FATTOHHON.COM

« Все новости

ШОХРУХХОН: ҲАЁТ ВА ИЖОД ТАРАФЛАМА ЎЗГАРИШЛАР ... 18.06.2012 08:52

shohruhhon13.jpg Бу ижодкорнинг санъат йўли бошқаларникидан фарқ қилади. У илк қўшиқлари ва кинодаги илк ролиданоқ томошабинлар эътиборини қозонган. Кейинчалик маълум бир муддат ижодида танаффус қилиб қайтди ва тез орада янада муваффақиятли қўшиқлар билан янада машҳурликка эриша олди. Бугунги "Диллашув" саҳифасининг меҳмони хонанда ва киноактёр  Шохруххон!

 

- Илк ижодингизни бошлаган даврингиздан то шу бугунгача, нафақат ижод, балки ҳаёт тарафлама ҳам қандай ўзгаришлар юз берди?

- Ҳаётимда ҳаммаси яхши Худога шукур. Юртдошларимиз, халқимиз бизларни ҳар доим яхши кутиб олаётганларидан жуда ҳам хурсандман. Орзуларимга эришдим. Ижод тарафлама эса, ҳозирги кунда жонли ижрода қўшиқ куйлаш ҳаракатидаман. Кўчаларда ва тарихий жойларда видео оляпмиз, қўшиқларимизни бошқача талқинда жонли ижрода айтиб, мухлисларга тақдим қиламиз. Яъни, мен кўчада ўша қўшиғимни жонли ижро этаман. Ўшани съёмка қиламиз, ҳаммаси жонли бўлади, ижройим ҳам, мусиқа чалаётган созандалар ҳам ҳаммаси!

 

shohruhhon16.jpg

 

- Янги концерт дастурингизни тақдим этишингиз кутиляпти. Адашмасам, куз ойларида ўтказмоқчисиз. Шу концерт дастурида-чи, неча фоиз қўшиқни жонли ижрода куйлашингиз мумкин?

- Ҳали, бунисини аниқ айта олмайман. Биз ҳозир бу нарсанинг устида ишлаяпмиз. Лекин, тахминан 10 тача қўшиқ жонли бўлиши мумкин. Ҳаракат қиламиз.

 

- Биринчи концерт дастурингизда жонли ижро бўлганмиди?

- Йўқ. Жонли ижрога бу йилдан алоҳида урғу бермоқчиман.

 

- Ижодга кириб келганингизга ўн йилдан ошибди. Шу йиллар мобайнида, ҳаёт тарафлама нималарни тушуниб етдингиз?

- Ҳаёт ўтган сайин, кўп нарсани тушуниб бораверар экансиз. Ёшлигингизда аҳамият бермаган нарсаларингиз ҳақида, вақт ўтиб, бир неча бор фикрингиз ўзгарар экан. Бунга мисоллар жуда ҳам кўп, лекин ҳозирги суҳбатимизда айнан келтириб ўтишим, менимча кўп вақт олади, деб ўйлайман.

 

shohruhhon11.jpg

 

- Ижодингиз давомида "Армоним" қўшиғингиз юксак бир даражага эришди, шундан сўнг негадир ижодингизда бир оз сўниш юз бергандек бўлди. Кейин бўлса, яна порладингиз ва ижодингизда кўтарилиш юз берди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Тушкунлик даври бўлган, кўп дўстларимни йўқотганман. Илгари мен бошқача деб ўйлаган инсонларим, аслида бошқа бўлиб чиқишган. Ўша икки йил муддат ичи бетоб бўлиб қолганман, десам ҳам бўлади. Мени ўзи илгари кўп нарсани юрагимга яқин оладиган одатим бўларди. Ҳаммаси ўша юрагимга яқин олаверганимдан бўлган. Кейин, кунлардан бир кун ойнага қараб, ўзимга қарасам, мен жуда ҳам ўзгариб кетган эканман! Ўша ерда, мен ўзимга ўзим: "Бўлди, мана шу ерда тўхтайлик-да, яна ижодни бошлагин Шохрух!" деб айтганман! Ҳаётим ўша кундан бошлаб жуда ҳам ўзгарди! Ҳаётдан фақат хурсанд бўлиб яшашни, ўша кундан ўзимга қоида қилиб қўйдим! Чунки, инсон ҳаётдан фақат хурсанд бўлиб юриши керак экан! Мен эса, ҳамма нарсани юрагимга яқин олавериб, ундан-бундан кўнглим қолиб, адашган эканман.

 

- Ҳозирги кунда-чи? Ҳеч нарсани кўнглингизга яқин олмайсизми?

- Кўнглимга яқин оладиган нарсалар ҳали ҳам бор, жиддий нарсалар бўлса, уларга бошқача аҳамият бераман.

 

- Фильмдаги илк ролингизни "Ромео ва Жульетта" фильмида ижро этиб, машҳурликка эришдингиз. Орадан йиллар ўтиб "Муҳаббатнома" клипингизда яна актриса Зарина Низомиддинова билан суратга тушдингиз ва клипда ҳам, шу "Ромео ва Жульетта" фильмига урғу бордек. Мақсад? Бу фильмни томошабинларга эслатишми? Ёки ўша машҳурликни эслашми? Ваҳоланки, бугунги кундаги машҳурлигингиз ҳам етарли даражада-ку!

- Бу клипда режиссёрлар бошқа қизни суратга олишмоқчи бўлишганди. Қандайдир менга ярашадиган типаж қидирилган, лекин топилмади. Кейин режиссёрлар «клипга Заринани оламиз» дейишди.  Аввал ҳам эшитгандим, кўча-куйда инсонлар, мени Зарина Низомиддинова билан "Ромео ва Жульетта" деб қабул қилишарди. "Иккови, бир-бирига ярашиб туради", деган гапларни жуда ҳам кўп эшитганман. Шунинг учун ҳам,  актриса Зарина Низомиддиновани чақирганмиз! Зарина ҳам хурсанд бўлган ва "яна ўша фильмни эслар эканмиз" деган. Клип режиссёри Нозим Жумаев.  

 

- Хонанда Лола билан "Ярим бахт" фильмига саундтрек тарзида бирга дуэт ижро этгандингиз. Лекин, бу дуэт унчалик оммалашмаган. Сабаби, балки "айлантирилмаганлиги"дир? Эндиликда эса, яқинда Лола билан яна дуэт куйладингиз ва клип ҳам суратга олдингиз. Бу сафар Лола билан дуэтга қандай ёндошдингиз?

- Аввалги дуэт қўшиқни биз фақат фильм учун куйлаганмиз, чиқиб кетиши учун эмасди. Иккинчи дуэтимиз "Сенсиз" севишганлар ҳақида, балладага ўхшаш. Қўшиғимиз жуда ҳам яхши чиқди деб ўйлайман ва муваффақият қозонишига ишонаман.

 

shohruhhon15.jpg

 

- Сизга дуэт таклифи бўлса, сиз қайси жиҳатига кўра рози бўласиз? Хонанданинг машҳурлиги муҳимми, шеър ёки мусиқа...?  

- (сал ўйланиб) Менга, масалан дуэт таклиф қилишади. Кўпинча ундаги қўшиқ менга ёқмайди. Биринчи ўринда, мен ўша қўшиқнинг, мусиқаси билан матнига алоҳида аҳамият берайлик, дейман.

 

- Ҳаммани ижод қилиш вақти ҳар хил бўлади. Сизда-чи ижод куни қай вақтида келади кундузими ёки кечқурун?

- Кўпроқ шу кечки пайт келади. Битта ўзим қолганимда. Кейин мухлислар билан кўришганда, уларнинг менга яхши кайфият билан гапираётганларини кўриб, яна ҳам қанақадир ишлагиларим келиб, яна нималардир қилгим келади. Энди бир хил пайт жаҳлим чиққанда ҳам, қўшиқ айтиб тураман.

 

shohruhhon12.jpg

 

- Устоз санъаткорларнинг ҳам қўшиқларини тинглаб турасизми?

