FATTOHHON.COM
« Все новости
"Хонанда Ботир Қодиров ноқонуний равишда хорижда концерт бериб келибди. Лицензиядан маҳрум бўлгани қолибди..."
Сўнг пайтда "болалаган" бундай гап - сўзлар, қолаверса, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг расмий сайтидаги санъаткорларга фирибгарларнинг алдов тўрига тушиб қолмаслик учун, огоҳ бўлиш ҳақидаги мурожаати, муаммога аоҳида тўхталиш ва масалага ойдинлик киритишга ундади. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Музаффар Акромовнинг бу борадаги фикрлари, албатта, эътиборга молик.
"Ташкилотчи"нинг югургани... хорижгача"
Одатда судга мурожаат этилиб, судда айби исботланиб, сўнг суд қарори эълон қилингандан кейингина, кимнидир фирибгар дейиш мумкин. Лекин, афсуски, баъзи санъаткорлар шундай ҳолатга тушсалар ҳам, судга мурожаат қилишни лозим топмайдилар. Халқ олдида обрўсизланмаслик, қолаверса, "бўлар иш бўлди" қабилида, қўл силтаб ортга ташлайдилар. Аммо, баъзи санъаткорлар томонидан йўл қўйилган айнан шу "кечиримлилик" бундай ҳолатлар яна содир бўлишига сабаб бўляпти.
Кўпчилик санъаткорлардан пул олиб, "Фалон мамлакатда концертингни ташкиллаштираман, йўл харажатини ўзинг кўтарасан, бир марта чиқиб берасан бўлди, томошабин тушишига қараб, келгуси концертлар ҳақида ўйлаб кўрамиз" деб ишонтириш ҳолатлари, сўнгги 2-3 йил ичида кўп учраяпти. Бундай ҳолатлар бошқа важ-баҳоналар билан оддий фуқаролар билан ҳам содир бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Одамлар фирибгарларнинг гапларига ишониб, "Йўл харажатини тўласам бўлди, визамни ҳам қиляпти, меҳмонхона ҳаражатларимни кўтаряпти, буёғи бир гап бўлар" деб хорижга боришган, у ерда эса ўша "ташкилотчи", "Пулим йўқ, ҳозир ёнингиздан тўлаб туринг, кейин сизга берарман" деб, ҳатто меҳмонхонага ҳам пул тўламаслик ҳолатлари рўй берган. Огоҳлантиришларимиздан мақсад-санъаткорларимизни шу каби ҳолатлардан сақлаш!
Фигибгарларни ушлаш, фирибгарлик ҳолати юзасидан арз қилиш - одамларнинг ўзига боғлиқ. Агар қайсидир фуқаро алдов йўли билан чув тушиб қолса, албатта суд ва прокуратурага мурожаат қилиши лозим. Мутлақо нотаниш кимсанинг фирибига ишониб, алданиб қолган фуқаролар одамларга кулгу бўлишни истамай, судга мурожаат қилишни ҳоҳламасалар, ночор ҳолатга тушишларига фақат ўзлари айбдордирлар.
Мўмай даромад орзуси, ғафлат ва фириб ботқоғига тортмасин!
"Пулимни берармикин ёки...?"
Агар бирор шахс санъаткорларнинг чет эл сафарига бориши тўғрисида музокарага киришиб, шундай сафарларни режалаштирса, санъаткорлар "Ўзбекнаво" Эстрада бирлашмаси мутахассислари билан бу борада маслаҳатлашишлари зарур, чунки мутахассислар уларга ўз ҳақ- ҳуқуқларини талаб қилиш борасида маслаҳат берадилар.
