FATTOHHON.COM

« Все новости

УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ: КАТТА СИНОВ  27.05.2012 04:27

ulugbek_r2.jpg   Бугунги "Диллашув" саҳифамизнинг меҳмони, бу суҳбатни бошқа суҳбатлар каби анъанавий бўлмаслигини ҳоҳлади ва шу ўринда мен ўзим ҳам, бошқа суҳбатларни такрорламасликни истаган ҳолда, аввал бўлгани каби, бу галги меҳмонимизни унвону, эришган ютуқлари билан таништириш фикридан йироқман. Гарчи, бу ижодкорни баъзилар ижодига фақат 5-6 йил, узоғи билан 7-8 йил бўлди деб ўйласалар ҳам, аслида бу йил, унинг ижодга қадам қўйганига ва студияда илк қўшиқларини куйлаганига 12 йил бўлди! Демак, бугунги "Диллашув" саҳифамизнинг меҳмони, ҳозирги кунда, ёшларнинг севимли хонандаларидан бири Улуғбек Раҳматуллаев.
 

- Улуғбек нима учун, охирги пайтларда телевидения орқали сизнинг ижод маҳсулингизни кўриш ва сизни тинглаш кўп бўлса ҳам, лекин ўзингиз билан боғланиш қийин бўлмоқда?

- Бунга сабаб, оддийгина жавоб беришим мумкин, бу ҳам бўлса: Ижод, Ижод, Ижод! Бугун ижод уммонига жуда ҳам шўнғиганман! Сабаби, мен азалий, неча йиллар олдиндан орзу қилиб келган куним, яъни менинг даврим. Шунинг учун, бугунги кунимдан фойдаланиб, қайсидир маънода, ўзимга билдирилаётган ишончни оқлаш мақсадида, ўз устимда кўпроқ ишлаб, ижод уммонига шўнғиб кетганлигим боис, нафақат, журналистлар, мухлислар, балки яқин дўстларим ва ҳатто оила аъзоларим уйдагилар ҳам мени кўп кўра олишмаяпти. Бунга сабаб, кечалари билан бедорликда, машаққат чекиб қилаётган ижод маҳсулим, деб ўйлайман.

ulugbek_r7.jpg

- Меҳнатсеварлик ва ижод қилиш яхши, лекин инсон дам ҳам олиб туриши керак-ку! Касал бўлиб қолишдан қўрқмайсизми?

- Тўғри, дам ҳам олиб туриш керак. Лекин, бугунги менга келган имконият ва келаётган шарт-шароит, ҳар доим ҳам бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун, бундан кераклича фойдаланиб, қилишим керак бўлган ишларни қилиб олишим зарурий. Қолаверса, дам олиш кераклигини, соғлиққа ҳам кўп ишлаш зарарлигини ҳам биламан, лекин бугунги кунда, мен дам ҳам оляпман. Лекин, қандай? Оддийгина! Чарчаб, соат неччи бўлганидан қатъий назар уйга кириб келганимда, яқиндагина, Оллоҳ менга насиб қилган, (меҳр билан) ўғлим Файзуллоҳ билан бирга ўйнасам,  уни қучоқлаб бағримга боссам ёки, уни ҳидларини тўйиб ҳидласам, (самимий жилмайиб) кечалари билан толиқтирган чарчоқларим бир зумда, ўз-ўзидан чиқиб кетади. Демак, бугунги кундаги, менинг дам олишим, бу оилам ёнига келганимда, кичкинагина фарзандимни кўришим ва у билан озгина суҳбатлашишим, ёки у билан ўйнаб ўтиришим, бу менинг ҳозирги кунда энг мароқли дам олишим бўлади.  

 

- Албатта, Улуғбек бундай бахт, сизнинг ва "Тасвир" газетасининг барча мухлисларига насиб этсин. Шу ўринда, эшитишимизга қараганда, сиз жуда ҳам ҳазилкаш инсон экансиз. Дўстларингизга қилган самимий ҳазилларингиз ҳақида кўплаб фикрлар эшитдик. Шу ростми?

- Албатта! Мен жуда ҳам ҳазилкашман. Ҳазиллашишни жуда ҳам яхши кўраман. Фақат, ҳазилни ҳам чегараси бўлиши керак. Яъни, кимнидир нафсонияти билан, у инсонга ҳеч қачон ёқмайдиган нарса билан боғлиқ ҳазилларни қилмасликка ҳаракат қиламан. Лекин, ҳазиллашиб, маза қилиб тўйиб кулиб олишдан, қизиқарли бирор ҳикояни айтиб бериш ва бировга қизиқарли суҳбатдош бўлишни яхши кўраман. Қолаверса, мен санъаткор бўлганим учун, суҳбатлашишим керак, кайфиятим аъло даражада бўлиши керак. Мухлисларимнинг кайфиятига ҳам таъсир ўтказишим керак. Ундан олдин, ўзимнинг кайфиятимни кўтариб оламан, маза қилиб бир яхши нарсаларни хотирлайман-да, кейин кайфиятим аъло бўлганидан сўнг, бирор бир концертга ёки, бирор бир кечага кираман. Ўзимни шунга дастурлаштирганман. Бу қайсидир маънода санъаткор хонандада бўлиши керак бўлган хислат, деб ҳисоблайман.

 

ulugbek_r9.jpg

 

- Шу яқин орада қилган бирор ҳазилингизни эслай оласизми?

- (самимий кулиб) Албатта! Жуда бир эсда қолган ҳазиллардан бири, бундан ҳалигача куламиз! Санъат соҳасига тегишли бўлган бир яқин дўстимиз, туғилган куни муносабати билан зиёфат бериб, дастурхон ёзган эди. Яна бир дўстимизга эса, шу кечани бошловчилик қилиб олиб бориш масъулияти юкланган эди. Шунда бир кайфиятимиз кўтарилиб, дўстларимиз билан бир ҳазил қилгимиз келди. Ҳамма дўстлар келишиб олган ҳолда, бу кечага келган ҳар бир хонанда, актёр ва умуман санъат соҳасидаги дўстларимизга "ана шу кечани олиб бораётган дўстимиз, табриклаш учун микрофонга чақирганида, унинг ёнига бориб, секингина унга: "Нималар деяпсан ўзи? Ўйлаб гапиряпсанми? Нимага ғалати-ғалати гапларни гапиряпсан? Ҳаттоки, бир-бир ҳақоратли гаплар ҳам айтиб юборяпсан! Ғалати ҳаракатлар ҳам қилиб юборяпсан! Сенга нима бўляпти? Бир нарса бўлганга ўхшайди. Ҳамма гапиряпти!" деган гапни бирма-бир ҳаммамиз, гапирамиз. Кейин охирида кўрамиз, бундан қандай бир ҳодиса бўлар экан? Шундан кейин ҳам ўзига нисбатан ишончи бўлармикан ёки бўлмасмикан?" -деб гапни бир жойга қўйдик. Яъни, шу тарзда ҳазил қилдик. Шундан сўнг, кеча давомида бирма-бир ҳар биримиз, унга юқоридаги гапларни гапиргандик, у дўстимиз, шу даражада қизариб кетиб, ўзига ишонмай, бирор-бир гапни микрофонда гапиришдан олдин, яхшилаб атрофга ва ўзига қараб, ўйланиб-ўйланиб қолишни бошлади. Биз бўлса, ҳаммамиз четда маза қилиб кула бошладик. (самимий кулади) Бир оз вақт ўтиб, ресторан кўчасида, тоза ҳавога чиқиб турсам, ўша дўстимиз ҳам чиқиб, ёнимга келди. Менга: "Улуғбек, сездингми? Негадир ҳамма мени ёнимга келиб, "Нималар деяпсан? Ғалати гаплар гапиряпсан, ғалати ҳаракатлар қиляпсан? Ҳақоратли гаплар ҳам айтдинг, дейишяпти. Мени мазам бўлмаяпти шекилли... Шундай ҳолатни сен ҳам сезмадингми?" деб сўради. Тўғриси, (кулиб) дўстим бу гапларни шу даражада жиддий гапирганидан, чидай олмай, кулиб юбордим. Кулганимда, у бу нарсани ҳазиллигини сезиб қолиб, орқамдан қувлаб қолди-ку... Тўғриси, ўзи ҳам "Вой, кимдан чиқди бу фикр?" деб, маза қилиб кулди. Албатта, ҳазиллиги учун, ҳеч ким-ҳеч кимдан хафа бўлмай, бу ҳодиса ҳаммага қувноқ кайфият улашди. Лекин, ҳеч қачон, боя айтганимдек, ҳеч кимнинг нафсонияти билан боғлиқ бўлган, қўпол ҳазиллар қилмаймиз.