- Мен хонанда Ботир Зокировнинг қўшиқларини жуда ҳам яхши кўраман. Уларни "Умид" деган қўшиқлари ёқади менга. Ҳатто-ки, шу қўшиқни мен яқин кунда қайта айтиш режамда бор, яъни ўзимнинг талқинимда. Чунки, бу қўшиқ менга кўп нарсаларни эслатади. Коллежда ўқиган, олийгоҳда ўқиган пайтларимни, хуллас ёшлигимни эслатадиган қўшиқ! Билмадим, ҳали ўзим ёшман-ку, бундан ҳам ёш пайтларим эсимга тушади. Бу қўшиқни вокал дарсида кўп айтардим ва имтиҳонларда ҳам шу қўшиқни айтиб яхши натижалар билан чиқиб кетганман. Қанақадир шу қўшиқни яхши кўраман.

 

- Ботир Зокировнинг қўшиқларини кўплар қайта ижро этган. Яна бошқа устоз санъаткорларни ҳам ижодларига мурожаат қилиш ниятингиз йўқми?

- Ҳозирча шуларни ашулаларини айта оламан. Бу аниқроқ. Келажакда яна бошқа устоз санъаткорларни қўшиқларини ҳам айтиш ниятим бор. Лекин, олдин бунга одам тайёрроқ бўлиши керак деб ўйлайман, шунга ҳали бошқа устоз санъаткорларни қўшиқларини айтмай тура қолай.

 

- Фақат ўзингизни ғоянгиз билан ҳам яратилган клипингиз ҳам борми?

- Ўзимнинг ғоям билан "Зўрсан" клипи, кейин "Чорла" клиплари суратга олинган. Энди кўпроқ ўзим клипларни сценарийсини ёзишга ҳаракат қиламан. Мен муаллиф бўламан, давомини ривожлантириш эса режиссёрларнинг қўлида. Мен асосан, ғоя бераман.

 

- Қўшиқларингизга-чи ғояларни қаердан оласиз?

- Бизлар ҳар доим бирга ишлайдиган бастакор Жасур Бадалбоев билан бирга ўтирганимизда, кайфиятимизга қараб, нимани ҳоҳласак ўшани ёзамиз. Кўнглимизда нима бўлса, ўшани ёзишга ҳаракат қиламиз.

 

shohruhhon3.jpg

 

- Хонандаларда бўлиши керак бўлган қайси жиҳатлар устида, камроқ ишлаяпман деб ўйлайсиз?

- (сал ўйланиб) Шу спортга сал вақт етмаяпти-да. Сузишга ва залга бораман, лекин камроқ. Чунки, хонандалар чиройли бўлиши керак-ку, қомати келишган, менда ана шу нарсага сал вақт етмаяпти... Чунки иш жуда ҳам кўп. Лекин ҳаракат қиляпман.

 

- Асосий ютуғим нимада деб ўйлайсиз? Ташқи кўриниш, ижод ёки ўзига хос ижро...?  

- (ўйланиб) Менимча ҳаммаси. Уччаласи ҳам мужассамлашган. Лекин, одамга омад ҳам керак экан! Худодан бериладиган омад бўлмаса, қийин.

 

- Устозларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

- Энди онам яқин бўлганликлари учун ҳам, онамдан кўп нарса ўргандим. Кейин Тоҳир Содиқов, Рашид Ҳолиқов, Озодбек Назарбеков, мана шу ҳар битта хонандани ўзим учун устоз деб биламан. Сабаби уларни қилган ишларини мен ўзим учун таҳлил қилиб, улар билан гаплашганимда, улар менга маслаҳат бериб, "мана бунақа, ёки мана бунақа" деб маслаҳат берганда, мен уларни ҳаётимда ишлатганим учун ҳам, уларни устоз деб биламан. Улар менга берган маслаҳатларини мен ҳалигача ҳаётимда ишлатиб келаман.

 

shohruhhon7.jpg

 

- Биринчи муввафаққиятли қўшиғингиз "Ярим бахтдан", ҳозирги кундаги "Зўрсан" гача бўлган вақтни босиб ўтдингиз. Шу қўшиқларингиздан ўзингиз хиргойи қилиб юрадиган, ёки куйлаганда кўзингизга ёш келадиган қўшиғингиз борми?

- "Нигорим" ва "Ярим бахт". Булар 2004-2005 йилларда ёзилган қўшиқлар, лекин ҳалигача кўпчилик сўрайди. У-бу жойларда айтадиган бўлсам, одамларга ёқади. Шундан хурсандман. Ўзимга ҳам ёқади бу қўшиқлар.

 

- "Армоним" қўшиғингизга ишланган клипда маъюс қўғирчоқ Пьеро қиёфасида чиққан эдингиз. Ҳозирги кунда саҳнавий қиёфангиз қандай?

- (ўйланиб) Билмайман... Хуллас, қўшиққа қараб танланади, ўша қиёфа. Бугунги кунда ҳам ўша-ўшами, деб ўйлайман.

 

- Бугунги кундаги клипларингиздаги қайси қиёфа, ўша аввалги қиёфани босиб кетади, деб ўйлайсиз?

- Қўшиқ куйлаётганимдаги қиёфа, ўша қўшиққа қараб танланади. Билмайман, ҳар биттасини ўзининг ўрни бор, деб ўйлайман. Чунки йўналиши ҳар хил.

 

- Режиссёр сифатида фильм суратга олиш учун бир мунча муддат олдин кучли ҳаракат бошлаган эдингиз. Лекин, негадир бу борада жимлик бўлиб қолди?

- Энди (ўйланиб) мен аввал режиссёрлик қилиб кўрмаганман. Бунинг масъулияти жуда ҳам катта бўлганлиги учун мен, 2-3 сценарийни танлаб ҳам кўрдим, ғояларимиз ҳам бор. Ҳозирда шунинг устида ишлаяпмиз. Лекин, худо ҳоҳласа, насиб қилса, битта бўлса ҳам фильм суратга оламан. Чунки, бу менинг ичимда турган энг кучли ҳоҳишим. Ўзимда ишонч бўлиши билан, бошлайман.

 

shohruhhon9.jpg

- Унда ўзингиз ҳам роль ижро этасизми ёки фақат режиссёрлик қилиш билан чекланасизми?

- Менимча, ўзим ҳам роль ижро этаман.

 

- Кўчинча онангиз режиссёр Зебо Наврўзованинг фильмларида роллар ижро этасиз. Кўпчиликни бир савол қизиқтиради. Нима учун? Улардан бошқа режиссёрларни фильмларида суратга тушишингизга рухсат бермайдиларми? Ёки, ўзингизда ҳоҳиш йўқми?

- Йўқ, нега энди? Агар бошқа режиссёрлардан яхши таклифлар бўлса, ёқса, албатта ҳамкорликда ишлайман. Фильмларга кўп чақиришади. Лекин, ўзимни ўша ролда кўра олмаганим учун ҳам, йўқ дейишга мажбур бўламан.

 

img_1676_resize.jpg

 

- Онангизнинг фильмларидаги роллар кўнглингиздаги ролларми?

- Онамларни фильмлари ҳозирги чиқаётган баъзи фильлардан мавзу тарафлама анча яхши деб биламан. Чунки, онамларни фильмларида дўстлик ва меҳр-оқибатга кўпроқ урғу берилган. Менга кўпроқ мавзу тарафлама ёқади.

 

- Суратга олиш майдончасида онангиз режиссёр, сиз эса актёрсиз. Барибир она бола бўлганингиз билан, суратга олиш майдонида ҳамма ўз вазифасини бажариши керак. Шундай пайтларда, суратга олиш ишлари вақти онангиз билан, режиссёр ва актёр ўртасида бўлгандек ижодий келишмовчиликлар ҳам бўлиб турадими?

- Бўлади, албатта.  У ерда албатта, иш тарафлама гаплашсак, уйда ишдан ташқарида эса, аҳил она-боламиз. Ҳаётда онамлар билан ҳеч қандай келишмовчилик бўлмайди! Иш юзасидан бўлса, суратга олиш майдонида мана бундай қилайлик деб, ҳамма ўз фикрини айтади.

 

shohruhhon17.jpg

 

- Келажакда театрда ҳам роль ижро этишингиз мумкинми?

