FATTOHHON.COM
« Все новостиКонцерт давомида Санъаткор “Бутун дунёда уруш, нотинчликлар, бизда эса, тинчлик, хурсандчилик! Концертлар! Шунинг учун ҳам, бунинг қадрига етайлик!” деб, алоҳида айтиб ҳам ўтди!
Концертни санъаткор танаффус қилган вақтида олиб борган сўз устаси Аваз Охун ҳам "Қора кўзга" қўшиғи концертнинг биринчи кунданоқ ҳаммани йиғлатганини кўриб, санъаткорга “Ўтган йили ҳам ҳаммани шундай йиғлатгандингиз!” деб, эътироз билдирди.
Санъаткор эса, “мен йиғлатавераман, сиз эса кулдираверасиз, ҳамма ўз ишини қилсин”, деб ҳазил жавоб берди.
Зокир Очилдиевга эса, “Ишқсиз эшак, дардсиз кесак! Санъаткорда дард бўлиши керак!” деб жавоб қайтариб, “Мухлисларимни сизга ишониб ташлаб кетгим келмаяпти!”, деб самимий ҳазилни ҳам унутмади. Шунингдек, концертнинг илк кунида Зокир Очилдиевни “менинг устозим, саҳнада гапиришни шу одамдан ўрганганман. Мабодо гап-сўзларимда хато, камчилик бўлса ҳам, меники эмас, Зокир акамники”, деб самимий ҳазил билан айтиб ўтди.
Аваз Охун ўз репертуарида, асосан Озодбек Назарбеков репертуари, ҳамда саҳнадаги қизиқ ҳолатларга эътибор қаратди.
Зокир Очилдиев эса, чиқишида Халқимиз санъаткорларни яхши кўриши, эъзозлаши, ҳаттоки уларга тақлид қилиб эргашишини айтиб, санъаткор нима қилса, шуни такрорлаши мумкинлигини, шунинг учун ҳам, санъаткорлар шунга муносиб қўшиқлар куйлаши кераклигини, ҳозирда эса, айрим қизлар айтадиган сўзларни йигитлар, йигитлар айтадиган сўзларни эса, қизлар қўшиқ қилиб айтаётганлигини мисоллар билан келтириб, ҳажв қилиб берди.
Концертнинг илк кунидан бошлаб, ҳар бир куни юқори кайфиятда ўтди!
Шоир Ботиржон Эргашев: -Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг 2016 йилдаги “Меҳринг сабаб” деб номланган концерт дастурини залда томошабинлар қаторида, кўриб, ҳеч бир муболағасиз айтишим мумкин, бошқа йиллардан ҳам бир ўзгача файзли бўлганлигини сездим. Бунинг сабаби, нимада эканлигини билмадим. Балки репертуар, мазмунли қўшиқлар, балки бевосита ҳофизнинг кайфияти билан ҳам боғлиқдир? Ҳар йили ҳофиз ижросида бир неча шеърларим қўшиқ бўлиб янграйди. Бу йил ҳам, “Айт юрак”, “Алло, Она”, ҳамда “Кетаман дер...” шеърларим қўшиқ бўлиб, концертда янгради! Концертда янги қўшиқлар билан бирга одамлар соғинган қўшиқларнинг ҳам танланиши жуда ажойиб бўлди, томошабинлар маза қилиб, қабул қилишиб, бирга куйлашди ҳам! Агар рангларга қиёслайдиган бўлсак, бу йилги концерт янада очиқроқ, ёрқинроқ рангда бўлди! Энг асосийси, концертда зерикиш йўқ! Томошабинлар тўймай қолиб, ҳаттоки тугаганлигини сезмай қолиб, “нега кам бўлди?” ҳам дейишди! Бу концертни 100 фоиз кўтаринки руҳда бўлганлигидан далолат беради.
Концерт кунларининг бирида меҳмон бўлган режиссёр Баҳром Юсупов ҳам, залда, санъаткор унга микрофон тутганида, концерт ва Озодбек Назарбеков ҳақида, ўзининг кўнглидаги фикрларини билдириб ўтди: - Бу Санъаткор янги бир йўл очди, дейиш мумкин. Навоийни, Лутфийни, Бобур ғазалларини янги талқинда ёшларга етказиб берди!
Концерт кунлари бошида 10 апрелдан 20 апрелга қадар, деб белгиланган бўлса ҳам, томошабинлар талаблари билан яна 2 кун қўшилди. Аммо, шу якуний 2 кунда ҳам, мутлақо билет қолмай, концертга билет қидириб юрганлар кўп эди...
Санъаткор ҳар бир кунда концертни якунлар экан, “Катта раҳмат! Ҳамиша бахтимга соғ-омон бўлинглар! Яхши кунларда, тўйларда, байрамларда кўришгунча омон бўлинглар! Ҳаммаларингизни яхши кўраман! Ўзингизни эҳтиёт қилинглар! Яна бир бор раҳмат!” дея, томошабинларга ўз самимий ҳурматини билдириб ўтди.
Концерт якунида эса, дастур тугаган бўлишига қарамай, анча вақтгача зални тарк этишни ҳоҳламай, Санъаткорга томон гуллар ва совғалар билан интилган минглаб томошабинларни санъаткорни “қўйиб юборишмаётганлигини” кўриб, чиндан ҳам, халқ бу самимий инсонни ўз фарзандидай меҳр билан яхши кўришини ҳамда, чиндан ҳам концерт, ўз номига жуда ҳам муносиб эканлигини англаш қийин эмасди!
Саида Вахобова
Фотолар учун фотограф Мирсаид Зоҳидовга миннатдорчилик билдирамиз
Концертни ҳар кунидан видеолар инстаграм тармоғидаги Saida_Vahobova_Fattohhon.com профилида