FATTOHHON.COM
« Все новостиРоссия Пазандалик Ассоциацияси Президенти Виктор Борисович Беляев билан суҳбат
- Ҳурматли Виктор Борисович, Ўзбекистонга бу биринчи ташрифингизми? Ёки?
- Аввал ҳам бўлганман. Охирги марта 1982 йилда Ўзбекистонга келганман. Телевизорда ҳар қанча кўрсатиш мумкин, лекин ўзим бу ерга келиб, кўриб, кўп ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибман. Инсонларнинг юзларидаги табассумни, порлаб турган бахтиёр чеҳраларини кўриб, Ўзбекистонда ҳаммаси ажойиблигини билиб турибман.
- Ҳурматли Виктор Борисович, Ўзбекистондаги биринчи Ошпазлар Саммити ҳақидаги таассуротларингиз?
- Ўзбекистонда биринчи Саммит юқори даражада бўлиб ўтди! Бу нафақат, Ўзбекистон ва Россияда балки, бутун жаҳонда инсонларнинг бирлашиши, жам бўлишидир. Чунки, бутун жаҳонда бўлаётган иқтисодий стресс, тузатиб бўлмас зарар келтирмоқда. Биз эса, пазандачилик соҳаси вакиллари, тинч касб эгаларимиз. Биз, инсонларга жуда ҳам керакли бўлган касб эгалари, бирлашиб уюшмоқдамиз. Шунинг учун ҳам, бугун бу ерда Молдова, Озарбайжон, Руминия вакиллари ҳам бор. 2 кундан сўнг, биз Кореянинг Сеул шаҳрига борамиз. У ерда Пазандалар конгрессида, яна бошқалар ҳам бўладилар. Бугунги Саммит шунинг яққол исботики, бугун Ўзбекистонда ошпазлик касбига, халқаро касб деб қаралмоқда. Биз Россияликлар ва ўйлайманки, менинг дўстларим ҳам, бунга қўшилган ҳолда, бу ерга соҳамиз вакилларини олиб келамиз. Чунки, ошпазлар, айниқса, ёш авлод вакиллари ўқиб-ўрганишлари керак! Улар ўзаро мулоқотда бўлишлари жуда ҳам зарур. Биз ўзимиз шундай муҳитда ўсганмиз, доим мулоқотда бўлганмиз. Фақат, касб, мутахассислик, инсонлар ўртасидаги дўстона муносабатлар бўлган. Шунинг учун, ҳам Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси, ўзининг биринчи вазифасини жуда ҳам муваффақиятли бажарди, деб ўйлайман. Умид қиламизки, бу биринчи Саммит, лекин охиргиси эмас! Саммитнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, бошқа чиқишлардан ҳам кўра, бу ерда ошпазлик соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий ва уста-пазандалар тақдирланганликлари ва ёшлар бунинг гувоҳи бўлганликларидир. Негаки, ёшларнинг, албатта ҳаётга потенциали бўлиши керак! Улар бу касб фидоийларига, устозларга қандай ҳурмат билдирилганлигини кўрдилар. Бу эса, жуда ҳам муҳим! Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси, бу соҳа мутахассисларини бирлаштириш, уларнинг бирдамлиги йўлида катта бир жиддий қадамни амалга оширди, деб ҳисоблайман.
- «Toshkent Plaza» меҳмонхонасида бўлиб ўтган, Саммитнинг кўргазмали ва бадиий қисмида ҳам иштирок этдингиз. Ушбу кўргазмада ва умуман ёш мутахассисларнинг ишларини кузатиш жараёнида, қай ҳолатлар ёки тайёрланган таомлар, айнан қайси жиҳатлар сизнинг эътиборингизни тортди?
- Мен ва ҳамкасбларимга, ёшларнинг айнан шу касбга, касбни эгаллашга бўлган интилувчанлик жиҳатлари маъқул бўлди. Улар балки, ҳали етарли тажрибага эга эмасдирлар, ҳали ўзлари учун нима олаётганликларини, нимага эга бўлаётганликларини ҳам билмаётгандирлар, лекин улар бутун ҳаётлари давомида жуда ҳам керакли бўлган касб эгаси бўляптилар! Энг асосий, ёқимли жиҳати, ёшлар ҳозир одат тусига кираётгандек, кун бўйи ҳеч нарса қилмай, офисда ўтираман, деб югурмаяптилар. Ахир барибир, ҳамма касбга меҳнат орқали эришилади. Бу ёш ошпазлар эса, ўз касбларига эга бўлиб, унга меҳр қўйсалар, кейинчалик яна ўқишларини давом эттиришлари, келажакда энг яхши ресторанларда ишлашлари мумкин. Бугун биз уларнинг ёниб турган кўзларини ва таҳсинга сазовор бўлган ишларини кўрдик. Мени энг ҳайрон қолдиргани, у ерда европа ошхонасидан деярли ҳеч нарса йўқ эди. Ҳақиқий, ўзбек миллий ошхонаси бор эди! Биз кўпинча шу ҳақида гапирамиз. Негаки, ҳар бир мамлакатнинг ошхонаси, бу унинг миллий бойлигидир. Худди, Ўзбекистоннинг халқи томонидан яратилган адабиёти, мусиқаси ва бошқа бойликлари каби. Шунинг учун ҳам, ёшларни миллий хусусиятларга йўналтириш, бу энг муҳимидир! Бу худди сўзлашув тили каби, аввал ўз тилингда сўзлашишни ўрганишинг керак, кейин, бошқа тилларни ўрганасан. Мана ёшлар ҳам, аввал ўз миллий ўзбек ошхоналарини мукаммал ўзлаштириб, ўрганганларидан сўнг, кейин жаҳон ошхонасини ўрганмоқдалар.
- Ўзбек миллий ошхонаси ҳақида айтиб ўтдингиз. Ўзбек миллий ошхонасидан қайси таом сизга манзур ва ўзингиз қайси таомни тайёрлай оласиз?
- (жилмайиб) Менинг Ўзбекистонлик дўстларим менга палов пиширишни ўргатишган! Мен паловни жуда ҳам яхши пишираман! Лекин, шуни дарҳол айтиб ўтмоқчиман, барибир палов тайёрлашнинг қандайдир бир сири бор. (кулиб юборади) Масалан, бизнинг рус ошхонасида ҳам, баъзи таомларнинг ўз тайёрлаш сири бўлганидек. Шунинг учун, ҳам мен пиширган палов барибир унақа зўр чиқмайди! Лекин, палов менинг энг севимли таомим!
Саида Вахобова