FATTOHHON.COM

« Все новости

КИМ НАВРЎЗНИ ҚАНДАЙ КУТИБ ОЛАДИ? 3-ҚИСМ! 20.03.2014 09:31

Foto (9)

АКТЁР АДИЗ РАЖАБОВ

Наврўз айёми, баҳор байрами бўлганлиги учун, қиш тугаб, одамлар қишдан, зимистондан чиқиб, кўкламда, майсалар чиқиб, дарахтлар гуллаганда, илиқ ҳаво бўлиб, ҳаммаёқ яшариб, бошқатдан уйғониб, янги бир кўринишга келади. Инсонга гўёки янгидан ҳаёт бошлашига, иккинчи нафас очилишига, кўмаклашадиган бир байрам десак ҳам бўлади! Наврўз байрамининг шукуҳи, тароватти ўзгача, баҳри дилинг очилиб, янада яшагинг келади!

Энг ёдда қоларли Наврўз байрами, лицейда ўқиётганимда, 11 синф эдим, бир ўртоғимнинг уйида сумалак иширганмиз! Бутун синф, ҳамма шу ўртоғимизникида, ўз қўлимиз билан сумалакни тайёрлаб, кечаси билан қозон кавлаб, гаплашиб ўйин-кулги қилганмиз! Ўшанда 17 ёшда эдим.

Foto (6)

 

ХОНАНДА УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ

Наврўз байрами мен учун жуда ҳам интизорлик билан кутадиган оилавий байрамларимдан бири! Наврўзда ижодга қизиқишинг ортади, бу катта ўзгаришларга сабаб бўладиган айём! Негадир қишдан чиқиб, баҳорда бўладиган Наврўз айёмида инсоннинг ҳаётга ва ижодга қизиқиши ортади, ғайрати жўшади! Мен учун уйқудан кучга тўлиб тургандек бир айём!

2 йил олдин Наврўз байрамида Туркиянинг Анқара шаҳрида халқаро фестивалда иштирок этиб, Юртимиздаги Наврўз байрами ҳақида, қандай нишонланиши ҳақида, ғурур билан фикрлар билдириб,  ўша ерда “Капалак” қўшиғини куйлаб, Наврўзни кутиб олганим, ёдимдан чиқмайди.

Кичкиналигимдан бизни уйда сумалак тайёрлаб, бутун маҳаллани йиғиб байрам қилганмиз. Бу одат эди. Энди эса, бу куни мен элнинг яхши кунларида хизматида бўлиб, юртимизда бўладиган байрам, концертларда иштирок этаман. Лекин, оиламизда сумалак тайёрлаш одати ҳали ҳам бор. Жуда бир катта қозонда қилмасак ҳам, лекин ўзимизга яраша кичикроқ бўлган қозонда, қўшниларга ҳам улашадиган қилиб, сумалак тайёрлаймиз! Баҳор таомларидан эса, ўзим баҳорий салат тайёрлай оламан!

Foto (2)

 

«БЕНОМ» ГУРУҲИ

Наврўз байрами, халқимизнинг миллий анъанаси, ўзлигимизни намоён қиладиган байрамларимиздан бири! Шарқ тақвимномасида ҳам, Янги йилнинг кириб келиши ҳам, айнан Наврўз айёми билан боғлиқ! Наврўз биз учун шундай байрамки, у куни барча қариндошлар юз кўришамиз. Биз иш билан бўлиб, яқинларимизга унча аҳамият беролмаслигимиз мумкин. Иш билан бўлиб, гоҳида отахону онахонларимиз, ёши улуғ қариндошлардан хабар ололмай қолишимиз мумкин. Наврўз айёмида эса, кўпчилик биз қатори бориб, хабар олишса керак. Наврўз инсонлар бир-бирига меҳр кўрсатадиган байрамлардан бири! Айнан шу байрамда миллийлигимиз кўпроқ акс этади!

Энг ўзгача кутиб олинган Наврўз байрами бу 2 йил олдин яқинларимиз билан кутиб олганмиз! Чет элдаги қариндошларимизгача келишган! Жуда ҳам чиройли Наврўз бўлган! Чунки, анчадан буён кўришмаган қариндошларимиз чет элдан келишганди!

Ҳар доим болалигимизда, сумалакка буғдой ундиришганда, ўша майса ўсганда кўриб, “Ҳа, Наврўз келибди” деган фикр келарди. Болаликда уйимизда гоҳ-гоҳида сумалаклар қилинарди! Болаликда Наврўз келса, бу хурсандчилик, сумалаклар, байрам деб билардик. Ҳозир эса, Наврўз деганда, бу миллий анъаналаримиздан бири, деймиз. Ҳамиша Наврўзнг шукуҳи, завқи бошқача!

Foto (4)

АКТРИСА ҲАЛИМА ИБРОҲИМОВА

Ҳамма баҳор, баҳор дейди, лекин баҳор биринчи мартда сезилмайди! Ҳақиқий баҳорнинг кириб келганлигини Наврўздан сезиш мумкин! Янги кун, ҳаммаёқда байрам, айниқса бизнинг Ўзбекистонда, баҳор, Наврўз айёми жуда ҳам чиройли кутиб олинади. Бутун вилоятларда, Тошкент шаҳрида тадбирлар, байрамлар ўтказилади. Ўшанда инсонларнинг хурсандчилигини кўриб, дарахтлар гуллашини кўриб, баҳорни сезаман! Наврўзни ҳис қиламан! Наврўз байрами, Мустақиллик байрамидек азиз ва қонимизнга сингган! Мен учун баҳор 1 мартдан эмас, 21 мартдан киради!

