FATTOHHON.COM

« Все новости

ДОСТОН УБАЙДУЛЛАЕВ: ЁШ БОЛА БЎЛГАНМАН, РАҚОБАТНИ БИЛМАГАНМАН 15.05.2012 04:44

 

dostonubaydullayev8_resize.jpg Болаликда кинода роль ижро қилиш ёки қўшиқ куйлашни, деярли барча орзу қилади. Лекин, буни амалга ошира олган ва бу борада муваффақиятга эришганлар эса, озчиликни ташкил қилади. Кўплар болалигида бир-икки роль ижро этади ва бир-икки қўшиқ айтади-ю, кейин ташлаб кетади. Фақат санъатни, ижодни севганларгина, санъат майдонида ижодни давом эттириб, муваффақиятларга эришадилар. Ана шундай, болалигидан эл назарига тушиб, то ҳозирга қадар, мухлислар эътиборида бўлган хонанда Достон Убайдуллаевдир.

 

Достон Убайдуллаев хонанда, 1982 йилда туғилган.

Оилали, 2 фарзаднинг отаси, фарзандлари Даврон ва Сакина

1987-88 йилларда илк бор катта саҳнага чиққан. Илк ижро этган қўшиғи: "Балли калла" деб номланади. Болалигида "Тангалик болалар", "Қиёмат қарз" каби фильмлар, "Оталар сўзи" кўрсатувининг бир неча сонида роллар ижро этган.

  

4_resize.jpg


- Журналистларнинг сизга энг кўп берадиган саволи?

- "Нимага кинода ўйнамайсиз?, Ёшлигингизда кинода ўйнагансиз?", мана шу саволга жуда кўп жавоб бераман ва уйдагилар ҳам, масалан ўзимнинг аёлим ҳам "Радиога бориб ҳам, яна ўша гапни гапирдингиз-а" дейди. Энди битта саволни беравергандан кейин, сиз ҳам битта жавобни берасиз-да. Ўша-ўша гап-де, менга адам бир вақтлар, "битта ишни қилиш керак" деганлар. Ўшанга битта қўшиқчилик санъатини танлаб, ўшанга киришиб кетдим, деганман. Бу савол ёқмайди эмас, шунчаки бир хил савол. "Нимага кинода ўйнамайсиз?" "Ўйнагим келмаяпти". Ҳозирча кинода роль ўйнаш фикри бўлмади. Билмадим, ўзимга бир ёққан сценарий чиқиб қолса, ўйнарман, балки...

 

- Мана сиз устазода санъаткорсиз, оилангизда деярли ҳамма санъаткор. Мана шу нарса, сизни ижодингизда қанақадир чеклов келтирмаганми? Чунки, кўпчилик санъаткорларни фарзандларида шундай нарса бўлади, "отамни ишончларини оқлай оламанми," деб ўйлашади. "Уларни номларига муносиб давомчи бўла оламанми? Мени ижодимдан отамнинг кўнгиллари тўлармикан", деган қўрқув бўлмаганми?

- Мисол учун, мен дадамдан ўтган санъаткор бўла олармиканман, ёки уларга ета олармиканман, яъни ўта олмасам ҳам ета олармиканман деган саволга, мени қўрқмаслигимнинг битта боиси, мени дадам доирачилар. Баъзи ёш қўшиқчиларни бу нарсадан қўрқишининг сабаби, уларни отаси ҳам қўшиқчи. Ўшандан, менимча ҳайқишса керак. Масалан, мени ҳам дадам қўшиқчи бўлганларида, мен ҳам ростдан дадамга ўхшаган шон-шуҳратга эга санъаткор бўла олармиканман, мен ҳам шунақа қўшиқчи бўла оламанми, мени ҳам шунақа кўп мухлисларим бўлармикан, деб ўйлаган бўлардим. Мени бундан қўрқмаслигимнинг сабаби, мен дадам санъаткорлар, лекин йўналишимиз бошқа- бошқа. Мени дадам доирачилар, мен эса доира чалмайман. Лекин, озгина дадамлардан ўрганганганим учун, иккита-учта қўшиққа бемалол доира чала оламан. Лекин, мен қўшиқчиман, шунинг учун қўрқмаганман. Аммо, ишончларини оқлай оламанми, деган нарсадан мен ҳам озгина чўчиган бўлардим. Улар хонанда бўлмаганлари учун, мен бу нарсани ўйлаб ҳам кўрмаганман.

 

dostonubaydullayev5_resize.jpg

 

- Бир хиллар эса, ота-онаси санъаткор бўлмаса ҳам, улардан сал тортилади, уялиш бўлади. Ота-онасининг олдида ижод қила олмайди. Сиз саҳнага чиққанингизда, ота-онангиз қараб турганда сал тортилиш, ҳайиқиш бўлмаганми?

