FATTOHHON.COM
« Все новости Акбар Бектурдиев бугунги кундаги ўзига хос бўлган йўналиш ва дунёқарашга эга бўлган ёш кино режиссёрларидан. Унинг ҳар бир фильмларида ўзига хос бўлган туйғулар акс этади. Режиссёр йил бошидан аввал "Бахт уйи", сўнг "Салом севги, хайр севги" фильмларини томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Режиссёр Акбар Бектурдиев шунингдек, "Жазо", "Сўнгги лаҳза", "Ҳур қиз", "Бахт уйи" каби фильмларни ҳам суратга олган.
- 2012 йил бошиданоқ томошабинларга кетма-кет икки фильмингизни тақдим этдингиз. Биринчиси давлат бюджетига суратга олинган бўлса, иккинчиси хусусий киностудия маҳсулоти. Ҳар иккиси ҳам томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Уларнинг биринчиси давлат бюждетига суратга олинган "Бахт уйи" фильми ҳақида, қисқача тўхталиб ўтсангиз.
- Фильмнинг номи "Бахт уйи" деб номланиши ҳақида гапирсам, ҳар бир инсонга бахт уйи берилади. Фильм, ўша бахтни кутиб яшаётган опа-сингиллар ҳақида, шунинг учун ҳам шундай номладик. Фильм, бахт кутиб яшаётган оила ҳақида, дейиш ҳам мумкин. Фильм ғояси, ҳаётни кузатишдан келиб чиққан. Фильмдаги каби инсонлар ҳақида ҳам, кимдир ўйлаши, уларга ҳам кимдир ғамхўрлик қилиш керак-ку, улар қандайдир бир парда ортида ёки, қоронғиликда қолиб кетиши керак эмас. Уларга ҳам, ҳаётга умид уйғотиш керак! Уларга ҳам қачондир бахт келади. Уларнинг кўпчилиги, ҳаётда умидсизликка тушади. "Шу бахтсизлик мен учун, шу билан ҳаёт тамом", деб ўйлашади. Нафақат ногиронлар, балки ўзини бахтсиз санаб яшаётган инсонлар ҳам. Шундай инсонларга умид бериш, бахтнинг келишига умид ва ишонч уйғотиш ниятида, "Бахт уйи" фильмини суратга олдик. Бундан 2 йил олдин "Ўзбеккино" Миллий агентлиги муҳарри Ғофур ака Шермуҳаммадга ҳамма ғояларимни, қўлёзма қилиб ташлаб юрардим. Бу сценарий дунёга келишида у инсонни ҳам хизматлари катта! Улар сценарий ҳаммуаллифи, чунки сценарийни драматургия тарафлама бойитдилар. Фильм бош қаҳрамонлари опа-сингиллар, ҳақиқий аёллик бахтини кутиб яшаётган инсонлар!
- "Бахт уйи" фильмингизда нима учун, айнан актрисалар Лола Элтоева ва Дилноза Кубаеваларни, опа-сингиллар қиёфасида кўрдингиз?
- Мен фильмда иккита сиймони кўрдим, иккита қаҳрамон: яъни Лола Элтоева ва Дилноза Кубаева! Мени ўзи анча йиллар давомида, мана шу иккита актрисани дуэт сифатида, фильм олиш ниятим бор эди. Шунинг учун ҳам, иккала актрисани бирга суратга олдим.
- Фильм суратга олиш жараёнида, сиз учун умуман мураккаб бўлган жиҳатлар?
- (ўйлаб) Ишлаш жараёнида... Хусусий тижорат фильмларида воқеалар кўпинча юзакига, устки қисмига қаратилса, давлат бюджетига суратга олинган фильмларда, қаҳрамонларнинг ички олами кўрсатилиши керак. Кўпроқ ички оламга эътибор қаратиб, уларнинг ҳаёти кўрсатилади. Фильмда диолог кам бўлиши мумкин, лекин уларнинг ички дунёси гапириб туриши керак. Ўша нарсани актёрни кўзидан ёки ҳаракатидан чиқариш керак. Масалан, "Бахт уйи" фильмида актриса Лола Элтоева қаҳрамонини юзи кулиб турса ҳам, ички дунёси юраги доим йиғлайди.
- Фильм суратга олаётганингизда фильм эпизодларидан ўзингиз ҳам таъсирланасизми?
