FATTOHHON.COM
« Все новостиСаволлар:
1) Қайси мактабда ўқигансиз ва биринчи ўқитувчингизнинг исми?
2) 25 май куни нимани ҳис қиласиз?
3) Мактабни битирганингизга неча йил бўлди?
4) Мактаб давридаги энг яқин дўстингизни эслай оласизми?
5) Мактаб давридаги дўстликка ишонасизми?
6) Мактаб давридаги севгига муносабатингиз?
7) Ўзингизда мактаб даврида севги бўлганми ва исмини айта оласизми?
8) Қайси фанни ёқтирардингиз?
9) Қайси фанни ўзлаштира олмагансиз?
10) .Қайси фан ўқитувчисини ёқтирардингиз ва қайси фан ўқитувчисини ёқтирмасдингиз?
11) Мактабни 4 та сўз билан ифодалаб беринг.
12) Мактаб даврида сизга нечта йигит севги изҳор қилган?
13) Мактаб даврида 25 майда нималарни ҳис қилардингиз?
14) Мактаб даврида уришиб қолиб, узоқ вақт кек сақлаб ҳалигача яраша олмаган дўстингиз борми?
15) Қачон биринчи марта дарсдан қочгансиз?
16) Мактаб даврида қайси ўйинларни ўйнардингиз?
17) Мактаб давридаги ўқитувчиларингизни кўриб турасизми?
18) Синфдошларингиз билан йиғилиб кўришиб турасизларми?
19) Қайси фандан аъло баҳога ўқигансиз?
20) Мактаб даврингизда лақабингиз бўлганми ва уни айта оласизми?
21) Мактаб форма кийиш ёқармиди?
22) Мактаб даврида дўст хиёнати бўлганми?
23) Мактаб даврида қайси касбни орзу қилгансиз ва ўшани эгалладингизми?
24) Синфдошларингиз ичида мактаб даврида ҳам севишиб юриб, кейин бирга турмуш қурганлари бўлдими?
25) 4 та сўз билан 25 майнинг ўзини таърифлаб беринг.
1. ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ҒУЛОМЖОН ЁҚУБОВ
1. Кўкчадаги 40-мактабда ўқиганман. Биринчи ўқитувчим Ҳусния опа деган ўқитувчи бўлган.
2. 25 май куни ҳамма ёшлигини ўйлайди-да! Ҳамма "cўнгги қўнғироқ"ни, мактабни битиришини, мактаб пайтларини ўйлайди. Ёшлик мактабда қанақа ўтган, нима бўлган ҳаммани йиғлагиси келади ўша куни...
3. Мактабни 1967 битирган бўлсам, 45 йил бўлибди.
4. Ҳамма дўстларим билан яхши муносабатдаман, биргаман ҳозир ҳам.
5. Мактаб давридаги дўстликка ишонаман!
6. Мактаб давридаги севги ўткинчи бўлади.
7. Мактаб даврида севги? Бўлган.
8. Адабиёт, тарих рус тилини ёқтирардим. Кўпинча менга физика, математика, химия дарслари ёқмасди.
9. Бироз ўзлаштира олмаган фаним химия бўлган.
10. Ўқитувчиларимнинг ҳаммасини ёқтирардим. Лекин, жавоб бера олмасам, "икки" баҳо қўйса, ёқтирмасдим.(кулади)
11. Мактаб деганда, бу бутун ёшлигингни эслайдиган жой! Мактабнинг бошланиши ҳаётнинг бошланиши! Мактаб ота-онага ўхшаган жой! Мактаб деганда, йўлга бошловчи тушунаман. Ҳаётни, у ёққа ёки бу ёққа, тўғри йўлга бурадиган жой, мактаб дейилади. Мактаб ҳаётда энг зарур, энг керакдир! Масалан, ҳаётни бошланишини ёки бўлмаса ҳаётда қандай йўл тутишни, ҳамма нарсани мактабдан ўрганилади.
12. Бир нечта қизларга.
13. Бир хилларида мактаб тугаганда хафа бўлардим. Ҳар куни мактабда оғайнилар билан кўришардим. Мактаб тамом бўлса бир хилги вақт нима қилишимни билмай қолардим. Мактабни жуда соғинардим. Таътилда ҳам мактабга чиққим келаверарди. Лекин, мактабда баъзида яхши ўқимаган пайтларимда, "икки" баҳо қўйишган пайтларда мактабга боргим келмасди. Шунақа бўлади-де ҳаёт.
14. Мактаб даврида, уришиб қолиб, кек сақлаб гаплашмаган дўстларим ҳам бўлган. Лекин, кейин ярашиб кетганман.
15. Эй, дарслардан кўп қочганман. (самимий кулади) Ёшликда...
16. Мактаб пайтларида Волейбол, Футбол, баскетбол ўйинлари бор эди.
17. Бизга дарс берган ўқитувчиларнинг кўплари раҳматли бўлиб кетдилар. Илгари, бир хилги пайтлар, йиғилганимизда уларни ҳам чақирардик. Ҳозир энди улар йўқ....
18. Синфдошларнинг ҳаммаси билан йиғилишиб турамиз.
19. Тарих, ашула, адабиёт, рус тили.
20. Ҳа, (кулиб) кўп лақаб бўлган. Менга ҳам қўйишган, лекин уни айтмайман.(кулади)
21. У пайтдаги мактаб формаси ёқмасди. Кейин, илгари мактаб пайти соч қўйдиришмасди.
22. Йўқ, дўст хиёнати бўлмаган.
23. Болаликдан кўпинча санъаткор бўламан деганман, санъаткор бўлдим.
24. Синфдошларимиз орасида, турмуш қуришган битта жуфтлик бор. Улар ҳозир ҳам бирга.
25. 25 май куни, бу мактабнинг тугаши.
Мактабни тугаши, эса катта ҳаётнинг бошланиши!
Бу ёғига мактаб йўқ, энди.
Ҳаёт бошланиб кетади, деган маънода, ҳамма бир-бири билан хайрлашади.
Энди мактабга қайтиб келмайман деган фикрлар бўлади. Бир хиллар ишга кириб кетади, бир хиллар ўқишга кириб кетади.
Мактабдан кейин бошқа ҳаёт бошланади.
2 АКТЁР МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ
1. Ғофур Ғулом номли 169- мактабда ўқиганман. Биринчи ўқитувчимнинг исми Робия опа.
2. Мен фақат 25 майдамас, ҳар куни яхши нарсаларни ҳис қиламан. Худди шундай 25 майда ҳам! Мени, фақат 25 майда эмас, ҳар доим кайфиятим яхши. У кунни пойлаб ўтирмайман.
3. Мактабни битирганимга 25 йил бўлди.
4. Мактаб пайтида синфдошларимнинг ҳаммаси яхши ўртоқларим бўлишган. 2-3 та синфда оғайнилар бўлган. Лекин, ўртоқлар кўп эди.
5. Мактабдаги дўстликка ишонаман. Дўстлар билан жуда кўп кўришиб турмайман, асосан, тўй-ҳашамларда кўришиб тураман.
6. Мактабдаги севги? Менда унақа бўлмаган, у пайтларда ёш бола бўлганмиз. Жуда бир яхши кўриб қолаверадиган пайтлар эди. Муносабатим ҳам унчалик жиддий эмас, ўртача бўлган. Лекин бир хилларида жиддий ҳам бор, кўплар, кўпчилик. Мен ўзим биламан. Мактабдан танишиб, биринчи синфдан бирга ўқиб турмуш қурганлар ҳам бор. Демак, жиддий ҳам бўлиши мумкин экан. Булар икки оғизда гапириб бўлмайдиган гаплар. Бунга мисоллар кўп. Менда унақа бўлмаган. Билмадим.
7. Йўқ, мактаб пайтида севги бўлмаган, лекин Институтда бўлган. Мен энди унчалик жиддий қарамаганманми, у нарсага. Барибир кимдирлар яхши кўради, ёқади. Лекин, уни инсоннинг ўзи ҳам билмаслиги мумкин.
8. Адабиётни, меҳнатни, жисмони тарбияни, расм, ашула дарсларини. Ҳамма дарс ёқарди, лекин....
9. Ҳаммасидан яхши эдим.
