FATTOHHON.COM

« Все новости

ДОСТОН УБАЙДУЛЛАЕВ: ИНСОННИНГ ЭНГ ЗЎР ЁШИ . . . 21.07.2012 11:34

doston1.jpgБугунги "Диллашув" саҳифасининг меҳмони, нафақат ўз санъати, балки инсонийлиги, самимийлиги билан ҳам томошабинлар меҳрини қозонган санъаткорлардан бири Достон Убайдуллаев. Болалигидаги илк ролиданоқ томошабинлар қалбига кириб борган бу санъаткор, ҳозирда таниқли хонанда, "Ниҳол" мукофоти совриндори ва ҳамиша халқ хизмати, ҳурматида.

doston_1.jpg

Хонанда Достон Убайдуллаев билан суҳбатимиз, унинг "Tria media group" продюсерлик маркази биносида жойлашган, офисида бўлиб ўтди.

  

doston.jpg

- "Ота бўлдим" қўшиғингиздан сўнг, ижодингизда бироз танаффус бўлгандек туюляпти... Бунинг сабаби?

- Танаффус бўлгани йўқ. "Айлаб-айлаб" қўшиғини чиқардим ва клип ҳам суратга олдик. Лекин, бу клип ТВМ телеканали бадиий кенгашидан ўтмади ва тунги соат 12.00 дан соат 2.00 гача бўлган вақтда бир марта қўйишга рухсат беришди. Ундай вақтда кўпчилик телевизор кўрмаслиги табиий. Кейин клипни Тошкент телеканалига ҳам олиб бордим. Клипда қора кўзойнак тақиб чиққан эканман, шу сабаб у ерда ҳам қабул қилмай, "кўзойнакли жойларини ўзгартириб келинглар" дейишганди. Бизни ўзгартиргимиз келмади. Ҳозирда у қўшиқ ТВМ каналида ўша тунги эфирда, ҳамда радио орқали кетаётганлиги учун, унчалик томошабинларга етиб бориши қийинроқ бўлиб,  шу туфайли танаффус бўлгандек бўлиб қолди. (самимий) Ҳамма эндиликда "нега янги клип чиқармаяпсан?" деб сўраяпти. Лекин, ижодим тўхтовсиз давом этяпти. Ҳозирда янги қўшиқ ёздик, "Эй ёр" деб номланади. Унга янги клип ҳам суратга олдик. Сюжетли клип ва унда "Афрўз" гуруҳи йигитлари бир-бирларига рақиб сифатида, суратга тушишди. Бу гуруҳ йигитларини ёшлигимдан биламан, улар ҳам бир оғиз сўзимга йўқ демай, рози бўлганликлари учун, газета орқали уларга ўз раҳматимни айтмоқчиман. Клип 15 кун ичида тайёр бўлади. Қўшиқ матни ёш ижодкор Шаҳбоз Носиржоновга тегишли. Бу қўшиқ билан ўз услубимдан сал четга чиққандекман, ёшларбопроқ қўшиқ бўлди. Албатта, қўшиқ ва клипга баҳо бериш мухлисларга ҳавола.

doston2.jpg

- Клип суратга олдираётганингизда биринчи навбатда нимага аҳамият берасиз?

- ТВМ ни бадий кенгашидан ўтишига аҳамият бераман. (кулади) Биринчи ўринда!

 

- Унда нега "Айлаб-айлаб" клипингиз ўтмай қолди?

- Билмайман, бадиий кенгашда графикачи болаларни ишини сабаб қилиб, айтиб ўтишди. Мени ўзимни эмас! Графикангиз сал ўхшамабди, дейишди. Клип яшил фонда суратга олинган эди. Графикачилар бир ярим ой чизишди, бадиий кенгашда бўлса, "графикасини бошқатдан алмаштириб келинг" дейишди. (самимий) Мен яна бир ярим ой кутаманми? Ундан кўра, кечқурун кетаверсин дедим. Ўзи мен битта жойда туриб қўшиқ айтиладиган, трек клипларни ёмон кўраман. Бу клипимни олганим сабаб, тезроқ суратга олиш эди. Ундан ташқари, графикали клипим ҳам умуман йўқ эди. Шу сабаб графикага қизиқиб олгандим. Бу биринчи графикали клипим эди, уни ҳам ўтказишмади. Энди, умуман графикали клип суратга олмайман.

doston19.jpg

- Демак, асосан сюжетли клиплар олишни яхши кўрасиз?

- Ҳа, албатта, воқеали клипларни яхши кўраман. Масалан, клип бўлгандан кейин қанақадир одамга таъсир қиладиган клип бўлиши керак. Энди албатта, анови битта қиз ташлаб кетди, бир нарса бўлди, куйиб қолди эмас! Қандайдир бошқачароқ нарсалар ҳам ўйласа бўлади-ку. Тўғри, севги-муҳаббат ҳам бўлсин, лекин бошқачароқ, томошабинларга таъсир қиладиган нарсалар бўлса, дейман. Кейин воқеанинг якуни ҳам яхшилик билан тугаса! Бир хилги клипларда фақат ёмонлик билан тугайверади-ку. Албатта, кимнидир йиғлатиш керак, кимдир вафот этиши керакдек... Лекин, мен ундай бўлиши керак эмас, деб ўйлайман. Мисол учун, клип якуни, кулги ёки яхшилик билан тугаши керак мен учун!

doston4.jpg

- Ўзингизни суратга олдирган клипларингиз ичида, вақт ўтиб ёқмай қолганлари ҳам борми?

