FATTOHHON.COM

« Все новости

АНВАР СОБИРОВ КОНЦЕРТ ДАСТУРИ ОЛДИДАН: МЕН ҲАЁТ МАКТАБИНИ ЎҚИГАНМАН! 18.03.2014 09:49

IMG_6914 копия_новый размер

Бу хонанда миллий эстрадамизда 15 йилдан буён ижод қилиб келаётган, санъат оламида, лирик ва мумтоз қўшиқлари билан тингловчилар кўнглидан жой олган, ҳамда шу кунга қадар кино соҳасида бир неча роллари билан ҳам барчани қойил қолдира олган. Хонанда Анвар Собиров 26,27,28 март кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг “Айёминг муборак элим” деб номланган яккахон концерт дастурини ўтказмоқда. Бу хонанда “Истиқлол” санъат саройида томошабинларга тақдим қилаётган учинчи яккахон концерт дастури.

 IMG_6789 копия_новый размер

- Янги концерт дастури билан биргаликда, янги мусиқий альбомингиз ҳам, концерт куни мухлисларга ҳавола қилинадими?

- Йўқ, “Бу кеча” деб номланган янги мусиқий альбом тақдимотини концертимдан аввал ўтказмоқчиман. Вақт қисқа бўлса ҳам,  инсонларнинг фикрини билган ҳолатда, концерт дастурини тайёрламоқчиман. Созандалар, бастакорлар билан мана шу хулосага келдик. Ҳозирга кунда шу альбом тақдимотини ўтказиш ҳаракатидаман. 2011 йил концертдан сўнг, мана шу 2 йил давомида йиғилиб қолган ижодимизни имтиҳон даражасида қилиш учун, янги альбом устида ишламоқдаман.

 

- “Истиқлол” санъат саройидаги концерт дастурингизда ҳам ўша альбомдан қўшиқлар бўладими?

- Бўлади, янги “Бу кеча” альбомида 2 ёки 3 та қўшиқ радио эфирларда янграган қўшиқлар, қолган ҳаммаси янги ижод намунамиз, янги мавзулар, янги қўшиқлар.

 

- Ўтган сафарги концертингиз 5 кун бўлган эди. Бу сафар эса, 3 кун. Аммо, ўтган галги концертингиз назаримда яхши ўтган эди... Ҳозирги кунда концерт дастурларининг кўплиги, рақобат сизни сал чўчитдими?

- Йўқ. Бу  сафар 3 кун бўлишининг сабаби, биринчидан концертга тайёргарлик бу гал сал кечроқ бошланди. Қолаверса, “Истиқлол” санъат саройида кетма-кет бўш бўлган 5 кун топилмади. Шукурки, шундай тинч ва фаровон юртда яшаяпмиз. Қарангки, январь ойидан бошлаб, деярли ҳар куни концерт! Мана шундай концертларнинг кўп бўлгани ҳам, қайсидир маънода бизларни фойдамизга ишлайди. Чунки, инсоннинг ён-атрофида қанақадир тезлик, рақобат бўлмаса, изланиш бўлмаса, инсоннинг ўзи ҳам секинлашиб қолади. Хонандаларнинг концертлар қилаётгани бизларга далда беради, бизларнинг ишимиз эса, яна кимгадир далда беради. Кўпчилик фикрида, рақобат бу душманлик, деб ўйлашади. Аслида ундай эмас, ўша рақобатчи, сенинг дўстинг! У сени ўзи билмаган ҳолда ижод қилишга ундайди. Сени қолиб кетмаслигинг учун, биринчи турткини берадиган бу рақобат! Демак, у сенга дўстлик қилмоқда. Шунчаки, бунга тўғри маънода қараш керак. Яхши санъаткор, ҳаётда ўз имзосини, ўз қўшиқларини яратишга ҳаракат қилади. Бу энди анча йилларда шаклланади. Шу сабаб, ҳаракат қилиш керак, концерт кўп экан, одам кирмай қолса нима бўлади, дейиш керак эмас! Майли одам кирадими, кирмайдими, зал тўладими, тўлмайдими, бу асосийси эмас! Кўпчилик, дарров “зал тўлдими?” дейди. Зални тўлдириш мумкин, сунъий тўлдирса ҳам бўлади, лекин гап унда эмас. Муҳими, концерт қандай ўтди? Одамлар концертдан қандай гап-сўзлар билан чиқиб кетишяпти? Халқда нима шов-шувлар, концерт қандай ўтгани ўша ерда билинади. Мана шу энг муҳими! Залнинг тўлиши, декорациялар, булар ҳаммаси иккинчи даражали нарсалар. Мени бу шахсий фикрим. Мен бировга бу нарсани сингдира олмайман. Лекин, агар мухлислар исташса, талаблар ортиб кетса, 3 кун концертимизга қўшимча равишда, кундуз кунига ҳам, сеанслар очишни мўлжаллаб қўйибмиз.