 

- Улуғбек, демак, кайфиятлар ҳам аъло бўлди! Эндиликда, суҳбатимизнинг асосий қисмини бошлаймиз. Маълумки, санъатда баъзи бир хонандалар, бир умр ўзлари яратган биринчи ташриф қоғозига айланган ва жуда бир "хит" даражасига кўтарилган битта қўшиғи билан бутун ижодини олиб кетадилар. Уни мухлислар бутун ижоди давомида, фақат ўша биргина "хит" қўшиғи билан таниши ва эслаши ҳам мумкин. Баъзи бир хонандалар бўладики, афсуски, умуман бундай "хит" қўшиғини топа олмайди ва бу санъаткор учун жуда ҳам бир даҳшат, қўрқинчли ҳолат, деб ўйлайман. Лекин, сизнинг ижодингизда бўлса, умуман кутилмаган бир ҳолатнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Яъни, биринчи "хит" қўшиғингиз ҳам бор ва ундан сўнг ҳам, кетма-кет "хит" қўшиқлар ярата оляпсиз! Санаб ўтадиган бўлсак, аввалги ижодингизга назар солмай туриб ҳам, шу қисқа вақт ичида яратган "хит" тароналарингизнинг ўзини санаб ўтсак, "Кўзларингга қараб", "Бемор", "Жоним" ва "Лайлоимсан"! Бунинг сири нимада?

 

