FATTOHHON.COM
« Все новости "Тасвир" газетаси томонидан эълон қилинган фотосуратлар танловининг, 3- мавзуси март ойи "Онажоним - меҳрибоним!" мавзуси бўйича босқич ғолиби аниқланди. Ғолибларни аниқлаш учун, машҳурлардан иборат, ҳайъат тузилди. Эслатиб ўтамиз, ҳар ойда ҳайъат аъзолари сифатида машҳурлар иштирок этадилар ва ҳар ой босқичида ҳайъат аъзолари ўзгариб боради. Бу галги ҳайъат аъзолари, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" хонанда Сардор Раҳимхон, ҳамда ёш хонандалар Дилсўз ва Ҳусан бўлдилар.
Фотосуратлар танлови, хонанда Сардор Раҳимхоннинг "NEW STAR" продюсерлик марказида бўлиб ўтди.
"Тасвир" газетасининг бир неча сонида, газетанинг 4-саҳифасида чоп этилган фотосуратлар орасидан, ҳайъат аъзолари фотосуратларни танлай бошладилар. Албатта, ҳар галгидек, ҳайъат аъзоларига бир неча суратлар маъқул бўлди. Лекин, улар орасидан фақат биргина ғолиб танланиши керак эди. Бу код 3_12 рақамли фотосурат (сурат эгаси Дилдора Комилова) бўлди!
Сардор Раҳимхон: - Фотосуратлар ҳаммаси бир-биридан яхши. Ғолибликка номзодларга 2-3 фотосуратлар кирганди. Жумладан, код 3_13 рақамли фотосурат, қайсидир маънода она ҳамда, фарзанд соғинчини яққол ифода этаётган ҳолати, яна код 3_10 рақамли фотосурат, ҳамда код 3_11 рақамли фотосуратлари ҳам жуда чиройли суратлар. Лекин, нима учун айнан код 3_12 рақамли фотосуратни ғолибликка танладик? Чунки, биринчи навбатда ҳозирги кунда, айнан баҳор бўлганлиги учун ҳам, бу сурат баҳорни ўзида акс эттирмоқда. Қолаверса, онанинг болага бўлган муҳаббати, жуда ҳам ёрқин рангларда ифода этилган бўлиб, табассум билан ҳаётга чанқоқлиги шундоқ кўриниб турибди. Бу суратни кўрган инсон беихтиёр ўзи ҳам завқланиб, суратнинг ҳаяжонига киришиб кетиши ҳеч гап эмас. Мен бу суратни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Ўзидан қандайдир энергия тараётган фотосуратлардан биттаси, шунинг учун ҳам код 3_12 рақамли фотосурат бугунги ғолибимиз бўлди!
Дилсўз: - Мен ҳам Сардор аканинг фикрларига қўшиламан. Бу код 3_12 рақамли фотосуратга қараган инсон, бирданига ўша ҳолатга тушади. Фотосурат жуда ҳам табиий чиққан. Ҳақиқатдан ҳам хурсанд бўлаётган она ва унинг боласи.
Ҳусан: - Код 3_12 рақамли фотосуратда қувноқ кайфиятдаги она ва бола тасвирланиб, она ва боланинг хурсандчилиги акс этган. Улар табиат қўйнида айланиб, ҳаётдан завқланишмоқда. Жуда ҳам чиройли лаҳзалар тасвирланган.
Бу галги март ойи фотосуратлар танловининг мавзуси "Онажоним-меҳрибоним" бўлгани учун ҳам, қолаверса, ушбу ойда 8-март аёллар байрами нишонланганлиги сабабли, ҳайъат аъзоларидан, аёлларга ва ўз оналарига қандай совға қилганликлари ҳақида ҳам сўраб ўтилди.
Сардор Раҳимхон: - (самимий) Албатта, авваламбор, яхши совға, эътибор, меҳр ва ҳурмат, деб ўйлайман. Байрамда биринчи навбатда гул совға қиламан, кейин онамлар тақинчоқларни яхши кўрадилар, мен ҳам совға қилишни яхши кўраман. Нима бўлишидан қатъий назар, менимча, эсда қоларли совғалар қилган яхши. 8-март аёллар байрами бўлса, 19 март онамларнинг туғилган кунлари! (самимий кулиб) Шунинг учун ҳам, мен иложи борича, мана шу март ойига, йил бўйи тайёрланишга ҳаракат қиламан.
Дилсўз: - (жилмайиб) Она учун совға бу менимча, биринчи навбатда фарзанд томонидан эътибор, меҳр. Мен ҳали ундай катта совғалар қилмаган бўлсам ҳам, қўлимдан келганча, керакли бўлган нарсани совға қилишга, хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Аёл киши учун, она учун, албатта чиройли совға, бу уларнинг ўзларидек чиройли гуллар, деб ўйлайман.
Ҳусан: - (самимий кулиб) Менимча, яхши совға бу ширин сўз, ҳамда чиройли атир. Агар ёқтирган атирларини билсангиз, янада яхши. Тўғриси, бу йил 8- март байрамида онамларни телефон орқали табрикладим, кўриша олмадик. Чунки, мен Тошкентда, улар вилоятдалар. Лекин, ўзим такси орқали совға юбордим.
Кейинги сонда, фототанлов март ойи босқичи ғолибининг қандай фотосессия тайёрлатганлигини гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, фототанлов давом этмоқда!
Навбатдаги мавзулар:
Апрель - "Баҳор"
Май - "Хайр, мактабим!"
Июнь - "Фарзандим - дилбандим"
Июль - "Ёз ўтмоқда соз!"
Август - "Тўйлар"
Сентябрь - "Салом, мактаб!"
Октябрь - "Олтин куз"
Ноябрь - "Менинг оилам"
Декабрь - "Янги йил" ҳамда "Эркин мавзу"