FATTOHHON.COM
« Все новости 1-2 март кунлари Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов, "Эй дил" деб номланган навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этганидан хабардорсиз. Ушбу концертда бўла олмаганларнинг талаб ва таклифларига кўра, бироз кечроқ бўлса ҳам репортажни тақдим этамиз.
1 март хонанда учун қўшалоқ байрам, негаки, концерт дастурининг биринчи куни бўлишидан ташқари, бу кун Ғуломжон Ёқубовнинг таваллуд топган куни!
Концерт дастури Абдуҳошим Исмоиловнинг ғижжак ноласи билан бошланди.
Сўнгра, "Хизматингга доим тайёр Ғуломингман халқим!" дея, Ғуломжон Ёқубов саҳнага чиқиб келди.
Концерт режиссёри "Замин" студияси раҳбари Саъдулла Абдуллаев.
Концерт дастурида Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон бошловчилик қилишди. Эътиборли жиҳати, саҳнанинг бир тарафига бошловчилар учун махсус жой қилинган эди.
Концерт давомида бошловчилар фақат концерт дастурини олиб бориш билан чегараланмадилар. Насиба Абдуллаева "Қалдирғоч", Сардор Раҳимхон эса "Моҳитобоним" қўшиқларини ижро этишди.
Саҳна декорацияси ўзига хос бўлиб, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашгандек эди. Тўридаги катта мониторда хонанданинг клиплари қўшиқларга мослаб намойиш этиб турилди.
Концертда созандалардан ташқари, бэк вокал ҳам иштирок этишди.
Концерт уч блокдан иборат бўлиб, хонанда Ғуломжон Ёқубов ҳар бир блокда 10 тадан қўшиқлар куйлади.
1 блок
Қўшиқлар: "Ғуломингман халқим", "Танго", "Ҳуснинг малоҳат!", "Лайло қайлардасан?", "Яхши ёмонсиз бўлмас" (дуэт), "Оҳ мани ягонам, гўзалликда афсонам", "Энг ширин орзулар қалбимда", "Атиргулимни олмадинг, қўлларимда қолди", "Санам", "Кўзлар".
2 блок
Қўшиқлар: "Эй дил", "Адосиман", "Гулилола", "Қийнама", "Ошиғингман", "Дунёларни титратар етим бола ноласи", "Борайми ё келармисан?", "Атай келдим Тошкентдан" (дуэт), "Қараш-қарашларинг куйдирди мани", "Боринг бўлай қизгина".
3 блок
Қўшиқлар: "Умр ўтар", "Лола", "Фақат сен ранжимасанг", "Ёмонлик йироқ кет бизлардан", "Оҳ, мени Лайлим", "Насиба", "Ўзимман гирёнаси", "О меҳрибоним, эй дўстим", "Бу Ватанни севиш ўзи кам!".
Ғуломжон Ёқубов концерт давомида, 2 та дуэт куйлади. Бири ёш хонанда Ирода Аллабергенова билан, иккинчиси эса, хонанда Ҳосила Раҳимова билан биргаликда бўлди. Хонанда Ҳосила Раҳимова хонандага сурхон дўпписи кийгазди.
Ҳар бир қўшиққа ўзига хос рақслар саҳналаштирилган бўлиб, рақсларда "Тошкент зеболари" рақс ансамбли қизлари рақс тушишди. "Санам" қўшиғида эса, машҳур раққоса Рушана Султонованинг ўзига хос рақсини кўриш мумкин эди.

Концерт дастури давомида Насиба Абдуллаева ва Ғуломжон Ёқубовнинг самимий ҳазиллари, жуда қизиқарли чиқди. Айниқса, Насиба Абдуллаева томонидан "Ваъда қилганингиздек "Насиба" деб номланган қўшиқни айтасизми?" деганда, Ғуломжон Ёқубов ҳам ваъдасининг устидан чиқиб, шартта янги "Насиба" деб номланган шўх қўшиқни куйлаб бериши ва қўшиқ куйлаш давомида, Насиба Абдуллаевага қилган ҳазили жуда ҳам кутилмаган ва ўзгача бўлди.
Концерт дастури ниҳоясига оз қолганда, хонанда Ғуломжон Ёқубовнинг ўзи ҳам, кўтаринки кайфиятда "О меҳрибоним, эй дўстим" қўшиғида, раққос йигитлар билан рақсга тушди!
Хонанда концерт давомида 3 блокка мослаб, 3 хил кийимда: Оқ, жигарранг ва сиёҳранг костюм-шимда бўлди. Албатта, кийимлар хонанданинг имиджига мос равишда, ниҳоятда дид билан танланган.
Биринчи блок орасидаги танаффусда, сўз усталари Ботирхон Имомхўжаев ва Шукурулло Исроилов биргаликда, "Тошойна" кўрсатувига пародия намойиш этишган бўлишса, иккинчи ва учинчи блок орасида,
сўз усталари Тўхтамурод Азизов, Ўткир Муҳаммадхўжаев, Болтабой Тошматовлар "туғилган кунга совға" ҳазил номерини намойиш этишди. Ўз навбатида Ғуломжон Ёқубов ҳам уларга муносиб жавоб қайтара олди.
Концерт якунида, Ғуломжон Ёқубов "Бу Ватанни севиш ўзи кам!" қўшиғини куйлай бошлаганида, томошабинлар саҳнага ёпирилиб, севимли хонандаларига тўхтовсиз гуллар тақдим этиб, суратларга олиб, у билан қўл бериб кўриша бошладилар. Хонанда эса, ҳеч кимни ранжитмаган ҳолда гулларни қабул қилиб, мухлисларга миннатдорчилик билдирди. Хонанданинг энг кекса мухлисаси ҳам четда қолмади, шоир Омон Матжон эса, хонандага ўз китобига дасхат ёзиб туҳфа этди.
Концертдаги ҳар бир саҳна намойишлари пухта ўйланганлиги, ҳамда концерт дастури самимий руҳда, ижодий кеча каби файзли ўтганлиги билан бошқа концертлардан ажралиб турди, назаримда.
Саида Ваҳобова тайёрлади
Репортаж "Тасвир" газетасининг 8 март (2012) кунидаги 10 сонида сонида чоп этилди