FATTOHHON.COM
« Все новости "Уммон" гуруҳининг фаолияти ҳақида ҳамма ҳар хил фикр билдиради. Баъзилар бу гуруҳни яқинда ўз ижодини бошлаган дейишса, баъзилар анча йиллардан бери ижодда эканлигини тасдиқлашади. Бир неча концертлар ҳамда, "Қандай унутдинг?"қўшиғига ишланган клипдан сўнг, гуруҳнинг мухлислари янада кўпайди. Клип борасида ҳам, кўплаб гап-сўзлар келиб чиқди. Барчасига ойдинлик киритиш учун, ҳозирги кунда профессионал равишда ижод қилаётган "Уммон" гуруҳи, бугунги "Диллашув" саҳифаси меҳмони.
Гуруҳ аъзолари:
Исамуҳамедов Шохрух Фурқатович 1990 йил 1 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 117- мактабни, сўнг Туризм коллежини тамомлаб, Аграр университетга ўқишга кирган ва ҳозирда 4-курс талабаси. Оилада беш киши: отаси, онаси, акаси, укаси ва у.
Рапиков Жасур Искандарович 1991 йил 30 сентябрь Тошкент шаҳрида туғилган. 58-ўрта мактабни (ҳозирда Ҳарбийлар мактаби) ва Тошкент Маданият коллежини тамомлаган. Оилада 7 киши: отаси, онаси, 2 та акаси, бир укаси, бир синглиси ва ўзи.
Рихсиев Зоҳид Зокирович 1990 йил 20 март Тошкент шаҳрида туғилган. 11 йилдан буён мусиқа, шеър ёзиш ва қўшиқ яратиш билан шуғулланади. 58-ўрта мактабни (ҳозирда Ҳарбийлар мактаби) ва Политехника коллежининг Маркетинг бўлимини битирган. Оилада тўрт киши: отаси, онаси, у ва синглиси.
Гуруҳнинг биринчи концерти 2010 йил 18 сентябрь "Туркистон" ёзги саройида, иккинчиси 2011 йил 1 июнь "Истиқлол" санъат саройида 2 та сеанс, 2011 йилнинг ўзида 17 сентябрь куни яна "Туркистон" ёзги саройида бўлиб ўтган.
Гуруҳнинг қўшиқлари ҳозирча 50-60 дан кўпроқ.
Гуруҳ 2 та мусиқий альбом чиқарган. Биринчиси "Айрилиқ", иккинчиси "Қандай унутдинг?" Иккинчи альбомнинг чиқиши тақдимот қилиб ўтказилган.
Жасур: - 2007 йилда ўз ижодимизни бошлаганмиз. Фақат гуруҳ сифатида эмас, алоҳида-алоҳида яккахон тарзда, ҳаваскор сифатида ижод қилганмиз. 2007 йилнинг ёзларида ўзимизнинг (гуруҳ эмас) дуэт тарзидаги "Севавераман" қўшиғимизни чиқарганмиз. Қўшиқ ҳаммага манзур бўлиб, оммалашиб кетди. Шундан сўнг, маслаҳатлашиб гуруҳ бўлишга қарор қилдик. 2008 йилдан гуруҳ бўлиб, фаолият олиб бора бошладик. Катта саҳнага эса, 2010 йил 18 сентябрь куни чиқиб, илк маротаба "Туркистон" ёзги саройида ўзимизнинг яккахон концерт дастуримизни бердик.
Гуруҳнинг "Уммон" деб номланишидан мақсад: бу номни қўйишдан олдин, ном масаласига узоқ тўхталганмиз. Ҳаттоки, "Жазо" номи билан ҳам ижод қилганмиз. Бу ном оғир ва салбий дейилиб, кўп қаршиликларга учрагани учун, ҳаётийроқ ном қўйишимизни маслаҳат беришган. Қандай ном қўйишни бир йил ўйлаганмиз! Узоқ ўйлаб, охири "Уммон" деган номга келиб, тўхталдик. Ижодимиз ва мухлисларимиз уммондек чексиз бўлсин, деган мақсадда, шу номни қўйдик.
- Ижодингиздаги сизлар учун энг муҳим бурилиш қачон содир бўлди?
Жасур: - Катта бурилишдан бири "Қандай унутдинг?" клипидан сўнг содир бўлди. Чунки, клипимиз чиқмагунча, бизни кўпчилик тан олмаган. Кўпчилик менсимай, "булар ҳаваскор, ҳаваскорлигича қолиб кетади" деган гаплар ҳам бўлган. Клипдан сўнг эса, катта бурилиш бўлди! Мухлисларимиз аудиторияси ҳам кенгайди! Ёши катта мухлисларимиз ҳам пайдо бўлди. Клипдан сўнг, "ижод қилса бўлар экану мана клип суратга олибсизлар" деган гаплар бўлди. Шундан сўнг, аудиториямиз бу даражада кенгаяди, деб ҳаттоки ўйламагандик.
Шохруҳ: - Яна бир муҳим ва катта бурилиш Туркистон саройидаги концертимизда бўлган! Унда халқ, мухлислар юзимизни кўришган!
- Нега унгача клип суратга олмагансизлар?
Жасур: - Клип суратга олишга қизиқмас эдик.
- Балки, продюсерсиз ишлаганингиз сабабдир? Ҳозир продюсерингиз борми?
Жасур: - Продюсер сабаб эмас! Ҳозир продюсеримиз бор, Исломбек Назаров. Энди у пайтларда ҳам "клип олинглар" деган талаблар бўлган, лекин ўзимизда ҳоҳиш бўлмаган! Клипсиз ҳам ижод қиламиз, худо ҳоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, деб шу йўналишни ўзимизга танлаганмиз. Бундан кейин эса, клипга ҳам талаблар кучайди ва ўзимизда ҳам иштиёқ бўлиб, кейин шу биринчи "Қандай унутдинг?" клипимизни суратга олдирдик.
- "Қандай унутдинг?" қўшиғингиз кўчирилганлиги ҳақида кўп гап-сўзлар бўлди! Пародия ҳам қилинди. Бунга муносабатингиз? Ростдан ҳам кўчирилганми?
Жасур: - Аниқ жавоб: бу қўшиқ устида Зоҳид ишлаётганда, мен ўзим ҳам бирга ўтирганман. Қўшиқ ўғирланмаган, деб бемалол айта оламиз! Сабаби, масалан, дунёда инсон ҳам инсонга ўхшаб туғилади. Нимага қўшиқ қўшиққа ўхшаб туғилиши мумкин эмас? Тўғри, ўхшаб қолган, лекин бошидан охиригача эмас! У қўшиқдаги, ўша биринчи куплетдаги биринчи саккизталик ўхшаб қолган холос. Бу шунчаки тасодиф! Биз у қўшиқни кейин эшитганмиз. Эшитгандан кейин Зоҳид билан ҳам талашдик, кўп уришдик. "Шундан олибсан, нима қилардинг, шуни эшитиб, шундан олиб шу қўшиқни қилгандим, деб айтмайсанми?" дедик.
Шохрух: - Уни овоз йўлини олиб туриб, бизнинг минусни қўйиб юборишган. Ўзи у қўшиқни оригинал версияси бошқачароқ! Бошидаги озгина 8 қатори сал ўхшаб қолган, овоз йўли фақат!