 IMG_6875 копия_новый размер

- Ҳар неча йилда ўз яккахон концерт дастурингизни берасиз?

- Мен концерт бериш учун, ҳар 2 йилни мўлжалламоқдаман. Мен ҳар йили концерт бериш учун ҳам жисмонан, ҳам маънан тайёр эмасман. Шу сабаб, мен 2 йилда, жуда чўзилса, 3 йилда ҳисобот қилиб, концерт беришим мумкин. Ҳар йили концерт бериш, негадир шу Ўзбекистон миқёсида анъанага айланиб қолди. Қолган давлатларда ҳар йили концерт бериш йўқ. Улар альбоми қачон тайёр бўлса, ўшанда концерт беради, ёки ҳар 2 йилда беради. Қачон альбоми сотувда яхши сотилса, беради. Бизда ундай эмас, мусиқий альбоми сотиладими, сотилмайдими, лекин концерт беришади. Концерт бериш, хонандаларни ўзининг олдидаги мажбурият бўлиб қолди. Шу сабаб, балки шунинг учун ҳам, мени фикримча, концертлар сифати пасайган.

 

- Янги концерт дастурингиз, ўзингизнинг олдинги концерт дастурларингиздан нимаси билан фарқ қилади? Бошқаларникидан-чи?

- Мени ўзим, Хоразм диёрининг фарзанди бўлганим учун, биринчи концертимда  ўша диёрни ёритишга харакат қилгандим, лекин унча ёрита олмагандим. Мана энди бу йил мана шу декорацияда ҳам, қўшиқларда ҳам, Хоразм воҳасининг нафаси уфуриб туришини ҳоҳладим! Менимча, бизнинг концертимизга келадиган 70 фоиз инсонлар, “Хоразмча шўх қўшиқларга мазза қилиб ўйнаймиз – куламиз”, деб келадилар. Менимча, ҳар бир хонанданинг ўзини эшитувчи аудиторияси бор. Бир мақол ҳам бор, “ҳар кимни ўзини оладиган ёви бор” деган. “Ҳар бир овчининг ўз овлайдиган ови бор”, мисол учун, мени овимни биров қила олмайди, мен бировнинг овини овлай олмайман. Шундай хофизларимиз бор, уларнинг концертига кириб маҳзун, фалсафий қўшиқларни мазза қилиб эшитиб чиқиб кетасиз. Яна кимнидир концертига кирасиз, дискотека, ёшлар мазза қилиб, тинглаб чиқиб кетасиз. Бизнинг концертимизга эса, “лазги бўлармикан, ёки шунга ўхшаган шўх қўшиқлар бўлса, мазза қилиб ўйнаб-кулиб чиқиб кетамиз”, деган ўй билан келадилар. Мени концертимга кирадиган аудиториям 30 ёшдан катталар. Мана ўтган йилги концерт дастурларимизни кўришинглар мумкин, исботи билан гапираман. Залда 30 ёшдан каттароқ инсонлар ўтиришганди. Ёшлар деярли йўқ. Чунки, менда ундай бир дискотека блоги кам. Бизда ҳақиқий Хоразм, Фарғона ва яна бошқа йўллардаги қўшиқлар, яъни “Миллий эстрада”! Миллий эстрадага кимлар қизиқади, шу озгина ўрта ёшга келганлар, ўзини босиб олганлар. Ёшлар нимага қизиқади? “Дуб-дуб”, шўх қўшиқларга! Менинг ижодимда бўлса, унақалар йўқ.