10. Ҳаммасини ёқтирардим.
11. Қайтарилмас дақиқалар, беғубор ёшлик. Мактаб даврида оддий нарсани ҳам катта нарсадек қабул қиласиз. Ўзи шундай пайтлар.
12. (ўйланиброқ) Битта қизга ҳам севги изҳор қилмаганман.
13. У ёққа бу ёққа кетаман таътилда, деб хурсанд бўлардик. Лекин, 25 майда айнан нимани эслаб хурсанд бўлганлигим эсимда йўқ. Энди таътил бўлганлигини айтишса хурсанд бўлардик.
14. Йўқ унақаси йўқ. Ҳеч ким билан унчалик уришмаганман ҳам. Энди майда-чуйда гап, уришишлар бўлган-ку, лекин унчалик уришилмаган.
15. 10-синфда.
16. Чиллак, хоккей, футбол ўйнардик. Варрак учирардик, бекинмачоқ, қувлашмачоқ, кетка ўйнардик.
17. Йўқ, йўқ ўқитувчиларимни кўрмайман, минг афсус.
18. Ҳа, ўзимиз йиғилиб турамиз.
19. Ҳамма фанлардан яхши ўқишга ҳаракат қилганман.
20. Менда шу бугунги кунгача лақаб бўлмаган. Чунки, ҳеч ким қанақадир мос келадиган лақабни ўйлаб топа олмаган.
21. Ҳм, ёқарди.
22. Йўқ.
23. Болалигимдан артист, актёр бўлишни орзу қилганман. Худога беадад шукур актёр бўлдим.
24. Йўқ, синфдошлар орасида бўлмаган, бошқа ўртоқлар орасида бўлган. Мен шунчаки биламан, мактабда ёқтириб юрган қизига уйланган.
25. Битираётганлар учун ҳаяжонли дақиқалар.
Болалари битираётган ота-она учун ҳам худди шунақа ҳаяжонли дақиқа.
Мана ўғлим битирди нима бўларкин, ким бўларкин дейди.
Фарзандлар ҳам худди шунақа. Учинчиси, энди мустақил ҳаётга қадам қўйиши, тўртинчиси фақат интилиш.
3 АКТЁР АДИЗ РАЖАБОВ
1. Бухоро шаҳар 5-6 мактабларда ўқиганман. Биринчи ўқитувчим Муродова, исмлари тўғриси эсимда йўқ.
2. 25 майда ҳар йили одам ҳоҳласа ҳоҳламаса, ўша битирган йилларини, битирган куни, мактабда ўтказган энг яхши лаҳзаларни эслайди. Ҳар бир инсон учун сийқаси чиқиб кетган гап-ку, лекин ҳар бир мактабда ўқиган инсон учун мактаб даври, унутилмас давр!
3. Мен 10-11 синфларни Тошкентда ўқиганман. Ўшанга Бухорода 9 синфни 1999 йил битирганман. 11 синфни Тошкентда 2001 йил Миллий лицейда битирганман.
4. Бизлар синфдошлар ҳаммамиз аҳил эдик. (ўйланиброқ) Яқин дўстларимдан мактабда Анвар бор эди. (Сал ўйланиб) Фирдавс, Маҳмуд, Ўктам шулар. Ҳозир ҳам кўришиб турамиз, чунки ўша пайтдаги ўртоқлар барибир ҳам бошқача бўлади.
5. Мактабгаи дўстликка ишонаман.
6. Яхши. Чунки, ҳар бир нарса вақтида ўтиши керак. Инсон айни ўтиш даврида, 13-14 ёшларда мактабда ўқиётган бўлади, албатта сезгани ва шундай беғубор туйғуларнинг бўлгани яхши.
7. Албатта бўлган. (кулади) Лекин, йўқ, исмини айтмайман.
8. Рус тили, Жисмоний тарбия шулар (кулади)
9. Аниқ фанлар альгебра, геометрия, физика.
10. Ўқитувчиларимиз Худога шукур, жуда ҳам яхши бўлишган. Чунки, масалан айрим фанларни ёқтирмасдик, лекин ўқитувчиларимизнинг ўзлари жуда ҳам яхши эдилар. Йўқ ундай конфликтларга бориш бўлмаган, чунки ҳаммаси яхши эди. Ўзлаштира олмасак ҳам ўзлиги ёрдам беришарди. Турдиева Манзура деган домламиз бўлардилар мактаб пайтда бизни синф раҳбаримиз. Жуда ҳам яхши аёл эдилар. Алгебра, геометрия фанидан дарс берардилар.
11. Ёруғлик, беғуборлик, ҳаёт мактабига етаклайдиган жой. Инсон, масалан, мактабни битиргандан кейин, ўша мактабда қанақадир таълим, ўша ўқитувчидан яхши насиҳатлар олса, кейинчалик ҳам инсон ўзининг ҳаётини, ишини каръерасини ҳам нимадир қилиши мумкин. Мактабга кўп нарса боғлиқ.
12. Мактабда, битта қизга шу.
13. Ўқиётган даврда одам тушунмайди у нарсани.
14. Йўқ. Уришардик лекин, барибир тезгина ярашиб олардик.
15. (кулиброқ) Эсимда йўқ, лекин қочиб турардик. (сал ўйланиб) Химиядами қочардик-де, кўпроқ.
16. (ўйланиб) Кучуклардан қочиш бўларди. Экстрималь. Ҳар хил.
17. Ҳа кўриб тураман. Мактабга бориб тураман.
18. Ҳа.
19. Рус тили, ингилз тили, меҳнат дарси.
20. Йўқ.
21. Унақа мактаб форма бўлмасди, оқ кўйлак, қора шим бўларди.
22. Йўқ.
23. Ўша инглиз тилини яхши кўрардим. Тилшунос, таржимон бўлишни орзу қилардим. Йўқ бўлмадим.
24. Йўқ бизларни синфимизда унақаси бўлмаган.
25. 25 май унутилмас байрам.
25 май болалигимизга бир сонияга қайтадиган кун!
4 АКТРИСА РАЙҲОН УЛАСЕНОВА
1. 113 - ўрта мактабда ўқиганман. Биринчи ўқитувчимнинг исми Лолахон
2. 25 май, мактабни битирганимизга 13 йил бўлиши катта муддат. Бу йил айниқса, мен учун жуда ҳам ҳаяжонли, негаки бу йил фарзандим Азизбек биринчи марта "сўнгги қўнғироқ"ни кўряпти, бу кунга жуда ҳам қаттиқ тайёргарлик қиляпти.
3. 13 йил бўлди.
4. Мактаб даврида дўстларим унчалик кўп бўлган деб айтолмайман. Лекин, Камола деган синфдошим яқинларимдан бири эди. Ўзи кўпроқ ўғил болалар билан дўстлашар эдим. (кулиб) Характерим тарафлама, ўғил болачароқ бўлганмидим, дўстларим, синфдошларим кўпроқ ўғил болалар билан кўпроқ дўстлашганман.
5. Ўзи дўстликка у қадар ишонмайман. Чунки, вақт ўтиб, шоу бизнесга кириб келдик. Мактаб давридаги дўстлик балки бўлиши мумкину, лекин шоу бизнесдаги дўстликка умуман ишонмайман. Бу менинг шахсий фикрим. Мактаб давридаги дўстлик, болаларча дўстлик. Мактаб давридаги дугоналарим билан кўришиб, телефонлашиб турамиз, лекин кўп эмас. Чунки, ҳамманинг оиласи, фарзандлари бор.
6.7. Мактаб давридаги севгига, менинг ҳақиқий севгим айнан мактабни битираётган пайтимда бўлган. Бу йил турмуш қурганимизга 9 йил бўлади. Турмуш ўртоғим Ёдгорбек Уласенов билан мактабни битираётган пайтимда танишганман. Лекин, синфдошим эмаслар.. Мактаб давридаги севги, ҳақиқий севги деса ҳам бўлади.
