FATTOHHON.COM

« Все новости

ҲАР БИР ТОМОШАБИННИ РУҲИЙ ХАЯЖОНГА СОЛАДИГАН “ПАРИЗОД” ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИ ЁКИ "ЭКСКЛЮЗИВ ОПАХОН"ДАН "Я РАБОТАЮ"... 01.06.2012 08:16

 premera_parizod14.jpg 1-июнь "Киночилар уйи"да кўпдан премьераси кутилаётган режиссёр Аюб Шаходиббиновни "Паризод" фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Премьерада кўплаб киноижодкорларни кўриш мумкин эди. Ўзбекистон Халқ артистлари Пўлат Саидқосимов, Ёдгор Саъдиев, Хайрулла Саъдиев, Теша Мўминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Миралиев, Алишер Отабоев, Фаррух Соипов, Отабек Маҳкамов, актриса Райҳон Уласенова, Дилором Каримова, Шоҳида Узоқова, режиссёрлар Ёлқин Тўйчиев, Ҳилол Насимов, Мунаввара Абдуллаева, оператор Рустам Муродов ва бошқалар ...

 

premera_parizod7.jpg

 

premera_parizod2.jpg

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Миралиев, актёр Алишер Отабоев . . .

 

premera_parizod11.jpg

Актриса Зарина Низомиддинова

 

premera_parizod8.jpg

Актёр Толиб Мўминов

 

premera_parizod4.jpg

Режиссёр Аюб Шахобиддинов

 

Премьерада "Ўзбеккино" миллий агентлиги раиси Аъзам Ғиёсович Исҳоқов сўзга чиқди ва режиссёр Аюб Шахобиддиновни гул билан табриклади.

 

premera_parizod15.jpg

 

premera_parizod10.jpg

 

premera_parizod16.jpg

 

Шундан сўнг, режиссёр Аюб Шахобиддинов фильм ижодкорларини таништириб ўтди.

 

premera_parizod18.jpg

 

premera_parizod19.jpg

 

premera_parizod13.jpg

  

premera_parizod12.jpg

 

premera_parizod20.jpg

 

Бош ролларда: Зарина Низомиддинова, Самиддин Лутфуллаев, Бахтиёр Қосимов, Дилором Каримова,

Ролларда: Беҳзод Муҳаммадкаримов, Вазира Юнусова, Толиб Мўминов, Лола Элтоева, Тоҳир Саидов ва бошқалар . . . 

 

Фильм намойиши бошланди.

Фильм инсон тақдири ҳақида бўлиб, унда бир қиз (Паризод) тақдири, ҳар хил кимсалар қўлида ўйинчоқ бўлганлиги, инсонларни бир-бирларининг тақдирига қанчалик бефарқ ва бешавқат эканликлари ҳам, таъсирли равишда очиб берилган. Бош роль ижрочиси Зарина Низомиддинова ва салбий қаҳрамон ролига актёр Тоҳир Саидов ҳамда Бекзод Муҳаммадкаримовлар жуда ҳам мос танланган. Паризод образи софлик тимсоли сифатида танланган. Фильмда миллийликка алоҳида урғу берилган.

 

premera_parizod21.jpg

Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва Ғайрат ака

 

Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев: - Яхши фильм, енгил-елпи эмас. Инсонни кўп нарсалар ҳақида ўйлатадиган, ҳаяжонга соладиган фильм. Шундай фильмлар кўпайса, "Ўзбекфильм" янада ривожланади. Чунки, ҳозирда енгил-елпи фильмлардан томошабинлар ҳам чарчадилар, деб ўйлайман. Бу профессионал фильм билан, мен фильм ижодкорларини муборакбод этаман. Фильм қаҳрамони сўзсиз, ҳамма нарсани кўз қарашлари ва юраги билан тушунтира олган. Фильмда инсон қадри масаласи ҳақида сўз борганлиги, мен учун жуда ҳам таъсирли бўлди. "Олтин айнимас" дейишадию, лекин баъзи бирлар айнитиб қўяр экан. Бу инсонларнинг бевосита ҳаракатларига ҳам боғлиқ.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Миралиев: - Аюб Шаҳобиддинов ўзбек кино даргоҳининг жуда сермаҳсул режиссёрларидан. Бу фильмдан аввалги фильмларини ҳам кўрганман. Бу режиссёрнинг ўз дунёқараши бор, мана бу янги фильмимиз "Паризод"га ҳам бутунлай бошқача ёндошган. Бунинг маъноси, мазмуни, ижроси, умуман бизнинг ҳозирги миллий кинойимизга мос келадиган усулларни топган ва шуни қўллаб амалга оширган. Бу биринчи ютуғи бўлса, иккинчи ютуғи бу операторлик иши. Бу фильмни кўриб бошим осмонга етди, негаки ёшлар ижод қилишяпти, ёшлар ўсишяпти. Биз ёши улуғ санъаткорлар ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бош қаҳрамон ролини ўйнаган Зарина Низомиддиновани ижроси ҳам менга маъқул бўлди. Образнинг бир оғиз ҳам сўзи йўқ экан. Бу жуда ҳам оғир роль. Бутун вужуди билан шу образга берилиб, жуда бир яхши талқин қилган. Мен уни ўзини ҳам табрикладим, "қизим ҳали келажакда жуда ҳам яхши ишлар қиласиз" деб айтдим. Ўзбек санъатининг гавҳарларидан бири бу кинодир. Чунки, кинони миллионлаб томошабинлар кўрадилар. Кино инсонларга руҳий озуқа беради. Мен ижодий гуруҳга омадлар тилайман. Ўйлайманки, Аюб келажакда яна кўплаб, янги фильмларни катта экранга олиб чиқади.

