OzodbekNazarbekov

        ЯНГИ   

МУАЛЛИФЛИК

   ЛОЙИҲАСИ

photo

   

  

 

     ВИДЕО

   

 

 

 

 

 

 
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

FATTOHHON.COM

« Все новости

САРДОР РАХИМХОН: САНЪАТНИНГ ЭГАСИ ЙЎҚ! 19.04.2012 06:12

sardorrahimhon8.jpg Бу сафарги "Диллашув" саҳифасининг меҳмони, санъаткорлар орасида, ўзининг инсонийлиги ва маданияти билан ажралиб турадиган хонанда Сардор Раҳимхон. У яратаётган ҳар бир қўшиғига ва суратга олдираётган клипларига, янгича ёндошишга ҳаракат қилади, ҳамда ҳар доим томошабинларга янгилик тақдим этади. Лекин, қанчалик кўп муваффақиятга эришган бўлса ҳам, нафақат ижоди билан, балки ҳамон инсонийлик фазилатлари, муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлишда давом этмоқда.

  

- Нима учун ўзингизнинг исмингиз билан эмас, Сардор Рахимхон бўлиб ижод бошлагансиз?

- Бу тахаллусни ўзим танлаганман. Сабаби ҳам оддий, "Сезам" радиосига ишга кирган вақтимда, бош муҳарриримиз Равшан ака Турсунов шундай талаб қўйганлар. Ҳамма эфирга тахаллус билан чиқиши керак эди. Ҳатто, ўша вақтда Мирсаид Султонов - Темур Султонов, Мансур Олимов - Шерзод Олимов бўлиб чиққанлар. Ҳамма ўзига ҳар хил тахаллус танлаган. Мен ўзимга Сардор Рахимхон деб танлаганман. Рахимхон - бу Рахимов фамилиясининг қисқартирилгани, ўзбекона бўлгани учун фамилиямни ўзгартирмаганман. Бу атайлаб исмимни ёқтирмаганим учун эмас, тасодиф билан бўлган. Кейинчалик, 5 йил радиода ишлаганимдан кейин, ҳамма мени Сардор деб билиб таниб бўлган эди. Бу тахаллусни ўзгартириш мантиқсиз, деб ўйлаб, шунинг учун шу номда хонандалик фаолиятимни ҳам бошлаганман.

 

sardorrahimhon11.jpg

 

- Яна радиобошловчилик қилишингиз мумкинми?

- Мумкин албатта. Агар бунга вақтим етса, албатта бу нарсага қайтаман. Имкон бўлди дегунча, мен кўпинча радиога суҳбатларга, шеърий дастурларга, кўпроқ ўзим қизиққаним учун ҳам, қанақадир имкон яратишга ҳаракат қилдим. Лекин, вақт етмаганлиги боис, ҳозирча бунга етарли имконият бўлмаяпти. Балки, кейинчалик Худо ҳоҳласа. Яқинда ҳам, "Водий садоси" радиосида, бошловчи Жаҳонгир билан биргаликда, "Миллий хит-парад" қилмоқчи бўлдик. Умуман, янгича бир лойиҳа қилмоқчи эдик. Афсус, унга ҳам вақт етмади ва у лойиҳа тўхтади. Лекин, ният бор. Балки, бир неча йиллардан сўнг, яна радиога қайтарман... Ўзимнинг радиойимни очиш ниятим бўларди. Энди, бунга етарлича маблағ ва имконият бўлмаганлиги учун, бу лойиҳа ҳозирча тўхтаб турибди. Умуман олганда, радио мен учун ҳар доим қизиқарли бўлган.

 

sardorrahimhon.jpg

 

- Сизни ҳам ҳозирда мода бўлган каби ҳар хил йўналишларда ўзингизни синаб кўриш ниятингиз бўлмаганми?

- Бўлган. Бу йил айнан шу иш устида иш бошладик. Ёдингизда бўлса "Эйфария" таронаси яхши қабул қилиниб, хит бўлган эди. Шу йўналишдаги қўшиқларни бу йил давом эттириш ҳаракатидамиз. Замонавий йўналишда ижод қилмоқчиман. Бу дегани, миллий йўналишни четга суриб, бу йўналишга ўтиб кетади дегани эмас! Балки, бу йўналишдаги мухлислар учун ҳам қўшиқ яратиш ҳаракати, демакдир. Ундан ташқари, нафақат йўналиш борасида, балки тил нуқтаи назаридан ҳам, бошқа тилларда қўшиқлар куйлаш ниятидаман. Мана яқинда қозоқ тилида"Қалқам" деган қўшиқ ижро қилдим. "Қалқам" сўзи қозоқ тилидан таржима қилинганда, "синглим" деган маънони билдиради. Эски қозоқ халқлари севиб тинглаган қўшиқни, янгича йўналишда, мусиқасини ўзгартирмаган ҳолда, худди шундоқлигича ижро этдик. Қозоғистонда концертда бўлганимда, уни премьера қилдим. Жуда ҳам илиқ кутиб олишди. Кейин эса, қорақалпоқ тилида "Пашайи кўйлагинг" қўшиғини куйладим ва бу қўшиқ радиоларда кетган эди. Тожик тилида ҳам қўшиқ куйладим. Яқинда эса, инглиз тилида қўшиқ айтмоқчиман, яккахон концертимга тайёргарчилик борасида, ҳам уйғур, туркман тилида ҳам қўшиқ айтиш ниятим бор. Шунинг учун, нафақат йўналиш, балки тил нуқтаи назаридан ҳам бошқаларга, бошқа тарафларга, бу йил ҳаракат қилмоқдамиз.

 

- Ҳозирда кўплар тажриба қилиб кўраётган, топилма деб ҳисобланаётган, ҳар хил йўналишларни бир-бирига аралаштириб қўшиқ яратиш-чи?

-  Агар аҳамият берган бўлсангиз, яқинда чиқарган "Моҳитабоним" қўшиғи худди шунақа қўшиқ. Миллий йўналишдаги қўшиққа, замонавий аранжеровкада ижро этилган. Унга эътибор берган бўлсангиз, нолалари, мақомнинг нолалари, лекин, эстрада йўлида ижро этилган. Мана шу, яққол мисол. Бу ҳар доим ҳам яхши натижага олиб келган ва бу нарсани мен ўзим ҳам яхши кўраман, ҳамда шу йўналиш менга яқин. Ижодкорлар орасидан бастакор Элдор Қаюмов ҳамда Малик Қодиров билан ишлаётганимнинг асосий сабаби ҳам шу. "Эйфария" қўшиғимни улар ёзган. Уларда ўзбеконалик бор, лекин шу нарсани замонавий кўринишда, кўрсатиб бера оладилар.

 

- Дуэтлар борасида, айтсам, ҳар йили хонанда Райҳоннинг концертида у билан дуэт куйлашингиз, негадир анъанага айланиб қолгандек. Шу нарса, сал бир хилликка олиб келяпти деб ўйламайсизми?

- Эҳтимол гапингизда жон бордир. Ҳақиқатдан ҳам, бу одамлар кутаётган нарсага айланиб қолди. "Ҳозир Сардор чиқади" дегандек нарсалар бўлаётгандир балки? Лекин, хонанда Райҳон билан бизларни муносабатларимиз, бошқа хонандалар билан бўлган муносабатимиздан бироз фарқ қилади. Негаки, биринчидан бизлар дўстона муносабатдамиз ва унинг устига бизларни тақдиримиз билан боғлиқ ҳолатлар, халқ орасида анча миш-мишга айланиб, гап-сўз ҳам бўлган. Бу гўёки, сериалга ўхшаган нарса бўлиб кетган, "Сардор Рахимхон уйланибди", "Райхонга совчи жўнатибди, у рад қилибди", мана шунақа нарсалар. Лекин, ўйлашимча, халққа бу нарсалар ёқяпти. Шунинг учун, шу нуқтаи назардан, бу нарсани бу йил давом эттирдик. Лекин, ҳақиқатдан ҳам, сиз айтаётгандек, балки кутилган нарса бўлгани учун, томошабинларни лол қолдирадиган жойи қолмагандир эҳтимол? Шунинг учун, бу йил концертда, агар кўрган бўлсангиз, бу нарсанинг мантиқий давоми сифатида, охирида шу нарсага нуқта қўйиб, "мана охири совчи жўнатди, мана уйланди Сардор, мана охири оила" дегандек, саҳнавий кўриниш қилдик. Мен ўйлайманки, бу нарса фақатгина яхши бўлса керак. Бир тарафдан хонанда Райҳон умуман бошқа, замонавий йўналишда, мен эса миллий йўналишда, қайсидир маънода, унинг йўналишидаги мухлисларни ва менинг йўналишимдаги мухлисларни бир-биримизга қаратиш учун ҳам, бу яхши йўлдир балки?

 

- Хонанда Лола билан дуэтингиз эса, бироз шошилинч бўлгандек эмасми?

- Бизлар концертда бу дуэтни ҳали тўлиқ тайёр бўлмаган вариантини ижро этдик. Шу тарафлама бизларни ишимиз сал пухта бўлмади. Негаки, бизлар "свидения"ни Москвага жўнатиб юборган эдик, "свидения" вақтида тайёр бўлмагани учун, етказиб олиб келиша олмади. Шунинг учун, бизлар саҳнада дуэтни ҳали тайёр бўлмаган хомаки вариантини ижро этишга мажбур бўлдик. Шу сабаб ҳам, одамларда қанақадир шошилинч қилинган дуэтдек тасаввур бўлгандир. Охиригача битказилмаган ишни кўрсангиз, чала-чулпадек кўринади-ку, худди шунақа нарса... Лекин, мана концертнинг дискига, қўшиқни тугалланган вариантини қўйдик. Қолаверса, яқин кунларда радиоларда премьера бўлади, тақдим этилади. Менга агар очиғини айтсам, бу йилги куйлаган дуэтларим орасида энг ёққани хонанда Лола билан куйлаган дуэтимиз бўлди. Чунки, бир тарафдан хонанда Лолани ўзим жуда ҳам яхши кўраман.Уни устига овозимиз бир-бирига тўғри келган. Йўналишимиз ҳам, қайсидир маънода бир-бирига яқин. Лолада ҳам, романтик нолалар бор, менда ҳам. Шунинг учун, бу йилги дуэтларимиз орасида, энг омадлиси шу дуэт бўлган бўлса керак, шахсан мен учун! Лекин, дуэт ундай шошилинч қилинмаган! Бизлар бу лойиҳани бир йилдан бери ўйлаб юрган эдик. Қўшиқ танлашда ҳам, 3-4 та вариант бўлди. Шеър борасида ҳам, 3-4 та вариант ёзилди.

 

sardorrahimhon1.jpg

 

- Клипларингиз борасига келадиган бўлсак, атрофдагиларни эмас, ўзингизнинг ҳатти- ҳаракатларингизда бир хилликни сезмаганмисиз?

- Ҳаракатларимда... (сал ўйланиб) билмасам. Барибир ҳам, инсоннинг ўзига сезилмайди-ку. Ўзингиз билмаган ҳолатда, бир хил ҳаракат қилишингиз мумкин. Ҳар холда бу ҳамма инсонга хос бўлган ҳолат. Мен ўзим биладиганим, саҳнада кўп бир хил ҳаракат қиламан. Бу нарсани ўзим биламан. Клипда-ку, сиз қайта-қайта репитиция қилиб, нимадир қилишингиз мумкин. У ерда янгилик қилиш имконияти бор. Саҳнага чиққанда эса, биттада дубль кетади, шу билан тамом. Унда янгилик қилишга, имкон жуда ҳам кам бўлади. Шунинг учун, саҳнада бир хиллик менда кўп бўлади. Клипга келганда, охирги пайтда мана эътибор берган бўлсангиз, "Нима учун"да, умуман бошқача кўринишда кўринганман. Сочларимни тарамасдан, оддий кийимда, ҳаракатлар борасида ҳам, қишлоқнинг битта боласидек уришиб-талашиб, қўшиқ айтганман. Мана "Эйфария" клипида эса умуман бошқача кўринишда, бошқа ҳаракатлар билан чиққанман. "Қўймадинг" қўшиғи, ўзи миллий қўшиқ бўлса ҳам, замонавий кийимларда чиқдим. "Моҳитобоним"нинг клипи ҳам, расмларини интернетда кўрган бўлсангиз, умуман бошқача кўринишда чиққанман. Девонаи Машраб сифатида, юзларим қора, сочларим таралмаган, кийимларим йиртиқ кўринишда. Бу мени ўзим учун ҳам қизиқарли, ўзим шундай ўзгаришга ҳаракат қилдим. Бошқача кўринишда чиқиш ва ҳаракатлар бошқача бўлиши учун ўзим ҳаракат қиляпман. Чунки, бу ўзим учун ҳам керак. Негаки, бир хиллик бир тарафдан ўзингиз учун тўхташ дегани, иккинчидан эса, мухлисларнинг кўзи олдида сизни рейтингингиз пасайиб, барибир эътибордан қоласиз, демак. Барибир ҳамма нарса, янгича кўринишда бўлгани маъқул! Албатта бунга ҳамиша ҳаракат бор. Яна бир яққол мисол, ҳозирда Жасур Шаметов билан "Соғиндим" деган қўшиғимизга янги клип суратга оляпмиз. Бу ерда мухлисларимиз, мени умуман бошқача кўринишда кўришади. Замонавий ёшлар боп кўринишда чиқаман. Боя айтганимдек саҳнада ҳам шундай ўзгаришлар бўлишини ҳоҳлардим, лекин, афсуски, бу нарсани имконияти чегараланган. Чунки, бизнинг ўзбек саҳнамизни, европа саҳнасидан катта фарқи бор. Бизларни ўзбек саҳнамиз, иложи борича камтарликни, оддийликни ва миллийликни талаб қилади. Клипда қилинаётган нарсаларни, саҳнага олиб чиқа олмайсиз. Мисол учун, мен (эгнига ишора қилиб) мана бунақа кийимларда тўйга борсам, "бачкана, Сардор ҳам айнибди" дейишади. Демак костюм-шимда бориб, сочларимни тараб, чиройли, "Ассалом алайкум" дея қўлим кўксимда киришим даркор.. Тасаввур қилинг, ўша ерда мен нимадирлар қилиб ўйнаб ташласам, "эй, бачкана" дейишади. Шунинг учун, бизларни саҳнамизда, тўйларда бу нарсани қилиб бўлмайди. Лекин, клипда бундай ўзгаришларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

 

sardorrahimhon5.jpg

 

- Сиз ўзингиз  етарли даражада машҳурсиз. Лекин, клипларингизда роль ижро қилишга, кўпроқ машҳурларни таклиф қиласиз. Бу клипларингизни оммабоп қилиш учунми?

- Йўқ. Биринчи навбатда янгилик қилиш, асосий мақсад. Масалан, актёр Убайдулла Омон ҳеч клипда суратга тушмаганлар. Биринчи маротаба клипда суратга тушишлари. Ўша вақтда, актёр Адиз Ражабов ҳам ҳали клипларда унчалик кўп суратга тушмаган эди. Биринчи бўлиб, мени клипимда суратга тушган. Худди шундай актёр Алишер Узоқов ҳам. Алишер Узоқовни ўзининг саундтреклари бор эди, лекин айнан клипда роль ижро этмаган эди. Актриса Севара Солиева, "Қизбола" қўшиғимнинг клипида чиққан. Уни ҳам, биринчи марта клипга суратга тушиши бўлган. Қайсидир маънода, қилган ижодингиз барибир ҳам, нимасидир билан томошабинларни лол қолдириши керак, ҳайрон қолдира олиши керак. "Қани, бу қўшиғи нима бўлди экан, бу сафар клипида ким чиқар экан" деб, бу ҳам бир эътиборни жалб қилишнинг яна бир усули. Қолаверса, клипларимга ҳар бир таклиф қилган инсонларим, профессионаллар, яъни ўз ишини усталари. Барибир, ўша ролларни бошқа одам, улар чиқариб бергандек чиқара бера олмайди. Мени бу нарсага ишончим комил. Кўп клипларимда Шукурилло Исроиловни чақиришимни ҳам, асосий сабабларидан бири шу. Ҳар қанча бу ердаги одам кулдиришга ҳаракат қилмасин, Шукурилло акани туришининг ўзи кулгили. Сабаби, профессионал барибир ҳам профессионал. Шу асосий мақсадим, агарки иккита яхши ижодкор биргалашиб ижод қилса, мени ишончим комилки, яхши асар бўлиб чиқади. Лекин, буларни ортидан машҳурлик орттириш ёки, бошқа нарса эмас. Асосийси, яхши махсулот, яхши сифатли ижод маҳсулини чиқариш. Шунда кўнгилларга етиб бориши осон ҳам бўлади. Мисол учун, актриса Саида Раметова чиқиб она ролини ижро этса, ҳамма йиғлаб юборади, чунки уларни она образида кўришга, ҳамма ўрганган. Лекин, умуман бегона актрисани, мисол учун ўйнатсангиз, ҳарчанд ҳаракат қилмасин, агар ўта маҳорати бўлмаса, уни ижроси унчалик етиб бормайди. Чунки, бу Убайдулла Омонми, Алишер Узоқовми, чиқиши билан одамлар тайёр бўлади. Бу ҳозир, мисол учун кулдиради ёки бу ҳозир драматик образда чиқади. Ёки, бўлмаса, бу ҳозир нимадир беради, бу актёр, бундан бир нарса кутса бўлади, деган фикр бўлади. Шу тарафлама ҳам, томошабинларга етиб бориши осон, деб ўйлайман.

  

- Лекин, улар кинода ҳам, худди шу ролларни ижро этишяпти-ку, яна клипда ҳам чиқиб, худди шунақа роллар ижро этишса...

-  (Сал ўйланиб) Энди, мисол учун клипда оладиган бўлсак, актёр Убайдулла Омон мени клипимда,  умуман бошқа образда чиққанлар. Одатда улар, фильмларда ота ролини ўйнайдилар. Клипда улар севиб қолган Машраб ролида чиққанлар, яъни менинг қариган чоғимни ўйнайдилар. Адиз Ражабов билан Алишер Узоқовга келсак, балки эҳтимол, кинодаги ролларига яқиндир... Лекин, энг муҳими, Алишер Узоқов чиққан клиплар ҳам, Адиз Ражабов чиққан клиплар ҳам, халққа етиб бориб, машҳурликка эришди. Демак, бизлар мақсадимизга етибмиз.

  sardorrahimhon3.jpg

- Негадир кўпчилик сизни "Жонли ижро"дан қочади, деб айтишади...

- (Ўйланиб, сал кулиброқ) Бундай гаплар бор. Лекин, бу нотўғри маълумот! Мени жонли ижрога имкониятим қанчалик бор, ёки йўқлигини ҳоҳлаган инсон келса, жонли ижрони айтиб бериб, айнан ўзига буни исбот қилиб беришим мумкин! Лекин, мен ҳеч қачон, ҳеч ким биландир ўчакишиб, бировга принцип қилиб ишлаш тарафдори бўлмаганман! Тушуняпсизми, исботлаш учун ҳаракат қилмаганман. Интернетда жонли ижроларим тиқилиб ётибди! У ерда бемалол кўрса бўлади. Ёки, бўлмаса, мени хизматга айтадиган инсонлар, давраларга борганимда, жонли ижро айтганимни кўрганлар кўп. Санъаткорлар ҳаммаси билишади. Мисол учун, хонандалар Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаева ҳаммалари билишади, ҳаммалари кўришган. Майли шунақа, деб ким ўйласа ўйлайверсин, бу билан санъаткорни обрўси кўтарилиб, ёки камайиб ҳам қолмайди. Халқ барибир ҳам, ўзи яхши кўрган санъаткорини яхши кўриб қолаверади. Ҳалиги айтганимдек, тирноқни ичидан кир қидирса топилаверади. Ҳар битта ижодкорнинг етарлича камчилиги бор. Мени назаримда, "жонли ижро" деган нарса, тингловчига ҳам боғлиқ. Тингловчида, менимча авваламбор қўшиқ эшитиш маданияти бўлиши керак. Қўшиқ эшитишни билиши керак. Мисол учун, тўйга бориб олиб, ўзим яхши кўрган, ўзимнинг дилим торларини чертадиган, ўзим мазза қилиб ижро этадиган қўшиқларимни ижро этсам, биламан-ки, "эй шўхроғидан айт" деб айтишади. У ерда даврани қиздиришингиз керак. У ерда жонли ижроли жой йўқ! Жонли ижро қаерда бўлади? Жонли ижрони қадрига етадиган инсонларнинг даврасида бўлади! Мисол учун, бўлиши мумкин, 100 та инсон бўлиши мумкин, беш мингта бўлиши мумкин, ёки бўлмаса  10 та инсон ўтириб олиб, мени ўзим ҳоҳлаган, ўзим яхши кўрган қўшиқларимни айтсам, мазза қилиб эшитишса. Шунинг учун, барибир ҳам эшитиш маданияти бўлиши керак. Яккахон концертлар бўлса, бутунлай бошқа гап. Хонанда, умуман санъаткор, барибир ҳам яхшиликка хизмат қилай дейди, қолаверса у маданият вакили. Санъаткорлар ҳаммаси, биласиз кўнгли нозик одамлар.. Уларнинг ҳиссиётлари умуман бошқача, бошқа инсонлардан бироз фарқ қиладилар. Улар кўпроқ романтик бўлишади. Улар муҳаббатга, яхшилик нима бўлмасин ютишига, эртакларга хос бўлган қанақадир воқеаларга, ишониб яшайдиган инсонлар. Худди шунга ўхшаб, тўйларда ҳам, саҳналарда ҳам, худди шундай муносабат кутадилар. Худди шунга ўхшаб, жонли ижро деганда, авваламбор уни эшитишни билиш ва ўшанга яраша шароит ярата бера олиш керак, назаримда. Тағин яна билмадим, бу мени шахсий фикрим холос.

 

- Сизнинг яккахон концертингизда, мисол учун сиздан жонли ижро кутишимиз мумкинми?

- Бемалол.

 

- Масалан, кўпчилик санъаткорларда дўстлик бўлмайди, деб айтишади. Сизнинг шу гапга муносабатингиз?

- Ҳм... Мен билган дўстлик жуда камёб. Лекин, ошна-оғайничилик, ўртоқлик бўлади. Ўзи умуман, ҳақиқиий дўстлик, нафақат санъаткорлар орасида, балки ўзи инсонларни орасида учраши, ўзи ҳозирги кунда жуда ҳам ноёб бўлиб қолди. Қирилиб кетаётганлар қаторига киргазса бўлади, буни... (кулади).  Энг қирилиб кетаётган фазилатлардан бири бўлиб қолди. Энди, дўст авваламбор, ота-онангиз, мен бу нарсага ишонч ҳосил қилганман. Бу нарсани ҳамма билади, кўп таъкидлашган. Санъаткорларнинг орасида дўстларни кўрганман, бор шунақа дўстлар.

 

- Ижодни энди бошлаган вақтларингизда хонанда Улуғбек Раҳматуллаев билан дўстлар эдингиз-ку?

- Энди бу мавзу тўғрисида гапиришни ҳоҳламайман.

 

- Лекин, шу нарса кўпчилик учун мавзу бўлгандек, негаки, дўстга хиёнат мавзусида гап кетганда, негадир сизларга ишора бўладиган бўлиб қолди.

- Тўғри, бу нарсани газеталарда кўрдим. Кўпчилик шаъма менга кетаётганини ҳам билдим. Лекин, мени одатим, ҳар доим ўзимдан айб қидириш тарафдори бўлганман. Бировга айб ташлаш керак эмас, чунки, айб қидирсангиз, йўқ жойда ҳам битта айб бор, беайб парвардигор, деб бежизга айтишмаган. Бизларни устозларимиздан биттаси "кутган одамингга айлан" деб айтган эди. Бу гапда жуда катта маъно бор, "кутган одамга айлан" биринчи навбатда ўзинг, чунки сиз кутганчалик мукаммал одам йўқ, инсонни борича қабул қила олиш керак. Агар кутган одамингга сен айлансанг, атрофингдагилар ҳаммаси дўстга айланади. Бу бор нарса, чунки, айниқса меҳр ёмон нарса-де, қадрдон одамингиздан кўп нарса талаб қилавериб, боридан ҳам айриласиз. Шунинг учун, айбни ўзимдан қидириш тарафдориман. Қайсидир газетада чиққан мақола учун, мен бориб, аслида мана бунақа эди дейишим, мени назаримда пастлик бўлади! Чунки, мен дўстман деб қўйганман, мени дўстлигим шунда бўлсин! Мени дўстлигим, номини булғамасликда бўлсин! Мени дўстлигим, айбни ўзимга олганимда бўлсин! Бу ҳаёт, беш кунлик дунёда ўтар кетар. Ким ҳақ, ким нохақлигини барибир ҳам тушуна олмай ўтиб кетасиз. Аслида яхши ном, яхши фикр. Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси зўр эди, ҳаммаси яхшиликка бўлган эди, ҳозир ҳам ҳаммаси яхши десангиз, мени назаримда, ҳам ўзингизни яшашингизга осон бўлади, ҳам атрофдагиларнинг яшашига осон бўлади. Мен, Улуғбек билан дўст бўлганимдан жуда ҳам хурсандман! Негаки, авваламбор ютуқларга ўша дўстлигимиз сабаб эришдик. Чунки, Худо бизларга омадни, бир-биримизни қўллаб-қувватлаётганимиз учун берди! Бизлар ўша писта-бодом бўладими, магиз бўладими, ўшани икки бўлиб едик. Мени чақирса, мен уни етакладим, уни чақирса у мени етаклади, тушуняпсизми, мана шунақа қилиб, бир-биримизни қўллаб-қувватладик. Тўғри олдингидек эмасмиз! Лекин, олдингидан яхшимиз! Бизни ҳозирги кундаги муносабатларимиз, соғлом муносабатлар. Энг муҳими, сиз ўзингизни иймонингизга, виждонингизга содиқ қолаяпсизми, бўлди, атрофдагиларни гап-сўзлари, бу еттинчи-саккизинчи даражали нарсалар.

 

- Унда, узоқлашиш тарафлама, узоқлашмадик деб айта оласизми? Бирга юриш тарафлама эмас!

- Узоқлашди, деганда кўпчилик, уришиб-талашиб сўкишиб узоқлашибди, дегандек тушунади, йўқ! Унақа нарсани, умуман тасаввур ҳам қилманглар. Бу нарса ёлғонлигига бизларни қаерлардадир бирга кўрган одамлар ҳам, гувоҳлик беришлари мумкин. Чунки, бизларни аксарият бир-бирига боғлиқ дўстларимиз, мисол учун, мени дўстим уни дўсти, уни дўсти мени дўстим, оилавий борди-келдилар, қариндош-уруғ тарафлама, борди-келдилар бор.

 

sardorrahimhon6.jpg

 

- Нима деб ўйлайсиз, ижодни энди бошлаган вақтингиздаги Сардор Рахимхон билан, ҳозирги  Сардор Рахимхон ўртасида, оддийлик ва кибр тарафлама, қандай ўзгариш бўлди деб ўйлайсиз?

-  (жилмайиб) Биласизми, бу тарафлама ҳозир мен жуда камтарман, жуда намуналиман  десам, бу ҳам ўзимни мақтаганга кириб қолади. Ҳар битта инсонда, албатта, ўзгариш бўлади Лекин, олдинги Сардор Рахимхон билан ҳозирги Сардор Рахимхон ўртасида жуда ҳам катта фарқ бор. Яқин 2-3 йил орасида жуда катта синовлардан ўтдим. Жуда кўп сотқинликлар, оғир кунлар, жуда кўп йиқилишлар бўлди. Машаққатли йўллар бўлди. Синовли кунлар бўлди. Унақа кунларда тобланаркансиз, ўзингизга келар экансиз. Ўз-ўзидан ҳаётнинг ўзи сизни жойингизга ўтказиб қўяди. Ўзингизни босиб оласиз. Ўзи мен олдин ҳам, 5 йил олдин ҳам "юлдузлик касали" деганда, одамлар тасаввур қиладиган даражада кибрли одам бўлмаганман назаримда! Ҳозир ҳам ўша пайтдаги ҳолатимни эслайдиган бўлсам, доим қўлим кўксимда бўлган. Ҳар доим ҳамма билан самимий муносабатда бўлганман. Ҳеч кимни кўксидан итармаганман. Ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман. Ҳар доим бировни ҳаққига хиёнат қилмасдан, ота-онам берган тарбиясига ҳар доим содиқ бўлганман. Лекин, бугунги кунда мен ўйлайманки, яна ҳам оддийроқ, яна ҳам қанақадир чапанироқ даражага тушган бўлсам керак. Худога шукур, айрим хатоларимни вақтида тушуниб етиб, тўғрилаяпман. Энг муҳими, кеч бўлмади. Энди ҳамма нарсани ҳаммага айта олмайсиз, шахсий ҳаётингиз бор, саҳнадан ташқари бўлган ҳаётингиз бор. Мен айтаётган нарсалар, кўпроқ саҳнадан ташқари бўлган нарсалар ҳақида гапираяпман. Чунки, саҳнада мен ҳар доим ўрнак бўладиган даражада санъаткор бўлишга ҳаракат қилганман. Негаки, мен олдин ўзим радиода ишлаганман, бир вақтлар телевиденияда ишлаганман. Инсонларни кузатганман. Нимани эвазига санъаткорлар юксаляпти-ю, нимани эвазига йўқолиб кетяпти? Шу нарсани билиб, кейин саҳна даргоҳига қадам қўйганман. Ўшаларни анализ қилиб, бошқалар қилган хатоларни қайтармасликка, ўзим ҳамма вақти ҳаракат қилганман. Лекин, мени айтмоқчи бўлганим, умуман ёш вақтингизда кўп хато қилар экансиз. Шошаркансиз, нафс бўлиши мумкин, у бўлиши бу бўлиши мумкин, шахсий ҳаётимда кўп қилган хатоларим. Шулар барибир сизни ўргатаркан. Жойингизга секин қайтиб тушиб, нима қанақа эканлигини тушунар экансиз. Шунинг учун, мен ўйлайманки, бугунги кундаги Сардор Рахимхон анча ўзгарган. Биринчидан ота бўлдим. Оталик ҳиссини ҳис қилганингиздан кейин, кўчага эмас, уйга талпинар экансиз. Ризқ-рўзни атрофдагиларга сочмасдан, кўпроқ уйга ташишга ҳаракат қилар экансиз. Отам оғир бетоб бўлиб қолдилар. Ота-онани қадрига етишни билдим. Ўша вақтларда отам соппа-соғ бўлиб, ишга бориб келган пайтлари уларнинг қадрларини билмаган эканман. Мана ҳозир, қанчалик бу инсон менга керак эканлигини ҳис қилдим. Булар ҳаммаси, мени назаримда, ҳар қанақа инсонни нафақат санъаткорни, балки ҳар қандай инсонни яхши тарафга ўзгартиради. Мени энди асли, Сардор Рахимхонлигим мана энди очилаётган бўлса керак. Олдин менда, кўпроқ машҳур қўшиқларим чиқса, саҳнада мухлисларим ортиб кетса, ё зўр-зўр аншлаг концертлар қўйсам, пулим кўпайса, зўр-зўр машиналарда юрсам, деган орзулар бўларди. Ҳозир мен учун, у нарсалар охирги даражали нарсаларга айланиб қолган. Менга ҳозир, асосийси, бу ота-онам соғлиғи, фарзандимнинг соғ-саломат, ақлли бўлиб вояга етиши, бошқа йўналишда ҳам, ўзимга қанақадир касб қилишим, шогирдларимнинг машҳур бўлиб юзимни ёруғ қилиши, қолаверса, ўзимни шу бугунгача эришган номимни, бундан-да, яхшироқ ишлар билан қанақадир сақлаб қолиш, шу диёрда яхши ном қолдириш.... мана шундай мақсадлар билан яшаяпман.

 

- Ҳозир фарзандингиз қанчалик бўлди?

- Фарзандим Сабрия 7 ойлик бўлди.

 

- Биринчи марта ота бўлдингиз, дейишганда кўнглингиздан қандай туйғулар кечган, нималарни ҳис қилгансиз?

- Йиғлаганман... кўзимда ёш бўлган. Чунки, биринчи навбатда ҳар қанақа ўзбек оиласида, фарзанд, бу эркак кишини юзини ёруғ қиладиган бир бахт! Чет элларда, бу оддий ҳолат, мисол учун, ота-она ўзлари келишган ҳолатдами, ёки бўлмаса ўзлиги билган ҳолатдами, ёки имконият нуқтаи назариданми, йиллар ўтгандан кейин ота-она бўлишлари мумкин. Мисол учун, кимдир 3 йилдан кейин, яна кимдир 5 йилдан кейинми, бу нарсага оддий қарашади. Лекин, ўзбек оилаларида, бир йилдан кейин гап-сўз бўлади. Нима бўлди? Қанақа бўлди? Нимага бунақа бўлди экан, деган нарсалар. Шунинг учун, мени жуда ҳам хурсанд бўлган тарафим, вақтида бўлди. Аввало, халқ орасида, дўсту душманлар орасида, Худо юзимни ёруғ қилди. Ҳис қилганим биринчи навбатда кўз-ёш ва фахр туйғуси, уни устига, мени жуда ҳам хурсанд бўлган тарафим, мени биринчи фарзандим қиз бўлгани! Чунки, бизларнинг оиламизда қиз йўқ эди. Мен ёшлигимдан опамга "нимага бизларга қиз туғиб бермагансиз" деб ҳархаша қилардим. Бизлар учта ўғил бўлганмиз, ҳамма ишни ўзимиз қилар эдик. Айниқса, мен ўртанча ўғил бўлганим учун, акам ўқишга кетарди, укам кичкина эди, опам касал бўлиб касалхонага ётиб қолган пайтлари, овқат ҳам қилар эдим, кир ҳам ювардим, идиш-товоқ ҳам ювардим, мисол учун, уйни ҳамма ишларини қилар эдим. Ҳамма ишларни ўзимиз қилиб ўрганганмиз, шунинг учун, оиламизда, қиз, бизлар учун жуда ҳам қадри баланд бир бахт. Мана акамда ҳам учта ўғил, умуман, оиламизда қиз бола туғилмаган эди. Шу тарафдан ҳам, жуда хурсанд бўлдим. Асосийси шу, буни ҳеч нима билан тасвирлаб бўлмайди, чексиз бахт. Туққандан кейин аёлимни ёнига кирганимда, ўз-ўзидан кўз ёш келаверар экан, бу севинч кўз ёшлари эди... Буни тасвирлаб бўлмайди. Фарзандимни қўлимга олиб, бағримга босганимда, бу ҳақиқатдан ҳам чексиз бахт! Нима учун яшаётганингизни кўрсатиб берадиган фурсатлар!

 

sardorrahimhon7.jpg

 

- Санъат тушунчаси сиз учун нимани англатади?

- Санъат тушунчаси, самимият, поклик, (ўйланиб) тўғрисўзлик, муҳаббат ва маъсулият, мен учун мана шуларни англатади. Санъатда, кўпчилик санъат деганда машҳурликни тилга олади. Мен машҳурликни, умуман улар қаторига қўшмаган бўлар эдим. Машҳур бўлмасдан туриб, санъаткор бўлган инсонлар бор, лекин машҳурларни орасида санъаткор бўлолмаган инсонлар ҳам бор. Санъат қилаётган ишингиз билан кимгадир яхшилик улаша олишингиз! Санъат, бу ўша сизни ичингиздаги қанақадир Худо берган истеъдод бўладими, маҳорат биланми, нимадир улаша олишингиз. Мен, бир оз овозим билан бир арзимаган ҳаракатим билан, шунчалик мухлислар орттириб, шунчалик инсонларнинг кўнглига кириб борганимдан, жуда ҳам хурсандман. Мен учун санъат, бу чексиз бахт!

 

- Ўзингизни қўшиқларингизни тинглаганингизда нимани ҳис қиласиз?

- Энди қайси қўшиқни тинглашимга боғлиқ. Мисол учун, ўзимга ёқадиган қўшиқларим бор. Айниқса, эски қўшиқларимни тингласам кўзимга ёш келади. Ўша пайтдаги омадим, ўша пайтдаги эришган ютуқларим, Худо берган омадларим, ўша саҳнада мухлисларимиз қанчалар бизларни олқишлаб кутиб олганлари, умуман олганда, яхши ҳис-туйғулар ўтади. Лекин, бир хилги қўшиқларим бор, ўзимга ёқмайди. Унақа қўшиқларини  эшитсам... яхшиси эшитмайман.

 

- Вақт ўтиб, мақом йўналишида ҳам куйлашингиз мумкинми?

- Йўқ. Ҳеч қачон йўқ. Негаки, мақом бу ўз усталарининг қўшиқлари, ўзини усталари бунга эгалик қилишади. Мен мақом айтишга ҳеч қачон ҳаракат ҳам қилмаганман. Бу учун Оллоҳдан истеъдод берилиши керак. Одам, ҳар доим ўзи билган ҳолатда, ўзининг қўлидан келадиган нарсаларга қўл уриши керак. Мен ҳозир нимадир қилиб, мақом айтиб, мақомнинг янгича варианти, деб мисол учун, эфирга беришим мумкин. Кимлардандир яхшироқ ҳам ижро этишим мумкиндир хам, унақалар тиқилиб. Лекин, бу иш мени тарбиямга тўғри келмайди. Авваломбор, мен нима қилсам, ўша нарса менга ярашиши керак. Уни устига, у нарса чиндан мени қўлимдан келиши керак. Менга эса, у нарса берилмаган.

 

- "NEW STAR" продюсерлик марказингиз, бу ёшларни қўллаб-қувватлаш учунми, ёки маълум бир маблағи бор, ёшларни олиб чиқиб, танитиш учунми?

- Йўқ, агар мисол учун, сиз "NEW STAR" медиага келган ёш хонандаларни ҳаммаси билан суҳбатда бўладиган бўлсангиз, биласиз уларнинг бир сўм маблағи "NEW STAR"га сингмаган. Буларни ҳаммаси, ўзининг истеъдодига ишониб, таваккал қилиб келган ёшлар. Дилсўз ҳам, "Баён" гуруҳининг икки аъзоси, Ҳумоюн Мирзо ва Жаъфар ҳам, бошқа-бошқа келаётганлар ҳам. Лекин, олдимга кўп ёшлар келади, "Сардор ака отамнинг маблағлари бор, менга продюсер сифатида ёрдам бера оласизми, йўналиш кўрсата оласизми" дейдиганлар ҳам бор. Ҳозирча бу йўналишда ишламаяпмиз. Шунинг учун, бизларда фақат ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

 

- "Баён" гуруҳининг ажралиши, бу келишмовчиликмиди, ёки Сиз шу қарорга келдингизми?

- Бу биринчи навбатда, соғлом фикрлаган ҳолатда келинган хулоса ва чиқарилган қарор. Ойбекнинг оилавий шароитидан келиб чиқилган ҳолатда, шу қарорга келинди. "Баён" гуруҳининг иш фаолияти бироз тўхтаб қолган ҳолатда эди. Чираниб, кимларнидир ёрдамга чақириб, бир нима қилгандан кўра, яхшиси бироз тўхтаб турайлик, вақти келгандан кейин яна ижодни давом эттириб кетамиз, дегандим. Энди Ойбекнинг оилавий шароити бор, у оилада битта фарзанд, биттагина ўғил. Шу нуқтаи назардан, "Сардор ака мен битта ўзим яккахон ижод қилсам, барибир ҳозир мени вақтим кетяпти, оилам бор, ота-онам" деганда мен бу нарсани тўғри тушуниб, "укам сенга оқ йўл, сен қаерда бўлсанг ҳам, қўллаб-қувватлайман" деб ўзини қўйиб юбордим. Шунинг учун, бу ерда мутлақо бир ёмон нарса йўқ.

 

- Либосларингиз борасида мутахассислар билан маслаҳатлашасизми? Ўзингиз ҳам фикр ҳам қўшасизми?

- Албатта дизайнерлар билан ишлайман. Ўзимнинг фикримни дизайнерлар тўғрилашади. Мен албатта ўзимни фикримни айтаман. Бугунги кунда дизайнер Дилдора билан ишламоқдамиз. Ундан олдин Ғайрат билан ишлардик. Кўпинча интернетларни қидираман, журналларни кўраман, телевизорда мусиқали каналларни кўриб, нимадирлар оламан. Албатта, ўзимнинг фикрим бўлади.

 

- Сизнингча, инсон қадри касби, машҳурлиги ёки нима билан белгиланади?

- Инсон авваламбор инсонийлиги, инсоний фазилатлари билан инсон. Касби ва бошқа нарсалар, охирги даражали нарсалар. Инсон ўзини қилган ишлари билан, халққа келтирган манфаати, одамларга қила олган яхшилиги билан инсон деб биламан. Мени ота-онам ҳам, менга доим шунақа тарбия беришганки, "яхши санъаткор эмас авваламбор яхши инсон бўл болам" дейишган. Мен шунақа санъаткорларни биламан. Зўр санъаткорлар, жонли ижрони тешиб юборади, керак бўлса Халқ артистлари,  лекин одамийлик нуқтаи назаридан, фазилат тарафлама, бир тийин, бошқаларни бир тийинга илмайди. Ҳатто, шундай хонандаларни кўрдим, радиода халққа интервью бера туриб, "ким ўзи у, ўша ашула этса кулгим келади, у ашула эта олмайди, ўзи Ўзбекистондаги 99 фоиз хонандалар ашула этишни билмайди", деган. Кибри, манманлиги билан бу ёқдагиларни менсимайди. Бунақаларни гўёки, катта бир дарёнинг бир чеккасида туриб, бу ёқдагиларга қараб, "эй сан, бу мени сувим, сен ундан ичма", деётгандек тасаввур қиламан. Саҳнанинг эгаси йўқ, шуни ёддан чиқармаслик керак. Халқ ўзи севганни шу даргоҳга муносиб кўраверади! Майли жуда шедевр бўлмасада, бир қўшиқ айтингда, лекин яхши инсон бўлинг. Мени биринчи ўринга қўядиганим, бу инсонийлик фазилатлар.

 

- Турмушдан кейинги туйғу, севгига муносабатингиз?

- Энг ҳақиқий туйғу, мана шу турмушдан кейингиси.

 

- Турмушдан кейин бошқа аёлни севиб қолишга-чи, муносабатингиз?

- Бировга баҳо бериш, бу энг осон нарса. Лекин, уни ҳолатига тушиш, қолиш, ундаги ҳолатни ҳис қилиш, бу жуда қийин. Шунинг учун, авваламбор, ўзимни бошимдан ўтмаган, ҳеч қачон бошимдан ўтмасин хам, лекин бировни бошидан ўтаётган нарсага баҳо бериш жуда ҳам қийин нарса. Буни гапиришим жуда нотўғри нарса бўлади. Лекин, инсон иложи борича биринчи муҳаббатини сақлаб қолишга, шу биринчи қураётган оиласи, бутун умрига бўлишига бошидан ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман.

 

- 15 йилдан сўнг ўз ўрнингизни қайси санъаткорлар қаторида бўлишини ҳоҳлардингиз?