Жасур: - Гармония, ҳамма минуслари бизники! Ўша овоз йўлини кесиб олиб, унинг овоз йўлини ўхшаган жойи билан Зоҳидни овоз йўлини ўхшаган жойи қўйилган фақат. Бу бир ўхшашлик шу, овоз йўли ўхшайди. Оригинал қўшиқ умуман бошқача! Тасодиф! Мусиқада 7 та нота бор, ўхшаши мумкин.
Зоҳид: - Унинг тагида бизнинг мусиқа туради-да! Агар ҳақиқатдан ўғирлаган бўлганимизда, ўғирладик, олдик, деб қўя қолардик. Биздан нима кетибди?
- Чиндан ҳам "ўғирладик" дейдиган қўшиғингиз-чи, борми?
Шохрух: - Игорь Николаевнинг "Пять причин" деган қўшиғини бирга-бир куйлаганмиз. Лекин, Игорь Николаев қўшиғи деб ёздирганмиз!
Зоҳид: - Игорь Николаевнинг фақат битта шу қўшиғини куйлаганмиз, чунки мен шу қўшиқни яхши кўрардим! "Уммон"- "Пять причин" Игорь Николаев қўшиғи, деб ёзилган.
- "Қандай унутдинг?" қўшиғингизни яратишдан олдин, унинг "ўшандан кўчирилган" деб айтилаётган хориж вариантини тинглаб кўрганмидингизлар?
Уччови бир овоздан: - Йўқ!
Жасур: - Энг қизиғи шундаки, қўшиқ чиққанда ҳеч ким бу ҳақида гапирмаган. Қўшиғимиз анча узоқ вақт радиоканалларда, тўлқинларда, интернет орқали "айланди." Бозор расталарида кўп қўйилди. Ўша пайтда ҳеч ким бир қарши, ортиқча бир фикр билдирмади. Ҳаммаси клип суратга олганимиздан кейин бошланди! Клип чиқди, омма эътиборига ҳавола этилди. Узоғи билан 2 ҳафтадан кейин шу гап бошланди! Нимага? Клипимиздан аввал у хориж қўшиғини ҳеч ким эшитмаган ҳам. Нимага ўша қўшиқ ўша пайт айланмаган? Ўша қўшиқ чиққанига неччи йил бўлди?
- Клип борасида-чи?
Зоҳид: - У қўшиқни клипи йўқ. Бизнинг клипни Райҳоннинг "Сумбула" клипи билан агар гапиришган бўлса, бизнинг клип биринчи суратга олинган. Режиссёрлар ҳам бошқа-бошқа ва бу ҳам бир тасодиф холос!
Жасур: - Райҳоннинг "Сумбула" клипини режиссёр Рустам Муродов суратга олган. Бизникини эса, клипмейкер Наримон Султохўжаев суратга олган. Лекин, улар бир-бири билан алоқада бўлмаган! Бунинг устига, биз 5 кун олдин клипимизни съёмка қилиб бўлганмиз! 5 кундан сўнг, Райҳон Ғаниева клип суратга олдирган. Ҳар кузатилса, клипларнинг орасида ҳам катта фарқ бор. Ундан кейин кўп клиплар ҳам ёмғир билан бўлди. Кўп ўхшашликлар бўлди.
- Албатта, профессионалликка қадам қўйилганидан сўнг, кейинги қадам жонли ижро бўлади. Жонли ижро масаласига қандай қараяпсизлар?
Жасур: - Жонли ижродан умуман қўрқмаймиз! Биринчи қадамларни ташлаб бўлганмиз! Бу 2011 йил 17 декабрь куни ўзимизнинг ижодий кечамиз эди, Зарафшон концерт залида бўлиб ўтган. Ўша ерда, "Қандай унутдинг?"ни 100 фоиз, ҳаттоки, мусиқасини ҳам жонли чалишган, 100 фоиз жонли ижро этганмиз. Ҳозир худо ҳоҳласа, олдимизда ниятларимиз, мақсадларимиз бор. Биттада 100 фоиз жонли концерт дея олмаймизу, лекин секин-секин кўпайтириб бориб, 100 фоизли жонли концертга олиб бориш ниятимиз бор!
- "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ўтказаётган "Марди майдон" жонли ижро фестивалида қатнашишингиз мумкинми?
Жасур: - Мумкин! Унга ҳам ҳаракат қиламиз! Унга "Ватан" ҳақида битта яхши қўшиқ қилмоқчимиз! Ўша қўшиқ билан чиқиш ниятимиз бор! Бунга таклиф ҳам бўлди. Биз ҳужжатларни топширишга улгурмадик, гастролларда бўлиб қолдик. Худо ҳоҳласа қатнашамиз.
- Ўша 2011 йил 17 декабрда бўлган ижодий кеча ҳақида ҳам, баъзи тушунмовчилик гаплар бўлди. Ўша ижодий кечангизга кириш бепул эдими? Чунки, баъзилар бориб, кира олмай кетганлиги ҳақида ҳам гаплар бўлди.
Жасур: - Йўқ, у uсell билан ҳамкорликда бўлди. Агар эътибор берилган бўлса, смс орқали бизга тегишли саволлар берилган.
Зоҳид: - Ўша викторинада, ўйинда билет ютганлар, қатнашганлар киришган. Билетлар сотувда бўлмаган.
- Қўшиқларингизнинг асосий мавзуси, муҳаббат, дард, айрилик, тушкунлик, деган гаплар тингловчилар томонидан кўп айтилади. Бу ҳолат ўзингиздан, ўзингизнинг шахсий ҳаётингиздан келиб чиқиб шундай қўшиқлар ижро этасизларми?
Зоҳид: - Бу биз танлаган йўналиш! Бундай йўналиш ҳам ўз аудиториясини топди. Демак, инсонларга шундай қўшиқлар керак эди! Биз бўлмасак ҳам, бундай қўшиқларни, бундай йўналишда кимдир айтиши керак эди, деб ўйлаймиз. Кейин бизга ярашади ҳам. Масалан, менга ҳам бундай ғамгин қўшиқларни ёзиш осон. Ижро қилишга Шохрухни ҳам, Жасурни ҳам овози ярашади, мени ўзимни ҳам. Шўх қўшиқларга қараганда, бизга маъюсроқ қўшиқлар кўпроқ ярашади, деб ўйлайман.
Жасур: - Бизга 100 қўшиқларни, сўзи ва мусиқасини ҳам Зоҳиднинг ўзи ёзади.
- Мавзуларни асосан, қаердан оласизлар?
Зоҳид: - Мавзулар асосан, ўзимиздан!
Жасур: - Суҳбат бўлади, бир хил пайт мухлислар фикри, кимдир дардини айтиб бериши мумкин. Ҳар хил вазият бўлган.
- Келажакда яккахон қўшиқ куйлаш ниятингиз борми? Чунки, ижод бошида яккахон бўлган экансизлар...
Жасур: - Шу гуруҳни тузаётганда, ўз олдимизга "ҳеч қачон ажралмаймиз" деб мақсад қўйганмиз. Худо ҳоҳласа, охиригача бирдамликни йўқотмасдан, уччаловимиз охиригача бирга боришга ҳаракат қиламиз.
- Гуруҳ имиджи билан ким шуғулланади?
Жасур: - Имидж билан ҳам ўзимиз шуғулланамиз.
- Марафонда иштирок этдингизлар ва сизлар ҳақингизда ҳар хил гаплар тарқалди. Аслида қандай воқеа юз берди?