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ташкилотчилигида кўплаб санъаткорларнинг концертлари, чет элларда муваффақиятли ташкил этилиб келинмоқда. Масалан, яқинда бир гуруҳ санъаткорлар-Озодбек Назарбеков, Жаҳонгир Позилжонов, Зиёда Қобулова Кореянинг Сеул шаҳрида катта концерт беришди. Ўтган йили Озодбек Назарбеков Россияда концертлар берган эди. Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Ҳар бир санъаткор чет элга чиқишдан олдин "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига расман билдириш бериши керак. Хорижга ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиб, уларни расмий ҳужжатларда муҳстаҳкамлаб олиб чиққан санъаткор асло қоқилмайди.
Тартиб - қоида қандай ўзи?
Хориж санъаткорлари ҳам бизнинг юртимизга концерт бериш учун келганларида, улар тарафидан "райдер" берилади. Икки тарафлама шартнома тузилади, келишилган маблағ 2 кун аввал тўланади, концертга чипталар шартнома имзолангачгина сотилади. Энг асосийси, концерт белгиланган кунда, белгиланган концерт залида, маълум вақтда бўлади. Шартномага илова қилинган "райдер" шартноманинг ажралмас қисмидир. Уни бузиш, шартномани бузишга олиб келади. "Райдер" нима ўзи? Бу санъаткорнинг ўша концерт берилиши керак бўлган мамлакатга самолётда қўнганидан бошлаб, мамлакатдан қайта учиб кетгунга қадар бўлган вақт ичидаги унинг талаблари демакдир. Масалан, уни қандай машинада кутиб олишади, қандай меҳмонхонада яшайди, концерт бўладиган залга соат неччида келади, унга қандай пардозхона тайёрлаб қўйилиши керак, ҳаттоки ўша пардозхонада нималар бўлиши ва бўлмаслиги кераклигигача белгиланган бўлади. Бу "юлдузлик" эмас, ташкилотчининг масъулиятини ошириш демакдир. Бу санъаткорнинг ўзига бўлган ҳурмати ҳам. Ўшанда "нима бўлар экан, қаерда турар эканман, пулимни берармикан?" деган саволларга ҳожат ҳам қолмайди. Чунки, қонуний шартнома бу саволларнинг барига кафиллик беради.
Тартибга риоя қилиш керак.
Ботир Қодировга берилган лицензия муддати тўхтатилганлиги сабабларига келсак, бу ерда тартиббузарлик ҳолати қайд этилган. Миллий эстрада санъатини мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан тасдиқланган "Эстрада санъати соҳасида фаолият юритаётган санъаткорларни хориж давлатларига чиқиши тўғрисида"ги тартибга асосан, ҳар бир санъаткор чет элга чиқиб кетаётганда, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига расмий билдириш бериши шарт. Хонанда Ботир Қодиров олдин дам олишга, чет эл сафарига чиққанда, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига "дам олишга кетяпман", деб ёзиб кетган.
Демак, шундай тартиб борлигини билган. Лекин навбатдаги дам олишга кетаётганида негадир маълум қилмаган. Аммо хонанданинг лицензия муддати тўхтатилишига чет эл сафари ҳақида маълум қилмаслик, ягона сабаб эмас!
Хонанда Ўзбекистон Республикаси Вазира Маҳкамаси томонидан 2012 йил 5 апрель куни тасдиқланган 07/ 1- 250- сонли "Республика ва вилоятларнинг таниқли санъаткорлари ва театр артистлари иштирокида қишлоқ жойларда ўтказиладиган маданий-маърифий учрашувлар ва тарғибот- ташвиқот тадбирлари режаси" нинг ижроси таъминланмаганлиги туфайли ҳам лицензиясидан маҳрум этилган.
Санъаткорларимизда ҳуқуқий билим етарли эмасми?
Афсуски, бизнинг санъаткорларимиз оғзаки шартномаларга ишониб қолишяпти! Уларнинг кўпчилиги "бўпти, реклама қилиб юборавер, келишамиз" дейишади...