- Мен энди жуда ҳам ёш болалик давримдан саҳнага чиққанман, яна ёшлигимда ўша "Тангалик болалар" фильмида ўйнаганда ҳам, жуда ҳам шўх бола бўлганман. Бу ҳақида ҳалигача, "шунақа ҳам шўх бола бўладими?" деб гапиришади. Шунинг учун, шўхлигим боисми, шу шўхлигим ютиб кетганми, дадамни ҳам, онамни ҳам, олдиларида уялмасдим. Яна ундан ташқари, 4200 ўринлик ҳозирги "Истиқлол" санъат саройидаги "Ялла" ансамблининг концертларида, иштирок этганман. "Ялла" ансамблида мени тоғаларим ишлашган, шунинг учун, улар кийим алмаштириш вақтида, саҳнада мен 2-3 та қўшиқлар айтиб, қизиқчилик қилиб турардим. Мисол учун, "Ялла" гуруҳи 10 кун концерт берадиган бўлса, мен ҳам 10 кун саҳнага чиқардим. Ҳеч нимадан қўрқмаганман! Мана шу кунга келиб катта бўлдим, бола-чақалик бўлдим. Масалан, ҳозирги кунда рақобат кўп, лекин мен у пайтларда шўх бўлганман, рақобатларни билмаганман, бола бўлганман. "Қўшиқ айтиш керакми, айтиш керак, қўшиқ айтишни яхши кўраман, ҳаммани кулдиришни яхши кўраман" деб саҳнага чиқиб кетаверганман. Ҳозирги кунда, одам катта бўлган сари "ҳозир чиқсам одамлар қанақа қабул қиларкин" деб ўйлар экан. Аксинча, ҳозирги кунда ҳаяжон, қўрқув бор. Чунки ҳозирги кунда, мен ҳам оддий санъаткорга айландим-де. Нимага? Нима тарафдан оддий санъаткор? Ўша ўз йўналишида ижод қилаётган катта санъаткорлар бор-ку, мен ҳам уларнинг орасига қўшилдим. Мисол учун, ўша вақтда бошқа санъаткорлар алоҳида кетса, мен алоҳида юрар эдим. Нимага? Чунки, катта санъаткорлар алоҳида, бир-бири билан рақобатлашишар эди. Мен эса битта эдим, чунки ёш бола эдим. У вақтда, мана бунақа, масалан "Томоша", "Бойчечак" ҳозирги вақтдаги каби болалар театрлари деярли йўқ эди. Ҳозирги кунда эса, болаларнинг қўшиқ ижро этиши билан ҳеч кимни, жуда ҳам ҳайратга солиб бўлмайди. У вақтда эса, ёш болалар қўшиқ ижро этмаган, мен биринчилардан бўлганман. Дадамдан сўрардим, "нега унақа, нега ёш болалар йўқ", десам, дадам «олдин санъаткорлар энг ёш чиққани 25 ёшли ҳофиз бўларди», деб айтадилар. Мен эса 6 ёшдан қўшиқ айтганман. Одамлар мени фақатгина санъатимга эмас, "шу кичкина бола саҳнага чиқиб, нимани қойил қиларкин?" деб ҳам  деб томоша қилган. Шунинг учун, мен машҳурлигим жуда ҳам баланд бўлган, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда, ўша болаликдаги машҳурликни ҳали қайтариб олмадим. Чунки, мен ҳам ўшалар қаторига, яъни катта ёшли санъаткорлар қаторига қўшилиб қолдим. Ҳали ҳам ёшман-ку, лекин барибир ҳам ўша катталар билан рақобатдаман-де. Мисол учун, мени кўрган одам, "бу бола ану санъаткорлардан бошқача бола экан" деб айтмайди! Мен ҳам оддий, ўша одамларга ўхшаган одамман. Худди шунақа қўшиқ айтяпман. Овозим яхши бўлиб, яхши қўшиқ айтсам, томошабинлар менга қарсак чалишади, овози яхши бўлиб, бошқаси яхши қўшиқ айтса, унга қарсак чалишади.

 

- Рақобат ҳақида сўз юритдингиз. Ўзингизга кимни рақобатчи деб ўйлайсиз?

- Мен атрофимдаги ҳамма қўшиқчиларни, ўзимга рақобатчи деб ўйлайман. Нимага? Чунки, рақобат бор нарса. Рақобат бор жойда ўсиш бор. Мисол учун, мен чет эл қўшиқларига жуда ҳам унчалик қизиқмайман. Бир хиллар Россия эстрадасини эшитишади, мен эса радиодан, ўзбекча нарсаларни эшитаман. Ўзбекларда нима янгиликлар бўлаяпти, ҳаммасини билиб юраман. Сабаби, янги чиқаётган ёшлар нимадир янгилик қилишаётган бўлса, мен ундан ҳам яхшироқ янгилик қилишга ҳаракат қиламан. Чунки, орқада қолиб кетиш керак эмас! Эртага бизлардан кейин чиқаётган ёшлар, ёки бизлар билан рақобатда кетаётган дўстларим, ҳаммаси билан ўртоқмиз, дўстмиз, лекин ишда, ҳаммамиз рақобатчи бўламиз. Чунки, ҳаммамиз битта ишни қиламиз! Яхши қўшиқ айтишга ҳаракат қиламиз! Рақобат бўлган жойда ўсиш бўлади! Шунинг учун ҳам рақобат яхши нарса, мен рақобатни зўр нарса, деб биламан ва яхши қабул қиламан!

 

dostonubaydullayev9_resize.jpg

 

- Ҳозир ўзингиз, мен ҳам бошқалар санъаткорлар қаторига қўшилдим, дедингиз. Эндиликда, улардан ижод тарафлама ярқ этиб ажралиб туриш учун нималар қиляпсиз?

- Ҳамма санъаткорлар ҳам ўзлари бир нарсаларни ўйлаб, ижод учун ҳаракат қиладилар. Мен ҳам ижод қилиб, қўшиқлар яратяпман. Лекин, шундай нарсалар ҳам бўлиб туради. Студияда қўшиқни ёзиб бўлиб, "бу қўшиғим унча яхши чиқмади" деганингизда, ўша қўшиқ халқимизга ёқиб, ўша қўшиқ машҳурлик келтиради. Ўша қўшиқ ўзингизга ёқмаслиги мумкин, лекин халққа ёқади.  Аксинча, мана жуда ҳам ишониб, ўзингизга ёқиб, "мана шу қўшиғим аниқ хит бўлади" десангиз, ўша қўшиқ ҳеч нарса бўлмайди. Мени ўзимда ҳам шундай ҳолатлар бўлган, масалан "Маликам" қўшиғини хит даражасига етади деб, умуман ўйламаганман, шеърида иккиланганман. Иброҳим Жиянов шеъри эди. Иброҳим акага ҳам, "Маликалар ҳақида қўшиқлар кўп" деб айтганман. Аммо, Иброҳим ака "сиз айтаверинг, зўр бўлади" деб, ишонтирганлар. Барибир қандайдир кўнгил хижил бўлиб ижро этдим. Клип ҳам суратга олиб, хусусий телеканалда айлантирдик, ҳаммага манзур бўлиб, хит даражасига етди. "Сени топаман . . . " деган қўшиғим эса, ("Маликам"нинг давоми деса ҳам бўлади) 7 ой давомида меҳнат қилинган қўшиқни, ўзим учун ҳеч қанақа самара бермади, деб биламан. Лекин, "Соғиниб ўтади умрим" ҳозирги айтган гапимга қарама-қарши бўлган. Бу қўшиқни ростдан ҳам ўзим яхши кўриб ижро этганман, зўр қўшиқ бўлса керак деганман ва ростдан ҳам хит бўлган. Ўзи санъаткорнинг ҳар бир қўшиғи, фарзандидек туғилади. Масалан, телевизорда ҳам, газеталарда ҳам, "мана бу қўшиқ қандай чиқибди?" деб сўралганда, фурсатдан фойдаланиб, шуни айтиб ўтмоқчиман, "вой, мана бу қўшиқ ёмон чиқибди, клипини дабдала қилибди" деб, айтиб, ёзиб ташлашади. Шуни айтмоқчиманки, нима бўлганда ҳам, санъаткор ўшанга ҳаракат қилади-ку. Барибир бировни меҳнатини ёмонлаш керак эмас, деб ўйлайман. Қанақадир бир чиройли, тушунарли сўзлар билан, тушунтириб қўйса бўлади, лекин баъзан жуда қаттиқ ёмонлашади. Баъзида телевизорда чиқиб, ўзи меҳнат қилмаган бўлса ҳам, ёки маълум бир даражадаги санъаткорлар ҳам, энди чиқаётганлар ҳақида "энди бу укаларимиз, бу болалар клипни яхши олишмабди-де, ёки мана бу қўшиқ яхши бўлмабди" деб юборишади. Бундай қилиш  керак эмас, деб ўйлайман. Чунки, ўша янги чиқаётган болами, ёки мени бирор муваффақиятсиз қўшиғимми, ўшани ҳам қайсидир бир мухлис, ўзининг ҳаётига тўғрилаб, жуда ҳам қаттиқ яхши кўриши мумкин. У инсон бошқаларни фикрига қўшилмайди. Шунинг учун, "майли энди, ўз мухлисини топсин" деб қўйилса, бўлди. Чунки, бунга ҳаммамиз ҳам қаттиқ ҳаракат қиламиз.

