FATTOHHON.COM
« Все новостиТОШКЕНТ ШАҲРИДА «CITY MAKON»КЎНГИЛОЧАР МАРКАЗ ОЧИЛИШИ
Мустақиллигимизнинг 21 йиллик байрамига муносиб совғалардан бири бу Тошкент шаҳри Байналминал кўчасида очилган «CITY MAKON» маданий - маърифий кўнгилочар марказининг очилиш маросими бўлди.
Бу замонавий мега-марказ бўш вақтдан унумли фойдаланиш, харид қилиш ва спорт биан шуғулланишдан тортиб, махсус ўйинлар, хайрия акциялари ўтказилиши, ҳамда қизиқарли вақт ўтказиш учун айни макондир.
Мажмуада таълимий, маърифий марказ, харидлар учун мўлжалланган ҳудуд, спорт майдонлари, овқатланиш жойлари ва чойхона мавжуд.
Шунингдек, 3D форматидаги кинозаллар ҳамда ёзги манзарали майдонни ўз ичига олган.

Мажмуанинг 3 қавати фақат таълимий-маърифий марказ учун ажратилган бўлиб, у ерда мактаб ўқувчилари ҳамда тарихимиз, миллий меросимиз билан қизиқувчиларнинг барчаси учун ўйинли машғулотлар ўтказишга мўлжалланган. Ёш меҳмонлар археологик қазилма ишлари ёрдамида олинган экспонатлар, замонвий санъат асарлари, интерактив ўйинлар ёрдамида ўзлари учун янгиликлар ҳам кашф этишлари мумкин. Бундан ташқари, марказда ёш ўзбек рассомларининг ижоди билан танишиб, мамлакатимиз замонавий санъати ва бой маданиятини кузатиш имкони ҳам бор.
Шунингдек, мажмуада 3D форматидаги 3 та кинозал бўлиб, унда миллий ва хорижий кино соҳасидаги янгиликлардан иборат ранг-баранг репертуар намойиш этилади. Кино заллардан бири, очиқ ёзги кинозалдир.
Овқатланиш учун мўлжалланган ҳудудда миллий ва жаҳон ошхонаси намуналари, фаст-фудда эса, енгил тамадди учун таомлар, ҳамда спорт-бар ва хай-фай бардан соғлом турмуш тарзига кўра овқатланиш мумкин. Миллий анъаналаримиз ҳам ёддан чиқарилмай, уларни ўзида намоён этган чойхона ҳам бор.
Савдо ҳудуди айниқса, ўзига хос, бу ерда миллий ишлаб чиқарувчилардан тортиб, халқаро брендларнинг маҳсулотларигача харид қилиш мумкин. Кинотовардан автомобилгача бор.
Спорт ишқибозлари ҳамда, фаол турмуш тарзига риоя қиладиганлар учун теннис корти, футбол майдони, скейтборист, роллер ва велосипедчилар учун майдонгача қурилган.
Марказнинг яна бир эътиборли жиҳати у ерда махсус ногиронлар учун жойлар ҳам мавжуд. Кинотеатрга ва бошқа залларга кираверишда ногиронлар аравачаси учун махсус йўлаклар қурилган.
«CITY MAKON» ўз номи билан айтганда ҳақиқий шаҳарчани эслатади, десак янглишмаймиз!
Мазкур ажойиб Маконнинг очилиши 1 сентябрь куни соат 18.00 да бошланди. Макон очилиши муносабати ўша ердаги билан очиқ майдонда концерт дастури тақдим этилди.
Дастурни ТВМ бошловчиси журналист Ойбек Рихсибеков ҳам, таниқли телебошловчи ФОРУМ ТВ журналисти Нилуфар Сотиболдиева олиб боришди.
Концерт дастурида "Саҳро" гуруҳи,
"Зарба" гуруҳи,
"Божалар" Жаҳонгир Позилжонов,
Манзура,
Райҳон,
Зиёда,
Лола ва Шохруххон,
Алишер Файз ўзларининг қўшиқлари билан йиғилганларни янада руҳлантирдилар.
Макон меҳмонлари сафида режиссёрлар ва актёрлар ҳам бор эдилар. Жумладан,
актёр ва режиссёр Нозим Тўлахўжаев,
режиссёр Рустам Саъдиев,
режиссёр Жавлон Шодмонов фарзандлари билан,
актриса Дилноза Кубаева фарзанди билан,
актёр Алишер Узоқов,
хонанда ва актриса Муниса Ризаева, хонанда Зулайҳо Бойхонова,
актриса Зарина Низомиддинова ўғли билан,
раҳматли Мўмин Ориповнинг рафиқаси Камола ўғли Билолхўжа билан,
ТВМ каналидан журналист Ирода Салиева ва журналист Зайнаббегим Юнусова , клипмейкер режиссёр Ёдгор Носиров ва бошқалар...
Райҳон: - Бу янги мега - марказ ҳамма учун бирдек, севимли маскан бўла олишига ишонаман! Чунки, бу ерда ҳамма шароитлар, ҳамма қулайликлар бор. Спортни севганлар учун ҳам, харид қилишни ёқтирганлар учун ҳам бу жой жуда қулай.
Муниса Ризаева: - Бу ерга, «City Makon»нинг очилишига таклиф қилганларидан жуда ҳам хурсандман. Чунки, бугун кузнинг биринчи куни, ажойиб қуёшли кун, ҳамда шундай чиройли ва қизиқарли марказнинг очилиши, ҳаммаси уйғунлашган. Бу марказда бўш вақтимизни бемалол мазмунли ўтказишимиз мумкин. Мен ўзим ҳам албатта, бўш вақтларимда бу ерга келмоқчиман. Мажмуанинг учинчи қавати таълимий-маърифий марказ учун ажратилган экан, бу ерда тарихга қизиқувчилар учун машғулотлар ҳам ўтказилиши мўлжалланган. Мен эса тарихга жуда қизиқаман. Харид учун мўлжалланган ҳудудга келсак, албатта ҳамма қизлар чиройли кийимларни харид қилишни ёқтирадилар, ва албатта мен ҳам.
Лола: - Бу масканнинг очилганлигидан жуда ҳам хурсандман. Чунки, мен ёш онаман ва доим вақтимни фарзандларим билан биргаликда ўтказишни ҳоҳлайман. Бу ерга эса, бўш вақтда фарзандларим билан бемалол келишим мумкин.
"Божалар" Жаҳонгир Позилжонов: - Бу ерда шароитлар аъло даражада! Айниқса, болаларим маза қилиб ўйнаб юришибди. Жуда ҳам чиройли жойлар. Эндиликда бу ерга фарзандларим билан тез-тез келиб тураман. Чунки, бу масканда ҳамма қулайликлар мужассам. Бу масканнинг очилишида иштирок этаётганлигимдан ҳам жуда хурсандман ва масканни гавжум ва севимли масканлардан бири бўлишига тилакдошман!
Зиёда: - Бу масканда ёшларимиз учун жуда катта имкониятлар яратилган. Нафақат спорт майдонлари, балки таълимий-маърифий марказ, ҳамда харид қилиш ҳудудлари ҳам борлиги жуда ҳам қулай. Бу ерга эндиликда оила аъзоларимиз билан тез-тез келиб турамиз.
Нозим Тўлахўжаев: - Бу маконнинг қуриб битказилиши байрам муносиб туҳфа бўлди, деб ўйлайман. Айниқса, бу ердаги кинотеатрлар эътиборимни тортди. Ҳаммаси, жуда ҳам ажойиб. Ҳозир бу ердаги залларни айланиб чиқяпмиз. Ҳозирда "Олтин Гепард" Кинофорумига тайёргарлик ишлари билан банд бўлганимиз учун, унинг очилиши маросимини қандайдир янги, ўзгача жойда ўтказиш ҳақида ўйлаётгандик. Балки, бу ернинг бирор зали маросимни ўтказсак бўлармикан, деган фикр ҳам келди. Тўлиқ мажмуни айланиб кўриб бўлгач, бу борада маслаҳатлашиб бир фикрга келамиз.