ulugbek_r11.jpg


- Жуда ҳам зўр савол бўлди! Тўғрисини айтганда, бу нарсанинг менўзим ҳам кутмагандим ва бундай бўлишини билмагандим ҳам. Лекин, шу баҳона ўзим учун битта янгилик ярата олдим, десам ҳам бўлади. Ўзинг билмаган ҳолатда, бир нарсани тушуниб қолиш ҳолати, бўлди. "Кўзларингга қараб" қўшиғининг яралиши, шундай бўлгандики, 2010 йилда "Капалак" деб номланган яккахон концерт дастуримга, қўшиқ етмаганлиги боис, бу қўшиқ ёзилганди. Шошилинчда ёзилган ва тушунасиз, нималаргадир аҳамият ҳам берилмай қолинган бўлиши мумкин. Лекин, кейинчалик, ўз ҳоҳишим билан эмас,  концерт дастуримни кўрган ва эшитганларнинг "Нега шу қўшиғингизни чиқармаяпсиз?" деган гапларидан келиб чиқиб, 2011 йилнинг фяевраль ойларида, "Кўзларингга қараб" қўшиғини радиоларга беришимга тўғри келди. Буни қарангки, орадан 2 ой ўтар-ўтмас, қўшиқ, бутун кўчаларда, ёшларнинг машиналарида янграй бошлади, қаерга борсам ҳам, "шу қўшиғингизни айтиб беринг" деган гапларни эшитгандан кейин, мен жуда ҳам ҳайрон қолдим. Яъни, мен ўзим кутмаган ҳолатда, "Кўзларингга қараб" қўшиғи хит бўлганининг гувоҳи бўлдим. Шундан сўнг, устозим Фаррух Бадалбоев билан бирга суҳбатлашиб қолганимизда, у киши: "Кел, шу қўшиғингни маҳзун вариантини ҳам қиламиз" деб таклиф қилганларида, "О, юрагимдаги гапни айтдингиз. Шу қўшиқни маҳзун вариантини ҳам ижро этгим келарди. Менимча ҳам, бу қўшиқ шўх вариантига қараганда, маҳзунроқ йўналишда куйланса, чиройлироқ бўларди" дедим. Шундан сўнг, бу қўшиқни маҳзун вариантда куйладим ва энг қизиғи шўхидан ҳам, машҳурроқ бўлди. Концертларга борсам, эндиликда маҳзун вариантини куйлашимни сўрайдиган бўлишди. Ўз-ўзидан "Кўзларингга қараб" қўшиғимнинг шўх варианти тўйларда ва туғилган кунларда,  маҳзун варианти эса, концертларда, бирор ижодий учрашувларда куйланадиган бўлди. Биласизми, инсонда битта хит қўшиқ чиқса, янада изланувчанлик ва ишонч пайдо бўлади. Яъни, нимагадир бир туртки бўлади. У қўшиқнинг ортидан, ҳозирги кундаги ҳамкорим, ҳам акамдек бўлиб қолган, сиз санаб ўтган хитларимни яралишида ўз ҳиссасини қўшаётган, аранжеровкачи, истеъдодли мусиқачи Аҳмад Ҳожиматов томонидан, ҳозирги кунда ҳамманинг севимли таронасига айланиб қолган, "Бемор" қўшиғи менга тақдим этилди. Аҳмад акам менга: "Улуғбек, мана шундай "Бемор" қўшиғи бор. Бу қўшиқ жуда ҳам эски, озарбайжон миллатига мансуб хонанда куйлаган, лекин, нимасидир ўзбекларнинг дилига яқин. Кел, шу қўшиқни "ремейк" сифатида тайёрлаймиз" дедилар. Шу ўринда, алоҳида айтиб ўтиб кетишни ҳоҳлардим, "ремейк" сўзи бутун дунёда модадаги сўзлардан бири бўлиб, шоу бизнес оламида фаолият олиб бораётган, ҳоҳ журналистика бўлсин, ҳоҳ қўшиқчилик, ҳоҳ аранжеровкачи бўлсин, "ремейк" деган сўзни билмаса, бу уят! Сабаби, бу шундай сўзки, ҳозирда бутун дунёда, айниқса, Европада бу нарса авж олган. Яъни, ҳаммамиз билган Френк Синатра, ёки Мадонна, ёки шунга ўхшаган Брайн Адамс, Женифер Лопес ва кўпларнинг ижодини ёшлар, ёки улар бир-бирларидан олиб, "гармония"ларини ўзгартирмаган ҳолатда, замонавий тарзда, арарнжеровкаларини замонавийлаштириб, куйлаб чиқиш, бу "ремейк" демакдир! Бу ҳозир модадаги ҳолат. Биз ҳам, у қўшиқни "ўзимизники, биз яратдик" деб эмас, озарбайжон миллатига тегишли бўлган, ўша эски, бизда ҳаттоки, ҳеч ким эшитмаган қўшиқни чиройли қўшиқ эканлигини ҳисобга олиб, ўшани янгича аранжеровка қилиб, мухлисларга тақдим этдик холос. Яъни, қўшиққа қайта "иккинчи парвоз" бахш этдик. (самимий кулиб) Энг қизиқарлиси, энг маза қиладиган тарафимиз шундан иборат бўлдики, Аҳмад ака Ҳожиматов ва мен сабаб, бу қўшиқни куйлаб чиққанимдан сўнг, бу қўшиқнинг ижодкори ҳақида, бизнинг халқимиз ҳам маълумотга эга бўлди ва озарбайжон халқига тегишли бошқа қўшиқлар ҳам, бизда кетма-кет хит бўла бошлади. Кўпчилик бўлса, бу нарсани "нотўғри, ўғирлик" деб ёки, бир нотўғри ишдек кўриб қолди. Ваҳоланки, бу қўшиқ кўзга кўриниб қолганлиги учун ҳам, мен шундай суҳбатларнинг бош мавзусига айланиб қолдим. Лекин, бу менга хурсандчилик ҳам бахш этади. Сабаби, сиз ҳақингизда гапиришлари, сиз инсонларнинг оғзида бўлишингиз, бу ижодкор учун бахт. Лекин, бир нарсани адаштириб қўймасликларини сўрардим, нафақат мен, балки мендан ташқари, қанчалаб ижодкорлар, қанчалаб қўшиқларни қайта куйлаб чиқишяпти. Аммо, уларники, бунақа машҳур бўла олмаяпти. Шунинг учун ҳам, уларнинг ишини гапиришмаяпти. Бу қўшиқнинг "хит" бўлиши, айнан мен бирор нарсани сезганим, ёки билганим учун эмас! Шу қўшиқни ҳақиқатдан севиб, шунга қандайдир бир илҳом бахш этиб, чин дилдан куйлаганимиз боис, бу қўшиқ машҳур бўлди, деб ўйлайман. Бундан кейин, бизга катта синов келди. Ҳаммаёқ "Бемормания" бўлди! Ҳатто, шундай гаплар ҳам бўлди: "Қанча эшитиш мумкин? Ҳаммаёқда шу қўшиқ! Бошқа қўшиқ чиқаринг! Дазмолни ёқсанг ҳам, кир машинани ёқсанг ҳам "Бемор" бўлиб қолди!" Ўшанда Аҳмад акам билан маслаҳатлашиб, "Аҳмад ака, "Бемор" жуда ҳам машҳур бўлди. Кейинги қўшиғимиз ундан ҳам машҳур бўлмаса, ҳеч бўлмаса шу "Бемор"ни даражасида бўлмаса,  биз катта йўқотиш қилишимиз мумкин" дедим. Чунки, шоу бизнесда қўшиқларни беришнинг ҳам кетма-кетлиги бор. Шунда, Аҳмад акам билан келишган ҳолда, умуман, бу услубга зид бўлган, "Жоним" таронасини куйладим. Кутилмаганда, ҳаммаёқда "Жоним" бўлиб кетди. Алоҳида бир нарсага аҳамият бердим, тўйларга борганимда, ёши катта аёллар "ўғлим, "Жоним" қўшиғингизни айтиб беринг" деганларида маза қилдим. Нега? Чунки, икки ёш бир-бирини севса, улар бахтли ҳаёт кечириб, 60,70, 80 ёш, борингки, 100 ёшга чиқишса ҳам,  улар бир-биридан "Жоним" деган сўзни, ҳеч қачон дариғ тутишмайди. "Жоним" сўзи ёш танламайдиган, умумий сўз экан! Ўзимиз билмаган ҳолда, айнан қўшиқ номи "Жоним" бўлганлиги ҳам, ўз таъсир кучини ўтказди. Ундан сўнг, Қашқадарё вилоятига хизмат сафари билан борганимда, ўша ерлик, миллати тожик, лекин Ўзбекистон фуқароси бўлган бир инсон, менга МР3 диск совға қилди. Ўша диск ичидаги "қўшиқларнинг бирини олиб куйланг, сизга жуда ҳам ярашади, сиз ижро этишингизни ҳоҳлардим" деган фикрларни билдирди. Шу дискдан мен, "Лайлоимсан" қўшиғини олиб, Аҳмад акам билан биргаликда аранжеровка қилиб, мухлисларга тақдим этган эдим. Эндиликда, тўй-ҳашамларга, хизматларга борганимда, менга шу "Лайлоимсан" қўшиғини камида 2 марта айттирмасдан, қўйиб юборишмаяпти. (самимий кулади) Энди бунга нима дейсиз? Бу менга боғлиқ нарса эмас! Энг кераклиси, бу ижодни янада кўпайтирганлигим, керак бўлса уйқудан ҳам воз кечаётганлигим ва энг биринчи ўринда, ҳаммаси Худодан бўлаётганлигига гувоҳ бўляпман! Шунинг учун, менинг фикрим, "бу қўшиқни мана бундай қилибди, ана у ердан олибди" дегандан кўра, яхши ният қилиб, ҳавас билан қараб, иш ўрганган кўпроқ қулай деб, ўйлайман. Чунки, вақт жиҳатидан кўп нарса ютқазмайсиз. Лекин, шу нарсани айтиб ўтмоқчиман, бундан буён Улуғбек Раҳматуллаев "ремейк" қўшиқлар қилаверар экан, деган хаёлга бориб қолманглар. Бундан буёғига, Худо ҳоҳласа, "Panterra" студияси билан биргаликда амалга оширмоқчи бўлган, янги концерт дастуримиз устида ишлаяпмиз. Ўша концерт дастурим кунининг ўзидаёқ, Худо ҳоҳласа, концерт залининг ичида, янги тўртинчи альбомимнинг тақдимоти ҳам бўлади. Яъни, концертга келган инсонлар концертда қўшиқларни тинглаб, агар ёқса, концертдан чиқиб кетишаётганда, ўша дискларни харид қилишлари мумкин бўлади. Бу бир тарафи бўлса, иккинчи тарафи, бу ёқда ёзаётган қўшиқларим деярли жуда кўплари муаллифлик қўшиқларидир! Худо ҳоҳласа, ўша муаллифлик қўшиқларимни бирма-бир мухлисларга тақдим этаман. Эндиликда, "Лайлоимсан" дан сўнг, бўладиган муаллифлик қўшиғим, "Омадим келмади..." қўшиғи. Қандай қилиб? Нимага келмади, деган савол туғилиши мумкин. "Нимада омадим келмади", деган чиройли бир мавзу асосида, қўшиқ яратдик. Худо ҳоҳласа, шу қўшиғим ва ундан сўнг, яна бир сокин тарона ва ундан сўнг, яна иккита жиддий мавзуда, "Ватан" ва "Она" ҳақидаги, жуда ҳам долзарб ва жуда ҳам юракка яқин, айнан шошмасдан қилиниши керак бўлган ижод маҳсулларини, мухлисларга тақдим этаман. Ўйлайманки, шошмасдан ақл билан ижод қилиш, менимча, кутилган натижаларни беради! Русларда ҳам бир мақол бор, "секин юрсанг, узоққа борасан", ўзимизда эса, "етти ўлчаб бир кес". Мен шундай мақолларни, ўзимга шиор деб биламан. Шундан фойдаланган ҳолатда, ҳозир ўз ижодимни қиляпман ва Худога шукур кам бўлмаяпман, деб ўйлайман.

 

- Ўзингиз ҳақингизда яқин орада, эшитган энг яхши ва ёмон хабар? Чунки, санъаткорлар ҳақида ҳар хил гаплар тарқалиши табиий.

- (самимий) Санъаткор бўлганимиз учун, биз ҳақимизда турли шов-шувли хабарлар тарқалиши, улар яхши ёки ёмон бўлишини мен ўзим нормаль ҳолат деб қарайман. Лекин, журналистлар тарафидан менинг нафсонияти, шахсиятим ва оилам билан боғлиқ бўлган бирор-бир нотўғри, далилларга таянмаган ҳолатдаги шов-шувли хабар чиқариб юборилса, мен тўғриси, бу нарсани шундоқ қўймайман. Лекин, ижод билан боғлиқ бўлса, бу нарсани, "санъаткормиз, шундай бўлиши керак" деган ҳолатда қабул қиламан. Охирги пайт 2 та қизиқарли воқеа бўлди, яхшисидан бошлайми, ёки ёмониданми?

 

ulugbek_r10.jpg

 

- Менимча, ёмон хабардан, негаки, ёмон хабардан бошланса, ундан кейинги яхши хабар, уни ювиб кетади, дейишади.