 

- Бу билан эътибор берилмаган ёки, муваффақиятсиз қўшиқларни ҳам ўз мухлиси бўлади, демоқчисиз?

- Ҳа, албатта. Масалан, янги чиқаётган хонанда бўлса ҳам, масалан, унинг ота-онаси учун, ўша ўғли айтаётган қўшиқ, энг зўр қўшиқ! Чунки, ўша қўшиқни уни ўғли айтган. У уларни фарзанди, ёшлигидан тарбия қилишган, у қўшиқ айтиб чиқди, томошабинларга ёқдими, ёқмадими, ота-онаси учун, биринчи ўриндаги суперқўшиқ, бу ўша ўғлининг қўшиғи! Шунинг учун, менимча, ким нимага ҳаракат қилса, барибир ўзи учун қанақадир ҳаракат қилади. Ёмонлаш, бировни меҳнатини ерга уриш керак эмас, назаримда. 

 

- Қўшиқларингиз ичида ўзингиз учун энг таъсирлиси?

-"Соғиниб ўтади умрим"! Бу қўшиғимни жуда ҳам яхши кўраман, яхши кўриб куйлайман. Бу қўшиқ дадамни ҳам энг яхши кўрган қўшиқларидан! Балки, дадамларга жуда ёққани учун ҳамми, бу қўшиқ шунчалик шон-шуҳратга эга бўлдими, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда ўзимга ёқиб турган қўшиқларимдан, бу "Беш йилда ота бўлдим" қўшиғим. Бу қўшиқ воқеаси ҳаётда бўлган, бир инсон уйлангандан кейин, оиласи билан 5 йил давомида фарзанд кўришни ҳоҳлаб юришган. Лекин, ҳеч қандай умидни сўндирмасдан, шифокорларга кўринишган. Кейин шу инсон сафарга кетганларида, рафиқаларини ҳомиладорлигидан хабар топганлар. Шу инсон 5 йил деганда, бир эмас, эгизак икки фарзандли бўлганлар. Шу инсонни илтимосларига кўра, Ирода Қурбонова шеъри, Иқбол Муҳаммад мусиқаси билан, шу қўшиқни куйладим. Бу қўшиқ муваффақиятли чиқди деб, ўйлайман. Билмадим, балки ҳозирги кунда шундай нарсалар кўпми? Кўпчилик, менга "глобал мавзуни кўтардингиз, оғир мавзу" деб айтишди. Фурсатдан фойдаланиб, барча фарзанд кутаётганларга, яхши ўғил-қизлар берсин, деб ният қилиб қоламан. Лекин, мен фарзанд кутиб юрган инсонларга тегиш мақсадида, бу қўшиқни ижро этганим йўқ! Илоҳим ҳаммаларига фарзанд берсин! Агар бировни кўнглига теккан бўлса, олдиндан узр сўрайман мухлисларимиздан.

 

5_resize.jpg

 

- Сиз мақом қўшиқлари ҳам ижро эта оласизми?

- Ҳа! Ёшлигимдан қўшиқ ижро этиб юрганим учун, ўша 1988-1989 йилларда ҳозирги кундагидек замонавий қўшиқлар йўқ эди. Мен ўша мақомчиларни, катта қўшиқларни ичида, халқ ҳофизи додамиз Фахриддин Умаровни ёнларида ўсган боламан. Икки тарафлама ҳам бор, "Ялла" гуруҳида бадиий раҳбар тоғам бўлган бўлсалар, бу ёқда дадамлар, 35-40 йил давомида Фахриддин Умаровга доирада жўр бўлган Рустам Убайдуллаев бўладилар. Фахриддин ака Умаров додамдек бўлиб қолгандилар, уларни уйларига, бир-биримизникига меҳмондорчиликларга бориб турардик. Уларнинг қўшиқларини кўп эшитиб юрганман. Масалан, шуни ичида ўсганим учун ҳам, ҳозирги кунда қўрқмасдан айтишим мумкинки, халқ қўшиқларини бемалол ижро этаман! Худо ҳоҳласа, ёшим сал каттароқ бўлганда, Фахриддин ака Умаровнинг қўшиқларини ижро қилиш ниятим бор. Фахриддин ака Умаровни зўр-зўр қўшиқлари бор, фақат уларнинг кўп сўзлари, фалсафий сўзлар бўлгани учун, ҳали мени ёшимга тўғри келмайди, деб ўйлайман. Мен уларнинг жуда ҳам кўп қўшиқларини яхши кўриб куйлайман. Мисол учун, ҳозирги кунда доирачи Элмурод ака Исломов, мени ҳар кўрганларида, "Нимага сен, Фахриддин аканинг қўшиқларини айтмайсан? Бошқа ёш санъаткорлар айтишяпти. Сен нимага айтмайсан? Сен айтишинг керак! Бу одам сени доданг бўладилар" деб уришадилар. Буни дадам ҳам айтадилар. Лекин, мен бу қўшиқларни ёшим каттароқ бўлгач, куйламоқчиман.  Аммо, Фахриддин ака Умаровни битта қўшиқларини яъни, "Биз томонга бир қараб қўй"ни айтганман. Ёшлигимдан айтганман бу қўшиқни, энди бу ҳазиломуз қўшиқ, севги тўғрисидаги қўшиқ бўлгани учун, ижро эта олдим. Лекин, Фахриддин акани шунақа қўшиқлари борки, сўзлари жуда ҳам оғир. Ҳали бу қўшиқларни куйлашга ёшим етмади, ҳали бу қўшиқларни куйлаш даражасига етиб бормадим, деб ўйлайман. Лекин, айтиш қўлимдан келади, кейинчалик куйлаш ниятим бор.