 

- Концерт режиссёри ким бўлмоқда ва декорация ҳақида ҳам тўхталсангиз?

- Декорацияни Баҳодир Тонготаров билан ишлаб чиқмоқдамиз. Декорацияларда ҳам Хоразм нафаси уфуриб туришини ҳоҳлаяпман! Бадиий раҳбар Иброҳим Расулов. Режиссёр Бойназар Мадраҳимов.

 IMG_7116_новый размер

- Концертингизда қанча фоиз жонли ижро бўлади ёки тўлиқ жонли бўладими?

- Ҳозир жони ижрони 30- 40 фоиз мўлжаллаб турибмиз. Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров ва яна устозлар қўшиқларини йиғиб, попури сифат нарса қилмоқчиман ва шуларни жонли ижро этишни ўйламоқдаман.

 

- Ҳозирги кунда кўплар 100 фоиз жонли ижрода концерт бермоқда. Яна бир хиллар аппаратурани, ёки зал мос эмаслиги учун, тўлиқ жонлида концерт бера олмаслигини айтишмоқда. Сизда-чи, 100 фоиз тўлиқ жонлида концерт бермаслигингиз сабаби нимада?

- Жонли ижродаги концерт битта хонанда билан ҳал бўладиган концерт эмас. Фонораммалик концертга, дейлик, 10 миллион сўм харажат бўладиган бўлса, жонли ижродаги концертга 50 миллион сўм харажат қилинади. Кейин жонли ижродан, жонли ижронинг ҳам фарқи бор. Мен бировни унақа, бошқани бунақа демоқчи эмасман. Одам тайёр бўлгандан кейин чиқиши керак. Бунда албатта аппаратура ва моддий томонини, ҳамда, ўша инсон ҳофизнинг руҳан тайёр бўлиши бор. Мен бўйнимга оламан, мен 100 фоиз жонли ижро қилишга руҳан ва моддий тарафдан ҳам унча тайёр эмасман.

 

- Сизни 3 та бадиий фильмдан сўнг, бошқа фильмларда роль ижро қилмадингиз. Таклифлар бўляптими?

- Мен актёрликка давогар инсон эмасман. Бу мен учун пияр ҳам, реклама ҳам эмас. Кинодан минг муваффақиятга эришганим билан, уни  мен битта қўшиғим инсонларга манзур бўлган кунига алмашмайман. Битта қўшиғимнинг муваффақиятини бутун кинодаги муваффақиятимга алмашмайман. Мен ҳар доим айтаман, мен хонандаман. Мен кинода қачон ўйнашим мумкин, у ҳам бўлса, қачонки бир шундай яхши асар тушиб қолса, ҳамма тарафи тўғри келса, яъни яхши режиссёр бўлса, суратга тушаман. Кино мени иккинчи хобби томоним, холос. У менинг асосий кабим эмас! Мен хонандаликда ҳисобот беришим керак, кинода эмас. Айнан, шу мавзуда янги қўшиқ ҳам яратдим, янги концерт дастуримда куйлаш ниятидаман. (Хиргойи қилади) “Мендан қўшиқ сўранг, бошқа нарсамас, менинг кўнглимни қўшиқ қилади обод”.  Шуҳрат Аҳмедов сўзи. Лекин, фильмда роль ижро қилганим, муваффақиятим ҳам, аслида менинг яна бир омадим! Аммо, фильмда роль ижро қилиш, менинг кўнглимни қўшиқдек ёритмайди! Шунинг учун ҳам, мен бутун кучим, хаёлим, ҳаётимни қўшиқ куйлашга берганман.

 12_новый размер

- “Бегона баҳор”, “Жийда гули” фильмларидаги ролларингиз ишонарли чиққан. Актёрлик соҳасида сабоқ олганмисиз?