- Мен томошабинни кўз ёшини оқизгим келмайди! Томошабин кўпроқ фильмни кўриб туриб, ўзига хулоса чиқаргани яхши, назаримда. Шунинг учун ҳам, унақа эмоциядан четлашишга ҳаракат қиламан. Агар фильмда атайлаб томошабинин йиғлатиб, уни эмоциясини ўйнатиб, уни йиғлатсангиз ўша орқали унга ёқтирсангиз у режиссёрни кучсизлигига киради, назаримда. Тўғри унақа фильмлар ҳам бўлиши мумкин, лекин унақа фильмларда томошабинни нозик жойидан ушлаб олиб, ўша жойидан тортаверади. Лекин, менимча профессионал режиссурага талпинган ижодкор, драматургияга кўпроқ қарайди. Драматургияга, кенгроқ фикрга, кенгроқ ҳаётга қарайди. Ўша нарсани томошабиннинг ўзига ташлаш керак, томошабинни ўзи хулоса чиқариб, йиғлагиси келса йиғласин. Кўпроқ томошабинни ўзига ташлашга ҳаракат қилиш керак.
- Сиз "Бахт уйи" фильмингизда актриса Дилноза Кубаевани қандай янги қирраларини томошабинга очиб бера олдим деб ўйлайсиз?
- Мен бир нарсага ҳаракат қилдим, чунки Дилноза Кубаева бугунги кундаги кўплаб тижорат фильмларида, деярли бир хил образ, бир хил характерли ролларни ижро этаётган эди. Мен эса, Дилноза Кубаевани, ўша юқорида айтганимдек ички дунёси билан дардни кўтариб олиб чиққим келди. Топган қиррам шу. Бошқа актёрлик қиррасини топганимни, экранга олиб чиқишга ҳаракат қилдим.
- Ўз ишингиздан қониқмай суратга олган фильмингиз ҳам бўлганми?
- "Муҳаббатнома" фильми. Уни сал бошқача вариантда суратга олгим келганди. Одатда, суратга олгим келмаган нарса бўлса, суратга олмайман, суриб ташлайман. "Муҳаббатнома"да мени қўлимдаги сценарий, жуда кучли асар эмасдию, лекин яхши ишласа бўладиган нарса эди... Мен Ҳиндистонга борганимда, тарихий меъморий мажмуаларга, бобомиз Бобурнинг, Ҳиндистонда қилган ишлари ўрнатган канали, маданиятни, ёзувни олиб киргани каби нарсаларни кўтармоқчи бўлганман. Мени эса продюсер алдаган, биринчи марта борганда, танланган жойларни алдаб, мени оёғимга болта уришган. Мен у ерда фильмни ташлаб кетишим мумкин эди, мени ҳеч ким ҳеч нарса қила олмас эди... Лекин, мени алдаб контрактга қўл қўйдириб олишганди. Контрактда "14 февралда фильм, катта экранга премьера бўлиши керак. Пастки функциясида эса, фильм ким томонидан тўхтатилса, ким томонидан бузилса, фильм маблағини қоплайди", дейилганди. Мен у нарсага шунақа алданганман. Бошқа ҳеч нарса қила олмасдим. Шундан кейин продюсер менга, "мана сенга Ҳиндистон, нима қилсанг қил", деб ташлаб қўйган. Мен ўшанда, эрталабгача эпизодларни ўгириб чиқиб, ўша ерда қўлимда бор, қўлимдан келадиган нарсаларни қилиб, вазиятдан чиқиб кетганман. Лекин, менга "Муҳаббатнома"да ҳеч қандай шароит яратиб беришмаган. Бу фильм, йилни энг яхши фильми номини олгани билан, мени мени ўзимни кўнглим тўлмаган. Балки ҳайъат аъзоларига ёққандир, билмадим...
- Мана шу фильмим хит бўлади, деб суратга олган фильмингиз ҳам бўлганми?
- Ўзи ижодкорларда интуиция бўлади. Менда эса, (ўйланиб) тескариси. Мана шу нарса томошабинга ёқади, деб берган нарсам томошабинга ёқмаслиги мумкин, ёқмайди десам, ўша фильмларимга томошабин кўп тушган. Мисол учун, "Хавфли саргузашт" бу шунчаки ёш томошабинларга қилинган эди. У ерда ҳеч қандай фалсафий, ижодкор учун чуқур ёндошадиган нарса йўқ эди. Тўғри, графикалар бор, янги услублар қўллаб кўрганман, лекин, мен у фильмни хит бўлиши учун катта меҳнат қилмаганман. Мен кўпроқ, "Ҳур қиз" фильмини ички дард, драматургиясига кўпроқ куч ташлаганман. "Сўнги лаҳза" фильмим эса, давлат бюджетига суратга олинган билан хусусий тижорат фильмининг ўртаси, фестивалга кўзлаб олинадиган фильм эди.
- "Ҳур қиз" фильмида актёр Улуғбек Қодиров фильм рекламаси учун ролга олинганмиди? Чунки, фильмнинг рекламасида Улуғбек Қодировнинг роли, худди бош қаҳрамон ролидек, асосий планга чиқиб қолгандек. Ваҳоланки, у фильмда эпизодик роль ижро қилганди.
Акбар Бектурдиев:- Мен у фильмда актёр Улуғбек Қодировни реклама ролигида бошқа актёрларга нисбатан кўп қўймаганман! Бош ролда актёр Карим Мирходиев бўлган ва кўпроқ кўрсатилган. Лекин, битта нарсани томошабинлар адаштиришган, у ердаги актёрлар ичида энг машҳур юлдузи Улуғбек Қодиров эди ва актёр Улуғбек Қодиров кўп фильмда, эпизодик роль ўйнамайди! Шунинг учун учун ҳам чалкашишгандир, бу балки мени ютуғим ҳам бўлгандир, лекин мен бош ролда актёр Улуғбек Қодиров деб айтмаганман ва роликда ҳам талқин қилмаганман. Шунчаки, у ерда халқнинг энг яхши кўрадиган актёри Улуғбек Қодиров бўлган. Томошабинлар эса, актёр Улуғбек Қодировни кўрдими, "Улуғбек ҳеч қачон эпизодда чиқмайди" деган фикрда бўлишган ва уларга қанақа таъсир қилган, актёр Улуғбек Қодиров бош ролда деб ўйлашган. Бу нарсани мен талқин қилганим йўқ (кулади). Мисол учун, "Бахт уйи" фильмида ҳам, актёр Адиз Ражабов ва Дилноза Кубаевани бирган тушган расмларини шунчаки қўйиб қўйсангиз, "актёр Адиз Ражабов эпизодларда чиқмайди", дейишади ва яна томошабинлар шундай тушунадилар. Яъни, бу фильмда актриса Дилноза Кубаева ва актёр Адиз Ражабовлар бош ролда эканлар дейишади. Чунки, ҳамма журналистларни мақолага мослаб, ўзларига ёққан расмни қўйишга ҳаққи бор...
- Сиз фильмларингиз сценарийсини ҳам ўзингиз ёзасиз. Сценарий ёзганингизда қай тарафларига аҳамият берасиз?
- (ўйланиб) Мақсадига! Томошабинга нима беради, деган фикрда бўламан. Томошабинни ҳаётда қилаётган хатоси бўлиши мумкин. Бир ярим соатли фильмдан бир ярим минутли хулоса чиқариб олса, менга катта ютуқ деб ўйлайман.
- Сизга қайси йўналиш яқинроқ? Фильмларингизнинг кўплари драматик йўналишда, фақатгина "Хавфли саргузашт" комедия?
- Мен кўпроқ комедия олгим келади. Лекин, ҳаётни кузатаман. Ҳозирги кунда комедиялар экранларга чиқяпти. Билмадим, комедия дегани томошабинларни шунчаки кулдириш эмас, назаримда. Комедиянинг тагида дард бўлиши керак! Нима учун, қайси ҳолатига куляпти? Бугунги кунда қайси воқеаларни устидан куляпти? Қайси юриш-туришлар кулгили? Ўша нарсани комедия қилиб олиб чиқиш керак, лекин унинг тагида кичкина дард бўлиши керак! Бугунги кунда, шунчаки комедияларни кўп суратга олишяпти. Ўша нарсадан эса, афсуски бачканалик келиб чиқяпти. Комедияда, қисман нимани устидан куляпмиз, деган мақсад ҳам бўлиши керак, назаримда. Тўғри кулиш керак, лекин ўша нарсани кулгили қилиб олиб чиқиш керак.
- "Салом севги, хайр севги" фильмингизда бош қаҳрамон "аутизм" касаллигига чалинган инсон. Бу фильм билан томошабинларга нима демоқчисиз?
- Биласизми, "аутизм" касаллигини озгина ўрганиб чиқдим. У касалликка чалинган инсонлар ишонувчан, лекин телба эмас! Улар жуда ҳам ишонувчан, содда инсонлар, лекин улар бир нарсага киришсалар, уни жуда ҳам яхши ўрганиб чиқадилар. Ўзига ўша нарсани, қаттиқ миясига сингдириб оладиган касаллик. Бугунги кунда эса, ёшларимиз севги-муҳаббат дўстликни ўрнини алмаштириб қўйишяпти. Мисол учун, менга бир қиз бугун ёқиб қолди, биз дўст бўлишимиз мумкин. Мен у билан шунчаки дўст бўлиб, вақт ўтказдим ва "мен сизни севаман" деб айтмадим. Лекин, ўша нарсага ўзим билмаган ҳолда ишора қилдим, эртаси куни бу нарса ўзидан-ўзи сўнганда, мен бошқа инсонга кетиб қолсам, у мени тушунмай қолади. У менга ишониб қолади, ёки мени қайсидир тарафим унга ёқади ва у менга севги тарафлама бирор ҳаракат қилади. Ёки мен уни ёқтириб қолдим, у ҳам худди яхши кўриб қолган инсонлардек муомала қилди. Мен ҳам уни яхши кўриб қолдим, у бўлса эртага, ўзи яхши кўрадиган бошқа инсонни топди. Энди у иккиланяпти ва яна уни устига мен "аутизим" касалига чалинганман. У мен билан хаёлларда учиб юрди, кейин реални ҳаётга қайтса, "мен бу инсон билан реал ҳаётда бирга бўла олмайман" деб айтиши табиий! Ўзига нормаль инсонни топиб кетади. Мен эса, бу ерда қолиб кетавераман. Бу ерда касалликни четга сурилса, ўзи ҳаётда бўладиган нарса қолади. Ўзи кўпинча қизлар, эркакларни айбдор қиладиган нарса бу. (кулади) Лекин, эркаклар ҳам, аёлларни сабабчи қилишлари ҳам мумкин.
- "Салом севги, хайр севги" фильмингизда актриса Зарина Низомиддиновани қайси тарафлама, қайта кашф этдим деб ўйлайсиз?
- Қизлардаги иккиланиш бу муҳаббатми ёки дўстликми? У фильмда шуни адаштириб қўядиган қиз ролини ижро этди. Бу ерда мен қизни айбдор қилмаяпман. Бир хилларида, мен ўзим ҳам ҳис-туйғуни алмаштириб қўяман. Бир хилларида бу қизни мен яхши кўраманми ёки шунчаки дўстманми, дейман. Мен бу ерда қаҳрамон қизнинг ички дунёсини алмаштириб қўйишга ҳаракат қилдим. Қаердадир қиз севади, қаердадир иккиланади. Ўша ҳис-туйғусини алмаштиришга ҳаракат қилдим! У эса, буни томошабинларга ўз ижро билан етказиб бера олди, деб ўйлайман.
- Сиз ўзингиз суратга олган фильмларни негадир, давоми бордек тугатасиз?
- Мен ҳар битта фильмимда, хулосани томошабинларнинг ўзига ташлаб қўяман. Мисол учун, "Сўнги лаҳза"да ҳам йигитни "ўлдирмаганман"! Балки, у фильмдан кейин яшаб кетиши ҳам мумкиндир? Томошабинга ҳар доим умид бериш керак! Ҳар битта томошабин залдан, "мана бунақа бўлса бўларди" деб ўзи учун финал ясаб чиқиб кетиши керак, деб ўйлайман. Томошабин ҳам ижод қилсин, ўйлансин. Фильм охири, мана бунақа бўлса керак, деб ўйланиб чиқиб кетсин. Мен "мана бунақа бўлади, мана буни кўринглар, мана бундай бўлиб тугайди" дейишга қаршиман. Бугунги кундаги муаллифлик фильмларида ҳам, тижорат фильмларида ҳам кимларнидир ўлдириб юборишади-да, "бўлди фильм тугади, мана бунақа бўлди" дегандек, якун ясашади. Ундан кўра, ҳар доим томошабинни ўзида умид уйғотиш керак.
Саида Ваҳобова суҳбатлашди