Жавлон Шодмонов: - Мен ҳам бу ерга фарзандларим ва оила аъзоларим билан бирга келдик. Бу ерда ҳамма шароитларнинг борлиги, спорт майдонлари, овқатланиш жойлари, харид ҳудудлари, ҳаммаси бир жойдалиги жуда ҳам яхши ўйланган. Айниқса, болаларни эътиборга олган ҳолда кўп ишлар қилинган. Менимча, бундай масканлар кўплаб очилса, фарзандларимизнинг бўш вақтлари бекор ўтмайди ва дунёқарашлари ҳам ўзгаради. Эндиликда, оилам билан бу ерга тез-тез келиб, дам олиш вақтларимизни шу ерда ўтказишни режалаштиряпмиз.
Кадр ортидаги ҳодисалардан энг кутилмаганлари:
Райҳон ўзининг кичик мухлисларини ҳам эътибордан четда қолдирмади.
Айниқса, саҳнада ҳам мухлислари унинг ёнидан кетгилари келмади.
Манзура ҳам жажжи мухлисаси билан суратга тушди ва саҳнада мухлислари билан бирга куйлаб, рақсларга тушди.
Мухлислар пастда рақсга тушишдан кўра, негадир саҳнани афзал кўришди)))
Журналист Зайнаббегим Юнусова шу ернинг ўзида, "Қопқон" ёки яна бир дастурни суратга олишни бошлаб юбордилар. Иштирокчилар орасида раҳматли Мўмин Ориповнинг фарзанди Билолхўжа ва актриса Зарина Низомиддинованинг ўғли Темурхон ҳам бор эдилар.
Биз бу пайтда Камолахон билан суҳбатлашиб турганимизда, кутилмаганда Билолхўжа йиғлаб, унинг ортидан Темурхон югуриб келиб қолишса бўладими?
Тўғриси, ўша пайтда уни Темурхон хафа қилдими, деб ўйладик. Лекин, маълум бўлишича, "Билолхўжа ойимни йўқотиб қўйдим, кетиб қолдилар" деб ўйлаб қўрқиб кетган экан...
Бу ҳам камдек, журналист Феруза Фаттохова Темурхон билан уришиб қолишга ҳам улгуришибди. Шу ернинг ўзида ярашиш ҳам бўлиб ўтди))))
Ҳаммаси яхшилик билан якун топгач, бу аҳил ва қувноқ дўстларни фотосуратга муҳрладик))))
Концерт дастури тугагач, Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Исломовна Каримова ҳам бу тақдимотга ташриф буюрдилар ва сўзга чиқиб, барчани табрикладилар. Шунингдек, мазкур "City Makon" қурилишида фаол қурувчиларни саҳнага таклиф қилиб, миннатдорчилик билдирдилар. Ҳаттоки, мажмуадаги катта "футбол тўпи"ни Гиннес рекордлар китобига киришга лойиқ кўрдилар.
Шундан, сўнг, "City Makon" расмий равишда очиқ деб эълон қилинди.
Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Исломовна Каримованинг самимийлиги яна бир бор қойил қолдирди. У киши мазкур "City Makon"ни айланиб кўздан кечирдилар, болажонларга алоҳида эътибор кўрсатдилар ва ниҳоят, "City Makon"нинг ёзги залида болалар билан уларнинг қувончига шерик бўлдилар.
Шунингдек, болажонлар учун кафеда бепул музқаймоқ ҳам улашилди.
"City Makon"нинг тақдимоти ажойиб мушакбозлик билан якунланди.
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова
Ҳолливуд майдонлари каби...
Бу ердан исталган дискни топиш мумкин
Googooshaнинг янги мусиқий альбоми дарҳол эътиборни тортди
Ҳаётни севиш
Харид ҳудудлари
Футбол тамоша қилмоқчи бўлсангиз марҳамат
Барча турдаги ўйинлар
миллий анъаналаргача