Жасур: - Биз ҳақимизда ҳар хил гаплар тарқашига сабаб ҳам бор. Биз бундан уялмаймиз. Қўшиқ ижро этиш учун саҳнага чиққанимизда, айрим кимсалар "баклашка" отишди. Бўлган воқеа шу. Пастда оддий иштирокчиларга ҳам "баклашка"лар отишаётган эди. Бўлди, бошқа ҳеч қандай воқеа юз бергани йўқ. Шу билан биз ҳам финишгача югурдик. Ортиқча воқеа бўлмади. Энди қолган гаплар (кулиб) миш-миш. Шоубизнес миш-мишлари билан қизиқ.
- Навбатдаги янги концерт дастурингиз ҳақида?
Жасур: - Ўзимизнинг анъанага содиқ қолган ҳолатда сентябрь ойининг 17-18 кунларига режалаштиряпмиз. Худо ҳоҳласа, бу тўртинчи концерт дастуримиз бўлади.
- Рейтингга муносабатингиз? Рейтингни ушлаб туриш учун қандай йўл тутасизлар?
Зоҳид: - Рейтингни ушлаб туриш учун инсон биринчи навбатда ўзига ёқадиган нарса қилиши керак! "Вой, бошқаларга ёқади" дейиши керак эмас. Шундоқ тинглаб туриб, ўзига ёқмаса, у бўлмайдиган нарса. Агар у нарсани ўзи 5 минут бўлса ҳам, мазза қилиб эшитса, мана шундан ҳам ўз қўшиғингизни рейтингини билиб олишингиз мумкин. Ўзингиз яратган қўшиқни 5 кун эшитдингиз, 2 кун эшитдингиз, ўзингиз учун қай бирини рейтинги узоқроқлигини билиб олаверасиз.
- Плагиатга муносабатингиз?
Жасур: - Бу нарсани ёмон томони йўқ деб ўйлаймиз. Сабаби, ўша бир эски қўшиқни яна бир марта "тирилтириб" жонлантириш! Ўша қолиб кетган, эски, бугунги кунда ҳеч ким эшитмаётган қўшиқни жонлантирса, "тирилтирса" яна бир марта, уни яшашига ўзининг ҳиссасини қўшса, бунинг нимаси ёмон?
Зоҳид: - Агар ундан зўр айта олсангиз, бу сизнинг ютуғингиз! Лекин, тўғрисини айтсам, шу пайтгача ўғирлаб қўшиқ айтмаганмиз! Бу ишонч билан қўрқмасдан айта оламиз!
- Машҳурлик сизларни қанчалик ўзгартира олди?
Жасур: - Тўғрисини айтамиз, қандоқ бўлсак шундаймиз! Лекин, кўпроқ ўзингизни жиддий тутишга ҳаракат қилар экансиз. Бир хиллар гапиради. "Танилиб бурни кўтарилиб кетибди" деган гаплар кўп. Йўқ, бизларни бурнимиз кўтарилмади! Шунчаки бир хил пайтлар бўлади. Иш билан банд пайтингизда, яқин инсонларингиз ёки мухлислар телефон қилишлари мумкин. Шунда телефонни ололмай қоладиган сабаб бўлиши мумкин. Ана ўшанда кўпчилик ҳар хил ўйлайди. Ёки шошиб машинада ўтиб кетсак ҳам, кимдир қўлини кўтариб қолиб кетса, биз кўрмай қолсак, у ҳам нотўғри ўйлаши мумкин. Чунки, бундай вазиятлар кўп бўлади. Ишда энди, ҳамма шошадию. Шунинг учун, узр сўраймиз.
Шохрух: - Иш билан юриб, бировларни кўнглини сал хафа қилиб қўйиш мумкин.
Зоҳид: - Энди, инсон ўзини жиддийроқ тутиши керак бўлади.
- Кибр ва камтарликнинг чегараси нимадан иборат деб ўйлайсизлар?
Шохруҳ: - "Асалнинг ҳам ози ширин" дейишадию, ҳамма нарсада чегара бўлиши керак. Ҳамма нарсани чегарада ушлаш керак.
Жасур: - Чегарада ушлашга ҳаракат қиламиз. Лекин, бизга таклифлар билан чиқишса, биз биз кўпинча рад қилмаймиз. Сабаби, бир хил инсонларни дили оғриши мумкин. Ҳамма ҳар хил ўйлайди, билиб бўлмайди.
- Яқинда қаердадир сизлар ҳақингизда "бир суҳбатга куттириб келишмади", деган бир нарсага кўзим тушганди...
Жасур: - Сиз айтаётган у нарса, гуруҳимиз администраторига, суҳбат эмас, интервью бўлади, деб айтилганди. Бўлди, борамиз, дейилди. Ўша куни, бормасликка арзигулик шахсий сабаб бўлиб қолди! Ахир хонанда ҳам инсон-ку, шахсий сабаблари бўлиши мумкин-ку. Ўшанга уларга администраторимиз телефон қилиб, "Узр! Шунақа-шунақа бўлиб қолди! Мана шу сабабга кўра бора олмаймиз, бошқа кунига режалаштирайлик" деганидан сўнг, "Бу ёқда сизларни кутиб ўтиришибди!" дейишди. "Ким?" десак, "Суҳбат бўлади" дейишяпти. Бизни суҳбат бўлишидан огоҳлантиришмаган! Биз ҳам буни билмаганмиз! Бунинг учун албатта, узримизни сўраймиз. Биз фақат ўзимизни иш, интервью деб ўйлаб, шуни қолдириш учун, узр сўраб, интервьюни кейинроқ бериб юборсак бўладими? деб, телефон қилгандик. Биз у ерда суҳбат бўлишини билмаганмиз!
Зоҳид: - У ерда асосан, бизнинг камчиликларимиз гапириладиган нарса бўлган. Балки борганимизда бошқача нарса бўларди? Лекин, асосан, камчиликларимизни ёзиб чиқишган. У ерда биз ёмон бўлиб қолганмиз. Биз инсонларнинг онгини заҳарлаётган эканмиз. Шунақа нарсалар ёзиб ташланган. Биз ҳеч кимнинг онгини заҳарламаяпмиз! Ана шунча ҳақоратли сўзлар ишлатилган қўшиқлар айтишяпти, ўшаларга қарашсин.... Тўғриси-да!
- Демак, сизларнинг ижодингизда, умуман ҳақоратли сўзлар аралашган қўшиқ йўқ, шундайми?
Зоҳид: - Йўқ, умуман!
Ҳаммаси бирга: - Йўқ, бизда умуман бундай қўшиқ йўқ!
Жасур: - Нимага бундай деб ўйлашади? Ҳозирги кунда "Уммон" гуруҳининг номидан тарқалаётган қўшиқлар жуда ҳам кўп. Айниқса, интернет оламида жуда ҳам кўп. Ўзимиз ҳам кўриб, гувоҳи бўламиз. Ўша қўшиқларнинг ичида шундай қўшиқлар бўлиб қолиши мумкин. Кимдир овозимизни эшитмаган инсон, ўша қўшиқларни эшитса, "булар шунақа қўшиқ айтаркан-да" деган фикрга ҳам бориши мумкин.
- Унда сизларнинг номингиздан фойдаланаётган, сизларнинг номингиздан қўшиқ айтаётганларни ҳеч ушлаб олганмисизлар?
Жасур: - Тўйда ҳам ушлаганмиз!