-Мен, ҳаёт мактабини ўқиганман. Балки, шунинг учундир? Фильмни ҳам кўриш билан кўришнинг фарқи бор. Кўпчилик инсонлар фильмларни ишонмасдан кўради, театрга ҳам спектаклга ишонмай тушади. Нафақат, кино, театр, балки ҳар бир нарсага муҳаббат билан, ишониб ёндошиш керак. Фильмни “актёрлар ўйнаяптию” деб ишонмай, ёки бир шунчаки дам олиш учун кўриш керак эмас, назаримда. Фильмни “унинг ичида ҳаёт бор”, деб кўриш керак. Тўғри, фильмнинг ҳам қайсидир фоизи бадиийлаштирилади. Лекин, барибир унинг замирида ҳаёт бор. Ўша фильмнинг режиссёри ҳам шу воқеалар таъсирида яшаб турибди, воқеаларни ҳам ҳаётдан олган, дея ишониб кўриш керак, деб ўйлайман. Ўзим бирор фильм ёки спектакль кўрсам, бутун вужудим билан ишониб, ўшанга кириб кўраман. Шунинг учун ҳам, ўша нарса менга сингади. Кейин ундаги ҳолатларни “чиқармикан” деб уйда такрорлаб кўраман. Ёшлигимдан шундай характерим бор. Шунинг учун ҳам, дарс олмаганман, лекин актёрлик борасида мени биринчи йўлга солган инсон, устозим режиссёр Иброҳим ака Расулов бўладилар. Ҳақиқатдан ҳам актёр бўлиб шаклланишимда, 100 фоиз шу инсоннинг ўрни катта!

 

- Агар вақтни орқага қайтаришнинг иложи бўлса, яна хонанда бўлармидингиз?

- Агар бу саволни 10 йил олдин, илк саҳнага чиққан вақтларимда берганингизда “ҳа” деб жавоб берган бўлардим. Ҳозир эса, “йўқ” деб жавоб бераман. Чунки, ҳозир мен муҳитдан хафаман. Буни ҳазиломуз изоҳласам, “Бир ота айтармиш: - Мана ўғлим, қанча пулни олиб, Россияга бориб бизнес қиламан, дединг, қила олмадинг! Шу ердан дўкон очиб беринг, дединг, дўкон очиб берсам, эплолмадинг! Институтда ўқийман, дединг, буни ҳам эплолмадинг! Энди билмайман, артист бўласан!” Кўряпсизми, бугунги кун санъатига шу даражада енгил-елпи қарашмоқда!  Санъат, хонандалик, шунчалик осон бўлиб кетдими? Лекин, аслида бошқачаю, ҳақиқий хонанда бўлиш учун анча меҳнат қилиш керак! Бошқа касбларни 14-15 ёшдан бошлаб машқ қилиб, вақт ўтиб эгаллай олиш мумкин. Лекин, санъатда ундай эмас. Санъаткор, онадан санъаткор бўлиб туғилади. Унда туғма қобилият бўлади, ёшлигидан қўшиқ айта бошлайди.  3-5 ёшларидан яққол кўринади, “бу артист бўлади, шекилли” дейишади. Шунинг  учун ҳам, муҳит деганим, бугунги кунда билиб-билмай, моддий тарафига қизиқиб, “артист фалон машина минаркан, фалон экан” дейишади. Агар қараса, ҳамма артистлар ҳам шундай бўлиб юргани йўқ! Тўғри, моддий тарафлама яхши таъминланганлар ҳам бор. Аммо, Оллоҳнинг назари билан ҳам озгина ҳисоблашайлик. Ахир, артист бўлди, дегани, дарров яхши машина, уй, ҳовли-жой, дегани эмас! Бу ҳам Худо юқтирса бўлади, эл назарига тушса бўлади, бу ҳам 100 тадан биттасига, ёки 2 тасига насиб қилади! Шуни чуқур мулоҳаза қилиш керак! Баъзиларни кўряпмиз, уйини, машинасини сотиб, артист бўламан, деб ўзини реклама қилиб, охири бор нарсаларидан ҳам ажралиб, қай аҳволда юрибди! Фақат рекламанинг кучи билан артист бўлиб қолмайди ва рекламанинг кучи билан халқ ҳам ҳар куни тўйга айтавермайди! Ўзингда бўлмаса, бор қилиб кўрсата олмайсан, барибир. Вақт ўтиб билинади! Кўп машқ билан яхши дурадгор бўлар, бошқа касб эгаси бўлар, лекин санъаткор бўла олмайди. Нимага? Чунки, овозни худо беради. Овоз ўзида бўлмаса, машқ билан чиқариб бўлмайди. Фонограмма қилар, бошқа қилар, лекин узоққа боролмайди. Агар чиндан овози бўлса, уни машқ билан ривожлантириши мумкин.

