FATTOHHON.COM

« Все новости

РЕЖИССЁР БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ: АРТИСТЛАРНИ САҲНАДА КЎРИНГЛАР, ҲАЁТДА ЭМАС... 26.05.2012 03:51

img_0604_resize.jpg Соат 11.00 да 26 май куни режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг "Дийдор" студиясида "Нодирабегим" (фожеаси) спектаклининг журналистлар учун тақдимоти бўлиб ўтди.

 

bahodir_yuldoshev4.jpg


Спектаклни Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган. Ролларни эса, студия талабалари ижро этишди.

Спектакль ўз замонасининг истеъдодли шоираларидан Моҳларойим Нодирабегим ҳақида бўлиб, унда шоиранинг шеърларидан маҳорат билан фойдаланилган.

 

bahodir_yuldoshev.jpg


Спектаклнинг бошқа спектакллардан фарқи, ундаги декорация, либослар барчасини студия талабаларининг ўзлари, ўз қўллари билан тайёрлаганлар. Эътиборли ва ҳайратланарли жиҳати эса, спектаклда Нодирабегим зарбоф, ҳашамдор кийимларда эмас, оддий либосда намоён бўлади. Бошқа ижрочилар ҳам содда либосларда эдилар.... Балки, спектаклнинг инсон кўнглига тез кириб борганлигининг ҳам сабаби шудир, эҳтимол. . .

 

bahodir_yuldoshev8.jpg


Асосий эътибор, ижрога қаратилган бўлиб, талабалар спектакль давомида жонли ижрода қўшиқлар ҳам куйлайдилар.

 

bahodir_yuldoshev3.jpg


Саҳна декорацияси ҳам алоҳида аҳамиятга эга, занжирга осилган лавҳларни кўриб, декорацияга фалсафий ёндошилганлигини ҳис этасиз. Лавҳ бу илм, шеърият, ижод демакдир, назаримизда. Лавҳни занжирлаб бўлмайди, шунингдек шеърият ва ижодни ҳам... Фалсафий декорация орқали шунга ишора қилингандек . . .

 

bahodir_yuldoshev9.jpg


Спектаклнинг энг таъсирли нуқталаридан бири, Нодирабегимнинг Амир Насрулло ёнига фарзандини кўрсатишини сўраб борадиган саҳнаси... Нодирабегим Амир Насруллога, қамални тўхтатиши ва халқ заҳмат чекмаслиги учун "ўғлим Мадалихонни қўлингизга топшираман" дейиши(!), бунинг учун, яъни ўз фарзандини қонхўр жаллод қўлига топшира олиши учун, онага қанчалар куч керак....? Наҳотки, Нодирабегим шунчалар қаҳри қаттиқ онамиди? Йўқ!!! Халқ учун, ўз халқи учун фарзандини қурбон қилмоққа чоғланган она эди у... Лекин, минг афсуслар бўлсинки, Амир Насруллонинг тош кўнглини бу сўзлар заррача ҳам эрита олмади. . .  У Нодирабегимни мадрасаларда диний илмлар билан бирга дунёвий илмлардан ҳам таълим беришга рухсат берганлиги учун, айблайди. Онаизорнинг сўнгги ўтинчи, "кичик ўғлим Маҳмудхонни бир кўрай" деган сўзларига, "Эртага икки ўғлингизни ҳам дор тагида кўрурсиз" дея жавоб қайтаради . . .

Спектаклда бу каби таъсирли саҳналар инсонни бир зум ўйга толдиради.

 

bahodir_yuldoshev7.jpg


Спектаклдаги яна бир деталь эътиборимизни тортди. Бу ниқоб эди, спектаклда салбий қаҳрамон ролини ижро этганлар юзларига ниқоб тақиб олган эдилар. Яъни, уларнинг аслида бошқа ниятдаги инсонлигига шу тарзда фалсафий ёндошилганлиги ҳам, спектаклнинг ютуқларидан деб ўйлаймиз.

Одатда тарихий шахслар ҳақида спектакль қўйиш осон иш эмас... лекин, "Дийдор" студияси  талабалари бунинг уддасидан чиқа олдилар, назаримизда.


*     *     *      *     *     *

bahodir_yuldoshev1.jpg


Спектаклдан сўнг, режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва спектаклда роль ижро қилган «Дийдор» студияси талабалари ва спектаклга тақдимотига келган аспирантлар, ОАВ вакиллари, спектакль ҳақида давра суҳбати ўтказдилар. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев йиғилганларнинг барча саволларига жавоб қайтардилар. Йиғилганлар ичида "Кинотеатр" кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси Шоира Рауфбоеванинг Баҳодир Йўлдошев билан бўлган интервью ҳақидаги воқеаси, ҳаммада катта қизиқиш уйғотди.

 

bahodir_yuldoshev6.jpg


Режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг саволларга берган жавобларидан энг маъқул бўлгани ҳаётда ҳам роль ўйнайдиганлар ҳақида бўлди. Режиссёрнинг "Инсонлар аслида оддий ҳаётда роль ўйнайдилар. Лекин, аслида саҳнада яшайдилар." деган сўзларида жуда катта маъно бор, назаримизда. "Масалан, сиз" деб, савол эгасига мурожаат қилдилар, "эрталаб кўзгуга қараб, ўзингизга оро берасиз, кейин эса кўчага чиқасиз. Тамом. Аслида, сизнинг ҳақиқий аслингиз уйда қолади. Сизда иккита инсон мавжуд. Уйда қолгани ҳақиқий, кўчага чиққани эса, бу сиз ижро қилаётган ҳаётдаги ролингиз ва қиёфа. Уйда қолгани сизни бу студияга йўллаган, унга бу спектакль ёққан, кўчага чиққани эса, бирор бошқа ёққа боришни ҳоҳлаган. Сизда эса, икки тарафлама тортишув, бунда сизни аслингиз ғолиб чиққани учун ҳам сиз бу ердасиз" деган сўзлари, шунингдек, "артистларни саҳнада кўринглар, ҳаётда эмас" деган фикрлари ҳам олқишларга сабаб бўлди.

Чиндан ҳам, инсонларнинг асли қандай? Буни эса, фақатгина уларнинг яқинлари биладилар, назаримизда.

Ушбу спектаклга таклиф учун, ҳурмат қилган инсонимизга  миннатдорчилик билдирамиз.  

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

img_0609_resize.jpg