(Эслаб кулишади.)
Шохрух: - Тўйга борсак, ичкарида "Уммон" гуруҳи қўшиқ айтяпти!
Зоҳид: - Чақириб, бизнинг номимизни айтма, деганмиз.
Жасур: - Энди ўша пайт, кўпчилик юзимизни танимаган, билмаган. Улар бўлса, майли, бизнинг қўшиқларни айтишгани. Бизнинг номимиз билан ҳам чиқишган-де! Бизнинг қўшиқларни айтавер, лекин бизнинг номимиздан айтма, деганмиз! Бизнинг қўшиқларни айтишса, қаршилигимиз йўқ, лекин барибир бировнинг номидан иш қилиб, кимнидир кўнглини қолдириш, бу ҳам нотўғри! Кўпчилик жойларда, бизнинг номимиздан концерт ҳам ўтказишяпти! Тошкент шаҳрида ҳам, яқин кунларда шундай бўлди! 23 майда кичик концерт дастури бўлган! Менга интернетдан роса хатлар келди, "нимага концертга келмадинглар" дейишди. Ўша ерда ҳам гап бўлди, "бор гап экан-да, бурнинглар кўтарилиб кетгани, менсимаяпсизлар" дейишяпти!
Зоҳид: - Қашқадарёга борганимизда ҳам, биз шаҳарда юрибмиз, афиша турибди, унда катта қилиб бизнинг расмимиз қўйилган! У ерда бошқа хонандалар ҳам ёзилган!
Жасур: - Гала-концерт!
- Нега ўша концертнинг ташкилотчиларига мурожаат қилмадингизлар?
Зоҳид: - Бундан нима фойда? Ахир шунча инсонлар кўриб бўлишган-ку ўша рекламани!
Жасур: - Мурожаат қилинди! Биз ўзимизнинг яккахон концерт дастуримизга боргандек, у гала-концерт бўлса. 2 кун кейин бўлиши керак экан! Ҳали томошабинлар, "Уммон" қайси бирига келар экан, деб билет ҳам олишмаган экан. Томошабинларни алдаб қўйишган.
Зоҳид: - Кейин концертни ўрталарида айтилди. Ўша гала-концертга келмаймиз, деб огоҳлантирдик. Концерт берганимизда стадионнинг ярми тўлди, чунки одамлар алданиб қолишган.
- Сизларнинг номингиздан концерт қўяётганларга бирор чора кўриш масаласини ўйлаб кўрмаганмисизлар? Масалан, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш?
Жасур: - Ўша ердаги тегишли инсонлар бунга чора кўришади. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг вилоятлардаги бўлимларидаги масъул шахслар бунга чора кўришади, деб ўйлайман. Биз мурожаат қиламиз, чорани улар кўришади.
Зоҳид: - Чунки, икки ўртада бизлар алдоқчи бўлиб қолишимиз, кўпчиликни биздан кўнгли қолиши мумкин. Мухлислар келишса, биз йўқмиз. Улар менсимаган деб ўйлашлари мумкин.
- Бу ҳолатларни нима деб ўйлайсизлар, машҳурлигингиз учун шундай бўляптими?
Зоҳид: - Менимча бу одам йиғиш учун! Битта мисол айтаман, масалан бир қўшиқ чиқарди, ўзининг номи билан қўйса, интернетда 100-150 та узоғи билан, 500 тагача "скачка" бўлиши мумкин. Бизнинг номимиз билан қўйса, 2-3 кун ичида, "скачака" 3-4 мингдан ошиб кетади!
Жасур: - Бу бизнинг ном орқали, ўзига одам йиғиб реклама қилиш!
-Профессионалликка қўйганингиздан сўнг, қайси жиҳатлари сизларга маъқул бўлдию, қай жиҳатлари маъқул бўлмади?
Жасур:-Ўзи профессионалликка "Пантерра" студияси билан шартнома белгилаганимиздан кейин ўтдик. Шартнома 2012 йил бошида туздик. Унгача ҳам ҳаваскор тарзида қарашди. Ҳали ҳам баъзида шундай қарашади... "Пантерра" студияси билан шартнома тузганимиздан кейин, бизга нисбатан эътибор ўзгарди. Ривожланиш бор, ўтганимиздан хурсандмиз! Тадбирларда чиқа бошладик. "Пантерра" билан шартнома тузгунимизча роса қийналардик. Радиоларда қўшиқларимизни олишмасди. Ҳамма фақат ҳаваскор деб биларди.
- Интилган бахтимизга эришдик, деб ўйлайсизларми?
Зоҳид: - Йўқ, ҳали биз шанақа орзулар қилганмиз. Ҳали анча ишлашимиз керак!
- Ҳар бир гуруҳда келишмовчиликлар бўлади. Сизларда-чи?
Жасур: - Иш бор жойда келишмовчиликлар бўлади, ҳар бир гуруҳда. (кулиб) Уришсак ҳам, 5 минутдан кейин яна "ўртоқ" деб, бирга гаплашиб кетаверамиз. Битта маҳаллада катта бўлганмиз. Зоҳид билан мен битта мактабда ўқиганмиз, лекин синфдош бўлмаганмиз. Шохрух бошқа мактабда ўқиган лекин, қўшни. Мактаблар ҳам ёнма-ён эди.
- Болалигингиздаги энг ёдда қоларли воқеа?
Шохрух (кулиб): - Энг эсда қоларли воқеам бу мана, пешонамда изи турибди. Акамни уч ғилдиракли велосипеди бўларди. Шуни оламан десам, қувлаб қолганлар. Югуриб чиқаётсам, гиламнинг ёпилган жойига оёғим илиниб, шундай йиқилиб тушганман. (кўрсатиб беради) Оғриғи ҳали ҳам эсимда.
Жасур: - Шохрухнинг велосипедини олиб, биринчи марта учгандим. Эсингдами? (Шохрухга мурожаат қилади ва Шохрух бунга жавобан кулади) Велосипед учишни билмасдим. Олиб, миндим, йўлга қарамай уча бошладим. 10 ёшларда бўлсам керак, фақат ерга қараб, учяпман, атрофга қараш йўқ. Шу пайт тўғримдан яна биттаси велосипед учиб келаётган экан. (кулиб) Мен уни кўрмаганман! У бўлса, менга қараб, у ёқ, бу ёққа қочган. Мен ҳам қочганман. Шундай қилиб, бир-биримизга урилганмиз (кулади) Велосипедда авария бўлганман!
Зоҳид: - Менда ҳам велосипед билан боғлиқ воқеа бўлган! (Ҳаммалари кулиб юборишади) Оддий йўл, маҳалла, озгина ичкарига кирилади. (кўрсатиб беради) Эшик туради, девор бўлади. Ичкари тупик бўлади. Нимагадир анқайиб, кириб кетиб қолдим, велосипед ҳам қолиб кетди, битта урилдим, ўзим учиб кетдим. Иккинчиси, санаториянинг ичида бўлган. Ҳар доимги йўлимиз, велосипед учиб кетяпмиз. Йўлнинг "загородка"сини ҳеч ким туширмасди, яъни йўл ёпиқ бўлмасди. Ўша куни тушириб қўйишибди. Тепаликдан велосипедда босиб келяпман. Битта қарасам, йўл ёпиқ, "загородка"ни тушириб қўйишган. Битта урилдим, учиб арчанинг ичига кириб кетдим. Ўшанда 2 та қўлим синган. Ундан сўнг, ўрик дарахтидан йиқилиб, оёғим синган.
