FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жойлардаги таълим муассасаларида, маданият ва санъат намоёндалари томонидан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда!
Тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 январдаги 07/02-08-1-сонли “Маданий-маърифий ва тарғибот ишларини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси” ижросини доирасида, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун Республикадаги таниқли шоир, ёзувчи ва ёш олимлар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғиботчилар гуруҳлари шакллантирилди.
“Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари ўқувчи ва талаба ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида жорий йилда барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ташкил этилмоқда.
Тадбирлар ўтказиладиган барча таълим муассасаларида тадбир бошлангунга қадар юртимизда мустақилликкача бўлган давр, ҳамда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларни акс эттирувчи “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” номли фотокўргазма (ҳудудларнинг ҳолати ва шароитидан келиб чиққан ҳолда)лар намойиш этилмоқда.
Тадбир аввалида йиғилганларга мустақиллик йилларида мамлакатимизда турли соҳаларда, жумладан таълим соҳасида эришилган ютуқлар, амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар, Қуролли кучлар тизимидаги ислоҳотлар, миллий армиямизнинг салоҳияти акс эттирилган, шунингдек, бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида юз бераётган нотинчликлар, диний экстремистик хунрезликлар, уларнинг ортида турган кучлар ва уларнинг ғаразли мақсадларини очиб беришга қаратилган қисқа метражли фильм ёки слайд-шоулар намойиш этилмоқда.
Тарғибот гуруҳлари вакиллари томонидан миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз, уларнинг жамиятда ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда тутган ўрни, турли диний-экстремистик оқимларга кўр-кўрона кириб кетишнинг салбий ва аянчли оқибатлари, фарзандларнинг ўз ота-оналари ва Ватани олдидаги бурчлари, касб ва ҳунарга эга бўлишнинг аҳамияти тўғрисида, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, юртга садоқат каби мавзуларда фикрлар билдирилмоқда.
Таълим муассасаларида ўтказилаётган бундай тадбирлар ўқувчи-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада кучайтиришга, уларда ватанпарварлик, шукроналик ҳиссини камол топтиришга ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончини янада орттиришга, ҳамда ёшларни турли салбий оқим ва ёт ғоялар, зарарли иллатлар таъсиридан ишончли асраш ва ҳимоялашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Халқ артисти Теша Мўминов: - Бизнинг ниятимиз битта, ниятимиз эзгу, Жаннатмакон, деб ном олган, азиз юртимиз тинчлигини асрайлик, қадрига етайлик! Ҳозир дунёдаги қай юртга қарасанг, осмони нотинч, халқ беҳаловат! Халқининг қорни тўқми, фарзандлари билимли бўла оляптими, қай ота-онанинг уйи-жойи бутунми, оиласи тинчми, ҳеч кимнинг иши йўқ! Минглаб инсонлар уруш туфайли туғилган юртларини ташлаб, ҳозир тақдири нима бўлишини билмай турибди! Беҳисоб шукурки, бизнинг Жаннатмакон Юртимизда, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, фарзандларимиз биздан кўра билимли ва бахтиёр бўлсинлар, дея, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қилинаётган беҳисоб эзгу ишлар, минглаб ўқув даргоҳларининг фаолият юритаётганлиги таҳсинга сазовор! Буларнинг қадрига етайлик! Бизнинг ўз тарихимиз, ўз миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз бор! Ватанимиз келажаги эса, бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлод қўлида! Шунинг учун ҳам, ёшларимизни ҳар жиҳатдан янада баркамол, янада етук бўлиб вояга етишлари, уларни Юртимизга муносиб инсонлар бўлишлари учун астойдил интилишимиз зарур, деб ўйлайман.
“Ниҳол” ва “Эътироф” мукофотлари совриндори Улуғбек Раҳматуллаев: - Бўлиб ўтаётган учрашувлардаги мактаб ўқувчиларини кўриб, ўзимнинг ҳам болалигим, мактабда ўқиган вақтларим ёдимга тушиб кетди. Бизнинг мактаб вақтимизда бундай ижодий учрашувлар бўлмаган. Ҳозир эса, ўзим ҳам бевосита иштирокчисига айланганимдек, ҳаётда ўз ўрнини топган инсонлар билан ижодий учрашувлар ташкил қилинмоқда ва бу каби ижодий учрашувлар ёшларнинг дунёқараши, ҳамда фикрларига ижобий таъсир кўрсатиб, уларни келажакда улкан мақсадлар сари интилишига сабаб бўлади! Инсон қайси касбда бўлишидан қатъий назар, энг муҳими инсонларга ва Юртга керакли инсон бўлиш! Ҳаммамизнинг ота-онамиз бор, мени ҳам ота-онам, 2 фарзандим бор! Ҳар бир ота-она эса, ўз фарзандларини, олим ва комил инсонлар бўлиб етишишларини орзу қилади. Бизни ҳам бу ижодий учрашувлардан асосий мақсадимиз, ёшларимиз ҳеч қандай бир таъсирларга алданмай, маънан етук ва баркамол инсонлар бўлиб етишишларини истаймиз!
Саида Вахобова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга миннатдорчилик билдирамиз