маҳрум қиладиган (ўйланиб), нима дейди..., шунчаки инсон бўлишингиздан маҳрум қиладиган, яна бир томони сиздан катта бир масъулият талаб этадиган нарса. Буни 2-3 та сўз билан ифодалаб бериб бўлмайди. Машҳурлик масъулияти, деганда умуман, масалан, кўчада юрганингизда ҳам, бошқа пайтда ҳам, ҳаётда ҳам, масъулият бор. Касбга масъулият, сизда барибир катта бўлади!

 

- Ҳозир машҳурлик қайсидир маънода, ҳаёт мазмуни деб айтдингиз...

- Энди, қанақа? Ишимнинг мазмуни. Барибир шу нарсада, яъни машҳурликни ҳам, ишимни давом эттиришда, бир фойдаси бор.

 

- Машҳурлик сизни нималардан маҳрум қилди?

- (самимий) Машҳурлик ҳаммада бўлганидек, шу кўчада бемалол юришдан... (кулиб) Метрога тушишдан...

 

- Машҳурлигингиз ҳалақит берган пайтлар ҳам бўлганми?

- Кўп бўлган бунақа пайтлар. Бу ҳақида тўлиқ айтмайман. Лекин, бўлган.

 

- Вақт ўтиб, режиссёрликка ҳам қўл уришингиз мумкинми?

- Вақт ўтиб, балки... Ниятим бор. Фильм суратга олсам, асосийси, драма бўлади. Драма, инсоннинг ички кечинмалари, ҳаёти. Ҳаётда кўзга кўринмайдиган шундай инсонлар борки, кўзга кўринмайди, лекин шу инсонларнинг ҳам дарди бор, ҳамда жамиятга ҳам катта фойда келтирадиган томонлари ҳам бор. Лекин, улар кўзга кўринмайди.

 

-Касбингизни сизнинг характерингизга мос бўлмаган, тўғри келмайдиган тарафлари ҳам борми?

- Ҳа, ҳаётда ўзи характер тарафлама, мен босиқман. Жуда унақа мулоқотга ҳам кўп киришмайман. Энди ҳалақит берадиган томони шу, масалан, кўришади, танишади. Машҳур бўлганингиздан кейин, ҳаммага кулиб гапиришингиз, чиройли гапиришингиз керак.

 

- Хонандаликда ҳам, сизни клиплар билан бирга, кўришимиз мумкинми?

- Ҳозирча билмадим. (Жилмайиб) Балки, ўзим учун куйлашим мумкин. Инсон, агар кучи етса, тажрибаси етса шунга, чиройли ижро эта олса, айтиш керак. Клип олдиришга келсак, (кулиб) ҳали умуман, биринчидан қўшиқнинг ўзи йўқ. (кулади)

 

- Ўзи биринчи марта қачон қўшиқ куйлагансиз?

- Биринчи марта, Бухорода (ўйланиб) мактабда ўқиётганимда, 1998 йил қўшиқ ижро этганман. Бу "Шаҳзод" гуруҳининг "Онажон" қўшиғи бўлган. (озгина хиргойи қилиб беради)

 

- Вокал билан шуғулланганмисиз?

- Вокал билан институт пайтида шуғулланганман.

 

- Биринчи муҳаббатингизни эслай оласизми?

- Ҳа, бўлган мактаб пайтларда.

 

- Сиз бахтни қандай таассавур қиласиз?

- (Узоқ ўйланиб) Бахт деганда, менимча ишидан завқланишни. Яхши кўрган иши билан шуғулланиш, ҳамиша уйга талпиниш, уйида кимдир кутаётганлигини билиш!

 

- Орзуйингиздаги рафиқа қандай бўлиши керак?

- Орзуйимдаги рафиқа... (ўйланиб) яхши аёл бўлса, бўлди. (ўйланиб) Энди ҳар бир эркакка ҳам яхши кўрадиган, уйим- жойим дейдиган... Қўли ширин, пазанда бўлсин.

 

- Сизнинг-ча, севиб турмуш қурган яхшими, ёки ота-она орқали, совчилар топганига уйланган яхшими?