 

premera_parizod3.jpg

Сценарийнавис Ғофур Шермуҳаммад

 

Сценарийнавис Ғофур Шермуҳаммад: - Фильм чуқур фалсафий мазмунда, миллий руҳда суратга олинган. Филмьни замонавий бир афсона дейиш мумкин. Инсоннинг ҳаётини, бахтини англаб етиши кераклиги ҳақида айтиб ўтилган. Фильмда актёрлар ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган, режиссура ҳам жуда яхши, оператор ҳам қунт билаш ишлаган. Фильм учун манзаралар ҳам жуда яхши танланган. Фильмнинг бутун мазмун-моҳиятини очиб беришга ҳаммаси бир йўла хизмат қилган, назаримда. Бу 2012 йилда яратилган фильмларнинг ичида энг муваффақиятли фильмлардан бири бўлди, деб айта оламан. Бошқа фильмлар ичида, ўзининг мазмунан бадиий жиҳатидан мағзи тўқроқ, фильм деб ўйлайман. Фильмнинг мен учун таъсирли бўлган эпизоди, Паризоднинг Исмат бойваччанинг дачасида рақсга тушган ҳолатидир. Назаримда, фильмдаги энг кульминация нуқталаридан бири мана шу эпизод бўлган. Ҳар томошабинни руҳий бир ҳаяжонга соладиган саҳна бўлган деб ҳисоблайман.

 

premera_parizod5.jpg

 

Актёр Толиб Мўминов: - Фильм авваламбор, инсонлар тақдири, инсонлар тақдирининг қай даражада ҳал бўлиши ҳақида. Фильмдаги менинг образимга келсак, у уч фарзандига ҳам оталик, ҳам оналик қилаётган, хотини вафот этган ҳайдовчи йигит образи. Бу ерда ўша Паризод пайдо бўлганидан кейин, унинг ҳаётига, хонадонига бир нур кириб келгандек бўлади. Лекин, ҳаёт шундайки, ҳамма нарса бу дунёда абадий эмас. Унинг тақдири Паризодники билан бир бўлмагани учун яна ҳаёти давом этаверади. Фильм фалсафий ва кенг интеллектуал инсонлар даражасидаги фильм, буни нафақат ўзимизда, ҳаттоки фестивалларда қатнашадиган фильмлардан бири бўлди, деб ўйлайман.

 

premera_parizod6.jpg

 

Шундан сўнг, "Паризод" фильми ҳақида режиссёр Аюб Шахобиддинов билан қисқача суҳбатлашдик.

 

premera_parizod17.jpg

 

- "Паризод" фильми билан томошабинларга нима демоқчи бўлдингиз?

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Гўзалликни ва софликни сақлаб қолиш ҳақида баён қилдим. Асосан, софликка, ички софликка тақводор инсон кўзи билан қарашга ҳаракат қилдим.

 

- Фильм воқеалари реалми?

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Бу аслида бўлиб ўтган воқеа экан... Бойсун томонда бир йигит, ҳеч ким йўқ бир қизни мотоциклга ўтказиб, кўплик инсонларга олиб борган. Фильмда биз буни бадиийлаштирилган кўринишда бердик.

  

- "Паризод" фильмини суратга олиш жараёнида қандай қийинчиликлар бўлди. Ахир руҳий тарафлама оғир ва фалсафий фильм...

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Тўғри, барибир оғир фильм. Баъзида оддийгина енгил қилиш иштиёқи ҳам бўладию, лекин бундай фильм билан инсон ўзини тарбия қилиши мумкин. Такрорий нарса қилгингиз келмай, шу тарафлама, оғир бўлса ҳам керакли ишлар амалга оширилган. Суратга олиш жараёнларида бўлса, баъзи саҳналарни икки марталаб суратга олишга ҳам тўғри келди. Техник тарафлама брак чиққан жойлари ҳам бўлгани учун, бошқатдан бориб, суратга олиш зарур бўлди. Шунинг учун, ёз охирларида, сентябрь ойида суратга олиниши керак бўлган нарсаларни, кузда суратга олишимизга ҳам тўғри келган. Шунинг учун, мослашга ҳаракат қилганмиз.

 

- Бу фильм сценарийсини қўлингизга олганингда биринчи бўлиб кўз олдингизга нима келди?