8. Мактаб даврида адабиёт ва биология фанини жуда ҳам яхши кўрардим. Чунки, шу ўқитувчилар мени бошқалардан кўра кўпроқ қўллаб-қувватлашарди ва шу билан биргаликда қизиқ дарс ўтишарди. Адабиёт ўқитувчим Муаттар Алиевна ҳали-ҳали ҳар битта ютуқларимни эслаб, ўзлари қўнғироқ қилиб, туғилганим куним, байрамларда табриклаб қўллаб-қувватловчи ўқитувчим деб айта оламан. Чунки, 4 синфдан 11 синфгача бизни синф раҳбаримиз бўлганлар ва доимо қўллаб-қувватлаганлар. Биология ўқитувчи Муҳтарам опа, улар ҳам санъатга қаттиқ қизиққанлари учун, санъат билан боғлиқ ҳар хил кўрик-танловларга улар ҳам борар эдилар. Уларни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан ва уларнинг фанларини ҳам яхши кўраман. Уларнинг фанидан яхши ўқишга ҳаракат қилганман. 9 синфни фақат аълога битирганман, лекин 11 синфда фақат битта экологиядан "тўрт" баҳоим бор эди.
9. Фанларни ўзлаштира олмаганман, дея олмайман. Чунки, ҳамма фанлардан "беш" баҳо олганман. Физика, химия балки сал қийинроқ туюлган бўлиши мумкин, лекин ўзлаштиришга ҳаракат қилганман. Ўша вақтларда кўп вақт рақс билан шуғулланардим, дарсдан қолиб кетган пайтларимда ҳам, келиб ўша дарсларни олиб, ўзлаштиришга ҳаракат қилардим. Чунки, дадамлар айтардилар-ки, "биринчи навбатда ўқиш туриши керак. Чунки, мактабдаги илм ҳаёт давомида керак бўлади", деб айтардилар.
10. Бизнинг мактабимиздаги ҳамма ўқитувчилар яхши эди. Ҳамма ўқитувчиларни ҳурмат қиламан. Ҳаттоки, бизнинг синфимизга дарс бермаган бўлса ҳам.
11. Мактаб бу илм ўчоғи! Мактаб бу ёшлигимиздаги энг гўзал дамлар ва ҳаётнинг энг чиройли дамларини эслар эканмиз, барибир мактабга қайтасиз. Мактабни таърифлашга келганда 4 та сўз камлик қилади.
12. (кулади) Энди эсимда йўқ. Лекин, "тайный поклонник"ларим кўп бўлишган. Ўша пайтда "мактабнинг юлдузи" деб аташарди. Чунки, рақс билан шуғулланганим учун турли танловларда, ҳамма байрамларда рақсга тушиб, қўшиқ айтиб юрганим учун, бундай йигитлар кам бўлмаган. (самимий кулади)
13. Мактаб даврида ўша 25 майни яқинлашишини жуда-жуда ҳоҳлардик. Чунки, барибир бола бўлганмиз, шўх бўлганмиз. Тезроқ шу дарслар тугасаю, уч ойлик таътил кунлари бошланса деб, ҳис - ҳаяжон билан жуда ҳам энтикиб кутардик. Ҳозир эса, шу дамларни эслар эканмиз, бекор шу кунларни кутган эканмиз, кўпроқ давом этса яхши бўлар экан, деган хаёл ҳам ўтади, ҳозир.
14. Бошида айтиб ўтдим Камила деган синфдошим билан 9 синфнинг бошида урушиб қолиб, мактабни тугатаётган вақтида ярашганмиз. Ўзи мен характеримга кўра, бирор инсон билан уришиб қолсам, узоқ вақт гаплашмасдан юра олмайман. Ҳоҳ у одам айбдор бўлсин, ҳоҳ мен. Агар мен айбдор бўлсам, иложи борича тезроқ бориб, кечирим сўрашим керак. Чунки, бу кечирим сўраш айб эмас! Мактабда унақа уришиб қолиб, ҳалигача кечирмай юрган синфдошлар йўқ. Балки, ҳаётда бўлган бўлиши мумкин, лекин мактаб тарафлама йўқ! Биргина Комила билан ярашиб олганмиз. Лекин, ҳаттоки нега уришганимиз ҳам ёдимда йўқ.
15. (кулиб) Дарсдан қочиб юрган одам эмасмиз!
16. "Ўртага туш" ўйимиз, копток билан., ҳамда Резинкада сакраш ўйинлари эди.
17. Ҳа, албатта. Мана синф раҳбарим ҳам ўзлари телефон қилиб турадилар.
18. Ҳа, камдан кам.
19. Ҳамма фанлардан аълога ўқиганман.
20. Билмадим. Ҳеч бировга лақаб қўймаган эканмиз. Лақаблар қўйиш, бир-биримизни устимиздан кулиш бўлмаган!
21. Мактаб форма кийиш ёқарди, форма киярдим.
22. Эсимда йўқ.
23. Мактаб вақтмида иккита касбни чуқур эгаллашни ният қилгандим. Хореография билим юртига ўқишга кирмоқчи эдим, келажакда буюк раққоса бўлиш орзуйим бор эди. чунки, 5 ёшимдан рақс билан шуғулланган эдим. Лекин, бир воқеа сабаб, дадамлар қарши бўлганлар ва шунда мен Тошкент Давлат Санъат институтига ўқишга кирганман. Ўшанда қўшиқ ҳам айтаман, рақсга ҳам тушаман, роль ҳам ўйнайман, деганман. Лекин, барибир раққосалик армон бўлиб қолиб кетган. Лекин, барибир санъат йўлига юришим керак экан.
24. (самимий) Эсимда йўқ.
25. (самимий кулиб) 4 та сўз камлик қилади! (самимий) Барча битирувчиларга тилагим мактаб давридан, олдимизга қўйган мақсадга эришишга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон ярим йўлда қолдириб кетманг. Менга ўхшаб раққоса бўламан деган қизларга тилагим, бўлишсин! Ўзбекистон халқ артисти деган унвонларни олиш насиб этсин! Кейин мана шу бизнинг касбимизга, санъатга қия кўзлар билан қараётган барча инсонларга, унда эмаслигини исботлаб беришсин! Барчага тилагим, ҳамма орзусига эришсин!
Қизиқарли ҳодиса: - Туркияда бўлиб ўтган фестивалга раққоса сифатида борган эдим. У ёқдан келаётганда ўзим рюкзаг сотиб олгандим. У пайтда Тошкентда рюксаг бўлмаган. Бошқача формалар кийимлар ҳам олиб келганим учун синфдош қизлар болаларга "деди-деди"-да. Ўғил болалар бўлса, кетаётганимда рюкзагимга тепишди. Улар беш киши эди. Мен ҳам, уларга "ўғил бола бўлсаларинг битта-битта чиққин" деб, ҳаммасини урганман! Эртаси куни эса, директор хонасига дадамни чақиришган. (кулади) Лекин, у болалар билан кейинчалик дўст бўлиб кетганман.
Яна бир ҳодиса: - Мактабда ўқиётганимда география ўқитувчимиз Ҳамида опа бўлардилар. Бир куни сочимни ёйиб, тирноғимга лак суриб борганим учун дарсдан чиқариб юборганлар ва тирноғингдаги лакни ўчириб кел, деганлар. Бошқа сафар эса, оқ кофтанинг ўрнига қаймоқранг кофта кийиб борганман. Яна дарсдан чиқариб юборганлар. Ҳар сафар чиқариб юборардилар, мен эса ҳар сафар нимадир ўйлаб топардим. (самимий кулади)
5 АКТРИСА ЗУҲРА СОЛИЕВА
1. Cамарқанд шаҳар, 20 ўрта мактабда ўқиганман, биринчи ўқитувчимнинг исми Гулнора Самиева
2. Мактабни битираётганда, "Сўнгги қўнғироқ"да мактаб билан хайрлашяпмиз, деб йиғлаганим эсимда, роса йиғлаганман.
3. Мактабни 1989 йилда битирганман, 23 йил бўлибди.
4. Яқин дўстларим ҳаммаси эсимда, Феруза, Шаҳноза, Малика.
5. Ҳа ишонаман. Институт даврига қараганда ҳам, энг яхши давр, бу мактаб давринг.
6. Йўқ, ишонмайман. Мактабда даври шунчаки ҳавас бўлади. Камдан-кам, миллиондан битта, 10 миллиондан битта ҳақиқий севги бўлиши мумкин.
