FATTOHHON.COM
« Все новости"Алданган кўнгил" фильми катта экранларга чиқиш арафасида!
Фильмда актёр Умид Искандаров ва Зарина Низомиддинова жуфтлигини кўришимиз мумкин.
Актрисалар Зарина Низомиддинова ва Муҳаббат Эргашевалар опа-сингил ролларини ижро этишади.
Шунингдек, хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжоновни илк марта "Алданган кўнгил" фильмида салбий образда кўришимиз мумкин.
Фильм режиссёри Жавлон Шодмонов: - Жаҳонгир Позилжонов бу фильмимизда бош роль ижрочиси ва салбий образ. Албатта, юмордан фойдаланилди. Лекин шундай жойлари бор, томошабин кўрганда "уҳ" деб юборади, деб ўйлайман. Фильмда бўладиган бурилишни Жаҳонгир Позилжонов образига ташлаганмиз. Томошабинлар билмадим, Жаҳонгир Позилжоновни бу образда қандай қабул қилишади? Ўйлашимча, актёрни фақат бир хил йўналишда эмас, бошқа йўналишларда ҳам янги қиррасини очиб кўриш керак. Шунинг учун, ижодий гуруҳ билан маслаҳатлашган ҳолатда, фильм жуда оғир бўлиб кетмаслиги учун ҳам, ўзгариш ҳамда юмор бўлиши керак деган фикрда, Жаҳонгир Позилжоновни танладик.
- Умид Искандаров ва Зарина Низомиддинова жуфтлигини аввал бошқа фильмларда кўрган эдик. Сизнинг "Алданган кўнгил" фильмингизда уларнинг қайси янги тарафларини очдим, деб ўйлайсиз?
Фильм режиссёри Жавлон Шодмонов: - Актёр Умид Искандаров ҳали бундай образда чиқмаган. Унинг образи камгап, бадавлат инсоннинг ўғли. Бу образда севгига ишонч бор.
Салбий ёки ижобийлиги ҳақида айтиб ўтирмайман. Актриса Зарина Низомиддиновани бўлса, тўғрисини айтаман, бу даражада кучли актриса деб ўйламагандим.
Мен ўйлайман-ки, Зарина Низомиддиновани ҳам, актрисалар Раъно Шодиева, Дилноза Кубаевалар каби кучли тарафи мана шу фильмда очилди. Чунки, унинг бу фильмдаги образи жуда ҳам оғир бўлиб, асосий юк унинг образида десам ҳам бўлади. Актриса Муҳаббат Эргашева билан биз биринчи марта бирга ишлашимиз. Ундан олдин у "Дада", "Бахт уйи" фильмларида роль ижро қилганди. Томошабинлар доим уни ижобий ролларда кўриб келишган бўлса, бу ерда уни салбий ролда олиб чиқдим. Албатта, унинг актрисалик маҳоратига томошабинлар ўзлари кўриб, баҳо беришади.
- Фильмни суратга олиш жараёнлари қандай кечди?
Фильм режиссёри Жавлон Шодмонов: - Мен бу фильмда анча қийналдим. Комедия жанрига ўрганиб қолганимиз учунми? Олган фильмларим ичида бу саккизинчи фильмим бўлган бўлса, уларнинг ичида энг қийин суратга олган фильмим, мана шу "Алданган кўнгил" фильми бўлди. Актёримиз Умид Искандаров фильмда юзида шрам билан чиққан. Авария бўлганда юзига шрам тушиши керак эди... Воқеа кунма-кун ўтгандан кейин шрамлар ўзгариши керак, шунинг учун грим тарафлама қийинчилик бўлди. Чунки, ҳар битта саҳна кетма-кетлик билан олинмайди-ку, мисол учун қайсидир саҳна биринчи кун бўлса, бошқа саҳна 2 кундан кейин суратга олинади. Сўнг, бастакор томонлама ҳам тўғрисини айтсам, озгина чўзилди. Чунки, мусиқанинг ўзини бастакоримиз билан бирга ўтириб, 20 кун ёздик. Мусиқа 4 марта қайта ишланди. Охири ўзи режиссёрнинг ҳис қилган, ҳоҳлаган нарсаси бўлади-ку, ўша нарсани топмагунимча қайта ёзишни талаб қилавердим. Айтишади-ку, фильмни 30 фоизини дубляж очади, яна 30 фоизини мусиқа очади. Фильмни кучайтириш бастакорга ҳам боғлиқ.
Фильмнинг Дубляж режиссёри Камолиддин Рахимов.
Бастакор Фаррух Собиров.
Режиссёрни қийнаган саккизинчи фильм, қандай чиққанлигига 12 майдан ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Фильм 12 майдан, "Алишер Навоий", "Киночилар уйи", "Тож Маҳал" ва "Mega Cinema" кинотеатрларида намойиш этила бошлайди.
