FATTOHHON.COM

« Все новости

КЕЧИККАН ИНТЕРВЬЮ 08.05.2012 04:01

kamoliddinusmonov2_resize.jpg "Дубляж режиссёри Камолиддин Усмонов" бу сўз деярли, ҳар бир ўзбек тилига дубляж қилинган хориж, ҳинд бадиий фильмлари ва ҳозирги кунда анчайин машҳур бўлган кўплаб хусусий фильмлар титрида, кўп марталаб ёзилган ва янграган. Лекин, афсус, ҳозир бу инсон орамизда йўқ...

Камолиддин Усмоновни мен илк бор, журналистлик фаолиятимни қайта бошлаган вақтларим, 2006 йилнинг ёз ойларида, ўзбек тилига дубляж қилинган бир ҳинд фильмининг "Алишер Навоий" киносаройида бўлган премьерасида учратган эдим. Ўшанда, бу инсон билан бироз фикрлашиб, қанчалик самимийлигига гувоҳ бўлганман.

2011 йилнинг декабрь ойи бошларида, у кишидан интервью олиш учун икки марта телефонда гаплашдик. Вақт масаласи сабаб, кейинроқ яна телефонлашишга келишдик. У киши билан яна қўнғироқлашишимиз керак эди . . . 17 декабрь куни иш юзасидан бир тадбирда банд бўлиб, у ердан кеч чиққанлигим  сабаб, вақт жуда ҳам кеч бўлгани учун, андиша қилиб, қўнғироқ қила олмадим... Эртаси куни, эрталаб, у кишига қўнғироқ қиламан деганимда... танишларимдан бири менга қўнғироқ қилди ва "эшитмадингизми" деб, Камолиддин ака Усмоновнинг вафот этгани ҳақида айтди...

Олинмаган интервью, айтилмаган сўзлар... Аслида, бу интервьюни Камолиддин ака Усмонов беришлари керак эди. Аммо, афсус... уларнинг ўрнида ҳамкасблари, шогирдлари, уларни хотирлаб, фикрлар билдирдилар...

kamoliddinusmonov5_resize.jpg

 