- Севиб уйланган яхши! Севиб ўйланардим.

 

- Мисол учун, ота-она, совчи орқали турмуш қуриб, рафиқаси билан фақат ота-онаси учун, ёқтирмаса ҳам бирга яшаётганларга фикрингиз? Масалан, сизнингча шулар тўғри қилишадими?

-  (кулади) Билмадим... (кулади) Мен бир оилавий масалалар бўйича жуда бир жаҳон чемпиони эмасман. (кулади) Ўшанга мен ҳеч нима дея олмайман. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи ўйлаб, ҳал қилиши керак. Ҳар бир оилада, вазият ҳар хил, ўшанга мен билмадим.(кулади)

 

- Ишлайдиган аёлларга муносабатингиз?

- Муносабатим жуда ҳам яхши. Лекин, биринчи галда уйини десин! Биринчи навбатда уйини тинч-хотиржам қилиб, кейин бемалол. Менимча, барибир ишлагани яхши! Агар ўзига тўғри бўлса, ишлашни ҳеч ҳам ёмон жойи йўқ. Қайтанга ишласа, дунё қараши, яхши бўлади. Эри билан гаплашгани, бошқа мавзулар ҳам бўлади.

 

- Бир хиллар эса, "аёл киши ишламай уйда ўтиргани яхши" деб айтишади. Сиз рафиқангизга, ишлашга рухсат берармидингиз?

- Йўқ, мен ундай фикрга қўшилмайман. Мен рафиқамни ишлашига рухсат берардим.

 

- Агар шоубизнес соҳасида ишласа-чи, ёки шу соҳада ишлашига-чи?

- Бу нарсага мен, кўна олмайман. Чунки, биринчи галда, мен жуда ҳам рашкчиман! Оилада рашкчи бўлса ҳам, ортиқча жанжал-де...

 

- Сиз ўзингиз, аёлларга, аёл кишига қайси касб муносиб деб биласиз?

- Кучи қайси касбга етса! (кулади)

 

- Ҳаётда энг яқин инсонингиз?

- Яқин инсонлар кўп. Ота-она, ака-укалар, дўстлар.

 

- Отангиздан сизга қайси хислатлар ўтган деб ўйлайсиз? Онангиздан-чи?

Отамдан босиқлик, бир ноҳақлик бўлганда жим ўтирмаслик, отамдан ўтган. Онамдан кўнгли бўшлик, кўнгилчанлик.

 

- Сизни ота-онангизга ёқмаган ролларингиз ҳам бўлганми?

- Бўлган. (ўйланиб) Масалан, "Бўрилар" фильмида бўлган. Шу ролим ота-онамга ёқмаган. Шу ёмонларни ўйнасам, кўп ёқмайди (кулади). "Бекор ўйнабсан болам, нима қилардинг" дейдилар. Энди улар она-де, масалан фильмда пичоқлаб кетишади, томдан тушиб кетади, шу нарсаларни кўриб, кино бўлса ҳам, шу нарсаларга хавотир оладилар.

 

- Ҳозирги кино сизга нима бера олдию, сиз кинога нима бера олдингиз?

- Ҳозирги кино, биринчи навбатда, мен ўзимни актёр сифатида кўрсата олишимга ёрдам берди! Бу нарса ҳамиша бўлган, ҳамиша ҳам зўр кинолар чиқмаган. Лекин, ҳозирги пайтда олинаётган фильмларнинг ичида ҳам, яхшилари бор, деб ўйлайман. Битта-иккита бўлса ҳам, албатта. Элакдан ўтгани ўтади. Бу давр ҳам ўтиб, менимча мана анча ёшларимиз чиқяпти, янги пайт, янги давр келар. Умуман, бошқача фильмлар олиш даври. Лекин, ҳозирги пайтда ҳам, менимча ёмон эмас! Энди, мен кинога нима бера олдим? (ўйланиб, самимий) Бу мақтанишга ўтиб кетиб қолади-де. Нима бера олдим? Ўзимнинг ролларимни бера олдим. Масалан, кино бўлмаса, мени ролларим ҳам бўлмасди. Мени ўзим ҳам бўлмасдим. Шу сабаб, кўпроқ кино менга берди.

