FATTOHHON.COM
« Все новости- Концерт олдидан нимани ҳис қилдингизу, тугаганидан сўнг-чи?
Ҳосила Раҳимова:- Менимча, ҳамма санъаткорда шундай бўлади. Концерт бошида ҳаяжон, қўрқув, “мухлислар қандай қарши олишар экан?” деган фикрлар бўлиши табиий! Концертдан сўнг эса, елкангиздан тоғ ағдарилгандек, енгил бўлади! Санъаткорлар ҳамиша мана шу ҳис-туйғулар билан яшайлик! Санъаткор мухлислари билан, санъаткор! Ҳар доим 3 кун концерт берардим, бу йил биринчи марта 4 кун бўлди! Элнинг навбатдаги имтиҳонидан ўтиб олдик, мухлисларга ёққан бўлса, хурсандмиз! Концертларимда мен, одатда жуда бир қолипга тушиб, айнан сценарийдагидек ўтказмайман! Мени томошабинларим, мухлисларим, ўзим каби оддий! Уларга жуда бир сиполик қилсам ҳам, бўлмайди! Айтмоқчиманки, мухлислар билан гаплашадиган ўзимизнинг тилимиз бор! Агар мен бундай бошқача ҳолатда бўлсам, улар мени қабул қила олишмайди! Улар билан шундай халқона муносабатда бўламан! “Мен санъаткор, улар томошабин” деган, бир парда, чегара йўқ, орада! Мен ўз мухлисларимни шундай яхши кўриб қўшиқ куйлайман ва улар ҳам мени шундай самимий яхши кўришади, деб ўйлайман!
- Концертда бошловчиликни ҳам ўзингиз амалга оширдингиз!
Ҳосила Раҳимова:- Концертда бошловчилардан мана Аваз Охун, (самимий кулиб) икковимиз бўлган жойда бошловчи нега керак?
Аваз Охун ҳам суҳбатга қўшилиб: - Бошловчи мусиқанинг ўзи! Агар бошловчи бўлганида сал концертга таъсир қиларди!
Ҳосила Раҳимова:- Боя айтганимдек, концертларимиз жуда ҳам қолипга тушган эмас, табиийлик юқори! Ҳар куни ҳам бир хил эмас! Томошабиндан келиб чиқиб, шундай қилинди! Чунки, мен ҳам халқдан олиб, халққа бераман! Аваз ака ҳам, “Халкдан олиб, бўрттириб сизларга кўрсатаман” дегандек, мен ҳам халқнинг ўзидан олиб, озгина безаб, сайқаллаштириб, яна халқнинг ўзига тақдим этаман!
- Сиздаги ўзига хос анъана, нега ҳар йили эмас, ҳар 2 йилда концерт бериш?
Ҳосила Раҳимова: - Мен кўнглимдагидек репертуар тайёрлашим керак! Кўнглимдагидек қўшиқларни йиғишим учун 2 йил вақт керак бўлади! 1 йилда концертдаги репертуар саёз бўлиб қолиши мумкин, деган ҳадик бўлади. Шунинг учун, 2 йил оралиғида йиғиб, энг яши ижод намуналарини мухлисларга тақдим қилиш фикрида бўламан!
- Айнан концерт репертуарини тайёрлаётганда, нималарга эътибор қаратасиз? Одатда, коцертингизда ҳам, ижодингизда ҳам, мавзули қўшиқларга кўпроқ эътибор қаратилишининг сабаби? Масалан, “Овсин”, “Дўст”, “Куёв” дегандек...
Ҳосила Раҳимова: - Биринчи ўринда, миллийликка эътибор қаратаман! Ўзи репертуаримда, аввалдан ҳам, “Эгачи”, “Хола” каби халқона, мавзули қўшиқлар бўлиб келган! Бу йил ҳам шу анъанага риоя қилдик.
- Бундай қўшиқлар ғоясини шоир-бастакорларга ўзингиз берасизми, ёки улар шундай қўшиқларни сизга ёзиб олиб келишадими?
Ҳосила Раҳимова: - Бу ғоялар ўзимни фикримда бўлади. Шу мавзуларда қўшиқ айтишим керак, деб ўзим ўйлаб юраман. Кейин, шоирларга мана шу масалан, “Овсинлар” ҳақида, “Дўст” ҳақида ёзиб беринглар, деб айтаман. Ҳамма ғоя ўзимдан келиб чиқади.
