FATTOHHON.COM
« Все новости
Умид Рихсиев! У билан яхши дўст эдик. Санъат оламида аввалига режиссёр Ёдгор Носировнинг, кейин Беҳзод Ғуломовнинг шогирди сифатида режиссёрликни ўрганди. Сўнг, хонандалар Радиус-21, Зебо ва актриса Сетора Фармоноваларнинг администратори сифатида фаолият олиб борди. Оилада ёлғиз ўғил эди...
Беҳзод Ғуломовнинг шогирди бўлган вақтида, у билан танишгандик. 2008 йиллар эди, адашмасак... Кейинчалик Киночилар уйида сценарий ёзганимизда, драмани комедияга айлантириб кулдирар эди. Сценарийни айни йиғлайдиган жойларини ёзаётганимизда, кутилмаганда у шундай бир қизиқ гаплар айтиб, ҳаммани кўзёшини кулгига айлантириб юборганди....
Бугун эса, минг афсус, ўзи ҳаммани йиғлатиб кетди . . .
У билан "одноклассники" орқали ёзишиб турамиз, дердигу, лекин ҳеч одноклассдан бир-биримизни топмас эдик. Унинг орзулари кўп эди... Уйланиб қиз фарзанд кўришни жуда орзу қиларди. "Чиройли қизчам бўлса, боғларда айлантириб юрсам" дерди... Ҳазиллашиб, "ўғил керакмасми" десак, "қиз барибир бошқача, отага меҳрибон бўлади" деганди.
Доим кулиб, ҳаммани кайфиятини кўтариб юрадиган йигит эди. Бир куни йўлда машинада кўриб қолдик. Тўхтаб анча гаплашиб қолдик. Суҳбатлашиб турганимизда, бир инсондан жуда хафа бўлганини айтиб берганди. Ўша сўзларини қандоқ бўлса, шундайлигича келтиришни лозим топдик.
"Одамларга ҳам ҳайрон бўламан, раҳматли Радиус 21 Шахзодни тириклигида битта жойга янги қўшиғини премьера қилиб беринг, деб илтимос қилсам, рози бўлмади. Майли, майли керакмас, проста айтдим, деган эдим у одамга. Буни қаранг, Шаҳзод вафот этгач, ўша қўшиқни рад этган одамни ўзи, мендан Шаҳзодни янги қўшиғини сўради! Бунақаларни қандай қилиб ер кўтариб юрибди? Инсоф, уялиш деган нарсани ўзи йўқ, уялмай Радиус 21 Шаҳзодни қўшиғи йўқми беринг, зур қилиб премьера қилиб бераман! Биринчи менда бўлсин, девотди! Ҳа, ўлиб кетди-да, энди, ўлди-азиз бўлди, қилиб ёзмоқчи! Шунақа қилса, ўзини обрўси ошади-да! Жонкуярликни қаранг! Бермадим! Шаҳзодни қўшиғини ўчириб юбордим, деб айтдим! Ўлгандан кейин қўшиғини премьера қилгани нима энди! Эртага мен ҳам ўлиб кетсам, зўр администратор эди, деб мақтаб ёзадими?" деганди.
Ўшанда Ҳай, қўйсангиз-чи, унақа совуқ гапларни гапирманг, ҳали ёшсиз, кўп яшайсиз, деганимизда, "Э, ўлим ҳақ, ким қачон ўлишини ҳеч ким билмайди. Эртага, балки мен ҳам кетарман" деганди. Кўнгли сезган эканми...
Шундан кейин Онкология касалхонасида даволанаётганлигини ўзи телефон қилиб айтганди, "қаттиқ шамолладим, бошқа касалхоналарда одам кўп, бу ер тинч экан. Вақтингиз бўлса, келинглар, гаплашиб ўтирамиз" деди. Ҳайрон бўлдик, касали рак эканини ўзи ҳам билмагандек эди. Ёки чиндан ҳам билмаган эдими? Бориб кўрамиз, деганимизда, "ман уже уйдаман, жавоб беришди" деди.
Кейин эса, яна телефон қилганда "Ишларим кўп. Лекин, соғлиғим бироз панд беряпти, шамоллашни ўтказиб юборибман, укол оляпман" деди.
Яна касалхонага ётганида телефонлашдик, лекин касали тўғрисида аниқ айтмай, гапни айлантирганди...
Хизмат сафари билан Бухорода эканлигимизда, менга кутилмаганда яна бир дўстимиз клипмейкер режиссёр Санжар Hadji "Эшитдингизми, Умиднинг касали рак экан, одноклассдаги расмига қаранг, жуда ҳам озиб кетган" деб телефонда айтиб қолди.... Ишонгим келмади... Чунки, Умид билан охирги марта Наврўз байрамида, телефон орқали гаплашгандим. Шундан сўнг, ишлар кўпайиб кетиб, гаплашмай кетгандим. Уни ҳам телефони ўчиқ бўлди. Кейин, мени телефоним бироз вақтга ўчириб қўйгандим, шу тарзда вақт ҳам, ўтиб кетибди. Бухорода ҳам, уни одноклассдан қидиришга вақт етишмади...
Хизмат сафаридан Тошкентга қайтгач, бориб кўрмоқчи бўлдим, яна ишлар кўпайиб кетди. Рўзанинг биринчи кунида Саида билан бориб кўрамиз, дедик. Лекин, афсус . . . .
Кечқурун тунги соат 24.00 лармиди, клипмейкер режиссёр Санжар Hadji телефон қилиб ҳол ахвол, сўраб, "эшитдизми, Умид бугун эрталаб тонгда оламдан ўтибди", деди. Одамни ишонгиси келмади... Наҳотки...
Мана бугун минг афсуски, Умид ўшанда айтиб кетган сўзлар амалга ошди. Унинг, "ўлдию азиз бўлди" деган сўзлари хаёлимга келди...
Ўйлаб қарасак, шунча вақт мобайнида дўстлашибмизу, Умид билан бирор марта бирга суратга ҳам тушмаган эканмиз.... Кўз ўнгимиздаги инсон, деганмизда...
Бу дунё ўткинчи, кўз ўнгимиздаги инсон кеча бор эди, бугун йўқ!
Алвидо, Умид дўстимиз! Охиратингиз обод, жойингиз жаннатда бўлсин!
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова