FATTOHHON.COM
« Все новости
Аввалига кинофильмдаги роли, кейин эса қўшиқлари билан томошабинлар эътиборини тортган бу хонанданинг ҳар бир қўшиғи ва клипи ноодатий, ҳамда эсда қоларли бўлиб, унда ўзига хос бирор янгилик мужассам бўлади. Бугунги "Диллашув" саҳифасининг қаҳрамони, хонанда, актёр, телебошловчи Отабек Муталхўжаевдир.
Хонанда ўзи ҳақида: - 1984 йил 18 июлда Тошкент шаҳрида туғилганман. 4-ўрта мактаб ва 306 лицейда ўқиганман. 2001 йилда Тошкент Давлат Техника университетининг "Нефть ва газ" факультетига ўқишга кириб, 2005 йилда тугатганман. Санъат соҳасига қизиқишим эса болаликдан бўлган, чунки оиламизда санъаткорлар бўлган. Бувамлар Файзулла Муталхўжаев, театрда ишлаганлар, роллар ижро этган ва катта ашулаларни куйлаганлар. Болаликдан уларнинг ёнида ўтириб, дутор чалиб қўшиқ куйлаганларини кўриб, кузатиб катта бўлганман. Санъат институти ёки Консерваторияга ўқишга киришни истагандим, лекин оиламиздагилар бироз қарши бўлишган. Улар, "Санъатда нон топиш жуда ҳам қийин! Санъатнинг нонини ейиш учун тишинг темирдан бўлиши керак!" дейишган. Шундан сўнг, Техника (Политехника) Университетига ўқишган кирганман. Ўқиш даврида, дарсдан ташқари вақтларда бензин қуйиш шохобчасида оператор бўлиб ишлаганман. Кейин эса, нефть базада ҳам ишладим. Лекин, санъат мени барибир ўзига тортарди. Ўқишни тугатишим билан биринчи қўшиғимни яратдим. 2005 йил, "Ойданда гўзал" қўшиғим эди. Барибир санъатга бўлган қизиқиш устунлик қилди. Санъат сабаб, эгаллаган соҳамдан воз кечдим ва бундан афсусланмайман.
- Мутахассислигингиз бўйича санъатдан ташқари, қўшимча равишда фаолият юритишингиз мумкинми?
- Кейинчалик бўлиши мумкин. Хусусий бензин қуйиш шохобчаси очиш ниятим бор.
- Ҳозирги кундаги ижодий янгиликлар?
- Мана ҳозир ҳам студиядан келяпман. (жилмайиб) "Уйлангим келди" деб номланган қўшиқ ёздим. Студияда гитара ва бэк вокал жўрлигида ёзилди. Албатта, ҳазиломуз қўшиқ, бир йигитнинг 18 ёшидан 30 ёшгача бўлган ҳаёти ҳақида айтиб ўтилади. Уйланишни 18 ёшида ният қилган бўлади... Лекин, 30 ёшда уйланади. Қўшиқ тайёр бўлгач, клип суратга олишни режалаштирганмиз. Шунингдек, NTT телеканали орқали ўтказилаётган "Дилкаш лаҳзалар" кўрсатувида иштирок этяпман ва у ерда марҳум устоз санъаткор Ботир Зокировнинг қўшиқларини куйлашга ҳаракат қиляпман. "Қайдасан", "Раъно", "Газли" қўшиқларини актриса Севара Солиева билан бирга дуэт тарзида куйлаяпмиз.
- Ҳозирги кунда ижодимда нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?
- Ҳамма нарса етарли деб ўйлайман. Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ, ўйлашимча. Бугунги кунда ижодкорда ҳаракат кучли бўлиши керак, тез ишлаш керак. Бир неча янги қўшиқлар ёзяпман. Биргина етишмаётган нарса бу вақт! (самимий) NTT телеканалида «25-кадр» теледастуридаги бошловчилик, гастроллар, бундан ташқари ўзимни хоббиларим ҳам бор, спорт билан ҳам шуғулланаман. Ҳамма нарсага вақт ажратишим ва улгуриш бироз қийин бўлар экан.
- Ижодингиз давомида сиз учун энг мураккаб яралган қўшиқ?
- Бу "Йилларим" деган қўшиғим. Бу инсоннинг ҳаёти ҳақидаги фалсафий қўшиқ. Сўзлари Дилшод Маҳкамов, мусиқаси Фаррух Бадалбоев. Шунингдек, ота-она ҳақидаги "Бири қуёш, бири ойдир" деган қўшиғимни ҳам яратилиши қийин кечган. Ота-она ҳақида бўлгани учун ҳам, ўзига яраша қўшиқ бўлиши керак эди. Сўзлари ҳам таъсирли бўлиши кераклиги учун, шундай сўзларни топгунча ярим йил вақт ўтиб кетган. Оддий сўзлардан ҳам қилиш мумкин эди, лекин унда инсонни юрагини жиз эттирмас эди. Мана кечагина яна бир янги қўшиғимга шеър тайёр бўлди, "Худо шоҳид" деб номланади. Қўшиқ мазмуни: "Сени қанчалик севишимга, ҳалигача изтиробдалигимга, сен учун ҳамма нарсага тайёрлигимга, Худо шоҳид" демакдир. Агар аҳамият берган бўлсангиз, ҳар бир қўшиғимда ноодатий сўзларни ишлатишга ҳаракат қиламиз. Инсоннинг юрагига тегадиган, таъсирлантирадиган сўзлар. Масалан, "Севар ёрим" қўшиғимдаги "Оймўмажон" сўзи ҳам эскириб қолган сўзлар қаторига киради. Аммо, қўшиқ билан инсонларнинг ёдига туширдик. Яна масалан, "Мунчоқ", "Шунқор" каби ноодатий сўзларни топишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги кунда тайёрланаётган "Уйлангим келди" қўшиғимда ҳам ўзига яраша ноодатий сўзлари бор. Бу нарсани биз одатда шоирлардан талаб қиламиз. Инсонлар ўша сўзларни эшитганда янгилик бўлсин, ҳар доимги такрорий сўзлар эмас.
- Демак, қўшиқларингизга шеърларни буюртма асосида ёздирасизлар?
- Ҳар доим ҳам буюртма асосида эмас, одатда Дилшод Маҳкамов билан бирга ёзамиз. Шунингдек, Муҳаммад Исмоил, Темур, Нодир шеърларидан ҳам фойдаланамиз.
- Ижодингиздаги илк муваффақиятли қўшиқ? Бу "Ойданда гўзал" қўшиғи эдими?
- У ҳам муваффақиятли бўлган. Лекин, энг муваффақиятлиси бу "Хазон" қўшиғи! Тадбирларга ва тўйларга кўплаб таклифлар бўлишига сабабчи бўлган мана шу "Хазон" қўшиғим ва клипи бўлган.
- Қўшиқларингиз ичида ота-онангизга энг манзур бўлган қўшиқ?
- "Севар ёрим", "Хазон", "Нетайин", "Шунқор", "Йилларим", "Бири қуёш, бири ой". Ҳар бир қўшиғимга яхши қарашади, агар камчиликлари бўлса, ўзимга айтишади. Ўша камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қиламан.
- Яккахон концерт қўйиш ниятингиз борми?
- Биринчи концерт дастуримни 2009 йилда "Истиқлол" концерт саройида бўлиб ўтган. 25 майда, битирувчиларга бағишланган концерт дастури эди. Мен учун жуда ҳам ҳаяжонли бўлган ва кўп меҳнат қилганмиз. Ижодий гуруҳимиз аъзолари кўп тер тўкишган. Ҳар бир қўшиққа алоҳида бир кўриниш билан чиққанмиз. У ерда кўплаб раққосалар, шоу балет, болажонлар иштирок этишган. 25 та қўшиқ ижро этганман, хонанда Нилуфар Усмонова билан "Майли-майли" дуэти ҳам шулар жумласидан. Концертда актёр Алишер Узоқов билан актриса Гулчеҳра Эшонқулова бошловчилик қилишган. Жуда ҳам яхши шоу бўлган ва қандай тугаганлигини сезмай ҳам қолганман. (самимий кулиб) Мухлислар концерт нимага кам бўлди, дейишган. Аслида, концерт вақти кам эмасди. Энди бу ёғига яна концерт қўйиш учун катта маблағ керак бўляпти. Биз эса, ўша маблағни концертга кетказгандан кўра, яхши ва чиройли қўшиқлар яратишга, ҳамда сифатли клиплар суратга олишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин, концерт қўйиш ниятимиз ҳам бор, ҳозирда бир нечта ҳамкорлар чиқяпти. Ўша ҳамкорлар билан биргаликда куз фаслида концерт беришни мўлжаллаб турибмиз. Шунингдек янги мусиқий альбом ҳам тақдим этамиз. Бу тўртинчи мусиқий албомимиз бўлади. Унга ҳали ном танламадик, янги қўшиқлардан қайси бири хит бўлса, ўшанинг номи билан номланади. Шу кунгача 3 та альбомни мухлисларга тақдим этдик: "Хазон", "Борига барака", "Жоним мани".
- Видеоклипларингизга тўхталсак, ҳар бири эсда қоларли в ўзига хос. Лекин, баъзи бир клипларингизда, бироз менталитетимизга хос бўлмаган кўринишлар ҳам бўлиб қолади. Масалан, "Майли-майли", "Ёр ато эт", "Жоним мани" клипларингиз. Бунга ўзингизни муносабатингиз?
- Клип яратишдан олдин кўп ўйлаймиз. Бу фақат бизнинг ўзимизни ғоя билан бўлмайди, режиссёрларнинг фикрларига ҳам қулоқ соламиз. Чунки, режиссёрлар ҳам янгилик қилишим керак, деган фикрни билдиради. Биз ҳам янгилик яратишга ҳаракат қиламиз. Ўша "Майли-майли" клипида ҳам ҳеч бир ёмон саҳна йўқ, деб ўйлайман. У ерда биз самимий севги-муҳаббатни кўрсатиб берганмиз. Бу клип чиққан вақтда ўзига яраша танқидлар билан биргаликда, ижобий фикрлар ҳам бўлган. Булардан бир мисол келтиришим мумкин. 70 ёшли бир онахон шундай бир фикр билдирганлар: "Шу клип менга жуда ҳам ёқди. Бу клипни набираларимга ҳам кўрсатишдан хижолат бўлмайман". Лекин, баъзилар эса, "вой бу клипни болаларимга кўрсатишга уяляпмиз" дейишганди. Онахон эса, "Йўқ, мен уялмайман, бу клипда жуда ҳам чиройли муҳаббат тасвирланган. Бошқа клипларга қарасангиз, кўплари ётоқхонада суратга олинган, яна камига оқ-қора ранглар кўп ишлатилган, инсонни кайфиятини тушириб, кўп ўйлантириб юборади. "Майли-майли" клипи эса рангин клип. Кайфиятни кўтаради!" деган фикрларни билдирганлар. Энди, 70 ёшга чиққан инсон, жуда ҳам кўп нарсани кўрган инсон бўлсалар, демак уларга манзур бўлибдими, клип ёмон чиқмаган деб ўйлайман. Озгина хатоликлар бўлиши мумкин, тўғри, бу нарсани тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Лекин, янгиликка ҳам интилиш керак, менимча. Нимага бизнинг клипларимиз, Европадан ортда қолиши керак? Қандайдир янгича кўринишлар, Ҳолливудча, Болливудча кўринишлар, ўзимизни йўналиш ва имиджларимиз кўрсатишимиз керак. "Жоним мани" клипида тана кўрсатилган бўлса ҳам, ўзбек ўғлонини қиёфасини кўрсатиш мумкин-ку, ахир бизнинг ўзбек ўғлонларида ҳам, спортчи ва паҳлавонларимиз бор-ку! Буни ҳеч бир ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман.