- Яқинда, концертлардан бирида, бир мухлис ёнимга югуриб келиб, ҳовлиқиб, лекин тушкун ҳолатда, "Улуғбек ака, сиздан бир нарса сўрамоқчиман. Ўзингиздан билмоқчиман, бировларга ишонмайман-ку, лекин ўйланиб қолдим" деди.  "Нима бўлди?" десам, "Сиз эшитишимизча, турмуш ўртоғингиз билан оилангиз бузилибди" деган, жуда ҳам хунук, мени музлатиб қўйиш даражасига борган саволни берди. Биласизми, нима учун бу савол менга бунчалик оғир ботди ва ўзим ҳайратланиб, "наҳотки бундай ёлғон гапларни чиқарадиган ва бундан маза қиладиган инсонлар бор" деган тушунчага бориб қолдим? Айнан, бугунги кунда бу саволни менга қаттиқ текканлигининг сабаби, биз турмуш ўртоғим билан эндигина Худодан тилаб олган фарзандимиз дунёга келган вақтда, шундай бир ёмон гап чиқаришганлигини юрагимга қаттиқ олдим. Шунда мен ўша мухлисга кулиб, (чунки, у мухлис бу гап учун айбдор эмас!) "Бўлмаган гап! Мен турмуш ўртоғимни жуда ҳам яхши кўраман! Турмуш ўртоғим ҳам мени жуда ҳам яхши кўради! Бизни бугунги кунда, Худо берган фарзандимиз бор ва биз уни жуда ҳам яхши кўрамиз! Худо ҳоҳласа, Худодан бошқа ҳеч ким бизни ажратиб юбора олмайди!" деб жавоб бердим. Буни эшитиб, ўша савол берган қиз, жуда ҳам хурсанд бўлиб югуриб кетди! У бу шов-шувли гап нотўғри ва ёлғон эканлигидан хурсанд бўлиб кетди! Лекин, мени ўша куни кайфиятим бўлмади, "кимга керак экан, бунақа ёлғон гап чиқаришлар" дедим. Энди, бир ёмонлик ортидан, бир яхшилик келади, деган ўзбекларда бир чиройли гап ҳам бор. Тўйлардан бирида, навбатимни кутиб ўтирганимда, бир инсон келиб, "Улуғбек, сизни онам жуда ҳам яхши кўрадилар" деди. "Раҳмат, раҳмат" десам, у инсон, "Онам, шу болага қойил қолдим, роса сабрли бола экан, роса сабрдан ўтди" деб айтдилар, дейди. "Бу нима деганингиз?" десам, "Худо олдин яхшилаб сабр берди! Кейин мевасини ҳам берди!" дедилар, деди. "Нимани назарда тутяпсиз?" деб савол берсам, "Сиз ижодни бошлаганингизга 12 йил бўлибди! Қара, ташлаб кетмади-а? Қолганларга ўхшаб қўшиқларим  унчалик даражада бўлмаяпти-ку, демасдан, сабрга чидаб, охири, эришди-а? Мана охири меваларини тотяпти-а?" деб гапирдилар онамлар, деди. Мен бу гапларни эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ўша инсоннинг оналари, 12 йил ичидаги сабр-тоқат, мана бугунги кунда менга бўлган бошқача муносабат, мени қўллаб-қувватлаётган мухлисларимнинг сони кўплиги, боя айтиб ўтганимдек, даврим келганлиги, қўшиқлари кетма-кет мухлисларга маъқул келаётганлигини ҳисобга олиб айтибдилар. Демакки, ўзимнинг ижодимга санъатимга бўлган меҳрим ёлғон, қандайдир вақтинчалик, эмас экан! Ёшлигимдан юрагимда бўлган экан ва охири шу нарсага эришиб келганим, уддай олаётганлигим мени хурсанд қилди! Шу жумладан, жуда ҳам машҳур бир гап ёдимга келди, Ҳолливуд актёрларидан бири Аль Пачино интервьюсида: "Инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, у балки барабан чалар, балки пишириқ пиширар, ёки сартарош бўлар, ёки гул дўконда ишлар? Лекин, ўз қилаётган меҳнатини меҳр-муҳаббат билан қилиб, ҳеч қачон бошқа бир вариантлар қидирмасдан ўз ишига ёндошса, охири бир куни, ўша соҳанинг энг зўри бўлар экан! Яъни, энг зўр гул дўкони уники бўлади, ёки энг зўр сартарош-стилист бўлар, ёки энг зўр пишириқлар пиширадиган қандолатчи бўлар?" деб айтган экан. Биласизми, бу билан нима демоқчиман? Авваламбор, Худога шукур. Мен ўша ижодимни бошлаган вақтимда, қанча санъаткорлар бор эди. Ҳозир уларнинг қанчаси йўқ, ижодни ташлаб кетишди. Худога шукур қиламан, ўша пайтда мен ҳам уларга қараб туриб, "эҳ, балки бошқа иш қилганим маъқулдир" деб, ташлаб кетмаганимга ва ортга қарамай, фақат олдинга интилганим мана бугунги кунда, мухлисларим сони кўплиги, қолаверса, сиз ҳам мана бугун мендан интервью олаётганингиз, бу ўша бир пайтлардаги сабр-тоқат ва қилинган меҳнат меваси деб ўйлайман! Бу нарсага шукур дейиш керак ва бу нарсани қадрлаш керак! (самимий кулиб) Мана шу иккита бўлиб ўтган, яхши ва ёмон хабар!

 

- Агар хонанда бўлмаганингизда-чи, ким бўлган бўлардингиз? Барибир бошқа бирор касбингиз ёки, бошқа бирор соҳада ҳам хоббингиз бўлиши мумкинми?

- Баъзида ўйлайман, агар мен айнан қўшиқ айтмаганимда, ҳозир кунда қайси касбда бўлишимдан қатъий назар, одамларнинг эътиборида бўладиган касб танлаган бўлардим, барибир. Лекин, менимча, мендан яхши бизнесмен чиқмайди. Чунки, бизнес деганда битта дўкон очиб қўйиб, ёки бўлмаса, бирор кафени юргазиб қўйиб, ўзини бизнесменлар қаторига қўшиб қўйиш, бу нотўғри нарса, деб ўйлайман. Ҳақиқий бизнесмен бошқача бўлади! Шоирлар, бастакорлар, хонандалар қандайдир бир ғоя яратгандек, бизнесменлар ҳам бир ғоялар яратади. Масалан, ўша ғояни амалга оширса, қанча маблағ топиши мумкин? Бизнесменликка мойиллик ҳам, назаримда инсонларда туғма бўлади. Мен ўзимни шахсан, агар хонанда бўлмаганимда, рассом, ёки шифокор-жарроҳ бўлган бўлишим мумкин эди, деб ўйлайман. Нимага? Чунки, шифокор-жарроҳ деганимнинг сабаби, чунки, мен (кулиб) кичкиналигимдан, кўчалардаги ҳар хил қушчалар, ёки қурбақаларни, қимирлаган кичкина жонзотларни қўл билан ушлаб кўриш, ўйнашдан қўрқмасдим. Шунингдек, кичкиналик вақтимда ҳар доим ўртоқларим билан ўзимизча "дўхтир-дўхтир" ўйинларини ўйнаб, қушчаларни "операциялар" қилардик. (самимий кулиб) Қурбақалар устида "жарроҳлик амалиётлари" ўтказар эдик. У пайтларда қондан ҳам қўрқмаган эканман. 4-5 синфда ўқиётган вақтларимда, маҳаллада кимдир товуқ сўймоқчи бўлса, (кулиб) албатта, мени чақиришарди. Мен ҳам қўрқмасдан ундай ишларга бел боғлаган эканман. Шунда онамлар, "бизнинг ҳам авлодимизда, бир яхши жарроҳ бўлар экан-да! Мени ўғлим шифокор-жарроҳ бўлади!" деб орзу қилардилар. Лекин, онамлар у орзуларига эриша олмадилар, чунки, мен хонанда бўлиб, ҳозирги кунда ижод қилиб келяпман. Бундан ташқари, рассом бўлган бўлардим, чунки кичкиналигимдан расм чизишни жуда яхши кўраман, лекин, "яхши рассомман" деб даъвогарлик қилмайман! Ўзим учун, қўлимга қалам олиб, тебратиб, манзараларни, ҳайвончаларни ёки ҳар хил шаклларни чизиб ўтириш менга ёқади. Пайти келса, шу орқали ҳам, қандайдир дам оламан. Охирги пайтларда, бунга вақт етишмаяпти. Лекин, тасвирий санъат ва расм чизадиган инсонларни мен жуда ҳам ҳурмат қиламан ва қадрлайман. Шунинг учун ҳам, менда жуда кўп расмлар бор, (офис деворларига осилган, рамкалардаги турли расмларига ишора қилиб) мухлисларим ҳам шу нарсани яхши кўрганимни билиб, менга шуларни кўпроқ совға қилишган. Масалан, "Капалак" номли қўшиғим яратилганда, капалак билан боғлиқ жуда ҳам кўплаб расмлар, санъат асарлари  менга топширилган. Ҳозирги кунда, менимча, (кулиб) кўпроқ шифокор-жарроҳ эмас, айнан рассом бўлган бўлардим.

