FATTOHHON.COM

« Все новости

АГАР ҲАЁТ БЎЛГАНИДА, ТАВАЛЛУД КУНИНИ НИШОНЛАЁТГАН БЎЛАРДИ...  14.03.2014 09:34

Foto (12)

Шундай инсонлар бўлади, қанча узоқ яшаса ҳам, инсонлар ёдида қолмайди. Шундай инсонлар бўладики, қисқа умр кўрса ҳам, барчанинг меҳрини қозониб улгуради ва инсонлар қалбида яшайди! Хонанда Мўмин Орипов ана шундай, ҳамманинг меҳрини қозониб улгурган инсон эди...

 

Foto (6)

Агар ҳаёт бўлганида, бугун 15 март куни, ўзининг таваллуд айёмини нишонлаётган, ҳаммадан табрикларни қабул қилаётган бўларди...  Лекин, афсуски, бевақт ўлим, уни 2009 йилда, 25 ёшида ҳаётдан эрта олиб кетди...

 

Foto (10)  

 

Жаҳонгир Позилжонов “Божалар” гуруҳи, хонанда, режиссёр, актёр: - Ҳар қандай инсон учун яқин инсонини йўқотиш жуда оғир... Яқин инсонни йўқотиш, бу ўчмас хотира! Буни асло ўчириб бўлмайди! Масалан, бир шоир шеър ёзса, у хатосини ўчириши мумкин. Лекин, мен айтаётган нарсани ўчириб бўлмайди! Чунки, менда бир йўла кетма-кет иккита катта йўқотиш бўлган! Биринчи отамни йўқотганман, кейин бир ярим ойдан сўнг дўстим Мўминни йўқотдим... Бу мен учун миямдан ўчмас ҳодисалар бўлган! Менга ҳаммаси худди кеча бўлгандек туюлаверади... Инсоннинг шундоқ юрагида қолади... Бу мавзуда гапириш мен учун жуда ҳам оғир... Фақат Мўмин билан бирга ўтказган яхши кунларимизни эслаб, унинг ҳаққига дуо қиламиз. Ҳамма ҳам бир куни кетади, экилган дарахтнинг қуримоғи ҳам бор... Отамни йўқотдим, сўнг дўстим Мўминни... Шарт эмас, уларни айнан туғилган ёки вафот этган кунида хотирлаш, уларни шундоқ ҳам хотирамдан ва ёдимдан ўчира олмайман! Улар ҳамиша хотирамда, ёдимда! Яқин инсонингизни йўқотсангиз ҳар куни эслаш ҳам кам! Ҳар қандай инсоннинг қадри, тириклигида билинмайди! Ўша инсон ўтиб кетгач, “унинг учун нима қилдим?” деган савол туғилади... Мана шу савол қийнайди! Яқин инсонингизни ҳар куни хотирлаш ҳам кам... Буни оммалаштириш ҳам керак эмас...