- "Жоним мани" клипидаги бассейн саҳнаси-чи?
- (кулиб юборади) Бассейн саҳнаси бу эҳтиросли саҳна, клипда бу нарса ҳам керак, деб ўйлайман. Бу ҳаёт севги-муҳаббат билан гўзал. Ҳаммамиз ҳам соф ва чиройли муҳаббатга интиламиз, бу нарсаларни эса қандайдир бошқача, чиройли кўрсатиб бериш керак, назаримда. Масалан, сувда кўрсатиб бериш мумкин, лекин сувда бўлса ҳам биз кийимларда эдик!
- Ҳар бир янги клип суратга олаётган вақтингизда албатта, бирор воқеа юз беради ва бу ҳақида газеталарда ёритилади. Бу нарса тасодифми, ёки... ?
- Бундай нарсалар тўғриси тасодиф ҳам бўлиб қолади. Масалан, "Роббим" клипини суратга олиш учун Жиззахга кетаётганимизда, кечаси соат 3 да авария бўлганмиз. Мисол, бунга кимдир кулади, кимдир ишонмайди. Машинада 170 тезликда келаётиб, иккита катта эшакни уриб юборганмиз. Эшаклар машинамиз тарафга қараб югуриб келса денг. Рулда мен, ёнимда укам, орқа ўриндиқда гримёр қиз билан продюсеримиз Феруза Нодирова ва яна бир актёр ўтиришибди. Агар ўшанда қаттиқ тормоз берилмаганида, балки биз ҳозир бу ерда ўтирмаган бўлардик. Машинамизни олд тарафи ичига кириб, ёниб кетган. Ўша ерда зўрға ўчирганмиз. Худога шукур, оёқ-қўлимиз бут, ўзимизга ҳеч нарса қилмаган. Шунга шукур қилганмиз. "Борига барака" клипимни суратга олаётганимизда эса, бир қиз билан озгина чиқишмовчилик бўлган. Келиб ортимдан бошимга қаттиқ жисм билан зарба берган. Миям чайқалган, лекин даволаниб, тузалиб кетдим. (самимий кулиб) Бундай қалтис вазиятлар ҳар бир клипни суратга олиш жараёнида бўлиши мумкин. "Жоним мани" клипимни суратга олиш вақтида ҳам ўзга яраша қалтис вазият бўлди. Тепаликдан югурадиган вақтимда, тепаликдан пастга ростдан ҳам тушиб кетай дедим. Ўзи инсон атрофида қандай хавф кутаётганини сезмайди ва ҳеч ким бундан кафолатланмаган.
- Ижодингиз давомида қайси қўшиғингиздан кўнглингиз тўлган ва қай биридан тўлмаган?
- Ҳар бир ижодкор, у ҳоҳ Тошкентда ижод қилаётган бўлсин, ҳоҳ Европада, барибир битта бўлса ҳам омадсиз, кўнгли тўлмаган қўшиғи бўлади. Мени ҳам шундай қўшиғим бор, лекин бу ҳақида айтмоқчи эмасман. Чунки, ҳар бир қўшиқ, фарзандингиздек гап! Чунки, вақтингиз кетади, уни устида ҳам қанчадан - қанча одамлар меҳнат қилишади. Бундай қўшиғим кам, лекин менимча, ижодкор учун бундай қўшиқлар ҳам керак экан, деб ўйлайман. Ўшандагина саралашни билар экансиз, қўшиқнинг қадрини, қанчалик тингловчи қалбига етиб бориши кераклигини, тушунар экансиз. Кўнглим тўлган қўшиқларга келсак, 100 фоиз кўнглим тўлгани бу, "Нетайин", "Севар ёрим" ва "Хазон" қўшиқларим. Бу қўшиқлар чиндан ҳам юракдан чиққан қўшиқлар. Юракда севги дарди бор вақтларда куйланган ва юракдан ўтган туйғулар, изтиробларни ўзида акс эттирган.
- Ўз қўшиқларингизнинг таъсир кучи нимада деб ўйлайсиз? Юқорида айтганингиздек севги дарди борлигидами?
- Кўпроқ сўзда деб ўйлайман. Мусиқага ҳам урғу берамиз. Лекин, кўпроқ сўзнинг сеҳри кучлироқ. Барибир яхши сўз танлаш керак! Масалан, ўша шеър менинг дардим бўлмай, ёнимдаги инсоннинг дарди бўлиб қолиши мумкин. Асосан, ижодий гуруҳимиз билан маслаҳатлашиб, битта сценарий тузамиз ва клипмейкерга кўрсатамиз. У ҳар хил йўналишга солиб кўради, ўз фикрларини билдиради. Мисол учун, "Жоним мани" клипининг сценарийсини ўзим ёзганман ва клипмейкер Дилмурод Турдибоевга кўрсатганман. Сўнг, у ўз фикрларини қўшди. Бассейн саҳнаси ҳам унга тегишли. Қолаверса, "интрига" саҳналари, сумканинг иккита бўлиши, йигит ортидан одам тушганлигини билиши, битта сумкага каптарларнинг жойланиши, шундай бир деталларда, масалан у фикр ташлаган. Шундан сўнг, ҳар бир кадр рассом томонидан чизиб чиқилгач, яъни "раскадровка"дан сўнг, бизга ҳам ишлаш осон бўлди.
- Юз фози сценарийси ҳам, ғояси ҳам ўзингизга тегишли бўлган клипингиз борми? Яъни режиссёр ҳам тўлиқ сизнинг фикрингизга қўшилган ҳолда суратга олган?
- Мисол учун, "Шунқор" қўшиғимга ишланган клип. Лекин, бу ерда битта ўзимнинг ҳаракатим эмас, мисол учун ижодий гуруҳимиздаги продюсерим Феруза Нодирова, ижодий гуруҳимиз директори Шуҳрат Тешабоевларнинг ҳам меҳнати катта. Керак бўлса, ўша либосларга, имиджга бўлган дунёқараши ҳам катта. "Мана бундай кийингин, мана бу жойда мана бу детални қўшиб юборайлик, деган фикрларни билдиришади. Клипни битта клипмейкернинг ўзига ташлаб қўйиш керак эмас, яъни инсон ўз ҳаётини бировга топшириб қўйиши керак эмас, деб ўйлайман. Озгина ўзимиз ҳам меҳнат қиламиз. Деярли, юз фоиз деб, айтишим мумкин бўлгани "Шунқор" ва "Жоним мани".
- Сиз қўшиқ ва клиплар борасида, кўпроқ сонга эмас, сифатга талаб бера оладиган ижод намуналарини тақдим этасиз. Бундай ишлаш ўзингизни принципингизми ёки продюсерингиз Феруза Нодированинг талабими? Чунки, ҳар бир клипингиз ўз ғояси билан ажралиб туради.
- Асосийси, кўпчилик бўлиб, гуруҳ билан ишлаш керак экан. Масалан, мен ўзим суратга олишни ҳоҳлаган клипни тасвирлаб бера оламан-ку, лекин уни албатта, бошқа тарафлама бойитиш керак бўлган жойлари бўлади. Масалан, кейинги клип устида ҳам жиддий ўйлаяпмиз. Ҳамиша, нима янгилик қилсак бўлар экан, деган савол туради. Клипни суратга олишимиз керак, лекин ҳалигача ўйлаяпмиз. Масалан, биз шартта камерани олиб, кўчага чиқиб, битта сценарийни тузиб, шартта суратга олиб кетавермаймиз. Бу нарсага виждонимиз ҳам йўл қўймайди. Қолаверса, бизни 7 йилдан буён санъатдамиз, тажрибамиз бор. Шунингдек, мухлислар ҳам биздан оддий нарса кутишмайди. Мана ҳозир ҳам бир нарса ўйлаяпмиз, лекин бюджет масаласи, бироз мўлжалдан кўпроқ бўляпти. Лекин, биринчи ўринда, ҳар доимгидек сифат бўлиши керак.
- Бошловчи сифатида "25 кадр" кўрсатувини олиб боряпсиз. Эфирда кўрсатув олиб боришингиз профессионал бошловчилар каби, аниқ ва камчиликларсиз дейиш мумкин. Бунинг учун алоҳида дарс олдингизми?
- Секин-секин ўрганиб келяпман. Устозим Феруза Нодировадан ҳам кўп жиҳатларни ўргандим. Шунингдек, Насиба Мақсудова ҳам бир-икки марта устозлик қилдилар. Камера олдида қандай туриш, томошабинни қандай қилиб ўзига жалб қилиш сирларини ўргатганлар. Албатта, кимдир айтиши мумкин, "Сен қўшиқчисан, нима қилардинг, бошловчилик қилиб? Ёки актёр бўлиб?" Лекин, бу ҳам санъатнинг бир йўналиши, бир қисми деб биламан. Санъатнинг ичига кирдингизми, ҳамма нарсага тайёр бўлишингиз керак. Керак бўлса, театрда ҳам роль ижро этишингиз, керак бўлса кинода ҳам роль ижро эта олишингиз керак, деб ўйлайман. Санъаткр санъатнинг ҳар жабҳасида ўзини синаб кўриши керак. Кўрсатувда бошловчилик қилишга ҳам ўзимда кучли ҳоҳиш бошидан бўлган, кейин Феруза опамга бу ҳақида таклиф билдирсам, улар ҳам бу нарсани ўйлаб юрган эканлар. Шу тарзда бошловчилик фаолиятим ҳам бошланиб кетган.
- Фильмда роль ижро этиш учун сценарий танлаганингизда асосан нималарга эътибор берасиз?
- Унчалик кўп фильмда роль ижро этмаганман. Лекин, сценарийлар беришганда, агар саёз роль бўлса, шундоқ қайтариб бериб юбораман. Агар яхши сценарий келса, драматургияси ва ким суратга олиши, унга қанчалик маблағ ажратиляпти, оддий фильм бўлиб қолмаяптими, сценарийсининг қанчалик таъсир кучига эгалигига аҳамият берамиз. Феруза опамларни ҳам ижодий салоҳиятлари кучли, сценарийни ўқиб кўрадилар. Мен ҳам ўқиб чиқиб, ўз фикримни билдираман. Бир хил пайтлар ҳам бўлиб қолади, агар Феруза опам, "мана шу ролни ўйнайсан", десалар, мен "йўқ, мана бу тарафлари бор" деб айтаман. Ёки мен бирор фильмда "ўйнайман" деб туриб олсам, Феруза опам "ҳеч қачон" дейдилар. Шундай пайтлар ҳам бўлади, келишилган ҳолда иш кўрамиз. Роль ижро этган фильмларим, "Оловуддиннинг янги саргузаштлари", "Сеҳрли узук", "Лола", "Мадина", "Сирли сиртмоқ".
- Ўзингиз роль ижро этган фильмларни неча марта кўришингиз мумкин?
- Одатда, инсон ўзининг ижодидан ўзини кўнгли тўлмайди. (кулиб) Битта кўриб бошқа кўрмасликка ҳаракат қиладию, лекин деган жойи бор. Бу ерда ҳам катта меҳнат қилинади. Умрингиз, вақтингиз кетади. Ҳаётингизнинг маълум бир лаҳзалари ўтиб кетади. Лекин, бу нарсанинг қадрига 3-4 ойдан сўнг, баъзида йил ўтгандан сўнг, қадрига етиб, кўрганда маза қилиб кўришим мумкин. Кўрганда, ўша даврларни соғиниб кўраман. Чунки, ёшлигимиз ўтиб кетяпти, вақт ўтган сари инсон ўзгариб, улғайиб боради. Шу нарсани экранда кўриш мумкин. Қандайдир олдинги даврларни эслашни яхши кўраман.