- Вақт ўтиб ҳамма клипларимда, ўзимга ўзим ёқмай қоламан. Сабаби, вақт ўтяпти, мана ёшимиз катта бўляпти. Сал-сал катталашганингиздан кейин, ўша пайтдаги расмларингизга ҳам қарасангиз, "вой сочимни, вой озғинлигимни, вой шундай бўлганманми" деган нарсалар бўлади-ку. "Вой сочимни нима қилиб олганман, ўша пайтларда юраверган эканман"... Мана шунақа нарсалар... Масалан, "Айт менга гўзал" деган клипимни анови куни ТВда бериб қолди. Вой, ўзимни кўриб, роса кулибман денг. Кўрсангиз, озғинман, сочимларим кўп, мана бундай (кўрсатиб беради), ўзимча қўшиқ айтяпман, сариқ куйлакда ва дарахтга суяниб олганман, бўлди, ўша клип экан! (кулиб) Ўзим учун, ўша пайтда зўр клип бўлган-де энди. (самимий) Шунақа нарсаларни кўриб куламан. Шу сабаб ҳам айтаман, ривожланиш кучли барибир! Мисол учун, кундан-кунга, ҳаёт ҳам, ижод ҳам зўр- зўр бўлиб кетяпти. Ҳозир янги қўшиқлар кўп, янгиликлар ҳам кўп. Клипларни зўр суратга олишяпти. Борган сари, янгидан янгилар чиқяпти. Албатта, эски клиплар кўзга ғалати кўринади. Ҳамма клипларим ёқмай қолмайди, клипларим яхши. Фақат ўзимнинг кўринишим ёқмай қолади.

doston13.jpg

- Клипдаги имиджингиз билан асосан ким шуғулланади?

- Сочимни "Tamo" салонида ишлайдиган Акмал деган сартарош тўғрилайди. Кўп санъаткорларнинг сочи билан ўша шуғулланади. Кийимларимни эса ўзим танлайман, нимани ҳоҳласам ўшани кияман, яъни биров "мана буни кий", деб танлаб бермайди.

 

- Клип суратга олиш ва умуман съёмка жараёнларида сизга ёқмайдиган ҳолатлар?

- Чарчаш ҳолатлари, тик оёқда туриб чарчаб кетаман. Энг қийини шу. Кейин атрофингизда свет кўп қўяверганидан сўнг, кўзларингиз қизаради. Ўша нарса, кўз тиниши, мана шу нарсаларни кўп ёқтирмайман. Бошқа ҳамма нарса жойида. Бизнинг клип суратга олиш жараёнларимиз жуда ҳам қизиқарли бўлади, қувноқ бир руҳда ўтади. Айниқса, мана куни кеча суратга олганимиз "Эй ёр" жуда ҳам қизиқарли ўтди. Дискотекадаги суратга олиш жараёнида, "Афрўз" гуруҳи йигитларини бир-бирларига қараб қўядиган жойлари бор эди. Масалан, шу жойида, кўп кулги бўлди. Бизнинг суратга олиш жараёнлар, мана шундай қувноқ ўтади.

doston2_1.jpg

- Ҳозирги кунда сизни нима ташвишлантиради, ижодда?