 

- Лекин, баъзилар ёш бўлса ҳам куйлашяпти-ку?

- Агар эпласа, куйлагани маъқул! Лекин, маъно жиҳатига ҳам аҳамият бериш керак. Ёш бола бўла туриб, бировга ақл ўргатсангиз, шундай қўшиқлар куйласангиз, катта ёшлилар, "эй кеча чиқиб, менга ақл ўргатгани қолганди", дейишади, барибир. Ёши катта мухлисларимизни ҳам ҳисобга олиш  керак. Фақат, ёшларни ўйлайвериш керак эмас! Ёши катталар ҳам кўп. Шунга, аста-секин, вақт ўтиб, куйламоқчиман. Фахриддин акани жуда кўп қўшиқларини ижро этиш ниятим бор.

 

- Қайси йўналишда ҳеч қачон қўшиқ қила олмайман, деб ўйлайсиз?

- Ҳар қанақа йўналишда қўшиқ айта оламан, фақат рэпдан ташқари. Лекин, бошқа йўналишларда, рок йўналишида ҳам айта оламан. Ўзим рок қўшиқларини яхши кўраман.

 

dostonubaydullayev6_resize.jpg

 

- Кунига неча соат вақтни фарзандларингиз билан бирга ўтказасиз?

-Фарзандларим билан кун уззу-кун, бирга вақт ўтказган вақтларим ҳам бўлган. Масалан, эрталаб боғчага ўзим олиб бораман, боғчадан ўзим олишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин, албатта ижодимни қиладиган вақтимда, онасига ишонаман. Бахтимга болаларимнинг онаси соғ бўлсин! Жуда ҳам яхши, болаларимни онасига бемалол ишониб кета оламан. Ижодимни қиладиган вақтим фарзандларимга, умуман вақтим бўлмаслиги ҳам мумкин. Худога шукур, фарзандларимни ҳамма нарсаси етарли, ҳамма нарсасини жой-жойига қўйиб, бемалол ижодимни қилавераман. Лекин, вақтим бўлган пайтда, фақат фарзандларим билан биргаман.

 

- Сизнинг-ча, фарзанд тарбиясида энг муҳим нарса нима?

- Фарзанд тарбиясида энг муҳим нарса, одоб ва катталарга ҳурмат. Одобли бўлса, ҳамма нарса жой-жойига тушиб кетади. Масалан, баъзи болалар меҳмонга борганда, "уни олиб беринг, буни олиб беринг" деб, югуриб столга чиқиб кетади. Мен шунақа нарсаларга жуда ҳам қаттиқ қарайман. Меҳмондорчиликда нима қўйилса, ўша нарсаларни ҳаммасини уйга олиб келиб қўяман. Боланинг кўзи тўқ бўлиши керак, деб ўйлайман. Пулларни ҳам атайлаб уйга қўйиб қўяман, бемалол турсин дейман. Чунки, баъзида фарзандлар пул етишмовчилигидан, пулни кўриб қолиб, "мана бу ерда пул турган экан" деб, пулни ўғирлаш одатлари чиқади-ку. Шунақа нарсалар бўлмасин дейман. Балки вақт ўтиб, ўсмирлик вақтида, бир аҳмоқлик қиладиган, атрофидаги ўртоқларининг таъсири бўлиши мумкин. Ҳозир бизни назоратимизда. Эртага мактабга чиқади. Мактабда, "дадангни пулидан олиб кел, уйингдан у бу нарса ўғирлаб чиққин" деган, қанақадир ўртоқларнинг таъсири бўладиган ҳолатлар бўлади. Мен шу нарсага қаттиқ қарайман ва бу каби  нарсаларга қаттиқ қараш керак, деб ўйлайман. Чунки, фарзанд агар ўзининг уйидан нарса ўғирлайдиган бўлса, ёки ўз уйидан нарса олиб чиқиб кетса, кейин бошқа жойдан олишдан, умуман тоймайди! Чунки, ўз отасини, онасини нарсасини олган бола, бировнинг нарсасидан уяладими? Шунинг учун, уйдан нарса ўғирлаган бола, бошқа жойдан ҳам ўғирлаши мумкин.

 

- Бу билан уйда тарбия яхши бўлса ҳам, ташқи муҳит, атрофдагиларнинг таъсири катта роль ўйнайди, демоқчисиз?

-Ҳа. Лекин, болани ўзини ҳам инсофига ҳавола. Аммо, барибир болани уйида, ёшлигидан қаттиқ тарбия қилиб бориш керак. Менимча, бола ё отасидан ёки онасидан қўрқиши керак. Мен болаларни жуда эркалатиб юбориб, "болам, болам"лаб, жуда ҳам бир эркалатишади-ку, шуни ёқтирмайман. Эртага ота-онасига гапини ўтказиб, ҳаммани олдида оғзини катта очиб йиғлаб, шунақалар бўлади-ку, шундай нарсаларга қаттиқ тураман. Мисол учун, бу мени характерим, мен шунақа отаман. Бу гапларим балки, мухлисларимизга қанақадир эриш туюлар, "шунақа ҳам қаттиқ турадими, бола-ку ахир" дейишлари мумкин. Лекин, болани ёшлигидан тарбия қилиш керак! Ёшлигида мия ва суяги қотади, "дадам шунақа деган эдилар" дейди. Ё отадан, ё онадан қўрқиши керак, "ана аданг келяпти", ёки "ана ҳозир опангни чақираман" деганда, қўрқиб туриши керак, менимча. Кимдандир қўрқмаса, бола эртага ота-онасини ҳам бир тийинга олмаслиги мумкин. Кейин, катта бўлганда нима бўлади? Эртага белингиздан кучингиз кетади, бўйингиз билан бўйини тенг қилиб, сизга бақириб турса? Шундан асрасин! Шунинг учун ҳам болани ёшлигидан тарбия қилиш керак, деб ўйлайман. Бола сал ҳайиқиб туриши керак, "ҳозир мана шу нотўғри ишни қилсам, дадам уришиб берадилар" дейиши керак. Мени фикрим, шундай.

 

dostonubaydullayev10_resize.jpg

 

- Болаларни тарбиясига, бугунги кундаги шоубизнес, қўшиқлар ва клипларнинг таъсири бўлиши мумкинми?

- Бизни клипларимизга келсак, биз ўзбекмиз. Ўзбекни менталитети бор. Мен ҳозирги кундаги телевидения, телеканалларимизга фурсатдан фойдаланиб, миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки, масалан, Россия каналларини кўриб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, менимча Ўзбекистон каналларини кўрган болаларимиз тарбияси ҳеч қачон бузилмайди, деб ўйлайман. Бундан жуда ҳам хурсандман. Чет элда нима қилишса, қилишаверади, ҳоҳласа очиқ кийимда ҳам чиқаверишади, лекин бу бизни ўзбек менталитетимизга тўғри келмайди. Масалан, бизда елкаси очиқ бўлса, сал калтароқ кийинса, ҳозирги кунда телевиденияда ўтмаслигига, мен жуда ҳам миннатдорчилик билдираман. Чунки, бу нарса бўлиши керак. Биз ўзбекмиз, бизда шарм-ҳаё деган нарсалар бор. Шуни қаттиқ ушлаш керак, назаримда.

 

- Ҳозирги кун ўзбек шоубизнеси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Шоубизнесимизни жуда ҳам ривожланган дейиш мумкин. Масалан, узоққа бориб ўтирмай, Қозоғистонга чиқсангиз, у ердаги қўшиқларни эшитиб, ҳайрон қоламан, худди 80 йилларда айтилган қўшиқлар бўлардию, сифати паст, аранжеровкалари ғалати қўшиқлар. Энди ҳозирда Ўзбекистонда яратилаётган қўшиқларни қаранг! Сифатли, аранжеровкалари зўр! Ҳозирги кунда шоубизнесимиз жуда ҳам гуллаб, ривожланяпти! Бундан ташқари, мусиқий телеканаллар очилган. Ўзим ёшлигимдан қўшиқ ижро этганим учун ҳам биламан. Илгари, бундай имкониятлар йўқ эди. Илгари 2 ёки 3 тагина телеканал бор эди. Ҳозирда эса, қаранг, "Ўзбекистон", "Ёшлар", "Тошкент", "НТТ", "ТВМ", "Форум ТВ"... айниқса, мусиқий телеканаллар бизнинг орзуйимиз эди! Ёшлигимда "Қизалоқ" деган қўшиғим бўларди, ўшанга клип олдирганимда, қаерда "айлантириш"ни билмаганмиз. Бизни орзуйимиз эди, шунақа мусиқа каналлари бўлса, майли пулини ҳам тўласак, қўшиқларимизни бериб, намойиш қилсак, дердик. Мана, орзуйимизга эришдик. Мен бундан жуда ҳам бахтиёрман. Масалан, ҳозирда ҳоҳлаган инсон "Ўзбекистон" телеканалида жиддий кўрсатувларни кўриши мумкин, истаса "Ёшлар" телеканалини кўриш мумкин, қўшиқ эшитгиси келса, "ТВМ" телеканалини кўриши мумкин. Илгари, бунақа танлов бўлмаган! Бундай қулайликлар қаерда эди? Бу қулайликлар, ривожланишлар, барчаси Мустақиллигимиз шарофати!

 

- Қўшиқларни чет эл қўшиқларидан кўчириш ҳақида, қандай фикрдасиз?

- Мен бу нарсадан яхши фикрда эмасман. Тақлид қилиб, кўчириш керак эмас, деб биламан. Балки, нимадир тарафларини таққослаб, "мана бу қўшиқ яхши экан" деб, ўшандан илҳомланган ҳолатда, ўшанга ўхшаган қўшиқ қилса, бу бошқа гап! Энди аниқ ўшани кўчириб қўйиб, ўшанга ўзбекча шеър ёзиб қўйса, бу нотўғри. Лекин, мен ҳам бир марта шундай қилганман, "Ўтади қизгина, нозлари бор озгина" деган бир қўшиғим бўларди. Уни Эрон қўшиқчиси куйлаган, мен шу қўшиқни жуда ҳам қаттиқ яхши кўриб қолганим учун, ўзбекча сўз ёздириб, куйлаганман. Бир марта шундай қилганман, бўйнимга оламан. Бунга анча бўлди, 1998 йилми, 1999 йиллар эди, адашмасам. Лекин, ундан кейин ҳеч қачон бошқа бундай қилмаганман!

 

dostonubaydullayev_resize.jpg

 

- Асосан, қайси бастакорлар ва шоирлар билан ҳамкорлик қиласиз?

-Бастакор Иқбол Муҳаммад, кўпроқ Сарвар Раҳматхўжаев, ҳозирги кунда 2-3 қўшиқларимни мусиқасини Мусахон Нурматов яратиб берганлар. Шоирлардан, ёш шоира Ирода Қурбонова билан ижодий ҳамкорлик қиляпман.

 

- Фараз қилайлик, агар 20 йил орқага қайтсангиз, қайси қилган ишларингизни қилмаган бўлардингиз?

