FATTOHHON.COM
« Все новости
"АЁЛЛАР КЕНГАШИ" 8 ЙИЛЛИК ҲАМЖИҲАТЛИК! 15.02.2013 10:23

“Жамиятнинг тараққиёти аёлга бўлган муносабат билан белгиланади”, деган эди донишмандлардан бири. Шундан англаш мумкинки, мукаррам зот-аёл эъзозланган жамиятдагина, олға силжиш бўлади. 2005 йил профессор Гулнора Каримова ташаббуси билан ташкил этилган “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси, ўзбекистонлик аёллар мартабасини янада юксалтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ташкилот бўлиб, оила, соғлом оналик, ўсиб келаётган ёш авлодни муносиб тарбиялаш ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари бир-бирига яқин бўлган аёлларни бирлаштиради.
Шу кунга қадар бирлашма томонидан ўтказилган лойиҳаларда 750 мингдан ортиқ аёллар иштирок этдилар ва уни қўллаб-қувватладилар.

6 февраль куни Навоий шаҳрида “Аёллар кенгаши” ташкил этилганининг 8 йиллиги муносабати билан байрамона кеча ўтказилди. “Туғилган кун эгаси”ни табриклаш мақсадида, кечага 400 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрдилар, улар орасида лойиҳаларнинг ҳомий ва ҳамкорлари, “Аёллар кенгаши” РЖБнинг вилоятлардаги бўлимлари вакиллари, “Янги авлод” болалар ижодиёт фестивали ғолиблари ва “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази аъзолари ҳам бор эди. Ташкилотчилар меҳмонларни байрам мазмунига хос назокат билан қарши олдилар: зал нафис ва кўркам безатилган, столлар устидаги тўп-тўп гуллар орасидан шамлар милтиллаб турибди, саҳнада шарлар бежарим шаклга келтириб терилган, бахтли ҳаёт рамзи бўлган қизил ва пушти тасмалар кўнгилни яшнатади. Буларнинг барчаси ягона муҳитни – 8 йил давомида “Аёллар кенгаши” РЖБ томонидан амалга оширилган ишларда ҳукмрон бўлган меҳрга тўла муҳитни эслатди.
Тадбирнинг бош сабабчиси бўлган “Аёллар кенгаши” ни, ўзбек эстрадаси юлдузлари – Рухшона, “Фарҳод ва Ширин” гуруҳи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов, “Келажак овози” ЁТМ фаоллари ва турли лойиҳаларнинг ҳамкорлари табриклашди.

Моҳира Шарипова, “Аёллар кенгаши” РЖБ Навоий вилоят бўлими раҳбари:
-Аёллар кенгашининг барча тадбирларида бажонидил иштирок этиб келар эканман, замонамизнинг Нодирабегимлари, Увайсийлари бугунги кунда ҳам яшаб фаолият кўрсатаётганларига гувоҳ бўляпман. Айниқса, “Йил аёли” танлови бундай аёлларни жамиятга намоён этмоқда. Худди мана шу танлов мени кенгашга етаклаб келди ва бугунги кунда ташкилотнинг Навоий вилоятидаги вакили сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Ўзим вилоятдаги Агробанк бошқарувчиси эдим. Аммо шижоатим, ташкилий ишларни уюштиришга бўлган иштиёқим мени тинч қўймади. Мана бугунги кунда ўзим орзу қилгандек навоийлик аёллар билан турли хил тадбир ва лойиҳалар орасидаман. 8 йил давомида бу ташкилот аёлларнинг нозик кўнглига йўл топиб, қувончу ташвишларига шерик бўлиб келмоқда. Энг муҳими, улар инсонларга фойда келтиряпти. Бу ерда аёллар ўз соҳаси бўйича қай даражада бўлмасин, кимгадир кўмак бериш мақсадида бирлашган.

Хадича Жаъфарова “Аёллар кенгаши” РЖБ бошқарув раиси:
- 8 йил тарих учун жуда қисқа вақт, аммо “Аёллар кенгаши” мана шу ўтган қисқа фурсат ичида айтишга арзигулик ишларни амалга оширди. Аёллар бугун кенгашни танидилар, у ҳақида озми кўпми маълумотга эга бўлдилар. Бугун ташкилотимизга ёрдам сўраб келаётган аёллар сони жуда кўп. Уларга имкон қадар кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз. Барча лойиҳаларимиз меҳр- мурувват ва саховат йўлида амалга оширилмоқда. Агар лойиҳаларимиз қайсидир аёлнинг юрагидан жой олиб, дардига ҳамдард бўлса, биз бахтиёрмиз.
Маросим якунида “Аёллар кенгаши” РЖБ лойиҳаларини амалга оширишда ҳисса қўшган ҳомийларга дипломлар тақдим этилди. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий табдиркорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 5 нафар иштирокчига махсус грантлар ажратилди.
Меҳрона