- Сизларда гастрол сафарлари кўп бўлади, дейишади.
Жасур: - Ўтган йили 150 дан ортиқ гастрол сафарларида бўлдик. Бутун Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасида! Бу йил ҳам, бормаган жойларимизга боришни режалаштирганмиз: Самарқанд, ундан сўнг, Навоий, Сурхондарё, Наманган.
- Баъзи хонандаларнинг ижодида хорижий қўшиқларни ўша мамлакатнинг ўз тилида куйлашганини кўрамиз. Сизларда ҳам, масалан хорижий қўшиқларни ҳам ижро қилиш ниятингиз борми?
Зоҳид: - Тўғрисини айтсак, шундай қўшиқлар ҳам айтишни ҳоҳлаймиз. Лекин, ҳаммамиз ҳам ўша тилларни билмаймиз. Ҳозир мана энди рус тилида қўшиқ куйлашга ҳаракат қиляпмиз.
Жасур: - Айтганга яраша, тоза айтсак, ўша тилда хато қилмасак, тўғри айтсак, ўша ютуқ бўлади.
- Устоз санъаткорларнинг қўшиқларидан-чи?
Зоҳид: - Яқинда шу ҳақида гаплашган эдик. Эски кинофильмлардаги қўшиқларни куйламоқчимиз. Олдимизга қўйган мақсадимиз бор.
Жасур: - Мақом, миллийликни уйғунлаштириб ҳам, ўз йўналишимизда, 2 та нарса тайёрлаганмиз. Уни ҳам худо ҳоҳласа тез кунда чиқарамиз. Озгина ушлаб турибмиз, сабаби гастроллар билан бироз тўхтаб турибди.
- Одатда бирор хонанданинг қўшиқлари хит бўлиб, машҳурликка эриша бошласа, дарров кинода роль ижро этишга таклиф қилишади. Сизларда-чи? Кинога ҳам таклиф бўлдими?
Жасур: - Бизга ҳам киноларга кўп таклифлар бўлган. Лекин, кинода ўзимизни синамаганимизнинг сабаби, ҳозир олдимиздаги мақсад, фақат ўзимизнинг ижод! Ўйлаган мақсадларимиз бор. Мана шу мақсадларимизга эришсак, кино соҳасида ҳам ўзимизни синаб кўриш ниятимиз бор.
- Ижодда ёки ҳаётда, хатога йўл қўйган вақтларингиз ҳам бўладими?
Жасур: - Хато қилмаган инсоннинг ўзи йўқ.
Зоҳид: - Мен ҳар бир қўшиқнинг ортидан хато қилдимми, деб ўйлаб кўраман. Масалан, битта қўшиқда ҳам, битта кичик нарсасини хато қилиб қўйсангиз, минг зўр қўшиқ бўлса ҳам, бўлмайди ва қолиб кетиши мумкин. Биргина ижодий хато деб, шунча меҳнат қилинган қўшиқ қолиб кетиши мумкин.
- Барча қўшиқларингизда шеърларини ҳам ўзингиз ёзиб, мусиқасини ҳам ўзингиз яратасизлар. Бошқа аранжеровкачилар билан ишламайсизларми?
Жасур: - Ҳозирча йўқ. Лекин, барибир бошқалар билан ҳам ишлаш керак.
- Шу тарафлама олганда, ҳеч ўйлаб кўрмаганмисизлар, қўшиқларингиз борасида бир хиллик юзага келмоқда...
Зоҳид: - Масалан, биз битта қўшиқ қилдик. Бошқа аранжеровкачига олиб бориб, аранжеровка қилдирдик. Бир тарафда мен ўзим аранжеровка қилганим турибди, иккинчи тарафда ўша бошқалар қилиб бергани турибди. Эшитиб кўрсак, одамларга меники кўпроқ ёқяпти! Умуман, бу қўшиқни эшитмаган одамга, "мана иккита қўшиқ, қайси бири яхши" деб қўйиб берсак ҳам, мен қилган вариантни танлаяпти. Лекин, ўша танланмаган иккинчи вариантни профессионаллар қилган. Танланган биринчи вариантни эса, ўзимиз қилганмиз. Бундай ҳолат кўп марта юз берган. "Қандай унутдинг" ҳам аввал студияда ёзилган. Кўнгил тўлмай, яна бир ой устида ишлаганмиз. Бу қўшиқни 30 хили бор! Ҳар хил вариантларда! Энди бир хиллик бўлиши мумкин, ахир биз овозимизни ўзгартира олмаймиз-ку. Қўшиқларни қўлдан келганча ҳар хил қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Жасур: - Бориб студияда ёзиб келамиз-да, кейин ўзимизни кўнглимиз тўлмайди. Ўша нарсани кейин бошқатдан Зоҳиднинг ўзи қилади. Кейин биз бошқа йўналишда қўшиқ қилсак ҳам, барибир "анови қўшиққа ўхшаб қолибди-ку" дейишади. Нимага? Чунки, бизнинг овозимиз ўзгармайди! Лекин, мусиқа йўналиши бутунлай бошқача бўлади. Масалан, "Қандай унутдинг?", "Сен кетавер", ҳозирги чиқаётган қўшиқларимиз, рок йўналишида, лекин шунда ҳам ўша эски қўшиқларга таққослашади. Чунки, одамлар овозга ўрганган.
- Қўшиқ тайёр бўлганида, биринчи бўлиб, кимга эшиттириб кўрасизлар?
Зоҳид: - Қўшиқ тайёр бўлмасдан Жасур ва Шохруҳ эшитишади. Тайёр бўлгач, яқинларим, дўстлар, ота - онамизга эшиттирамиз. Озгина ўхшамаган жойини ҳам, "мана бу ери ўхшамабди, тўғрила" дейишади.
- Профессионал ижодга ўтганингиздан сўнг, сизларга бўлган муносабат қанчалик ўзгарди, деб ўйлайсизлар? Мухлислар тарафидан эътибор сал камайгандек туюлмаяптими?
Жасур: - Муносабат, анча яхши тарафга ўзгарди. Аксинча, талаб яна ҳам кўтарилган. Ўзи шундай бир давр бўлар экан. Чалғитадиган давр. Ўзингиз ҳам бизга нисбатан талаб сўнди, деб ишониб қолишингиз, ўйлаб қолишингиз ҳам мумкин экан. Бу ўтиш даври бўлар экан! Агар ўша ўтиш давридан ўтсангиз, яна давом этиб кетасиз! Шундай деб ўйлаб юрганимизда, гастрол концертлари бошланди. У ерда умуман, бошқа ҳолат! Биринчи чиққан вақтимизда ҳам аншлаг, ажиотаж бўлган! Лекин, ҳозирги ҳолат, ўша нарсаларни босиб ўтиб, ундан ҳам талаб ва интилиш кучли бўляпти!
Зоҳид: - Биз тадбирларда қатнашамиз ва орада вилоятларга чиқиб келамиз. Ҳар бир борган жойимиздаги эътибор, кейинги сафар борганимизда янада зўрроқ бўлиб бормоқда! Асосан, рейтингни концертлар ва тўйлардан билиб оламиз! Жасур айтгандек ўтиш даври бўлиб, сал жимлик бўлгандек бўлганда, бир куни "Кўкча" кошонасида тўй чиқиб қолди. (кулиб) Тўйга худди концертга кириб келаётгандек бордик. "Уммон" деганда, бутун тўйхона бақириб, чапак чала бошлади.