- Ўзингиз учун бу йилги концертингизни ўзига хос жиҳати нимада бўлди?
Ҳосила Раҳимова: - Биринчи марта концертимда 3 D формат ишлатилди. Концертимда илгари бундай чироқлар ҳам ишлатилмаган. Олдинлари асосан, соддалик ва оддийликка эътибор берардим. Концертдаги якуний блокни ҳам, асосан мухлисларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолатда туздик. Бундан ташқари, ҳар йили бизда 2 блок, мақом блоки бўларди ва унда жонли ижрода мақом қўшиқлари куйланарди. Бу гал янгилик киритиш мақсадида ундан чекиндик. Жонли ижрода эса, вазиятдан келиб чиқиб куйладик.
- Қайси таронани куйлаб йиғладингиз?
Ҳосила Раҳимова: - “Қизимга” қўшиғини куйлаганимда, ўзимни зўрға ушлаб турдим. Кўп қўшиқларимни саҳнада айтганимдек, ўзимни ҳаётимдан келиб чиқиб айтаман! Бу қўшиқни ҳам ўз ҳаётимдан келиб чиқиб куйлаганим учун ҳам, менимча, шунга таъсирландим.
- Концертнинг биринчи кунида юз берган техник носозликда, жонли ижрода куйлаб вазиятдан чиқиб кетдингиз. Умуман, концертда неча фоиз жонли ижрода куйладингиз?
Ҳосила Раҳимова: - Фольклор чегара билмайди! Уни қолипга ҳам сола олмайсиз! Шунинг учун ҳам, концерт дастурларимда асосан фонограммадан фойдаланилади. Чунки, ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, шиддатли, энергия билан рақсларга тушаман, қўшиқларни фонограммада куйламаса, тингловчиларга сифатли етказиб бериб бўлмайди! Халқ ичида юриб, ҳам шиддат билан рақсга тушиб, ҳам овозни сифатли етказиб бериш, қийин масала.
- Ҳеч ўзингиз ёқтирмаган қўшиқни, атрофингиздагиларнинг фикри билан, масалан, “шу қўшиқ зўр чиқади” дейишса, куйлаганмисиз?
Ҳосила Раҳимова: - Йўқ! Ёқтирмаган қўшиғим саҳнага чиқмайди. Чунки, ундай қўшиқни куйлаб кўрилса ҳам, вақт чўзилиб кетгандек туюлади. Қолаверса, ҳар бир қўшиқни юрагимдан куйлайман, қандай қилиб ёқтирмаган қўшиқни берилиб куйлаш мумкин? Йўқ, менда ундай бўлмаган!
- Концерт баннеридаги суратингизга эътирозлар бўлди, муносабатингиз?
Ҳосила Раҳимова: - Билдим, баннердаги суратга қунт қилмаганлигим камчилигим бўлди! Дизайнни яратаётганда компьютер графикасидан фойдаланишмаган. Суратни шундоқ қўйиб юборишган, бизга юборилган форматлар эса, кичик бўлган, унчалик камчилик сезилмаган. Аммо, улар баннерда катталаштирилганда, яна ҳам сифатсиз бўлиб қолган. Бу йил вазият шундай тўғри келиб қолди. Кейинги концертларда бундай камчиликлар бўлмайди!
- Бу йилги концертингизда айнан ўзингизни нима ҳайратга солди?
Ҳосила Раҳимова:- Мухлисларнинг яна ҳам чегара билмай саҳнагача югуриб чиқиб кетишганлиги! (самимий кулади) Аввалгидан ҳам, ташналик билан концертни қабул қилишди! Бунчалик бўлишини тўғриси кутмагандим!
Аваз Охун: - Менимча, томошабинларга ўриндиқлар халақит қилди-да!
Ҳосила Раҳимова: - Яна бир нарса, бу йил 41 ёшимга мослаб, концертда бир мухлиса аёл 41 метрли хат олиб келиб совға қилди!
Аваз Охун (ҳазил билан): - Менга эса, 33 ёшимга совға қилиб, 33 метр ипли ғалтак ташлаб кетишди!)))))
Ҳосила Раҳимова билан концерт борасида илк бор ижодий ҳамкорлик қилишимиз, бу санъаткорнинг очиқкўнгиллиги, самимийлиги, мард ва дангаллиги ҳурматга сазовор! Келгуси ижодларида ҳам, омад тилаймиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Сардор Азимов ва шогирди фотограф Ўткир Мирзааҳмедовга миннатдорчилик билдирамиз