7. Менга севги изҳор қилган болани мактабнинг орқасига олиб ўтиб, "нимага мени севасан" деб урганман. Дугоналарим, "қиз бола, ўғил бола яхши кўраман деса, хурсанд бўлиши керак" дейишарди. Мен бўлса, у бола мени деб конспектлар ёзиб келганда, кўзини олдида йиртиб-йиртиб ташлаганман. Ҳалигача, ўша боланинг кўзидан оққан ёши, кўз олдимдан кетмайди.
8. Она тили ва адабиётни ёқтирардим. Математикадан қўрқардим.
9. Математикани! Доскага мен чиқолмайман, қўрқаман, дердим.
10. Ҳаммасини ёқтирардим. Рус тили ва адабиёти ўқитувчиси ва она тили-адабиёти ўқиитувчиларимизни ёқтирардим. Ҳаммасини ёқтирардим, фақат қўрққан ўқитувчим бўлган. Математикадан қўрқардим.
11. Болалигим сени соғиндим!
12. Роса кўп. Шу характеримга қарамай, менга кўп севги изҳори қилишган. . . биринчи партада ўтирардим, охирги партада ўтириб, "жуда ҳам чиройлисан" деб хатлар ёзишарди.
13. Мактабда ўқиётган вақтимда, "қани эди шу кунлар тугамаса" дердим, шу нарсани ҳис қилардим.
14. Ўша мени севиб қолган бола билан жанжал қилганим! 1989 йилдан буён кўрмаган эдим, 2003-2004 йилда кўриб қолдим ва тасодиф бўлиб, гаплашиб кетдим.
15. Саккизинчи синфдан бошлаб дарсдан қочганман.
16. Ўйинлардан "Овчилар ва қуёнлар" бор эди. "Прыгулка", «Стрелка» деган ўйинлар.
17. Ҳа, ҳамма ўқитувчиларимни кўриб тураман, роса хурсанд бўлишади.
18. Синфдошларим 2 марта йиғилишди, мени съёмка билан, бу йиғилишга боришга вақтим бўлмади. Роса ачиндим.
19. Она тили ва адабиётдан!
20. (кулади) Мен ўзим лақаб қўймасдим, лекин ўхшатардим. Бир синфдош қизни қошининг ўртасида катта холи бор эди. Уни "индийский кампирча" деганман. (кулади) Бир ҳафта олдин уни интернетдан топдим, "Ҳа ўртоқ қалайсан? Индийский кампирча" дедим. Роса кулиб, гаплашдик. Менга лақаб қўйиша олмаган, мендан қўрқишарди.
21. Ёқарди! Ҳар куни фартукларимизни яхшилаб дазмоллаб, чўнтакларига янги рўмолчалар солиб, тайёрлаб қўярдик.
22. Бўлган дугоналар орасида. Бунақа нарсалар институтда ҳам, ишхонада ҳам бўлар экан. Ҳаётда бор. Тушунмовчилик билан бошқага мен ҳақимда гапирганини, ғийбат қилганини эшитиб қолганман. Ўшанда у билан гаплашмай қўйганман ва ҳозиргача гаплашмайман!
23. Санъаткор бўлишни орзу қилганман ва худога шукур эришдим. Биз биринчи синфда ўқиганимизда, Насиба Абдуллаева аккардеон чалиб, бизга ашула фанидан дарс берарди. Ўша ердан санъаткорликка ҳавас бошланган. Насиба Абдуллаева аккардеон чалганида, мен билан раҳматли Фотима қўшиқ айтардик. Насиба Абдуллаева биз билан бир маҳалладан, у киши мусиқа мактабини тугатиб, бизни мактабга ашула ўқитувчиси бўлиб келганлар. Ундан кейин Маданият институтига ўқишга кириб, хонандалик фаолиятини бошлаганлар. Биз эрталабдан Насиба Абдуллаевнинг олдига борардик, кейин бирга мактабга йўл олардик.
24. Йўқ, унақаси йўқ.
25. У дамлар энди қайтмайди!
6 АКТЁР АКБАРХЎЖА РАСУЛОВ
1. 297- мактабда ўқиганман ва 64 мактабда ўқиганман. Биринчи устозим Муборак опа.
2. 25 майда барибир ҳам, одам ёшликка қайтгиси келади, шунча пайт ўтиб кетганига ишонгиз келмайди. Орқага қайтиб, ўша хатоларни тўғрилагингиз келади.
3. 2003 йил битирганман. 9 йил бўлибди.
4. (ўйланиб) Яқин дўстим менимча бўлмаган.
5. Ишонишга ишонаман, ҳаммада ҳам бўлавермаса керак деб ўйлайман.
6. Муносабатим, бу нарсага оддийроқ қараш керак, деб ўйлайман.
7. Бўлган. Ҳозир орадан вақт ўтгандан кейин, кулгилик туюлган.
8. Она тили, адабиёт, тарих, география.
9. Химия, физика
10. Рихсивой ака деган география ўқитувчимиз бўларди. Улар янгича таълим йўлини ўйлаб топганлар. Хариталарни кестириб, орқасига магнит ёпиштиртирардилар. Улар географияда, меҳнат дарсидан ҳам дарс ўтардилар. Меҳнат дарсида магнитларни эговлатиб, ёпиштиртириб, кейин география дарсида уларни йиғдирардилар. Шундан мен, ҳамма давлатларнинг пойтахтларини аниқ билардим. Ҳамма ўқитувчилар билан яхши муносабатда бўлганман.
11. Мактаб бу - қувонч, соғинч, умид, зерикиш!
12. Битта қизга севги изҳор қилмоқчи бўлганман, лекин қила олмаганман. Менга ҳам севги изҳорлари бўлган.
13. Мактабни битираётганимга ишонмаганман. Бу нарсани сўз билан тушунтириб бера олмайман. Шунча пайт мактабни тезроқ битирай деган нарса бўлса, битираётган кунингиз кетгингиз келмай қолади-ю. Шунақа нарса бўлган. Қадрига етганман-де...
14. (ўйланиб) Йўқ, унақаси йўқ.
15. 5 синфдан бўлса керак.
16. Футбол, "оқ терак- кўк терак", баскетбол, чиллак ўйнардик.
17. Жуда ҳам кам, лекин кўриб тураман.
18. Йўқ.
19. Мусиқа, она тили адабиёт, география, тарих мана шу фанлардан "5" баҳога ўқиганман.
20. Бўлган унақа нарсалар. Мен ўша даврда "Чархпалак" сериалида роль ижро этиб чиққаним учун ўша пайтларда, "Новвой", "Чархпалак" дейишарди. Чунки, сериалда нон сотадиган бўламан, сериалнинг номи бўлса, "Чархпалак" эди.
21. Йўқ унчалик эмас.
22. (ўйланиб) Йўқ бўлмаган.
23. Мактаб даврида орзу қилганим, мана ҳозирги ўзимнинг касбим! Лекин, барибир иккиланиш бўлади-ку, мен ўзим шарқшунос бўлишни ҳоҳлаганман. Тилга алоқадор бўлган касбни эгалламоқчи бўлганман. Кейинчалик бўлса, меники эмаслигини тушуниб етганман. Бу орада бир кириб чиқиб кетган соҳалардан биттаси бўлган. Лекин, ёшликдан йўналишим санъатга эди.
24. (ўйланиб) Йўқ унақа бўлмаган.
25. Кабутар, қўнғироқ, қалбнинг кўз-ёшлари ва қизларнинг бантиги! Мен ўзим 25 май деганда шу нарсаларни кўраман!
7 АКТЁР УМИД ИСКАНДАРОВ
1. Миробод туманидаги 294-мактабда ўқиганман Ўқитувчим? Меҳри опа Очиловна бўлганлар.
2. 25 май куни, ўн йил бирга ўқиган ўртоқларингиз билан хайрлашганингиздан кейин, нимани ҳис қилишингиз мумкин? Ҳаётингиздаги беғубор пайтларингиз бўлади-ку, катта ҳаёт эмас. Қандай қилиб тушунтириб беришни ҳам билмаяпман, беғубор пайтлар.... дўстларингиз, оқшомлар, оқшом кечалари, биринчи муҳаббатингиз, яқин дўстларингиз, ўқиш жараёнлари, ҳар 25 май, "сўнгги қўнғироқ"да шуларни эслайсиз.