Мўмин билан биринчи марта Алишер деган дўстимизнинг уйида кўришганмиз. Алишер Мўминнинг синфдоши эди. Ўша вақтларда мен ҚВЗ таркибида эдим ва мени Юридик коллежга, ҚВЗ мусобақаларига қатнашмоқчи бўлган гуруҳни тайёрлаб бериш учун чақиришган. Ўша гуруҳни тайёрлаш жараёнида Фахриддин исмли бола билан дўстлашдик ва унинг уйида ҳам гуруҳ аъзолари билан мусобақага тайёрланганмиз. Алишер Фахриддиннинг акаси эди. Алишерни мини-диск аппарати бор эди ва биз мусобақа учун ўша аппаратдан фойдаланганмиз. Ўшанда Алишер ва Фахриддинларнинг уйида мусобақага тайёрланиш жараёнида, қўшиқ учун шеърлар кераклиги ҳақида айтганимда, Алишер “зўр оғайним бор, шеърлар ёзади, ижодкор, бастакорликни ҳам ўрганяпти, институтда 1 курсда ўқийди” деб, Мўмин ҳақида гапириб, уни чақирганди. Ўшанда биринчи марта Мўмин билан Алишерникида кўришдик. Мўмин шеърлар ёзиб келганди. Ўша вақтларда мени институтга кириш ниятим бор эди. Шу ҳақида айтганимда, Мўмин менга монолог, шеърлар берган, нималар қилиш кераклигини ўргатиб, мени институтга тайёрлаган! Ўшанда институтга ўқишга кириб кетганман! Ўшанда биргаликда гуруҳ қилайлик, деган фикр пайдо бўлган. Мени 2 та қўшиғим бор эди. Биттаси “Макарена”нинг мусиқасига қилинган ҳазиломуз қўшиқ, иккинчиси жиддий мавзудаги “Айрилдим” қўшиқларим! Ўшанда яна янги қўшиқлар ёзмоқчи бўлганимда, “битта гуруҳ тузайлик” деб икковимиз, гуруҳ тузганмиз. Бошидаги мақсад қўшиқ куйлаш бўлмаган, ўзимизни ҚВЗ га оид саҳна кўринишларимиз бўлган. Уларни тайёрлаб, янгилик қилиб чиққанмиз. Ижод борасида Мўмин билан баҳслашган вақтларимиз ҳам бўлардик. Лекин, ҳаммасини яхшилик билан ҳал қилардик. Мўмин жуда ҳам кечиримли эди, биз баҳслашсак ҳам, ҳеч қачон аразлашмаганмиз, гаплашмай қолмаганмиз, баҳслашишимиз 2 дақиқа давом этар, яна ҳазиллашиб гаплашиб кетаверардик! Мўмин жуда яхши инсон эди, ҳаттоки ёмон инсонга ҳам яхшилик қилар,  ҳар қандай ишни яхшилик йўли билан ҳал қилиб кетиш йўлини излар ва яхшилик билан ҳал қиларди ҳам. Жуда ҳам аҳил дўст эдик. Дўстим ва администраторим Жавлон билан ҳам, Мўмин орқали танишганман. Жавлон ҳам Мўминнинг дўсти, биринчи марта Алишер мини-диск қўйганида, бизга ёрдамлашишга яна бир инсон керак бўлиб, Мўмин “бирга ўқиганмиз, яхши йигит” деб Жавлонни чақирган ва биз биринчи тўйга бирга чиққанмиз! Ўша бошидан Жавлон билан ҳам дўстлашиб, ҳамжиҳатликда, биргамиз! Биринчи марта, ҳаммамиз биргаликда устозимиз Тоҳир Содиқов билан бирга Самарқандга гастролга борганмиз! Унда қўшиқ куйламаганмиз, ўзимизни ҳазиломуз саҳна номерларимизни намойиш қилганмиз. Жуда яхши кутиб олишган. Одатда кўпинча, ҳамма қўшиқларимизни ҳам шеърларини биргаликда ёзардик, бирга ижод қилардик. Гуруҳ бўлганимиздан сўнг, биринчи биргаликда куйлаган қўшиғимиз “Ёрингман” қўшиғимиз эди... Ҳаммаси худди кеча бўлгандек, Мўмин менинг ҳамиша кўз ўнгимда, ёдимда! У ҳаётимнинг ажралмас бир қисмига айланиб бўлган! Дўстимнинг охирати обод бўлсин!

 Foto (11)

 Жавлон Шодмонов режиссёр, актёр, администратор: - Мўмин билан бир мактабда, битта синфда ўқиганмиз. 9 синфни битиргач, кўпчилик бошқа лицейлар, коллежларга ўқишга кетиб, 10-11 синфларда қолган ўқувчиларни бирлаштириб, синфлар ташкил қилишган. Ўшанда Мўмин билан бир синфда ўқиганмиз ва дўстлашганмиз. Ундан олдин ҳам танирдим, салом-алик бор эдию, лекин, 10-11 синфда ҳақиқий дўстлашдик, битта партада ўтирардик. Мен яхши ўқимасдим. Мўмин эса, 9 синфни ҳам, 11 синфни ҳам аълога битирганди. Ҳамма ёзма ишларда, менга ёрдам берарди, ёзиб берарди! Кейинчалик ҳам, дўстлигимиз давом этди. Мўмин менга “Божалар” гуруҳи ҳақида айтганида жуда ҳам хурсанд бўлганман! Чунки, Мўминда санъатга қизиқиш жуда кучли эди! Мактабда ўқиётганимиздаёқ турли саҳна кўринишлари қилиб юрардик. Мактабда қандай тадбир бўлмасин, Мўмин ва менсиз ўтмас эди! Синфдошларимиздан яна бири раҳматли Қобил Асқаров ҳамда, Мурод деган дўстимиз, мактабдаги ҳамма тадбирларда қатнашардик. Мактабни битиргач, Мўмин Санъат олийгоҳини, мен эса Жаҳон тиллари университетини танладик. Институтдаги ўқиш вақтларида Мўмин менга “Божалар” гуруҳини очишаётганлигини айтди! Тўғрисини айтсам, ўшанда бу гуруҳ ҳақида, тўйларга чиқишимиз ҳақида, уйдагиларга ҳам айтмаганман! Уйдагиларга “дарс тайёрлашга кетдим”, дердим. Уйдагилар бир-икки ой билишмаган ҳам. Гуруҳ оммалашгач, кейин айтганман! Мўмин жуда ҳам самимий инсон эди. Худди ака-укадек аҳил бўлганмиз. Кино суратга олиш таклифи ҳам Мўминдан бўлганди. Жаҳонгир акам фильм суратга олганларида биз кўриб, ўрганганмиз. Мўмин ҳам, ўзи фильм суратга олмоқчи бўлганда, бирга ишлаганмиз. Ижод борасида баҳслашувлар бўларди, лекин ҳеч қаттиқ тортишмаганмиз, доим фикрлашиб, келишиб кетардик. Маслаҳатлашиб ишлаганимиз учун ҳам, суратга олиш жараёнида қийинчиликлар ҳам бўлмаган.

 Foto (8)

Ойбек хонанда: - Мўмин акам тўғрисида битта гап айтиш мумкин, у кишини идеал инсон деса ҳам бўлади. Самимий, доим яхши кайфиятда юрадиган, хушчақчақ инсон эдилар... Ҳар доим атрофларидаги инсонларни кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилардилар! Агар ўзларининг кайфияти йўқ бўлса ҳам, ўша нарсани билдирмасдилар. Атрофдагиларга зарар етказмасликка ҳаракат қилардилар. У кишини фақат яхши сифатлар, яхши сўзлар билан эслаймиз. Жуда ҳам савоб ишлар қилишни яхши кўрардилар. У кишидан кўп нарсаларни ўрганганман! У киши ижодни биздан олдин бошлаганлар, шунинг учун ижод борасида ҳам кўп маслаҳатлар олганман. Бирга ишлаганмиз, янги қўшиқлар қилсак, шеър борасида, клиплар масаласида, маслаҳатлар олардик. Яхши маслаҳатлар бериб, доим тўғри йўл кўрсатардилар. Биринчи марта Мўмин акам билан “Акфа медиа”га қабул қилинганимизда, 2006 йил кўришганмиз. Унгача, у кишини клипларда кўрардик, биринчи марта ҳаётда учрашганда, қандайдир бир нурли инсон сифатида кўрганман. Чеҳраларидан нур ёғилиб, жилмайиб кириб келгандилар. Кўришганимизда жуда ҳам хурсанд бўлганмиз. Яхши таассурот қолдирганлар, ҳеч қандай бир юлдузлик, менсимаслик, кибр, у кишида йўқ эди! Мўмин акам  билан “Амакиваччалар” фильмига биргаликда саундтрек ҳам куйлаганмиз! Саундтрек устида иккаламиз ўйлаб, бирга ишлаганмиз. Саундтрек мухлисларга ёққан, ўша пайтда хит даражасига кўтарилган. Улар ўша қўшиқнинг кўп жойини айтмаган бўлсалар ҳам, қўшиққа уларнинг меҳнати кўпроқ сингган!

 Foto (7)

Нигора хонанда: - Бу инсон ҳақида мен ҳеч қачон ёмон гап эшитмаганман! Чунки, бу инсоннинг ёмон тарафлари йўқ эди ҳам. Ҳаммага яхшилик қилиб, яхшилик улашувчи, ўзларида йўқ бўлса ҳам, охирги нарсаларини ҳам бировга бериб юборадиган инсон эдилар. Бу ҳол, ўзларига жабрли бўлса ҳам, бировларнинг қийналаётганлигига бефарқ қараб туролмасдилар. Шу жиҳатларига ҳайрон қолганман. Бу инсон билан битта саҳнада қўшиқ куйлаш, фильмда бирга суратга тушиш, мен учун бахт ҳисобланган. Биринчи марта “Акфа медиа”га қабул қилинганимизда, “Божалар” гуруҳи келишди, дейишганда, биз ичкари хонада ўтиргандик. Эшик очилиб, биринчи бўлиб Мўмин ака кириб келганларида, худди фариштасифат инсон кириб келгандек бўлган. Биз жуда ҳаяжонда бўлганмиз. Ўшанда Мўмин акам ёнимизга келиб, “Салом, қалайсизлар?” деб, биз билан самимий, илиқ кўришганлар, бундай самимий, яхши инсон, бунчалик илиқ кўришадилар, деб ўйламагандик ҳам. Кейинчалик бизга ижодда ҳар бир ишда ўз маслаҳатларини аямай ёрдам берганлар.