 

-  Нега? Жарроҳлик-чи?

- Ҳозирги кунда, кимдир кичик болага укол қилаётганлигини кўрсам, ёки кимдир бирор ерини кесиб олганлигини кўрсам, мазам қочади. Таъсирчанлигим ошган бўлса керак, шу нарсаларни кўришни юрагим кўтармайди. Агар қўлимга жарроҳлик скалпелини топшириб қўйишса, мен ўша ернинг ўзида ҳушимдан кетиб қолсам керак. Илгари, товуқ сўйишдан қўрқмаган бўлсам, эндиликда қўйлар сўйиладиган жойда, шундай нарсаларга қараб тура олмайман! Айтяпман-ку, оддий уколдан қўрқаман! Бу кулгили туюлиши мумкин, лекин мен қўрқаман!

 

- Яна нималардан қўрқасиз?

- Бири укол бўлса, иккинчиси самолётда учишдан қўрқаман! Гарчи, жуда ҳам кўп самолётда учишимга тўғри келади ва жуда ҳам кўп учаман! Негадир шу самолётга чиққанимда, (кулиб) "Самолётнинг учувчиси ухлаб қолмаяптимикан? Кайфияти яхшимикан? Нимадир бўлмадимикан?" деган қандайдир хаёллар келаверади. Кейин эса, бироз учгач, ўзимга келиб қоламан. Самолётда энг узоқ учишим, бу Малайзияга учганимиз бўлди, саккиз ярим соат самолётда учишга тўғри келди!

 

ulugbek_r.jpg

 

- Биринчи бор берган дасхат берганингизни эслай оласизми?

- Бу саволингиздан бир нарсани эсладим. Ижодга янги кириб келган пайтларим, ҳали ҳеч ким билан суратга ҳам тушмаган вақтлар. Мабодо мен машҳур хонанда бўлиб қолсам, келиб мендан дасхат сўрашса, қандай дасхат қўйиб бераман, деган бир ҳаяжон, менда ўз-ўзидан пайдо бўлганди. (кулиб) Ҳали ҳеч ким мендан дасхат сўраётгани ҳам йўқ эди. Шуни ўйлаб, дасхат қўяман деб, биласизми, қанчадан қанча альбом варақларини тўлдириб ташлаганман! Шу нарсанинг устида қанчалик ишлаганман ва охири, шу хулосага келганман. Қанча шунақа нарсаларни ўймасанг, шунча бир ижодинг нормаль ривожланар экан! Айнан, кимга биринчи дасхат қўйиб берганлигимни эслолмайману, лекин менимча, жуда ҳам бир ҳаяжонда ва қўйиб бўлганимдан кейин ўша дасхат ҳақида, "дасхатим ўша инсонга ёқдимикан" деб, бир кун ўйлаган бўлсам керак! (кулади) Жуда ҳам хунук даражада дасхат қўйганим учун, албатта!

 

- Маблағ ва қадр тарафлама, ижодингиздаги энг қимматли клип ва қўшиқ?

- Мен учун энг қимматли нарса бу, вақт! Чунки, кўп нарсага улгуриш керак ва кўп нарсадан фойдаланиб олиш керак! Ҳозирги кунда, айтиб ўтганимдек, моддий тарафлама эмас, кўп вақт кетган, энг узоқ вақтда яратилган клип, бу "Лайлоимсан" қўшиғимга суратга олинган клип! Клипнинг трек қисми, Малайзиянинг Ланкави оролида, денгиз соҳилида суратга олинган бўлиб, албатта, Малайзияга бориш ва у ерда клип суратга олиб қайтиш вақт тарафлама ҳам, бошқа тарафлама ҳам харажатлари бор. Сюжети эса, Тошкент шаҳримизнинг кўркам жойларида суратга олинди. Иккита гўзал чиройли шаҳарларда суратга олиниб, уйғунлаштирилганлиги, клип сценарийси устида кўп ишланганлиги, монтаж, режиссура томонидан кўп ўйланганлиги учун ҳам, мен учун ҳар тарафлама, энг қимматли клипларимдан бири деб, ҳисоблайман. Мени энг қувонтиргани, шу кўп вақт давомида қилинган меҳнатнинг қолиб кетмаслигидир! Ҳозирги кунда, Худога шукур, қаерга борсам ҳам, шу қўшиқ ҳақида, клип билан боғлиқ воқеа ҳақида, "Қиз нима бўлган бўлади? Қизнинг ҳаёти нима бўлади?" деб савол беришлари, инсонни қувонтиради ва қилган меҳнатингиз чарчоқлари ўз-ўзидан чиқиб кетади. Бундан келиб чиқадики, маблағ ва вақт тарафлама, энг қимматли клипим бу "Лайлоимсан" клипим! Албатта, ҳар бир клипимнинг қадри ўзгача, бир-биридан ажрата олмайман. Лекин, 5-6 қўшиққа кетадиган харажатни, битта қўшиққа сарфлаган бир қўшиғим бор, "Капалак" қўшиғим! Буни мақтанишга йўймангу, қўшиқни ўша студияда ёзилиши, бастакорлик иши, уни скрипка ишлари, жонли ижрода оркестр билан ёзилганлиги, ҳар бир ноталарини алоҳида ёзиб чиқиш, унда мени яна бир акамдек бўлиб кетган инсон, зўр аранжеровкачи Бахтиёр Собировнинг берган ёрдами, жуда ҳам кўплаб инсонлар билан биргаликда бўлганлиги, қолаверса бу нарсалар, катта харажатлигини ҳам ва меҳнатни ҳам ҳисобга олсак, яна бир қадрли қўшиқлардан бири "Капалак" қўшиғимдир! Лекин, ҳар бир ижод маҳсулимнинг қадри, мен учун баланд. 

 

- Сиз ўзингизнинг клипларингизни ва ўзингиз суратга тушган фильмни, неча марталаб кўра олишингиз мумкин? Ёки умуман кўрмайсизми?

- (кулиб) Ҳар бир ижодкор, хонанда клипини суратга олдираётган вақтида, текшириб, камчилик ва хатоларини кўриб, аниқ бир нуқтага келиб олгандан сўнг, уни телевиденияга бериб, мухлисларга тақдим этади. Лекин, мен клипим тайёр бўлгач, 2-3 марта, ҳар тарафи, деталлари, қирраларини текшириб, берилиб кўраман. Ана ундан кейин, бир кўриб қолганда "ҳа, клипим" деган маънода кўраман, унчалик берилиб кўрмайман. Нима учун бундай? 3 мартадан кейин, бошқа берилиб кўрмаслигимнинг сабаби, Худо ҳоҳласа, умримиз узоқ бўлсин, ёшимиз катта бўлганда, ўшанда, ўзимнинг нималар қилганимни, четдан туриб кўргим келади. "Нималар қилган эканман? Қандай бўлган экан?" деган нарса, назаримда мен учун қизиқроқ туюлади.