 IMG_6912 копия_новый размер

- Ўзингиз қўшиқ яратаётганда кимдан маслаҳат оласиз?

- Асосан, бастакорлар билан маслаҳатлашаман. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, яхши ижодкорлар бор, аммо овози йўқ, яхши ижро қила олмайди. Яхши ижро қиладиганлар бор, аммо яхши ижод қила олмайди! Ҳам яхши ижод қилиб, ҳам яхши ижро қила оладиганлар эса, афсуси жуда камдан кам. Жуда яхши ижро қиладиганлар бор, аммо бирор қўшиғи ўзиники эмас, ўзи ижод қилмаган, ўзи яратмаган, фақат куйлаган. Лекин, бу айб эмас. Масалан, дунё эстрадасида ҳам, Иброҳим Тотлисасни олсак, у ҳам шундай жуда зўр ижрочи, аммо, кучли ижодкор, бастакор эмас. Зўр бастакорлар бор, аммо овози йўқ, қўшиқ куйлай олмайди. Мен ўзим ҳам, ижро қиламан, аммо ўзим қўшиқ ярата олмайман, шунинг учун ҳам, бастакорларга мурожаат қиламан. Аммо, тўғрисини айтсам, уриниб кўрганман, ўзим сўзини ва мусиқасини ёзиб, куйлаган қўшиқларим бор. Масалан, “Сени севдим” қўшиғим, тингловчиларга манзур бўлган. Аввалги концертимда ижро қилган 2 та хоразмча қўшиқларим ҳам бор. Лекин, бошқаларга манзур бўлса ҳам, ўзимни кўнглим тўлмаган. Шунинг учун ҳам, бастакорга мурожаат қиламан.

 

- Рафиқангизга бағишлаб ҳам қўшиқ куйлаганмисиз?

- Албатта, “Аёл” деб номланган қўшиқ куйлаганман. 2007 йил илк мусиқий альбомимни ҳам, “Аёл бу” деб номлаганман.

 

-Бугунги кунда сизни энг ўйлантирадиган мавзу?

-Кўпинча мени бир мавзу ўйлантиради. Бу йилги янги концерт дастуримда ҳам, шу мавзуда қўшиқ куйлаяпман, бу санъаткорнинг ҳаёти! Бу қўшиқни, баъзи бир санъатни осон, деб билган инсонларга қарата куйлайман. Инсонлар санъатга “осон экан” деб, шундай енгил назар билан қарайверса, кейинги ҳаётимиз нима бўлар экан, 10 йилдан кейин санъат нима бўлар экан, деган мавзуда куйлайман.

 IMG_6873 копия_новый размер

-Танилиш, эл назари сизни ўзгартира олдими? Дейлик, ички дунёйингизни, қарашларингизни...

- Ўзгартирди, ўзгартирмай иложи йўқ, албатта. Ўзгартирмади, деса хато бўлади. Қайси маънодаки, мисол учун, ўзимга сезилганлари, илгари кўп нарсага енгилроқ қарардим, ҳозир масъулият билан қарайман. Илгари давраларга кўп борардим, ҳозир танлаб, қандай давра эканлигига қараб бораман. Сабаби, бу ўзимни катта олиш эмас, нотўғри тушунишмасин. Сабаби, ўша даврада кимлар бор, тарбияли ва яхши инсонларми, улар билан нима ҳақида суҳбатлашаман, обрўйимга путур етмайдими, деган маънода ўйлаб бораман. Шу маънода ўзгарганман. Буни бошқа яқинларим, “фалончи бўлиб кетгансан-да”, деб нотўғри тушунишади! Ахир санъаткорлар, зиёли, ёки маданиятли инсонлар бўлса экан, маза қилиб суҳбатлашиб ўтирсанг, дейман. Баъзи давраларда қандай суҳбат бўлишини олдиндан биламан, шунинг учун ҳам, тўғриси, ўша бекорчи гапларни гаплашгандан бориб, янги қўшиқ куйласам, ёки бир зарур ишимни битказсам, деган фикрдаман.