Жасур: - (кулиб) Биз менимча концертга келдик, деб ўйладик.
- Шундай муваффақиятнинг сири нимада деб ўйлайсизлар?
Жасур: - Авваламбор, яратгандан омад! Кейингиси меҳнат! Сўнг, мана шу меҳнатни баҳолайдиган мухлислар! Чунки, мухлислар бор, санъаткор бор! Агар мухлислар бизларни қўллаб- қувватламаса, олқишламаса, биз ҳозир "Уммон" гуруҳи бўлиб ўтирмас эдик, тўғриси. Мухлисларнинг борига шукур қиламиз.
- Ижодни энди бошлаган даврингизда, шундай муваффақиятга ишонганмидингиз?
Жасур: - Ижодни энди бошлаган давримизда ҳақиқий ҳаваскор эдик. (самимий кулишади)
Зоҳид: - Қилаётган нарсамизни ўзимизга ёқадиган қилишга ҳаракат қилардик.
Шохрух (самимий кулиб): - Ўзимиз учун орзу эди! Ўша пайтда, сенлар мана шунақа бўласанлар деса, "йўғ - ей" дердик.
- Демак, сизларда ишонч бўлмагану, лекин, ҳаракат бўлган?
Зоҳид: - Ҳа, кучли ҳаракат бўлган!
- Ишонч бўлмаса, унда нега ҳаракат қилгансизлар?
Жасур: - Фақат ўзимиз учун бўлган! Қўшиқларимиз оммалаша бошлагач эса, мухлислар учун ижод қила бошлаганмиз!
Зоҳид: - Агар юлдуз бўламиз, зўр бўлиб кетамиз деб, ўзингизни ишонтириб юборсангиз ҳам бўлмайди. Инсон ўзини жуда ҳам катта тутиб юборади. Одам ўзини ўзи ишонтириб қўяди. Озгина қадам босиб, салгина ижоди кўтарилганда, бурни ҳам кўтарилиб кетади.
- Қўшиқларингизни ҳеч қаерга олиб бормаганмисизлар? Ахир шундай гаплар ҳам юради, сизлар ўз дискингизни кўпларга эшитиб кўринг, деб берган экансизлар. Шу гаплар тўғрими?
Зоҳид: - Йўқ, бундай нарсалар бўлмаган!
Шохрух: - Биринчи қўшиғимиз чиққанда, Блутс орқали, тарқалган. Шунақа дейдиган одамлар, охирги альбом тақдимиотимизни дискини бир кўришсин!
Зоҳид: - У пайтда бизда интернет ҳам йўқ эди. Блутсдан бир-бирига ўтказилиб тарқалган. Оғайниларимиз келишарди, қўшиқни ташлаб берардик, шаҳарга чиқиб кетарди. Мана буни тарқатгин, деб бермаганмиз! Кейин интернетга ўтгач, озгина ўз устимизда ишлаб олдик. Кейин бу ерда ҳам омадимиз келди! Дискимизни бериш масаласига келсак, агар сўраб келишса, берардик. Чунки, уйимизга ҳар куни 2-3 одам келиб-кетади. Мухлислар келишади, дасхат сўрашади, плакат, дисклар сўрашади. Тўғрисини айтяпмиз!
Жасур: - Энди ҳамма ҳақида гап-сўзлар бўлиши табиий. Бошида шундай гап-сўзлар эшитсак, жаҳлимиз чиқарди. Ҳозир тушунамиз, бу шунчаки гап-сўзлар экан. Кўникар экансиз. (кулиб) Ҳозир миш-миш бўлса, хурсанд бўламиз. Яхши, ҳали ҳам тилдан қолмабмиз, деймиз.
- Биринчи дасхатингизни эслай оласизларми?
Шохрух: - Мен эслайман, биринчи курсда ўқиётганимда, Сурхондарёлик Жалол деган курсдошим, ўша қўшиқларимни ўтказиб берганимда эшитиб юрарди. Ўша курсдошим биринчи бўлиб дасхат олган. Дасхат қўйиб бер, эртага кўтарилиб кетсанг юрмайлик тағин, деганди.
Жасур: - Биринчи Тошкент шаҳридан олдин, гастроллар чиққанди. Бекобод шаҳрига гастролга борганмиз. Ўша ерда биринчи марта дасхат берганман.
- Ҳозир кўпларда ижоддан мақсад, тез танилиш. Сизлар-да?
Зоҳид:-Биз санъатга қизиққанмиз. Биз ўзимиз учун қилганмиз. Қўлимизда катта пул бўлмаса ҳам, уйда ўзимиз қилганмиз.
Жасур: - Биз машҳур бўламиз деб ҳам, пул топамиз деб ҳам ўйламаганмиз. Биз фақат санъат учун интилганмиз. Яширмаймиз, ўртача оилада катта бўлганмиз. Пайтида устачилик ҳам, официантлик ҳам қилганмиз. Топганмизни йиғиб, ижодга сарфлаганмиз. Топганимиз озгина пулни студияга сарф қилардик. Секин-секин ўзимиз ижод қилиб, ривожландик. Мана ҳозирги кунда студиямиз ҳам ўзимизники, ҳамма нарса ҳаракатга боғлиқ. Ичингиздаги тоза ниятингизга боғлиқ.
- Зоҳид мусиқа билан шуғулланса ҳам, аслида мусиқадан йироқ касбда ўқиган экан.
Жасур: - Бу худо берган истеъдод, омад! Мактаб вақтидан ўзи, биринчи ""Плайстейшн" деган ўйин бўларди, ўша ўйинда мусиқа қилишни бошлаган. Ҳаттоки, ўша "Севавераман" қўшиғимизнинг мусиқаси ҳам ўша ўйинда ясалган. У қизиқиб, мусиқани юракдан ҳис қилади. Мусиқа билан шуғулланаётганда биз уни бошқа нарсага чалғита олмаймиз.
Шохрух: - Инсон ўқишдан кўра, кўпроқ амалиётда кўп нарса ўрганади.
- Ўқишни давом эттириш, санъат соҳасида ҳам алоҳида таҳсил олишга қандай қарайсизлар? Масалан, Консерваторияда ўқиш масаласи?
Жасур: - Мен коллежни тамомлагач, Аграр университетига шартнома асосида ўқишга киргандим. Лекин, у соҳада ўқишни ўзим истамадим. Кейин, ўтган йили Санъат институтига топшириб, кира олмадим. Бу йил яна ҳаракат бор.
Шохрух: - Мен яна ўқиган бўлардим. Аграр университетини битириб олай, ўйлаб кўрамиз.
- Устозларингиз?
Жасур: - Устозимиз йўқ. Фақат ҳаёт!
- Мухлисларингизнинг 99 фоизини қизлар ташкил этади, деса ҳам бўлади. Агар сир бўлмаса, қизларнинг кўнглига қандай йўл топдинглар?
Шохрух: - Санъатимиз орқали!
Зоҳид: - (самимий кулиб) Мухлисларимиз фақат қизлар эмас. Ҳамма шунақа деб ўйлайди, лекин мухлислар ичида болалар ҳам бор ва кўп. Тўғри, Тошкентда жуда ҳам кўп дея олмаймиз, лекин, вилоят ва водийларда жуда ҳам кўп. Ўғил болалар ва қизлар деярли тенг. Бизни (кулиб) ёмонлаб туриб, аслида қўшиғимизни эшитадиган болалар ҳам бор!