- Илк ролингизни ижро этишингиз қандай юз берган ва умуман кино соҳасидаги фаолиятингиз қандай бошланган?
- Ҳаммаси 2006 йил "Оловуддининг янги саргузаштлари" фильмидан бошланган. Бу фильмга продюсерим Феруза Нодирова билан Шоира Рауфбоева биргаликда сценарий ёзишган. Бу фильм янги йилга мўлжалланган мусиқали фильм бўлиши керак эди. Жуда ҳам жадаллик билан ишлаб, барча ўзбек эстрадаси юлдузлари ва актёрларини жамлашди. "Оловиддин ролига кимни оламиз?" деган савол турганди. Ўша пайтларда Феруза опамлар билан энди бирга ишлай бошлаган вақтларим эди. Шунда "Бу ролни Отабек ижро этади, сендан бошқа Оловиддинни кўрмадик" дейишди. Феруза опамлар ўшанда, (кулиб) ўзимни мақташ эмасу, лекин "бундай Оловиддинни бошқа топа олмаймиз, бундан бошқа муносиб номзод йўқ" дегандилар. Баъзи бирлар қарши фикрлар ҳам айтишган. Лекин, Феруза опамлар ўз сўзларида туриб олгандилар. Фильмда роль ижро этганимда эса, мен ўз ролимга мос тушганман. Кейин эса, гастролларга, водийларга борганимда, ҳамма "Оловиддин, Оловиддин" деб чақира бошлашди. (кулиб) Шундан кейин мени ўз номим керак, мен Оловиддин бўлиб танилгим келмаяпти, деганман. Ҳаттоки, тушкунликка ҳам тушиб қолганман. Лекин, "Хазон" қўшиғи чиққанидан сўнг, Отабек Муталхўжаев деган ном пайдо бўлди! Унгача (кулиб) номим Оловиддин бўлган.
- Ўзингиз ҳам келажакда режиссёр сифатида фильм суратга олишингиз мумкинми?
- Албатта, мумкин. Лекин, режиссёрлик бу шунчаки фильм суратга олиб кетаверадиган иш эмас! Бунинг учун, инсоннинг ўзида кўп йиллик тажриба керак. Тажрибам етарли бўлгандан кейин, албатта бир яхши фильм суратга оламиз. Ўзим ҳинд фильмларини жуда ҳам яхши кўраман ва ўйлайманки, суратга оладиган фильмим комедия элементлари мавжуд бўлган мелодрама жанридаги романтик фильм бўлиши мумкин!.
- Хонанда, актёр, телебошловчи, умуман эл назаридаги инсонсиз. Лекин, ўзингиз ҳам кимнидир мухлисимисиз?
- Ўзим болаликдан "Бобби" ҳинд фильмини жуда ҳам кўп марталаб кўрганман. Айниқса, актёр Риши Капурни оилавий мухлиси бўлганмиз. Ўша вақтларда (кулиб) бу фильмда бош ролни ижро этган ҳинд актрисаси Димпл Кападиани ҳам яхши кўрганман. Чиройли актриса, фильмларини завқланиб кўрардик. Ниҳоят, ўтган 2011 йилда, Фонд Форум ташаббуси билан Биринчи "Олтин Гепард" Тошкент Халқаро Кинофоруми бўлиб ўтганда, шу ҳинд актрисаси Димпл Кападиа ҳам меҳмон сифатида Тошкентга келди. (самимий) Шунда шу актрисадан интервью олиш, бирга суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим.
- Жонли ижро ҳақида фикрларингиз?
- Тўй-ҳашамларда, репетиция жараёнларида ва баъзи концертларда жонли ижрода куйлайман. "Истиқлол" санъат саройида бутунлай жонли ижрода концерт қўйиш ниятим ҳам бор. Бунинг учун, ўзига яраша керакли бўлган техникалар керак. Чунки, биз ёшмиз ва бизнинг овозимизни залга қониқарли даражада етказиб бериш учун зарур техникалар, ҳали бизда йўқ. Шу нарсалар келажакда бўлади, албатта. Ҳозир агар аҳамият бериб қаралса, биздаги баъзи техникалар ҳали у талабга, яъни жонли ижрода концерт қўйиш талабларига жавоб бера олмайди.
- Лекин, хонандалар Жаҳонгир Отажонов, Оғабек Собировлар, сиз айтгандек техника носозлигига қараб ўтирмай, жонли ижрода концерт бера олдилар-ку...
- Тўғри! Лекин, мен у концертлар ҳақида ўзига яраша танқидий фикрлар ҳам эшитдим. "Фонограммага қулоғимиз ўрганган эди, тозароқ эшитиларди, тўй бўлиб кетди" деган гаплар ҳам бўлди. Яъни, мусиқа тарафлама, кўп шовқин бўлгани учун, шундай дейишди, назаримда. Тўғри, хонандалар саҳнада зўр ижро этишяпти! Жонли, авж пардаларда куйлашди, ёриб ташлашди! Лекин, ҳар хил шовқинлар ҳам томошабинларнинг қулоғини чарчатиб қўйяпти! Ортиқча шовқин кўп! Тўғри, профессионал мусиқачилар, санъаткорлар эшитиб маза қилишяпти, лекин оддий томошабинларнинг баъзилари буни тушунмасдан, қабул қила олмасдан, "чарчаб кетдим, телевизорда, радиода эшитилгандек эшитилмаяпти" дейишяпти. Тиниқ эшитишга ёрдам берадиган техникаларни эса, ҳали бизга олиб келиш керак. Бизда жонли ижрода, кучли айта оладиганлар жуда ҳам кўп. Лекин, кўпчилик фонограммада концерт қўйишига тўғри келади. Чунки, техника талабга жавоб бера олмаяпти. Техника секин-секин кириб келяпти, лекин уни ишлатишни ҳам билиш керак. Эндиликда шундай оператор ва техниклар кундан кунга кўпайяпти. Бу нарсалар энди-энди ривожланяпти.
-"Ўзбекнаво" тарафидан ўтказилаётган "Жонли ижро" фестивалида қатнашишингиз мумкинми?
- Албатта! Таклиф қилиндик, кейинги босқичдан албатта қатнашиш ниятим бор. Ҳозирда классик, миллий йўналишдаги қўшиқлар тайёрлаяпман, шуларни айтиб чиқиш ниятидаман.
- Продюсерингиз Феруза Нодирова айни дамда хонанда Ёдгор Мирзажоновнинг ҳам продюсери ҳисобланади. Агар продюсерингиз Ёдгор Мирзажоновга кўпроқ эътибор қаратсалар, ижодий тарафлама рашк ёки қизғанган пайтингиз ҳам бўладими?
- Энди, биз рашк қилиб, қизғансак ҳам Ёдгор акам билан ҳазиллашамиз. Ҳазиллашиб рашк қилишимиз мумкин, лекин жуда ҳам жиддий эмас. Биз бир-бириизни қўшиқларимизни эшитиб баҳо беришга ҳаракат қиламиз ва ижодий ютуқларимиздан қувонамиз. Бизни муносабатларимиз самимий ва ўртамизда кўролмаслик, рақобат йўқ. Лекин, (кулиб) орада рашк қиладиган лаҳзалар ҳам бўлади. Масалан, Феруза опам менга кўпроқ эътибор қаратсалар, Ёдгор акам "Ҳа, сиз Отабек билан кўп ишлаяпсиз-да, менга эътибор бермаяпсиз" деб қўядилар. Феруза опамлар Ёдгор акам билан кўпроқ бирга ишлаб қолсалар, мен "Ҳа, Ёдгор ака, кўп ишлаяпсизлар-а" деб қўяман. Шунақа вақтлар ҳам бўлади.
- Санъатга кириб келганингиздан то бугунги кунга қадар, агар босиб ўтган йўлингизга назар солсангиз, ўз олдимга қўйган мақсадларнинг барчасига эришдим, деб ўйлайсизми?
- Йўқ, ҳали бу ҳаммаси хамир учидан патир деб, ўйлайман. Ҳаётимиз ҳали олдинда! Илоҳим оёқ-қўлимиз бут, соғ-омон бўлсак, ўйлаган ниятларимиз, қўйган мақсадларимизга кетма-кет эришамиз. Санъаткор, ижодкор ҳеч қачон эришиб бўлдим, демаса керак! Чунки, ҳар битта қўшиқнинг яралиши ҳам орзу! Орзулар эса, кунлар ўтган сайин кўпайиб бораверар экан. Эртаси куни яна янги орзу туғилади. Шу тарзда умр ўтиб бораверар экан. Энг муҳими эса, инсон соғ бўлиши керак экан. Агар соғлигингиз яхши бўлмаса, ҳеч нарса ёқмас экан. Қўшиқ ҳам айтмас экансиз, ҳеч нарса қилгингиз келмас экан. Бундай вақтлар менда ҳам бўлиб ўтган. 2010 йилда менда шундай бир вақт бўлдики, тўсатдан қандайдир касаллик аломати йўқ, лекин касалман, мазам йўқ. Шифокорлар эса, ҳеч қандай ташхис қўя олишмаяпти, соғсан дейишади. Мен эса, оғир аҳволга тушиб қолиб, қўшиқлар ёза олмасдан, студияга кирганимда оёқ-қўлларим титраб, қўшиқ куйлай олмайдиган аҳволларга тушиб қолдим. Бир йил давомида шундай қийин вазиятларда юрганимда, мен ҳаётнинг, санъатнинг ва шунчалик юрганимизнинг қадрига етдим.
- Энг маданиятли санъаткорлардан бирисиз. Шу ўринда, "санъаткор маданият вакили" деган тушунчага муносабатингиз?
- Санъаткор ҳақиқатдан маданият вакили! Чунки, бошқа инсонлар сизга қараб кийинади, сизга қараб муомалани ёки ўзини тутишни ўрганади. Керак бўлса кийинишингиз, тозаликка риоя қилишингиз, юриш-туришингиз, гап-сўзларингиз билан ҳам, ўзингиз сезмаган ҳолда уларга ўрнак бўласиз. Бу нарсага катта эътибор бериш ва эҳтиёт бўлиш керак, назаримда. Чунки, инсонлар бизларни кўрганда, биздан ўзларига яхши нарса олишлари керак. Масалан, "кеча фалончи санъаткорни кўргандим, чиройли гаплар гапирди. Ўзини шундай яхши, маданиятли тутар экан. Мен ҳам шундай инсон бўламан" деган фикр туғилиши керак. Мен шундай деб ўйлайман. Инсон ҳаётда ўзи шундай бўлиши керак! Ҳаётда қанчалик самимий, қанчалик яхши инсон бўлсангиз, саҳнада ҳам худди шундай бўласиз.
- Кечаги ва бугунги ўзбек санъати ўртасидаги тафовут ҳақида фикрларингиз?