3. Мактабни 1995 йил битирганман. 17 йил бўлибди.
4. Энг яқин дўстим, синфдошим Муҳаммедов Ҳусниддин. Ҳали ҳам гаплашиб турамиз.
5. Албатта. Дўстлик мактаб давридами, армиядами, ҳар хил вақтда келиши мумкин. Шунчаки инсон ўз дўстини топишига боғлиқ. Инсон бир-бирини тушуниб, қалин дўст бўлиб қолиши, балки боғчадан ҳам бўлиши мумкин. Мактабдаги дўстликка ишонаман.
6. Мактабдаги севгига муносабатим, энди у ёшлик. Кимларгадир ҳақиқатдан ҳам келади бу нарса, кимлардир буни севги деб ўйлаб қолади. Кутган нарсалари чиқмайди-де мактабдаги севгидан... Сиз ўзингиз ўйлаган, қилган фантазияларингиз сал нотўғри бўлиб қолиши ҳам мумкин, деб ўйлаб қоламан. Чунки, ёшлик пайтида эмас, сал инсон ақлини таниб, оёққа туриб, меҳнатни кўриб ўз касбини топгандан кейин, келган севги тўғри деб ўйлайман.
7. Ҳа, албатта бўлган. Мактаб даврида севмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Севса ҳам индамай юрадиганлар ҳам бор.
8. Энг яхши кўрган фанларим, инглиз тили эди. Ўқитувчимизни ҳам жуда яхши кўрардим. Муборак Маликовна инглиз тилидан дарс берардилар, ҳам бизларга синф раҳбари (куратор) ҳам бўлганлар озгина вақт. Жуда ҳам ҳурмат қилардим. Инглиз тилидан жуда ҳам яхши ўқирдим. Иккинчи фаним математика эди. Ўқитувчимиз Меҳри опам ҳам жуда яхши ўқитганлар. Математикага бўлган қобилиятларимни яхши очиб берганлар.
9. Кимё фанини.
10. (ўйланиб) Кимё? Йўқ, кимё фанини ёқтирардим-ку, лекин яхши ўзлаштира олмасдим. Ёқтирмайдиган дарсимни, Меҳри опа ўтардилар, алгебра, геометрия фанини ёқтирмасдим, лекин ўқитувчимизни яхши кўрардим. Ўқитувчиларим жуда ҳам яхши, нимадир ўқитишга, ўргатишга ҳаракат қилишарди. Альгебра ва геометрия фанини ўзини ёмон кўрардим, лекин ўқитувчим қизиқтира билгани учун яхши ўқиганман.
11. Мактаб билим оладиган даргоҳ!
12. Мактабда жуда ҳам кўп севиб қолганман. 1-синфда битта қизни севиб қолганман. 3-синфда яна битта қизни севиб қолганман. 5-синфда битта бошқа қизни севиб қолганман. Хуллас, лекин ҳеч кимга севги изҳор қилмаганман. Мактабда менга севги изҳор қилишган.
13. "Вой тезроқ шу мактабни битирсам, тезроқ катта бола бўлсам" шунақа фикрим бўларди. "Тезроқ мен ҳам катта инсонларга ўхшаб ишласам" шундай фикрлар бўларди.
14. Йўқ, унақа дўстим йўқ.
15. 5-синфда дарсдан қочганмиз.
16. Мактаб даврида синфдошлар билан бирга футбол ўйнардик Кейин спортни бошқа турига ҳам қизиқардим. Укам Муҳаммад Али билан Таэквандога борардим.
17. Мана ўтган ҳафта мактабга бориб, Меҳри опалар билан кўришиб келдим.
18. Синфдошларим билан кўришиб тураман. Унақа ҳар ойда бир марта бўлмаса ҳам, дўстларни бир йилда бир кўраман.
19. 5-синфимгача математикани аъло баҳога ўқиганман. Тугатаётганимда, инглиз тили билан аъло баҳога тугатганман.
20. Бўлган. Мактаб пайтим менда комплекс бўларди, бўйим ўсмаса керак деган. Чунки, бўйим синфдошларимга нисбатан кичикроқ эди. Шу сабабли мени лақабим "малыш" эди.
21. Форма кийишни яхши кўрардим. Тугмаларида "мактаб" деб ёзилган, қўлида қуёш билан китобни вишивкаси бўларди. Мустақилликни, бизлар мактабда кутиб олганмиз!
22. Тўғрисини айтсам, мен Худога шукур дейман. Мени ҳали бирорта дўстим, менга хиёнат қилмаган! Мактабдан ташқари ҳам! Балки, хиёнат қилган бўлса ҳам, мен бу нарсани билмай ўтиб кетган бўлишим мумкин.
23. Мактаб даврида кам ўқиганман дейсиз, она тили адабиётни яхши ўқирдим-ку, лекин мени ҳозир касбимга керакли даражада олмаган эканман.
Бутун умр, ақлимни таниганимдан бери, кино актёр, режиссёр бўламан деб орзу қилиб келганман,. Худога шукур шу ниятимга етдим.
24. Тўғрисини этсам йўқ, унақаси бўлмади.
25. Мустақил ҳаётга қадам қўйиш!
9 КЛИПМЕЙКЕР РЕЖИССЁР ЖАСУР ШАМЕТОВ
1. Мен биринчи бўлиб, 50 мактабда ўқиганман ва биринчи ўқитувчим Муҳаббат опа эдилар. Ҳаддан ташқари, шўх бола бўлганман. Кундалигимга "бир" қўйишарди ва ойим ҳар куни мактабга қатнардилар. Сўнг, 11 синфгача 300-лицейда ўқиганман. Ҳар доим "А" синфда ўқиганман.
2. (кулиб) "Хайр мактабим"!
3. Мактабни битирганимга 6 йил бўлди.
4. Албатта. Энг яқинлари кўп. Анвар, Камол, Тўлқин, Хайрилла, Баҳром, Жамол, Нодир, Анвар. Дониёр, Фурқат, Бобур.
5. Албатта, бу бор нарса. Айниқса, ёш пайтимизда, у энг тоза ва энг очиқ беғубор туйғу.
6. Биринчи муҳаббат. Буни қандай таърифлашни ҳам билмайман. Бу гўёки энг тўғри, энг ҳаққоний туйғулар, таассуротлар... Қайсидир лаҳзаларда сенга ўша инсон етишмаётгандек бўлиши . . . Бу ўсмирлик, ёшлик чоғларидаги муҳаббат.
7. Биринчи марта, бизнинг синфда ўқийдиган Зилола деган қизга, севги эмасу, ўзимда қандайдир туйғулар сезганман. Уни бараварига 3-4 тами бола яхши кўришган. Доим бир-биримизга бурунлар қийшайган, хўмрайган.
8. Сузиш, математика, она тили, рус тили, инглиз тили, жисмоний тарбия,
9. Менга химия фани қийинроқ. Қолганидан муаммо йўқ.
10. Мен ҳамма ўқитувчиларимни ёқтирардим.
11. Менинг мактабим мактаб . . . .
12. Эсимда йўқ. Кўп бўлган.
13. Ҳамма битирган болаларни кўриб, биз ҳам тезроқ битирайлик деб ҳавас қиларди.
14. Йўқ, унақаси йўқ.
15. Биринчи синфда дарсдан қочганмиз!
16. Футбол! (кулиб) Пробкабол!
17. Ҳа, бир-бир кўриб қоламиз.
18. Ҳозир камдан-кам.
19. Кўп. Фақат аъло ўқиганим, жисмоний тарбия.
20. Йўқ, бўлмаган.
21. Албатта ёқарди!
22. Йўқ бўлмаган!
23. Иқтисодчи бўлмоқчи эдим. Менга алгебра ўқитувчим "Сен иқтисодчи бўлишинг керак эмас! Сен актёр бўлишинг керак" деган. (кулиб) Ўшанда бу ҳам бир туртки бўлган.
24. Йўқ.
25. 25 май- Хайр мактабим!
10 ТЕЛЕБОШЛОВЧИ ДАВРОН КАБУЛОВ
1. Уч юзинчи лицейда ўқиганман. Биринчи ўқитувчим, иккита ўқитувчи бўлган. Наима опа билан Интизор опа!