 

- Йил бошидан дуэтлар кетма-кетлиги сизда яхши кузатилди. Айнан, дуэт сиз тарафдан таклиф этиладими, ёки сизга таклиф қилинадими?

- Аксарият дуэтлар, менга таклиф қилинган. Иложи борича, таклиф қилинган дуэтларга рад жавобини бермасликка ҳаракат қилганман. Чунки, ўша таклиф қилинган дуэтлар менга жуда ҳам ёққан. Бунга мисол қилиб, биринчи йил бошидан, хонанда Райҳон билан биргаликда, "Ўқилмаган китоб" дуэти, Райҳонанинг таклифи билан бўлганида, жуда ҳам хурсанд бўлдим! Чунки, мен Райҳонанинг ижодини жуда ҳам ҳурмат қиламан! Ўзини  ҳам инсон сифатида, аёл киши бўла туриб қилаётган кўп ишларига қойил қоламан. Шоу бизнесда, ўз ўрнига эга бўлган санъаткор, менга бу дуэтни таклиф қилганлиги, қайсидир маънода, мени ҳам шоу бизнес оламида, ўз ўрним борлигини билдирди. Бу дуэтни Райҳонанинг концерти учун куйладик ва жуда ҳам эътибор қозонди! Мен учун, яна бир эсда қоладигани ва керак бўлса, хурсанд бўлиб, мақтана оладиганим, бу устоз санъаткор Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан, уларни бундан неча йиллар аввал хит бўлган "Шоҳиста қиз, Шоҳиста" қўшиқларини бирга куйлаганим, бу мени бир умр ёдимда қоладиган дуэт бўлди. Шу ўринда, бир нарсани эслаб ўтаман, мен дунёга келганимда, бундан 30 йил олдин, ота-онам ўғил тўйимни қилишганида, устоз санъаткор Ғуломжон Ёқубов, ўғил тўйимда қўшиқ айтган эканлар. Тарихни қаранг, 30 йилдан кейин, ўша бола катта бўлиб, улар бирга, улар куйлаган қўшиқни дуэт тарзида куйлади. Бу мен учун шарафдир! Шу нарса, айнан ёшларнинг ичида менга насиб қилганлиги, жуда ҳам қувонтиради. Қолаверса, ўзим ҳам ўша қўшиқнинг мухлисиман, шу қўшиқни машинамда ҳам доим эшитаман. Бунинг учун, ўша имкониятни берган Ғуломжон ака Ёқубовга раҳмат деб қоламан ва айнан шу ғоя, ТВМ телеканалининг "Ошга марҳамат!" кўрсатув дастурида, айнан бир лавҳа сифатида, таклиф қилинганди. Айнан, шу баҳона, Ғуломжон ака Ёқубов билан дуэт куйладим. Айнан, яна дуэтлар борасида, бу йилда, амалга оширмоқчи бўлган концерт дастуримда, Худо ҳоҳласа, янги яна бир дуэт амалга оширилади. Лекин, кимлиги ҳозирча сир! Қолаверса, дуэтларга мен ўзим ҳам таклиф беришим мумкин, агар етарлича ўша қўшиққа ишонадиган даражада дуэт пайдо бўлса, албатта! Ўз вақтида, рад этган дуэтим ҳам бўлган, сабаби, у қўшиқ менга маъқул келмаганлиги ва қўшиқни мухлисларга ёқишига ўзимда ишонч бўлмаганлигидир! Лекин, бу таклиф қайси хонанда тарафидан билдирилганлигини айтмайман! У қўшиқни кейин бошқа бир гуруҳ куйлаб чиқишди, лекин қўшиқ у даражада муваффақиятга эриша олмади. Демак, у қўшиққа бошида қўйган "ташхис"им тўғри бўлиб чиқди. Бундай ҳолатлар ҳаётда бўлиб туради.

 

ulugbek_r1.jpg

 

- Машҳурларни санъатда бошқа, ҳаётда бошқа инсонлар, дейишади. Баъзи санъаткорлар саҳнада ва интервьюларда ўзларини самимий инсон сифатида, маълум бир қиёфада кўрсатмоқчи бўладилар. Лекин, уларнинг ҳақиқий қиёфасини вақт ўтиб, кўчага чиққанда, инсонлар орасида кўриш мумкин. Саҳнада ва ҳаётда ҳам бир хил бўлган санъаткорлар эса, афсуски, жуда озчиликни ташкил қилади. Сизнинг бунга муносабатингиз? Сизни йиллар ўзгартирмаганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз...

- Менимча, биринчи навбатда инсон, қандай бўлса, шундайлигича қолишга ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман. Агарда яхши инсон бўлса, ўша яхши инсонлигича қолиши керак, аксинча ёмон бўлса, ўзгаришга ҳаракат қилиш керак. Лекин, ёмон инсон бўла туриб, ўзини яхши қилиб кўрсатиши, ўзига хос бўлмаган нарсаларни ясаб олиши, бу нотўғри иш, деб ўйлайман. Шахсан, мен бу нарсага жуда ҳам қаршиман ва бу нарсани ёмон кўраман. Ўзи тушуниб етмаган ва ўзи амал қилмайдиган баъзи бир ишларни, баландпарвоз гаплар билан гапириб, ўзи эса шу ишни қилмаслик натижасида, кўча-куйда ёки бошқа жойда бу нарсанинг гувоҳи бўлиб қолганда, "ие, интервьюларидан бу болани мана бунақа деб ўйлар эканмиз, телевизорда ҳам бунақа эди-ку, асл ҳаётда мана бунақа экан" деган фикрлар келиб чиқади. Бу эса қўрқинчли нарса! Бу билан санъаткор ўзини ўзи биттада синдириб қўйиши мумкин. Айни, ижодкор, санъаткор инсон, хато қилишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Шунинг учун, ўйлайманки, иложи борича, мен ижод соҳасида ҳам, кўчада ҳам, самимий бўлишга ҳаракат қиламан. Бу қанчалик қўлимдан келади, билмайман. Мен ҳам инсонман, менда ҳам камчилик бор, лекин самимий бўлишга ҳаракат қиламан. Саҳнада жиддий бўлиб олиб, ўзимни жиддий инсон сифатида кўра олмайман. Ҳаётда хушчақчақ, самимий суҳбатдош инсонман ва саҳнада ҳам буни кўрсата биламан. Лекин, жойи келганда, саҳнада ўзига яраша талаблари бор. Барибир, саҳна билан ҳаёт, бу икки хил нарса ва буни адаштириб қўйиш керак эмас! Саҳнадаги ҳаётни, ҳаётда кўриб қўйиш керак эмас! Шунинг учун, иложи борича ўртасини топа билиб, ёлғон аралаштирмасдан, ўзидан кимларнидир ясаб олмасдан, борим қандайлигини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам, шу пайтгача ҳали ҳеч кимдан, "вой, сени бошқача тасаввур қилардим" деган гапни эшитмаганман. Саҳнада, клипларимни кўрган инсонлар, ўзим билан суҳбатда бўлмаган бўлишса, кейинчалик кўришганда, "вой, мен сизни мана шундай тасаввур қилардим, шундай хушчақчақ инсон деб билардим" деган гапларини эшитаман. Ҳазилни ҳам, ақлли ҳазиллари бўлади, кайфият баланд даражада бўлишини ҳам ақллиси бўлади. Ўшани ўртасини топа билиб, энг кераклиси, қиёфа эмас, ўзим бўлишга ҳаракат қиламан. Саҳнада мени бошқачароқ тасаввур қилиб, ҳаётда кўриб, кўнгиллари қолишидан қўрқаман. Аксинча, мени ҳаётда кўриб, янада меҳрлари баланд бўлишига ҳаракат қиламан ва ўзимга хос бўлмаган нарсаларни хос кўрсатиб, қиёфа ясаб олмайман.