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Биринчи навбатда, ким бош қаҳрамон деган савол ҳам туғилади. Чунки, бошқа қаҳрамонлар ҳам кўп. Персонажлар ўз линияларини ўтказиши керак. Бировни яхши, бировни ёмон десангиз ҳам бўлмайди. Ҳам ҳаётийликни сақлаб туриш ҳам, ўзига яраша символикани ушлаб туриш томонлари... Биринчи бу ҳақида ўйлаганимда, шуларни, беғуборликни ва ҳаётийликни олиб келиш учун нима қилиш керак, деб ўйладим. Масалан, компьютер графикасида бера олмайсиз-ку. Техника билан озгина парвозни бериш, қийин. Масалан, ёмон инсонларни шаҳвоний истаклари ҳақидаги фильмга айланиб қолиши мумкинлигидан, айнан шу нарсадан қочишга ҳаракат қилдик. Чунки, барибир қарсангиз новелланинг тагида шу маъно ётади. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетиш мумкин? Шунинг учун ҳам ижод тарафлама кучлироқ бош қаҳрамон талаб қилинди. 

Инсонлар жисмонан ҳам маънан юксалишнинг тарафдоримиз. Бу образда кўпроқ қарашлар, нигоҳлар керак!

 

- Нима учун айнан шу мавзу ва сценарийга мурожжат қилдингиз? Айнан қайси жиҳати билан сизни ўзига жалб этди?

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Сценарийлар жуда ҳам кўп бўлгани билан, ёқадигани кам. Бу сценарийда озгина бўлса ҳам маиший мавзудан чиқиш имконияти, бор деб ўйлайман. Агар бутунлай маиший мавзуда бўлса ўзингизга ҳам зерикарли туюлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, ўзида қандайдир ҳар хил жанрлар қўшилган сценарий кўпроқ қизиқтирди.

  

- Бош қаҳрамон ролига актриса Зарина Низомиддинованинг танланишига сабаб?

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: - Мен у бош ролларни ижро этган, бир неча фильмларини кўрган эдим ва уни бу ролга пробада синаб кўрдим. Синовдан ўтди ва ўз ролини ижро этди. Одатда ҳамма актёрни ўзига қўйиб берсангиз, бошқача тушуниб, бошқача кетиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, шу каби нарсаларни доимий равишда назорат қилиб туришга тўғри келди. Лекин, ўзига керакли даражада образни чиқариб бера олди, деб ўйлайман.

 

Режиссёрнинг айтишича, ижодий жараён вақтида ҳам, асосий урғу, қизнинг тақдири ва софликка берилган. Фильмни кўриб, премьерага келган томошабинларнинг кўплигидан ва фильм тугагунга қадар зални тарк этмаганларидан, томошабинлар фақатгина севги ва маиший мавзуда эмас, бошқа жиддий мавзуларда ҳам суратга олинган фильмларга бефарқ эмасликларини сездик.

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

 

Ҳеч бир премьерада бўлмаган, эсда қоларли воқеалар: Бизнинг олд қаторда ўтирган бир опахон, фильм кўришга шу қадар берилиб кетганлариданми?)))))) шунчалик киришиб кетдилар-ки)))))) саҳна менга кўринмай қоляпти деб, уларни олдиларидан ўтиб, ўз жойига ўтирмоқчи бўлган бир томошабин қизни сочидан тортиб, четга олиб қўйишгача бордилар. Бундан ташқари, бир неча қизлар ҳам, опахон томонидан янграган "ширин сўзлар"дан "баҳраманд" бўлдилар!))))) Кап-катта бир амакини курагига шунақанги бир мушт туширдилар-ки, амаки бечора нима учун калтак еганларини тушунмай қолдилар. Сўнг, "авж пардани олиб" опахонни "ширин сўзлар" билан бир муддат "сийладилар" ва ўзларининг "маданияти"ни "эксклюзив" тарзда намойиш этдилар.  Ҳаммасига жавобан опахон баланд товушда (опера айтаётгандек қилиб) "Я Работаю" деб эълон қилдилар)))) Балки, ҳозирги кунда кино кўриш ҳам, баъзилар учун бир катта иш вазифасини ўтаётган бўлса керак)))) Балки опахон чиндан ҳам журналистдирлар, лекин бу ишлаш тартиблари томошабинларга асло маъқул бўлмади! Лекин, бу ҳолат опахонни парвойига ҳам келмади))) Хуллас, фильм тугагунга қадар, фильм билан бирга опахоннинг ҳатти-ҳаракатларини истамаган ҳолда кузатиб, "маданият"нинг "сўнгги босқич"ларига гувоҳ бўлдик))) Бундан ташқари, премьерага ташриф буюрган томошабинлар кўплигидан, Пушти зал очилганлиги, ҳатто саҳнада эълон қилинганлигига қарамай, баъзи томошабинлар томонидан Катта залдаги ўринлар устида қаттиқ "кураш" олиб борилди)))) ва фильмни Катта залда тик туриб томоша қилган томошабинлар жуда кўп бўлди, ҳамда айтишларича Пушти залда ҳам жой қолмаган экан!