Ўзбек санъаткорларида орият кучли, "бу ёзадиган нарса эмас, мусофирчилик, бориб бошқа бир мамлакатни кўриб келганимиз қолди", деб қўя қолишади. Лекин шу ўринда бир савол туғилади. Бизнинг юртимизни, Бухоро, Самарқандни, тарихий обидаларимизни кўришни чет эллик санъаткорлар орзу қилмайдиларми? Дейлик, бирор хорижлик санъаткорни олиб келиб, "Мана, Бухоро, Самарқанд" деса, у ҳам, "Кўриб қолганим қолди, алдансам ҳам майли" деб қўл силтаб кетавермайди-ку! Албатта, ҳуқуқий ҳужжатлар ва шартнома тузишади. Баъзи инсофсиз кимсалар санъаткорларимизнинг бундай "бағрикенглиги" дан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда, назаримда. Юқорида айтилганидек, "оғзаки" шартнома тузган санъаткорларимиз, шундоғам йўл харажатларини ўз ёнларидан кўтарадилар. Оқибатда нотаниш "ташкилотчи" нинг гапига "чув" тушишади. Ахир қонуний тарафлама шартнома тузиб кетишса, ўша мамлакатга боргач, шартнома талаблари бажарилмаса, ортига дарҳол қайтиб кетишга ҳам ҳақлари бор. Бу ўз ҳурматини, қадрини жойига қўйиш демакдир. Қачон-ки инсон ўз- ўзини ҳурмат қилсагина, уни бошқалар ҳам ҳурмат қилишади.
Фирибгарлар ҳар ерда бор
Лицензиянинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш чораси, охирги 2-3 йил ичида бошқа 3-4 санъаткорларга ҳам қўлланган. Бу ҳақида "Ўзбекнаво" сайтида ҳам эълон қилинган. Санъаткорлар халқ кўз ўнгидаги инсонлар, уларга шунча эътибор қаратилаётган бир пайтда, уларга ҳам ҳаволанмасдан, тартиб-қоидаларга амал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Чунки, тартиб-қоида ҳамма учун баробар.
Юқорида айтиб ўтилган фирибгарлик ҳолатлари, фақатгина хорижда эмас, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам учраб турибди. Масалан, Сирдарёда бир шахс "Озодбек Назарбековни олиб келаман, концерт беради" деб халқни алдаган. 2 кун қолганда, бундан "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси хабар топган ва бу ишлар тўхтатилган. У концерт учун рухсат олинмаган ва санъаткорнинг ўзи ҳам бундан бехабар бўлган. Лекин фирибгар, бундан тегишли хулоса чиқармай, ўзича "бир ойдан сўнг, худди шу куни бўлади" деб яна одамларни алдашда давом этган. Унинг саъй-ҳаракатлари яна фош бўлган. Айни кунда бу шахс қидирувда экан. Бундан ташқари, Салаев фамилияли шахс ҳам, Бухорода ва Хоразмда концерт қиламан, деб кўп санъаткорларни алдаган. Ҳаттоки таниқли санъаткорларнинг биридан "Хоразмда концерт уюштириб бераман", деб, пулини олиб, концерт ўтгач, қочиб қолган. Санъаткор учун меҳмонхонага ҳам, йўл харажатига ҳам пул тўламаган. Бу шахс бир эмас, бир неча санъаткорларни шу йўсинда алдаган бўлиб, ҳозирда қидирувда.
Юқоридаги мисоллар нафақат санъаткорлар, балки барча оддий фуқаролар учун ҳам сабоқ бўлса, арзийди. Хорижга чиқиш орзуси яхши, аммо у ердан қарзга ботиб, алданиб, ҳафсалангиз пир бўлиб қайтганингиз кимга керак? Санъаткорларимиз эса қандайдир сохта "ташкилотчилар" туфайли фақат ўз қадрларини эмас, "ўзбек санъаткори" деган номни ҳам ерга уришлари, қадрини туширишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрсалар, ёмон бўлмасди.
Саида Ваҳобова ёзиб олди.
Тасвир газетасининг № 20 (757) 17 май сонида (2012 йил) чоп этилди