- 20 йилми? (беихтиёр кўзига ёш келиб) Туркияга бормаган бўлардим! Чунки, 1992 йилда "Тамоша" театр билан "Жаҳон ёшлар фестивали"га бориб, ўша ерда автобус авария бўлиб, катта акам Қаҳрамон Убайдуллаев ("Қизалоқ", "Катталар", "Юртим номи достон эдинг" қўшиқларимни яратган, Глиэр номидаги мусиқа мактабида ўқиган, қўшиқлар ёзарди, тоғамга шогирд тушганди) дан айрилиб келганмиз. Ундан кейин бир йил ўтиб, акамга куйиб, онам қазо қилдилар. Бу гап кўп мухлисларимизга маълум, тарқалиб кетган бу гап. Агар 20 йил ортга қайтганимда, биринчи ўринда, ўша "Тамоша" театри билан Туркияга, "Жаҳон ёшлари" фестивалига бормаган бўлардим! "Агар" сўзи, ўзи нотўғри сўз, менимча. Агар бундай бўлмаганда, бундай бўларди, дейиш ҳам нотўғри. Лекин, ўзи Ҳизр бува ҳам учраб қолганида ҳам, акам билан онамни қайтариб беринг, деган бўлардим. Чунки, акамни вафотига сиқилиб, онам ҳам ҳаётдан кўз юмдилар. Туркияга ўша фестивалга бормаганимда, ўшанда акам билан онамни йўқотмаган бўлардим.

 

dostonubaydullayev3_resize.jpg

 

- Агар сиз асар ёзганингизда, қайси мавзуни танлаган бўлардингиз?

- Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Шу савол билан ўйлантириб қўйдингиз. Агар шеър ёзганимда, севги-муҳаббат тўғрисида ёзаман, албатта. Агар асар ёзганимда, масалан (ўйланиб)  "Шайтанат"га ўхшаган бир нарса ёзардим. Шу детектив жанри, мени кўпроқ қизиқтиради.

 

- Ҳаётингизда танқидни ўрни ва танқидга муносабатингиз?

-Танқидга муносабатим зўр. Чунки, мени устозим дадамлар. Дадамларни устози эса, Фахриддин Умаров. Фахриддин аканинг бир сўзлари бор эди, "сени танқид қилишса хурсанд бўлгин, одамлар сени гапиришяптими, демак одамларга кераксан. Агар одамларга керак бўлмай, бир оддий инсон бўлиб, кўчада у ёқдан бу ёққа ўтиб юрганингда, ҳеч ким қарамасди." Бизни шу яхши кўришяптики, қанақадир қўшиқ айтсак, бировга ёқади, бировга ёқмайди, ёмонлайди, мақтайди. Шу одамларга қанақадир керакманки, гапиради. Шунинг учун, мен ёмон гапни ҳам, яхши гапни ҳам яхши қабул қиламан. Ёмон гапирса ҳам хурсанд бўламан, нимага? Ўша одам менчалик бўлолмаяпти, демак. Ўшанга алам қилаётгандир балки? Мен ўзимча шундай ўйлайман. Балки, мендан ўтиб кетгандир, мени менсимай гапираётгандиру, лекин мен уни бошқачасига, яхши тарафга йўйгандирман? Ўша одамга керак эканманки, гапиряпти! Масалан, мен ўша одамга керакмас бўлсам, ўша одам мен ҳақимда ўйламайди ҳам. Тўғрими? Ўша одамга керак эканманки, мен ҳақимда ўйлабди. Ўша одам менга етишолмаяпти, ёки мен қиладиган ишни қила олмайди? Ўзи қила олмайди, қилганни кўра олмайди, деган нақл бор. Шунақа нарса кўп. Масалан, кўчада менсимаётгандек "ҳо артисту" дейишади, лекин ўзи ҳақида шунақа дейишадими? Биз шу нарсага интилганмиз. Кўчада одамлар танисин, "ҳо ану Достону" дейишсин деб, шу нарсага интилганман. Бундан хурсандман. Лекин, бир хил нарсалар ёқмайди, нима қиламиз? Санъаткормиз, чидаймиз. Бу тарафи ҳам бўлади. Мен ўзимга яхши тарафга йўяман. Менчалик бўлолмаяпти, ўшанга олифтагарчилик қиляпти, дейман. Баъзилар, ўзича санъаткорлар билан менсимагандек гаплашишади, худди "артист одаммас"дек. Лекин, ҳамма яхши одамни ҳам, ёмон одамни ҳам тўйида, санъаткор хизмат қилади! Байрамларда ҳам! Мен бир нарсани ўйлайман. Санъаткорлар куни йўқ! "Шахтёрлар куни" бор, "Ёзувчилар куни" бор, "Хотин-қизлар" байрами бор, у касбни куни бор, бу касбни куни бор, лекин "Артистлар, санъаткорлар куни" борми?

 

dostonubaydullayev7_resize.jpg

 

- Ўзингизга четдан танқидий назар солганмисиз?

- Ўзимни битта одатим ёқмайди. Жуда ҳам қизиққонман, лов этиб ёниб, лов этиб ўчадиган одатим бор. Айниқса кўчаларда, жуда бир номаъқул одамлар бор. Ўшалар билан баъзида уришиб кетиб, кейин ўзим афсусланаман. "Бекор қилдим-а, шуни" дейман. Шу одатим ўзимга ҳеч ёқмаяпти, ҳеч тўғрилай олмаяпман. Лекин, ҳозир тўғрилашга ҳаракат қиляпман. Тўғриси, мен айбим бўлса, бўйнимга оламан.

 

- Қўшиқ яратганда, ижро этганда, биринчи нималарга аҳамият берасиз?

- Қўшиқ яратганда, жуда ҳам қаттиқ сўзига аҳамият бераман. Барибир одамларни биринчи жалб қиладиган нарса, бу сўз. Масалан, мусиқани битта доира билан чалиб турганда ҳам, сиз сўзингиз билан, ижро билан, сўз ва ижройингиз зўр бўлса, бир зўр сўз билан бошласангиз, ҳамма сизга қарайди, жалб қила оласиз. Шунинг учун, сўз жуда ҳам керак. Мусиқасига ҳам аҳамият бераман. Мусиқаси зўр бўлиши керак, ўзимга ёқиши керак.

 

- Баъзилар мусиқа танлаб олиб, кейин унга сўз ёздиради. Сиз ҳам шундай қилганмисиз?...

- Йўқ. Мен учун биринчиси сўз!