- Ижодда мен ҳозир айни ўртада турган пайтим деб биламан. Жуда ҳам кўпчилик мана мен билан тенгдошлар санъаткорлар. Шу тўғрисида мана кеча ҳам гаплашган эдик битта жойда. Ҳамма ўша тенгдош санъаткорлар йиғилиб қолдик-де, гаплашган эдик. Масалан мени ҳам қўшиқларим вақтида жуда бир хит даражасига етди тўғрми? Мисол учун "Соғиниб ўтади умрим", "Маликам" яна кўплари. Кейин яна сал жойига тушди. Сардор Рахимхон зўр бўлиб кетди. Абдували Ражабов "Ёмғирлар" дахшат гап бўлиши мумкин эмас. Ҳозир бўлса ҳамма битта йўналишга тушиб қолган. Худди битта аравани тортиб кетаётгандек. Тўғри ўзининг йўналиши бор. Лекин, битта йўлда ўзининг аравасини итариб кетаяпти. Бир тепага чиқиб кетмаяпти. Битта Улуғбек Раҳматуллаев чиқиб қолди. Бизлар ҳам ана шунақа қилиб ўтиб оладиган жойимиз. Ё у ёқлик бўлиб кетади, ёки бу ёқлик. Ҳозир жуда ҳам қийин бир пайтда турибмиз-да. Бир ўтиб олсак, Ғуломжон Ёқубовлардек, Ғиёс Бойтоев, Озодбек ака Назарбековлардек устоз санъаткор бўлиб кетамиз. Ҳозир эса, битта жойда, бир текис йўлда турибмиз, деса ҳам бўлади. Нега? Чунки, ўша хит қўшиқларимизни куйлаб юрган вақтимизда ҳеч биримиз ҳали уйланмаган эдик. Бу менинг шахсий фикрим. Шу йигит балки қаердадир кўриб қолиб, менга уйланармикан, дейишар балки? Шунга ҳам қизиқиб қўшиғингизни тинглаши мумкин. Ҳозир эса, биз уйланганмиз, болаларимиз бор, ёшимиз каттароқ бўлиб қолдими, энди қизлар биздан ёши кичикроқ, уйланмаган йигит хонандаларга қарашни бошлайдилар. Масалан, Шохруххон, "Уммон" деган гуруҳ ... "Вой севаман, ўлдим-қолдим" деб қарашади. Бизга эса, унақа қарайдиган эмас-да, ҳозир. "Ие, уйланган, болалари бор" дейишади. Шунинг учун, қўшиғимизга ҳам қизиқмасликлари мумкин. Барибир эркак санъаткорларнинг биринчи мухлислари аёллар, қизлар бўлишади, бу табиий. Масалан, "сизни қўшиқларингизни яхши кўраман" дейиши мумкин, лекин "сизни севаман" дея олмайди. Нимага? Чунки, бизни хотинимиз, болаларимиз бор. Шунинг учун ҳам, унча қизиқмайроқ қарашади. Биз ана ўша пайтда турибмиз. Биз шундан ўтиб кета олсак, бизни устоз санъаткор ўрнида кўриб, у ёғига ёшимиз ҳам катта бўлиб, катта санъаткор бўлиб кетамиз. Мана шу 5-6 йил жойимизда туришимиз керак. Агар пастга кетиб қолсак, кетди. Ижодни давом эттириб, тепага чиқсак, худо ҳоҳласа, ҳаммаси изга тушиб кетади, деб ўйлайман. Масалан, Озодбек ака Назарбеков, Тоҳир Содиқов, Алишер Рўзметов, Музаффар Абдуазимов, Илҳом Фармоновлар ўша пайтдан ўтиб олишган. Бизга ҳали ўтиб олиш учун 5-6 йил бор. Шунинг учун ҳам, тинимсиз изланишимиз ва ижод қилишимиз керак, деб ўйлайман.

doston11.jpg

- Шу ўтиш давридан ўтиб олгандан кейин ҳам, ёшларбоп қўшиқлар яратишнгиз мумкинми?

- Албатта, мумкин. Айниқса, ҳозир, мана шу 5 йил ичида кўпроқ ёшларбоп қўшиқлар яратишимиз керак, деб ўйлайман! Нимага? Бизга эркак сифатида қарашмаяптими, демак хонанда сифатида, биз ёшларни қўшиғимизни яхши кўришларига эришиш, қўшиқларимизга қаратишимиз керак, деб ўйлайман. Бизларни қиладиган ишимиз 7 дан 70 ёшгача тенг тинглайдиган қўшиқлар яратишга ҳаракат қилишимиз керак. Ёки бир гал 7 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар учун, бир ой "айландими", кейин 30 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар учун қўшиқ яратиб, уни бир ой "айлантириш" керак. Аралаш қилиб, янгиликлар яратиб туриш зарур. Кейин эса, 5-6 йил ичида қилиб, Озодбек Назарбеков, Алишер Рўзметовлар ўтган даврга ўтиб олгандан кейин, қайси йўналишни танлашингиз, мухлисларингиз ким ўзи, ҳаммаси ўзи аниқ бўлиб қолади. Шундан сўнг, ўша йўналишга тушиб оласиз ва яна ижодда давом этасиз. Масалан, Илҳом ака Фармонов ҳам ёшликда айтган баъзи қўшиқларини ҳозир куйламайдилар-ку.

doston16.jpg

- Ҳозирги кундаги шоубизнесга кўникмаларингиз?

- Шоубизнес ўз номи билан шоу бизнес! Масалан, кимдир машина сотиб бизнес қилиши мумкин. Лекин, барибир санъат бошқача бизнес. Санъатда ҳеч нарса ўзидан ўзи бўлиб қолмайди! Худо берган қандайдир неъмат, истеъдод бўлиши керак, деб ўйлайман. Тўғри, баъзи бир янги чиқаётган, қўшиқ айта олмайдиганлар компьютерда овозини тўғрилаб, бир нарсалар қилиб юришибди. Лекин, мен уларга қўшилмайман. Аммо, шундай зўр ёшларимиз ҳам бор! Бир хиллари чиқа олмаяпти, чунки уларда маблағ етишмайди. Лекин, ўз истеъдоди билан ҳаракат қилаётганлари ҳам кўп. Мен ҳозирги эстрадамиздан мамнунман, негаки ривожланиш кучли. Масалан, Чимкентни олайлик, Чимкентга чиқиб, қозоқ эстрадасиини битта эшитиб кўринг, сифати паст, аранжеровкалари ғалати қўшиқлар. Фақат бир йўналишда (хиргойи қилиб беради)ги қўшиқларга тўйларда ўйнайверишади. Бизда яратилаётган қўшиқларни қаранг, сифатли, аранжеровкалари зўр, ижро зўр! Кундан кунга ҳар хил янги қўшиқлар чиқяпти. Масалан, менинг кўникмам яхши ва менинг кўнглим тўляпти. Лекин айрим эстрадани бузаяпган ёш хонандалардан сал жаҳлим чиқади. Майли лекин вақт ўтиб ўша ёшлар ҳам ўз йўлини топиб олади деган умиддаман.

doston17.jpg

- Ўзингизни қайси қўшиғингизни қайта-қайта тинглайсиз?