 

ulugbek_r2.jpg

 

- Ўзингизни очиқ айта оладиган камчиликларингиз ҳам борми?

- Бор, албатта. Сал жаҳлим тезроқ, лекин, ўз ўрнида жаҳлим тезлиги, яна тезда жойига тушиб қолиш хислатим ҳам бор. Энди йилдан йилга, буни устида ишлаб, шу нарсани камайтиришга ҳаракат қиламан. Яна бир камчилигим, ухлаш керак бўлган вақтда, негадир ухламайман! Шунингдек, камчиликларимдан бири, назаримда мен жуда кам иш қилаётгандекман. Кимлардир, менга "кўп ва яхши ижод қиляпсан, меҳнатларинг сезиляпти" дейди-ку, лекин ўзим учун бу жуда ҳам камдек! Ўзим учун тушуниб, шундай бир ҳолатлар бўлиб қолади. Бир жойларга борганингизда қандайдир бир истеъдодларни кўриб қоласиз, уларни афсуски, ҳеч ким танимайди. Уларни кўрганингизда, "эй, мен ҳали ҳеч нарса қилмаган эканман-ку" деб қолар экансиз. Ижод уммонида қанчалик кўп иш қилишни бошлаганингиз сари, "шунчалик кам иш қиляпман ва мен ҳеч ким эмас эканман" деб ўйлайсиз. Катта камчилигим эса, инсонларни ўзимга яқин олиб юборишим, ҳаммани ўзимга дўст қилиб олишим, яқин инсон сифатида кўриб юборишим мумкин. Мана шунинг ортидан, кўпинча бир панд еб қолган вақтларим ҳам бўлган. Лекин, охирги вақтларда, иложи борича, шу камчиликларим устида кўпроқ ишлаб, хато қилмасликка ҳаракат қиляпман.

 

ulugbek_r3.jpg

- Яқинларингиз, албатта, оилангиздаги яқинларингиз бу камчиликларни сезмасликлари мумкин. Лекин, атрофингиздаги бошқа яқинларингиз, яъни ҳамкасбларингиз, бу камчиликларингизни ҳазм қилиб кета оладиларми, ёки сиз боя жаҳлим тез деганингиздек,  ҳамкасбларингизнинг қайси жиҳатларига кўника олмайсиз?

- Инсон ҳаётда бир маротаба яшар экан, қайси соҳада бўлмасин, иложи борича ўзидан яхшилик, яхши хислат қолдиришга ҳаракат қилади. Мен бир нарсани тушуниб етдимки, ҳаётда иложи борича, биринчи ўринда, "ҳеч кимдан хафа бўлмаслик керак", деган бир гапни ўзингизга шиор қилиб олиб яшаш керак экан. Чунки, санъат соҳасида бўлганингиздан кейин, сизнинг дилингизни оғритиб, сизни хафа қилиш жуда ҳам осон. Кимдир билмаган ҳолатда сизни ранжитиши мумкин. Агар шундай ҳолатларнинг ҳар бирига хафа бўлаверсангиз, буни соғлингингиз ҳам кўтармайди. Охири ижодингиз ҳам тўхтаб қолиши мумкин. Хуллас, ҳаётда синиш мумкин. Шунинг учун ҳам, кечиримли бўлишга ҳаракат қилиш, иложи борича, беъэтибор бўлишга ҳаракат қилиш, ҳар хил гапларни эшитмаслик, ҳамкасбларим тарафидан нотўғри ҳаракат бўлса, уни шундайлигича қабул қилишга ҳаракат қилиш ва қолаверса, мен тарафдан бирор хато, камчилик ўтиб қолган бўлса, ўша ишни қайта қилмасликка ҳаракат қилишга, имкон қадар эришяпман. Беайб парвардигор, камчилик ҳар бир инсонда бор ва уни ўзингиз билиб, ўшанинг устида ишлаб юрсангиз бўлди. Кимлардир тарафидан бир камчилик ёки хато бўлган бўлса, ўшаларни "бўлди энди, мен учун бир умрлик" деб, бир катта муаммо қилиб ясаб олмасдан, кечиримли бўлиб, камчиликларни ўзига олмасдан, фақатгина яхши тарафларини, ютуқларини қидириб топиб, ўзимга оламан. Ҳар бир инсонни битта камчилиги бўлганга яраша, битта яхши тарафи ҳам бўлади. Нимагадир одамлар, ўша ёмон тарафига эътибор берадилар. Шунинг учун, ёмон тарафини ўйлашни бошлаганим сари, албатта, дарҳол ўша инсонни яхши тарафини ҳам қидириб топиб, инсон сифатида қилаётган ишларини кўриб, ёмон тарафларини эсдан чиқариб юборишга ҳаракат қиламан. Бу нарса, охирги пайтларда жуда яхши натижа беряпти.

 

- Баъзи хонандалардан, "турмуш ўртоғимнинг мендан бошқа хонандани тинглашини кўрсам жаҳлим чиқади, рашким келади, ғашимга тегади" қабилидаги гапларни ҳам эшитамиз. Биламан, сиз шахсий ҳаёт оила мавзусида кўп тўхталишни истамайсиз. Оила сиз учун, жуда ҳам шахсий, шахсий дунёингиз деса ҳам бўлади. Лекин, шунга қарамай, агар йўқ демасангиз бир савол: Турмуш ўртоғингизни сиздан бошқа хонандаларнинг қўшиқларини эшитишига муносабатингиз?

- Майли, ҳурмат юзасидан бу саволингизга айтиб ўтишим мумкин. Мен бунга нормаль қарайман. Чунки, мусиқани севмаган инсоннинг юраги бўлмайди, деб ўйлайман. Мусиқа ҳар бир соҳада, ҳатто жарроҳлик соҳасида ҳам, керак бўлмоқда. Интернет хабарларига кўра, ҳаттоки, операция вақтида ҳам классик мусиқалардан фойдаланилиб, бемор гарчи, наркоз таъсирида ухлаётган бўлса ҳам, мусиқа билан ва мусиқасиз ўтказилаётган жарроҳлик амалиётларининг фарқи жуда катта эканлигини, кашфиёт қилиб, аниқлашибди. Мусиқа вақтида операция қилинганда бемор онгига таъсир қилиб, операцияни яхши кўтарибди. Бу билан айтмоқчиман, ҳар бир инсон мусиқани севиши керак, назаримда. Шундан келиб чиқиб, турмуш ўртоғим бошқа бир хонанданинг қўшиғини тинглаши, нормаль ҳолат, менимча. Қолаверса, биз оилавий ҳам бошқа бир хонандаларнинг мухлисимиз. Оилам, ота-онам, опаларим, хонанда Озодбек Назарбековнинг ижодини жуда ҳам ҳурмат қиламиз, севиб тинглаймиз. Турмуш ўртоғим хонанда Райҳон ва Шаҳзоданинг қўшиқларини яхши кўради. Айнан, менинг қўшиқларимдан эса, ҳозирда унга кўпроқ ёқадигани "Жоним" қўшиғим. (самимий кулиб) Билмадим, нега?

 

ulugbek_r4.jpg

 

- Ўз ота-онангиздан ўтган, тарбия борасидаги қайси яхши хислатларни, келажакда ўз фарзандингиз тарбиясида қўлламоқчисиз? Шунингдек, қай бирини ҳар бир ота, ўз фарзанди тарбиясида қўллаши керак деб ўйлайсиз?