2. 25 май - охирги пайтларда ҳеч нарсани билдирмайди. Лекин, неча йиллардан бери мактабимга боришни ният қиламан. Бу йил Худо ҳоҳласа ўхшайди шекилли.
3. Мактабни битирганимга 9 йил бўлди.
4. Равшан.
5. Ишонаман.
6. (Сал ўйланиброқ) Ўйинқароқлик.
7. Йўқ, йўқ севги бўлмаган.
8. Географияни ёқтирардим.
9. Физика.
10. (ўйланиб) она тили, ингилиз тиллари ўқитувчимни яхши кўрардим. Физика ўқитувчимни ёмон кўрардим, чунки улар ҳам мени ёмон кўрардилар. (кулади)
11. Ўзини тез- тез соғинтирадиган хотира.
12. Мактаб даврида ҳам шу пайтгача ҳам, ҳеч кимга севги изҳор қилмаганман. Менга ҳам севги изҳор қилишмаган. Мактаб даврида бадбашара бола эдим, ҳозир ҳам ўзгармаганман.
13. Ҳар 25 майда қўшиқ айтишимга тўғри келарди, чунки мен ўзи мактабларда бўлади-ку тадбирларда чиқадиган, куйлайдиган фаоли мен ҳам шунақа эдим. Ҳар 25 майда битирувчиларга саҳнадан қўшиқ куйлаб берардим. Ўзимни битирадиган йилимда, ҳаммаси қанақа ўтиб кетганини сезмай ҳам қолганман.
14. (ўйланиб) Йўқ унақалар йўқ. Ҳеч ким билан унақа конфликтга бормаганман. Шунчаки, синфдошларим паст назар билан қарарди. Улар билан шунчаки салом-алик сақланиб қолган. Лекин, менга улар ўзини пайтида қанақа муомала қилишганини, ўзим учун биламан ва ўша учун улар билан ҳеч қачон яқинлашиб кетмайман.
15. Биринчи синфимдан бошланган ва 11 синфимгача давом этган.
16. Футбол.
17. Ҳозир ҳам кўриб тураман. Бориб хабар ҳам олиб тураман. Лицейда бўладиган тадбирларга тез-тез чақириб туришади.
18. Ҳа.
19. Географиядан, геометрия? тарих, ингилиз тили? умуман гуманитар фанлардан асосан яхши ўқиганман.
20. (кулади) Иккита лақаб қўйишган, биттасини айта олмайман. Иккинчиси Юлий Цезарь.
21. Йўқ ёқмасди.
22. Йўқ
23. Ҳм... Ё футболчи ёки журналист бўламан дердим.
24. Йўқ.
25. (ўйланиб) Бир марта нишонланадиган байрам.
11. АКТРИСА ГАВҲАР ШАРИПОВА
1. Она шаҳрим Навоий шаҳридаги, Абу Али ибн Сино номли 11 ўрта мактабда ўқиганман. Биринчи ўқитувчим Жўраева Муаззам Темировна.
2. "Сўнгги кунгирок"! Ажойиб кун! Шўх болалик дамлари! Мактаб даврига оид ширин хотиралар, албатта шу куни ёдга тушади!
3. Мактабни битирганимга 15 йил бўлди. Синфдошлар билан буни нишонлаш ниятидамиз.
4. Синфимиздаги энг аълочи қиз Холова Нилуфар, энг яқин ўртоғим бўлган. Кейин Шарипова Дилфуза ва Мирзаева Раъно исмли синфдошларим билан ҳам жуда яқин эдик.
5. Албатта, Нилуфар билан доим хабарлашиб, мен Навоийга борганимда, у эса Тошкентга келган пайтларида кўришиб турамиз.
6. Назаримда у болалик туйғуларини севги деб бўлмаса керак, бу менинг шахсий фикрим. Аммо, мактабда севишиб, турмуш қурганлар ҳам кам эмас.
7. Без комментариев.
8. Мусиқа, рус тили, немис тили, тарих, ботаника, география фанларини ёктирганман. Адабиёт ва она тили ўқитувчимиз Бўронова Хуррамтош Мардиевна 5 синфдан 11 синфгача синф раҳбаримиз бўлганлар. Бу инсонга ҳурматим жуда баланд. Энг севимли фаним адабиёт дарси эди.
9. Математика. Кейинчалик алгебра, геометрия, физика, химия дарсларини қачон тугаркан дея, ўтказардим.
10. Рус тили ўқитувчиси Нурия Ахмедовна ва тарихдан кирган Мирзаев исмлари ёдимда йўқ, ботаникадан дарс берган Жўраева Шогул, синф раҳбаримиз Хуррамтош Мардиевна энг севимли ўқитувчиларим бўлган. Ёктирмаган ўқитувчим бўлмаган, физика дарсидан мактаб илмий бўлим мудири Ҳоликов дарс бергани сабаб, синфдошлар ҳаммамиз доим қўрқиб турардик J.
11. Болалик... Бегуборлик... Шўхлик... ва... энг ширин хотиралар маскани!
12. Без комментариев.
13. Гуллар, мусиқа, ҳамма байрамона кайфиятда.... Алоҳида тайёргарлик кўрардик. ҳар хил шеърлар, ўша пайтда машҳур булган қўшиқларга мактаб ҳакида сўз қўйиб, ҳар хил чиқишлар қилардик. Шахсан ўзимда битирувчиларга қараб, қачон мактабни битирар эканман, деган хаёл кўп ўтган...
14. Нима сабабдан эсимда йуғу, юқори синфда ўқиётганимизда, Арзиқулова Раъно исмли синфдошим билан аразлашганмиз ва мактабни битиргунча гаплашмаганмиз. Лекин, ҳозир уни кўриб қолсам ҳеч кандай гина қилмайман.
15. Аниқ эсимда, 6-7 синфда ўқирдик... Сал кам ярим синф бўлиб жуда жиддий Комил Бердиевич исмли ўқитувчимизнинг тарих фани дарсидан кочганмиз ))))
16. "Оқ теракми-кўк терак, қувлашмачоқ, жамбул, волейбол ўйинлари, қишда мактаб ҳовлисидаги қор отишлар, эх болалик-болалик!
17. Тўгрисини айтсам, Тошкентда яшаганим сабаб, кам кўришамиз.
18. Ҳа, мен Навоийга борганимда, улар Тошкентга келишганида кўришиб турамиз.
19. Улар жуда кўп-ку ахир. Рус тили, немис тили, она тили, адабиёт... Аттестатимда адашмасам тўртта "тўрт" баҳо бўлган, юқорида айтган «ёктирмаган» фанларим бўйича.
20. Наргиза исмли синфдошим «худышка» дерди. Уйда "Гога, Гоша" деб чақиришгани сабаб, баъзи дўстларим ҳам шундай чақиришарди.
21. Юқори синфда ўқиган пайтларимизда, синф раҳбаримиз мактабга келмаган куни шим кийишни ёқтирардим. Кейин бироз кипригимга тушь суриб, ҳар хил тақинчоқлар тақа бошлаганман. Илмий бўлим мудири ёки директор кўриб қолгандан сўнг ааанча гап эшитардим.
22. Йўқ, лекин Нилуфар ўртоғим, мактаб пайтида бир марта жуда ранжиганман сендан дейдию, сабабини ҳалигача айтмайди.
23. 1 синфдаёқ биринчи ўқитувчим қайси касб эгаси бўлишни истайсиз, деб сўраганларида, мен актриса бўлишни истайман, деганман. Фақат мактаб даврида ҳинд киноларини яхши кўрганим сабаб, «Ҳинд актрисаси бўламан» деб кўп айтардим. Нилуфар ўртоғим билан «ФильмS» - ҳинд киноси ҳакидаги журнални, ҳинд актёрлари суратларини йиғиб борардик. Уйимда мени хонамнинг тўрт девори ҳам ҳинд юлдузлари суратларига тўла эди. Санъат олийгоҳига ўқишга кирганимдан сўнг, ремонт қилишган. Рақс, драма тўгаракларида, шаҳарда ва мактабимизда уюштирилган тадбир, конкурсларда жуда фаол эдим. Ҳинд эмас, ўзбек актрисалари тоифасига кирсам керак, ҳаркалай?