Жасур: - Ҳаммани кўнглини топиш қийин. Беш қўл баробар эмас! Кимгадир ёқармиз, кимгадир йўқ. Лекин, ўша ёқмаган одамга ҳам ёқишга ҳаракат қиламиз. Санъатимиз ва ижодимиз орқали!
- Асосан, қайси вақтда ижод қиласизлар?
Жасур: - Кечқурун! Ҳаммамиз бирга ўтириб, ижод қиламиз.
- Сизларда администратор ва продюсер ўзгарди. Шундайми?
Шохрух: - Ҳа! Ўзимиз чиқариб юбордик.
- Ўртада келишмовчилик юз бердими?
Жасур: - Катта келишмовчилик бўлган! Яхши инсон деб ўйлаб юрганмиз, гуруҳга нисбатан, ёмон қирралари очилган.
Шохрух: - Масалан, ишониб юрган инсонингиз у ер-бу ерда ноўрин иш қилиб қўйса, кўнглингиз қолиб кетади-ку, худди шу нарса бўлган. Худди фойдаланиладиган буюмга ўхшатса, шундай иш қилиб кетган. Гуруҳдан фойдаланмоқчи бўлдию, фойдалана олмади. Шундан сўнг уни чиқариб юбордик. Ундан кейинги инсон, ўзимиз ёшликдан бирга катта бўлган инсон, Исломбек Назаров! У ҳам продюсеримиз, ҳам фирмамиз директори.
Жасур: - Ҳозирда "Уммон - медиа" фирмасини очганмиз. Бевосита ижод билан боғлиқ фирма, концерт-тадбирлар ташкиллаштирамиз.
- Фақат "Уммон" гуруҳинигина эмас, бошқа санъаткорларнинг коцертларини ташкиллаштирасизларми?
Жасур: - Ҳа, албатта. Фирмамиз орқали, Ўзбекистон Халқ артисти Озодек Назарбековнинг Жиззах, Қўқон, Гулистон шаҳарларидаги концертларини ташкиллаштирилди. Лекин, биз бунга аралашмаганмиз. Уни раҳбари ўша Исломбек Назаров ва администраторимиз Анвар Мирходиев
- Хонанда Муниса Ризаева билан дуэт?
Шохрух: - Худо ҳоҳласа, тез кунда!
- Севги борасида кутилган бахтингизни топдингизми?
Шохрух: - Севги борасида ҳали учратганим йўқ!
Зоҳид: - Мен ҳам ҳали учратганим йўқ!
- Бу гапларингиз рейтингни ушлаб туриш учун эмасми?
Иккови: - Йўқ! Ҳеч қандай рейтингни ўйлаганимиз йўқ! Бўлса айтардик, ростдан ҳам йўқ-да! Очиқ айтамиз! Алдаш йўқ!
Жасур: - Менда бор. Мен ҳар доим айтаман. Энди, баъзилар айтсам, мухлисларимни йўқотиб қўяман, деб ўйлашади. Мен бу фикрга қаршиман. Ҳақиқий мухлис, мен қандай инсон бўлишимдан, қанақа бўлишимдан қатъий назар, мухлислик қилса, ана ўшанда у мухлис ҳисобланади. Мени фақат яхши кўриб, мухлислик қилса, унда билмадим.
Зоҳид: - Санъаткорни севгани бўлса, рейтинги тушиши бу бор нарса.
Жасур: - Уйланса ҳам, ижодига таъсир қилади.
- Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида, кўпроқ ўзи севиб эмас, ота-она топгани уйланиш "мода" бўлмоқда. Бунга муносабатингиз? Дейлик, сизларда ҳам шундай бўлиши мумкинми?
Жасур: - Ота-онамиз қаршилик билдиришмайди.
Шохрух: - Инсон яшайдиган инсонини ўзи топиши керак! Чунки, у ўша инсон билан умрининг охиригача бирга яшайди! Бир ёстиққа бош қўяди, шунинг учун ўзи билиб, ўзи гаплашиб, севиб турмуш қуриши керак, деб ўйлайман. Ота-онамиз қаршилик билдиришмайди, ҳеч қачон.
- Ота-онангизни ижодингизга муносабатлари?
Жасур: - Ота-онамиз ижодга ҳам қаршилик билдиришмаган. Баъзи санъаткорларда қаршилик бўлган. Бизда эса, бошида шу нарсага ишончинг комилми, деб сўрашган. Кейин майли, жуда бўлмаса ўзинг учун дейишган. Қаршилик билдиришмаган, аксинча дуо қилиб қўллаб-қувватлашган. Ҳозирда қўшиқларимиз ёшларнинг дидига мос бўлса ҳам, барибир улар эшитиб, баҳо бериб келишади, дуо қилишади.
- Ота-онангизга ёққан қўшиғингиз?
Шохрух: - Шўх қўшиқларимиз ёқади.
Жасур: - Мени дадамларни кўп эшитадиган қўшиқлари, "Тундан кун кетди" деган қўшиғимиз. Ҳозирги кунда эса, "Қандай унутдинг?" қўшиғимизни кўп эшитадилар.
Зоҳид: - "Ўраб оламан", "Дўст", "Қани кел" каби қўшиқларимизни кўп эшитишади.
- Ота-онангиз "бўлмабди" деган қўшиқлари ҳам борми?
Жасур: - (кулиб) "Азоб" ва "Йўқол" қўшиқларимиз. Бунча бақиргансанлар, дейишган.
Шохрух: - (кулиб) Энди улар, ёшларборп қўшиқлар-да, шунинг учун бўлса керак.
- Нима деб ўйлайсизлар, кўп қўшиқларингизнинг мазмуни айрилик, дард, севги. Бу билан қўшиқларингиз ёшларни тушкунликка бошламайдими?
Жасур: - Ундай эмас, бизда бир гал маҳзун, бир гал шўх қўшиқлар бўлади. Масалан, 2 та оғир қўшиқ чиқарсак, 2 та шўх қўшиқ чиқарамиз. Одамлар эса кўпроқ ўша маҳзун, оғир қўшиқларимизни эшитишади. Шунинг учун кўпчилик, буларда шўх қўшиқ кам, деб ўйлайди. Лекин, шўх ва оғир қўшиқларимиз тенгма-тенг.
- Бу билан шўх қўшиқларимиз унчалик яхши оммалашмаган, демоқчимисизлар?
Жасур: - Йўқ, ҳаммаси оммалашган. Лекин, хит даражасига боргани кам. Шўх қўшиқларимиздан хит даражасига борганлари, "Юрагинг соғломми", "Ўраб оламан", "О асалим", "Қани кел", "Қийнама", "Майли кетавер" деган қўшиқларимиз.
Зоҳид: - Телеэкранларда хит бўлмаганини сабаби, уларнинг клипи йўқ. Оддийроқ қўшиққа ҳам битта клип қилинса, уни одамлар кўришади ва хитга айланиши мумкин.
- Бу билан кўп нарса клипга ҳам боғлиқ, демоқчимисиз?
Жасур: -Ўртача қўшиқ бўлса-да, яхши клип қилиб, айлантирилса, ўша нарса яхши мева бериши мумкин. Лекин, баъзи аксинча бўлиши ҳам мумкин. Клип ва қўшиқ бир - бирига таянч бўлиб туради. Клип ҳам, қўшиқ ҳам яхши бўлса, зўр оммалашади.