- Ҳар куни тўйга борсам, қўшиқларимни қайта- қайта айтаман ва бирга эшитаман. Дам олганда бошқа ижодкорларни қўшиқларини эшитишни яхши кўраман кўпроқ. Лекин ўзимни қўшиқларимдан эшитиш керак бўлса, "Соғиниб ўтади умрим" қўшиғимни яхши кўраман ҳали ҳам. Бу қўшиғимни дадам ҳам яхши кўрадилар. Балки, дадамларга жуда ёққани учун ҳамми, бу қўшиқ шунчалик шон-шуҳратга эга бўлдими, деб ўйлайман.

doston14.jpg

- Орзуйингиздаги қўшиқ?

- Онам ўтиб кетганларидан бери, Она ҳақида қўшиқ қидириб юраман. Муҳаммад Юсуф раҳматли, ўтиб кетмасларидан олдин, менга она тўғрисида, битта шеър ҳам ёзиб кетган эдилар. У шеърни қўшиқ ҳам қилиб кўрдим, лекин ҳеч ўзимнинг кўнглим тўлмади. Лекин, шеърга гап йўқ, шунчаки ўзимнинг кўнглимдаги қўшиқ яралмади. Онамни вафотларига 20 йил бўлганида, ҳали ҳам қўшиқ тополмай юрганимда, Озодбек акамни "Она қўшиғи"ни эшитиб қолдим. Ўша "Она" қўшиғи ижро қилинган йили, сафарга кетиб Озодбек Назарбековнинг концертга туша олмагандим. Кейин, "Озодбек Назарбеков она ҳақида зўр қўшиқ айтибди" деб эшитдим ва дискини сотиб олдим. "Она" қўшиғини эшитиб, мусиқаси ва биринчи сўзиданоқ, кўзларимга ёш келди. Машинада светофорларда турибман, йиғлаяпман, кўрганлар ҳайрон бўлишяпти. Иложи борича, машинани тез ҳайдаб кетишга ҳаракат қилдим. Барибир ҳамма қараяпти, "нега йиғлаяпти?" дейишяпти. Хуллас, дискни олганимдан бошлаб, бир ой давомида ҳар гал ўша қўшиқни эшитиб, йиғлаб юборавердим. Бир куни эса Озодбек акам билан, суҳбатлашиб ўтирдим. "Ака, мени ҳам ҳаётим шунақа" десам, Озобек акамнинг ҳаёти ҳам худди шундай, ёшликларида оналари вафот қилган, оталари билан ўзлари ёлғиз қолишган экан. Онанг бўлмаса қанчалик қийинлиги, ота билан ўсиш қандайлиги ҳақида, Озодбек акам билан роса дардлашдик. Хуллас, шу қўшиқдан жуда қаттиқ таъсирландим. Машинага ўтирганимизда, қўшиқ қўйилганда, агар шу қўшиққа келиб қолса, рафиқам ҳам  бошқа ёққа олдирадиган бўлиб қолган. Кўзимга ёш келади, қўшиқда худди мени ҳаётим ижро қилинган! Худди ўша-ўша. "Ҳеч бўлмаса қирққа тўлмаган", онам қирққа ҳам тўлмаганлар, ҳеч бўлмаса набираларини кўрмаганлар, овозини эшитмаганлар, тўйларимизни кўрмаганлар, ҳаммаси мени ҳаётим. Худди менга ижро этилгандек...  Озодбек ака Назарбеков эса, айнан мени ичимдаги дардимни куйлаб қўйибдилар.

ozodbek_nazarbekov1.jpg

- Озодбек Назарбеков билан дуэт айтиш фикри бўлмадими?

- Озодбек ака билан дуэт қилиш фикри бўлмади. Лекин, мен ўзимча ўйладим. Масалан, Худо ҳоҳласа ҳар бир санъаткорнинг ўзини олдига қўйган мақсади бўлади-ку, мени ҳам ниятларимдан бири "Истиқлол" санъат саройида ўзимнинг яккахон концерт дастуримни қўйиш. Энди, бу қачон бўлади, билмайман. Сабаби, мен ўзимда, "Истиқлол" санъат саройида концерт берсам, томошабинлар келиб тўлади, деган фикр уйғонмагунча, концерт бермайман. Чунки, мен шарманда бўлишни ҳоҳламайман. Ундан ташқари, бировларга зўрлаб билетимни ўтказиб, томошабинларни чақиргим ҳам келмайди. Қачон-ки, "Достон қачон концерт берар экан", деган фикрини сезганимда, ана ўшанда концерт бераман! Балки, ўшанда ёки ўшангача, она ҳақида кўнглимдагидек қўшиқ топа олмасам, бу балки 2 йилдан кейин бўлар, балки бир йилдан кейин, балки 10 йилдан кейин, лекин, мана шу Озодбек акамни қўшиқларини, Озодбек акамни бирга чақириб, меҳмон сифатида, шу қўшиқни дуэт қилиш фикр уйғонган. Агар ўзимга, у пайтгача она ҳақида кўнглимдагидек битта қўшиқ топа олмасам, албатта.

doston8.jpg

- Нимагадир ижодингизда реклама камдек туюлмайдими?