- Отамда бўлган ва мен ҳам шундай бўлишга ҳаракат қиладиган хислат, бу ҳар доим оилам деганликлари, деб ўйлайман. Эркак киши, оилам деб яшаса, ҳеч қачон кам бўлмайди. Худога шукур, мени отам, ҳозирда ёшлари катта, умрлари узоқ бўлсин, роҳат-фароғатда яшаяптилар. Мисол, отамлар оилам деганларига, мана ҳозирда ўзларига шу нарса, яхшилик бўлиб қайтяпти, деб ўйлайман. Чунки, кўча-куйда, кўп ҳолатларни эшитамиз ва беихтиёр гувоҳи ҳам бўламиз. Фарзандларига беэътибор бўлиб қолган оталар ҳақида ҳам эшитамиз ва жуда хурсанд бўламизки, отамиз ҳар доим бизни деб яшаганларидан, қувонамиз. Менда ҳам, доим оилам, фарзандим, турмуш ўртоғим, ота-онам, ака-укаларим деб яшаш, бу отамдан ўтган! Менимча, шу битта хислатнинг ўзи жуда ҳам катта нарса, деб ўйлайман! Эркак киши учун, шунинг ўзи етарли. Онамга келсак, онамнинг битта зўр одатлари бор. Онам, кечиримлилар. Онамдек, унча-бунча нарсани ичига ютиб кетадиган, унча-бунча нарсани кечириб юборадиган инсон бўлмаса керак. Шу хислатлари менга жуда ҳам ёқади. Шу хислат менга ҳам ўтган бўлса керак, чунки тез жаҳлим чиқса ҳам, вақт ўтиб эсдан чиқариб юбораман. Жуда бир оммавий муаммога айлантириб, яшаш одатим йўқ. Ҳозирда ота-онам, бахтли ота-оналардан бўлиб, фарзандлар ардоғида, набираларини катта қилиб яшамоқдалар. Қаерга боришмасин, Улуғбек Раҳматуллавнинг отаси-ку, онаси-ку дейишиб, гапириб, ҳурмат қилишлари, уларни жуда ҳам хурсанд қилади. Буни четдан кўриб, мен улардан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўламан. Чунки, фарзанд сифатида, ҳеч қачон ота-онанинг қарзини уза олмайсиз! Ўзим, фарзандли бўлгач, бу нарсани тушуниб етдим. Лекин, ҳеч бўлмаганда нима биландир хурсанд қила олганингдан хурсанд бўлар экансан.

 

- Баъзи санъаткорлар фарзанд тарбиясига вақт ажрата олмаётганликларим ҳақида гапиришади. Сизда-чи?

- (самимийлик ва меҳр билан) Турмуш ўртоғим яқинда бир гап айтди ва мен жуда қувондим! Шу нарсани бўлишаман. "Сиз яхши адасиз!" деди. Бир оғиз гап! Ўша пайт бўлаётган ҳолат шу эдики, мен турмуш ўртоғимдан қараб ўрганиб, ўғлимнинг памперсини мен ҳам бир алмаштириб кўрай, кийимларини ўзим ҳам кийдириб кўрай деб, турмуш ўртоғимнинг қўлидан олиб, ўзим кийинтираётган вақтим, турмуш ўртоғим четдан қараб, "сиз яхши адасиз!" деди. Биласизми, яхши ада бўлиш учун, кўп нарса талаб қилинмайди. Бу ҳамманинг қўлида бор имконият! Фарзандимга вақт ажрата олмаяпман деган инсонларга, мен ишонмайман! Шарт эмас, 24 соат сарфлаш ёки, куннинг ярмини биргаликда ўтказиш, тепасида туриб, "мана бундай бўлишинг керак, бунақа қилишинг керак" дейиш шарт эмас! Одамлар бор, бир соатгина отасини кўриб, яхши тарбия олиши мумкин. Энг кераклиси, инсоннинг ўзига боғлиқ, деб ўйлайман. Мен Худо ҳоҳласа, турмуш ўртоғим айтаётгандек, унинг нуқтаи назаридан яхши ада бўла олаётган эканман, Худо ҳоҳласа, яхши тарбия ҳам бера оламан. Фарзандим тарбияси олдида, мен ҳамма ишимдан воз кеча оламан. Фарзандим ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, халқи учун фойдаси тегадиган инсон бўлиб тарбияланишида, мен бор-йўғимни аямайман. Фарзанд тарбиясига вақт ажрата олмаслик, бу уят назаримда. Тарбияни телефон орқали ҳам, битта ҳатти-ҳаракат орқали ҳам бериш мумкин. Хизмат сафарларига борганимда фарзандимни бир оз вақт кўра олмаслигим мумкин, лекин қайтганимда ўшанинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламан. Ҳар куни келганимда, вақт неччи бўлишидан қатъий назар, фарзандим билан гаплашиб ўтириб, ёки узоқроқда бўлсам, турмуш ўртоғимга, "қулоғига тут, у бу нарса гапирсин, овозини эшитай" деб, ўша ерлардан туриб бўлса ҳам, меҳримни ифода этишга ҳаракат қиламан. Тўғри, унақа кўп вақт оилам билан бўламан, десам ёлғон бўлар! Лекин, бу фарзандим тарбияси ёки оиламга бўлган эътиборим кам бўлиб қоляпти, дегани эмас! 

 

ulugbek_r6.jpg

 

- Яқинда Фонд Форум тарафидан ўтказилган "Ҳаёт учун футбол!" хайрия учрашувидаги ўйинларда, жамоа сардори бўлиб, ҳақиқий спортчилардек жуда ҳам фаол ҳаракат қилдингиз. Аслида ҳам, спорт билан шуғулланасизми?

- Тўғрисини айтсам, чиндан ҳам охирги пайтларда чиндан ҳам мен жуда қизиқаётган спорт тури, бу футбол! Афсуски, мен мухлис бўлаётган жамоаларим мағлубиятга учраб қолишмоқда-ку, лекин футболга қизиқишим янада ошган. Ҳаттоки, жаҳоннинг учта машҳур жамоасини спорт формаларига ҳам эгаман. "PlayStation"да ҳам футболни маза қилиб ўйнайман ва ёмон ўйнамайман. Ҳаётда эса, жуда ҳам зўр ўйнайман дея олмайман-ку, лекин дарвозамизга гол уриладиган ҳолатда, жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан. Ўша "Ҳаёт учун футбол!" ўйинларида жамоа сардори бўлганимда, ўзингиз ҳам кўрдингиз, оёғим қайрилиб кетишига ҳам оз қолди. Лекин, футболчиликка даъвогарлигим йўқ! Аммо, санъаткорлар йиғилиб, ўзимиз ҳам футбол ўйнаб турамиз. Унда ҳам доим фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки, мен бирор иш қилаётганимда, наридан бери қила олмайман! Мен ҳар доим охиригача курашиб, гарчи қўлимдан келмаса-да, яхши қилишга ҳаракат қиламан, ёки бўлмаса, ўша ишни қилмайман. Менда ўртача деган тушунча йўқ! Ё яхши бўлиши керак, ёки ёмон. Шу нарсани тан олиш керак!

 

- Суҳбат якунида бир нарсани айтмоқчиман, тўғрисини айтаман. Охирги пайтда, суҳбатларга борганимда, журналистлар тарафидан берилаётган саволлардан кўнглим тўлмаётган эди. Бугунги бўлган суҳбат, менга жуда ҳам ёқди ва мен ҳоҳлаган гапларни гапира олганлигим, ҳамда журналистика соҳасида ҳам, ўз ишига яхши ёндошадиган ва касбини тушунган инсон билан суҳбат қилганлигим, мени қувонтирди. Бунинг учун, алоҳида сизга ва "Тасвир" газетаси раҳбариятига каттадан - катта раҳмат дейман. Улуғбек Раҳматуллаев ва "Тасвир" ҳар доим ҳамкорликда!

Саида Вахобова тайёрлади