FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимованинг бу йилги 4 кунлик концерт дастури жуда бир ўзгача ўтди!
Санъаткорни мухлислари жуда бир соғинишганликларини ажабтовур тарзда билдириб қўйишди!
Аввалига Ҳосила Раҳимова томошабинлар орасидан илк қўшиқ “Кўргани келдим”ни куйлаб чиқиб келганида, мухлиса аёллар “Сизни ҳам кўрадиган кун бор экану!!!” деб, санъаткорни қўлларидан ушлаб, тортиб сўраша бошлашди! Яқин бир қариндошини тасодифан кўриб қолгандек!
Ҳосила Раҳимова қўриқчилар ёрдамида улардан ажраб,
саҳнага чиқиб олгач, концертнинг илк блоки бошланди!
Cанъаткор бу блокда “Сипо малика” имиджида бўлди ва “Ҳушпиллак”, “Адо бўлурми?”, “Йигитга пул топиш”, “Эй, воҳ”, “Дўст” каби қўшиқларни куйлади.
Айнан шу блокда, куёви Баҳриддин Зуҳриддинов билан “Куёв” дуэтини ҳам куйлади. Куёвига навбат берди ва Баҳриддин Зуҳриддинов ҳам, “Опанг қани” қўшиғини ижро қилди.
Иккинчи блокда санъаткор “Фольклор примадоннаси” имиджида эди. Бу блок давомида “Биларсан”, “Элим”, “Сўзана”, “Қўшни”, “Қайни йигит”, “Овсинлар”, “Жиян келди” қўшиқлари янгради.
Учинчи блокда эса, санъаткор “Замонавий хоним” имиджида бўлиб, бу блок давомида “Қизимга”, “Ўзингни эҳтиёт қил”, “Азизим”, “Тулпор”, “Опа”, “Чанқовуз”, “Кўпкари”, “Ўтов”, “Чўпон ота”, “Қаддингни ур”, “Ватан” қўшиқларини куйлади.
Иккинчи ва учинчи блок оралиғида сўз устаси Аваз Охун чиқиб, томошабинлар кайфиятини янада кўтарди!
Концерт бошланишида Ҳосила Раҳимова шўх қўшиқлардан куйлаб, мухлисларни рақсга чорладию,
бутун залда ҳақиқий “ипподром” шукуҳи авж олди!
Мухлислар фақат ва фақат рақсга тушишни астойдил ният қилиб келишган шекилли, қўриқчиларга ҳам қарамай, рақсга тушиш учун тўппа-тўғри саҳнагача чиқиб кетишди! Ҳаттоки, бир нечта чаққонроқлари Ҳосила Раҳимованинг ортидан ўзларини саҳнага ортига урмоқчи ҳам бўлишдию, лекин қўриқчилар улардан кўра абжирроқ чиқишди!
Мухлислар фақатгина бир неча сокин, дардли қўшиқлар вақтида тинч ўтиришди холос! Шунда ҳам, фақат нафас ростлаш учун бўлса керак!
Ҳосила Раҳимова бир гуруҳ ғайратли раққос йигитлар билан чиқиб, учинчи блокда “Тулпор” қўшиғини бошладию, залдаги тўполон яна келган жойидан давом этди!
Ҳосила Раҳимованинг ўзи ҳам, жўшиб, раққос йигитларга тулпорни қандай миниш кераклигини кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, қўшиққа мос рақс ҳаракатларини амалга оширди ва бу мухлисларни янада руҳлантирди!
Йигитлар эса, ўз навбатида рақслар давомида “жонли” декорация ҳам ясаб юборишди!
Биринчи кун концертда “Ҳосилани яна қачон кўраман????” деб, ҳайқирган ашаддий, ўтакетган мухлислар санъаткорни қўлларидан ушлайман, деб, тортиб, эгнидаги тошлар қадалган либосини енг қисмларини йиртиб олишга муваффақ бўлишди! Эсдалик учун бўлса керак!)))
2,3 кунларда ҳам, мухлисларнинг ҳовури босилмади!
3 кун санъаткорлар меҳмон бўлишди! Улар ҳам, концертда Ҳосила Раҳимованинг шў қўшиқларига рақсга тушишди!
4 кунга келиб, мухлисларнинг ҳовури бироз босилгандек кўринди, аммо, гулларни қабул қилиб олиш вақтида, асло бундай эмаслиги маълум бўлди!
Концерт кунлари Ҳосила Раҳимовани яна бир бор бошқача кашф этдик! Концертда дастур бир бўлса ҳам, санъаткор томошабинлардан келиб чиқиб, концертни ҳар куни ҳар хил ўтказди!
Концерт декорацияси ҳам ўзига хос бўлиб, илк марта 3D ўтов, “Сурхонча дўппи” кўринишида саҳна тепасидан жой эгаллади!
Саҳнанинг ўзи эса, анаъавий Сурхон услубига содиқ ҳолда бўлди! Фольклор гуруҳлари, “Тумор” рақс гуруҳи, Йигитлардан иборат рақс гуруҳи, ҳамда болалар рақс ансамбли сурхонча ва замонавий рақслар билан концертга янада юқори шукуҳ бағишлашди!
Хуллас, 4 кунлик концертда Санъаткор ашаддий мухлислари қуршовидан “зўрға” омон чиқди! Албатта, бундай санъат ва мухлисларни ҳам чидаганга чиқарган! Ҳосила Раҳимова ва мухлислари ўртасида ҳеч қандай чегара йўқлиги, улар санъаткорни қанчалик яхши кўришлари, концерт кунлари ўз исботини топди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Сардор Азимов ва шогирди фотограф Ўткир Мирзааҳмедовга миннатдорчилик билдирамиз