 

- Ҳозирги кунда кинога яна нима керак деб ўйлайсиз?

- Менимча, ҳозирги пайтда, кинога янги актёрлар керак, деб ўйлайман. Янги қиёфалар, янги талантлар керак. Чунки, одамлар ҳам айтади, яна шуми? Шу, 4 та актёрдан бошқаси йўқми, деган гап ҳам бор. Энди одамлардан бир жойларда эшитамиз ҳам. Бошқа актёрлар ҳам бор! Балки, айб режиссёрлардадир. Ўша бошқа актёрларни фильмга олишга қўрқишади, ёки билмадим. Менимча, янги чеҳралар керак. Масалан, битта ролни мен бошқача ўйнайман, Алишер Узоқов бошқача ўйнайди, Улуғбек Қодиров бошқача ўйнайди. Бундоқ олиб қараганда, энди ўзимизнинг ёшлар орасида, айтяпман. Ўшанга, бошқа инсонлар бўлса, улар яна бошқача ўйнар? Актёр қанчалик кўп бўлса, менимча рақобат ҳам кўп бўлади. Ўшанга яраша, одамлар ҳам ҳаракат қилиб, ишига бошқача сифатдан ёндошади.

 

- Ҳозиргача, шунақа янги актёрлар чиқмаётганига, сабаб нимада деб ўйлайсиз?

- Сабабини билмадим. Ҳозиргача шу нарсани, кўп ўйладим. Сабаб, балки, янги актёрларни олишга қўрқишар? Билмадим. Лекин, масалан, охирги йиллар ичида  ёш актёрлардан Азиз Умирзоқов чиқди, Раҳим Ғофуров, Акбархўжа Расулов, Умид Искандаров, Муҳаммадали Искандаровлар чиқишди.

 

- Аммо, сизларни бошидан ҳамма бирдек, яхши қабул қила олишган. Улар эса, қанча фильмларда чиқишди, лекин барибир кўпчилик, уларни тан олишмаётгандек. Бунинг учун, шу ёш актёрларда, нима етишмайди деб ўйлайсиз?

- Менимча роль.

 

- Ахир улар ҳам, нечталаб фильмларда турли характердаги ролларни ижро этишяпти-ку?

- Балки, қанақадир ўзининг ролими? Бу нарсага... Шунақа нарсалар борки, жавоб бера олмайсиз. Бу нарсани вақт кўрсатади, ёки ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўяди. Балки омаддир? Менимча, яна бир нарса, бу ҳаракат бўлса керак. Инсоннинг ўзидаги бўлган ҳаракати.

 

- Улар етарли даражада ҳаракат қилишмаяптими?

- Улар эмас, балки одам ўзи ҳаракат қилиши керакдир? Масалан, Акбархўжа Расулов "Афғон" фильмида ўйнади, ўз ролини жуда ҳам яхши ижро этди. Балки, бошқа актёр бўлганда, ўша монологларни шунчаки ўқиб берарди. Ҳақиқий актёр, эса, масалан уни ижро этиб беради. Монологни  агар маромига етказмасангиз, инсонни зериктириши ҳам мумкин. Ўшанга Акбархўжа Расулов ўз ролини жуда ҳам яхши ўйнаган, деб ҳисоблайман.

 

adiz6.jpg

 

- Нима деб ўйлайсиз, 5 йил олдинги Адиз Ражабов билан ҳозирги пайтдаги Адиз Ражабов, қайси тарафлари билан фарқ қилади?

- Фарқ жуда ҳам катта эмас. Одамни барибир, биринчи ўша программа (кулиброқ) программалаштирилган, деймизми, ўша программаси қолади. Лекин, қанақадир янги "драйверлар" қўшилади. Кейин, "обновить" бўлади одам. Энди бу компьютер тили билан айтганда! (кулади) Тажриба ошади, ҳаётни кўради. Актёрга ҳаётни кўргани ҳам яхши. Биринчи нарса, 4-5 йил ичида, актёрлик касбида тушунган нарсам, актёрда дард бўлмаса ҳаммаси бекор. Дардли нарсани ўйнаётганингизда, кўзингизда, масалан, байрам бўлиб турса, у энг ёмони. Кўзингиз кулиб турса, демак ичингизда дардингиз йўқ. Менимча, энг асосийси, дард керак!