- Мумкин. Буни вақт кўрсатади.

 

- Укаларингиз ҳам ижодга кириб келишяпти. Уларни вақт ўтиб ўзингизга рақобатчи бўлишларидан чўчимайсизми?

- Мен уларни мендан ҳам яхшироқ ютуқларга эришишларини ҳоҳлайман! Агар муваффақият тарафлама мендан ўтиб кетишса, мен хурсанд бўламан!

 

img_1688_resize.jpg

 

- Кенжа укангиз Муҳаммадали Наврўзовни актёрлик маҳорати бўйича, ҳозирда сиздан ўтяпти, деган фикрлар бўляпти, томошабинларда. Бунга сизнинг муносабатингиз?

- Жуда ҳам яхши! Бу унинг омади келяпти, дегани!

 

shohruhhon10.jpg

 

- Укаларингизга актёрлик, хонандалик тарафлама ўргатиб, ёрдам берган пайтларингиз ҳам бўлганми?

- Бир-биримиз билан маслаҳатлашамиз. Бирор нарса қилишдан олдин, мана бундай қилиб кўрмоқчиман, нима дейсиз, деган гаплар бўлади, албатта. Мен доим ўз фикримни айтаман.

 

- Онангиз режиссёрлигидаги қайси фильмга сизга энг маъқули?

- "Шаҳарлик олифта", "Бўрилар", "Апрель-май".

 

- "Бўрилар" яна давом этадими?

- Билмадим. Кўпчилик сўрагани учун, давом эттиришни ҳам ўйлаб турибмиз. 3 та қисми ҳам катта экранларда намойиш этилди. Энди тўртинчиси ҳам бўлиши мумкин.

 

shohruhhon1.jpg

 

- Ўз ижройингиздаги қайси фильмни қайта-қайта кўрасиз?

- (самимий кулиб) Телевизорда қайси бирини бериб қолса, ўшани кўраман. Лекин, ўзим дискини олиб келиб, уйда кўришга вақтим йўқ. Телевизор кўраётганимда (албатта бундай ҳолат камдан-кам бўлади) бериб қолишса, кўриб ўтиришим мумкин. Лекин, бўш вақтим бўлиб қолса, албатта бошқа фильмларни ҳам кўраман.

 

- Қайси жанрдаги фильмлар қизиқтиради сизни?

- Охирги пайтларда фантастика жанридаги фильмларни кўряпман. Бир ҳафта олдин "Премьер-холл" кинотеатрида "Мстители" фильмини кўрдим.

 

- Ижодингизни маълум бир чўққисига етган вақтлар, яъни қўшиқларингиз хит даражасига кўтарилган пайтда, сиз бир йил муддат давомида, прессага интервью бермадингиз. Ўшанда бунинг сабаби, нимада эди? Ҳозирги кунда, шунинг сабабини айта оласизми?

- Бу ҳақида гапиришни ҳоҳламасдим!

 

shohruhhon4.jpg

 

- Лекин, ўша вақтда ва ҳозир ҳам, томошабинлар томонидан бу ишнгизга нисбатан, "рейтингни ушлаб туриш учун эътиборни ўзига қаратиш йўли" деб таъриф берилди. Шу гап ростми? Чиндан ҳам атайлаб шундай қилганмидингиз?

- Йўқ! Сабаби, мутлақо бошқа эди! Лекин, бу ҳақида айтмоқчи эмасман!

 

- Қандай ролни умуман ижро этмаган бўлардингиз?

- Ўзимга ёқмаган, ўз ҳақиқатига эга бўлмаган ролларни ижро эта олмайман. Маъносиз, шунчаки ёпиштириб қўйилган ролларга ҳам рад жавобини бераман.

 

- Ҳаётда қиласизу, лекин ҳоҳламай қиладиган ишингиз ҳам борми?

- Кўпроқ ўзим ҳоҳлаган ишни қиламан. Ҳоҳламай қиладиган ишим йўқ.

 

shohruhhon6.jpg

 

- Ўзингиз Шохруххонни четдан очиқдан-очиқ танқид қила оласизми?

- (самимий) Сал дангасароқ одатим бор. Агар шу нарса бўлмаганда, менимча, катта ютуқларга эришган бўлардим. Кейин, яна бир одатим, ўзи буни яхши ҳам дейиш мумкин. Кўпчилик охирги пайтларда мендан хафа бўлиб қолишяпти. Сабаби, мен тўғри гапни юзига гапираётганим учун! Ҳозирги қўшиқчилар нега бировларнинг қўшиғини айтишади? Шуни ўзига гапирсанг хафа бўлишади. Бизнинг эстрадамизда қўшиқ айтадиган зўр овозлар жуда кўп ва имконият ҳам катта. Биз талаб ва даражага жавоб берадиган нарсалар қила оламиз. Лекин, биз қандайдир арзон нарсалар чиқаришга ўтиб олганмиз. Фикр сўрашганда тўғрисини айтсам, мендан ранжиб қолишади. Кимларнинг юзига бу ҳақида айтганимни санаб бермоқчи эмасман. Шундоғам томошабинлар ҳаммасини кўриб-билиб туришибди. Масалан, кўчага чиқиб, сотиладиган "пиратский диск" бору, ўшани олиб, битта кўринг, мени нима демоқчи бўлаётганимни тушунасиз. Ичида 100 дан 90 фоизи умуман, сифатга ҳам, ҳеч қайси страндартга мос келмайдиган қўшиқлар тўлиб ётибди. Ўғирланган қўшиқлар кўпайиб кетяпти, бемалол "айлантиришяпти". Буни вақтида тўхтатмаса бўлмайди, назаримда. Ҳамкасбларимга шундай деган бўлардим: "Ўғирламайлик, илтимос! Томошабинлар, тингловчилар устимиздан кулишмоқда ахир!"

 

- Ўзингизни ижодингизда ҳеч қачон кўчирилган қўшиқлар бўлмаганми?

- Менинг ижодимда Брайан Адамс ижодига ҳавас қилиб, институтда ўқиётган вақтларимда, тажриба тариқасида куйланган қўшиқлар бор. Унинг қўшиқларини ҳам ижро қилиб кўрганман. Масалан, "Вой-дод сумалак" фильмида куйлаган қўшиғим ҳам, шунчаки тажриба учун куйланган қўшиқларимдан бири эди... Лекин, фильм режиссёри бу қўшиқни тинглаб кўриб, шу қўшиқни фильмга қўяман, деганлар. Лекин, ҳозирги кунда оммага тақдим қиладиган қўшиқларимни ўғирламасдан, ижод қилиб ёзишга ҳаракат қиляпман.

 

shohruhhon5.jpg

 

- Болалик хотираларингиздан қай бирини, шу пайтгача бошқа интервьюларингизда тилга олинмаганини мухлисларингиз билан бўлиша оласизми?

- Кўпларини айтганман. Лекин, айтилмаганлари . . . (ўйланиб) Бувимнинг туғилган кунларида ўтирган эдик. Чақалоқлик вақтимдаги воқеани айтиб бердилар. "Чақалоқлик вақтида бошқа набираларим жим ётишар эди. Лекин, сен бир дақиқа ҳам жим турмас эдинг! Ўшандаёқ сендан бир нарса чиқишига кўзим етган эди, чунки ҳечам тинмас эдинг" дедилар. (самимий кулиб) Фақат бақириб, йиғлайверар эканман. Ўшанда бувим "келажакда дунёга нимадир бера оладиган инсон бўлади" деган эканлар.

 

- Сизнинг қайси одатингиз онангизга ёқмайди?

- (самимий) Кечаси ухламаслигим ва деярли дам олмаслигим. Оналар меҳрибон бўлишади, шунинг учун бўлса керак, онамлар ҳам, кечаси ухламай студияда қўшиқ ёзиб, баъзида кундузи ҳам дам олмай ижодий сафарга кетганимда, ёки иш билан юрганимда норози бўладилар. Бироз ухлаб дам олсанг-чи болам, дейдилар.

 

shohruhhon2.jpg

 

- Ота-онамнинг қайси яхши хислатлари менга ўтган деб ўйлайсиз?

- Ота-онам иккови ҳам ижодкор инсонлар. Улардаги ижодга, санъатга бўлган қизиқиш менга ўтган. Улардаги барча яхши хислатлар, менда бор бўлса керак. Албатта. Нокамтарликка йўймасангиз. Кичкиналик вақтимда, биринчи синфлик пайтларим эди. Бир куни уйга келсам, онамлар кайфиятсиз, кўзлари ёшга тўлиб ўтирибдилар. Мен ёнларига келиб секин сўрадим: Опа, нега йиғлаяпсиз? -дедим. Онам ҳеч нарса айтмадилар, фақат менга меҳр билан тикилиб қарадилар-да, бир оғиз: - Болам сен катта бўлганингда зўр қўшиқчи бўлишингни орзу қиламан-дедилар. Ўшанда онамнинг кўнглидаги пок орзуларни Оллоҳ эшитган, деб ўйлайман.

 

- Муваффақият қозониш учун инсонга аслида нималар керак, деб ўйлайсиз?

- Омад, ҳаракат, ҳоҳиш, ўша ҳоҳишга яраша ҳаракат бўлиши керак! Шунингдек, асосийси мақсад керак! Мақсадсиз қилинган ҳаракатлар нолга тенг, дейишади. Шунинг учун ҳам, яхши ният қилиш керак! Ният қилганда ҳам чин кўнгилдан ният қилиб, ўшанга эришиш учун ҳаракат қилиш керак! Инсон нимаики қилишидан қатъий назар, қўшиқ айтадими, овқат тайёрлайдими, кийим тикадими, ҳаммасини чин кўнгилдан меҳр билан қилиши керак. Ўшанда қилаётган иши муваффақиятли чиқади, деб ўйлайман.

 

- Сиз тақдирга ишонасизми?

- Тақдирга ишонаман.

 

- Ҳаётингиздаги кутилган севги келдими?

- Ҳаётимда кутилган муҳаббатим келди. У мен орзу қилган мухлисларга бўлган муҳаббатимдир. Мухлисларга бўлган муҳаббатим ҳеч қачон тугамаслигини билдим. Мени жойим шулар орасида экан!

 

- Ҳаётингизда севгининг ўрни?

- Яхши! Ўз севгимни топишим керак. Бир хил пайтлар кимнидир топдим деб ўйлаб қоламан, лекин вақт ўтиб янглишаётганлигимни билиб қоламан. Шунинг учун, тўғриси билмайман. Ҳали вақт бор, деб ўйлайман.

 

- Ҳозирги кунда кўп ёшларнинг ҳаётида учраётган бир ҳолатдан мисол. Масалан, сизнинг ҳам онангиз бир қизга уйланишингизни шарт десалар, у қиз эса сизга маъқул эмас. Агар рози бўлмасангиз, онангиз сиздан норози бўлишлари мумкин. Онангизни ранжитмаслик учун, сиз қандай йўл тутган бўлардингиз?

- Онамлар менга доим ҳоҳлаган ва ўзинг яхши кўрган қизга уйлангин, деганлар! Доим, ҳаёт сеники, яшайдиган сен, дейдилар. Бошқача бўлиши, сиз айтгандек вазият бўлиши мумкин эмас! Чунки, менинг онамлар доим мени кўнглимга қарайдилар. Онамлар доим, кимга уйлансанг ҳам, энг муҳими яхши инсон бўлсин, дейдилар. Мен учун эса, инсонларга фойдаси тегадиган, ўқимишли, ақлли, тушунадиган инсон бўлгани яхши.

 

- Актрисага уйланишингиз мумкинми?

- Ҳа, агар севиб қолсам, уйланишим мумкин.

 

shohruhhon8.jpg

 

- Ўзингиз ҳақингизда эшитган энг нохуш миш-миш?  

- (самимий) Мен тўғримда кимдир ёмон гапирса, тўғриси хурсанд бўламан. Чунки, гапиришяптими, демак, нимадир бор! Эътибордаги инсон бўлганим учун ҳам хурсанд бўламан.

 

- Бугун сизни олқишлаган омма, эртага бошқага ҳам шундай қарсак чалади. Бу фикрга, шундай ҳолатга муносабатингиз?