 

dostonubaydullayev4_resize.jpg

 

- Ўзингизга ўзингиз, ижодингизга дейлик, неччи баҳо берган бўлардингиз? Баллик системада?

- Баллик системада ҳамма ўзига 100 баҳо ҳам бериб юбораверади. Лекин, барибир мухлисларнинг баҳоси бошқача бўлади. Буни мухлислар ҳал қилади.

 

- Биринчи устозингиз?

- Отам! Мени Достон Убайдуллаев бўлишимга сабабчи инсон, отам Рустам Убайдуллаев!

 

- Суратга олган клипларингиздан ичида, суратга олиш жараёни энг қийин бўлгани қайси бири?

- "Маликам" клипининг суратга олиш ишлари жуда ҳам қийин бўлган. Режиссёр Ёдгор Носиров суратга олган ва клип 3-4 кун давомида суратга олинган. Суратга олиш ишлари учун "Оқтош"га чиққанмиз, "Оқтошсой" деган санаторияга борганмиз. Ўша санаторияни битта қаватини 1 кунга олиб, ўша ерда съёмка қилганмиз. Эрталабдан кечгача гаплашилган эди. Лекин, суратга олиш ишлари озгина чўзилди. Бу ахир ижод бўлса! Шунда, ўша жойни хўжайини келиб олди. Яхши инсон эмас экан! "Соат 18.00 гача гаплашилган, чиқасанлар" дейди. "Илтимос, озгина суратга олиш ишлари қолди. Эртага Тошкентдан яна бу ерга келиб ўтирмаймиз-ку" десак, тушунишни истамайди! "Йўқ, шу вақтгача гаплашилган" дейди. "Хўп, қолган вақтни ҳам пулини тўлаймиз" десак, "пулларинг ҳам керак эмас, ҳаммаёқни бардак қилиб юбординглар" дейди. Суратга олиш ишларини биласиз, чироқлар қўйилади, бироз тартибсизлик бўлиши мумкин. У киши бўлса "Чиқинглар бу ердан" деб турибди. "Тўхтаб туринг, ака ярим соат, 10 минут вақт беринг, кетамиз" десак тушунмайди! "Йўқ" дейди! Роса жанжаллашишимизга тўғри келган. Биз у билан уришиб, кўчада ушлаб турган вақтимиз, режиссёр Ёдгор Носиров ичкарига кириб кетиб, икки актёр билан ичкарида, клипни қолган қисми, охирларини тез-тез суратга олиб чиқишга улгурган. (кулиб) Роса асабийлашишга сабаб бўлган бу клип! Ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди!

 

- Клипларингиз ичида ўзингизга энг ёққани қайси?

- Билмадим, жанжал-тўполонлар билан олинганигами, шу "Маликам" клипи, ўзимга ёқади. Яхши олинган клип! Яна режиссёр Ёдгор Носиров суратга олган "Севиб қолсам нима бўлади?" клипи, унда Адиз Ражабов ва Шаҳзода Муҳамедова суратга тушишган.

  

6_resize.jpg


- Сиз учун бахт тушунчаси?

- Одамни соғлиги, ота-онасини борлиги, оиласини тинчлиги, юртининг тинчлиги.

  

- Ўзингиз мухлис бўлиб кимдандир дасхат олганмисиз?

- Бир марта шунчаки олганман, болалигимда, "Пахтакор" жамоасини ўйинчиларидан Игорь Шкверин деган футболчидан, "Пахтакор"ни катта плакатига қўл қўйдирганман. Ёш бола эдим, уларни танимасдим ҳам. Сабаби, ўшалар билан учрашувга борганмиз, орасида мен қўшиқ ижро этишим керак бўлган. Ўша ерда уларни плакатини менга совға қилишган. Шунда шунчаки "қўл қўйиб беринг" деб дасхат олганман. Ўша плакат ҳали ҳам уйимда туради. Бошқа ҳеч кимдан ҳеч қачон дасхат олмаганман.


- Санъаткорлардан кимга мухлис бўлгансиз ёки ижодини ёқтиргансиз?

- Менга раҳматли Муҳриддин Ҳолиқовни ижодини жуда ҳам яхши кўрардим. Устозим деб биламан. Ўзим "Ялла" ансамбли билан катта бўлганман. "Ялла"нинг мухлисиман ва ҳозир ҳам ижодини жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Бу инсонларни "афсона" дейиш мумкин, унақаси чиқиши жуда қийин. Кейин Фахриддин ака Умаровнинг қўшиқларини яхши кўриб тинглаганман, ижро этганман. Ҳозирги кунда Озодбек ака Назарбековни қўшиқларини яхши кўриб тинглаяпман. Ҳозирги кундаги ёшларни ҳам тинглаб тураман. Кўпчиликни масалан, қайсидир хит қўшиқ чиқса, эшитиб юраман.

 

- Бошқа санъаткорлар ижодидан сизни энг таъсирлантирган қўшиқ қайси бўлган?