- Туюлади. Энди мени оилам бор, бола-чақам бор. Шу сабаб топган пулимнинг ҳаммасини санъатимга тикиб юбора олмайман. Фарзандларим ҳам бор. (ҳазил билан) Уйда овқат ҳам ейишимиз керак-ку. Тўғриси-де. Масалан, топган пулимнинг ҳаммасини ишлатиб юборсам. Ҳозир ёшлар бор. Оиласи йўқ, тўйга боради, масалан топган пулини бемалол рекламага сарфлайди. Барибир оилангиз бўлгандан кейин, оилавий турмушга пул керакми? Мен ўзим маблағ топаман, мени ҳеч қандай продюсерим йўқ, ёки кимдир менга пул тикаётгани йўқ. Мен ўзим топган пулимни, оиламдан ташқари, олиб бориб рекламага сарфлайман. Ўша телеканалларга ҳам, радиолардаги "айлантириш"ларга ҳам, қўшиқларимга, шеърларимга ҳам, ҳаммасига ўзим пул тўлайман. Менга биров, "мана сенга мана бу пул олиб ишлатиб юбор, қайтармасанг ҳам майли, менга керак эмас" демайди. Шу сабаб, баъзида ўзимга ҳам, ижодимда реклама камдек туюлади. Мен ҳам бир хилларга ўхшаб, телеканалларга кунига 7 марта чиқиб, "вой Достон" дейишларини ҳоҳлайман. Қўшиқ  яхши чиқмаса ҳам, кунига 7 марталаб чиққанингиздан кейин, ҳар қандай одамга ҳам ёқиб кетади, назаримда. Мен ҳам шу нарсани ҳоҳлайман. Лекин, иложи йўқ, чунки ҳамма нарсага маблағ керак. Лекин, барибир, Худога шукур қиламан. Санъатда ўзимнинг ўрним бор. Мисол учун, "Достон Убайдуллаев" деса, ҳеч ким, "ким эди у" демайди. Жуда борганда, эслай олишмаса, "ана "Тангалик болалар"да ўйнаган кичкина болани танийсизми" деса ҳам, ҳамма танийди. Шу сабаб ҳам, Худога шукур қиламан, шукур қилавериш керак, секин-секин ҳаммаси бўлади. Лекин, ўзи бир чўққига ҳам чиқиб кетгим келмайди. Шу "Олтин ўрталик"ни ушлаб, меъёрда юрганим ҳам яхши, деб ўйлайман.

doston10.jpg

- Ўзингиз кимни ижодини мухлисисиз?

- Озодбек ака Назарбеков, "Уммон" гуруҳи ва Зиёданинг қўшиқларини севиб эшитаман. Бир хилги санъаткорлар бўлади-ю, "эй, мен ўзимни қўшиқларимдан бошқа ҳеч кимникини эшитмайман" дейди ва албатта ғоя қилиш учун, чет эл қўшиқларини эшитиб юради. Чет эл қўшиқларини, мен умуман эшитишни ёқтирмайман. Ўзбек терма дискини биринчи чиқса, олиб машинамга қўйиб, эшитиб юраман. Масалан, битта одамни мухлисиман десам ҳам нотўғри бўлади-де. Тўғри битта, Озодбек акамнинг қўшиқларини дискини олиб эшитиб юрарман. Лекин, бошқа хонандаларни тўлиқ альбомини олиб эшитиб юрмайман. Мисол учун, терма дискда ҳамма янги қўшиқлар бўлади. Бу билан, ким қанақа янгиликлар қиляпти, кимдир бизлардан ўтиб кетяптими, қанақадир янгилик яратиб қўйдими, ҳаммасини билиб оламан. Барибир ёшлар билан ҳам, тенг юришга ҳаракат қилиш керак. Барибир зўрдан-зўр чиқади. Ёшлардан ҳам, зўр қўшиқлар чиқиб қолади. Барибир, уни тан олиш керак. Шу сабаб, улардан ҳам қолиб кетмай, деган мақсадда Ўзбек эстрадасидаги қўшиқларнинг ҳаммасини эшитиб, қараб юришга ҳаракат қиламан. Янги чиқаётган клипларни ҳам ҳаммасини кўришга ҳаракат қиламан. Ким қанақа клип олибди, ёки мана шу клипини ким олибди? Масалан ёққан клиплар бўлса, "мана шу клипни ким олди экан, биз ҳам шу клипмейкерга олдирсак бўлар экан" деб, қараб юраман.

abduvalirajabov.jpg fototanlov5.jpg sardorrahimhon.jpg alo_fm3.jpg  afruz.jpg

- Сизни шоу бизнес оламида дўстларингиз борми, ёки сиз ҳам санъаткорлар орасидаги дўстликка ишонмайсизми?