Энг ёдда қоларли ҳодисалардан бири, гастрол сафарларида кўп бўлардик, бир куни кечқурун соат 03.00 да битта машинада кетаётгандик. Мўмин акам олдиндаги ўриндиқда, биз орқада эдик, келинойим Камола опамлар ҳомиладорлик вақтлари эди, у кишига қўнғироқ қилиб, “балиш егим келяпти, тополмаяпмиз” деганлар. Мўмин ака ҳаяжонланиб: - “Ҳозирми? Ҳозир танишларга телефон қиламан, топишади-да, олиб бориб беришади. Нега вақтлироқ айтмадинг?” деб,  қайғуриб, улар билан телефонда гаплашганлар. Ўшанда у кишини рафиқасига бўлган меҳри, эътиборини кўриб, ҳайратланганман. Ўшанда Мўмин ака кечаси бўлишига қарамасдан, нечта инсонга телефон қилиб, рафиқасини ҳоҳишини, илтимосини ерда қолдирмасдан, бажаришга ҳаракат қилганларига ҳайрон қолганмиз. Бунақа инсон, эр, ота бўлмаса керак, деб ўйлаганман. Чунки, ҳам рафиқасига, ҳам бўлажак фарзандига шу қадар меҳрибонлик қилганлар. Ўшанда у киши бизга бошқа тарафлама ҳам намоён бўлганлар. Камола келинойим икковлари бир-бирларини “жон” деб чақиришарди. Бир пайт Камола келинойим телефон қилиб, “жон, бўлди, топдим, тайёрлаб беришди” деганларидагина, Мўмин ака хотиржам бўлиб, тинчланганлар. Унгача, кеч бўлса ҳам, кўпчилик танишларига телефон қилиб, ўша нарсани топишга ҳаракат қилганлар.  Шу қадар меҳрибон, жонкуяр инсон эдилар. Нафақат яқинларига, балки бегоналарга ҳам меҳрибончиликдан, ёрдам беришдан қочмасдилар. Қўлдан келганча ҳаммага меҳрибонлик, яхшилик қилардилар.

Foto (2) 

Маъруфбек Ойбек ва Нигоранинг администратори:  - Мўмин акамни биринчи марта тўйда кўрганман. Кейин “Акфа медиа” очилгач, у ерга ишга келганимда, Мўмин акам билан танишганмиз. Жаҳонгир ака, Мўмин акалар менга кўп ёрдам беришган. 2007 йил уйланганимда ҳам, фарзандли бўлганимда ҳам, улар худди ўз укасидек ёрдамлар бериб, қўллаб-қувватлашган. Катта фарзандим Маъмурбек дунёга келганда, рафиқам ва фарзандимни туғруқхонадан олиб чиқишда ҳам, “бирга борайлик” деганимда, “йўқ” дейишмаган. Мўмин акам, билан Жаҳонгир акам ўз машиналарида олиб чиққанлар. Ўшанда Мўмин акам, “ўғлингни исмини нима қўйдинг?” деганларида “Маъмуржон” қўйдим, десам, “вой, мени укамни исмини қўйибсан! Фамилияси нима?” деганлар. “Маҳмудов” десам, “вой” деганлар. Чунки, оталарини исми Маҳмуд ака. Шунда Мўмин ака, “кейинги сафар яна ўғил кўрсанг, энди мени исмимни қўйгин” деганлар! Мен ҳам, “агар яна ўғил кўрсам, албатта исмини Мўминжон қўяман” дегандим. Ўша гаплари ёдимда қолганди... Орадан бир йил ўтгач вафот этдилар. Кейин, у кишининг вафотидан 3 ой ўтиб, иккинчи ўғлим дунёга келди. Ўшанда биринчи Мўмин акамнинг оналарига қўнғироқ қилдим! Вазиятни айтиб, “ўғлимни исмини Мўминжон қўймоқчиман” десам, жуда ҳам хурсанд бўлдилар, “умри ўхшамасин” дедилар. Кейин Мўмин акамни рафиқаси Камола опадан ижозат сўрадим, у киши ҳам “майли” дедилар.

 Foto (13) Foto (14)

Шундан сўнг, ўғлимни исмини яхши ният билан “Мўминжон” деб қўйдим! Ҳозир Мўминжон 3 ёшда.