24. Йўқ, синфдошларимиз орасида йўқ.
25. "Сўнгги қўнғирок! Гуллар! Ҳаяжон! Болалик билан хайрлашув куни!
12 АКТРИСА СЕВАРА СОЛИЕВА
1. Сергели тумани 3-мактабда ўқиганман. Биринчи ўқитувчим Мавлуда Абдуллаева.
2. Асосан мактабнинг соғинчини, мактабни эслайман. Сўнг, 25- майда айланганларимиз эсимга тушади.
3. Мактабни битирганимга 7 йил бўлди.
4. Ҳа, Севара, Дилобар деган дугоналарим бор эди. Лола, Нозима, Ситора.
Ҳозирда ҳаммаси билан эмас, Севара, Дилобарлар билан кўришиб турамиз.
5. Ҳа, яхши муносабатдаман.
6. Шу пайтгача билмадим, мен ўйлайман-ки шунча-ки севги бўлиши мумкин. Ўзи унақа ҳақиқийси бўлмаган-ку, "ёқади", "ёқтиради" деган гаплар бўлган.
7. Йўқ, ўзимда бўлмаган. Ёқтириш бўлган, лекин (кулиб) севги бўлмаган.
8. Кичкиналигимда ашула дарси бўларди, меҳнат дарси ёқарди. (кулиброқ). Жисмоний тарбия дарс ҳам ёқарди. Ҳа, кейин адабиёт фани ҳам ёқарди.
9. Математика, геометрия.
10. Тўғрисини айтсам, ҳамма ўқитувчиларимни яхши кўрардим. Ҳеч қайсиси унақа уришишмасди. Лекин, шўхликлар бўлган. Шу сабабми, ҳеч қайси ўқитувчини ёмон кўриш бўлмаган. Шўх бўлганим учун уришишарди, лекин унақа кўнглим қолмаган. Барибир мактаб даврида бўлади-ку, дарсдан қочишлар, шўхликлар. Шуларга уришишганда ҳам, кўнглимда, уларга нисбатан ёмон кўриш, ёқтирмаслик бўлмаган.
11. Мактаб даври болалик, беғуборлик.
12. Ў-ҳў (хандон отиб кулади) Кўп.
13. Унақа юрагимга яқин олмаганманми? Ҳа этганча 25 майга кечга қолганман. Биз учта ўртоқ бўлганмиз, "Охирги қўнғироқ"қа кечга қолганмиз. Бизлар келганимизда айтишган, мактабдан "9 Г" синфи деб эълон қилинганда, Ўқитувчимиз, Директоримиз "3 та қиз Ситора гуруҳимиз бор" деб микрафонга гапиришган экан. Чунки, бизлар мактаб даврида жуда кўп концертлар уюштирардик. Чиқишлар бизларда кўп бўлганде, шунга улар эслаб қолган. Ҳурмат қилиб, ғурурланиб гапиришган-де. Бизлар бўлсак, кеч қолганимиз учун эшитмай қолганмиз. Кечга қолганим учун, мен ўзим хафа бўлиб қолганман. Ўша сўзларни ўзимиз эшитмаганмиз.
14. Йўқ, унақаси йўқ.
15. 5 синфдами (кулади) бўлган. Нима дарслиги эсимда йўқ.
16. Резинка билан боғлиқ ўйин эди. Номи эсимда йўқ. Иккита қиз туради оёғига резинкани ўраб олади. (эслатишга ҳаракат қилади) Хуллас ўша ўйинни кўп ўйнаганмиз. Кейин жуда кўп қувлашмачоқ ўйнаганмиз. Кўп югурганман.
17. Кўрдим. Кам кўраман, бир-бир кўриб тураман.
18. Йўқ, йўқ, анча бўлди унақа бўлмаганига.
19. Эсимда йўқ-ку, лекин охирида "Шаҳодатнома"ни олганимда ҳаммаси "5" бўлган-ку, битта математикадан "4" баҳо бўлиб қолган.
20. Йўқ, бўлмаган.
21. Унақа формага аҳамият бермасдим, кияверардим. Ёқса ёқмаса деб ўйламаганман.
22. Йўқ, унақа бўлмаган.
23. Мени қўшиқчилик ва санъатга қизиқишим қаттиқ бўлган. Ўша мактаб даврида менда бўлган. Мактабни тугатганимдан кейин ҳам, лицейда ўқиган давримда ҳам, қолган вақтлар ҳам, фақат шунга интилардим. Ҳали кўп нарсаларга эришиш керак-ку, сал бўлса ҳам, амалга ошяпти.
24. Йўқ унақаси бўлмади.
25. Бу энди мен ўйлайманки, юқори синфлар учун хайрлашув. "Юқори синфлар учун хайрлашув" Ҳар доим хайрлашув.
FATTOHHON.COM САЙТИ ЖУРНАЛИСТЛАРИ
1. ФЕРУЗА ФАТТОХОВА
1. 1-2 синфларни Юнусобод туманидаги рус мактабида ўқиганман, ўқитувчимни исмлари адашмасам Араксия эди. Сўнг, 3-синфдан Ҳасанхон Исломов номли 41-ўрта мактабга ота-онам, «ўзбек тилини билмай қолади» деб хавотир олиб ўтказишган. 11-синфни шу мактабда битирганман. 3 синфдан Наргиза опа бу ерда биринчи ўқитувчим бўлганлар. (фамилиялари эсимда йўқ).
2. Вақт ўтганини...
3. 9 йил бўлибди.
4. Албатта. Дилбар, у билан ҳозир ҳам яқин дугонамиз. Лекин, битта синфда ўқимаганман. Синфдаги қизлардан Маъсуда ва Камола жуда яқин дугоналар эдик, ҳалигача туғилган кунларда ва байрамларда смс билан бўлса-да, бир-биримизни табриклаб турамиз. Кейин Зиёда, у билан ҳам ҳозирги кунда телефонлашиб турамиз. Қолган қизлар ҳам эсимда. Ўғил болалар ҳам эсимда, бир-иккитаси билан интернетда гаплашиб тураман.
5. Билмадим, ҳамма вақт ҳар хил бўлади. Менимча, мактаб пайтида, беғубор дўстлик бўлса керак. Сўнг, катта бўлган сари, ҳаёт ҳаммани ўзгартириб юборади, менимча. Ҳозирги пайт дўстлик ва дўст топиш, бир қийин масала бўлса керак.
6. (кулиб) Жуда бир ўйланмаган, ўша даврни ширин бир ташвишлари мактаб пайтидаги севги. Менимча у вақтда фақат ёқтириш бўлса керак, уни инсон ёш бўлганлиги сабабли бир севги даражасига олиб чиқиб олади, менимча. У вақтдаги севги ўткинчи туйғу, мактаб тугаши билан институтда яна янги севги ёки ёқтириш келса керак, инсон ҳаётига назаримда.
7. (кулиб) Бўлган, у севги эмас шунчаки ёқтириш бўлган. Менимча ҳар бир инсонда бўлиб ўтади.
8. Ўзи ҳамма фан ёқарди. Лекин, кўпроқ Физика, Химия, Она тили, адабиёт, рус тили, иқтисод, расм дарси, чизмачилик ёқарди.
9. Йўқ, унақаси бўлмаган. Алгебра ва геометрия фанларидан фақат 10-11 синфларда сал қийналганман, лекин қўшимча дарслар олиб ўзлаштириб олганман.
10. Ҳамма ўқитувчини бирдек кўрардим. 5-синфдан жисмоний тарбиядан кирадиган ўқитувчилар сал ёқмасди.
11. Келажак ҳаётга ўргатувчи маскан.
12. ))))Кўп. Ҳатто, ҳозир учраб қолган синфдошларим ва ўша вақтда ўқиганлар ҳозирги пайтда ҳам севги изҳор қилиб туришади. Ўша пайтда айта олишмаган экан...)))
13. Ёзни қанақа ўтказиш ва охирги қўнғироқдан сўнг синфдошлар билан қаерга бориб айланишни ёки, ўтиришни ўйлардим. Кўпинча мактабни тезроқ тугатсак-чи, деб ният қилардим.