Комилбек Турсунбоев дубляж режиссёри: - Устозим Камолиддин Усмонов 1946 йил Тошкент шаҳрида туғилганлар. 1968-69 йилларда "Ўзбекфильм"га маъмур сифатида ишга кирганлар. Шу ердан ассистент, кейин дубляж режиссёри ёрдамчиси, дубляж режиссёри бўлиб, ўз фаолиятларини давом эттирганлар. Улар билан 1994 йил Ўзбекистон телеведениясининг кино таҳририятида ишлаётганларида танишганмиз. Жуда ҳам хушмуомала инсон эдилар. Камолиддин ака Ўзбекистон телевиденияси тарихида, 1995 йилда телеведенияга, биринчи марта синхрон дубляжни олиб кирган инсон. Унгача синхрон дубляж фақатгина "Ўзбекфильм" киностудиясида қилинар эди. Биринчи бўлиб, улар "Насриддин Бухорода" бадиий фильмини телеведенияда синхрон дубляж қилганлар. Бош ролга овоз беришга актёр Ғайбулла Ҳожиевни танладилар. Ғайбулла Ҳожиев дубляжда овоз беришга бироз чўчир эдилар. Лекин, Камолиддин ака, у кишига: "сизнинг қўлингиздан келади" деб ишонч билдирганлар. Фильм намойиш этилгач, кўплар "нимасини дубляж қилдингиз, ахир актёр Раззоқ Ҳамроев шундоқ ҳам яхши овоз берган эканлар" дейишди. Яъни, фильмга овоз шунчалик мос тушганки, ҳамма уни Раззоқ Ҳамроевнинг асл овози деб ўйлашиб, уни актёр Ғайбулла Ҳожиевнинг овозидан ажрата олишмаган, Камолиддин ака шунчалик ўхшаш овозни топа олгани, режиссёрнинг топилмаси, уларни қанчалик профессионал дубляж режиссёри эканидан далолатдир. Кейин биргаликда "Қирол шер", "Соҳибжамол ва маҳлуқ" мультфильмларини дубляж қилдик. "Соҳибжамол ва маҳлуқ" мультфильми учун, биринчи марта ўшанда, бизни мукофотлашган эди. Ўша пайтда, "ойнинг энг яхши кўрсатуви", "ойнинг энг яхши фильми" учун мукофот бериларди, ўша мукофотга сазовор бўлганмиз. Ундан сўнг, биргаликда "Жаҳонгашта рицар" фильмини дубляж қилдик. Сўнг, "Ўзбектелефильм" қошидаги дубляж студиясига бўлим бошлиғи бўлиб ўтдилар. Ундан сўнг ҳам, кўп вақт бирга ишлаб, "Қундуз бобонинг эртаклари" мутльтфильми, "Кавингтон кросс" сериали, "Рамаяна" ҳинд сериалини ўзбек тилига дубляж қилдик. Ёшлар телеканалидан Хуршид Давроннинг илтимоси билан "Маҳобхорат" ҳинд сериалини, биринчи қилинган дубляжи сақлаб қолинмаганлиги туфайли, қайтадан дубляж қилдилар. "Увайсий" сериали, "Акбарнинг саргузаштлари", "Гладиатор" каби кўплаб фильмларнинг дубляжи ҳам уларнинг меҳнатидир. Улардан фильмга актёрлар танлаш бўйича, жуда ҳам кўп нарса ўрганганман. Доим изланишда эдилар, бир фильмдаги актёрлар бошқа фильмга "кўчиб" ўтмас эди. "Камолиддин ака, нега доим бошқа овоз топишга ҳаракат қиласиз? Шу овозларни қайта ишлатмайсиз?" десам, "Биз топмасак, ўша актёрларни ким топади? Биз дубляжга қизиқаётган ёш актёрларга ёрдам бермасак, буни ким қилади? Бизга ҳам ёшлигимизда устозларимиз ёрдам беришган" дердилар.  Мени дубляж режиссёри бўлишимга ҳам, устозим Камолиддин ака сабабчи бўлганлар. Чунки, мен аввал муҳаррир бўлганман. Биз деярли ҳамма фильмларда бирга ишлаганмиз. Кейинчалик хусусий фильмлар ривожлана бошлади. Биринчи бўлиб, хусусий фильмлардан режиссёр Рустам Саъдиевнинг "Муҳаббат синовлари" фильми, "Муҳаббат синовлари 2", "Кўзларинг маъюс", "Наҳотки сен", "Келганда келин 2"ни дубляж қилганлар. Шунингдек, режиссёр Саид Мухторнинг "Шаббона", "Фарёд", "Тавба", бундан ташқари, режиссёр Элёр Ҳошимовнинг "Керагимсан", "Фарзандим",  Мурод Ражабовнинг "Улфатлар" фильмларига ҳам, уларнинг меҳнат синган. Бу орада, тадбиркор Аҳмаджон Умаров "Синема маркет" компаниясини очиб, турли хориж ва ҳинд фильмларини дубляж қилдиришни бошлаб, дубляж соҳасида жуда катта ишни амалга оширди. Камолиддин акам, бошидан шу ишларга бош-қош бўлиб, ҳаммасига ёрдам бериб, биргаликда бошладилар. Биринчи бўлиб, ҳинд актёри Амитабх Баччан бош ролни ижро этган "Севишганлар" фильмини дубляж қилдик. Улар жуда ҳам меҳнаткаш инсон эдилар, керак бўлса кечаю кундуз ишлардилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан яна синхрон дубляж йўлга қўйилди ва илк катта лойиҳалардан бири, "Боғбон" ҳинд бадиий фильмини синхрон дубляж қилдик. Шундан сўнг, "Вир ва Зара", "Мен ва сен", "Дон", "Қайнота", "Мен борман-ку" каби кўплаб фильмларни ўзбек тилига дубляж қилдилар. Ўзлари ҳам дубляжда овоз берардилар. Масалан, "Алвасти" мультфильмида қуёнчага, "Маугли" мультфильмида эса, чиябўрига овоз берганлар. "Дубляж режиссёри кўпқиррали бўлиши керак, ўзингиз ҳам актёрга кўрсата билишингиз керак, шунда актёр сизга ишонади", дердилар. "Клеопатра" бадиий фильмини дубляж қилганимизда, актриса Ойбарчин Бакировани бош ролга, мени эса Октавиан ролига овоз беришга қўйганлар. "Йўқ", десам, "Сиз ишланг, сизда чиқяпти" деб, овоз бердирдилар. Дилдора Рустамова, Фахриддин Шамсиматовларни ҳам дубляж соҳасида, Камолиддин ака Усмонов кашф этганлар десам, адашмайман. "Ҳинд актёри Хритик Рошанга Фахриддин Шамсиматовнинг овози мос келади" деганлари ҳамон эсимда. "Синема маркет" компаниясини ижодий тарафлама оёққа туришида ва овозлар фонотекасини бойишида, Камолиддин ака Усмоновнинг хизматлари жуда катта. Шунингдек, "Ўзбектелефильм" дубляж студиясининг ривожида ҳам, уларнинг ҳиссалари бор. "Сўнгги легион", фильми дубляжи вақти, "мен бу фильмдаги ролда актёр Тўлқин Тожиевни кўряпман" деб, уларни олиб келганлар. "Муқаддас замин"да эса, актёр Ёдгор Саъдиевни таклиф қилганлар. Улар билан ишлаш қизиқарли эди, иш жараёнида кўплаб қизиқ ҳолатлар бўларди, бундай ҳолларда ҳазил-мутойиба билан вазиятдан чиқиб кетардилар. Улар актёрларга қаттиқ гапира олмасдилар, бирор актёр билан уришганларини ҳам кўрмаганман. Биз бироз қизишсак, ҳам улар дарҳол: "актёр билан ишлашни ўрганинглар, актёрнинг кўнгли нозик бўлади" дердилар. "Асабийлашмай, жиззакилик қилмай, ҳамма ишга меҳр билан ёндошиш керак", дердилар. Иш столининг устида, устозлари дубляж режиссёри Илёс Ёқубовнинг сурати турар эди. Улар билан Камолиддин ака "Оловли йўллар" фильмида бирга ишлаган, устоз сифатида кўп нарсаларни ўрганган эканлар. Устозининг фарзандлари билан жуда ҳам яхши муносабатда эдилар. Устозга бўлган ҳурмат, садоқат, ишга бўлган масъулиятни ҳам мен Камолиддин акадан ўрганганман. Оилаларини ҳам яхши билар эдим. Оилада улар 8 фарзанд бўлишган, Камолиддин ака оилада иккинчи фарзанд эдилар. Раҳматли дадалари билан, дўст-дўстга ҳазиллашгандек жуда кўп ҳазиллашар эдилар. "Ота билан дўстдек бўлиш керак, инсон кексайгач, уларнинг кўнглига йўл топиб, ҳазил-мутойиба билан кўнглини олиш керак" дердилар. Оталарининг 80 йиллик юбилейида ҳам, "Ҳа куёв бола ҳорманг, келин болани  чақирайми" деб ҳазил қилгандилар.

Уларнинг энг охирги дубляж ишлари машҳур "Чўқинтирган ота" фильми, уччала қисми ҳам, ҳозирда "Синема-маркет" компаниясида диск бўлиб чиқяпти, ҳамда "Опа-cингиллар" сериали бўлди.  "Чўқинтирган ота" фильмида актёр Марлон Брандонинг овози учун жуда ҳам изландилар ва охири актёр Рихсивой Авазовда тўхтадилар. Актёр Аль Пачинога эса, ҳеч иккиланмай актёр Фахриддин Шамсиматовни танлагандилар. Бу фильм жуда ҳам катта ва масъулиятли лойиҳа эди, унинг дубляжида кўплаб актёрлар иштирок этишди. (хўрсиниб) Ҳамма билан жуда яхши муносабатда бўлардилар, худди отамдек бўлиб қолгандилар. Ҳатто, кўплар бизнинг исмимизни адаштиришарди ҳам, ота-бола дейишарди. Дубляж соҳасида 40 йиллик фаолият юритган бўлсалар, энг кўнгилга армон бўлган жиҳати, шу йиллар ичида бирор мукофотга лойиқ кўрилмаганларидир, озгина эътибор ҳам бўлмаганлигидир. Ўтган йили бир қизиқ ҳодиса бўлган, уларни "Киноарбоблари уюшмаси"га қабул қилишганда, ҳамма "ҳали ҳам уюшмага аъзо эмасмидингиз", деб ҳайрон қолишганди. Жуда ҳам камтар инсон эдилар, "менга керак эмас" дердилар. Уларга керак эмасдир, лекин, эътибор керак эди. Камолиддин аканинг шогирдлари жуда кўп, биров "овозимни синаб кўринг" деб келганда, ҳеч қачон кўкрагидан итарган эмаслар, бировнинг дилини оғритмаган инсон эдилар. Энг катта армон эса, 25 декабрда ёлғизгина ўғилларининг тўйи бўлиши керак эди, афсуски, бевақт ўлим уларни орамиздан олиб кетди... Лекин, уларнинг ижодлари биз шогирдларнинг ишларида давом этаверади.

 

kamoliddinusmonov1_resize.jpg

 

Ойбарчин Бакирова актриса: - Камолиддин ака Усмоновнинг вафоти ҳаммамиз учун жуда катта йўқотиш бўлди. Мен айтган эдим ва яна айтаман, бу инсон ҳақида ҳали кўп гаплар бўлади. Чунки, ажойиб инсонларни ҳаётлиги вақтида жуда кам гапирамиз, лекин оламдан кўз юмганларидан сўнг, бирданига ҳамма улар ҳақида гапира бошлайди. Бу биринчи марта эмас, доим шундай бўлган, ҳаётнинг қонунларидан бири бўлиб қолди. Камолиддин ака жуда ҳам ажойиб, камтарин инсон эдилар. Уларнинг бир жиҳатини жуда ҳам ҳурмат қилардим, улар ўз ишини жуда ҳам яхши кўрардилар. Ҳақиқий профессионал эдилар. Мен дубляжга 1973 йилда келган бўлсам, биринчи бўлиб, ассистент бўлиб ишлаб юрган вақтларида, мени дубляжга таклиф қилган эдилар. У кишининг профессионал бўлганлигининг сабаби, устозлари жуда ҳам кучли бўлган, шу жумладан бизнинг ҳам. Ҳаммамизни мактабимиз кучли бўлган ва шунинг учун биз ҳалигача дубляжда ҳам ўз ўрнимизга эгамиз. Камолиддин ака Усмонов билан, дубляж режиссёри Йўлдош ака Абдукаримовлар, шу икки инсон, синхрон дубляж нима эканлигини билган инсонлар. Улар иложи борича синхрон дубляжни сақлаб қолишга интилдилар, уриндилар. Лекин, афсуски, синхрон дубляжни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Чунки, ҳозир ҳаёт жуда ҳам тезлашиб кетган. Синхрон дубляжга эса жуда кўп вақт ва маблағ керак бўлади. Афсуски, ҳозирда синхрон дубляж деган нарсанинг ўзи йўқ бўлиб кетди. Лекин, бахтимиз шундаки, биз ўша мактабни кўрганмиз. Камолиддин ака ҳам, биз ҳам ўша синхрон дубляжда тажриба орттирганмиз. Уларни бироз бетоблар, деган гапни анча олдин эшитган эдим. Лекин, улар касалман деб, уйда ёки касалхонада ётиб олмадилар. Барибир, ишга келавердилар. Ўзларини ҳеч аямасдилар. Камолиддин ака, озгина дам олсангиз, даволансангиз бўларди, десам, доим "йўғ-ей, мен ишсиз тура олмайман, ишламасам, худди бирор нарсамни йўқотиб қўйгандек бўламан" дердилар. Ҳақиқатда, ўзларини батамом ишга бериб ишлардилар. Икки-уч ойлаб, ойлик олмаган вақтлари ҳам бўлган. Хафа ҳам бўлмасдилар, биров билан жанжаллашмас ҳам эдилар. Шунчалик ўз ишларига берилган эдиларки, ҳаттоки маблағ масаласи ҳам иккинчи планга чиқиб кетиб қоларди. Шу қадар ўз ишига содиқ инсон эдилар. Шогирдлари ҳам кўп эди, шогирдларига синхрон дубляж қандай бўлишини ўргатганларини кўп гувоҳи бўлганман. Камолиддин ака мени ёшлигимдан билган инсон эдилар. Мени исмим Ойбарчин, лекин мени эркалатиб "Чина" деб, гапиришарди. Шу "Чина" деб, атайдиган дўстларимдан биттаси, Камолиддин ака эдилар. Оламдан ўтдилар. Жуда ҳам афсусланяпман. Улар ишлаётган студияга кирсам, ғалати бўлиб кетаман, ўтирган жойларида шундоқ кўзимга кўриниб кетадилар. Ҳеч бўлмаса, бир-икки йил касал бўлиб ётиб, ичидаги дардларини айтиб, ҳаммамиз билан гаплашиб, хайрлашиб кетганларида ҳам, майли эди. Бу жуда ҳам қўққисдан бўлди. Ҳаммамиз жуда ҳам қайғудамиз. Булар ҳали кўп яшасалар бўлар эди, лекин жуда ҳам таъсирчан инсон эдилар. Агар бир гап бўлган бўлса, бир хафагарчилик, ёки бирор ноҳақлик бўлса, бу киши ич-ичидан эзилардилар. Юрагидан ўтказиб, куюнардилар, хафа бўлардилар. Биз, "хафа бўлманг, парво қилманг" десак, "йўқ, парво қилмаса бўлмайди" дердилар. Ўзларини аямайдиган, шундай бир ажойиб инсон эдилар. Мен бу инсонни ҳеч қачон унутмайман. Чунки, жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширдик. Бирга ишлаган вақтимизда, бир-биримизга тушунтиришимизни ҳожати ҳам йўқ эди. "Текстни ол Чина" дер эдилар, чиқиб, микрофонни олдига борардим, менга ҳеч нарсани тушунтиришларининг ҳам ҳожати йўқ эди, чунки уларни сўзсиз тушунардим. Ҳаётда бир-биримизникига оилавий бориб юрмасак ҳам, лекин, ишда биз жуда яқин ҳамкасблар эдик. Бир-биримизга жуда ҳам ҳурмат билан қарардик. Агар Камолиддин ака чақирса, банд бўлсам ҳам, рол каттами, кичикми қараб ўтирмай, ҳамма нарсани ташлаб, борардим. Чунки, улар ҳам дўстим, ҳам акам, ҳам устозим эдилар. Бу инсон, дубляж санъатида жуда катта из қолдирдилар, уларнинг номлари ҳеч қачон унутилмайди, деб ўйлайман.

 

kamoliddinusmonov6_resize.jpg

 

Маҳмуд Исмоилов актёр: - Мен Камолиддин ака Усмоновни анчадан бери танир эдим. Лекин, биринчи таниган вақтларимда, унақа мулоқотда бўлмаганмиз. Улар у вақтларда киностудияда дубляж режиссёри эдилар. Бизни эндигина институтни битирган вақтимиз, институт яқинидаги бекатда, яъни Чилонзор, Гагарин кўчасида, автобусдан тушиб, кейин 7 троллейбусга ўтириб, киностудияга борардилар. Ўша вақтлари уларни кўп кўрардим, лекин ёнларига бориб салом-алик қилишга ийманардим. У вақтлари бизни дубляжга унчалик кўп чақиришмасди, у вақтлари дубляжда театрнинг кекса авлод вакиллари кўпроқ эди. Кейинчалик, секин-секин биз ҳам ўз овозимизга эга бўлганимиздан кейин, бизни ҳам киностудияга, оммавий саҳналарга чақирадиган бўлишди. Ўша ерда Камолиддин ака билан салом-алик қиладиган бўлдим. Тўлақонли бирга ишлай бошлаганимизга, 10 йиллар бўлиб қолди. Дубляжлар, "Ўзбектелефильм"га, "Синема маркет" студиясига кўчган вақтлар, улар ўша ерда кўп иш қилардилар. Ўша ерга мени тез-тез чақирадиган бўлиб қолганлар. Мени кўп чақирганларининг сабаби, мени овозимга ўхшаган овозлар кам эди-да. Бу ҳам бир мени бахтим бўлса керак. Мени дубляждаги тўлақонли ишимни, шу сўнгги 10-12 йил ичида қилганмиз десам, муболаға бўлмайди. Камолиддин ака Усмонов, Йўлдош ака Абдукаримовлар умуман, ўзимизнинг ўзбек кино ва дубляж санъатимизда ёрқин из қолдиришди, десам тўғри бўлади. Чунки, дубляж санъати бу умуман, актёрдан бир нарсани талаб қилиш, унга бошқа одамга овоз бердириб, ижро қилдириш билан чегараланмайди. Ўша чет эл фильмини маъносини, томошабинларга тўғри етказиб бера олиш керак, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун ҳам, бу нарсани Камолиддин акам жуда яхши ҳис қилар эдилар. Биз қандай фильм устида ишламайлик, у Европа фильми бўладими, Ҳиндистон фильми бўладими, улар ўша фильмларни характерини жуда яхши ҳис қилардилар. Шунинг ортидан, ўша фильмни ўзбекча ижроси ҳам, ўша халқ, ўша миллат, ўша фильмга яқин бўларди. Мисол учун, дейлик Европа фильмига, овоз беришни олсак, унинг характери бошқача, ўзига хос хусусияти бор. Мисол учун, ҳинд фильмига берилаётган овоз ёки интонацияларни Европа фильмларида ишлатиб бўлмайди. Мана шундай нозик нарсаларни улар жуда ҳам яхши хис қилардилар. Мен олдин, бу нарсаларга эътибор бермас эдим. Мен ўйлардимки, ўша овозни, олдингда турган сўзларни аниқ томошабин тушунадиган қилиб етказиб беришнинг ўзини, мен дубляж деб тушунардим. Лекин, йиллар давомида, Камолиддин акам билан фильмларда ишлаганимдан кейин билдимки, бу дубляж санъати жуда ҳам катта ва буюк санъат, шунинг ортидан мен ростини айтсам, мен ўзимни қанақадир санъаткор сифатида танилишимга, бу инсонни жуда катта ҳиссалари бўлди. Мени энг катта қилган ишларим, бу Камолиддин акам билан бўлган ўша ҳинд актёри Амитабх Баччан ўйнаган фильмларда, ўша биринчи мени ишлаган фильмим, катта Баччанга берган овозим, "Боғбон" деган фильмда бўлган эди. Фильм ҳам ўз мавзуси билан ўзбекларга, деярли ҳамма миллатларга яқин бўлгани учун, бунинг дубляжи ҳам бир чиройли бўлиб, мени ижодимни бир поғона юқорига кўтарди. Шундан буёғига Амитабх Баччанга боғлиқ, нимаики фильм келса, мени фақат унга овоз беришга чақирардилар. Чунки, унинг овозини  тембри, меники билан яқин эди. Шунинг учун, охирги йилларда, Баччан ўйнаган қайси ролга чақирсалар, мен деярли репетиция қилмасдан, бемалол ишлайдиган бўлиб қолганман. Чунки, йиллар давомида бир актёрга овоз бераверсанг, ахири бориб-бориб унинг ижро услубини, гапириш услубини шунчалик чуқур билиб оласанки, биттада шундоқ кўрардик, кейин менга "мана бу ерини мана бундоқроқ қилинг, отам. Мана бу ерини бундоқ қилинг" деб, шундай гаплашадиган одатлари бор эди. Инсон сифатида ҳам, Камолиддин ака юксак инсоний сифатларга эга эдилар, уларни бирор марта кимгадир бақирганларини эслолмайман, паст овозда гаплашардилар, бирга овоқатланамизми, бирор тўй-ҳашамга бирга борамизми, бирорта текст устида ишлаймизми, шунчаки ташқарида гаплашиб турамизми, секин бир гаплашиб турадиган одатлари бор эди. Баъзилар овозини кўтариб гапиради, лекин Камолиддин акамда бу одат йўқ эди. Мен санъаткор сифатида ўзимни кўтарилишимга ҳам шу инсонни катта бир ҳиссаси бор десам, муболаға бўлмайди. Биргаликда жуда ҳам яхши ишлаганмиз, катта-катта ишлар қилганмиз. Яна кўп ишлар қилишимиз мумкин эди... "Опа-сингиллар" сериалида охирги қилаётган ишимиз чала қолди. Ўзимга ўзим овоз бериш жараёнида, ваҳоланки, қарасангиз ўзим ўйнаганман, нима деб гапираётганимни ўзим биламан, лекин ўша овозимни оҳангларини ҳам ишлаётганларида, ўша съёмка вақти мен очиб бера олмаган нарсани мен билан ишлаб, ўрнини янада бир тўлақонли қилиб бердилар, десам тўғри бўлади! Чунки, улар ўзларининг касбини ҳақиқий устаси бўлганлар. Бу инсонга деярли яқинлаша оладиган ҳеч ким ҳам йўқ эди. Ҳозир улардан кейин, ўзлари тайёрлаб юрган шогирдлари, Комилбек Турсунбоев, Матёқуб Орзиев, улар ҳам ёнларида юриб, ўрганиб, ассистентлик қилиб, қайси ролга қанақа актёр танлаш керак, сўз устида қандай ишлаш керак, ҳаммасини ўрганиб юришганларини ҳам, ўзим кўрганман. Камолиддин акам бир умр ўз ишларига содиқ бўлиб ишладилар. Лекин, бирор марта бир рағбатлантирилмадилар ҳам. Буларни дубляж қилган фильмларининг сон-саноғи йўқ. Минг-минглаб десам, муболаға бўлмайди. Қанча инсонлар фильмларни ўзбек тилидаги ижросидан баҳраманд бўлишган. Улар ҳам, Йўлдош ака Абдукаримов ҳам, бир юлдуздек келиб, ўтиб кетишди ҳаммалари. Камолиддин ака ўз яқинларига, ака-ука, опа-сингилларига меҳрибон эдилар, уларни жуда ҳам яхши кўрардилар, қайғурардилар. Баъзида суҳбатлашиб ўтирардик. Улардан менга қолган эсдаликлар, уларнинг режиссёрлигидаги Амитабх Баччанга ўзим овоз берган фильмлар, туғилган кунимдаги табриклари... У бу жойларда, ижодий учрашувларда, савол-жавобларда, дубляжим ҳақида сўрашади, дарҳол уларни эслайман. Камолиддин ака шунчалик ўз ишларини хши кўрар эдиларки, "биздан кейин ким шу ишни бошқаради, ким бу иш билан шуғулланади, янги-янги овозларни кашф қилиш керак" деб, ўзлари ёнларига ёш актёр, актрисаларни ўтказиб қўйиб, "ўтиринглар, ўрганинглар", дердилар. Ора-орада, ёшлар микрофонга ўргансин деб, уларнинг олдига микрофонни қўйиб, бир-икки оғиз сўзли нарсаларни берардилар. Шулар ўргансин, янги овозлар кашф бўлсин, чунки ҳозир ишлаётган дубляж усталари ҳам абадий эмас, эртага улар ҳам қарийди, кетади, ўрнига янги-янгилар келсин, деб, мана шундай келажакни ўйлаб иш қилардилар. "Булар мени болаларим, сизларни кўриб ўргансин, эрта-индин булар ҳам микрофон олдида туриб овоз беришсин, деб ўргатиб тураман-да", дер эдилар. Бир тарафдан ўйлаб қаралса, улар "менга нима?" дейишлари ҳам мумкин эди. Чақириб тайёр артистлар билан ишласалар бўлар эди. Лекин, улар бошқача овозлар экрандан жаранглашини ҳоҳлаганлар. Улар институтда ҳам, дубляж факультетими, дубляж бўлимини очилишини ҳоҳлагандилар. Ўша институтни битирган болалар, ўша ердан дубляжни нималигини, микрофон, овоз бериш қандайлигини, оҳанг, нима овоз бераётган фильмдаги чет эл актёрими, баъзи ўзимизда суратга олинган фильмлардаги актёрлар ўзларига ўзлари овоз бериша олмайди, ўшаларни биттада қараб, уларнинг характерини билиб, характерини очиб бера оладиган даражада ижро қилиб бериш, шундай бўлимларни очишни ният қилардилар. Бу ниятга ҳам етмадилар...

  

kamoliddinusmonov4_resize.jpg


Лутфулла Саъдуллаев актёр: - Камолиддин акани дубляж режиссурасининг охирги йиллардаги қироли деб айтаман! Чунки, бу инсон умрини дубляжга берган, десам ҳам бўлади. Ҳаттоки, кўзларини операция қилдирганида ҳам, дубляжсиз яшай олмаганлар. Худди биз саҳнасиз яшай олмагандек. Мен ҳам 72 ёшга кирган бўлсам ҳам, саҳнадаман, саҳнасиз яшай олмайман. Камолиддин ака худди шундай, бутун ҳаётини дубляжга бағишлаган эдилар. Улар жуда ҳам маҳоратли дубляж режиссёри эдилар. Баъзи актёрларнинг ўз овози ўзига тушмайди, ёки русча гапиради. Ана шундай актёрларга, уларнинг характеридан келиб чиқиб, профессионал дубляж актёрларини овоз беришга чақирар эдилар. Мен 70 йилларда, уларни устози дубляж режиссёри Илёс ака Ёқубов дубляж қилган 3-4 фильмларда, ёш йигитларга овоз берганман. Камолиддин ака устозларини жуда ҳам ҳурмат қилган инсон эдилар. Санъатда менимча, нафақага чиқди деган гап йўқ. Чунки, йиллар ўтган сайин тажриба ортиб бораверади. Камолиддин ака 6-7 соатлаб, монитор ёнида ўтирсалар ҳам, чарчаганларини билдирмасдилар, жуда ҳам меҳнаткаш инсон эдилар. Биз, рафиқам Гулчеҳрахон билан бу хабарни эшитганимизда жуда ҳам шок ҳолатида қолдик. Чунки, фарзандларини уйлантиришларига 5 кун қолган эди. Ўша вақтда мен касалхонада даволанаётган эдим, тўйга айтганларида, "мен қай ҳолатда бўлсам ҳам, тўй куни ёнингизда тураман, табриклайман" дегандим, жуда хурсанд бўлган эдилар. Лекин, насиб этмаган экан. Фарзандининг тўйини кўра олмай кетдилар... 30-40 йилдан бери Камолиддин акани таниган бўлсам, бирор марта шунчаки, йўли учун дубляж қилмаган. Ҳар бир фильмга ўзини дардини, қалбини берган инсон эдилар.

 

Гулчеҳра Саъдуллаева: - Камолиддин ака менинг энг азиз устозим эдилар. Бугун тасодифан, телевизорда Камолиддин ака ўзбек тилига дубляж қилган "Боғбон" фильмини кўриб қолдим. Унда мен Хема Малини ижро этган қаҳрамонга овоз берган эдим. Камолиддин акани эслаб, фильмни йиғлаб кўрдим. Мен дубляжга кеч кириб келганман. Келганимда Камолиддин ака менга овоз бериш учун, биринчи катта роль берганлар. "Боғбон" фильми, кейин "Рамаяна" сериали, катта-катта роллар эди, қийналганман. Камолиддин ака, экран ёнида туриб, ўргатганлар! Уларнинг қўлларида оз бўлса ҳам таҳсил олдим. Афсус, ёшлигимдан келмаган эканман, деб жуда афсусландим. Дубляж санъати жуда ҳам қизиқарли санъат. Қанийди, бошқа режиссёрлар ҳам Камолиддин акадек бўлса! Камолиддин ака бир ақидага риоя қилардилар. Баъзи бир фильмлар бўлади, уларга умуман тегиш мумкин эмас, ўзини тилида маза қилиб кўрасиз. Камолиддин ака шундай ишларга, жуда ҳам аҳамият билан ёндошар эдилар. Дубляж санъати ўзининг дарғаларидан бирини йўқотди, десам ҳам бўлади. Камолиддин ака инсон сифатида ҳам, мукаммал, жуда камтар, юксак маънавиятга эга, ҳокисор инсон эдилар. Ажойиб оила бошлиғи, ажойиб инсон, профессионал дубляж режиссёри, меҳрибон устозни ҳаётим мобайнида учратмаган эдим. Мен уларни оилаларини ҳам жуда ҳурмат қиламан, умр йўлдошлари Гулжаҳон опани, уларни оиласини энг мустаҳкам оила, деб бемалол айта оламан. Афсуски, вақтда турмуш ўртоғим ҳам касалхонада бўлганларига, мен ёнларида эдим, шунинг учун Камолиддин ака вафот этганда бора олмадим, лекин жуда ҳам қайғуга тушдим. Ҳалигача ўзимга кела олмаяпман. Камолиддин акага ўхшаган ҳар томонлама мукаммал инсонлар кўпайсин... Камолиддин акадек профессионал дубляж режиссёрлари кўпроқ бўлсин. Охирги ишлаган ишлари "Опа-сингиллар" сериали бўлди. Ўша вақтларда бироз мазалари бўлмай ётдилар. Лекин, шунда ҳам ишни ташламадилар, сериални ниҳоясига етказдилар. Ўша пайтда мени ёш режиссёр Йўлдош Ҳайдаров бир сериалда бош ролни ижро этишга таклиф қилганди, мени турмуш ўртоғим ролига эса, Камолиддин акани таклиф қилганди. Мен у пайтда иш билан жуда ҳам банд эдим, "ўйнай олмасам керак, жуда ҳам вақтим зиқ" дедим. Кечқурун менга Камолиддин ака телефон қилдилар, "Гуля, мен билан бирга роль ўйнамайсизми, мен сиз билан бирга роль ўйнамоқчи эдим. Эсдалик бўлиб қоларди" дедилар. Уларни овозларини эшитгандан кейин, худди кичкина қизгача ўхшаб қолдим, "йўқ, устоз, бир оғиз сўзингиз, майли, ҳамма ишни йиғиштириб қўяман, сиз билан роль ўйнайман, жоним билан устоз" дедим. Устоз барибир отангдан улуғ! Лекин, афсус бу ҳам амалга ошмай қолиб кетди... Улгура олмадилар... Ҳали уларнинг қилган ишлари, давом этаверади, бизнинг неваралар, эваралар кўради. Чунки, улар йилларга татийдиган асарлар яратдилар, десам адашмайман.

 

kamoliddinusmonov_resize.jpg

 

Фатхилла Маъсудов актёр: - Камолиддин ака Усмонов санъат соҳаси, дубляж соҳасида кўп йиллар халқимизга хизмат қилган ажойиб устоз санъаткорлардан эдилар. Бу инсонни биз шогирдлари, дўстлари жуда ҳам яхши кўрар эдик. Ажойиб инсон эдилар, ўзбек киноси ва дубляжи санъатига меҳр-муҳаббатлари юқори эди. Мен ўзим Камолиддин акани 1986 йилдан буён биламан. 1986 йилдан буён "Ўзбекфильм" киностудиясида, "Ўзбектелефильм" студиясида дубляж қилинган жуда кўплаб фильмларда бирга ишлаганмиз. Бирга ишлаш давомида, у киши билан жуда ҳам қадрдон бўлиб кетдик, ҳар ойда камида 2-3 марта кўришиб турардик. Камолиддин ака одамохун, меҳр-оқибатли, эътиборли инсон эдилар. Фильмларни дубляж қилишда шошмасдан, мулоҳаза билан, фильм сифатли бўлсин, хато камчиликлар бўлмасин деб, фильмга қаттиқ эътибор билан ишлар эдилар. Овоз беришда ҳам, ҳар битта актёрга алоҳида-алоҳида қаттиқ эътибор ва талаб билан муносабатда бўлар эдилар. Чунки, қиладиган ролимизни яхши чиқиши учун, дубляж санъати ривожланиши учун жон куйидирар эдилар. "Ўша ролни тушириб юборманглар, аксинча ўша рол кўтарилган ҳолатда бўлсин, дубляж актёри ролни актёрнинг ўйнаган даражасидан тушириб юбориши керак эмас", деб кўп гапирганлар. Камолиддин аканинг оилаларини ҳам ҳурмат қиламиз. Камолиддин акани мен ўзбек кино ва дубляжи санъатида жуда катта санъаткор деб биламан.

 