- Шуни айтиб ўтиш мумкинки, кечаги кундаги санъатда рақобат камроқ эди. лекин, профессионал қўшиқчилар кўп эди. Миллий қўшиқ ва сўзга бўлган эътибор кучли эди. ўша даврларда, масалан, Тоҳир Содиқов ва "Болалар" гуруҳи, концертлар ҳам ўзига хос шлягер бўлар эди. Инсонларда ҳам, санъатга қизиқиш жуда катта эди. Ҳозирги кунда эса, кечаги кунга нисбатан ўсиш жуда баланд! Ижодкорлар ҳам тинимсиз ва зўр ижод қилишяпти, керак бўлса студияларда ётиб қолиб ишлашяпти. Лекин, олдинги кунга нисбатан, афсуски, "бемаза қовунлар" кўпайиб кетди. Шундайлар кўпайиб кетгани туфайли, қандайдир инсонларнинг кўзига, "шоубизнес санъатимизга қурт тушди", ёки қандайдир "яраланди, оқсоқланяпти", деган гаплар бўляпти. Лекин, мен ўзим бу гапларга қўшилмайман. Бугунги кунда Шоубизнесимиз ўсяпти! Профессионал даражада зўр кетяпти. Фақат ҳозирда сараланиш босқичи, истеъдодсизлар секин-секин тушиб, қолиб кетяпти. Лекин, ўсиш кучли! Оддий мисол, бизларни студияларда яратилаётган қўшиқларни, чет эл қўшиқлари билан солиштирсангиз, қандайдир ҳар тарафлама профессионаллиги кўриниб турибди. Ёш ижодкорларнинг ҳам ўзига яраша ижодлари бор. келажагимиз ёшларнинг қўлида!
- Сиз доим тадбирларда фаолсиз. Бу продюсерингизнинг ташаббуси биланми ёки, ўзингиз ҳаракатчан, шижоатлимисиз?
- Ҳам ўзимнинг қизиқишим, ҳамда туртки берадиган инсон продюсерим Феруза Нодирова ва директоримиз Шуҳрат ака Тешабоевлар, бундай нарсаларга жуда ҳам қаттиқ қарашади. Бирор жойга вақтида бориш, бировнинг дилини ранжитмаслик, инсонларни куттирмаслик деган ўз шиоримиз бор! Шу шиорга таянган ҳолда иш тутамиз. Ҳеч қаёққа кеч қолмасликка ва ҳеч қандай тадбирларни қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки, биз санъатни ичида юрган инсонмиз! Қўшиқларимиз фақат мухлислар учун! Бориб холис хизмат қилишларимиз, бу ўз касбимизни яхши кўрганимиз, яъни виждонимизни ўзига ҳам ҳавола ҳар бир санъаткорни деб ўйлайман. Яъни, биз халқникимиз, халқ ичида юришимиз керак, халққа хизмат қилишимиз керак, деб ўйлайман.
- Санъатни сизга мос келмайдиган жиҳатлари?
- Шоубизнесни менга ёқадиган жиҳатлри жуда ҳам кўп. Ёқмайдиган биргина жиҳати бор, бу ғийбатлар! Ҳар хил гап-сўзлар, ёнингизда яхши бўлиб туриб, ортингиздан гапиришлар, ёки сизга келиб бировни ёмонлашлари, шу нарсаларни жуда ҳам ёмон кўраман!
- Ўзингизни ҳам ғийбат қилишаётганига гувоҳ бўлганмисиз?
- Ҳа, бўлиб туради. Бундай пайтда ўша ғийбатчи эркак киши бўлса, муносиб жавоб қайтарасиз. Лекин, аёл киши бўлса, мен ҳеч қачон аёл киши билан уришмайман! Гап талашмайман ва ҳеч қандай эмоция билдирмасдан ўтиб кетаман! Чунки, мен ўзимга ўзим виждоним тоза бўлса бўлди! Бошқалар нима дейди, қизиқ эмас, қанча кўп гапиришса, шунча гуноҳлар тўкилади, дейишади-ку.
- Сиз аввал бошқа соҳани эгаллаб, сўнг санъатга кириб келгансиз. Санъатга кириш учун, дарс олганмисиз?
- Албатта! Консерваторияда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юнус Тўраевдан вокал сабоқларини олганман. 4 ой мобайнида тинимсиз, ҳар куни дарс олиб, тайёргарлик кўрганман. Тер оқарди, шундай бир қаттиқ меҳнат қилдирарди у инсон. Ҳозирда уларга катта ташаккур билдираман. Уларнинг бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди: "Сен мендан, бу ерда 4 йил ўқиган талабалардан кўпроқ билим олиб чиқиб кетяпсан. Чунки, шундай бир талабалар борки, дарсларга киришмайди, дарсни менсишмайди, фақат диплом учун ўқишади" дегандилар. Шундан сўнг, шеърга алоҳида аҳамият бериш, техникани тушуниш учун бастакоримиз Фаррух Бадалбоевдан, сўнг Вячеслав Андреевичдан дарс олганман.
- Санъат соҳасида дўстларингиз борми?
- Санъат соҳасида ўзи дўстлар камдан кам бўлади. Лекин, ҳаммани ўзимга дўст деб биламан. Ҳамма билан самимий муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Санъаткорлардан энг яқин дўстим йўқ. Хонанда Ёдгор Мирзажонов, мен учун ака! Энг яқин дўст деганда, мен бошқача нарсани тушунаман. Бошқа соҳалардан дўстларим бор.
- Ҳаётингизда севгининг ўрни?
- Ҳаётимда севгининг ўрни жуда ҳам катта! Чунки, ижодкор севмаса, ижод қила олмаслиги ҳам мумкин. Мен агар севиб қолсам зўр қўшиқ яратаман! Ўзимга яраша телбароқ бўлиб қолишим ҳам мумкин. Ҳозирги кунда севганим йўқ. Ўз севгимни қидиряпман. Кейин мени бир одатим бор, севиб қолсам, бошқаларга ўхшаб, дарҳол бориб, ўша қизни ўзига айтиб, овоза қилиб, севишиб юрмайман! Кимгадир меҳр қўйиб қоламан. Сингил сифатида яхши кўраман. Ўзи севишганларни кўрганимда ҳам, ижод қилгим келади. Фильмларда ҳам, шунингдек ҳаётда, дўстлар айтиб беришганида, "бир-биримизни шунчалик севамиз, қадримизга етамиз" дейишганида, эшитиб қўшиқлар яратгим келиб кетади.
- Ўз характерингизнинг салбий ва ижобий тарафлари?