 

Ҳар доим байрам дастури якунида ўзбек примадоннаси Юлдуз Усмонованинг чиқиши билан якунланган Наврўз байрами, мен учун унутилмас Наврўз байрами, менинг байрамимдир! Мен бу хонандасиз, Наврўз байрами дастурини тасаввур қила олмайман.

Ҳозир катта бўлган сари Наврўз байрамини қадрлаб, уйда ҳам ўзгача нишонлашга ҳаракат қиламиз. Масалан, фарзандларимизни кийинтиришдан бошлаймиз, чиройли кийинтириб, кейин бозорга чиқиб, янги кўклар чиққан бўлади, уйда ҳам, кўк сомса, кўк чучваралар қилгингиз келади. Лекин, мен бошқаларга ўхшаб, сумалак, ҳалим қиламан, дея олмайман. Лекин, ўша куни битта яхши баҳорий таом тайёрланади, масалан, кўклар солиб, қатиқли салат ҳам қилинади. Байрам куни асосан, бир яхши таом ва кўк сомса тайёрлаб, оиламиз билан байрам қиламиз.

Foto (5)

 ХОНАНДА ДОСТОН УБАЙДУЛЛАЕВ

Мен учун Наврўз айёми кириб келиши, яна бир баҳорни қаршилаганим! Ёшариш, гуллаш фасли! Ҳаммаёқ жуда ҳам чиройли кўринишга киради! Халқимизнинг энг чиройли байрами! Наврўз деганда, кўз олдимизга сумалак, сайллар, мучал тўйи, баҳорий ўйинлар келади! Ўзи ёшлигимиздан Наврўз байрамида сумалак еб катта бўлганмиз. Болаликда, бу байрам келди, дегунча, сумалак еймиз, деб хурсанд бўлардик! Бундан ташқари, Наврўз келгач, 9 кундан сўнг, яна бир кунга улғаяман, чунки 30 март мени туғилган куним! Шунинг учун ҳам, Наврўз байрамини ҳам, март ойини ҳам жуда яхши кўраман!

Наврўз байрамининг ҳар бири мен учун ўзгача, чунки бу бизнинг миллий байрамимиз! Миллий анъаналаримиз намоён бўладиган, ўзимизнинг фольклёрларимиз, ўйинларимиз барчаси байрамда намойиш қилинади!

Олдинлари, болалигимда сумалакни жуда ҳам яхши кўрардим. (самимий кулиб) Ҳозир эса, ёшим катта бўлганлиги учунми, сумалакни жуда ҳам унчалик хуш кўрмайдиган бўлиб қолганман. Мен учун аввалги Наврўзлар билан ҳозиргисининг фарқи шунда деб ўйлайман!

Foto (10)

 ХОНАНДА ДИНЕЙРА

Наврўз бизнинг анъанавий, шарқона баҳор байрамимиз! Наврўз деганда доим, кўз олдимга баҳор, сумалак, чарақлаб турган қуёш, осмондаги варраклар, гуллаётган дарахтлару, юртдошларимизнинг баҳорий ўйин-кулгулари, куй-қўшиқлар келади!

Энг ёдда қоларли Наврўз 2 йил олдин Самарқандга гастролга борганимизда бўлган. У ерда ҳам байрам нишонланган, ҳаммаёқ чиройли ва ўзгача эди! Ҳаммамиз, ижодий гуруҳ, санъаткорлар, ижодкорлар билан байрамни нишонлаганмиз!

Олдин болалигимда, Зарафшонда, Наврўзни оилавий нишонлаб, сайлларга чиқардик, албатта сумалак сотиб олардик. Ҳозирда эса, Наврўз байрами куни, турли байрамларга борамиз, иштирок этамиз. Лекин, болаликдан ҳамиша ўзгармас бўлиб қолгани бу сумалак ва у ҳамиша бизнинг миллий, анъанавий наврўз таомимиз бўлиб қолади! Баҳорда, байрам кунлари ўзим кўк салатлар, кўк сомсалар тайёрлашни ёқтираман!

Foto (3)

 

 

 

ХОНАНДА ШЕРБЕК ШОДИЕВ

 

Наврўз айёми мен учун, баҳорнинг илк куни! Янги ҳаёт! Наврўз келиши билан қалбимдаги барча ғуборлар чиқиб кетиб, кейинги Наврўзгача янгидан янги ютуқларга эришгим келади. Чунки, дарахтларнинг гуллаши, бутун борлиқ ўзгариб гўзаллашишини кўриб, завқланаман. Аёлларимиз, қизларимиз гўзал бўлишади. Инсоннинг қалби гўзал бўладиган айём!

Ўтган йили Наврўз куни турмуш ўртоғимни, яъни севган ёримни учратганман! Мен учун жуда ҳам ёддан чиқмас бўлган! Шунинг учун ҳам, Наврўз эндиликда мен учун баҳорий кайфият, айём! Шунинг учун ҳам, Наврўз мен учун гўзаллик рамзига айланган.

Олдин Наврўзни унча яхши нишонламасдик. Мустақилликка эришгач эса, Наврўз байрами кенг нишонланадиган бўлди! Ҳар бир оилада Наврўз нишонланади! Катта тадбир билан миллий боғда нишонланадиган асосий байрамларимиздан бирига айланган! Ўзимизнинг ҳақиқий миллий байрамимиз!

Баҳор келганида, атайлаб уйдагилар кўк сомса, кўк чучваралар тайёрлашсин, деб кўкатлар ҳарид қиламан. Баҳорий таомларни жуда яхши кўраман! Лекин, ўзим тайёрлай олмайман.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова