FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова 9 февралдан 13 февралгача “Мен сизни топгунимча” деб номланган тўлиқ жонли ижродаги концерт дастурини ўтказди. Санъаткор дастурда кўпгина янги қўшиқларни тингловчиларга тақдим этди. Бу йилги концерт ҳар йилгисидан ҳам ўзгача бўлди! Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони, Ўзбекистон Халқ артисти, санъаткор, садоқатли умр йўлдоши, 2 фарзанднинг онаси Гулсанам Мамазоитова.
- Жонли ижродаги концертнинг ўзига хос машаққатлари бор, қолаверса, кузатишим бўйича, доим қўшиқларингиз ҳам ўзига хос маъно ва мазмунга эга бўлади. Буларнинг барчасига бирдек эришиш осон эмас!
- Жонли ижродаги концертлар ва шоуларнинг фарқи катта, албатта. Албатта, асосий эътибор ва масъулият қўшиқларнинг ўзига қаратилади! Бизнинг халқимиз жуда ҳам маъноли қўшиқларни яхши кўради. Чунки, менинг мухлисларим асосан, ўрта ёш ва катта ёшлилар аудиториясини ташкил қилади. Уларнинг қалбидаги дардларни куйласангиз, маъноли қўшиқлар куйласангиз, юракларига етиб боради. Концерт олди акамдан кўп маслаҳат оламан. Атрофимда ҳам ўз соҳасининг профессионал инсонлари бор. Уларнинг маслаҳатларига ҳам кўпроқ суянаман, бу жуда ҳам муҳим. Инсоннинг қандай пайти бўлишидан қатъий назар, ёнида яқин дўстлари, ҳамкорлари, ўз ишининг усталари бўлса, санъаткор қийналмайди ва ёлғизланиб қолмайди! Ёлғизланиш, нафақат санъаткор учун, балки умуман инсон учун жуда катта фожеа, деб ҳисоблайман.
- Ижодингиз йилдан йилга мукаммаллашиб, ўсиб бораётгандек!
- Ижоднинг йилдан йилга ўсишини, ривожланишини ҳам, мен инсоннинг туғилиб, болаликдан, то катта бўлгунига, етук даражага етгунга қадар бўлган даврига қиёслайман! Ёшликда жонли ижродаги концертлар берган бўлсак, хато ва камчиликлар жуда ҳам кўп бўлган. Ижро тарафлама ҳам мен ўзимни ҳеч қачон мукаммал, деб ҳисобламайман! Консерваторияни битирган бўлсам ҳам, шогирдларим кўп бўлса ҳам, ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп! Лекин, йилдан йилга камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз, тўйларда, йиғинларда, халқ олдида кўпроқ жонли ижрода куйлашга ҳаракат қиламиз! Йилдан йилга жонли ижрода куйлашга ўзимда кўпроқ ишонч сезаман! Созандаларим ҳам улғайишяпти! Ўзимиз ҳам улғайяпмиз! Мусиқий билимларимиз ошади, тафаккуримиз кенгаяди, шундай деб ўйлайман!
- Инстаграмдаги профилингизда, мухлисларнинг ёзган саволларига эринмай жавоб қайтарасиз...
- Инстаграмда, албатта мухлисларнинг ёзган саволларига жавоб қайтараман. Чунки, улар жавоб кутишади. Бунинг учун, алоҳида вақт ажратаман. Асосан, кечки пайт, қўшиқларни ёзиб бўлингач, мухлисларнинг ёзганини ўқиб, саволларга жавоб қайтараман. Чунки, улар ижодимга қизиққанлари учун ҳам саволлар ёзишади.
- Барибир оилада қиз боланинг санъат йўлини тутиши осон эмас. Оила қургач-ку, умуман, оилани ва санъатни баробар олиб бориш, чинакам матонат талаб этади. Сиз эса, ҳар икки тарафни баробар ушлаб, кўпгина ютуқларга ҳам эриша олдингиз! Аммо, ҳеч оила аъзоларингиз томонидан санъатни тарк этиш ҳақида, гап бўлганми?
- Ҳа, “Санъатни тарк этгин” деган гап бўлган. Аммо, бу гап акам томонидан бўлган. Лекин, қайси пайтда ва нима сабабдан бўлганини айтмайман. Энди бундай нарса, ҳар бир ижодкорда бўлади. Аммо, кейин ҳамма нарсани тўғри тушунтирдик. Ўшанда, онамлар жуда тўғри маслаҳат берганлар: “Отабек, адашяпсан, бу яхшигина мавқега эга бўлди, санъаткорни бу даражага етишиши осон эмас” деганлар.
- Шу кунгача, юрагингиздаги ўзингиз истаган қўшиқларни куйлай олдингизми?
- Йўқ, ҳали. Эндигина 34 ёшдаман, балки ҳақиқатдан ҳам ўзим ҳоҳлаган қўшиқлар олдиндадир? Ҳозир, бир нарса дейиш қийин.
- Ўзингизни четдан таҳлил қилсангиз, ижодда ва ҳаётда қандай камчиликларни кўрасиз?
- Ҳеч қайси камчиликлар инсоннинг ўзига билинмайди. Ўзим айтадиган бўлсам, бироз дангасалигим бор, баъзи вақтда эса, фарзандларимга вақт ажрата олмайман, чарчаб қоламан. Шунга қарамасдан, ҳамма нарсани уддалай оляпмиз. Камчиликларимиз кўпроқ халқимизга, мухлисларимизга билинади. Санъаткор сифатида, мен бекаму кўстман, дея олмайман ва буни ўзим ҳам биламан.
- Жонли ижрода куйлайдиганлар доим овозини асраш учун нималардандир воз кечишади, нималардандир сақланишади. Сиз ҳам нимадандир воз кечганмисиз?
- Йўқ! Таъқиқланган нарсалар, булар қалампир, ҳаддан зиёд ширин нарсалар истеъмол қилиш, қўшиқ куйлагач, муздек сув ичиш каби нарсаларга мен амал қилмайман! Тўғри, совуқ сув ичмай қўйдим, чунки қизиган томоққа совуқ сув ичсангиз, жуда бир катта шамоллашни келтириб чиқаради. Қолаверса, узоқ вақт давомида сақланиб қолади, ҳаттоки бутун умрга сақланиб қолиши мумкин. Аммо, айнан овозим учун шундай қиламан, демайман. Ўзим учун распевка қиламан, масалан, бир қўшиқни тингласам ҳам, ўзим бирга куйлаб, ўшани распевка қилишим мумкин.
- Сизни ҳозирги кунда умуман ижодда нима сизни ҳайрон қолдиради?
- Кўп нарса ҳайратлантиради, чексиз мусиқа дунёсида яратилаётган қўшиқлар, ҳоҳ у саёз бўлсин, ҳоҳ санъат даражасидаги асар бўлсин! Йилдан йилга жонли ижродаги концертларнинг кўпаяётганлиги мени қувонтиради.
- Инсон йилдан йилга шаклланиб боради. Сизни йиллар қанчалик шакллантирди, деб ўйлайсиз?
- Ёшим катта бўлди, тажрибам ортди. Атрофдаги инсонларга муҳаббатлироқ бўлдим, қадрига етдим. Вақт ҳамма нарсани ўз жойига қўйиб қўяди. Шу нарсага ишондим. Ҳаммани сева олдим. Ёмон кўрмадим, аксинча, ёмон кўриш керак бўлган инсонлардан воз кечиб қўя қолдим, ёмонламадим. Шунинг учун ҳам, ҳаёт барибир гўзал туюлаверади, менга.
- Сизнинг фикрингизча, инсоннинг энг зўр ёши неччида?
- Бу 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган давр, деб ўйлайман. Бу вақтда бир нарсага бел боғлаган бўлади ва шунга курашади. Бир касб эгаси бўлишга интилади. Эришишга ҳаракат қилади, интилади. Шу нарса учун кўп нарсадан воз кечади ва эришади. Эришганда ҳам, шу нарсани 25 ёшда масалан, тамомлаган бўлади. Мен ўзим ҳам магистратурани тамомлаганимда, 24-25 ёшда эдим. Ўзим болалигимдан қилган орзуларимга эришдим. 24 ёшимда “Ниҳол” Давлат мукофотига сазовор бўлдим. 26 ёшимда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлдим. 15 ёшимда, мени Фарғона санъат билим юртига қабул қилингандим. Бу нарсани нимага гапиряпман? Чунки, ўшанда ўз олдимга санъаткор бўлишни мақсад қилиб қўйдим. 25 ёшгача бўлган даврда интилдим, изландим, курашдим ва енгилишни ўйламадим. Ҳаммасига ҳалол меҳнатим туфайли эриша олдим.
- Янги қўшиқ ёзганингизда биринчи бўлиб кимга қўйиб берасиз? Кимнинг фикрини биринчи бўлиб билгингиз келади?
- Олдин турмуш ўртоғим, ҳаммамиз танлаб олардик. Ҳозир уйимизда бизга ёрдам берадиган инсонлар, узоқ қариндошлар бор. Уларни санъатга алоқаси бўлмаса ҳам, оз-моз тушунади. Чунки, улар халқ! Шунинг учун ҳам, биринчи бўлиб, уларга эшиттираман! Уларга ёққанидан кейин, “тўғри қилган эканман” дейман. Баъзида, баъзи қўшиқларга юрак бериб юборасиз, аммо халқ яхши қабул қилмайди. Улар ҳам шу нарсани айтиши мумкин. “Буниси унчалик эмас, аммо мана бу қўшиғингиз зўр чиқибди!” деб айтишади.
- 2015 йилдан нималар кутгандингиз? Қандай кутилмаган нарсалар юз берди?
- Жуда бир кутилмаган нарсалар бўлмадию, лекин яхши нарсалар бўлди. Концерт дастурим бўлди. Инсон, яхши нарсани ҳоҳласа, интилиб, ҳаракат қилса, эришаверади. Ҳоҳладим, ҳаракат қилдим, меҳнат қилдим, эришдим. Лекин, жуда бир кутилмаган нарсалар бўлмади. Яхши тарафга яхши нарсалар бўлса, бўлсин.
- Касбингизнинг ҳалигача, ўзингизга мос бўлмаган тарафлари борми?
- Албатта, шу нарсалар тўй-ҳашамларда билинади. Ҳар хил инсонлар бор, уларнинг дунёқараши ҳар хил, фаросати ҳам ҳар хил. Кимгадир ёқади, тўғри тушунади, кимдир тўғри қабул қилмайди, ножоизликка йўяди. Мана шундай пайтда, бирорта тўйларга боргим келмай қолади.
- Ўз қўшиқларингизни тинглаганда нималарни ҳис қиласиз?
- Камчиликларни ҳис қиламан! Баъзи қўшиқларимни эшитсам, “нега шу сўз билан куйлаган эканман?, ҳам дейман. “Бошқа сўз йўқмиди?” дейман. Бу ҳам камчилик.
-“Машҳурлик” касаллиги сиз учун?
-Фожеа! Чунки, машҳурлик, бу аслида синов! Бу нарса берилдими, назорат остидасиз, халқ назорат қилади, яқинларингиз назорат қилади. Сизни мақташлари мумкин, сизни севишлари, сизга интилишлари мумкин. Лекин, сиз ҳам ўз вақтида бунга жавоб қайтара олишингиз керак. Синовми, шуни чиройли ўташингиз керак. Ўйлайманки, машҳурлик бу синов!
- Сиз ҳам бирор кўрсатувга бошловчилик қилишингиз мумкинми?
- Бошловчилик қилишни кўп тавсия ва кўп таклиф қилишди. Ўзим мусиқа борасида кўрсатув қилишимга ҳам таклиф қилишди. Аммо, ҳозирги вақтда бунга вақт топиш қийин! Кўпроқ тўй-ҳашамларда, тадбирларда, кўпроқ халқ билан бўлишга ҳаракат қиламиз. Съёмкалар, эшиттиришлар кўп вақт эгаллайди. Шунинг учун ҳам, иложи борича ўз касбимнинг доирасида юришга ҳаракат қиламан.
- Бу йилдан ўз клипларингизда ўзингиз ҳам роль ижро қила бошладингиз. 2 та клипингизда ўзингиз роль ижро қилдингиз. Бунга сабаб, “ўз клипларида ўзи роль ижро қилмайди” дейишганими, ёки ўзингиз қизиқдингизми?
- (Самимий кулиб) Агар актриса бўлганимда комик актриса бўлардим! Чунки, ўзим ҳазилни жуда ҳам яхши кўраман! Балки, водийданлигим учундир? Чунки, водийдан кўп аскиячилар чиққан. Фарғонаданман, шунинг учун ҳам, аскияни ҳам, жойида жавоб қайтаришни ҳам қойиллатаман. Шунинг учун ҳам ҳазилни жуда яхши кўраман. Трагедик ролларни билмадиму, лекин, комедик ролларни бажонидил ўйнаб бераман.
- Экрандаги Гулсанам Мамазоитова билан ҳаётдаги Гулсанам Мамазоитованинг бир-бирига мос бўлмаган тарафлари ҳам борми?
- Бор. Мени саҳнада кибрли, деб ўйлашади. Чунки, саҳнада турганингизда сиз билан гаплашишмайди-да. Шунинг учун ҳам, шундай ўйлашади. Саҳнага узун кўйлак кийиб, сочинигизни турмаклаб чиқиб, ўша куйлаётган қўшиғингизга мос ҳаракат қиласиз. Шўх бўлса, ўйнаб куйлайсиз, оғир бўлса, жиддийроқ айтасиз. Қўшиқнинг руҳиятидан келиб чиқиб, образда бўласиз, барибир.
- Баъзи хонандалар концерт олди матбуот анжумани ўтказишади. Негадир сизда ҳеч буни гувоҳи бўлмадик.
- Буни нарсани ҳоҳламадим. Чунки, ҳақиқий журналистлардан кўра, ҳақиқий эмас, журналистлар кўп. Мантиққа тўғри келмайдиган, бўлар-бўлмас саволларга жавоб беришга, вақтимни кетказишни, асабимни бузишни ҳоҳламайман. Лекин, яхши, ҳақиқий журналистларга мен соатлаб саволларга жавоб беришим мумкин! Агар ҳақиқатда ҳам менга таъсир қиладиган яхши саволлар бўлса!
- Турмуш ўртоғингизга қайси характерингиз ёқмайди? Бу ҳақида ҳеч ўзингизга айтганмилар?
- (Самимий кулиб) Албатта, мени ўзимни фикр билдириб юборишим ёқмайди, турмуш ўртоғимга, “маслаҳатлашиш керак-ку”, деб қўядилар. У киши билан ҳеч қачон узоқ вақт аразлашиш деган нарсалар бўлмаган! Жуда узоқ бўлса, бир соат! (кулади) Кулиб, гапириб юборамиз!
- Фарзандларингиз кимга кўпроқ эркалик қилишади?
- Албатта, турмуш ўртоғимга! (кулади) Чунки, мен қаттиққўлроқман! Турмуш ўртоғим эса, мен уришиб турсам ҳам, “нега уришяпсан?” деб, кўпинча, фарзандларимни ёнини оладилар. Шунинг учун ҳам, фарзандларимга “кел-кел” десак, кўпроқ менга эмас, уларга боришади.
- Фарзандларингизга нимага кўпроқ таъқиқ қўйгансиз?
- Ёш болага нимага таъқиқ қўйиш мумкин? Биринчи навбатда, соатлаб кўчага чиқиб ўйнашга, чунки, қиз бола ҳам, ўғил бола ҳам кўчага ўрганиши керак эмас! Кейин телефон ўйнамаслиги керак! Чунки, биз ўзимиз, “Зумрад ва Қиммат”ни эшитиб, катта бўлганмиз. Телефонлар, меҳрни узоқлаштиради! Инсон учун мана шу телефонлар муҳим бўлиб қолади. Албатта, болаларим ҳам, телефонни яхши кўришади. Мен эса, уларни қўлларидан олиб қўяман, уйдагиларга ҳам, “берманглар” дейман. “Зарядга қўямиз” деб, олиб қўямиз, кўзига кўрсатмаймиз, баландроқ, қўли етмайдиган, ололмайдиган жойга қўйиб қўямиз. Уни ўрнига, мультфильм қўйиб берамиз.
- Атрофдагиларнинг фикрига, қанчалик эътибор берасиз?
- Атрофдагиларнинг ҳам фикрлари муҳим! Чунки, сизга баҳо берадиган, бу атрофдагилар! Тўғри, мен яхши мусиқа танлашим мумкин, ижро қилишим мумкин, лекин шунда ҳам айтаман, “халқ қандай қабул қиларкин?” деган нарса бўлади. Шунинг учун ҳам, халқ билан, атрофдагилар билан барибир ҳисоблашиш керак.
- Сизда ҳам қандайдир комплекс борми ва у билан қандай курашасиз?
- Комплекс бўлади, албатта. Лекин, ҳар қандай шароитда ҳам, ўзимни қўла ола оламан. Ҳаттоки, жаҳлим чиқиб турган бўлса ҳам, биламан. Санъаткорларга халқнинг орасида ҳам кутилмаган ҳодисалар бўлиб қолади. Интернетларда бўлади, сизга ёзишади, “қани, қандай жавоб келаркин?” дейишади. Имкон қадар, ўзимни босиб, жавоб беришга ҳаракат қиламан. Лекин, агар чегарадан чиқиб кетишса, гапиришга мажбур бўласиз. Аммо, ҳар доим, имкон қадар ўзимни ушлашга ҳаракат қиламан. Кўпинча, шундай пайтда, ўзининг табиатидан, ўзининг камчиликларидан жабр кўрган инсонларни эслайман. Ўзимни босишим керак, менинг ҳам тақдирим шуларга ўхшаб қолиши керак эмас, деган фикрни кўп ўйлайман.
- Агар касбингизда ниманидир ўзгартириш имконияти бўлса, нимани ўзгартирардингиз?
- Мен яна ҳам миллийликни олиб кирган бўлардим. Чунки, бизнинг санъатимиз бора-бора миллийликдан йироқлашиб кетяпти. Оддий мисол, тўйларимизда ҳам. Мен, масалан, йўналишимни батамом ўзгартириб юбормадим. Қўшсам, бир-иккита ёш қўшимча қўшгандирман, ёш тингловчиларим учун, аммо батамом менинг ижодимнинг ўзаги, миллий қўшиқлар! Мен ўзим миллий қўшиқларни яйраб айтаман! Маза қилиб куйлайман! Шунинг учун ҳам, миллийликни яна ҳам ривожлантирган бўлардим. Миллий қўшиқларимиз қандай гўзал!
- Халқимиз эъзозлаб, “санъаткор” дейди! Аммо, баъзи одамлар ҳам бор, “артист” сўзини ишлатади. Бу сўзга муносабатингиз?
- Ўзи артист, дейилади. Санъаткорга артист, дея унвон берилади. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон Халқ артисти”, бу касбдек! Лекин, айримлар, бизни касб эгаси эмас, қандайдир енгилтабиат инсонлар, деб ўйлашади. Ваҳоланки, енгилтабиат инсонлар ҳар соҳада бор! Дунёнинг истаган бурчагида ва исталган соҳада кўра оласиз, уларни! Бизники, фақат халқнинг кўзида. Шунинг учун ҳам, бизнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз, камчилигимиз, жуда катта бўлиб, ойна бўлиб кўринади, ҳаммаёққа, нур сочади. Шунинг учун ҳам, “ҳа, артист-да” дейишади, тўғри, бу бизнинг тақдиримиз! Биз шу йўлни халқ учун танлаганмиз. Масалан, мени қонимда бор! Отам раҳматли санъаткор бўлганлар, онам маданият ходими бўлган, акам санъаткор, ўзим ҳам санъаткорман! Устазода санъаткор ҳисобланаман. Лекин, бу касбни маблағни ёки бошқа бир нарсани ўйлаб, танламаганман! Мен доим қўшиқ айтаман, бу менинг қонимда бор! Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, артист сўзини унақа ёмон маънода, қабул қилиш керак эмас!
- Ижод ва концертда қанчалик мукаммалликка интиласиз?
- Мукаммалликка интиламан! Аммо, мукаммал бўлдим, деб айта олмайман. Ҳаттоки, 40 йилдан кейин ҳам, мукаммалман, деб айтолмасам керак. Ер юзида мукаммал нарсанинг ўзи йўқ! Ҳаммаси, Парвардигорнинг ўзи мукаммал!
- Асосий ютуғим, нимада деб ўйлайсиз?
- Асосий ютуғим, киришимлилигимда! Масалан, мухлислар савол беришса, жавоб бераман. Ҳаттоки, кўпол саволлар бўлса ҳам, имкон қадар чиройли жавоб беришга ҳаракат қиламан. Муомала маданиятини била олганлигимда, деб ўйлайман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Интервью Тасвир газетасида чоп этилган