- Санъаткорлар орасида дўстлик йўқ деган гапни, бўлмаган гап, деб биламан. Яна билмадим... Мени ўзимнинг қалбим тоза. Масалан, мен бировга яхши бўлса, хурсанд бўламан. Ёмон бўлса ҳам, масалан "бўлди тушиб кетди-ку, ҳеч қаерда йўқ" деб бир тийинга олмаслик одатим йўқ! Мен ҳаммани тенг кўраман. Лекин, бор, тўғри, кимдирлар, ўзича менсимай қолиб, бир нарсалар қиладиганлар бор. Аммо, мен ўз дўстларимга чин дўстман! Мен уларни ҳеч қачон сотиб ҳам кетмайман. Масалан, дўстларимдан хонандалар Абдували Ражабов, Сардор Рахимхон, Улуғбек Рахматуллаев, Ёдгор Мирзажоновлар билан тенгдошлармиз. Булар яхши дўстларимдан, укаларимдан "Афрўз" гуруҳидаги Жамшид ва Музаффарлар, улар менга ишонади, мен ҳам уларга ишонаман. Ҳеч қачон бир-биримизни сотмаганмиз. Кимни қўшиғи қанақа чиқса, бир-биримизга фиркларимизни билдириб ўтамиз. Уларнинг менга меҳри қанақалигини била олмайман. Лекин, мен юрагимдан айтаман, улар учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Энди, акаларимдан Абдурашид Йўлдошов, Музаффар Абдуазимов, жуда кўпчиликни, Озодбек Назарбековни худди акамдек ҳурмат қиламан. Улар ҳам, мени яхши ҳурмат қиладилар. Озодбек акамда жуда ҳам битта одатни яхши кўраман-ки, эски нарсани унутмайдиган одатлари бор. Ҳеч қачон унутмайдилар. Масалан, Озодбек акам биринчи ўша Муҳриддин Ҳолиқовни уйларига келиб, ўша ерда, шогирд тушиб юрган пайтлари эсимда. Мухриддин Ҳолиқовни мен ҳам устозим деб биламан. Улар билан менинг адамлар жуда ҳам яхши ўртоқ, улфатлар бўлишган. Мухриддин Ҳолиқов жуда ҳам ёш бўлишига қарамасдан, адамни жуда ҳам яхши кўрарди. Адам билан уларни уйларига меҳмонга кўп бориб турардик. Ўша пайтларда адамгилар ичкарида ўтиришса, мен чиқиб Озодбек акам билан бирга ўтирардим. Озод акам Муҳриддин Ҳолиқовларни уйларида яшар эдилар-ку. Озод акам билан гаплашиб, ҳали у пайтда ҳеч нима йўқ, улар фақат Муҳриддин ака билан бирга тўйга юрардилар, кейин микрофонда орқада туриб, шогирд бўлиб, бирга қўшиқ айтардилар. Ўша пайтларда Муҳриддин акамнининг фарзандлари ҳали кичкина болалар эди, ҳозир катта бўлиб қолишди. Озод акам, мен Муҳриддин акамнинг Темур, Одил деган ўғиллари, у пайтда кичкина бўлишган, бизлар ҳаммамиз гаплашиб ўтирардик. Ўша нарсаларни ҳеч қачон эсдан чиқармайдилар. У бу жойларда кўришиб қолсак ҳам, "эсингда борми, гаплашиб ўтиришларимиз" деб қўядилар. Улар ҳозирги кунда лидер санъаткорлаимиздан, тўғрими? Қаерда кўрсалар ҳам, агар мен бир чеккада турган бўлсам ҳам, олдимга келиб "укам яхшимисан" деб, кўришиб кетадилар. Бир хилги санъаткорларимиз бор, у-бу ерда кўрса, "яхшимисизлар болалар" деб ўтиб кетишади. (сал ҳайрон бўлиб) Унақа бўлмайди-ку. Анови куни ҳам, шу нарсага аҳамият бердим. Бир доирачининг тўйи бўлди, одам жуда кўп эди. Озодбек акамни, тўйнинг бошига айтишган экан. Келин-куёвни "тўйлар муборак"ни айтиб, олиб кириб, 4 та қўшиқ айтиб, келин янга ва куёв жўрани ўйнатиб, кейин кетасиз, деб келишилган экан. Ҳали тўй бошланмаган, келин ва куёв кирмаган, одам кўп, Озодбек акам кириб келдилар. Озод акамга, ҳамма энди аҳамият бериб қарайди-ку, мен бир чеккада турибман, олдиларига югуриб бориб олмайман-ку. Чунки, одам жуда кўп ва ҳамма бориб "Вой Озодбек ака" деб сўрашиб ётибди. Барибир, ҳаммани Озодбек акам билан кўришгиси келади. Энди бизлар кўришиб турамиз. Бир чеккада турсам, Озодбек акам битта одам билан кўришиб туриб, менга кўзлари тушиб қолди. Мени узоқдан кўриб қолдилар, келиб "Достон" деб қучоқлашиб кўришиб кетдилар. Шу нарсага хурсанд бўлдим. Ҳеч қачон ўзларини йўқотиб қўймайдилар. Яхши акамларимиздан, Озодбек акам, Абдурашид акам, одамгарчилик тарафларидан ҳақиқий яхши инсонлар.

doston18.jpg

- Сиздаги қайси одат санъат соҳасида бўлмаган дўстларингизга ёқмайди?

- Мен тўй-ҳашамларда кўп бўлиб қолган пайтларимда, улар ўтиришга чақиришганда, мени бормаслигим ёқмайди. Ҳар доим "нимага сен йўқсан?, Нимага келмайсан?". Чунки, бизларни ишимиз кечки пайт, улар кундузи ишлашади, кечки пайт бўшаб қаергадир бориб ўтиришиб, мени чақиришади. Бизларни иш кечки пайт бўлгандан кейин, мен у ерга қанақа қилиб бораман. Шундай пайтларда "мана шу тўйларинг жуда жонга тегди-да" деб қўйишади. (самимий) Мен "сенларини жонингга тегаверсин, мени жонимга тегмайди" дейман.

doston5.jpg

- Инсоннинг энг зўр ёши неча ёш деб ўйлайсиз?