Мўмин акамлар билан жуда кўп гастролларга борганмиз. Жуда яхши инсон бўлганлар! Қўлларидан келганча, ҳаммага яхшилик қилардилар. Жуда сахий, қўли очиқ инсон эдилар, кимнидир қийналаётганлигини кўрсалар, ўзларининг ёнларида пуллари қолмаса ҳам, ўша қийналаётган инсонга борини бериб юборадиган инсон эдилар... Ўзларида бўлмаса ҳам, кимдандир олиб туриб бўлса ҳам, ёрдам берардилар... Бир куни кўз олдимда шундай воқеа бўлган. “Акфа медиа” биносининг ёнида кетишга тайёргарлик қилиб, гаплашиб турсак, бир инсон ёрдам сўраб келиб қолган. Ёнларидаги пулларини ҳаммасини ўша инсонга бериб юборганлар! Ўзларининг ёнларида пуллари қолмаган. “Ҳаммасини бериб юбормасангиз ҳам бўлардию” десам, “майли, унга жуда ҳам зарур экан, савоб бўлади.” дегандилар... Шу даражада қўли очиқ, оқкўнгил инсон эдилар!

 216743621_7

Зуҳра Солиева актриса: - Мўмин, исми жисмига мос, мўмин, яхши инсон эди... Уни танилмасдан олдин билардим. Танилгандан кейин ҳам, ўзгармади! Ўша самимий, камтарлиги тарк этмади. Охирги съёмкаси вақтлари эди, гаплашиб ўтирганда, ўшанда хорижлик хонанда Майк Жексон вафот этганлигини эшитиб, Мўмин “Зуҳра опа, қаранг, одамзот қизиғ-а, Майк Жексон бор эди, энди эса йўқ! Биз ҳам эрта-индин концертга кетяпмиз, у ердан қайтиб келмасак-а?” деганди... Кўнгли сезган эканми? Мен ўшанда “Ундай деманг, Мўмин!” деганман. Ўшанда мен бу гуруҳнинг охирги марта бирга суратга олган клипида суратга тушганман. Ўша клип экранга чиқмаган. Ўшандан сўнг, бир ҳафтадан кейин Мўмин вафот этди... Унинг ўша съёмка вақти гапирган гаплари ҳануз ёдимдан кетмайди... “Қалбаки дунё” фильми суратга олинаётган вақтда гапирган гапи, “Худо ҳоҳласа, кейинги йил, келинингиз билан сизга, битта қиз жиян совға қиламиз” деб, яхши ният қилганди... Мўминни биринчи марта, Жаҳонгир билан ҳали қўшиқ куйламай туриб, тўйларда гуруҳ бўлиб, саҳна номерлари қилиб юрган вақтларида кўрганман. Кейин “Вой-дод, Сумалак” фильми съёмкаларида танишганмиз. Ўша кўрган вақтларимда қандай яхши инсон бўлса, кейин танилиб, машҳур бўлишгандан кейин ҳам ўзгармади! Рафиқаси билан муҳаббати, муносабатлари худди китоблардаги муҳаббат эди! Суратга олиш жараёнларида тасодифан кузатганман, иккови жуда ҳам бир-бирига меҳрибон эди... Камолахон билан бир-бирини тушуниб, ҳурмат қилиб, эркалаб, бир-бирига чиройли гапиришарди... Жуда чиройли жуфтлик бўлишган... Мўмин жуда кўнгли очиқ инсон эди, ундай инсонлар ҳаётда кам учрайди!

 Foto (3)

Чиндан ҳам, Мўмин Орипов ҳамкасбларининг меҳри, ҳурматига сазовор бўлган, самимий инсон эди... Бу йил унинг вафотига 5 йил тўлади...

Foto (5)

Бугунги кунда, ўғли Билолхўжа ота касбини давом эттириб, қўшиқ куйламоқда. Келажакда отаси каби яхши хонанда бўлса ажаб эмас.

Foto (1)

Mo'min Oripov (1)

Foto (4)

Рафиқаси Камолахон эса, унинг хотирасини ардоқлаб, унинг ёди билан яшамоқда...

  Mo'min Oripov (2)

Ҳамкасблари Мўмин Ориповни меҳр ва ҳурмат билан эслашади!

53368031

Яхши инсонлар ҳеч қачон ўлмайдилар, улар инсонлар қалбида мангу яшайдилар! Бу сўзлар, айнан Мўмин Орипов ва у каби ҳақиқий инсонларга тегишли...

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

Foto (9)