- Энг таъсирлантирган Озодбек Назарбековнинг "Она" қўшиғи. Ўзим бир марта она тўғрисида қўшиқ ёздим. Кўнглимдагидек чиқмади, барибир. Қўшиқ шундоқ қолди, ижро этмадим. Ҳали ҳам шундоқ турибди. Онамни вафотларига 20 йил бўлган бўлса, ҳали ҳам қўшиқ тополмай юрганимда, Озодбек акамни "Она қўшиғи"ни эшитиб қолдим (хиргойи қилади) "Ярим кўнглим, қани тўлсайди... Ўзи Озодбек акани концертларига ҳар йили, аёлим билан тушаман, биринчи қаторга таклифнома берадилар. Ўша "Она" қўшиғи ижро қилинган йили, қаергадир сафарга кетиб қолдим ва концертга туша олмадим. Кейин, "Озодбек ака она тўғрисида зўр қўшиқ айтибди" дейишганди, дискини сотиб олдим. "Она" қўшиғини эшитиб биринчи сўзидан, кўзимга ёш келди. Кўчада одамлар танийди, машинада светофорларда турибман, йиғлаяпман, кўрган одамлар ҳайрон. Иложи борича, машинани тез ҳайдаб қочишга ҳаракат қиламан. Барибир одамлар қарашяпти, "нима экан? нега йиғлаяпти бу?" дейишяпти, барибир. Дискини олганимдан бошлаб, бир ой давомида ўша қўшиқни эшитсам, йиғлаб юборавердим. Бир куни Озодбек акам билан, суҳбатлашиб ўтирдим. "Ака, мени ҳам ҳаётим шунақа" десам, Озобек акамни ҳаёти ҳам худди шунақа, ёшликларида оналари вафот қилган, оталари билан ўзлари ёлғиз қолишган экан. Онанг бўлмаса қанақа қийинлиги, ота билан ўсиш қандайлиги ҳақида, Озодбек ака билан роса дардлашдик. Кейин бир куни тўйда кўриб, Озодбек акага "Она"ни айтиб беринг", десам, "Ҳаммани йиғлатаман-ку ҳозир, тўйга келдим, айтмайман" дейдилар. Шундан бери, ҳар кўрганимда "Она"ни айтиб беринг, дейман. "Эй, бор" дейдилар, менга. Хуллас, шу қўшиқдан жуда қаттиқ таъсирландим. Ҳатто, машинага ўтирганимизда, қўшиқ қўйилганда, агар шу қўшиққа келиб қолса, аёлим "олинг-ей" деб, бошқа ёққа олдирадиган бўлиб қолди. Кўзимга ёш келади, худди мени ҳаётимдек ижро қилинган! Худди ўша-ўша. "Ҳеч бўлмаса қирққа тўлмаган", онам қирққа ҳам тўлмаганлар, ҳеч бўлмаса набираларини кўрмаганлар, овозини эшитмаганлар, тўйларимизни кўрмаганлар, ҳаммаси мени ҳаётим. Худди менга ижро этилгандек, йиғладим.

 

- Ҳаётингизда севги қандай ўрин тутади?

- Севгини ўрни жуда ҳам кучли! Чунки, рафиқам билан 7 йил учрашиб, севишиб юриб, турмуш қурганмиз! Ҳали ҳам севиб юрибмиз, бир-биримизни! Бундан ташқари, санъаткор севгини жуда ҳам эъзозлаши керак, менимча. Нимагаки, биз севги тўғрисидаги, аёллар ҳақидаги қўшиқларни ижро этамиз. Чунки, севган одам, юрагида севгиси, ноласи бор одам, Ростдан севган одам, ростдан севгини қадрига етган одам дардни куйлаб бера олади. Севги барибир илоҳий туйғу. Бировга берилади, бировга берилмайди. Мен бу дунёда севги, мен ҳам берилганидан жуда ҳам хурсандман. 

 

3_resize.jpg

 

- Сиздан дуэт кутишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, ким билан?

- Ўзи умуман дуэт айтмоқчи эмасдим. Хонанда Каниза билан дуэтга келсак, таклиф Канизанинг ўзидан чиққан эди. Аёл кишини илтимосини ерда қолдирмаслик учун, у билан бирга дуэт ижро этдим. Кўплар танқид қилишди ва баъзи гапларни ҳам айтишди. "Канизани ҳали сиз билан дуэт айтишига вақт бор эди. У энди чиққан, сиз анчадан бери қўшиқ айтасиз" деган гаплар бўлди. Лекин, буни нима алоқаси бор? Мен бу нарсага умуман, аҳамият бермайман. У ҳам санъаткорми, санъаткор! Қанақадир фойдам теккан бўлса Канизага, мен хурсандман. Одамларни фикрлари ҳар хил. Кейин "Божалар" Жаҳонгир Позилжонов билан "Тулпор" қўшиғини дуэт қилиб куйладик. Чунки, "Тулпор" қўшиғини жуда кўп мухлислар сўрайверишгандан кейин, бу қўшиқни битта ўзим куйлашни кўз олдимга келтира олмадим, шунга сал ёшларбоп қилиб, дарров кўз олдимга "Божалар" Жаҳонгир акам келди ва уларга айтсам, "Гап бўлиши мумкин эмас" дедилар. Ижро этдик, менимча муваффақиятли чиқди. Лекин, бировга ёқди, бировга ёқмади, кўп танқидлар ҳам бўлди. Ўзи хонанда Нилуфар Усмонова билан "Кел-кел деганда келмадинг" қўшиғини, ижро этмоқчи бўлганимда, Акбар Атамуҳамедов пайдо бўлиб, қўшиқни "илиб" кетдилар. Ҳозирги кунда ҳеч ким билан дуэт ижро этиш ниятида эмасман.

 

- Озодбек Назарбеков билан дуэт ижро этиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

- Озодбек акам билан овозимиз-овозимизга тўғри келмайди. Ижро этсак бўлар балки... билмадим, ҳозирча бир нарса ўйлаб қўйганман, лекин ҳозирча бу сир бўла қолсин!

 

- Кўпчиликдан кўра яхши биладиган ишингиз?

- Кўпчиликдан кўра машина ҳайдашни яхши биламан, менимча. Биринчи машинамни 1997 йилда сотиб олганман, тўқ олчаранг тико эди.

 

- Ҳаётингиздаги энг муҳим кун қайси деб ўйлайсиз? Энг бахтли кун-чи?

- Муҳим кун, туғилган куним! Энг бахтли кун эса, уйланган куним!

 

- Ижод сиз учун нима ва сиз учун ижоддаги энг муҳим нарса?

- Ижод ҳаётим! Ижоддаги энг муҳим нарса эса, оиламнинг тинчлиги! Чунки, оилам тинч бўлса, бемалол ижод қиламан! 

 

- Сизни кутилмаганда нима ҳайратга солиши мумкин?

- Хорижга берилган билет! (кулиб юборади) Менга совға қилиб, албатта. Чунки, ҳеч ким менга бунақа совға қилмаган, доим ўзим сотиб оламан!

 

11_resize_1.jpg

 

- Эркак киши айнан, нима ишни қила олиши керак, деб ўйлайсиз?

- Менимча, эркак киши ҳамма ишни қила олиши, билиши керак! 

 

- Мухлисларга тилакларингиз?

- Мухлисларга тилагим, соғ-саломат бўлишсин! Доимо бор бўлишсин! Мени қўшиқларим қанақадир кайфият улашаётган бўлса, мен ўзимни бахтиёр ҳисоблайман. Юртимиз тинч бўлсин!

Саида Вахобова

dostonubaydullayev6_resize.jpg