- Энг кўнглингизга оғир ботган ва эсда қолган танқид?
- Шохрух ва Зоҳид: - Менга энг оғир ботгани, "Қандай унутдинг?" қўшиғимизни "ўғирланган" дейишгани бўлди! Алам қилди!
Жасур: - "Уммон" дек бўла олмайсан, деган қўшиғимиз бўларди.
Зоҳид: - Шу қўшиқни айтишга мажбур бўлганмиз. Чунки, чидай олмаганмиз. Сабаби, бизга қарши, кўча тилида "дис" айтишган. Бу "рэп", бундай "рэп" ҳақоратли бўлади. Ундай қўшиқларни нечта одамлар айтишган. Фақат бир қўшиқчининг ўзи 10 тача "дис" айтган. Биз ҳақимизда, ҳақоратлаб айтган.
Жасур: - Шунда биз "Уммон барибир уммон - де" деган қўшиғимизни айтганмиз. Шунда ҳам тўхтамади, баттар авжига олди. Шундан кейин, "Барибир, "Уммон"дек бўла олмайсан"ни чиқарганимиздан кейин ҳаммаси тўхтади.
- Ўша қўшиқчиларни танийсизларми?
Жасур: - Кўрмаганмиз, танимаймиз!
Зоҳид: - Қўшиққа қўшиқ билан жавоб бердик, лекин уларга ўхшаб ҳақоратли сўзлар ишлатмадик. "биз ортиқча жавоб ёзолмаймиз, чунки бизни халқ тинглайди" деган гаплари бор. "Агар мен дис ёзганимда, эшитиб, сенинг ўзингга ёш келарди" деган сўзлари бор. у ерда вилоятларни ҳам номма-ном айтиб чиққанмиз.
Жасур: - (хиргойи қилиб) "Агар мен дис ёзсам, сени кўзингга ёш келар, мен жавоб ёзолмайман, чунки мени халқ тинглар!" У ерда кўп, мухлисларга тегишли бўлган жойлари ҳам бор. Ҳамма ўзига тегишлисини олади. Мавзу ҳар хил кетган, айнан бир инсонга қарата айтилмаган.
- Яқин орада ўзингиз ҳақингизда эшитган, ҳатто ўзингизни ҳам ҳайратда қолдирган хабар?
Шохрух: - Кутилмаганда мени "ўлди"га чиқариб юборишди. Самарқандда бир жойда ўтирибмиз. Тўғримизда бир каттароқ бола ўтирибди. Менга шундай тикилиб, қараб ўтирибди. Охири мен унга гапириб юбордим: "Ака, тинчликми?" - десам, "сиз ўлмаганмидингиз" дейди. (кулади) Яқинда ўқишим сабаб, 2-3 концертларга чиқа олмадим, гастролларга ҳам бора олмадим. Ўқишдан жавоб беришмаётганди.
Жасур: - Бу гап авжига чиқиб кетганди. Ҳамма жойда уни 100 фоиз ўлдига чиқариб юборишди. Андижонда концертимиз эди. Шохрухни ўлдига чиқариб туришган вақтга тўғри келганди. Концертда саҳнага Зоҳид иккимиз чиқдик. Бошловчи чиқиб: "Минг афсус" деб гап бошлади. Биз чиққанимизда кўтарилган оломон бирдан тўхтаб, ўтириб қолди. Чунки, бошловчини гапи, қолаверса, ёнимизда Шохрух йўқ. Бошловчи гапини давом эттириб, "Шохрух дўстимиз" деганди, ҳамма "уввв" деб йиғлай бошлашди. Бошловчи "сал кечроқ кийинар экан-де" деганди, одамлар бақириб юборишди. (кулишади) Бу пайт эса, Шохрух саҳнага югуриб чиқди. Ҳамма хурсанд бўлиб кетди. У ердагилар учун "ўлиб бўлган экан".
Зоҳид (кулиб): - Мени эса "соқов, гапира олмайди" деб гап чиқаришганди.
- Журналистлар тарафидан энг кўп берилган савол?
Зоҳид: - "Қандай унутдинг?"ни "Ўғирланганми" деб кўп сўрашади. Шу гап менга ёқмайди. Ахир ўғирланмаган!
- Ўз аудиториянгизнинг ёшини неччи ёшгача деб ўйлайсизлар?
Жасур: - Ҳозирги кунда стадионларда концертлар ўтказганимизда, ёши катта онахонлар ҳам қўшиқларимизни тинглаб, қўллаб-қувватлаб ўтиришибди. Аудиториямиз сони ошган, ёш тарафлама ҳам мухлисларимиз янада кўпаймоқда. Бу энг катта плюс жиҳати, негаки аввал ҳамма буларнинг мухлиси фақат 12-15 ёшлилар, дейишарди. Ҳозир 70 ёшгача бўлганлар ҳам қўшиқларимизни тинглашяпти.
Зоҳид: - (самиий) 50 ёшли аёллар ҳам, концертларда "фанатингизман" дейишяпти! Масалан, бир концертда, бир ёши катта аёл "сизларни севаман" деяпти, албатта қўшиқларимизни. Бу ҳам аудиториямиз янада кенгайганлигини билдиради.
- Касбингиз характерингизга мос ёки мос эмас?
Зоҳид: - Менга жуда ҳам мос тушган. Мен эринмайман, керак бўлса, 3-10 соатлаб ҳам ўтиравераман. Мусиқа ясаш, шеър ёзиш, қўшиқ яратиш, овозларни тўғрилаб, сведениялар қилиш, бу нарсаларга эринмайдиган одам бўлиши керак. Чунки, бу жуда ҳам майда иш. Худди, бир кичик дарахтга 4000 тадан ортиқ барг чизишдек. Мисол учун, неча соат чизилади. Ўтираверасиз, ҳар битта нарсани қунт қилиб қилиб чиқишингиз керак. Менга жуда ҳам маъқул иш.
Жасур: - Мени тез жаҳлим чиқади ва гапириб юбораман. Шу одатим бор.
- Агар имкон бўлса, санъат соҳасидаги қайси жиҳатлар, ёки муаммолар ҳақида мақола ёзган бўлардингизлар?
Жасур: - Тан олиш керак, кунига қўшиқчилар чиқмоқда. Масалан, интернет орқали қанча чиқади. Шуларнинг ичида яхшилари ҳам бор.
Шохрух: - Мен ҳар бир санъаткорни ўзига яраша, алоҳида имиджи бўлсин, ҳамма жойда ўша имиджига содиқ қолсин, деган мазмунда мақола ёзган бўлардим. Чунки, ҳар битта санъаткорни ўзининг танлаган йўли, йўналиши бор. У йўлдан бошқа йўлга олиб қўйилса, у кета олмаслиги мумкин. Инсонлар уни ўша йўли ва имиджини кўрганда, бу ўша санъаткор десин.
Зоҳид: - Мен "Қандай унутдинг?"ни ўғирланмаганлиги ҳақида мақола ёзган бўлардим.
(ҳаммалари самимий кулишади)
- Интернетга муносабатингиз?
Уччови бирдан: - 21 аср вабоси!
- "Одноклассники"да нечта профилларингиз бор?
(бараварига самимий кулиб юборишади)
Зоҳид: - Ҳаммамизда биттадан!