 

- Сиз дардли, драматик ролларни маромига етказиб ижро этасиз. Демак, сизни ичингизда қанақадир кучли дардингиз борми?

(қаттиқ кулиб юборади) Бўлди! Нуқта қўямиз шу саволга!

 

adiz9.jpg

 

- Борми, юрагингизда дардингиз?

- (ўйланиб) Ҳар-хил "пережевания"лар бор. Айтяпман-ку, бу плюс!

 

- Қанақа дард, мисол учун?

- (кулиб) Айта олмайман. Бу мени дардим. (кулади) Энди, унақа бир даражада эмас, лекин бу ҳам керак.

 

- Шунинг учун, ролларимни яхши ижро қиламан, деб айта оласизми?

- Мана бунақа нарса-де, ўзингиз мазза қилсангиз бўлди! Бу ҳақида жуда яхши ўйнадим деб, ўйламайсиз ҳам! Гап мазза қилишда! Ролингиздан мазза қилсангиз, масалан, кўнглингиз, "уҳ" деса бўлди. У ёғини, масалан, одамлар кўриб, ўзлари баҳо берадилар.

 

- Нима юракка оғриқ бериши мумкин, нима деб ўйлайсиз?

-  (ўйланиб) Ҳм... Кўп нарса. Кейинги савол... (кулади). Бу нарсани айтишимдан мақсад, балки, янги чиқаётган актёрлар, шу нарсани ўқиб, нимадир олсин дейман.

 

- Сизга мухлисларингиз фикрлари, қанчалик муҳим?

- Муҳим! Лекин, энди чегараси билан. Ўзим учун керакли танбеҳни, ўзим учун керакли нарсаларни оламан. Керакмасини, ҳеч қачон эшитмайман.

 

- Кунига неча соатни, дўстларингиз билан ўтказасиз?

- Энди ҳар хил. Иш бўлганда, умуман вақт бўлмайди. Бу ишдан бўш пайтларда.

 

- Ўзингиз таом тайёрлашни биласизми?

- Йўқ. Биламан-ку, лекин унақа яхши эмас. (кулади) Ўхшамайди. Масалан, ош дамлашни биламан. Лекин, унақа яхши чиқмайди.

 

- Мана ҳозирги кунда ТВ да "Кинокурьер" кўрсатувини ҳам олиб бораяпсиз?

- "Кинокурьер"нинг редактори ва ғоя муаллифи Ильмира Ҳасанова томонидан таклиф бўлган.

 

 - Кўрсатувда бошловчи бўлиш учун, маълум бир тайёргарликлар кўрганмисиз? Негаки, сизни экранда кўрганимизда, анча вақт кўрсатувлар олиб бориб юргандек, яхши олиб бораяпсиз.

-  (кулади) Сиз, шунақа деган биринчи инсон. (кулади) Йўқ, тўғриси ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганман. Ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Таклиф бўлган, бир- иккита проба ўтилган, у ёқдаги инсонларга ёққан ва бошловчиликка ўтганман.

 

- Кўрсатув тайёргарликлари қандай кечади?

- Мен билмадим. Мен бораман ва матн беришади, ҳаммаси тайёр бўлади. Ташкилий тарафлари, менинг ишим эмас. Мен бошловчиман.

 

- Экрандаги Адиз Ражабов билан ҳаётдаги Адиз Ражабов?