- 15 йилдан кейин мен, жуда ҳам ҳоҳлаган бўлардим, бугунги кунда ким энг халқ орасида яхши кўрилган, муҳаббат билан севиладиган санъаткорлар бор-ку, машҳур эмас, севиладиган санъаткорлар қаторида бўлишимни ҳоҳлайман. Булар кимлар, Насиба Абдуллаева, мен учун ҳар доим биринчи ўринда бўладиган инсонлардан бири, Озодбек Назарбеков, халқ жуда ҳам севади шу инсонни, у инсонни қўшиқларини эмас, авваламбор, ўзини севишади. Ғуломжон ака Ёқубовни халқ жуда яхши кўради. Шунақа инсонлар қаторида бўлишни жуда ҳам ҳоҳлайман. Мен ҳам халқ учун севимли бўлай. Шу даражада қадрли бўлай. Мен қўшиқ айтмасам ҳам, халқ мени яхши кўраверсин. 15 йилдан кейин фарзандларим ақлли, зукко, халққа манфати тегадиган, мен ҳар доим фахрланиб юрадиган, мени юзимни ёруғ қиладиган фарзандлар бўлишини жуда ҳам ҳоҳлаган бўлардим. Бугунги кундаги энг замонавий ёшлар қаторида бўлишларининг тарафдориман. Фарзандларим, манаман деган жаҳонни ёшлари билан ҳам, куч ва ақл жиҳатдан ҳам, маънавият жиҳатидан ҳам беллаша оладиган ёшлардан бўлишларини ҳоҳлайман. Шогирдларим, албатта, 15 йилдан кейин энг керакли, қадрли санъаткорлар қаторида бўлишларини ҳоҳлайман. Санъатдан кейин, яна бир ишим бўлишини ҳоҳлайман. Соғ-саломат, 15 йилдан кейин ҳам ота-онам бошимда бўлишини ҳоҳлайман. Авваламбор, Оллоҳ билади-ку, лекин, мен фақат яхшиликка ният қиламан.

 

- Мен ўз касбимни севаман, чунки........ давом эттирсангиз?

-  (ўйланиб) Мен ўз касбимни севаман, чунки у менинг ҳаётим, халқим! Мен ижодсиз, халқимсиз, ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Ижод, бу жуда ҳам кенг тушунча. Радио ҳам, телевидиния ҳам, шеърият, бастакорлик ҳам, қўшиқ айтиш ҳам, булар ҳаммаси ижод! Буларнинг ҳаммаси менинг ҳаётим!

 

- Саҳнадан ижоддан узоқлашиш-чи, сиз учун нимани англатади?

- Саҳнадан узоқлашиш. Энди, саҳнадан узоқлашиш, мен учун бўлиши керак бўлган ҳақиқат. Бу нарсанинг бўлиши аниқ, лекин қачон бўлиши номаълум! Саҳнадан узоқлашиш бўлиши керак бўлган нарса, бошқа нарса эмас. Мен учун бу трагедия эмас! Мен учун бу тушкунлик, дард эмас! Мен бу нарсага тайёрман. Чунки, хар нарсанинг меъёри, вақт-соати бор. Мен биламанки, ўша пайтда бунинг ўрнини бошқа бахт эгаллайди. Худди ўша нарсанинг лаззатини, у даражада бўлмаса ҳам, бошқача қанақадир лаззат берадиган ҳақиқатни худо беради. Бўш қолган маънавият ўрнини, бошқа бир маънавият эгаллайди, деб айтишади-ку. Шунга ўхшаш. Кимдандир айрилдингизми, кимдир ёнингизга келади.

 

sardorrahimhon4.jpg

 

- Ҳар сафар баҳор келганда нималарни ҳис қиласиз?

- Баҳор келганда, мендан бошқача ҳис-туйғулар ўтади. Чунки, мен ижодкор бўлганим учун, очиқ ҳаволарни яхши кўраман. Ҳаво очиқ бўлиб турса, бошим оғримайди. Булутли ҳаволарни роса ёмон кўраман. Баҳорда айниқса қушларнинг овозини эшитасиз. Ҳаммаёқ гуллаган, ҳаммаёқ ёрқин ранглар. Ўт-ўланлар ўсган. Фақатгина яхши туйғулар. Биринчи навбатда илҳомни ҳис қиламан. Ижод учун, илҳом келаётганини! Қўшиқ айтгим келади. Гўзалликни, муҳаббатни ҳис қиламан. Инсонлардан биласизми, баҳор келганда ичида нимадир уйғонади. Ҳамма чиройли кийингиси келади. Ҳамманинг чиройли гапиргиси келади. Шу нарсани, яхши энергия келаётганини, барибир атрофдагилар сезади. Ёмон суҳбатдош билан ўтирсангиз, сиз ҳам чарчаб қоласиз. Лекин, яхши суҳбатдош бўлса, ичидан яхши энергия чиқса, унга талпинаверасиз, гаплашгингиз келаверади. Ҳаммада шундай, бу нарса айниқса баҳорда жўш уради. Шунақа нарсаларни ҳис қиламан.

 

- Сумалакдан тош топиш, каби нарсаларга ишонасизми?

- Иримларга мен умуман ишонмайман. Лекин, сумалакни яхши кўраман. Аммо, иримларга ишонувчан эмасман.

 

- 25 май тонги сиз учун қандай?

- 25 май тонги, охирги қўнғироқми? (жилмайиб) Охирги қўнғироқ яқинлашган сари, радиоларда охирги қўнғироқ билан боғлиқ, кўп қўшиқлар беришади. Ўша пайтларим эсимга тушади. Одамда ностальгия бўлади. Мен ҳам соғиниб, синфдошларимни кўргим келади, мактабга боргим келади. Кўнглимдан соғинч ҳисси ўтади. Мактабга, ёшликка соғинч ҳисси бўлади.

 

- Ҳаётингизда фойдалана олмаган имкониятлар ҳам бўлганми?

- Унақа нарсалар жуда кўп бўлган. Бу ёшлигимда ҳам бўлган. Ҳозирги кунимда ҳам бўлган, бўлиб ўтяпти ҳам. Бу нарсасиз иложи йўқ. Чунки, ҳамма нарсага улгура олмайсиз. Бўлгани ҳам яхши. Нимадандир кам бўлиш керак. Нимадандир афсус бўлиши керак. Шунда ҳаракат қиласиз, кейинги гал шу нарсани ўтказиб юбормасликка, ушлаб қолиш учун интиласиз.

 

- Бахт тушунчаси сиз учун?

- Бахт тушунчаси, авваламбор оила, саломатлик, тинчлик-хотиржамлик. Мана шу уч нарсанинг мужассамлиги.

Саида Ваҳобова тайёрлади

sardorrahimhon9.jpg