 

- Ўзингизни яна нималардан чегаралайсиз?

- Тўғрисини айтсам, кўп орзу-ҳаваслардан чегараладим. Орзу –ҳавасларим, санъатда эмас, дунёвий орзу-ҳаваслар эди. Молу дунё, ҳашамат... Улар ижодга жуда ҳам ҳалақит беради. Уларга қанча кўп вақт ажратсангиз, шунча ижоддан чекинасиз. Ижодингиз сустлашади. Менда ҳам шундай бўлди. Кейин ўзимни қўлга олиб, ўзимни ўшалардан чегараладим. Бугунги куним, ҳаётимдан қониқиш ҳосил қилдим. Бугунгача эришганларимга шукур қилдим, қониқиш ҳосил қилдим.

 

- Шунча йилдан буён санъатдасиз. Яхши ижод қиляпсиз, мухлислар орттирдингиз. Ёшликдаги орзуларингизга эриша олдингизми?

- Ёшликдаги орзулар бошқача бўлар экан. Имкониятлар ҳақида ўйламай, орзулар қилаверар экансиз. Вақт ўтиб, ёшингиз улғайгач, орзулар ҳам ўзгарар экан. Масалан, ёшликда, “мана бу ерда ўқийман, бундай қиламан” дейсиз. Кейин, ўша вақтга келиб, ёшингиз катта бўлганда, вақт ва замон бошқа нарсани талаб қилар экан. Баъзан вазият бошқача бўлар экан. Масалан, мени кинода ўйнайди, деб ким ҳам ўйлабди? Ўйлаган нарсаларим қолиб, ўйламаган ишларим бўлиб кетди. Шунинг учун ҳам, орзулар кўнгилда яшайверар экан. Лекин, реал ҳаётда кўп нарса ўзгарар экан. Шунинг учун, мен ҳам орзуларимнинг кўпини ўзгартирдим. Масалан, ёшлигимда яхшигина созанда эдим ва бастакор бўламан, дердим. Хонанда бўлдим, орзулар ўзгарди.  Шунинг учун ҳам, айтмоқчи бўлганим, жуда кам инсонларда орзулар ўзгаришсиз қолади, кўпчиликда ёш катта бўлган сайин, орзулар ҳам ўзгариб, ёш поғонасига қараб, бурилиш ясайди.  Орзулар ҳам ўзгарувчан бўлади.

 2013-07-03 18.56.08_новый размер

- Бирор бир асардан таъсирланиб қўшиқ куйлаганмисиз?

- Яқинда бир психологик асар ўқий бошладим. Дейл Карнеги асари экан. Ўшандан бир неча мавзулар танладим, инсоннинг қандай қилиб қалбидан жой олиш, қандай қилиб кўзидан ўқиб олиш, мени қизиқтириб қўйди. Шулар ҳақида қўшиқлар куйлаш, ниятидаман.

 

- Ўтган ижод йўлингизга назар солганда, нималарни бой бердим, деб ўйлайсиз?

- Кўп мавзуларни бой берибман. Ўша мавзуларни режаларимга киритиб қўйгандим, аммо кечикиб қолдим. Бошқалар биринчи куйлаб қўйди. Айниқса, 2 та зўр мавзуни ўйлагандим, кечикдим. Лекин, вақт ўтиб, ўша мавзуларга бошқача ёндошиб куйлаш ниятидаман.

 

- Сиз учун саҳна қадри?

- Мен учун, саҳнанинг қадри жуда юксак! Бу шунчаки, баландпарвоз гап эмас! Ҳамма саҳнани шундай қадрласа эди, дейман. Айниқса, санъаткорлар эмас, бошқа касб вакиллари, бошқа инсонлар ҳам, шунда саҳнага, санъатга енгил назар билан, “осон” деб қарашмасмиди? Дейлик, Шукур Бурхоновни олайлик, бу инсонни ҳамма “устоз”, “буюк” деб билган. Бу ўз-ўзидан эмас, ҳамма уни устоз деб, тан олган. Нега? Чунки, у киши, саҳнани қадрлаган, саҳнани, ўз касбини қадрлаб, ўзини кўп нарсалардан тийган, “саҳнада эканман, бошқа инсонларга ибрат бўлишим керак” деган фикрда бўлган. Санъаткор, саҳна одами, маданият вакили эканлигини билган ва шунга амал қилган! Биз ҳам шундай қилишимиз керак, санъаткор маданият вакили, ўзига чегара қўйишни ҳам, баъзи ишлардан тийилиши кераклигини ҳам, билиши керак! Эртага, инсонлар ортимиздан ҳар хил гап гапирмаслиги учун, нотўғри хулоса чиқариб, саҳна инсонларидан кўнгли қолмаслиги учун ҳам, шундай қилишимиз керак.

 IMG_6765 копия1_новый размер

- Мухлислар бевафо, деган фикрга муносабатингиз?

- Бу жуда тўғри гап. Мухлислар менда хафа бўлишмасин, аммо бу ҳақиқат. Азал, азалдан устозларимиз ҳам, шу гапни таъкидлаб келишган: “Сен мухлисларга ишониб ижод қилма! Мухлиснинг талаби билан, танқиди билан ижод қилма, чунки, мухлислар бугун сени эшитади, чунки улар замон билан ҳамнафас, эртага бошқани ҳам тинглайверади! Сен ундан хафа ҳам бўлма, руҳингни ҳам чўктирма! Сен мухлис эмас, шинаванда йиғ, шинавандангни йўқотмасликка ҳаракат қил! Уларнинг фикрини, танқидини эшит! Мухлис ҳаммада бор, аммо шинаванда ҳаммада ҳам бўлавермайди!”  Шу тўғри гап, шинаванда кимда 10 та, кимда 30, кимда эса, умуман йўқ.

 IMG_7059_новый размер

- Акангизни сизнинг ижодингизга нисбатан, энг ёдда қоларли танбеҳи бўлганми?

- Ўтган йили танбеҳ берганлар. “Концертдан кейин ижодда жуда сусайиб қолдинг, сенда ўзингга ишонучанлик пайдо бўлиб қолди. Олдингидек ижодингни сезмаяпман!” дедилар.  Акамнинг бу гапларидан ранжимадим. Акам аввало, мени кўп ўйлайдилар. У киши доим, “Сен менга, мен сенга қанотмиз. Бир қанот кетса, сенинг парвозингга ҳам, менинг парвозимга ҳам халал беради” дейдилар. Шунинг учун ҳам, у киши ҳам мен ҳақимда кўп ўйлайдилар, мен ҳам у кишини кўп ўйлайман. У кишининг танбеҳлари, маслаҳатларини жону дилим билан қабул қиламан.

 

- Акангиз билан дуэт куйлаш ниятингиз борми?

- Бу йилги янги яккахон концерт дастуримда куйлашни режага киритдик.

 

- Шу кунгача бошқа хонандалар билан куйлаган дуэтларингиздан кўнглингиз тўлганми?

- Ўтган йили концертимда актриса Наргиза Абдуллаева билан дуэт куйлаган эдик. Бундан ташқари, Малика Эгамбердиева билан ҳам, Наврўз байрамига бағишлаб дуэт куйладик. Эндиликда, яна дуэт куйлашга 3 та номзод бор. Улардан бирини танлашим, қай бирининг овозини мос келишини  билишим керак. Шу кунгача куйлаган дуэтларим шулар, улардан кўнглим тўлган. Ўзи дуэт куйлашга жуда ҳам қизиқишим йўқ, лекин яхши дуэтбоп қўшиқ бўлса, хонанданинг овоз имкониятлари меникига мос бўлса, яхши чиқишига қараб куйлайман.

 IMG_6902 копия_новый размер

- Қайси клипингиздан ўзингизнинг кўнглингиз тўлмаган?