- (самимий) Фарқи жуда ҳам катта! Экран бу бошқа, ҳаёт бу бошқа! Кўчада кўрганлар "ҳаётда бошқача экансиз, кинода бошқача" дейишади. Шунинг учун ҳам бу кино, шунинг учун ҳам бу телевидения! Кинода ўзингизни ўйнасангиз, бу санъат ҳам эмас, ижод ҳам эмас, менимча. Актёр одам, бошқа исм билан, фалончи бўлиб чиққандан кейин, ўша фалончи бўлиши керак! Балки, фильмда ҳам, қайсидир жойлари ўзимга ўхшаб кетар, эмоцияси ёки бир ҳаракати билан? Энди барибир ўзим-ку бу. Лекин, тўлалигича ундай эмас!

 

- Қайси ижро этган қаҳрамонингиз ўзингизга яқин?

-  (сал ўйланиб) Ҳеч қайсиси, охиригача менга яқин эмас. Лекин, масалан "Супер келинчак" даги, қайсарлиги яқинроқ.

 

- Ҳаётингиздаги қайси хатони умуман қилмаган бўлардингиз?

- Хато... (ўйланиб) Хатолар жуда ҳам кўп. Менимча, инсоннинг ҳаётида, хатоларни бўлгани ҳам яхши. Хатолар, балки одамни ўргатади. Шу сабаб ҳам, хатоларнинг бўлгани ҳам яхши, назаримда.

 

- Яна қайта туғилганингизда ҳам актёр бўлармидингиз?

- Ҳа.

 

- Тошкентдан Бухорога борганингизда, нималарни ҳис қиласиз?

- Бухорога борганимда, Бухоро, энди кўрмасдан-кўрмасдан, яна бориб кўрсангиз, Бухоро янада чиройли бўлаётганини кўраман. Бу ҳақиқатдан, бу қанақадир мақташ эмас. Масалан, бундоқ олиб қараганда, 1999 йилдаги Тошкент билан ҳозирги Тошкентнинг фарқи, умуман бошқача! Ҳозир ўша пайт эсимда, сабаб биринчи марта келганман. Биринчи келганимда, кўчалар қанақалиги, ҳаммаси ёдимда қолган. Ҳозир эса, янги жойлар қурилган, кўп жойлар қайтадан таъмирланди. Буларнинг ҳаммаси, Тошкентни янада чиройли қилиб юборяпти. Энди ҳислар қандай? Бухорога борсам, одамнинг ўз туғилган жойи, болалигингиз ўтган жойлар, югуриб-югуриб, чанг босиб! Шу сабаб ҳам, барибир бошқача. Ўша эски маҳалламга бораман, "Лабиҳовуз" тарафларга. Ҳамма жой ўша, эски шаҳар кичрайганга ўхшайди. Сиз ўша пайт кичкина бўлгансиз, улар эса катта бўлган, сиз ҳозир катта бўлгансиз, улар ҳозир энди кўзингизга кичкина кўринади! Бундоқ олиб қараганда, улар кичкина бўлмаган. Сиз катта бўлгансиз. Шундай кўринади! Барибир эсингизга тушади, ҳар бир тошлари, бошқа нарсалар... Шундан ҳам, барибир ичингизда актёрлик ишлаб туради. Шундан ҳам қанақа эмоция бўлганини, ичингизда эслаб қоласиз. Шу пайт ичингизда нималар кечаяпти? Бу актёр учун керакли нарса. Ҳар бир янги эмоция эслаб қолишингиз керак бўлган нарса, назаримда.

 

- Аксинча, Тошкентга қайтганингизда-чи?

- Тошкентда келганингизда, бир-икки кун одам барибир бошқача бўлиб юради. Бухорони атмосфераси билан бўлиб юради. Тошкент барибир катта шаҳар, ҳаёт барибир қанақадир тезроқ. Машиналар, информация, бошқа-бошқа. Бухорода, уйга боргандан кейин, мен дам оламан. Бемалол, ҳеч нимани ўйламайсиз. Кинога, съёмкага югуришингиз керак эмас. Вақт бемалол. Кечроқ турасиз, овқатланасиз, бемалол. Шунга ўхшаган нарса. Бу ёқда барибир ҳаёт ритми кучли! Ўшанга, шу ритмга туша олмай, фальш уриб турасиз-де, (кулиб) бир-икки кундан кейин, яна ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Биринчи, (кулади) дарров мени яна съёмкага олиб кетишади.

 

- Бухорода онангиз тайёрлаган қайси таомни яхши кўрасиз?

- Мен ошни жуда ҳам яхши кўраман.

 

- Мана сизни рекламада ҳам кўрдик. Нима сабаб бўлди, рекламада суратга тушишингизга?

- (самимий кулиб) Нима сабаб бўлди? Биринчидан жуда ҳам яхши ғоя беришди. Қандай суратга олиниши ва партнёрларим Жаҳонгир Позилжонов ва Лола Йўлдошева, ҳам яхши молиявий томони. Энг асосий нарса, "хўп" дейишим сабаби, албатта ўша ғояси бўлди! Ҳаммасини, баннерларини, тушунтириб беришди. Менимча, омадли бўлди, деб ўйлайман. Рекламани кўп "айланишини" билдим, реклама бўлгандан, кейин албатта кўп "айланади". Қўшиғи ҳам бор, дейишгани учун ҳам, билиб суратга тушдим.

 

- Ҳаётдаги шиорингиз?

- Ҳаётдаги шиорим бу... (узоқ ўйланиб) шиорларим кўп! Энг асосийси, керакли бўлган нарса, бировга ёмонлик тиламаслик керак.

 

- Санъатдаги илк устозингиз? Вокал бўйича ҳам.

- Санъатдаги илк устозим, албатта бу институтдаги домлам Арсен Исмоилов. Вокал бўйича эсимда йўқ.

 

- 3 та образдан қайси бирини танлардингиз, Ромео, Отелло, Гамлет? ва Нима учун?

- Гамлет! Сабаби, Гамлетдаги ички "переживания".

 

- Сиз учун орзу?

- Орзу, шунақа нарсаки, бўлмаган нарсани орзу қиласиз, бўлгандан кейин эса мақсадга эришиш бўлади.

 

- Энг кўп гапирадиган сўзингиз?

- Узр-а. (кулади)

 

- Қизлардаги қайси одатни ёмон кўрасиз?

- Қизларда... (ўйланиб) қиз бола, қиз бола бўлиши керак. Ортиқча гапирмаслиги, тик қарамаслиги керак, назаримда.

 

- Сиз ҳавас қилган актёр?

- Мен ҳавас қилган актёр... Кўп-де. (ўйланиб) Биринчиси Шукур Бурхонов, ролларига ҳавасим келади. Ҳаётида қандай ролларни ўйнаган, жуда ҳам хилма хил! Жуда ҳам ҳавасим келади! Масалан, актёр Ёқуб ака Аҳмедовни ростгўйлиги ёқади. Актёр Фатхулла ака Маъсудовни ичидаги "пережевания", ғалаёни ёқади.

 

- Дубляжда қайси фильмдан овоз беришни бошладингиз?

-  "Уқубат" фильмида, ўзимга-ўзим овоз беришни бошлаганман.

 

- Ҳаётингизни фильм жанрига ўхшатса...

- Қизиқ савол, (ўйланиб), (кулиб) фантастика!

 

- Ҳатти-ҳаракати билан сизнинг ёдингизда қолган мухлис?

-  (кулиб) Ҳатти-ҳаракати билан ... (ўйланиб, кулиб) хуллас, битта тўйда, ўзимнинг ўртоғимни тўйига меҳмонга борганимда, шунақа бўлди-ки, одамлар орасидан ўтиб кетишим керак эди. Битта аёл, билмадим энди мухлислик қилибми, ёмон ниятдами, бундоқ оёғини чиқариб қўйган-де, (кўрсатиб беради), (кулади) йўқ, йиқилиб тушмаганман! Яхши ҳам, йиқилиб тушмаганман! Охирги секундда кўриб қолганман. Ўзимни ўнглаб олишга вазият бўлган!

 

- Агар сизга биттагина одамни бахтли қилиш имконияти берилса, кимни бахтли қилган бўлардингиз?

- Албатта онамни!

Саида Вахобова суҳбатлашди   

"Тасвир" газетасининг 5 апрель (2012) №14 сонида