Гавҳар Шарипова актриса: - Дубляж санъати ҳам ҳар бир актёр учун муҳим ўрин эгаллайди. Афсуски, санъат институтида дубляждан сабоқ берадиган фан йўқ. Дубляж режиссёри Камолиддин Усмонов дубляж санъатида, алоҳида бир ўзининг ўрнига эга, устоз эдилар. Улардан дубляж сирларини ўрганганимдан жуда ҳам бахтиёрман. Камолиддин ака мени азиз устозим! Ҳаётда жуда ҳам софдил, самимий, очиқкўнгил инсон эдилар. Камолиддин ака билан ишлаганимда, жуда ҳам бир асаблари бақувват, ўз ишини пухта биладиган, сизни дубляжнинг қирраларидан, сирларидан огоҳ қилиб, эринмасдан, батафсил тушунтирадиган инсон эдиларки, буларни сабр-тоқатларига чидамларига қойил қолардим. Ҳар хил актёрлар келади, баъзилари қайсарлигини кўрсатади. Масалан, мен шахсан ўзим, баъзида ижодий тўқнашувларга ҳам сабаб бўлардим. Агар охирги бирга ишлаганимиз "Опа-сингиллар" сериалини олсак, мени ундаги ролимдан бор-йўғи 30 фоиз кўнглим тўлган дейишим мумкин. Нафиса образида ўзимнинг ижройимни қабул қила олмадим ва шундан жуда ҳам асабийлашдим. Шуни айтишим мумкинки, дубляж, айнан Камолиддин аканинг дубляжи, мени шу сериалдаги ролимни 80 фоизга кўтариб берди деб ўйлайман. Камолиддин акадан бунинг учун жуда ҳам миннатдорман! Бу сериалдаги ролимга ўзим овоз берсам ўйнайман, бўлмаса йўқ, дегандим. Чунки, бунга ҳам кўп нарса боғлиқ. Мен бунинг учун Камолиддин аканинг курсларига бордим, шуғулландим ва ролимга ўзим овоз бердим. Овоз билан ролни кўтариш ёки тушириб қўйиш мумкин. 2002-2003 йилларда ҳам Камолиддин акага шогирд тушгани келганман, ўтириб, кузатиб, ўрганиш керак бўлгани учун, сабрим чидамай кетиб қолганман. Кейин 2011 йил эса яна қайтадан киришдим ва дубляж сирларини ўргандим. Камолиддин ака жуда ҳам маҳоратли режиссёр, ажойиб инсон эдилар. Ёшлари катта бўлса ҳам, шу ишни, натижасини ўйлаганлари учун, ишни пухта қилардилар. Ҳар битта сўзга, урғу, оҳанг, жилосига эътибор берадиган бир буюк дубляж режиссёри эдилар, деб биламан. Ўзи ҳамма яхши инсонлар, кўпинча кадр ортида қоладилар, назаримда. Вафот этганларида жуда ҳам куюндим, менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди, руҳан эзилдим. Отамдек ҳурмат қилардим. Оилаларига, яқинларига сабр-тоқат тилайман. Камолиддин ака ҳам ўз соҳасини мукаммал, профессионал етук дарғаси эди. Истардимки, биз шогирдлари йиғилиб, улар ҳақида кўрсатув қилсак. Ҳали уларнинг ишлари, шогирдларида давом этади.

 

Дилдора Рустамова телебошловчи журналист, дубляж актрисаси: - Камолиддин ака Усмонов дубляж соҳасида менинг биринчи устозим. Менга кўп меҳнатлари сингган, дубляж алифбосини айнан улардан ўргандим. Камолиддин ака билан жуда кўп фильмларда, сериалларда ишладик. Мен ўзимни устозимнинг дуосини олган шогирд деб биламан, чунки ҳар кўришганимизда "омадингни берсин қизим" дердилар. Камолиддин ака жуда ҳам самимий, камтар, олийжаноб инсон эдилар. Ҳеч қачон бировнинг кўнглига қаттиқ тегадиган гаплар гапирмасдилар, ҳаттоки уларни биров хафа қилиб қўйса ҳам, ўша инсонга буни билдирмасдилар. Улар ҳеч қачон ёшлар билан ишлашдан эринмаганлар. Синхрон дубляжи  режиссёрдан жуда катта маҳорат талаб этади. Образларга мос овоз топиш борасида эса, Камолиддин акага етадиган йўқ эди. Бирор бадиий фильм, масалан ҳинд фильми дубляж қилинса, ҳар бир образга актёрни устамонлик билан танлаб қўярдилар. "Ом Шанти Ом" фильми бунга мисол бўла олади, ва бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Камолиддин Усмонов раҳбарлигида дубляж қилинган ҳар бир фильм томошабинлар меҳрига сазовор бўлган. Устоз ҳакида ҳар қанча гапирсак ҳам оз ... Яқиндагина устозимни юбилей ёшлари билан табриклаб, шогирдларидан бири сифатида интервью бергандим. Ҳеч қанча ўтмай, бу воқеа юз берди... Ҳали дубляж санъатида қиладиган ишлари кўп эди...Устозимнинг охиратлари обод бўлсин.

 

kamoliddinusmonov3_resize.jpg

 

Биз инсонлар кўп нарсага шошамиз, кўп нарсага улгурмоқчи бўламиз. Лекин, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, ёнимиздаги инсонларга кам эътибор қаратамиз. Ҳамкасбларимизни, ҳурмат қилган инсонларимизнинг ҳаётлигида, эътибор қарата олмаймиз. Лекин, вафотидан кейин... дилда армон бўлиб қолади бари...

Бугун бор бўлган инсон, эртага йўқ бўлиб қолиши ҳақида, афсуски унутасиз...

Камолиддин ака "Наврўз" байрамидан сўнг, 26 март куни таваллуд топган эканлар. Лекин, афсус бу галги "Наврўз" айёмини кўриш уларга насиб этмади... Аммо, улар етмаган орзу-ниятларга фарзандлари, шогирдлари етишига ишонамиз. Камолиддин Усмоновнинг номи, ўзбек киноси зарварақларидан зинҳор ўчмайди. Ҳар бир ўзбек хонадонида, улар ўзбек тилига дубляж қилган фильмлар билан биргаликда, уларнинг номи ҳам жаранглайверади...

Саида Ваҳобова