- 30 ёш! Чунки, мен 30 ёшга кирганман-да! (самимий кулиб) Энг зўр даврим ҳозир! Лекин, энг зўр давр, "олтин давр" деб, бекорга талабалик йилларини айтишмас экан! Роса зўр вақтлар эди, Маданият институтида ўқиётган вақтларим, дўстларингиз билан ҳар куни кўришиш, дарсларда ўтиришларнинг ҳам қандайдир гашти бор эди. Ўртоқларингиз ёнингизда, ҳар хил шўхликлар, ҳазил-ҳузуллар, ҳар куни қанақадир воқеалар самимий, кимнидир устидан куласиз. Хуллас шунақа нарсалар. Барибир институт даври бошқача давр бўлар экан. У вақтда ўзингиз ҳам ёш бўласиз, дўстларингиз ҳам шижоат кучли. Ҳамма бир-бирига меҳрибон. Мана ҳозирги кунда бир ойда бир мартта учрашамиз институтдаги болалар билан. Шунда ҳам зўрға, сабаби кимнидир вақти бор, кимнидир вақт йўқ. 10 киши бўлсак, 7 киши келган, 4 киши келмаган. Мазза даврлар бўлган экан деб ўйлайман институт пайтларни.

doston18.jpg

- Сизни машинани тез ҳайдайди деб айтишади.

- Билмайман, кўп жойларда хоббингиз нима дейишади. Мен машина деб айтаман.  Машинани жуда ҳам яхши кўраман. Машинани русумларини, машинани безатишни, ясатишни, чиройли тоза қилиб ҳайдаб юришни яхши кўраман, энди бу ишқибозчилик-де. Ёшлигимдан машинага ишқибозман! Ҳар хил машиналар ҳайдашни ёқтираман. Худога шукур, ҳозир 30 ёшга кирган бўлсам, 10 тадан ошиқ маркадаги машиналарни ҳайдаб чиқдим. Машинани тез ҳайдашим ҳам, шундан бўлса керак. Чунки, мен 12 ёшимдан машина ҳайдашни ўрганганман. Адамларни "Газ 24" Волга машиналари бор эди. Жуда ҳам оғир машина. 12 ёшимдан, бир жойдан келаётганимизда, ҳайдашларни ўрганиб, билиб юрган пайтларимда, "Ада, тўхтатинг мен ҳайдайман машинани" деганман. "Адам жиннимисан, ҳайдай олмайсан, қандай қилиб ҳайдайсан" деганлар. Уйимизга озгина қолганди. Мен "ҳайдайман" деганман. Кейин "майли, ҳайдачи" деганлар. Биттада машинага ўтириб ҳайдаб кетганман. Ўша Волга машинани тагимга ёстиқ қўйиб, ҳайдаб юрганман. (кулиб) Бўйим паст бўларди, шу сабаб, тагимга ёстиқ қўярдим. Шундан сўнг, гаражга олиб боришни бошладим, адам ишга кетишларидан олдин, эрталаб гараждан олиб келиб берардим. Ювардим, қарардим, энди бу ишқибозчилик-де. Шу 12 ёшимдан машина ҳайдашни бошлаганим учунми, энди билмайман, мендан ҳам яхши ҳайдайдиганлар бор. Мен энди, Шумахерман деёлмайман-ку. Лекин, ўзимни фикримча, машинани яхши ҳайдайман. (жилмайиб) Билмадим, шунга газни сал қаттиқроқ босиб юборадиган одатларим бор.

 

- Бунга йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг муносабатлари қандай?

- Лекин, йўл ҳаракати қоидаларини бузмайман, бузмасликка ҳаракат қиламан. Бундан ташқари, ҳозирда йўл ҳаракати жарималаримиз жуда ҳам қиммат бўлиб кетган. Мен ҳам бекордан бекорга штрафлар тўлагим келмайди. Ундан кейин фурсатдан фойдаланиб, ДАН ходимларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳар ҳолда, санъаткорларимизни жуда ҳам ҳурмат қилишади. Бизлар ҳам ДАН ходимларини жуда ҳам яхши ҳурмат қиламиз. Барибир ДАН ходимлари ҳам, санъаткорлар ҳам, битта халқ деб ўйлайман. Ўзларига ҳам шу нарсани айтаман. Чунки, улар ҳам, халқ хизматида, кўчада, тинчликка қарашади. Бизлар ҳам халқимизнинг тўй-ҳашам, байрамларида хизмат қиламиз. Милиция ходимларимиз ҳам, тўй-ҳашам, байрам тадбирларимизда хизмат қилиб, тинчлигимизни таъминлаб беришади. Фақат бизларнинг битта тарафимиз, бизлар форма киймаймиз. Ҳоҳлаган кийимимизда юрамиз. Улар фақат формада. Бир хилларида тўй, ёки тадбирларга шошиб, қоидаларни бузиб юборганимизда ҳам, "майли, яхши кунларимизда, хизмат қиларсиз сиз ҳам" деб қўйиб юборишади. Шунда миннатдорчилик билдираман.

doston4_1.jpg

- Фарзандларингизнинг тарбиясига қанчалик аҳамият берасиз?

- Фарзандларимни, масалан, эрталаб ўзим боғчага ўзим олиб бораман, боғчадан ўзим олишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин, албатта ижодимни қиладиган вақтимда, уларни онасига ишонаман. Бахтимга болаларимнинг онаси соғ бўлсин! Худога шукур фарзандларимни ҳамма нарсаси етарли, ҳамма нарсасини жой-жойига қўйиб, бемалол ижодимни қилавераман. Вақтим бўлган пайтда, фақат фарзандларим билан ҳамиша биргаман.

 

- Фарзанд тарбиясида айнан нималарга алоҳида аҳамият бериш керак, деб ўйлайсиз? Энг муҳими, масалан?

- Фарзанд тарбиясида энг муҳими, бу одоб ва катталарга ҳурмат! Фарзанд одобли бўлса! Масалан, баъзи болалар меҳмонга борганда, "уни олиб беринг, буни олиб беринг" деб, тўполон қилади, югуриб стол устига чиқиб кетади. Мен шундай нарсаларга жуда ҳам қаттиқ қарайман. Боланинг кўзи тўқ бўлиши керак, деб ўйлайман. Меҳмондорчиликда нима қўйилса, ўша нарсаларни ҳаммасини уйга олиб келиб қўяман. Пулларни ҳам атайлаб уйга қўйиб қўяман, бемалол турсин дейман. Чунки, баъзида фарзандлар пул етишмовчилигидан, "мана бу ерда пул турган экан" деб, пулни ўғирлаш одатлари чиқиши мумкин. Шундай нарсалар юз бермасин дейман. Балки вақт ўтиб, ўсмирлик вақтида, бир аҳмоқлик қиладиган, атрофидаги ўртоқлари тарбияни бузадиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳозир болалар бизни назоратимизда, лекин эртага мактабга чиқади. Мактабда, "дадангни пулидан олиб кел, уйингдан у бу нарса ўғирлаб чиққин" деган, қандайдир ўртоқларнинг таъсири бўладиган, ҳолатлар бўлиши мумкин. Мен шу каби  нарсаларга ҳам қаттиқ қараш керак, деб ўйлайман. Чунки, фарзанд агар ўзининг уйидан нарса ўғирлайдиган бўлса, ёки ўз уйидан нарса олиб чиқиб кетса, кейин бошқа жойдан олишдан, умуман тоймайди! Чунки, ўз отасини, онасини нарсасини олган бола, бировнинг нарсасидан уяладими? Шунинг учун, ҳам фарзанд тарбиясига оилада қаттиқ аҳамият бериш керак, деб ўйлайман.

doston7.jpg

- Оилада яхши бўлгани билан, ташқи омиллар ҳам фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин-ку...

- Лекин, болани ўзини ҳам инсофига ҳавола. Барибир болани уйида, ёшлигидан қаттиқ тарбия қилиб бориш керак. Менимча, бола ё отасидан ёки онасидан қўрқиши керак. Мен болаларни жуда эркалатиб юбориб, "болам, болам"лаб, жуда ҳам бир эркалатишади-ку, шуни ёқтирмайман. Эртага ота-онасига гапини ўтказиб, ҳаммани олдида оғзини катта очиб йиғлаб, беодоблик қилади. Шундай нарсаларга қаттиқ тураман. Мисол учун, бу мени характерим, мен шундай отаман. Бу гапларим балки, мухлисларимизга қанақадир эриш туюлар, "шунақа ҳам қаттиқ турадими, бола-ку ахир" дейишлари мумкин. Лекин, болани ёшлигидан тарбия қилиш керак! Ёшлигида мия ва суяги қотади, "дадам шунақа деган эдилар" дейди. Ё отадан, ё онадан қўрқиши керак, "ана аданг келяпти", ёки "ана ҳозир опангни чақираман" деганда, қўрқиб туриши керак, менимча. Кимдандир қўрқмаса, бола эртага ота-онасини ҳам бир тийинга олмаслиги мумкин. Кейин, катта бўлганда нима бўлади? Эртага белингиздан кучингиз кетади, бўйингиз билан бўйини тенг қилиб, сизга бақириб турса? Шундан асрасин! Шунинг учун ҳам болани ёшлигидан тарбия қилиш керак, деб ўйлайман. Бола сал ҳайиқиб туриши керак, "ҳозир мана шу нотўғри ишни қилсам, дадам уришиб берадилар" дейиши керак, фикрлаши керак. Мени фикрим, шундай. Лекин, фарзандларимни жуда ҳам яхши кўраман!

doston3.jpg

- Оилангизда бир неча йиллардан буён қилиниб келинадиган анъаналар борми?

- Шундай анъана бор. (жилмайиб) 30 сентябрь, яъни рафиқам билан тўйимиз бўлган кун. Ҳозирда 7 йил бўлди. Ҳар 30 сентябрда бориб, "Шадисон" деган фотостудия бор, ўша ерга бориб, ҳар 30 сентябрда оилавий суратга тушамиз. Бу биз учун удум, анъана!

Саида Ваҳобова

saida.jpg

doston3_1.jpg