- (кулиб самимий) Ижобийдан кўра салбий тарафларимни айтишим осонроқ. (кулиб) Тез қорним очиб қолади. Қайсар ва ўжарман. Бир нарсани ушлаб олсам, қилмагунча қўймайман. Жаҳлим чиқса, дилимдагини шартта айтаман. Яна бировнинг гапини ўзимга тез оламан. Ижобий тарафларимни тўғриси, айтмаганим маъқул, деб ўйлайман.
- Масалан, кимдир сизга эрталабдан, бугун кўринишингиз ёки қилаётган ишингиз яхши эмас, деб салбий фикр билдирса, қандай йўл тутасиз? Сизга қандай таъсир қилади?
- Агар ростдан шундай бўлса, тўғри қабул қилиб, бундан хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан. Агар нотўғри бўлса, боя айтганимдек ўзимга тез оламан. Ўша гап миямга қуйилиб қолади ва кейин мағзини чақиб юраман. Ваҳоланки, инсонлар ҳазил қилиб ҳам ёмон гап гапириб қўйиши мумкин. Кейин эса, буни тез унутиб ҳам юборишади. Лекин, мен унутолмайман, кейин амаллаб эсдан чиқаришга ҳаракат қиламан.
- Агар бундай гаплар нотўғри бўлса ҳам, сиз ўша пайтда бу гапларга ишониб қолишингиз ва бу сизга таъсир қилиши мумкинми?
- Йўқ, мен бундай пайтда асосан юрагимга қулоқ соламан. Ўзимнинг юрагимдан чиққан фикрни, бошқа фикрдан устунроқ қўяман. Ахир ўзимни ўзим яхши биламан. Агар қанақадир айбим бўлса ҳам, ўзим яхши биламан ва ўша пайтда ўйлайман, ўша инсон шу бир айбимни айтяптими, демак тўғри гапиряпти. Ёки менда ундай бир айб бўлмаса ва у инсон йўқ айбимни айтяптими, аҳамият ҳам бермасликка ҳаракат қиламан.
- Сиз учун ҳаёт ҳақиқати нималардан иборат?
- Ўз касбимдан воз кечиб, санъат йўлини танлаганим, деб ўйлайман. Бошида ҳаётимдаги бу ҳақиқатни, бу қарорни исботлаб бера олармиканман, деб ёнимдаги яқинларим, ота-онам олдида юзим ерга қараб қолмасмикан деган бир фикр тоғдек босиб ётарди. Ўша тоғдан сакраб ўтиш, мени ҳаёт ҳақиқатимни кўрсатиб берди. Ўз соҳамни ташлаб, санъат соҳасига кириш ва муваффақиятга эришиш менинг ҳаёт ҳақиқатимга айланди, деб ўйлайман. Мен бу ҳақиқатни исботлаб бера олдим.
- Сизни асабийлаштирадиган ҳолатлар?
- Ортиқча гаплар! Ширин гапни яхши кўраман, тўғриси.
- Ёмон кўрган, лекин қилишга мажбур бўлган ишингиз борми?
- Дазмол қилишни ёқтирмайман, ёмон кўраман десам ҳам бўлади. Лекин, (кулиб) ҳозирча кийимларимни ўзим дазмол қилишга мажбурман. Кир ювишни ҳам ёмон кўраман. Лекин, бу ишни ҳам қилишимга тўғри келади. Яна эрталаб вақтли туришни ҳам ёқтирмайман. Лекин, мажбурман, эрталаб вақтли бир хил вақтда туришимга тўғри келади. Кечаси студияда шуғулланиб, эрталаб барибир соат 8 да туришим шарт. Агар шундай бир вақтда турмасам, кунлик режам бузилиб кетади ва ишларим сурилиб кетиб, улгура олмайман. Шунинг учун ҳам, соатни ўша вақтга қўйиб қўяман ва ҳар куни ўша вақтда тураман.
- Ҳаётда нимани кечира олмайсиз?
- Алдов, иккиюзламачилик, хиёнат, ёлғон ва аёл кишини ўзининг иккинчи ярми, яъни ўз ёрини алдашини ҳеч қачон кечириб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди.
- Ижодкор инсонларда бўлиши керак бўлган хусусиятлар нималардан иборат деб ўйлайсиз?
- Ижодкорнинг хусусиятлари ҳар тарафлама, интллектуал ва ақлли бўлиши керак. Мактабда ва институтда яхши ўқиган бўлиши, маданиятни яхши тушуниши, спорт билан шуғулланиши керак. Қадди-қоматдаги нуқсонлар, масалан қорин билан саҳнага чиқиши керак эмас. Ҳар тарафлама мукаммал инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Чунки, ижодкор ҳамиша эътибордаги инсон ҳисобланади.
- Ҳаётингизда ҳеч ички сезгининг роли бўлганми?
- Менда бу нарса кўп бўлади. Масалан, бирор жойга боргим келмай борсам, барибир ўша ишимда унум бўлмайди. Масалан, "Қопқон" дастурига унчалик боргим келмаганди, чиндан ҳам борганимда биринчи бўлиб, мени чиқариб юборишган.
- Лекин, ижод тарафлама, барибир бу ҳолатни енгишингизга тўғри келади-ку. Масалан, бирор жойга шошилинч боришингиз керак, сизни эса оёғингиз тортмаяпти.
- Бундай пайтларда, оптимист бўлишга ҳаракат қиламан. Нима бўлишидан қатъий назар, барибир яхшилик бўлади, деб ўзимни ишонтираман. Ижобий фикрни миямга қуйиб туриб, кириб кетаман. Шу ердан ўша бир нарсани уддалаб чиқишим керак, бўлмасам кирмайман, дейман. Нима бўлганда ҳам ўша ишни эплашим керак. Қолаверса, инсонларни бир кўрганда, кўзидан яхшими ёмонми ўзим учун ажратиб олавераман.
- Агар имкони бўлганда дунёда нимани олиб ташлаган бўлардннгиз?
- Табиий офатларни, ҳамда инсонга нима зарар келтирса, барини олиб ташлаган бўлардим.
Саида Ваҳобова