14. Ҳа бор 10-синфда аразлашиб қолганмиз Наргиза исмли қиз. Бир яраша олмай юрмаганман-ку, шунчаки ўзига маълум сабаблар билан гаплашмай кетганмиз.
15. Мактаб давримда класском бўлганман. Лекин, кўп дарсдан қочардим.)))) Шўхлик ҳам қилардим. 10 синфда ҳамма ўғил болалар ичида, битта ўзим директор хонасига ҳам чақиртирилганман. Ҳамма роса ҳайрон бўлган, чунки ҳамма фанлардан аъло баҳога ўқирдим.
16. Адашмасам 7- синфгача футбол ўйнаб турардим. Мен унча қизлар билан ўйнамасдим. Арқон сакрашларни ёқтирмасдим.
17. Йўқ. Фақат 2010 йил иш билан "Охирги қўнғироқ"қа бордим. Сўнг ўша йилнинг ёзларида яна иш билан бордим. Тасодифан ёки атайдан кўришиб қолмаганман. Қолган пайт кўрмайман.
18. Эшитишимча, синфдош болалар йиғилиб тураркан. Мени ўзим бир-иккита яқин дугоналарим билан телефонда гаплашиб тураман. Вақтим бўлса кўргани уйига ўтишим мумкин. 2011 йил адашмасам, январ ойида 5 та қиз йиғилдик, кўпчилик келмади. Тушунса бўлади, ҳамма ўзини оиласи билан бўлиб кетган.
19. Ҳамма фандан. Мактабни фақат аъло баҳоларга битирганман.
20. Билмадим бўлган ҳар хил. Сериаллардаги исмлар билан чақиришарди. Гроцелла, яна бир сериалдаги номи эсимда йўқ, отасини эркаси, битта қиз бўларди ўшани исми ҳам мени лақабим эди.))) Аниқ шу пайтгача қолиб кетгани йўқ.
21. Шу нарса сал ёқмасди. Кўпроқ қора ва кўк футболкалар ёки кофталар киярдим. Кўпроқ шу нарса ҳақида, ўзимни алоҳида чақириб гапиришарди. Лекин, мактаб битириш имтиҳонларига оқ кофта кийганман.
22. Бўлган. Наргиза менимча, ўзи билмаган ҳолатда қилганми, балки ёш бўлганмиз барибир, бу нарса ўткинчи бўлган. Ҳозир ўтиб кетди. Мен ундан хафа эмасман. Нима бўлган бўлса, яхшиликка бўлган балки. Катта ҳаётдаги ғаразли хиёнатлардан Оллоҳ ўзи асрасин.
23. Қисман эгалладим, шукур қиламан. Яна келажакда катта ниятлар олдинда ҳали.
24. Йўқ, менимча унақаси бўлмади.
25. Қайтмас, беғубор, соғинчли кун!
2. САИДА ВАХОБОВА
1. Мен 5 та мактабда ўқиганман ва 12 марта ўқиш синфимни ҳам алмаштирганман. Шу туфайли ҳамма синфдошларимни эслолмайман ва буни ҳожати ҳам йўқ, деб ўйлайман. Фақат иккинчи синфгача ўқиган мактабимни айтишим мумкин, бу 43 мактаб. Биринчи ўқитувчиларим Римма Аҳмедовна, ҳамда Людмила Германовна
2. Қандайдир ғалати ва тушунарсиз кайфият, умрни бунчалик тез ўтаётганига ҳайрон қоламан.
3. Бу йил, 15 йил бўлади.
4. Ҳа, албатта, Нигора, Дилдора, Луиза, Катя, Маъсуда, Ольга. Мактабдан сўнг улар билан кўришмадим. Лекин, Луиза ва Ольга билан телефонлашиб турамиз.
5. Бу икки хил ҳолат, бундай дўстлик бир умр кетиши ҳам, мактабни битиргач, бутунлай тугаши ҳам мумкин.
6. Бунақа севги бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Бу шунчаки болалик тасаввурлари, реал эмас! Балки, кимлар учундир шунчаки мактаб вақтларини мароқли ўтказиш холос.
7. Йўқ.
8. Рус тили, адабиёт, тарих, биология
9. Алгебрага бироз қийналганман ва репетитор олганман.
10. Рус тили ва адабиёти ўқитувчим Людмила Германовна, биринчи ўқитувчи Римма Аҳмедова, тарих ўқитувчим Зулина Акбарова, ҳамда чет тили ўқитувчим Шоира (фамилияси эсимда йўқ), алгебра ўқитувчим Моҳираларни жуда яхши кўрардим. Ёқтирмаган ўқитувчиларим ҳам бўлган, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчимни, инглиз тили ўқитувчимни жуда ёмон кўрганман. Чунки улар маданиятсиз аёллар бўлиб, оғзиларидан чиқадиган гапни назорат қилолмас эдилар. Уларга нисбатан шахсий хусуматим бўлмаган, чунки улар менга нисбатан ҳеч қачон ёмон муомала қилишга журъат қилишолмаган. Лекин уларни бошқаларга қилган муомаласини кўриб, кўнглим қолган. Инсоннинг ҳайвондан фарқи, у оғзидан чиқаётган гапларини назорат қила олишидир, менимча.
11. Илм берувчи лекциялар маскани.
12. Кўп эди, лекин ҳеч эътибор бермаганман. Фикру хаёлим ўқишга қаратилганди.
13. Тезроқ мактабни битириб, институтга киришни!
14. Ҳа, бўлган. Лекин, кейин уларни кўрганим ҳам йўқ. Ҳаттоки, исмлари ҳам ёдимда йўқ.
15. 6 синфда чет тилидан қочганмиз. Сабаби, шунчаки, дарсга киргимиз келмаган. Дарсдан қочиш қанақа бўларкин деб, синфдаги ҳамма аълочилар келишиб, қочганмиз. Ўқитувчимиз Шоира опа бўлса, уришмаган ва бизни тўғри тушунган. Ўша куни янги дарс ўтмай, такрорлаш қилибди, қолганлар айтишганда ҳайрон қолганмиз ва ўз ишимиздан жуда хижолат бўлганмиз. У киши (вафот этганлар) чинакам педагог эдилар.
16. Икки командага бўлиниб, волейбол ўйнардик ва қайси тараф ютқазса ҳам, албатта кейин катта жанжал бўларди))))) Кейин синф раҳбаримиз бизни ажратиб, "уйингдаги молни ютқаздингларми" деб роса уришарди)))) Мактабни битираётган вақтимизда, дарсдан кейин "бу дамлар энд қайтмайди" деб, соатлаб копток ўйнаганмиз)))
17. Йўқ. Менимча, кераги ҳам йўқ деб ўйлайман. Чунки, ҳар бир инсонни ҳаётида минглаб инсонлар учрайди. Ҳаммасини эслаб қолиш, бу мияга ортиқча нагрузка))))
18. 5 мактаб, 12 та синф, шунинг учун ҳаммаси билан кўп кўриша олмайман. Онда-сонда бир кўришиб қоламиз.
19. Ҳамма фанлардан 100 фоиз.
20. "Компьютер" деб лақаб қўйишган.
21. Йўқ! Ҳеч қачон ёқмаган! Кўпинча шим кийиб ва баъзида ўзим ёқтирган кийимни кийиб борардим ва шу масалада тортишардим. 8 синфдан бутунлай оқ кофта ва қора юбкага ўтиб олганман.
22. Ҳа, бу иккиюзламачилик эди. Яъни, мен айтмаган гапни, айтди деб ўқитувчиларга етказиш бўлган. Унақа "дўстлар" ҳамма жойда учраши мумкин, одатий ҳол.
23. Юрист бўлиш эди, шунинг учун юридик коллежни битирганман. Кейин, Юридик институтга контрактга кириб, ўқимоқчи бўлганимда, дадам қаттиқ норози бўлганлар ва шу туфайли ҳужжатларимни қайтариб олишга мажбур бўлганман. Дадамлар, юридик соҳа қиз боланинг иши эмас, деган фикрда бўлганлар. Кейин дадамнинг ҳоҳишлари билан Педагогика Университетида ўқидим.
24. Биринчи ўқиган мактабимдан Луиза ва Ильдар! Бахтли оила улар!
25. Шу кунни календардан олиб ташлардим))))))
Руслан Ринатов