FATTOHHON.COM
« Все новости «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг 3-қаватдаги мажлислар залида, ёш хонандалар ва ОАВ вакиллари иштирокидаги давра суҳбати, 7 июнь соат 15.00 да бўлиб ўтиб, унда тахаллус остида ижод қилаётган бир неча ёш хонандалар, уларнинг администраторлари, ҳамда баъзи ОАВ вакиллари қатнашдилар.
Асосий мавзу: бугунги кунда ёш хонандалар томонидан ўзлари учун танланаётган тахаллус ва номлар ҳақида бўлиб, уларнинг санъатга нечоғлиқ мос келиши, айрим хонандалар томонидан танланган тахаллуслар санъатга мазмун моҳиятидан мос келмаслиги ҳақида бўлиб, шунингдек ҳозирги кунда ёш хонандалар асосан, ижодга эътибор қаратишлари кераклиги, умрбоқий мазмунга эга қўшиқлар яратишлари тўғрисида ҳам сўз юритилди.
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбари Азамат Ҳайдаров сўзга чиқиб, ушбу мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Шу бугунги кунда қўйилаётган тахаллусларга эътибор бериш кераклиги, бугунги кунда ёш хонандаларга яратилаётган имкониятлар, шунингдек, Ўзбекистондаги икки олий ўқув юртлари Санъат ва Маданият олийгоҳларининг бирлашуви, ҳамда асосий мавзулардан бири Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллик байрамини муносиб қўшиқлар билан кутиб олиш ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Шунингдек, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг бир нача масъул ходимлари ҳам, йиғилиш иштирокчиларининг саволларига жавоб қайтардилар.
Шахсий фикрим: Тахаллуслар илгари ҳам бўлган, лекин асосан шеърият аҳли ва ўша даврдаги сарой аҳли орасида, санъаткорларга келсак, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ва бошқа тарихий шахслар замонларида, санъаткорлар яъни, ўша замон тили билан айтганда ҳофизу машшоқлар орасида тахаллус билан чиққанлари ҳақида, афсуски, тарихдан у қадар маълум эмас. Балки, жуда кўп тарих китобларини варақласак, чиқиб қолар... Санъаткорларда тахаллусга ружу қўйишлик асосан, Ўзбекистонда шоубизнес ривожлана бошлаган вақтларга тўғри келади ва бир неча йиллар ичида, шоубизнеснинг барча соҳаларини деярли қамраб олди дейиш мумкин. Масалан, радиобошловчилар, режиссёрлар, актёр ва актрисаларда ҳам тахаллус қўйишлар урф бўлган. Албатта, тахаллуснинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ, у фақат мазмунан санъатга ва ўша санъаткорнинг ҳолатига мос бўлса, менимча. Дейлик, "Малика Олам" деб тахаллус қўйсаю, бир нечтагина қўшиғи бўлиб, ўзи умрида Тошкент шаҳридан четга чиқмаган бўлса, қўшиқлари ҳаттоки оммалашмаган бўлсаю, саҳнага чиққанида ўша тахаллус билан эълон қилишса, томошабинлар орасида, "ким у???" деган ошкора саволлар туғилиши ва санъаткорнинг ўзи ҳам ноқулай аҳволга тушиши табиий, назаримда.
Лекин, энг асосийси эса, тахаллус ҳам, тортишувлар ҳам эмас, реал ижод ва санъаткорнинг маданияти деб ўйлайман. Қандай тахаллус ёки исмда бўлмасин, халқ ва томошабинларнинг ўзлари, ўша санъаткорни таниб олаверадилар. Комилжон Отаниёзов, Камолиддин Раҳимов, Озодбек Назарбеков.... уларда тахаллус йўқ, лекин халқ меҳрини қозона олганликлари шубҳасиз. Ваҳоланки, оламшумул тахаллуслар остида ижод қилса ҳам, мавқеи кундан кунга тушиб кетаётган, ёки ҳеч ким танимайдиган, санъатини йўқотиб бораётганлар қанча, назаримда. Энг асосийси, бугунги кунда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, муносиб қўшиқлар яратиш ва санъаткор маданияти тушунчасига содиқ қолган ҳолда ижод қилиш, деб ўйлайман.
Саида Ваҳобова