- 2011 йилда “Муҳаббатимсан” деб номланган қўшиғимга клип суратга олдирганман. Бу қўшиқдан умидим жуда катта эди. Лекин, клипни суратга олган, ишонган инсоним, менинг ишончимни оқламади! Кейин мен ҳам, ҳафсалам сўниб, клипни тўғрилатмай ташлаб қўйдим. Чунки, клип бадиий кенгашдан ўтмади. Тўғрилатмоқчи бўлганимда эса, ўша клипни суратга олган ижодкорни топа олмадим. Ўша клипим ҳали ҳамон тақдимотсиз ётибди. Намойишга бермадим. Қўшиқ эса, радиоларда янгради, яхши натижаларга эришди. Аммо, клипнинг кўнглимдагидек бўлмаганига ранжидим.

 

- Сиз учун ўз фикрингиз маъқулми, ёки маслаҳатлашиб иш кўрган яхшими?

- Мен ҳеч қачон ўз фикримни маъқуллаб туриб олмайман. Чунки, мен ҳам инсонман, адашишим мумкин. Ахир мендан кўра кўпроқ ҳаётни кўрган инсонлар бор. Қачон ижод чиройли бўлади? Биргаликда, ҳамкорликда ишланганида!

 IMG_6842 копия_новый размер

- Тўй хизматларида кўп бўласиз. Сизга маъқул бўлмаган ҳолатлар ҳам бўладими?

- Бу нарса сир эмас. Маст инсонларнинг ноўрин ҳатти-ҳаракати, қолаверса, санъаткорга айрим кимсаларнинг беписанд қарашлари, баъзида ранжитади. Мен меҳмонларни айтаётганим йўқ! Баъзида тўй эгасининг ўзи, сизни илтимос қилиб чақиради, кейин ўзи ўша ичкиликни ичиб, ўзини йўқотиб, нима қилаётганини, нима деётганини билмай қолади. Кейин эса, эртаси яна ақли ўзига келиб, қўнғироқ қилиб, уйингизга келиб, узр сўрайди! Лекин, унда кеч  бўлади, кўнгил сингандан кейин, қандай қилиб, яна муомала қилиш мумкин? Ўзинг ҳурмат қилиб чақирган инсонингни охиригача ҳурмат қилишинг керак! Қандай кутиб олган бўлсанг, шундай яхши кузатиб юбор, шунда санъаткор ҳам сени ҳурмат қилади!

 

- Баъзи тенгдош ҳамкасбларингиз сингари сизда ҳам продюсерлик маркази очиш фикри бўлмаганми?

- Ўтган йили,  шу нарсага қўл урмоқчи бўлдим, кастинглар ҳам ўтказдим. Лекин, кейин бунинг масъулиятини билгач, чўчидим. Ахир йигит-қизларни йиғиб, уларга продюсерликни, масъулиятини бўйнингизга оласиз! Кейин эса, эртага барибир, уларга кетказган харажатингизни қоплаш учун, табиийки, тўй хизматларига олиб чиқишингизга тўғри келади. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Хўп, тўйга олиб бордингиз, бирор келишмовчилик, ёки бирор ҳолат юз берса, ким жавоб беради? Улар ёш бўлса, тўйларни қандай ўтказади? Бунинг масъулияти қанчалик оғир, ахир. Ўзимиз ҳам, тўйни масъулият билан ўтказамиз, улар-чи?  Бировнинг ҳаётига жавобгарликни бўйинга олишнинг ўзи бўлмайди! Ахир улар ҳам, бировнинг фарзанди бўлса! Шуларни ўйлаб, фикримдан қайтдим.

 IMG_6771 копия2_новый размер

- Баҳор ҳам кириб келди. Ҳар гал баҳор келганида кўнглингиздан нималар кечади?

- Кимга қандай билмадиму, лекин мен яна бир ёшга улғайганимга бироз кайфиятим тушади. Кейин эса, “яна баҳорга етдим” деб, шукроналикни ҳис қилиб, қувонаман.

Саида Вахобова

IMG_7100_новый размер

IMG_7260_новый размер