- Бу нарса инсоннинг ўзига боғлиқ! Масалан, сизни ҳам болалигингизда, анча олдинги пайтлар яхши кўрган қўшиқларингиз бор, тўғрими? Мана сиз шу қўшиқларнинг ҳақиқий мухлисисиз! Ўша қўшиқларни ижро этган қўшиқчининг ҳам балки? Ҳақиқий мухлислар, охиригача қолишади, барибир. Чунки, у сизга ёққан ва сизнинг кўнглингизда қолган қўшиқлар.

 

shohruhhon14.jpg

 

- Хонандаликдан ташқари, хоббиларингиз ҳам борми?

- Мен фотографликка қизиқиб, фотосуратлар олишни бошладим. Гулларни, тонгда туриб қуёшни суратга олдим. (кулиб) Фотосурат олишни ўзимга хобби қилиб олдим. Балки, ўзимни фотосуратлар кўргазмамни ташкил қилишим ҳам мумкин. Профессионал эмас, албатта, ҳаваскорлик маъносида.

 

- 2011 йилда "йилнинг энг яхши эркак хонандаси" сифатида M&ТVA AWARDS мукофотини қўлга киритдингиз. Мукофотни қўлингизга олганингизда биринчи бўлиб, хаёлингизга нималар келди?

- Тўғри жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Хаёлимга ҳеч нарса келмади... Ҳамма табриклай бошлашди. Уларнинг чин кўнгилдан гапираётганликларини сездим.

 

shohruhhon.jpg

 

- Ҳар 25 май кунида қиладиган ишингиз?

- (кулиб) Мактабни эслаймиз! У пайтларда тезроқ таътил келсин дердик, таътил келди, деб хурсанд бўлардик. Ўша пайтларни, мактаб билан боғлиқ хотираларни эслаймиз.

 

- Шу кунгача журналистларнинг берилган саволларидан қай бири сизга қаттиқ таъсир қилган?

- Яқинда бир газетада ўқиб қолдим. "Шохруххон ўз отаси ҳақида ҳеч қаерда гапиргиси келмайди" деб ёзишибди. Лекин, менга тўғри савол беришса, (самимий) уларга тўғри жавоб бераман! Ҳар доим менга "Нимага отангиз ҳақида гапиргингиз келмайди?" деган саволни беришади. (Ҳайрон бўлиб, ажабланиб) Нимага бундай савол беришади, ўзим ҳам ҳайронман? Мен отамларни жуда ҳам яхши кўраман! Отамнинг исми-шарифи Алишер Йўлдошев, жуда ҳам яхши инсон! Ҳеч қачон ҳеч кимга ёмон гапирмайдилар, лекин камтар инсонлар, шунинг учун ҳам улар ҳақида кўп гапирмайман. Инсоннинг ўзига қарасангиз, қандай отадан туғилганлигини англаш қийин эмас, деб ўйлайман.

 

- Ҳозирги кундаги ижодингиздаги янгиликлар?

- Ижодни давом эттирмоқдаман. 3-4 тилда қўшиқлар ёздим. Шунингдек, "Ватан" ва "Она" тўғрисида ҳам қўшиқлар ёздим. Ҳозирда яна бир янги альбомим тайёр бўлди, лекин ҳали ном қўймадим. Альбомдан 15 та янги қўшиқларим жой олган. Иккита янги клип суратга олдим. Биринчиси, хонанда Лола билан бирга куйланган "Сенсиз" қўшиғига режиссёр Рустам Муродов, иккинчиси "Нима қилиш керак?" қўшиғига режиссёр Наримон Султонхўжаев билан ярми Малайзияда ярми Тошкентда суратга олинди, "Ватан" деган янги қўшиғимнинг мусиқасини ўзим ёздим, шеърини эса, биз шеърий китобдан йўқотиб қўйган шеъримизнинг ярмини шоир Бобур Умаровга ёздиришга мажбур бўлдик. Менимча, бундан мухлислар ҳам, бошқалар ҳам хафа бўлишмайди, деган умиддамиз.

Саида Ваҳобова